язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Экспорт-импорт шартномаларини рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш, мониторинг қилиш/ Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.02.2005 й. 63-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 15 февралдаги

63-сон қарорига

ИЛОВА


Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор)

ҳолатларини тасдиқлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1. Ушбу Низом ташқи савдо битишувлари ва халқаро шартномалар (кейинги ўринларда шартнома деб юритилади) шартларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бошланган енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш тартибини белгилайди.


2. Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари - бу томонларнинг иродаси ва фаолиятларига боғлиқ бўлмаган табиат ҳодисалари (зилзила, кўчки, бўрон, қурғоқчилик ва бошқалар) ёки ижтимоий-иқтисодий ҳолатлар (уруш ҳолати, қамал, давлат манфаатларини кўзлаб импорт ва экспортни тақиқлаш ва бошқалар) сабабли юзага келган шароитларда томонларга қабул қилинган мажбуриятларни бажариш имконини бермайдиган фавқулодда, олдини олиб бўлмайдиган ва кутилмаган ҳолатлардир.


3. Енгиб бўлмайдиган кучлар оқибатида шартнома томони мажбуриятларни бажариши учун имконият бўлмаганда шартнома томони енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари тасдиғини олиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигига (кейинги ўринларда Вазирлик деб юритилади) мурожаат қилиши мумкин.

4. Енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлаш манфаатдор томоннинг енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатлари кўрсатилган ёзма аризаси асосида Вазирлик томонидан тегишли сертификат бериш йўли билан амалга оширилади.

Аризага белгиланган тартибда тасдиқланган шартномалар ҳамда шартномага спецификациялар нусхаси, шартнома бўйича бажарилган мажбуриятлар ҳажмлари тўғрисида маълумотлар, енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлаш тўғрисида сертификат олиш учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати нусхаси илова қилинади.

Ариза ва илова қилинаётган ҳужжатлар аризачи томонидан бевосита Вазирликка тақдим этилади ёки почта орқали юборилади.

5. Вазирлик олинган ариза асосида давлат ва хўжалик бошқарувининг тегишли органларидан енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатлари мавжудлигини тасдиқлаш учун зарур ахборотни сўрайди.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари Вазирлик сўровномаси тушган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида сўралаётган ахборотни ёзма шаклда тақдим этиши шарт.

6. Сертификат ариза берувчига мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган барча ҳужжатлар билан ариза берилган кундан бошлаб йигирма иш куни мобайнида берилади.


7. Сертификатда шартнома томонларининг номи, унинг тартиб рақами ва тузилган санаси, енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатлари тавсифи, улар содир бўлган жой, вақт, давр кўрсатилади. Сертификат Вазирлик муҳри билан тасдиқланади.

8. Ариза берувчининг ёзма мурожаатига кўра сертификат дубликати берилиши мумкин.

Сертификат дубликати йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган сертификат ўрнига берилади. Сертификат дубликатини беришда сертификат берганлик учун тўланадиган сумманинг эллик фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Сертификат дубликати дубликат бериш тўғрисида мурожаат қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида берилади.


9. Вазирлик қуйидаги ҳолларда:

аризада кўрсатилган енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатлари содир бўлмаганлиги аниқланганда;

тақдим этилган ҳужжатларда ишончли бўлмаган ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқланганда;

Вазирлик ариза берувчи томонидан кўрсатилган енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатлари мажбуриятларни бажармаслик сабаблари ҳисобланмаслиги тўғрисидаги хулосага келган тақдирда сертификат беришни рад қилиш ҳуқуқига эга.

Сертификат бериш рад қилинган тақдирда ариза берилган кундан бошлаб йигирма иш куни мобайнида ариза берувчига асосланган ёзма хулоса юборилади.

Сертификат бериш рад қилинганда ариза берувчи томонидан тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

Сертификат беришни рад қилиш, шунингдек аризани кўриб чиқиш муддатлари бузилиши юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин.


10. Зарур ҳолларда Вазирлик томонидан хўжалик субъектларига, уларнинг мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хорижий мамлакатларда сертификат бериш, форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш ва сертификат олиш учун ҳужжатларни кўриб чиқишнинг бориши масалалари бўйича маслаҳатлар берилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 7-сон, 56-модда.