язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Экспорт-импорт шартномаларини рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш, мониторинг қилиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.03.2016 й. 77-сон "Тўқимачилик асбоб-ускуналарининг асосий турларини етказиб беришга шартномаларни (контрактларни) экспертизадан ўтказиш ва уларнинг замонавий технологик талабларга ва жаҳон нархлари даражасига мувофиқлиги юзасидан хулосалар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.03.2016 й.

N 77



ТЎҚИМАЧИЛИК АСБОБ-УСКУНАЛАРИНИНГ

АСОСИЙ   ТУРЛАРИНИ   ЕТКАЗИБ БЕРИШГА

ШАРТНОМАЛАРНИ          (КОНТРАКТЛАРНИ)

ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ ВА УЛАРНИНГ

ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИК ТАЛАБЛАРГА

ВА   ЖАҲОН   НАРХЛАРИ   ДАРАЖАСИГА

МУВОФИҚЛИГИ ЮЗАСИДАН ХУЛОСАЛАР

БЕРИШ      ТАРТИБИ     ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Замонавий технологияларни жорий этиш асосида тўқимачилик корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2016 йил 4 февралдаги ПҚ-2485-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тўқимачилик асбоб-ускуналарининг асосий турларини етказиб беришга шартномаларни (контрактларни) экспертизадан ўтказиш ва уларнинг замонавий технологик талабларга ва жаҳон нархлари даражасига мувофиқлиги юзасидан хулосалар бериш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда Низом деб аталади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янгидан қуриладиган ва реконструкция қилинадиган ишлаб чиқариш қувватлари лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишини, техника ва технологияларни экспертизадан ўтказиб баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) ва "Ўзбекенгилсаноат" АЖнинг шартномалар (контрактлар)ни сотиб олинадиган тўқимачилик асбоб-ускуналарининг қуйидаги мезонлар бўйича замонавий технологик талабларга ва жаҳон нархлари даражасига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

янгилиги - ишлаб чиқарилган йили (экспертиза ўтказиш пайтида икки йилдан ортиқ эмас) билан аниқланади;

маҳсулотнинг экспортга йўналтирилганлиги ва ассортименти - унинг энг аввало ташқи бозорларда харидоргирлиги билан белгиланади;

иш унумдорлиги - вақт бирлигида муайян тўқимачилик маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳажми сифатида ҳисоблаб чиқилади;

энергия самарадорлиги - сотиб олинадиган тўқимачилик асбоб-ускунаси двигателларининг белгиланган қувватини унинг техник-технологик параметрларига мувофиқ, бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг шунга ўхшаш асбоб-ускуналарига қиёслаб таҳлил қилиш йўли билан аниқланади;

асбоб-ускунанинг нархлари параметрлари - сотиб олинадиган тўқимачилик асбоб-ускунаси нархларини худди шундай техник-технологик параметрларга эга бўлган тўқимачилик асбоб-ускунаси жаҳон нархлари даражаси билан таққослаш асосида қиёслаб таҳлил қилиш йўли билан аниқланади.


3. Қуйидагиларга:

Агентлик раҳбарларига - шартномалар (контрактлар)нинг замонавий технологик талабларга ва жаҳон нархлари даражасига мувофиқлиги юзасидан ўз вақтида экспертизадан ўтказилиши, юқорида кўрсатиб ўтилган мезонларга ва Низомда белгиланган муддатларга қатъий мувофиқ хулоса берилиши юзасидан;

"Ўзбекенгилсаноат" АЖ раҳбарларига - шартномалар (контрактлар)нинг тўқимачилик асбоб-ускунасининг ташқи бозорлардаги харидоргирлигини таҳлил қилиш асосида уни сотиб олишнинг мақсадга мувофиқлиги, унда ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ассортименти ва экспортга йўналтирилганлиги бўйича кўриб чиқилиши юзасидан;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раҳбарларига - Агентликнинг хулосаси асосида четдан келтириладиган тўқимачилик асбоб-ускунасининг (ТИФ ТН бўйича кодлари 8445, 8446, 8447) божхона расмийлаштирувининг ўз вақтида амалга оширилиши ҳамда республикага истиқболсиз, маънавий ва табиий эскирган тўқимачилик асбоб-ускунаси келтирилишига йўл қўйилмаслиги юзасидан шахсий масъулият юклансин.


4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 22 март, 11-сон, 103-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 3-сон, 18-модда