ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Иқтисодиётнинг умумий масалалари / Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт якунлари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 18.07.2002 й. "2002 йилнинг I ярим йиллигида Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш юзасидан устувор вазифалар ва топшириқларнинг бажарилиши ҳамда долзарб муаммоларнинг ҳал этилиши тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

МАЖЛИСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.07.2002 й.


2002 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА ЎЗБЕКИСТОН

ИҚТИСОДИЁТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЮЗАСИДАН

УСТУВОР ВАЗИФАЛАР ВА ТОПШИРИҚЛАРНИНГ

БАЖАРИЛИШИ ҲАМДА ДОЛЗАРБ МУАММОЛАРНИНГ

ҲАЛ ЭТИЛИШИ ТЎҒРИСИДА



1. Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, жорий йилнинг I ярим йиллигида 2002 йилга белгиланган параметрлар ва вазифалар ҳамда 2001 йил якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 1-сон протоколида назарда тутилган топшириқларнинг изчил амалга оширилиши таъминланди.

Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши (4,2%), саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш (7,2%) ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш (4,5%), чакана товар айланмаси (8,3%) ва пулли хизматлар (12,7%) ҳажмлари ўсиши таъминланди, ташқи савдо балансида ижобий сальдога эришилди.

Қатъий пул-кредит сиёсати ўтказилиши натижасида инфляциянинг ўртача ойлик даражаси 2001 йил 1-ярим йиллигидаги 1,4 фоиздан 1,1 фоизгача пасайди. Биринчи ярим йилликда эмиссия натижаси бўйича 50 млрд, сўмдан ортиқ тежамкорлик ҳосил бўлди, муомаладан эса 15,2 млрд. сўм нақд пул маблағи чиқарилди.

Ташқи иқтисодий ва валюта сиёсатини янада эркинлаштириш, алмаштириш курсини бирхиллаштириш чора-тадбирларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Алмаштириш пунктларининг кенг тармоғи барпо этилди, алмаштириш пунктларида хорижий валютани сотиб олишда илгари амалда бўлган деярли барча чеклашлар олиб ташланди.

Ўзбекистоннинг 2002 йил 1 январдан 30 июнгача бўлган даврда иқтисодий ва молиявий масалаларга доир сиёсати бўйича республика Ҳукумати билан Халқаро валюта жамғармаси ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ Мониторинг дастури қоидалари тўлиқ бажарилди.

Бошоқли экинлардан кейинги йилларда рекорд ҳосил йиғиштириб олинди, қарийб 4,7 млн. тонна дон етиштирилди. Деярли барча минтақалар давлат эҳтиёжлари учун дон хариди бўйича шартномалар бажарилишини таъминлади.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури изчил амалга оширилмоқда. Ўқувчилар ўрни 215,5 минг бўлган янги типдаги 44 академик лицей ва 291 касб-ҳунар коллежи фойдаланишга топширилди. Умумтаълим мактаблари, шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар коллежи фойдаланишга топширилди. Умумтаълим мактаблари, шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим учун янги давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилди ва ўқув жараёнига жорий этилди. Дарсликларнинг янги авлоди тайёрланмоқда ва нашр этилмоқда. Республиканинг 56 олий ўқув юртларида педагог ва муҳандис-педагог кадрлар кенг тайёрланмоқда.

Шу билан бирга, ердан ва сувдан фойдаланишга доир амалдаги қонун ҳужжатларини бузиш, қишлоқ хўжалигида шартнома мажбуриятларига риоя қилмаслик ҳолларига ҳали ҳам барҳам берилмаган.

Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида уй-жой фондини газни ҳисобга олиш приборлари билан, Қорақалпоғистон Республикасида, Андижон, Наманган, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида - сувни ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозлаш ишлари қолоқлик билан олиб борилмоқда.

Қурилиш комплексини ислоҳ қилиш қониқарсиз бормоқда. Пудратчини танлаш юзасидан тендерлар ўтказиш қўпол қонун бузилишлари билан амалга оширилмоқда. Пудратчилар ва буюртмачилар ўртасида шартнома мажбуриятларини бажаришда расмиятчиликлар мавжуд.

Экспортнинг ярим йиллик прогнози атиги 96,6 фоизга бажарилган, 43 вазирлик, идора, уюшмадан 14 таси экспорт бўйича белгиланган топшириқларни уддалай олмади. Иқтисодиётнинг айрим тармоқларини замонавийлаштиришга ва республика минтақаларини ривожлантиришга хорижий инвестициялар ҳали ҳам етарли жалб қилинмаяпти. 21 та туманда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ташкил этилмаган.

Бюджет маблағларини сарфлашда қўпол бузилишлар, улардан бошқа мақсадларда фойдаланиш, пул маблағларини ва моддий захираларни ноқонуний ўзлаштириш ҳоллари мавжуд. "Ўзбекчармпойабзали", "Ўзпаррандасаноат", "Озиқовқатсаноат", "Ўзгўштсутсаноат" уюшмалари, "Ўзбекенгилсаноат", "Ўзқурилишматериаллари" компаниялари тизимида зарар кўриб ишлаётган корхоналар, айниқса мулкида давлат улуши бўлган корхоналар улуши юқорилигича қолмоқда. Зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли корхоналарни банкрот деб эълон қилиш жараёни жуда секинлик билан олиб борилмоқда.

Республикага импорт истеъмол товарларини олиб келиш ва сотиш, ички истеъмол бозорини ватанимизда ишлаб чиқилган рақобатбардошли товарлар билан тўлдиришни ташкил этиш ва уларни кенг реклама қилишга доир вужудга келган тизим тубдан ўзгартиришни талаб этади.


2. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар раҳбарлари бир ҳафта муддатда ҳудудларда, иқтисодиёт тармоқлари ва секторларида иқтисодий ислоҳотларнинг боришини танқидий кўриб чиқсинлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг маърузасида олдинга қўйилган вазифаларни амалга ошириш юзасидан амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини таъминласинлар.


3. Қуйидагиларга:

"Ўзбекэнерго" (Шоисматов), "Ўзбекнефтгаз" (Сайдаҳмедов), "Ўзкимёсаноат" (Ҳасанов) компаниялари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Тожиев), Жиззах (Яманқулов), Навоий (Рўзиев), Фарғона (Отабоев) вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларига - хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш бўйича ишларнинг етарли эмаслиги;

"Ўзбекчармпойабзали" (Холмуродов), "Озиқовқатсаноат" (Холмуҳамедов) уюшмалари, "Ўзқурилишматериаллари" (Акромов) ва "Ўзбекенгилсаноат" (Эргашев) компаниялари раҳбарларига - паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган, энг аввало мулкида давлат улуши бўлган корхоналарни тугатиш чора-тадбирлари кўрилмаганлиги;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларига - уй-жой фондини газ ва сувни ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозлаш дастурини амалга оширишда қолоқликка йўл қўйилганлиги кўрсатиб ўтилсин.

Кўрсатиб ўтилган идоралар ва ҳудудий органлар раҳбарларининг амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлари 2002 йил январь-сентябрь ойлари якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида эшитилсин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, кичик бизнесга хизмат кўрсатувчи банклар ва бошқа тузилмалар билан биргаликда бозор инфратузилмасини янада ривожлантириш, тадбиркорларнинг моддий-техника ресурсларидан фойдаланишини таъминлаш, уларни зарур техника билан таъминлаш, майда улгуржи савдо ва сервиснинг кенг шохобчаларини яратиш, банк хизматлари кўрсатишни бутун чоралар билан кенгайтириш ва яхшилаш, кичик бизнес ва тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш чора-тадбирларини кўрсинлар.

Амалга оширилган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига 2002 йил якунлари бўйича ахборот берилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Прокуратураси маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашуви масалаларида тартиб ўрнатилишини таъминласинлар. Бунда тадбиркорлар маблағларининг ҳайрия мақсадларига ва бошқа мақсадларга қонунга хилоф равишда жалб этилишига алоҳида эътибор берсинлар.

Амалга оширилган ишлар тўғрисида 2002 йил якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида ахборот берилсин.


6. Вазирлар Маҳкамасининг табиий, минерал хомашё ва ёқилғи-энергетика ресурсларидан тежамли ва самарали фойдаланиш масалалари бўйича махсус комиссияси (Тўлаганов) энг муҳим табиий хомашё ва энергетика ресурсларидан тежамли, оқилона, эҳтиётлаб фойдаланиш, уй-жой фондини газ ва сувни ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозлаш масалалари юзасидан Ҳукумат томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини танқидий кўриб чиқсин ва кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида 2002 йил 9 ойи якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида ахборот берсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сотиш бўйича шартномавий мажбуриятларнинг, биринчи навбатда ширкатлар ва оилавий пудратчилар ўртасидаги ички хўжалик шартномалари бўйича мажбуриятларнинг сўзсиз бажарилиши устидан қаттиқ назоратни таъминласинлар. Шартноманинг давлат харидлари ҳажмини кўпайтирган ҳолда ихтиёрий равишда қайта кўриб чиқилишига йўл қўймасликка, ҳар бир фермер ва оилавий пудратчининг шартнома бўйича ўзига тегишли бўлган маҳсулотни олишига алоҳида эътибор берилсин.

Ўз шартнома мажбуриятларини бажармаган хўжалик раҳбарларига нисбатан белгиланган тартибда қаттиқ жавобгарлик чоралари кўрилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда айрим тоғли туманларни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг аҳволини пухта ўрганиб чиқсин ҳамда уларни янада ривожлантириш истиқболлари, инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва иш билан банд бўлмаган аҳолини, айниқса ёшларни ишга жойлаштириш масалаларини ҳал этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Жўраев) Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини етиштиришнинг минтақавий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги корхоналарининг типлари бўйича айланма маблағлар нормаларини ишлаб чиқсин ва хўжаликларга етказсин.


10. Экспорт имкониятини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича Республика кенгаши (Ў.Т.Султонов) айрим хўжалик бирлашмалари ва корхоналар томонидан жорий йил биринчи ярим йилида товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти прогнозининг бажарилмаганлиги сабабларини танқидий таҳлил қилсин ва 2002 йил учун белгиланган параметрларнинг сўзсиз бажарилиши бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрсин.

Маҳсулот экспорти прогнозининг бажарилиши масаласи 2002 йилнинг тўққиз ойи якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисида кўриб чиқилсин.


11. Бош вазир Ў.Т.Султонов бир ой муддатда хорижий инвестициялар иштирокидаги айрим корхоналарнинг паст самаралилиги, шу жумладан, инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асослашлари сифатсиз тайёрланаётганлиги, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда импорт улушининг юқорилиги, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни сотиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган маркетинг ишланмаларининг йўқлиги, шериклар томонидан лойиҳалар босқичида қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиш устидан назоратнинг сустлиги сабабларини муфассал кўриб чиқсин ва хорижий сармояни жалб этган ҳолда ташкил этилган корхоналарнинг самарали ишлашини таъминлайдиган зарур чора-тадбирларни кўрсин. Амалга оширилган ишлар тўғрисида 2002 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисида ахборот берилсин.


12. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари К.Н.Тўлаганов, Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига лойиҳалаштирилаётган ва қурилаётган объектларни тўлиқ хатловдан ўтказсинлар;

пудрат ишларига тендерлар ўтказишда зарур тартиб ўрнатилишини, буюртмачилар ва пудратчилар томонидан пудрат шартномаси шартларига қатъий риоя қилинишини, қурилиш қиймати асоссиз равишда ошириб юборилишига ва маблағлар сочилиб кетишига, кредиторлик қарзи ҳосил бўлишига йўл қўйилмаслигини таъминласинлар.

Амалга оширилган ишлар тўғрисида 2002 йилнинг тўққиз ойи якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда объектлар қурилишининг аҳволини тўлиқ хатловдан ўтказиш асосида қурилиш объектлари устуворлигини, уларнинг иқтисодий самарадорлигини ва ижтимоий аҳамиятини, тугалланмаган қурилишлар ҳажмларини жиддий қисқартиришни ҳисобга олган ҳолда 2003-2005 йиллар учун Инвестиция дастурини шакллантириш бўйича 2002 йил 1 ноябргача таклифлар киритсин.


14. Вазирлар Маҳкамасининг Умумиқтисодиёт комплекси (Азимов), Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2003 йил ва кейинги йиллар Давлат бюджети лойиҳасини ишлаб чиқишда бюджетга солиқлар олиш даражасини изчиллик билан пасайтириб боришни назарда тутсинлар.

Вазирлар Маҳкамасига фойда солиғи ставкаларини ва умуман солиқ юкини қисқартириш бўйича бир ой муддатда таклифлар киритилсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда 2002 йилда ва 2005 йилгача бўлган даврда давлат харажатларини қисқартириш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда харажатлар ҳажмлари ва таркибини мақбуллаштириш, давлат мақсадли фондлари маблағларининг сарфланиши устидан самарали назорат ўрнатиш, молиялаштиришнинг бюджетдан ташқари манбаларини кенгайтириш, бюджет ташкилотларининг бюджет ресурсларидан самарали фойдаланишдан манфаатдорлигини ошириш назарда тутилсин.


16. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда корхоналар ва хўжалик бирлашмалари активларида давлат иштирокини сақлаб қолишнинг мақсадга мувофиқлиги аниқ мезонларини белгиласин ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлмаган корхоналарнинг давлат улушини республика фонд бозорида, шу жумладан хорижий инвесторларга қўшимча равишда сотиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


17. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги (Азимов), Давлат мулки қўмитаси, Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси, Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекслари барча давлат корхоналарини муфассал хатловдан ўтказсинлар ва жорий йилнинг 1 сентябригача бўлган муддатда паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган давлат корхоналарини тугатиш, акциялаштириш ва уларни мулкчиликнинг бошқа шаклларига айлантириш бўйича аниқ дастурни ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсинлар.

Истиқболсиз ва зарар кўриб ишлаётган давлат корхоналарини тугатиш ишларининг бориши ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида кўриб чиқилсин.


18. Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси (Саидова) мулкида давлат улуши бўлган истиқболсиз, зарар кўриб ишлаётган корхоналар банкротлиги жараёни фаолроқ ва қатъий амалга оширилишини, уларни фонд бозорида сотиш, энг аввало, хорижий инвесторларга сотиш учун белгиланган тартибда қўйилишини таъминласин.


19. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Олий хўжалик суди, Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига янги таҳрирдаги "Банкротлик тўғрисида" қонун лойиҳасини киритсин.


20. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва савдо комплекси (Усмонов) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда мамлакатимизда сифатли истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни улар билан тўлдириш чора-тадбирларини икки ой муддатда ишлаб чиқсинлар. Амалга оширилган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига 2002 йил якунлари бўйича ахборот берилсин.


21. Реклама бўйича идоралараро кенгаш (Баҳромов), "Ўзбекенгилсаноат", "Ўзмевасабзавотузумсаноат-холдинг" компаниялари, "Озиқовқатсаноат" уюшмаси, истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи бошқа хўжалик бирлашмалари ва корхоналар мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кенг реклама қилиш комплекс тадбирларини бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва уларнинг амалга оширилишини таъминласинлар.


22. Бухоро, Навоий, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларини қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича қолоқликнинг ўрнини тўлдириш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрсинлар.

Амалга оширилган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига жорий йилнинг 20 августигача ахборот берилсин.


23. "Ўзэлтехсаноат" (Умаров), "Ўзавтосаноат" (Парпиев), "Ўзагромашсервис" (Нишонов) уюшмалари,  "Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси" давлат-акциядорлик жамияти (Кучеров), "Мотор заводи" (Одилов) ва "Агрегат заводи" (Тен) корхоналари раҳбарларига ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури ва ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш бажарилмаганлиги қатъий кўрсатиб ўтилсин.

Бош вазир Ў.Т.Султонов ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ишлаб чиқаришни ташкил этишда вужудга келган вазиятни ўрганиб чиқсин ва йўл қўйилган қолоқликни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрсин. Амалга оширилган ишлар тўғрисида 2002 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


24. Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий комплекси (Кароматов), Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими маркази:

педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларини бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар, унда профессор-ўқитувчилар таркиби сифатини ошириш, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларидан келиб чиққан ҳолда умумий ўрта ва олий таълим тизимидаги малака ошириш курслари, факультетлари, марказлари ва институтларининг моддий-техника ва ўқув-методик базаси аҳволини яхшилашни назарда тутсинлар;

касб-ҳунар коллежлари мутахассисликлари бўйича давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилишини ва тасдиқланишини жадаллаштирсинлар;

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан биргаликда нашр этилаётган ўқув адабиётларининг барча турлари "Узлуксиз таълим тизими учун янги авлод ўқув адабиётлари яратиш концепцияси" принциплари ва талабларига қатъий мувофиқ бўладиган тартибни ўрнатсинлар.


25. Мазкур протоколнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т.Султонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                         И. Каримов
















Время: 0.0059
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск