ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси (Парламент) / Олий Мажлис Қонунчилик палатаси. Депутатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти (Янги таҳрири) (ЎзР ОМ Қонунчилик палатасининг 29.01.2016 й. 368-III-сонли қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

ОМ Қонунчилик палатасининг

2016 йил 29 январдаги

368-III-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг

РЕГЛАМЕНТИ

(Янги таҳрири)


I бўлим. Умумий қоидалар


1-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти (бундан буён матнда Регламент деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига ва "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) мажлисларини ўтказиш, депутатлар бирлашмаларини тузиш, Қонунчилик палатаси органларини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш, қонунчилик тартиб-таомилларини амалга ошириш тартибини белгилайди ҳамда Қонунчилик палатасининг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ ички тартиб-қоидаларига доир бошқа масалаларни тартибга солади.


2-модда. Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қуйи палатасидир ва у бир юз эллик депутатдан иборат. Қонунчилик палатасининг бир юз ўттиз беш депутати ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

Қонунчилик палатасининг ўн беш депутати Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланади.


3-модда. Қонунчилик палатасининг иши Қонунчилик палатаси барча депутатларининг (бундан буён матнда депутатлар деб юритилади) профессионал, доимий фаолият кўрсатишига асосланади.


4-модда. Депутатлар ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.


5-модда. Қонунчилик палатасининг фаолияти сиёсий хилма-хиллик ва кўппартиявийликка, масалаларни эркин муҳокама қилиш ва биргаликда ҳал этишга, очиқлик ва ошкораликка, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга асосланади.


6-модда. Депутатнинг ваколатлари қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда муддатидан илгари тугатилиши мумкин.


7-модда. Депутат ўз ваколатларининг бутун муддати мобайнида дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади. У Қонунчилик палатасининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларига тортилиши мумкин эмас.


8-модда. Депутатга унинг депутатлик фаолияти билан боғлиқ харажатларнинг ўрни белгиланган тартибда қопланади.


9-модда. Депутатнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини монеликсиз ва самарали амалга ошириш кафолатлари "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, бошқа қонунлар ва ушбу Регламент билан белгиланади.


10-модда. Қонунчилик палатаси ўз матбуот органларига эга бўлади.



II бўлим. Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси


11-модда. Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси Қонунчилик палатасига сайловдан сўнг икки ойдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан чақирилади.

Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисини Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси очади ва Қонунчилик палатасининг Спикери сайлангунига қадар унда раислик қилади.


12-модда. Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси ишини ташкил этиш учун мажлиснинг муваққат котибияти, саноқ комиссияси ва электрон тизимдан фойдаланиш устидан муваққат назорат гуруҳи сайланади.

Қонунчилик палатаси муваққат котибият, саноқ комиссияси ва электрон тизимдан фойдаланиш устидан муваққат назорат гуруҳи сайланганлиги тўғрисида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилади.

Саноқ комиссияси ўз таркибидан комиссия раиси ва котибини сайлайди. Саноқ комиссиясининг қарорлари комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


13-модда. Қонунчилик палатаси биринчи мажлисни, қоида тариқасида, қуйидаги кун тартиби билан ўтказади:

1) Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг Қонунчилик палатасига сайлов якунлари тўғрисидаги ахбороти;

2) Сиёсий партиялар вакиллари кенгашини сайлаш;

3) Қонунчилик палатаси Спикерини сайлаш;

4) Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарларини сайлаш;

5) сиёсий партияларнинг фракциялари (бундан буён матнда фракциялар деб юритилади) ва депутатлар гуруҳларини рўйхатга олиш;

6) Қонунчилик палатасининг қўмиталарини (бундан буён матнда қўмиталар деб юритилади) тузиш.

Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида Қонунчилик палатаси фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиши мумкин, бу ҳақда тегишли қарор қабул қилинади.


14-модда. Қонунчилик палатаси биринчи мажлисининг муваққат котибияти:

1) сўзга чиқувчиларнинг рўйхатини ёзиб боради;

2) депутатлардан тушадиган саволлар, маълумотномалар, хабарлар, аризалар, таклифлар ва бошқа материалларни рўйхатга олади;

3) сўзга чиқиш учун ёзилганларнинг рўйхати ва Қонунчилик палатаси биринчи мажлисининг муваққат котибиятига тушган материаллар ҳақида раислик қилувчига ахборот беради;

4) Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисини таъминлашга доир бошқа вазифаларни бажаради.



III бўлим. Қонунчилик палатасининг мансабдор

шахсларини сайлаш ва органларини шакллантириш


1-БОБ. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ СПИКЕРИ

ВА УНИНГ ЎРИНБОСАРЛАРИ


15-модда. Қонунчилик палатаси Спикерини ва унинг ўринбосарларини сайлаш учун депутатлар орасидан Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этган ҳар бир сиёсий партиядан камида уч нафар депутатдан иборат Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши тузилади.

Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг таркиби тўғрисидаги қарор депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши депутатлар орасидан Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари лавозимига номзодларни кўрсатиш масаласини кўриб чиқади. Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг мажлисида Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия вакили раислик қилади.


16-модда. Қонунчилик палатаси Спикери лавозимига номзод Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи ёки Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг мажлисида раислик қилувчи томонидан тақдим этилади.

Қонунчилик палатаси Спикери лавозимига номзод депутатларнинг саволларига жавоб бериши учун 30 дақиқагача вақт ажратилади. Қонунчилик палатаси мажлисида номзодни муҳокама қилиш учун 20 дақиқагача вақт ажратилади.

Қонунчилик палатаси Спикери лавозимига номзодни муҳокама қилиш ажратилган вақт тугагач ёки депутатларнинг таклифига биноан Қонунчилик палатасининг қарори билан тугатилади.


17-модда. Қонунчилик палатаси Спикери лавозимига кўрсатилган номзод яширин овоз бериш рўйхатига киритилади. Ўз номзодини рад этиш овоз бериш ўтказилмасдан қабул қилинади.

Қонунчилик палатасининг Спикери яширин овоз бериш орқали Қонунчилик палатасининг ваколати муддатига сайланади.

Қонунчилик палатаси Спикерини сайлаш пайтидаги яширин овоз бериш усулини Қонунчилик палатаси белгилайди.


18-модда. Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи овоз бериш бошланганлигини эълон қилгандан кейин ҳеч ким овоз беришни бўлиб қўйиши мумкин эмас. Овоз бериш бошлангандан то унинг натижалари эълон қилингунга қадар ҳеч кимга сўз берилмайди.

Агар овоз беришни ўтказиш вақтида овоз бериш тартиб-таомили бузилган ёки уни ўтказиш чоғида тўсиқлар юзага келган бўлса, муҳокама қилмасдан дарҳол такрорий овоз бериш ўтказилади.


19-модда. Овоз бериш яширин овоз бериш бюллетенларидан фойдаланган ҳолда ўтказилган тақдирда яширин овоз бериш вақти ва жойи, уни ўтказиш тартиби саноқ комиссиясининг тавсиясига биноан Қонунчилик палатаси томонидан ушбу Регламентга мувофиқ белгиланади ва саноқ комиссияси раиси томонидан эълон қилинади.


20-модда. Номзод, агар у яширин овоз бериш натижасида депутатлар умумий сонининг ярмидан кўп овозини олган бўлса, Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайланган ҳисобланади.


21-модда. Агар Қонунчилик палатаси Спикери лавозимига номзод депутатлар овозларининг зарур сонини ололмаса, Қонунчилик палатаси Спикери лавозимига такрорий сайлов ўтказилади.

Қонунчилик палатаси Спикери лавозимига такрорий сайлов ушбу Регламентнинг 15 - 20-моддаларига мувофиқ ўтказилади.


22-модда. Қонунчилик палатаси Спикери сайланганлиги тўғрисида қарор қабул қилинади, уни Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи имзолайди.

Қонунчилик палатаси Спикери сайлангандан кейин Қонунчилик палатасининг бундан буёнги мажлисини Қонунчилик палатаси Спикери олиб боради.


23-модда. Қонунчилик палатаси Спикери:

1) Қонунчилик палатасининг ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади;

2) Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади;

3) Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунларни маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) юборади;

4) қўмиталарнинг ва Қонунчилик палатаси комиссияларининг (бундан буён матнда комиссиялар деб юритилади) фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

5) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Қонунчилик палатаси ҳужжатларининг ижроси устидан назоратни ташкил этади;

6) Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

7) парламентлараро алоқаларни амалга ошириш ишларига ҳамда халқаро парламент ташкилотлари иши билан боғлиқ Қонунчилик палатаси гуруҳларининг фаолиятига раҳбарлик қилади;

8) Қонунчилик палатаси матбуот органларининг уставларини ва таҳрир ҳайъатлари таркибини ҳамда уларнинг ишлаши учун зарур харажатлар сметаларини тасдиқлайди;

9) Кенгаш билан келишилган ҳолда Қонунчилик палатаси матбуот органларининг бош муҳаррирларини тайинлайди ва уларни лавозимидан озод қилади;

10) Қонунчилик палатаси матбуот органларининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;

11) Сенат, бошқа давлат органлари, чет давлатлар, халқаро ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда Қонунчилик палатаси номидан иш юритади;

12) Қонунчилик палатаси ва Кенгаш қарорларини имзолайди;

13) Қонунчилик палатаси девони фаолиятига раҳбарликни амалга оширади, депутатлар ва Қонунчилик палатаси девони ишлаши учун зарур харажатлар сметаларини тасдиқлайди;

14) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва ушбу Регламентда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Қонунчилик палатаси Спикери ўзининг ваколатига тааллуқли масалаларни Кенгаш муҳокамасига киритишга ҳақли.

Қонунчилик палатаси Спикери ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан фармойишлар чиқаради.


24-модда. Қонунчилик палатаси Спикери яширин овоз бериш орқали депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Қонунчилик палатаси қарорига биноан муддатидан илгари лавозимидан озод қилиниши мумкин.

Қонунчилик палатаси Спикерини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала депутатлар умумий сонининг камида учдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳининг таклифига биноан Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатаси Спикерини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилаётганда Қонунчилик палатаси мажлисида Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарларидан бири раислик қилади.

Қонунчилик палатаси Спикерини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади, қарорни Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи имзолайди.


25-модда. Қонунчилик палатаси Спикерининг бўш лавозимига номзод кўрсатиш ва уни сайлаш ушбу Регламентнинг 15 - 20-моддаларида белгиланган тартибда ўтказилади.


26-модда. Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари лавозимлари, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасида тузилган фракциялар ва депутатлар гуруҳларининг сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Қонунчилик палатасида тузилган фракция ва депутатлар гуруҳи ўз вакили Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари лавозимларидан бирини эгаллашида кафолатли ҳуқуққа эгадир.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Қонунчилик палатасининг ваколати муддатига сайланади.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарини сайлаш учун фракция ва депутатлар гуруҳи, қоида тариқасида, ўз фракцияси, депутатлар гуруҳи раҳбарининг номзодини киритади.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари қўмиталардан бирининг таркибига сайланиши мумкин.


27-модда. Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари лавозимларига кўрсатилган номзодлар яширин овоз бериш рўйхатига киритилади, уни Қонунчилик палатаси Спикери ўқиб эшиттиради. Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари лавозимларига кўрсатилган номзодлар бўйича муҳокама ўтказилади.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари лавозимларига кўрсатилган номзодларга овоз бериш рўйхат бўйича ўтказилади.


28-модда. Номзодлар, агар улар яширин овоз бериш натижасида депутатлар умумий сонинг ярмидан кўп овозини олган бўлса, Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари этиб сайланган ҳисобланади. Овоз бериш натижалари Қонунчилик палатасининг қарори билан расмийлаштирилади, уни Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи имзолайди.


29-модда. Агар Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари лавозимларига кўрсатилган номзодлар сайланиш учун талаб қилинадиган овозларнинг зарур сонини ололмаса, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарларининг лавозимларига сайлов тартиб-таомили номзодлар кўрсатишдан бошлаб такрорланади. Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари лавозимларига номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш мазкур Регламентнинг 26 - 28-моддалари ва ушбу моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.


30-модда. Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари Қонунчилик палатаси Спикерининг топшириғига биноан унинг айрим вазифаларини бажаради ва Қонунчилик палатаси Спикери йўқлигида ёки ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган ҳолларда унинг вазифасини бажариб туради.


31-модда. Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинган Қонунчилик палатаси қарорига биноан муддатидан илгари лавозимидан озод қилиниши мумкин.

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарларини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала депутатлар умумий сонининг камида учдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳининг таклифига биноан Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади. Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарларини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала уларнинг номзодини кўрсатган фракциялар ёки депутатлар гуруҳлари томонидан ҳам киритилиши мумкин.

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарларини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади, қарорни Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи имзолайди.


32-модда. Қонунчилик палатаси Спикери ўз вазифаларини бажариш даврида сиёсий партияга аъзоликни тўхтатиб туради ҳамда фракция ва депутатлар гуруҳи таркибига кириши мумкин эмас.

Қонунчилик палатаси Спикери қўмиталар таркибига сайланиши мумкин эмас.



2-БОБ. КЕНГАШ


33-модда. Қонунчилик палатасининг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Кенгаш тузилади.

Кенгаш таркибига Қонунчилик палатаси Спикери, унинг ўринбосарлари, фракциялар ва депутатлар гуруҳининг раҳбарлари, қўмиталарнинг раислари киради.

Кенгашга Қонунчилик палатаси Спикери раҳбарлик қилади, у Кенгашнинг мажлисларини олиб боради ва унинг қарорларини имзолайди.


34-модда. Кенгаш Қонунчилик палатаси мажлислари оралиғида заруратга қараб тўпланади.

Кенгаш мажлисларини Қонунчилик палатаси Спикери, у йўқлигида ёки ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган ҳолларда эса унинг ўринбосарларидан бири чақиради ва олиб боради.


35-модда. Кенгаш мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Сенат Раиси, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди раислари, Бош прокурори иштирок этиши мумкин. Кенгаш мажлисларида депутатлар ҳам иштирок этишга ҳақли бўлиб, улар Кенгаш мажлисида кўриб чиқиладиган масалалар юзасидан ўз фикрларини билдириши мумкин.

Кенгаш мажлисларига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар, матбуот органларининг, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф қилиниши мумкин.


36-модда. Кенгаш:

1) Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳаларига доир иш режаси лойиҳасини шакллантиради;

2) Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасини шакллантиради;

3) қўмиталарнинг ишини мувофиқлаштириб боради;

4) Қонунчилик палатасига келиб тушган қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул бўлган қўмитани (бундан буён матнда масъул қўмита деб юритилади) белгилайди;

5) қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш ёки уни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига қайтариш тўғрисида масъул қўмитанинг хулосасига кўра қарор қабул қилади;

6) Киритилаётган қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ фаолиятини ташкил қилиш тартибини белгилайди, Қонунчилик палатаси Спикерининг тақдимига биноан ушбу гуруҳ аъзоларини тайинлайди ва лавозимидан озод қилади;

7) Қонунчилик палатаси Спикерининг тақдимига биноан Қонунчилик палатаси матбуот органларининг бош муҳаррирларини лавозимига тайинлаш ва уларни лавозимидан озод қилишга розилик бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади;

8) Қонунчилик палатасининг сессиялари оралиғидаги даврда депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади;

9) Қонунчилик палатаси депутатининг сайлов округидаги ишини ташкил этишга кўмаклашади.

Кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Кенгаш ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан ўз аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади.


37-модда. Кенгаш қарорларининг лойиҳалари ва унинг мажлисида кўриб чиқилиши лозим бўлган бошқа ҳужжатлар Кенгашга, қоида тариқасида, унинг мажлиси бошланишидан камида уч кун олдин киритилади.

Кенгаш таркибига кирувчи шахсларга, шунингдек унинг мажлисларида иштирок этувчи бошқа шахсларга мажлисда кўриб чиқиш мўлжалланаётган масалалар ҳақида олдиндан хабар қилинади ва зарур материаллар тақдим этилади. Зарур бўлган ҳолларда, Кенгаш мажлислари стенограммаси ёзиб борилади ва баённомаси тузилади. Баённома мажлисда раислик қилувчи томонидан имзоланади.

Кенгаш томонидан кўриб чиқилган масалалар ва у қабул қилган қарорлар ҳақида депутатларга маълум қилинади.


38-модда. Кенгаш ҳузурида Қонунчилик палатаси девони ходимлари орасидан уч кишидан иборат таркибда Киритиладиган қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ (бундан буён матнда Мувофиқлаштирувчи гуруҳ деб юритилади) тузилади.

Қонунчилик палатасига келиб тушган қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини рўйхатдан ўтказиш, Кенгаш аъзоларини улар ҳақида хабардор қилиш ва ушбу лойиҳаларни бундан кейин кузатиб бориш Мувофиқлаштирувчи гуруҳ зиммасига юклатилади.



3-БОБ. ҚЎМИТАЛАР


39-модда. Қонун лойиҳаларига доир ишларини олиб бориш, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини назорат қилиш учун Қонунчилик палатасининг ваколатлари муддатига депутатлар орасидан раис, унинг ўринбосари ва аъзолардан иборат таркибда қўмиталар сайланади.


40-модда. Қонунчилик палатасида бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси; қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси; меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси; мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси; халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси; ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси; экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси тузилиши шарт. Қонунчилик палатасида бошқа қўмиталар ҳам тузилиши мумкин.

Қўмиталарнинг умумий сони, қоида тариқасида, ўн биттадан ошмаслиги керак.


41-модда. Қўмита раиси, унинг ўринбосари ва қўмита аъзолари лавозимлари депутатларнинг қайси партияга ёки гуруҳга мансублигини ҳамда сайлов якунлари бўйича олинган депутатлик ўринлари сони инобатга олинган ҳолда яхлит (умумий) қарор билан белгиланади. Қўмита раиси, унинг ўринбосари ва қўмита аъзолари лавозимларига номзодлар кўрсатиш юзасидан таклифларни депутатлар бирлашмаларининг раҳбарлари ўзаро келишган ҳолда киритади.

Қўмита раиси, унинг ўринбосари ва қўмита аъзолари палата мажлисида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан сайланади.

Қўмита раиси, унинг ўринбосари, шунингдек қўмита аъзолари сайланганлиги тўғрисида Қонунчилик палатаси қарорлар қабул қилади.

Қўмиталарнинг барча аъзолари тенг ҳуқуқлардан фойдаланади.

Қўмита таркибига сайланмаган депутат унинг ишида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этишга ҳақли.


42-модда. Қўмита раиси:

1) қўмитанинг иш режаси лойиҳаси тайёрланишини ташкил этади ва қўмитанинг тасдиқланган иш режаси бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

2) зарур материаллар тайёрланишини ташкил этади, қўмита мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади;

3) қўмита аъзоларига топшириқлар беради, уларга қўмита фаолияти билан боғлиқ материаллар ва ҳужжатларни юборади;

4) киритилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳларнинг ишида иштирок этиш, шунингдек қўмитанинг бошқа топшириқларини бажариш учун қўмита аъзоларини белгилайди;

5) давлат органларининг ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакилларини, мутахассислар ва олимларни, хўжалик юритувчи субъектларнинг, матбуот органларининг, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакилларини қўмита ишида иштирок этишга таклиф этади;

6) Қонунчилик палатаси, Кенгаш мажлисларида, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан бўладиган муносабатларда қўмита номидан иш юритади;

7) қўмита қарорларининг бажарилишига доир ишларни ташкил этади;

8) Қонунчилик палатасига, Кенгашга ва Қонунчилик палатаси Спикерига уларнинг топшириқлари бажарилиши тўғрисида ахборот беради;

9) қўмитанинг қарорлари бажарилганлиги ва унинг тавсиялари кўриб чиқилганлиги ҳақида қўмита аъзоларига ахборот беради;

10) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


43-модда. Қўмита раисининг ўринбосари қўмита раисининг топшириғига кўра унинг айрим вазифаларини бажаради ҳамда раис йўқлигида ёки у ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган ҳолларда қўмита раиси вазифасини бажариб туради.


44-модда. Қўмиталар ишни ўз режаларига, шунингдек Қонунчилик палатаси, унинг Спикери ва Кенгаш топшириқлари ҳамда тавсияларига мувофиқ ташкил этади.

Қўмиталар Қонунчилик палатаси олдида масъул ва унга ҳисобдордир.


45-модда. Қўмиталар:

1) ўз ташаббуси билан ёки Қонунчилик палатасининг топшириғига биноан Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ҳамда ўзининг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан Қонунчилик палатасининг қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқади;

2) қонун лойиҳаларининг дастлабки тарзда кўриб чиқилишини ва уларни Қонунчилик палатасида кўриб чиқишга тайёрлашни амалга оширади;

3) қонунларнинг лойиҳалари юзасидан хулосалар беради, қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг мажлиси кун тартибига киритиш, унинг устида ишлашни давом эттириш ёки асослантирилган ҳолда уни рад этиш тўғрисида Кенгашга таклифлар киритади;

4) навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаси (бундан буён матнда Давлат бюджети лойиҳаси деб юритилади) юзасидан хулосалар ва таклифлар беради;

5) Қонунчилик палатасининг топшириғига ёки Кенгашнинг тавсиясига биноан муайян қонун лойиҳаси ёки Қонунчилик палатаси ваколатларига кирадиган бошқа масала юзасидан масъул бўлади;

6) киритилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар тузади, уларнинг таркибига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакилларини, мутахассислар ва олимларни, хўжалик юритувчи субъектларнинг вакилларини жалб этади;

7) қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари вакилларининг улар томонидан киритилган қонун лойиҳасига тааллуқли масалалар юзасидан фикрларини эшитади;

8) киритилган қонунлар ва Қонунчилик палатаси қарорлари лойиҳалари матнига ўзгартиш ёки қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

9) давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатларни, эксперт хулосалари, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олади;

10) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари, қўмиталарнинг қарорлари улар томонидан қандай ижро этилаётганлиги ҳақидаги ахборотини эшитади;

11) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Қонунчилик палатаси қарорларининг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.


46-модда. Қўмиталарнинг мажлислари Қонунчилик палатаси мажлислари оралиғида заруратга қараб ўтказилади.

Қўмита мажлисини унинг раиси ўз ташаббуси билан ёки қўмита аъзолари умумий сонидан камида ярмининг ташаббуси билан чақиради.

Қўмита мажлиси ҳақида унинг раиси, қоида тариқасида, камида икки кун олдин қўмита аъзоларига хабар беради, шунингдек мажлиснинг бошқа иштирокчиларини олдиндан хабардор қилади.

Қўмиталарнинг мажлислари, агар уларда қўмита аъзоларининг камида ярми ҳозир бўлса, ваколатлидир.

Қўмита мажлисини қўмита раиси олиб боради.

Қўмиталарнинг мажлислари очиқ ўтказилади. Зарурат бўлганида қўмиталар ёпиқ мажлислар ўтказиш тўғрисида қарорлар қабул қилиши мумкин.


47-модда. Депутат ўзи аъзо бўлган қўмита мажлисларида ҳозир бўлиши шарт.

Қўмита мажлисида ҳозир бўлиш имконияти бўлмаган тақдирда депутат қўмита раисини олдиндан хабардор қилади.

Қўмиталарнинг мажлисларига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар, хўжалик юритувчи субъектларнинг, матбуот органларининг, телевидение, радио ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф қилиниши мумкин.


48-модда. Қўмиталар кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қўмита жами аъзоларининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади.

Қўмита қарорини унинг мажлисида раислик қилувчи имзолайди.


49-модда. Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш, назорат-таҳлил тадбирларини тайёрлаш ва ўтказишга кўмаклашиш мақсадида қўмиталар ҳузурида эксперт гуруҳлари тузилади.

Эксперт гуруҳлари давлат органларининг, илмий ва таълим муассасаларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг тегишли соҳаларда илмий иш тажрибасига, қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва (ёки) амалий иш тажрибасига эга бўлган малакали мутахассислари орасидан тузилади.

Эксперт гуруҳи қўмиталарнинг фаолиятини илмий-ҳуқуқий, эксперт ва ахборот-маслаҳат жиҳатидан таъминлаш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишга, қўмиталарнинг назорат-таҳлил тадбирларини тайёрлаш ва ўтказишга кўмаклашиш учун Қонунчилик палатасининг ваколатлари муддатига тузилган маслаҳат органидир.

Қўмиталар ҳузурида эксперт гуруҳларини шакллантириш ва уларнинг фаолияти тартиби Кенгаш томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.



4-БОБ. КОМИССИЯЛАР


50-модда. Қонунчилик палатаси муайян вазифаларни бажариш учун комиссиялар тузиши мумкин.

Комиссия Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар орасидан комиссия раиси ва аъзоларидан, зарур бўлган ҳолларда эса комиссия раисининг ўринбосаридан иборат таркибда тузилади.

Комиссия тузилганлиги тўғрисида Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади.

Қонунчилик палатасининг комиссия тузилганлиги тўғрисидаги қарорида комиссиянинг номи, мақсади ва вазифалари, унинг миқдорий ва шахсий таркиби, комиссиянинг раиси, комиссиянинг фаолият кўрсатиш муддати (олдиндан белгиланган муддатга ёки муайян вазифаларни бажариш муддатига), комиссиянинг ваколатлари, комиссия ишини таъминлаш бўйича тадбирлар белгиланган бўлиши керак.


51-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг комиссиялари (бундан буён матнда парламент комиссияси деб юритилади) ташкил этилиши мумкин.

Парламент комиссияси депутатлар ва сенаторлар орасидан парламент комиссияси раиси, аъзолари, зарурат бўлган ҳолларда эса парламент комиссияси раисининг ўринбосаридан иборат таркибда тузилади.

Қонунчилик палатасида парламент комиссияси тузиш ҳақидаги таклиф Қонунчилик палатасининг Спикери, қўмиталар, шунингдек депутатлар бирлашмалари томонидан киритилиши мумкин.

Парламент комиссияси таркибига номзодлар бўйича Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раиси томонидан ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказилади.

Парламент комиссияси тузилганлиги тўғрисида Қонунчилик палатаси қарори қабул қилиниб, ушбу қарор Сенатга юборилади.

Парламент комиссияси тузилганлиги тўғрисидаги қарорда парламент комиссиясининг номи, мақсади ва вазифалари, унинг миқдорий ва шахсий таркиби, парламент комиссиясининг раиси, парламент комиссиясининг фаолият кўрсатиш муддати (олдиндан белгиланган муддатга ёки муайян вазифаларни бажариш муддатига), парламент комиссиясининг ваколатлари, парламент комиссияси ишини таъминлаш бўйича тадбирлар белгиланган бўлиши керак.

Парламент комиссияси ўз фаолиятини белгиланган тартибда амалга оширилади.


52-модда. Айрим масалаларни тайёрлаш учун комиссия давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар, хўжалик юритувчи субъектларнинг вакиллари орасидан ишчи гуруҳлар тузишга ҳақлидир.


53-модда. Комиссиянинг мажлислари Қонунчилик палатаси мажлислари оралиғида заруратга қараб ўтказилади.

Комиссия мажлисларини унинг раиси ёки раис ўринбосари чақиради.

Комиссия мажлиси ҳақида унинг раиси ёки раис ўринбосари, қоида тариқасида, камида икки кун олдин комиссия аъзоларига хабар беради, шунингдек мажлиснинг бошқа иштирокчиларини олдиндан хабардор қилади.

Комиссия мажлислари, агар уларда комиссия таркибининг камида ярми ҳозир бўлса, ваколатлидир.

Комиссия мажлисини комиссия раиси ёки унинг ўринбосари олиб боради.

Комиссия мажлислари очиқ ўтказилади. Зарур бўлган ҳолларда комиссия ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.


54-модда. Депутат ўзи аъзо бўлган комиссия мажлисларида ҳозир бўлиши шарт.

Комиссия мажлисида ҳозир бўлиш имконияти бўлмаган тақдирда депутат комиссия раисини олдиндан хабардор қилади.

Комиссия мажлисларига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар, хўжалик юритувчи субъектларнинг, матбуот органларининг, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф қилиниши мумкин.


55-модда. Комиссия кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан комиссия жами аъзоларининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади.

Комиссия қарорини унинг мажлисида раислик қилувчи имзолайди.


56-модда. Комиссия бажарилган иш тўғрисида Қонунчилик палатаси белгилаган муддатда Қонунчилик палатасига ахборот беради.

Комиссия ўз фаолиятини зиммасига юклатилган вазифалар бажарилганидан кейин, ўзи қайси муддатга тузилган бўлса, шу муддат ўтгандан кейин ёки Қонунчилик палатасининг қарорига биноан, парламент комиссияларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма қарорига биноан муддатидан илгари тугатади.



5-БОБ. ДЕПУТАТЛАР БИРЛАШМАЛАРИ


57-модда. Депутатлар сиёсий, профессионал ва бошқа асосда фракциялар ва депутатлар гуруҳи шаклида депутатлар бирлашмаларини тузиши мумкин.

Фракция сиёсий партиядан кўрсатилган депутатлар томонидан партия манфаатларини Қонунчилик палатасида ифодалаш мақсадида тузиладиган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган депутатлар бирлашмасидир.

Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Қонунчилик палатаси таркибига сайланган депутатлар депутатлар гуруҳини тузишга ҳақли.

Депутат фақат бир фракциянинг ёки депутатлар гуруҳининг аъзоси бўлиши мумкин.

Сиёсий партиядан кўрсатилган ва Қонунчилик палатасига сайланган депутат фақат шу партия фракциясининг аъзоси бўлиши мумкин.

Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Қонунчилик палатасига сайланган депутат фақат шу депутатлар гуруҳининг аъзоси бўлиши мумкин.

Депутатнинг фракцияга ёки депутатлар гуруҳига кириши тўғрисидаги қарор уларнинг мажлисларида қабул қилинади.


58-модда. Камида тўққиз нафар депутат фракция ёки депутатлар гуруҳини тузиш ҳуқуқига эга.

Фракция ёки депутатлар гуруҳини тузиш учун:

фракциянинг ёки депутатлар гуруҳининг таъсис йиғилишини ўтказиш;

фракцияни ёки депутатлар гуруҳини тузиш тўғрисидаги таъсис баённомасини қабул қилиш;

фракция ёки депутатлар гуруҳи раҳбарини сайлаш зарур бўлади.

Фракциянинг ёки депутатлар гуруҳининг раҳбари фракция ёки депутатлар гуруҳи тузилганлиги тўғрисидаги таъсис баённомасини Қонунчилик палатасига тақдим этади ва тегишинча фракция ёки депутатлар гуруҳи тузилганлиги ҳақида Қонунчилик палатасига ахборот беради, бу Қонунчилик палатаси мажлисининг баённомасида қайд этилади.

Фракциялар ва депутатлар гуруҳлари ҳисобга олиш рўйхатидан ўтказилади.

Белгиланмаган тартибда тузилган депутатлар бирлашмалари фракция ёки депутатлар гуруҳи ҳуқуқларидан фойдаланмайди.

Фракция ва депутатлар гуруҳи тузилганлиги тўғрисида Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, уни Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи имзолайди.


59-модда. Фракциялар Қонунчилик палатасида ўз умумий манфаатларини ифодалаш ва фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида фракциялар блокига бирлашиши мумкин.

Фракцияларнинг блокка бирлашиши қонунда назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширишда уларнинг мустақиллигини чеклаб қўймайди.


60-модда. Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган фракция парламентдаги кўпчиликни ташкил этади.

Ўз дастурий мақсадли вазифаларининг яқинлигидан ёки мослигидан келиб чиққан ҳолда блок тузадиган бир нечта фракциялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ҳам парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши мумкин.

Янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган фракциялар, шунингдек Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ўзини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.


61-модда. Фракция ва депутатлар гуруҳи:

1) Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ва моҳияти юзасидан таклифлар ҳамда фикр-мулоҳазалар киритади;

2) Қонунчилик палатаси мажлисида муҳокама қилинаётган ҳар бир масала юзасидан мунозараларда фракция, депутатлар гуруҳи вакилига кафолатланган тарзда сўз берилиши ҳуқуқидан фойдаланади;

3) келишув комиссияси ва бошқа комиссиялар тузиш тўғрисида масала қўяди;

4) Қонунчилик палатаси мажлисида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг тасарруфига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан мурожаат этади;

5) Қонунчилик палатаси мажлисида муҳокама қилинаётган масала юзасидан фракциянинг, депутатлар гуруҳининг фикрини депутатлар ўртасида тарқатади;

6) Кенгашнинг, қўмиталар ва комиссияларнинг ишида иштирок этади;

7) Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари ва қарорларнинг лойиҳалари юзасидан ўз фикрлари ва таклифларини киритади;

8) Қонунчилик палатаси мажлисида ҳукумат аъзоларини уларнинг фаолияти масалалари юзасидан эшитиш тўғрисида масала қўяди;

9) фракциянинг, депутатлар гуруҳининг фаолияти учун зарур материаллар ва ҳужжатларни давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидан талаб қилиб олади.

Фракция ва депутатлар гуруҳи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


62-модда. Депутатлар бирлашмаларининг ички фаолияти улар томонидан мустақил равишда ташкил этилади.

Депутатлар бирлашмалари фаолиятининг ташкилий шакли уларнинг мажлисларидир.

Депутатлар бирлашмалари ўз мажлисларини очиқ ва ошкора ўтказади. Депутатлар бирлашмасининг қарорига биноан ёпиқ мажлис ўтказилиши мумкин.

Фракциялар ва депутатлар гуруҳларининг ишини мувофиқлаштириб бориш, Қонунчилик палатаси мажлисига киритилаётган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилишини ташкил этиш, фракциялар ва депутатлар гуруҳлари нуқтаи назарини келишиб олиш мақсадида депутатлар бирлашмалари раҳбарларининг қўшма мажлислари ўтказилиши мумкин. Депутатлар бирлашмалари раҳбарларининг қўшма мажлислари заруратга қараб фракцияларнинг ёки депутатлар гуруҳларининг ташаббуси билан ўтказилади.

Депутатлар бирлашмалари ўзлари қабул қилган қарорлар, шунингдек депутатлар бирлашмалари раҳбарларининг қўшма мажлисларида қабул қилинган қарорлар ҳақида Қонунчилик палатаси Спикерига ва Кенгашга ахборот беради.


63-модда. Ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган фракция қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни айни ўша масала бўйича қонун лойиҳаси биринчи ўқишда, шунингдек Қонунчилик палатаси қарорининг лойиҳаси кўриб чиқилгунига қадар киритиш;

муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Қонунчилик палатасининг мажлиси баённомасига киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши.

Парламентдаги мухолифатнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари парламентдаги кўпчилик томонидан камситилиши мумкин эмас.


64-модда. Фракция ва депутатлар гуруҳи фаолияти қуйидаги ҳолларда тугатилади:

фракциянинг ёки депутатлар гуруҳининг ўз ташаббусига биноан;

Қонунчилик палатасининг ваколатлари муддати тугаганда;

фракция ёки депутатлар гуруҳи таркибига кирувчи депутатлар сони уларни тузиш учун зарур бўлган меъёрдан камайиб кетганда;

тегишли сиёсий партиянинг фаолияти тугатилганда.

Фракциялар ёки депутатлар гуруҳлари фаолиятининг Қонунчилик палатасининг ваколатлари муддати тугашидан олдин тугатилиши Қонунчилик палатасининг қарори билан расмийлаштирилади.



IV бўлим. Қонунчилик палатаси ишининг

умумий тартиби


6-БОБ. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ВА УНИНГ ОРГАНЛАРИ

МАЖЛИСЛАРИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


65-модда. Қонунчилик палатаси фаолиятининг ташкилий шакли унинг Қонунчилик палатаси сессиялари даврида, қоида тариқасида, ҳафтасига уч марта ўтказиладиган мажлисларидир.

Қонунчилик палатасининг навбатдаги сессиялари, қоида тариқасида, сентябрнинг биринчи иш кунидан бошлаб, келгуси йил июнь ойининг охирги иш кунига қадар ўтказилади.

Қонунчилик палатаси мажлисларини Қонунчилик палатаси Спикери чақиради ва уларда раислик қилади. Қонунчилик палатаси мажлисларига раҳбарликни амалга оширишда раислик қилувчи билан биргаликда, қоида тариқасида, Қонунчилик палатаси Спикерининг икки нафар ўринбосари (ишчи Раёсат) Кенгаш томонидан тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ навбатма-навбат иштирок этади. Қонунчилик палатаси Спикери мажлисда ҳозир бўлмаганда унинг ўринбосарларидан бири мажлисда раислик қилади.

Қонунчилик палатасининг навбатдан ташқари мажлислари унинг сессиялари оралиғида Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Қонунчилик палатаси Спикери таклифига ёки депутатлар умумий сонининг камида учдан бир қисмининг таклифига биноан чақирилиши мумкин.

Қонунчилик палатасининг мажлислари, қоида тариқасида, сешанба, чоршанба ва пайшанба кунлари ўтказилади.

Кенгаш ва депутатлар бирлашмаларининг мажлислари, қоида тариқасида, душанба кунлари ўтказилади.

Қўмиталар, қоида тариқасида, жума кунлари мажлис ўтказади.

Фракциялар ҳар йили Қонунчилик палатасининг Кенгаши билан биргаликда депутатларнинг сайловчилар билан сайлов округларидаги ишлари учун мўлжалланган вақтни белгилайди. Депутатларнинг сайловчилар билан сайлов округларидаги ишлари учун, қоида тариқасида, март, июнь, сентябрь ойларининг охирги ўн кунлигида, декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида ўн кунгача вақт ажратилади.

Қонунчилик палатасининг мажлислари вақтида қўмиталар, комиссиялар, депутатлар бирлашмаларининг мажлислари ўтказилмайди, шунингдек депутатларнинг сайлов округларида сайловчилар билан ишлари амалга оширилмайди.


66-модда. Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар мажлиснинг кун тартиби лойиҳасига уларни кўриб чиқиш навбати, ҳар бир масалани кўриб чиқишга тайёрлаш учун масъул қўмиталар, маърузачилар (қўшимча маърузачилар), шунингдек бошқа маълумотлар кўрсатилган ҳолда киритилади.

Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳаси Кенгаш томонидан шакллантирилади.

Қонунчилик палатаси мажлисларида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар мажлисларнинг кун тартиблари лойиҳаларига, қоида тариқасида, уларнинг тушиши ва тайёрлиги кетма-кетлигидан келиб чиққан ҳолда киритилади.

Масъул қўмита Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритиш учун ўзи тайёрлаган масалалар ва таклифлар тўғрисидаги ўз хулосаларини Кенгашга тақдим этади.


67-модда. Қуйидагилар биринчи навбатда кун тартибига киритилади ва Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилади:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг лойиҳаси, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси, конституциявий қонунларнинг лойиҳалари, шунингдек конституциявий қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг лойиҳалари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан кечиктириб бўлмайдиган деб топилган қонун лойиҳалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг тасдиқлаш учун тақдим этилган фармонлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонунлар;

Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ва уни ўтказиш санасини тайинлаш тўғрисидаги қарор;

Давлат бюджети лойиҳаси, шунингдек ушбу Регламент 156-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолда Давлат бюджетига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ва амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қонунлар лойиҳалари;

Қонунчилик палатасининг Спикерини, унинг ўринбосарларини, қўмиталар раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш, шунингдек мансабдор шахсларни сайлаш, тайинлаш ва тасдиқлаш тўғрисидаги бошқа масалалар;

Регламентнинг ҳамда Регламентга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонунчилик палатаси қарорларининг лойиҳалари.

Қонунчилик палатасининг мажлисларида Сенат томонидан рад этилган қонунлар ҳам биринчи навбатда кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатасининг мажлисида бошқа масалалар ҳам фақат Қонунчилик палатасининг депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинган қарорига биноан биринчи навбатда кўриб чиқилиши мумкин.

Қонун ёки ушбу Регламентда Қонунчилик палатасининг мажлисларида кўриб чиқиш муддатлари белгиланган масалалар ана шу муддатларга риоя этилган ҳолда кўриб чиқилиши лозим.

Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳаси депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинадиган Қонунчилик палатаси қарори билан тасдиқланади.


68-модда. Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига қонун лойиҳалари қуйидаги кетма-кетликда киритилади:

учинчи ўқишда кўриб чиқиладиган қонун лойиҳалари;

иккинчи ўқишда кўриб чиқиладиган қонун лойиҳалари;

биринчи ўқишда кўриб чиқиладиган қонун лойиҳалари.


69-модда. Қонунчилик палатаси мажлисининг тасдиқланган кун тартибидаги масалалар унда назарда тутилганидан бошқача кетма-кетликда кўриб чиқилиши, кейинга қолдирилиши, ўзгартирилиши ёки муҳокамадан чиқариб ташланиши мумкин. Бунда шундай таклиф ташаббускорининг асослантирилган фикри ва мазкур Регламентга мувофиқ бажарилган тайёргарлик иши, масаланинг кўриб чиқиш учун тайёрлиги даражаси, тегишли материаллар ва ҳужжатларни депутатларга тарқатиш муддати ҳақидаги ахбороти, шунингдек ушбу масала бўйича тегишли қўмита раисининг сўзи эшитилади.

Қонунчилик палатасининг масалаларни кўриб чиқиш тартибини ўзгартириш ёки уларни тасдиқланган кун тартибидан чиқариб ташлаш тўғрисидаги қарори депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


70-модда. Депутатлар Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритилган масалалар тўғрисида олдиндан хабардор қилинади. Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Қонунчилик палатаси қарорларининг лойиҳалари ва бошқа зарур материаллар, агар Қонунчилик палатаси бошқача тартибни назарда тутмаса, Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилгунига қадар камида уч кун олдин депутатларга тақдим этилади.


71-модда. Қонунчилик палатасининг мажлислари очиқ, ошкора ўтказилади ва оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилади.

Қонунчилик палатасининг мажлисларида баённомалар ва стенограммалар юритилади. Баённома мажлисда раислик қилувчи томонидан имзоланади.

Қонунчилик палатасининг қарорига биноан унинг мажлисига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар, олимлар ва хўжалик юритувчи субъектлар вакиллари таклиф этилиши мумкин. Матбуот органларининг, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари белгиланган тартибда Қонунчилик палатасида аккредитация қилинган тақдирда, очиқ мажлисларда ҳозир бўлиши мумкин.

Таклиф қилинганлар Қонунчилик палатасининг фаолиятига аралашиш ҳуқуқига эга эмас, улар унинг ишини маъқуллаш ёки маъқулламасликдан ўзини тийиши, белгиланган тартибга риоя этиши ва Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчининг фармойишларига бўйсуниши шарт.


72-модда. Зарурат бўлганда, Қонунчилик палатаси ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Бундай қарор, агар бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Қонунчилик палатаси Спикери, Кенгаш, қўмита ёки депутатлар бирлашмаси томонидан таклиф киритилган бўлса, қабул қилиниши мумкин.

Қонунчилик палатасининг ёпиқ мажлисини ўтказиш тўғрисидаги қарор депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


73-модда. Қонунчилик палатасининг ёпиқ мажлисида муҳокама этиладиган давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар ошкор этилмаслиги керак.

Қонунчилик палатасининг мажлисида раислик қилувчи мажлиснинг бошланишида депутатлар ва таклиф этилган шахсларни ёпиқ мажлис ўтказишнинг асосий қоидалари тўғрисида, унда муҳокама этилаётган маълумотларнинг махфийлик даражаси ҳақида хабардор қилади ҳамда давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантиради.


74-модда. Оммавий ахборот воситаларининг вакиллари Қонунчилик палатасининг ёпиқ мажлисларига киритилмайди.

Қонунчилик палатасининг ёпиқ мажлисига фото-, кино- ва видео техника, телефон алоқаси ва радио алоқаси воситалари, шунингдек овоз ёзиш ва ахборот устида ишлаш воситаларини олиб кириш ҳамда ёпиқ мажлис давомида улардан фойдаланиш тақиқланади.


75-модда. Қонунчилик палатасининг ёпиқ мажлисларида баённомалар ва стенограммалар юритилади. Баённома мажлисда раислик қилувчи томонидан имзоланади.

Қонунчилик палатасининг ёпиқ мажлиси стенограммаси, шунингдек мазкур мажлисда кўриб чиқилаётган масалаларга тааллуқли ҳужжатлар, депутатларни рўйхатга олиш электрон тизимининг ҳисобга олиш маълумотлари ва овоз бериш, шу жумладан, номма-ном овоз бериш натижалари Қонунчилик палатаси девонига махфий ҳужжат режимида сақлаш учун топширилади. Депутатларни Қонунчилик палатасининг ёпиқ мажлиси стенограммаси ва унга қўшимча қилинган материаллар билан таништириш бевосита Қонунчилик палатасининг девонида танишувчиларнинг имзоси олинган ҳолда амалга оширилади.


76-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Сенат Раиси, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди раислари, Бош прокурори Қонунчилик палатасининг очиқ мажлисида ҳам, ёпиқ мажлисида ҳам, шунингдек Қонунчилик палатаси органларининг мажлисларида иштирок этишга ҳақлидир. Бошқа шахслар Қонунчилик палатасининг ёпиқ мажлисларида Қонунчилик палатасининг қарорига биноан ҳозир бўлиши мумкин.


77-модда. Қонунчилик палатасининг мажлислар залида ҳар бир депутатнинг қайси депутатлар бирлашмасига мансублиги ҳисобга олинган ҳолда, депутатга унинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган лавҳача ўрнатилган, электрон ва техника воситаларидан фойдаланиш учун зарур бўлган жиҳозлар билан таъминланган доимий жой ажратилади.


78-модда. Қонунчилик палатасининг мажлислари унда ҳозир бўлган депутатларни рўйхатдан ўтказишдан бошланади, бу ишни раислик қилувчи амалга оширади.

Қонунчилик палатасининг мажлислари, агар уларнинг ишида депутатлар умумий сонининг камида ярми иштирок этаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Депутат Қонунчилик палатасининг мажлисларида ҳозир бўлиши шарт.

Қонунчилик палатаси мажлисида ҳозир бўлиш имконияти бўлмаган тақдирда, депутат бу ҳақда Қонунчилик палатаси Спикерини олдиндан хабардор қилади.

Депутатларни рўйхатдан ўтказиш Қонунчилик палатаси мажлисининг ҳар бир танаффусидан кейин амалга оширилади. Қўшимча равишда рўйхатдан ўтказиш депутатнинг талабига биноан амалга оширилиши мумкин.


79-модда. Қонунчилик палатасининг мажлисида раислик қилувчи:

1) мажлиснинг умумий боришига раҳбарлик қилади, ушбу Регламентга риоя этилишини таъминлайди;

2) сўз сўралиб, рўйхатга олинган талабномаларнинг келиб тушиш тартибига кўра, мажлис кун тартибига, ушбу Регламент талабларига мувофиқ ёки Қонунчилик палатасининг қарори билан белгиланган тартибда маъруза учун сўз беради;

3) Қонунчилик палатаси мажлисини олиб бориш масалалари бўйича Қонунчилик палатаси қарорларининг бажарилишини таъминлайди;

4) депутатларнинг ҳар бир таклифини уларнинг келиб тушиш тартибига кўра овозга қўяди;

5) овоз беришни ўтказади ва унинг натижаларини эълон қилади;

6) келишмовчиликларга барҳам бериш ва бошқа масалаларни ҳал этиш мақсадида фракцияларнинг ҳамда депутатлар гуруҳларининг раҳбарлари билан маслаҳатлашувлар ўтказишни ташкил этади;

7) Қонунчилик палатаси девонининг Қонунчилик палатаси мажлисларининг баённомалари ва стенограммаларини юритиш бўйича ишини назорат қилади, мазкур баённомаларни ўз имзоси билан тасдиқлайди.

Қонунчилик палатасининг мажлисида раислик қилувчи:

депутат ушбу Регламент қоидаларини бузган тақдирда, уни огоҳлантиришга, такроран бузган тақдирда эса уни мажлисда сўзлашдан кун бўйи маҳрум қилишга;

Қонунчилик палатасининг ишига халақит бераётган таклиф этилган шахсларни мажлислар залидан чиқариб юборишга ҳақли.


80-модда. Қонунчилик палатаси мажлисларида иш давлат тилида олиб борилади ва, заруратга қараб, Қонунчилик палатаси ёки Кенгаш қарорига асосан бошқа тилларга синхрон таржима таъминланади.


81-модда. Депутатлар Қонунчилик палатасининг мажлисларида мунозараларда иштирок этишга, муҳокама этилаётган масалаларнинг моҳияти юзасидан таклифлар ва фикрлар киритишга, Қонунчилик палатаси томонидан сайланадиган, тайинланадиган, тасдиқланадиган мансабдор шахсларнинг номзодлари бўйича ўз фикрини билдиришга, саволлар беришга, маълумотлар беришга, Қонунчилик палатаси мажлисида муҳокама қилинаётган масалалар бўйича материалларни кўпайтиришга ва депутатлар ўртасида тарқатишга, шунингдек ушбу Регламентда белгиланган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидир.


82-модда. Қонунчилик палатасининг мажлисида сўзга чиқувчи ўз нутқида депутатлар ва бошқа шахсларнинг шаъни ҳамда қадр-қимматига зиён етказувчи қўпол, камситувчи иборалар ишлатишга, кимнидир асоссиз равишда айблашга, била туриб сохта ахборотдан фойдаланишга, ноқонуний хатти-ҳаракатларга даъват қилишга ҳақли эмас. Сўзга чиқувчи ушбу талабларни бузган тақдирда, Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи уни огоҳлантиради, талаблар такроран бузилганда эса сўзлашдан маҳрум қилади.

Агар Қонунчилик палатасининг мажлисида раислик қилувчи сўзга чиқувчига мурожаат қилса, у дарҳол ўз нутқини тўхтатиши керак.

Агар сўзга чиқувчининг нутқи унга нисбатан таъсир ўтказиш чорасини қўллаш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда тўхтатилган бўлса, Қонунчилик палатасининг мажлисида раислик қилувчи унинг сўзлаш вақтини нутқ қанча вақтга тўхтатиб қўйилган бўлса, шунча муддатга узайтиради.

Қонунчилик палатасининг мажлисида раислик қилувчи сўзга чиқувчини унга ажратилган вақт давомида сўзлашдан маҳрум этиши мумкин эмас, нутқ мавзусидан четга чиқиш ва ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган талабларни бузиш ҳоллари бундан мустасно.


83-модда. Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчининг рухсатисиз ҳеч ким сўзлашга ҳақли эмас. Бу қоидани бузган шахс раислик қилувчи томонидан огоҳлантиришсиз сўзлашдан маҳрум этилади.

Қонунчилик палатасининг мажлиси вақтида ҳеч ким нутқни баён этишга ёки эшитишга тўсқинлик қилувчи хатти-ҳаракатлари (бақириқлар, қарсаклар, ўрнидан туриш ва шу кабилар) билан сўзга чиқувчига ва тингловчиларга халақит бермаслиги керак.

Мунозаралар тугатилганлиги муносабати билан сўзга чиқа олмаган депутатлар ўз нутқларининг имзоланган матнларини Қонунчилик палатаси мажлисининг стенограммасига қўшиб қўйишга ҳақли.


84-модда. Агар депутат ўз сўзлари ёки хатти-ҳаракатлари Қонунчилик палатасининг мажлисида сўзга чиқувчи ёки раислик қилувчи томонидан нотўғри талқин қилинмоқда деб ҳисобласа, у тушунтириш бериш ёки мулоҳаза билдириш учун сўз беришни илтимос қилиб, мажлисда раислик қилувчига мурожаат этиши мумкин. Мажлисда раислик қилувчи бундай мурожаатлар бўйича депутатга дарҳол ёки муҳокама охирида, аммо овоз берилгунига қадар сўз беради.


85-модда. Муҳокама этилаётган масала бўйича мунозаралар Қонунчилик палатаси томонидан белгиланган вақт ўтиши билан ёки депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинадиган Қонунчилик палатаси қарорига биноан тугатилиши мумкин.

Қонунчилик палатасининг мажлисида раислик қилувчи мунозараларни тугатиш тўғрисида таклиф олгач, депутатларга сўзга чиқиш учун ёзилганлар ва сўз олганлар сони тўғрисида маълум қилади, сўзловчилар рўйхатига ёзилган, аммо сўзга чиқмаган депутатлардан қайси бири сўзга чиқишни талаб қилишини аниқлайди ва депутатларнинг маъқуллаши билан уларга сўз беради.


86-модда. Маърузалар, қўшимча маърузалар ва якунловчи сўз давомийлиги Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи томонидан маърузачилар ва қўшимча маърузачилар билан келишувга кўра, қоида тариқасида, маъруза учун - 30 дақиқагача, қўшимча маъруза учун - 20 дақиқагача ва якунловчи сўз учун 15 дақиқагача бўлган вақт доирасида белгиланади.

Мунозараларда сўзга чиқувчи депутатларга 10 дақиқагача вақт берилади. Мунозараларда такрорий сўзга чиқиш учун, шунингдек мажлисни олиб бориш тартиби, овоз бериш асослари, номзодлар бўйича сўзга чиқиш, баёнотлар, саволлар, таклифлар, хабарлар, маълумотлар учун - 3 дақиқагача вақт берилади.

Раислик қилувчи Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалани муҳокама қилишнинг умумий давомийлигини, саволлар ва жавоблар учун ажратиладиган вақтни Қонунчилик палатаси мажлисида ҳозир бўлган депутатлар кўпчилигининг розилиги билан белгилаб қўйиши, сўзлаш вақтини узайтириши мумкин.

Қонунчилик палатасининг мажлисларида депутат айни битта масала бўйича мунозараларда кўпи билан икки марта сўзга чиқиши мумкин.

Мунозараларни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин маърузачи ва қўшимча маърузачи якунловчи сўз олиш ҳуқуқига эга.

Агар сўзга чиқувчи сўзлаш учун ажратилган вақтдан ўтиб кетса ёки муҳокама этилаётган масала юзасидан фикр билдирмаётган бўлса, Қонунчилик палатасининг мажлисида раислик қилувчи огоҳлантирганидан кейин уни сўзлашдан маҳрум қилади.


87-модда. Қонунчилик палатасининг мажлислари иш кунларида:

эрталабки мажлислар - соат 11 дан 13 гача;

кечки мажлислар - соат 15 дан 17 гача ўтказилади.

Қонунчилик палатасининг қарорига биноан Қонунчилик палатаси мажлисларининг бошланиши, тугаши ва танаффус учун бошқа вақт белгиланиши мумкин.



7-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ

ПАЛАТАЛАРИНИНГ ҚЎШМА МАЖЛИСЛАРИНИ

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


88-модда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёд қилганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалари юзасидан нутқ сўзлаганда, чет давлатларнинг раҳбарлари нутқ сўзлаганда ўтказилади. Палаталарнинг келишувига биноан қўшма мажлислар бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин.


89-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси Спикери, Сенат Раисининг таклифига ёки тегишинча депутатлар ёхуд сенаторлар умумий сонининг камида учдан бир қисмининг таклифига биноан чақирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисини чақириш масаласи юзасидан Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раиси ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказилиб, бунда қўшма мажлисни ўтказиш санаси белгиланади ва кун тартиби бўйича таклифлар муҳокама қилинади.


90-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси, агар унда тегишинча депутатлар ва сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, ваколатлидир.


91-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисларида, агар қўшма мажлисда бошқача қоида белгиланмаса, Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раиси навбатма-навбат раислик қилади.


92-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида эшитилган масалалар муҳокамаси натижалари юзасидан палаталарнинг қўшма қарори қабул қилиниши мумкин. Бунда овоз бериш, қоида тариқасида, алоҳида-алоҳида ўтказилади.


93-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси очиқ ва ошкора ўтказилади.



8-БОБ. ОВОЗ БЕРИШ ВА ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


94-модда. Қонунчилик палатасининг қарорлари унинг мажлисларида очиқ ёки яширин овоз бериш орқали қабул қилинади. Фракциялар (депутатлар гуруҳлари) ташаббусига кўра очиқ овоз бериш номма-ном ўтказилиши мумкин, унинг натижалари Қонунчилик палатаси мажлисининг стенограммасига илова қилинади.

Қонунчилик палатаси мажлисларида овоз бериш овозларни ҳисоблашнинг электрон тизимидан ёки яширин овоз бериш бюллетенларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Қонунчилик палатаси мажлисларида овозларни ҳисоблашда электрон тизимдан фойдаланиш устидан назоратни электрон тизимдан фойдаланишни назорат қилувчи гуруҳ амалга оширади.

Овоз беришнинг шакли ва усули тўғрисидаги қарор Қонунчилик палатаси томонидан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ва конституциявий қонунларида у ёки бу масала бўйича овоз беришнинг шакли ва усули белгилаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно.

Тартиб-таомил масалалари бўйича очиқ номма-ном, шунингдек яширин овоз бериш ўтказилмайди.

Тартиб-таомил масалалари жумласига:

Қонунчилик палатаси мажлисининг танаффуси ёки мажлисни бошқа вақтга кўчириш тўғрисидаги;

сўзлаш учун қўшимча вақт бериш тўғрисидаги;

депутатларнинг қонун лойиҳасининг моҳиятига доир саволларга жавоб қайтариш учун ажратиладиган вақтнинг давомийлиги тўғрисидаги;

мажлисга таклиф қилинганларга сўз бериш тўғрисидаги;

муҳокама этилаётган масала бўйича мунозараларни бошқа вақтга кўчириш ёки тугатиш тўғрисидаги;

муайян масалани тайёрлаш учун тегишли қўмитага ёки комиссияга топшириш тўғрисидаги;

муҳокамасиз овоз бериш тўғрисидаги;

қонунчилик палатасининг ёпиқ мажлисини ўтказиш тўғрисидаги;

овоз беришни ўтказишнинг усулини ўзгартириш тўғрисидаги;

сўзга чиқиш навбатини ўзгартириш тўғрисидаги;

қўшимча равишда рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги;

овозларни қайта санаб чиқиш тўғрисидаги масалалар киради.


95-модда. Депутатларга электрон тизимдан фойдаланган ҳолда овоз бериш учун карточка берилади.

Депутат овоз бериш карточкаси лозим даражада сақланишини ва ундан лозим даражада фойдаланилишини таъминлаши шарт.


96-модда. Қонунчилик палатасининг мажлисида раислик қилувчи овоз бериш бошланишидан олдин:

овозга қўйилаётган таклифларнинг сонини маълум қилади;

таклифларнинг таърифини ва уларни овозга қўйиш кетма-кетлигини аниқлайди;

зарурат бўлган ҳолларда, қарор қанча овоз билан қабул қилиниши кераклигини эслатади.

Электрон тизимдан фойдаланган ҳолда очиқ овоз бериш ўтказилганида депутат номма-ном овоз бериш натижаларининг рўйхати билан танишишга ҳақли.


97-модда. Барча масалалар бўйича овоз бериш натижалари Қонунчилик палатасининг баённомаси ва стенограммасига киритилади.


98-модда. Агар овоз бериш натижалари аниқланганидан кейин депутатдан электрон тизимда қайд этилган ўз хоҳиш-иродаси нотўғри эканлиги тўғрисида ёзма ариза тушса, электрон тизимдан фойдаланиш устидан назорат қилувчи гуруҳ мазкур депутат иштирокида унинг абонентлик қурилмаси ишининг созлигини текшириши шарт. Бунинг учун Қонунчилик палатасининг мажлисида раислик қилувчининг таклифига биноан депутатга электрон тизимдан фойдаланиш устидан назорат қилувчи гуруҳ иштирокида навбатма-навбат тугмачаларни ("тарафдор", "қарши", "бетараф") босиш ва натижаларни мажлислар залидаги электрон таблода намойиш этиш таклиф қилинади. Текшириш натижалари баённома ва стенограммада қайд этилади.


99-модда. Қонунчилик палатасининг қарорлари, агар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ва қонунида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


100-модда. Ҳар бир масала бўйича овоз беришда депутат битта овозга эга бўлади ва қарор қабул қилинишини "ёқлаб" ёки унга "қарши" ёхуд қарор қабул қилинишига бетарафлик билдириб овоз беради.

Депутат ўзининг овоз бериш ҳуқуқини шахсан амалга оширади.

Овоз бериш вақтида ҳозир бўлмаган депутат овоз бериш учун ажратилган вақт ўтганидан кейин овоз беришга ҳақли эмас.


101-модда. Электрон тизимдан фойдаланмаган ҳолда очиқ овоз бериш ёки бюллетенлардан фойдаланган ҳолда яширин овоз беришни ўтказиш учун овозларни санаб чиқиш ва овоз бериш натижаларини аниқлаш депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан сайланадиган саноқ комиссиясига топширилади. Сайланаётган орган таркибига ёки мансабдор шахслар лавозимларига номзодлари кўрсатилган депутатлар саноқ комиссияси таркибига кириши мумкин эмас. Қонунчилик палатаси саноқ комиссияси сайланганлиги тўғрисида қарор қабул қилади.

Саноқ комиссияси ўз таркибидан комиссия раиси ва котибини сайлайди. Саноқ комиссиясининг қарори комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


102-модда. Зарур ахборотга эга бўлган яширин овоз бериш бюллетенлари саноқ комиссиясининг назорати остида, у таклиф этган ҳамда Қонунчилик палатасининг қарори билан тасдиқланган шаклда депутатларнинг сонига мос миқдорда тайёрланади.

Яширин овоз бериш бюллетенларини тарқатиш якунланганидан кейин саноқ комиссиясида қолган бюллетенлар комиссия аъзолари ҳозирлигида саноқ комиссияси раиси томонидан йўқ қилинади, бу ҳақда баённома тузилади.

Яширин овоз бериш вақти ва жойи, уни ўтказиш тартиби саноқ комиссиясининг тавсиясига биноан Қонунчилик палатаси томонидан ушбу Регламентга мувофиқ белгиланади ва саноқ комиссиясининг раиси томонидан эълон қилинади.


103-модда. Яширин овоз бериш бюллетенларини тарқатиш бевосита овоз бериш бошланишидан олдин амалга оширилади. Овоз беришнинг бошланиш ва тугаш вақти Қонунчилик палатаси томонидан белгиланади.

Ҳар бир депутатга сайланаётган орган ёки мансабдор шахс сайлови бўйича ёхуд Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилаётган қарор лойиҳаси бўйича яширин овоз бериш учун битта бюллетень берилади.

Яширин овоз бериш бюллетенлари депутатларга саноқ комиссияси томонидан депутатларнинг рўйхатига мувофиқ, улар депутатлик гувоҳномасини кўрсатганидан кейин берилади. Бюллетенни олиш вақтида депутат рўйхатда кўрсатилган ўз фамилияси рўпарасига имзо қўяди.

Бюллетенни тўлдириш депутат томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга белги-крестик қўйиш, қарор лойиҳасига оид бюллетенда эса, агар у тегишли қарорни (қарор вариантини) ёқлаб овоз бераётган бўлса, "қаршиман" деган сўзни ўчириш, таклиф этилаётган қарорга қарши овоз бераётган бўлса, "ёқлайман" деган сўзни ўчириш орқали амалга оширилади.

Яширин овоз бериш бюллетени саноқ комиссияси томонидан муҳрланган махсус қутига ташланади.


104-модда. Саноқ комиссияси яширин овоз беришни амалга ошириши учун депутатларга шароит яратиши шарт.

Белгиланмаган намунадаги бюллетенлар, шунингдек депутатларнинг хоҳиш-иродасини аниқлашнинг имкони бўлмаган бюллетенлар овозларни ҳисоблаб чиқиш вақтида ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бюллетенга киритилган қўшимчалар овозларни ҳисоблаб чиқиш чоғида инобатга олинмайди.


105-модда. Очиқ ёки яширин овоз бериш натижалари тўғрисида саноқ комиссияси баённома тузади, баённомани комиссиянинг барча аъзолари имзолайди. Саноқ комиссиясининг очиқ ёки яширин овоз бериш натижалари тўғрисидаги маърузасини Қонунчилик палатаси маълумот учун қабул қилади.

Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи саноқ комиссиясининг Қонунчилик палатаси томонидан маълумот учун қабул қилинган очиқ ёки яширин овоз бериш натижалари тўғрисидаги маърузаси асосида қабул қилинган қарорни эълон қилади, сайловлар ўтказилганида эса сайланган номзодларни номма-ном айтиб ўтади. Овоз бериш натижалари Қонунчилик палатасининг қарори билан расмийлаштирилади.



9-БОБ. ЭЛЕКТРОН ТИЗИМДАН ФОЙДАЛАНИШ

УСТИДАН НАЗОРАТ


106-модда. Қонунчилик палатасида электрон тизимдан:

депутатларни рўйхатдан ўтказиш;

депутатларни сўзга чиқиш учун ёзиш;

овозларни ҳисоблаб чиқиш ва овоз бериш натижаларини аниқлаш;

зарурат бўлганда, синхрон таржимани таъминлаш;

мажлисларнинг бориши тўғрисида маълумот ва статистик ахборот тўплаш ҳамда мазкур ахборотни тезкор бериш;

рўйхатларни ва мажлисларнинг бошқа ҳужжатларини шакллантириш ҳамда чоп этиш;

Қонунчилик палатаси мажлисларини ахборот билан таъминлаш учун фойдаланиш мумкин.


107-модда. Қонунчилик палатасининг мажлисларида депутатлар орасидан электрон тизимдан фойдаланиш устидан назорат қилувчи гуруҳ тузилади.


108-модда. Электрон тизимни назорат қилувчи гуруҳга кирган депутатлар электрон тизим устидан назорат қилиш учун зарур бўлган барча ахборотдан монеликсиз фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ушбу гуруҳнинг ўз тасарруфига киритилган масалалар бўйича қарорлари Қонунчилик палатаси девонининг барча ходимлари, шу жумладан, Қонунчилик палатаси электрон тизимига хизмат кўрсатувчи мутахассислар учун мажбурийдир.


109-модда. Электрон тизимдан фойдаланиш устидан назорат қилувчи гуруҳ яширин овоз бериш бошлангунига қадар электрон тизимнинг қай даражада созлигини текшириши шарт, бу ҳақда махсус баённома тузилади.

Электрон тизимдан фойдаланиш устидан назорат қилувчи гуруҳ депутатларнинг номма-ном овоз бериш, сўзга чиқиш учун ёзувлар натижаларидаги ноаниқликлар ва электрон тизим ишидаги бошқа хатоликлар тўғрисидаги арзларини кўриб чиқади ҳамда уларнинг қай даражада асосли эканлигини текширади.

Электрон тизимдан фойдаланиш устидан назорат қилувчи гуруҳ ўз ишига экспертлар ва мутахассисларни жалб этиши мумкин.


110-модда. Депутатларни рўйхатдан ўтказиш натижалари, уларни сўзга чиқишга ёзиш, овоз бериш натижалари ва Қонунчилик палатаси мажлисининг бориши тўғрисидаги бошқа маълумотлар, бундан ёпиқ мажлиснинг бориши ҳақидаги маълумотлар мустасно, депутатларга рақамли маълумотлар, рўйхатлар, бошқа материаллар тарзида тақдим этилади ҳамда улар Қонунчилик палатаси мажлисининг стенографик ҳисоботига киритилиши лозим.

Электрон тизимдан фойдаланиш устидан назорат қилувчи гуруҳ раҳбари депутатнинг ёзма сўровига биноан унга Қонунчилик палатасининг мажлиси тўғрисидаги мавжуд маълумотларни бериши шарт, бундан Қонунчилик палатасининг ёпиқ мажлиси тўғрисидаги маълумотлар истисно.



10-БОБ. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДАГИ ТАДБИРЛАР


111-модда. Қонунчилик палатаси Спикерининг, қўмитанинг, комиссиянинг, депутатлар бирлашмасининг ташаббусига биноан Қонунчилик палатаси биноси хоналарида Қонунчилик палатасининг фаолияти билан боғлиқ конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказилиши мумкин.


112-модда. Қонунчилик палатасида тадбир ўтказиш учун талабнома, қоида тариқасида, тадбир ўтказилиши бошлангунига қадар уч кун қолганида Қонунчилик палатаси девони раҳбарига берилади.


113-модда. Қонунчилик палатасида ўтказиладиган тадбирлар Қонунчилик палатаси ва унинг органлари иши бир меъёрда боришини бузмаслиги керак.



V бўлим. Қонунчилик тартиб-таомиллари


11-БОБ. ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИ ҚОНУНЧИЛИК

ПАЛАТАСИГА КИРИТИШ ВА ДАСТЛАБКИ

ТАРЗДА КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


114-модда. Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан киритилади.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокурори эгадир.


115-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи Қонунчилик палатасига:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунлари ва қонунлари лойиҳаларини;

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунлари ҳамда қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини ёки Ўзбекистон Республикаси қонунларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини киритиш шаклида амалга оширилади.

Қонунлар билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлардан ташқари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биргаликдаги ваколатига киритилган қуйидаги масалалар ҳам қонунлар билан тартибга солинади ва Қонунчилик палатасига қонун лойиҳалари шаклида киритилади:

Ўзбекистон Республикаси қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органларининг тизимини ҳамда ваколатларини белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси таркибига янги давлат тузилмаларини қабул қилиш ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси таркибидан чиқиши ҳақидаги қарорларни тасдиқлаш;

бож, валюта ва кредит ишларини қонун йўли билан тартибга солиш;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни белгилаш;

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини қонун йўли билан тартибга солиш, чегараларини ўзгартириш;

Давлат бюджетини қабул қилиш;

давлат мукофотлари ва унвонларини таъсис этиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ратификация ва денонсация қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш.


116-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритишда қуйидагилар тақдим этилиши керак:

1) қонун лойиҳасининг концепцияси баён қилинган тушунтириш хати, унда ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий ғояси, мақсади ва предмети; шу соҳадаги амалдаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг таҳлили илова қилинган ҳолда тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг умумий тавсифи ва унинг ҳолатини баҳолаш; қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш заруратини асослаш; қонун лойиҳасининг асосий қоидалари; бўлажак қонуннинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа оқибатлари прогнози белгиланган бўлиши лозим;

2) ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, шунингдек қонун лойиҳаси киритилиши билан боғлиқ қонунларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси;

3) ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши, ўз кучини йўқотган деб топилиши ёки қабул қилиниши лозим бўлган қонун ости ҳужжатларининг рўйхати;

4) халқаро ҳужжатларнинг ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тегишли қоидаларини, тегишли халқаро тажрибани Ўзбекистон Республикаси шароитида қўллаш мақбуллиги тўғрисидаги асосланган таклифларни изчил тартибда кўрсатган ҳолда таҳлилий қиёслама жадвал;

5) моддий харажатларни талаб қиладиган қонун лойиҳалари учун молиявий-иқтисодий асослар;

6) давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтириш, шунингдек Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунлар лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси бўлмаган тақдирда, қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига қайтарилади.

Қонун лойиҳаси Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти - коллегиал орган томонидан киритилганида тегишли коллегиал органнинг Қонунчилик палатасидаги ушбу қонун лойиҳаси бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти вакили кўрсатилган қарори тақдим этилиши керак.

Қонун лойиҳаси ва ушбу модданинг биринчи ҳамда иккинчи қисмларида назарда тутилган материаллар матнларининг нусхалари электрон шаклда тақдим этилиши керак.


117-модда. Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳасининг матнига қуйидаги қоидалар киритилиши мумкин:

қонуннинг ёки унинг айрим қоидаларининг кучга кириш муддати ва тартиби ҳақидаги;

ушбу қонун қабул қилиниши муносабати билан аввал қабул қилинган қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларини ёки уларнинг айрим қоидаларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақидаги.


118-модда. Қонун лойиҳаси, шу жумладан муқобил қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг девонида рўйхатга олинган кундан эътиборан Қонунчилик палатасига киритилган ҳисобланади. Айни вақтда қонун лойиҳасига рўйхатга олиш рақами уни кўриб чиқиш ва ўтишининг бутун даври учун берилади.

Кенгаш Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг ахборотини эшитиб, масъул қўмитани белгилайди, қонун лойиҳасини ҳамда унга илова қилинган материалларни масъул қўмитага ва, бир вақтнинг ўзида, фракцияларга ва депутатлар гуруҳига топширади. Бунда Кенгаш фракциялар (депутатлар гуруҳи) томонидан фикрлар ва таклифларни ҳамда масъул қўмита томонидан хулосани тақдим этиш муддатини белгилайди.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида таклифлар ишлаб чиқиш учун қонун лойиҳаси устида иш олиб бориш фракциялар (депутатлар гуруҳи) ва масъул қўмита томонидан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Бунда масъул қўмита фракцияларнинг (депутатлар гуруҳининг) қонун лойиҳасига доир фикрлари ва таклифларисиз қонун лойиҳаси юзасидан ўз хулосасини чиқариш ҳуқуқига эга эмас.

Масъул қўмита барча фракцияларнинг (депутатлар гуруҳининг) қонун лойиҳасига доир фикрлари ва таклифларини тўплаб, қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида Кенгашга белгиланган муддатда хулоса тақдим этади.


119-модда. Кенгаш масъул қўмитанинг хулосаси асосида, фракцияларнинг (депутатлар гуруҳининг) фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш тўғрисида ёки қонун лойиҳаси ушбу Регламентнинг 116-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, уни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига қайтариш ҳақида қарор қабул қилади. Аниқланган камчиликлар бартараф этилганидан кейин қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун янгитдан киритилиши мумкин.

Қонунчилик палатасига аввал палата томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган тегишли қонун лойиҳасига доир масалага дахлдор қонун лойиҳаси келиб тушган ҳолларда, Қонунчилик палатаси янги киритилган қонун лойиҳасини қайтариш тўғрисидаги ёки уни аввал биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаси билан бирлаштириш ҳақидаги масалани масъул қўмитанинг хулосаси асосида ҳал этишга ҳақли.

Қонун лойиҳаси кўриб чиқиш учун қабул қилинганда Кенгаш қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқишга тайёрлаш муддатини белгилайди.

Кўриб чиқиш учун қабул қилинган қонун лойиҳаси тегишли материаллар билан қўмиталарга юборилади.


120-модда. Қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш ва уни Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрлаш масъул қўмита томонидан амалга оширилади.

Фракциялар (депутатлар гуруҳи) қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш якунларига кўра масъул қўмитага ўз фикрлари ва таклифларини тақдим этади.


121-модда. Қонун лойиҳаси устида ишлаш учун масъул қўмита ўз аъзолари орасидан ишчи гуруҳ тузиши мумкин. Ишчи гуруҳ таркибига масъул қўмитанинг аъзолари бўлмаган депутатлар, қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти вакиллари, бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар вакиллари, шунингдек экспертлар, мутахассислар ва олимлар, хўжалик юритувчи субъектларнинг вакиллари, шунингдек қўмиталар ҳузурида ташкил этилган эксперт гуруҳларининг аъзолари ҳам киритилиши мумкин.

Масъул қўмитанинг қарорига биноан қонун лойиҳаси қўмита раиси имзолаган илова хат билан бирга хулосалар, таклифлар ва фикрлар тайёрлаш учун, шунингдек илмий экспертиза ўтказиш учун давлат органларига, бошқа ташкилотларга, мутахассислар ва олимларга юборилиши мумкин.

Қонун лойиҳаси бўйича тушган хулосалар, таклифлар ва фикрлар масъул қўмита мажлисида кўриб чиқилади.

Масъул қўмита қонун лойиҳаси юзасидан ўз таркибидан маърузачини тайинлайди.


122-модда. Қонунчилик палатаси девонининг юридик бўлими Кенгашнинг ёки масъул қўмитанинг топшириғига биноан улар белгилаган муддат ичида қонун лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизасини ташкил этади.

Қонунчилик палатаси девонининг юридик бўлими қонун лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизаси натижалари асосида хулоса тайёрлайди, хулосада қуйидаги саволларга жавоблар берилиши керак:

қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқми ёки мувофиқ эмасми? Агар хулосада қонун лойиҳасининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ёки Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ эмаслиги аниқланган бўлса, қонун лойиҳасининг қайси қонунга мувофиқ эмаслиги ва бу номувофиқлик нимада акс этиши кўрсатилиши керак;

қонун лойиҳасининг ички мантиқи бузилмаганми, қонун лойиҳасининг бўлимлари, боблари, моддалари, шунингдек қисмлари, бандлари, кичик бандлари ва моддаларининг хатбошилари ўртасида қарама-қаршиликлар мавжудми? Агар бундай қарама-қаршиликлар мавжуд бўлса, улар аниқ кўрсатилиши, шунингдек уларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилиши керак;

янги қонун лойиҳаси қабул қилиниши муносабати билан ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши, ўз кучини йўқотган деб топилиши ёки қабул қилиниши лозим бўлган қонун ҳужжатларининг тўлиқ рўйхати берилганми?

Қонунчилик палатаси девони Юридик бўлимининг хулосаси бўлим раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан унинг фамилияси ва имзолаш санаси кўрсатилган ҳолда имзоланиши керак. Белгиланган муддатда хулоса беришнинг имконияти бўлмаган тақдирда бу муддат Қонунчилик палатаси девони Юридик бўлимининг асослантирилган таклифига биноан Кенгаш ёки масъул қўмита томонидан узайтирилиши мумкин.


123-модда. Қонун лойиҳасини қўмиталарда муҳокама қилиш очиқ, қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг вакили таклиф этилган ҳолда ўтказилади ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши мумкин. Муҳокамаларга олимлар, мутахассислар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари ҳам таклиф этилиши мумкин.

Қўмиталарнинг мажлисларида хулосалар, таклифлар ва фикрлар билдириш учун қонун лойиҳаси юборилган давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг, хўжалик юритувчи субъектларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар таклифга биноан ҳозир бўлиши мумкин.


124-модда. Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланган қонун лойиҳаси ва унга доир материаллар Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш учун масъул қўмита томонидан Кенгашга юборилади.

Агар Кенгаш томонидан бошқа муддат белгиланган бўлмаса, қонун лойиҳасини олган кундан эътиборан икки ой ичида масъул қўмита:

қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси биринчи ўқишда кўриб чиқиши учун киритиш тўғрисидаги Кенгаш қарорининг лойиҳасини;

масъул қўмитанинг мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этиш зарурлиги асослантирилган хулосасини;

фракцияларнинг (депутатлар гуруҳининг) қонун лойиҳасига доир фикрлари ва таклифларини илова қилган ҳолда қонун лойиҳасини Кенгаш муҳокамасига тақдим этади.

Кенгаш масъул қўмита томонидан тақдим этилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатаси мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади.


125-модда. Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилингунига қадар қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти лойиҳа матнини ўзгартириш ёки ўзи киритган қонун лойиҳасини чақириб олиш ҳуқуқига эга.



12-БОБ. ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИ ҚОНУНЧИЛИК

ПАЛАТАСИДА КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


126-модда. Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини, қоида тариқасида, уч ўқишда кўриб чиқади.


127-модда. Биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланган қонун лойиҳаси ва унга доир материаллар масъул қўмитанинг тақдимига биноан Қонунчилик палатаси девони томонидан, қоида тариқасида, мажлис бошлангунига қадар уч кундан кечиктирмай депутатларга етказилади.


128-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисларида биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурати, қонун лойиҳасининг концепцияси, унинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқлиги, шунингдек қонунни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар ва молиялаштириш манбалари тўғрисидаги масала муҳокама қилинади.

Муҳокама, қоида тариқасида, масъул қўмита вакилининг ёки қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг ёхуд унинг вакилининг маърузаси билан бошланади. Бунда масъул қўмитадан бўлган маърузачи фракцияларнинг (депутатлар гуруҳининг) фикрлари ва таклифларини депутатларга етказиши шарт.

Қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинган Қонунчилик палатаси қарорига биноан депутатларнинг қонун лойиҳаси моҳияти бўйича саволларига жавоб қайтариш учун вақт ажратилиши мумкин, шундан кейин депутатлар бирлашмаларининг, депутатларнинг, муҳокамада иштирок этиш учун таклиф этилган бошқа шахсларнинг таклифлари ва фикрлари эшитилади.


129-модда. Қонунчилик палатаси муҳокама натижалари бўйича қонун лойиҳасини маромига етказиш ва кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига киритиш муддатини мажбурий тартибда белгилаган ҳолда уни биринчи ўқишда қабул қилиш ҳақида ёхуд қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси тугаганидан кейин қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиш тўғрисидаги таклиф овозга қўйилади. Агар овоз бериш якунларига биноан қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиш тўғрисидаги таклиф зарур овозлар сонини тўпламаса, қонун лойиҳаси қўшимча овоз бериш ўтказмаган ҳолда рад этилган ҳисобланади. Бу тўхтам Қонунчилик палатасининг тегишли қарори билан расмийлаштирилади. Рад этилган қонун лойиҳаси бундан буён кўриб чиқилмайди ва у қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига қайтарилади.


130-модда. Қонун лойиҳаларининг муқобил таҳрирлари киритилганида Қонунчилик палатаси ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича алоҳида-алоҳида овоз бериш орқали уларни бир вақтда кўриб чиқади. Агар алоҳида-алоҳида овоз бериш якунларига кўра қонун лойиҳаларининг бир нечтаси уларни қабул қилиш учун етарли овозлар сонини тўпласа, энг кўп овозлар сонини олган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган ҳисобланади. Агар алоҳида-алоҳида овоз бериш якунларига кўра қонун лойиҳаларидан бирортаси ҳам қабул қилиш учун етарли овозлар сонини тўпламаса, энг кўп овозлар сонини тўплаган қонун лойиҳаси узил-кесил овозга қўйилади. Агар узил-кесил овозга қўйиш чоғида депутатлар умумий сонининг ярмидан кўпи уни ёқлаб овоз берса, мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган ҳисобланади. Овоз бериш натижаси Қонунчилик палатасининг қарори билан расмийлаштирилади.

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинмаган муқобил қонун лойиҳалари рад этилган ҳисобланади. Тўхтам қўшимча овоз бериш ўтказилмаган ҳолда Қонунчилик палатасининг тегишли қарори билан расмийлаштирилади. Қонунчилик палатаси қарорларининг нусхалари қонун лойиҳаларини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларига рад этилган қонун лойиҳалари билан биргаликда юборилади.


131-модда. Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиш тўғрисидаги қарорида қонун лойиҳасига доир тузатишларни тақдим этиш муддати белгиланади, бу муддат, қоида тариқасида, ўн беш кундан кам бўлмаслиги керак. Агар депутатларда қонун лойиҳасига оид тузатишлар беришнинг Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасида белгиланганидан бошқача муддатни белгилаш тўғрисида таклифлар мавжуд бўлса, қонун лойиҳасига оид тузатишлар бериш муддати депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинадиган қарор билан белгиланади.

Қонунчилик палатаси биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига қўйиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасининг матни, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади. Зарур бўлган ҳолларда, қонун лойиҳасининг матни Қонунчилик палатаси қарорига кўра оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиш тўғрисидаги қарори қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига беш кун ичида юборилади.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган тақдирда Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи иккинчи ва учинчи ўқиш тартиб-таомилларини истисно қилган ҳолда, масъул қўмитанинг қонунни қабул қилиш тўғрисидаги таклифини овозга қўйиши мумкин. Агар ушбу таклифга депутатларда эътироз бўлса, раислик қилувчи уларнинг ҳар бирига ўз ёндашувларини асослаш учун 3 дақиқагача вақт беради. Масъул қўмита вакили ҳар бир эътироз бўйича масъул қўмитанинг фикрини баён этишга ёки қонунни қабул қилиш тўғрисидаги таклифни қайтариб олишга ҳақли. Агар масъул қўмита қонунни қабул қилиш тўғрисидаги таклифини қайтариб олмаса, раислик қилувчи муҳокама тугаганидан кейин иккинчи ва учинчи ўқиш тартиб-таомилларини истисно қилган ҳолда, масъул қўмитанинг қонунни қабул қилиш тўғрисидаги таклифини овозга қўяди. Агар депутатлар умумий сонининг кўпчилиги қонун қабул қилинишини ёқлаб овоз берган бўлса, у қабул қилинган ҳисобланади. Агар қарор қабул қилинмаса, қонун лойиҳаси устидаги иш ушбу Регламентда белгиланган тартибда давом эттирилади.


132-модда. Биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасига доир таклифлар ва фикрлар моддаларнинг таҳририни ўзгартириш тарзида ёки қонун лойиҳасини аниқ моддалар билан тўлдириш тарзида ёхуд қонун лойиҳасининг муайян сўзлари, хатбошилари, кичик бандлари, бандларини, моддаларининг қисмларини ёки яхлит моддаларини чиқариб ташлаш тўғрисидаги таклифлар тарзида масъул қўмитага киритилади.


133-модда. Масъул қўмита қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш вақтида тушган фикрлар ҳамда таклифларни ўрганади ва умумлаштиради, зарурат бўлганда, қонун лойиҳаси бўйича тушган фикрлар ва таклифларнинг мустақил экспертизасини ташкил этади.

Қонун лойиҳасининг маромига етказилган матни фракцияларга (депутатлар гуруҳига), шунингдек қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига уларнинг қонун лойиҳасига оид фикрлари ва таклифларини олиш учун юборилади.

Маромига етказилган қонун лойиҳасига оид фикрлар ва таклифларни олганидан сўнг масъул қўмита қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг вакиллари иштирокида муҳокама ташкил этади. Муҳокамаларга олимлар, мутахассислар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари ҳам таклиф этилиши мумкин.

Социал ва ижтимоий аҳамиятга молик масалаларга дахлдор қонун лойиҳаларининг муҳокамаларига фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари таклиф этилиши шарт.

Масъул қўмита асосли деб топган фикрлар ва таклифлар қонун лойиҳасининг матнига киритилади.

Агар масъул қўмита томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқиш учун тайёрлаш жараёнида лойиҳанинг номи ўзгарса, у Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун янги номда киритилади, унинг дастлабки номи эса янги номининг остида қавслар ичида келтирилади.

Агар тегишли қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини масъул қўмита томонидан иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қонун ҳужжатининг фақат айрим таркибий бирликлари қисман сақланиб қолган ҳолда унинг аксарият таркибий бирликларига дахлдор эканлиги аниқланса, масъул қўмита ушбу қонун ҳужжати матнининг янги таҳририни тайёрлаб, сўнгра уни Қонунчилик палатаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиши учун киритишга ҳақли.

Масъул қўмита қонун лойиҳасига оид фикрлар ва таклифларни кўриб чиқиб, уларни Қонунчилик палатаси қабул қилиши учун масъул қўмита томонидан тавсия этилаётган таклифлар ва фикрлар гуруҳига, Қонунчилик палатаси томонидан рад этиш учун тавсия этилаётган таклифлар ва фикрлар гуруҳига ҳамда қарор қабул қилинмаган таклифлар ва фикрлар гуруҳига ажратади.


134-модда. Масъул қўмита кейинчалик Қонунчилик палатаси кўриб чиқишига тақдим этиш учун Кенгашга қуйидагиларни юборади:

қонун лойиҳаси бўйича Қонунчилик палатаси қарорининг лойиҳасини;

Қонунчилик палатаси қабул қилиши учун тавсия этилаётган таклифлар ва фикрлар ҳисобга олинган ҳолда (биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаси матнидаги ўзгаришларни ажратиб кўрсатган ҳолда) қонун лойиҳасининг матнини.

Кенгаш иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳаларига доир иш режасига киритиш ва қонун лойиҳасини депутатларга етказиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қонун лойиҳаси унга доир материаллар билан биргаликда депутатларга, қоида тариқасида, у иккинчи ўқишда Қонунчилик палатасида кўриб чиқилгунига қадар камида ўн кун олдин тарқатилади.


135-модда. Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётганида масъул қўмитанинг вакили маъруза билан сўзга чиқади.

Маърузачи қонун лойиҳасини масъул қўмитада кўриб чиқиш якунлари, келиб тушган фикрлар ва таклифлар, уларни кўриб чиқиш натижалари ҳақида маълум қилади.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида масъул қўмита маъқуллаган фикрлар ва таклифлар ҳам, маъқулламаган фикрлар ва таклифлар ҳам, шу жумладан фракцияларнинг (депутатлар гуруҳининг) фикрлари ва таклифлари муҳокама қилинади. Қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш моддама-модда ўтказилади.

Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи қонун лойиҳасини моддама-модда овоз бериш натижалари бўйича маромига етказиш ва кейинги ўқишда Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш муддатини белгилаган ҳолда уни иккинчи ўқишда қабул қилиш тўғрисидаги таклифни овозга қўяди. Агар овоз бериш якунларига кўра бундай таклиф овозларнинг зарур сонини тўпламаган бўлса, шунингдек моддама-модда овоз бериш жараёнида бир ёки бир нечта модда рад этилган бўлса, қонун лойиҳаси маромига етказиш учун масъул қўмитага қайтарилади. Маромига етказилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қайта кўриб чиқилганидан кейин Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи лойиҳани иккинчи ўқишда қабул қилиш тўғрисидаги таклифни овозга қўяди. Агар овоз бериш якунларига кўра бундай таклиф овозларнинг зарур сонини тўпламаган бўлса, қонун лойиҳаси рад этилган ҳисобланади ва бундан буён кўриб чиқилмайди. Қонунчилик палатасининг мазкур масала юзасидан қабул қилган қарорининг нусхаси қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига юборилади.

135-1-модда. Агар қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг иккинчи ўқишда кўриб чиқишига тайёрлаш мақсадга мувофиқ бўлмаса ёки қонун лойиҳаси ўз долзарблигини йўқотган бўлса, масъул қўмита биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисидаги таклифни Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритиши мумкин. Бунда Қонунчилик палатасининг Кенгашига Қонунчилик палатаси кўриб чиқишига тақдим этиш учун қуйидагиларюборилади:

биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасининг матни;

масъул қўмитанинг биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасини рад этиш зарурлиги асослантирилган хулосаси;

Қонунчилик палатасининг биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси.

135-2-модда. Қонунчилик палатаси мажлисида масъул қўмитанинг биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисидаги таклифини кўриб чиқиш чоғида муҳокама масъул қўмита вакилининг маърузаси билан бошланади. Бунда масъул қўмитанинг маърузачиси қонун лойиҳасини масъул қўмитада кўриб чиқиш якунлари, келиб тушган фикрлар ва таклифлар, уларни кўриб чиқиш натижалари ҳамда биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисидаги таклифни киритиш сабаблари ҳақидаги ахборотни мажбурий тартибда депутатлар эътиборига етказади.

Масъул қўмитанинг биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисидаги таклифини муҳокама қилиш натижаларига кўра қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисидаги таклиф овозга қўйилади. Агар овоз бериш якунларига кўра қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисидаги таклиф Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини тўплаган бўлса, қонун лойиҳаси рад этилган ҳисобланади. Тўхтам Қонунчилик палатасининг қарори билан расмийлаштирилади. Рад этилган қонун лойиҳаси бундан буён кўриб чиқилмайди ва қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига қайтарилади.

Агар овоз бериш якунларига кўра масъул қўмитанинг биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисидаги таклифи овозларнинг зарур сонини тўпламаган бўлса, Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи қуйидаги таклифлардан бирини овозга қўяди:

қонун лойиҳасини маромига етказиш ва иккинчи ўқишда Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритиш муддатини белгилаган ҳолда масъул қўмитага қайтариш тўғрисида;

ушбу Регламентнинг 135-моддасида назарда тутилган тартибда моддама-модда овоз беришўтказган ҳолда, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқиш тўғрисида.

Қонун лойиҳасини маромига етказиш учун масъул қўмитага қайтариш тўғрисидаги тўхтам уни маромига етказиш ва Қонунчилик палатасига иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун киритиш муддати белгиланган ҳолда, Қонунчилик палатасининг қарори билан расмийлаштирилади.

136-модда. Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинган тақдирда, масъул қўмитанинг таклифига биноан учинчи ўқиш тартиб-таомилларини истисно этган ҳолда қонунни қабул қилиш тўғрисидаги масала овозга қўйилиши мумкин.


137-модда. Иккинчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаси моддаларнинг ўзаро боғлиқлигини аниқлаш ва иккинчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида лойиҳа матнига киритилган ўзгартишлар билан боғлиқ зарур таҳририй тузатишлар киритиш учун масъул қўмитага юборилади. Ушбу иш тугалланганидан кейин қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳаларига доир иш режаси лойиҳасига киритиш учун масъул қўмита томонидан Кенгашга тақдим этилади.


138-модда. Кенгаш қонун лойиҳасини қонун сифатида қабул қилиш мақсадида овоз бериш учун лойиҳанинг учинчи ўқишини тайинлайди. Агар қонун лойиҳасини иккинчи ўқиш жараёнида унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлса, Кенгаш қонун лойиҳаси матнини депутатларга етказишни ташкил этади.

Учинчи ўқишда қонун лойиҳаси уни муҳокама қилмай тўлалигича овозга қўйилади.

Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда кўриб чиқилаётганида унга тузатишлар киритилишига ҳамда қонун лойиҳасини тўлалигича ёки унинг айрим бўлимлари, боблари, моддаларини муҳокама қилиш учун қайтишга йўл қўйилмайди.

Агар қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан учинчи ўқишда қабул қилинмаса, у рад этилган ҳисобланади. Қонун лойиҳаси бўйича тўхтам қўшимча овоз бериш ўтказилмаган ҳолда Қонунчилик палатасининг тегишли қарори билан расмийлаштирилади. Қонунчилик палатасининг мазкур масала юзасидан қабул қилган қарорининг нусхаси қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига юборилади.

Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи айрим ҳолларда қонун лойиҳасини иккинчи ўқиш тартиб-таомилига қайтариш тўғрисидаги масалани депутатлар бирлашмаларининг талабига биноан овозга қўйиши шарт.


139-модда. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ёки конституциявий қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун, агар унга депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги овоз берган бўлса, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ҳисобланади.

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунлар Қонунчилик палатасининг тегишли қарорлари ва бошқа зарур материаллар, шу жумладан қонунга доир қиёсий жадвал билан биргаликда масъул қўмита томонидан расмийлаштирилади ҳамда Қонунчилик палатаси Спикери томонидан Сенатга кўриб чиқиш учун ўн кун ичида юборилади. Қиёсий жадвалда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан киритилган қонун лойиҳасининг матни, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонуннинг матни, қонун лойиҳасига киритилган ўзгартишларга доир асослар, шунингдек ушбу ўзгартишлар қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ёки унинг вакили билан келишиб олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар келтирилади.



13-БОБ. БИР НЕЧТА ҚОНУН ЛОЙИҲАСИНИ

БИТТА ЖАМЛАНМА ҚОНУН ЛОЙИҲАСИГА

БИРЛАШТИРИШ

140-модда. Бошқа қонунларга ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритилиши, шунингдек қонунларни ёки уларнинг қисмларини ўз кучини йўқотган деб топилиши назарда тутилган қонунлар лойиҳаларибитта жамланма қонун лойиҳасига бирлаштирилиши мумкин.

Кенгаш бир нечта қонун лойиҳасини бирлаштириш ва жамланма қонун лойиҳасини шакллантириш учун масъул бўлган қўмитани (бундан буён матнда жамланма қонун лойиҳаси бўйича қўмита деб юритилади) белгилайди.

143-модда. Жамланма қонун лойиҳаси бўйича қўмита бир нечта қонун лойиҳасини бирлаштириш ва жамланма қонун лойиҳасини шакллантириш устида ишлаш учун ишчи гуруҳлар тузиши мумкин. Ишчи гуруҳ таркибига масъул қўмиталарнинг депутатлари киритилиши мумкин. Жамланма қонун лойиҳаси бўйича қўмита ўз таркибидан маърузачини тайинлайди.


144-модда. Жамланма қонун лойиҳаси унга киритиладиган қонун лойиҳалари Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда қабул қилинишига қараб шакллантирилади.

Жамланма қонун лойиҳасини шакллантириш тугалланганидан кейин у Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун янги ном билан киритилади. Қонун лойиҳасига рўйхатдан ўтказилганлик рақами берилмайди.

145-модда. Жамланма қонун лойиҳаси бўйича қўмита кейинчалик Қонунчилик палатаси кўриб чиқишига тақдим этиш учун Кенгашга қуйидагиларни юборади:

Қонунчилик палатасининг бир нечта қонун лойиҳасини битта жамланма қонун лойиҳасига бирлаштириш тўғрисидаги қарори лойиҳасини (унда бирлаштирилган барча қонун лойиҳалари ва қонун лойиҳасининг янги номи кўрсатилган ҳолда);

қонунни учинчи ўқишда қабул қилиш тўғрисида Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасини;

жамланма қонун лойиҳасининг матнини.

Кенгаш кўриб чиқиш учун тайёрланган жамланма қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳаларини тайёрлаш ишлари режасига киритиш ва қонун лойиҳасини депутатларга юбориш тўғрисида қарор қабул қилади.

146-модда. Қонунчилик палатасида бир нечта қонун лойиҳасини битта жамланма қонун лойиҳасига бирлаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш чоғида жамланма қонун лойиҳаси бўйича қўмитанинг вакили маъруза билан сўзга чиқади. Маърузачи қўмитада қонун лойиҳаларини бирлаштириш якунлари, тушган таклифлар ва уларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида маълумот беради.

Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи маърузачининг маърузаси якунлари бўйича бир нечта қонун лойиҳасини битта жамланма қонун лойиҳасига янги ном билан бирлаштириш тўғрисидаги таклифни овозга қўяди.

Депутатлар бирлашмаларидан жамланма қонун лойиҳасидан иккинчи ўқишда қабул қилинган бир ёки бир нечта қонун лойиҳасини чиқариб ташлаш тўғрисида таклифлар тушган тақдирда, Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи қуйидаги таклифлардан бирини овозга қўяди:

иккинчи ўқишда қабул қилинган бир ёки бир нечта қонун лойиҳасини иккинчи ўқиш тартиб-таомилига қайтариш тўғрисидаги;

иккинчи ўқишда қабул қилинган бир ёки бир нечта қонун лойиҳасини чиқариб ташлаш ва уларни ушбу Регламентнинг 138-моддасида назарда тутилган тартибда мустақил қонун лойиҳалари сифатида учинчи ўқишда кўриб чиқиш тўғрисида.

Агар иккинчи ўқишда қабул қилинган жамланма қонун лойиҳасидан бир ёки бир нечта қонун лойиҳасини чиқариб ташлаш тўғрисидаги таклиф Қонунчилик палатаси депутатларинингкўпчилик овозинитўпламаган бўлса, иккинчи ўқишда қабул қилинган бир ёки бир нечта қонун лойиҳасини қайтариш тўғрисидаги таклиф рад этилган деб ҳисобланади.

Қонунчилик палатасининг бир нечта қонун лойиҳасини битта жамланма қонун лойиҳасига бирлаштириш тўғрисидаги қарори қабул қилинганидан кейин Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи жамланма қонун лойиҳасини учинчи ўқишда муҳокама этмасдан тўлалигича қабул қилиш тўғрисидаги таклифни овозга қўяди. Жамланма қонун лойиҳасиучинчи ўқишда кўриб чиқилаётганда унга тузатишлар киритилишига ҳамда қонун лойиҳасини тўлалигича ёки унинг айрим бўлимлари, боблари, моддаларини муҳокама қилиш учун қайтишга йўл қўйилмайди.


14-БОБ. СЕНАТ ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛГАН

ҚОНУНЛАРНИ ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИШ


147-модда. Сенат томонидан рад этилган қонун Қонунчилик палатаси томонидан бир ойлик муддатда қайта кўриб чиқилиши лозим.

Сенат томонидан рад этилган ва Қонунчилик палатасига келиб тушган қонун Қонунчилик палатасининг Спикери томонидан хулоса тайёрлаш учун масъул қўмитага топширилади.

Масъул қўмитанинг хулосаси олинганидан кейин қонунни Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги масала белгиланган тартибда Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилади.

Сенат томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун белгиланган тартибда келишув комиссиясини тузиш;

қонунни Қонунчилик палатаси томонидан аввалги қабул қилган таҳририда қабул қилиш;

қонунни Қонунчилик палатасининг қайта кўриб чиқишидан олиб ташлаш.


148-модда. Сенат томонидан рад этилган қонун бўйича юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Қонунчилик палатаси ва Сенат депутатлар ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида келишув комиссияси тузиши мумкин.

Қонунчилик палатасида келишув комиссияси тузиш тўғрисидаги ташаббус Қонунчилик палатаси Спикеридан, шунингдек фракциялар ва депутатлар гуруҳларидан чиқиши мумкин.

Келишув комиссиясининг номзодлар юзасидан Қонунчилик палатасидан кўрсатилган таркиби унинг мажлисида тасдиқланади. Бунда келишув комиссиясининг Қонунчилик палатасидан кўрсатилган таркибига ўзини мухолифат деб эълон қилган фракцияларнинг вакиллари киритилиши шарт.


149-модда. Келишув комиссияси тузиш тўғрисидаги ва унинг таркибига депутатларни сайлаш ҳақидаги тўхтам Қонунчилик палатасининг қарори билан расмийлаштирилади, ушбу қарор лойиҳаси масъул қўмита томонидан масалани Қонунчилик палатаси навбатдаги мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритиш учун Кенгашга киритилади. Қонунчилик палатасининг келишув комиссиясини тузиш ва унинг таркибига депутатларни сайлаш тўғрисидаги қарори Сенатга юборилади.

Қонунчилик палатасидан сайланган келишув комиссияси аъзолари ўз таркибидан кўпчилик овоз билан комиссия ҳамраисини сайлайди.

Келишув комиссияси таркибига сайланган депутат унинг мажлисларида ҳозир бўлиши шарт. Депутатнинг келишув комиссияси мажлисида ҳозир бўлиш имконияти бўлмаса, бу ҳақда у Қонунчилик палатасидан сайланган келишув комиссияси ҳамраисини олдиндан хабардор қилади.

Келишув комиссиясининг ишини ташкилий, ахборот, ҳужжатлаштириш ва бошқача тарзда таъминлаш келишув комиссияси қаерда ишлашига қараб, тегишинча Қонунчилик палатаси девони ёки Сенат девони томонидан амалга оширилади.


150-модда. Келишув комиссияси қонуннинг ягона матнини ишлаб чиқиш мақсадида Сенатнинг ҳар бир эътирозини алоҳида-алоҳида кўриб чиқади. Агар муайян ўзгартиш Сенатнинг келишув комиссияси томонидан қўллаб-қувватланган таклифи асосида ишлаб чиқилган қонун моддасининг янги таҳрири билан асосланган бўлса, келишув комиссияси қонуннинг Сенат томонидан эътироз билдирилмаган айрим моддалари таҳририни ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

Келишув комиссиясининг қарорлари келишув комиссияси таркибига кирган депутатлар ва сенаторларнинг алоҳида-алоҳида овоз бериши орқали қабул қилинади. Агар комиссиянинг ҳар бир палатадан сайланган аъзоларининг кўпчилиги қарорни ёқлаб овоз берган бўлса, қарор қабул қилинган ҳисобланади. Агар келишув комиссияси томонидан бошқача тартиб белгиланмаса, қарор очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади.

Келишув комиссиясининг мажлисида баённома юритилади. Зарурат бўлганда, келишув комиссиясининг қарорига биноан унинг мажлиси стенограмма қилинади.

Келишув комиссияси ўз ишининг натижалари юзасидан келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларни ўз ичига олган хулоса қабул қилади. Келишув комиссиясининг хулосаси комиссия ҳамраислари томонидан имзоланади. Хулосага қонунга доир ўзгартиш ва қўшимчалар лойиҳасининг матни илова қилинади.

Келишув комиссиясининг Қонунчилик палатасидан сайланган ҳамраиси қонунни қайта кўриб чиқиш санасини белгилаш учун қуйидаги ҳужжатларни Кенгаш муҳокамасига киритади:

келишув комиссиясининг хулосаси;

келишув комиссияси мажлисининг баённомаси ва қиёсий жадвал;

қонунга доир ўзгартиш ва қўшимчалар лойиҳаси;

қонуннинг келишув комиссияси тақдим этаётган, келишув комиссиясининг Қонунчилик палатасидан сайланган ҳамраиси томонидан тасдиқланган таҳрири.


151-модда. Қонунчилик палатаси келишув комиссиясининг хулосаси тақдим этилган кундан эътиборан ўн кун ичида унинг таклифларини кўриб чиқиши ва қарор қабул қилиши керак.

Келишув комиссиясининг таклифлари қабул қилинган тақдирда қонун Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқилиши керак. Қонунни қайта кўриб чиқишда келишув комиссияси мажлисининг баённомасида мавжуд бўлган таклифларгина муҳокама қилинади. Бундай ҳолда қонун одатдаги тартибда қабул қилинади.


152-модда. Қонунчилик палатаси келишув комиссиясининг таклифлари бўйича депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилади.

Келишув комиссиясининг лоақал битта таклифи рад этилган тақдирда Қонунчилик палатаси янги таклифларни тақдим этиш учун Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланган тузатишларни инобатга олган ҳолда ишни давом эттиришни келишув комиссиясига таклиф қилиши мумкин.


153-модда. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан келишув комиссиясининг таҳририда қабул қилинган тақдирда, у Сенатга маъқуллаш учун зарур материаллар илова қилинган ҳолда беш кун ичида юборилади.

Агар келишув комиссиясининг иш якунларига кўра қонун бўйича келишувга эришилмаса, қонун Сенат томонидан рад этилган қонун сифатида Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқилиши керак.


154-модда. Агар Сенат томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқиш чоғида Қонунчилик палатаси уни келишув комиссиясининг таҳририда қабул қилмаса ва Сенатнинг қонунни рад этиш тўғрисидаги қарорига рози эмаслигини баён этса, қонун аввал қабул қилинган таҳрирда овозга қўйилади.

Агар Қонунчилик палатаси депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қонунни такроран маъқулласа, қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Президентига имзолаш ҳамда эълон қилиш учун Қонунчилик палатаси томонидан ўн кун ичида юборилади.

Агар Қонунчилик палатасида Сенат томонидан рад этилган қонун бўйича аввал қабул қилинган таҳрирда овоз бериш вақтида ушбу қонун депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмининг овозини тўпламаса, кўриб чиқилаётган қонун қабул қилинмаган ҳисобланади.



15-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ТОМОНИДАН ҚАЙТАРИЛГАН

ҚОНУНЛАРНИ ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИШ


155-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни ўз эътирозлари билан Қонунчилик палатасига қайтаришга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонун бир ой муддат ичида Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқилиши лозим.


156-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган ва Қонунчилик палатасига келиб тушган қонун Қонунчилик палатасининг Спикери томонидан масъул қўмитага топширилади.

Кенгаш масъул қўмитанинг хулосасини олгач, Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан қайтарилган қонунни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги масалани Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартиби лойиҳасига биринчи навбатда киритади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонунни Қонунчилик палатасининг мажлисида қайта кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифлари ва фикрларини, ушбу таклифлар ва фикрлар бўйича масъул қўмитанинг хулосасини баён этишдан бошланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

қонунни Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифлари ва фикрларини инобатга олган ҳолда қабул қилиш;

қонунни бундан буёнги кўриб чиқишдан олиб ташлаш;

қонунни аввалги қабул қилинган таҳририда маъқуллаш.


157-модда. Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифлари ва фикрларининг, шунингдек масъул қўмитанинг ушбу таклифлар ва фикрлар бўйича хулосасининг муҳокамаси тугаганидан кейин ушбу таклифлар ва фикрларни ҳисобга олган ҳолда қонунни қабул қилиш ёки бундан буёнги кўриб чиқишдан олиб ташлаш тўғрисидаги таклиф овозга қўйилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифлари ва фикрлари қонунни янада маромига етказишни тақозо этса, Қонунчилик палатаси мазкур қонун устидаги ишни қонун лойиҳасининг биринчи ўқиш тартиб-таомилидан бошлаб давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Агар депутатлар умумий сонининг кўпчилиги ёқлаб овоз берган бўлса, қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифлари ва фикрларини инобатга олган ҳолда қабул қилинган ҳисобланади.

Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти таклифлари ва фикрларининг бир қисми маъқулланган тақдирда, қонунни қабул қилиш кейинга қолдирилади. Масъул қўмитага Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланган таклифлари ва фикрларини ҳисобга олган ҳолда қонун матнини тайёрлаш ҳамда қонунни Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун тақдим этиш топширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг лоақал битта таклифи ёки фикри рад этилган тақдирда қонунни қабул қилиш учун депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози талаб қилинади.

Масъул қўмитанинг таклифига биноан қонунни Қонунчилик палатаси аввал қабул қилган таҳририда маъқуллаш тўғрисидаги масала Қонунчилик палатасида овозга қўйилиши мумкин. Бундай ҳолда депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қарор қабул қилинади ва маъқуллаш учун Сенатга юборилади.

Агар Қонунчилик палатаси қонунни бундан буёнги кўриб чиқишдан олиб ташлаш тўғрисида тўхтамга келса, палата қарор қабул қилади, ушбу қарор маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Сенатга юборилади.

Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган қонун қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмасдан Сенатга юборилади.



16-БОБ. АЙРИМ ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИ КЎРИБ

ЧИҚИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


1-§. Ўзбекистон Республикаси Конституциясини, конституциявий

қонунни ҳамда уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш

тўғрисидаги қонунни кўриб чиқиш


158-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясини, конституциявий қонунни ҳамда уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни кўриб чиқиш ушбу параграфда назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда ушбу Регламентнинг 11-15-боблари талабларига мувофиқ Қонунчилик палатаси томонидан амалга оширилади.


159-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясини, конституциявий қонунни, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларни қабул қилиш учун депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози талаб қилинади.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тегишли таклиф киритилганидан кейин олти ой ичида унинг кенг муҳокамасини инобатга олган ҳолда кўриб чиқиши мумкин.


160-модда. Агар Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилмаса, уни кўриб чиқиш камида бир йилдан кейин қайта бошланиши мумкин.



2-§. Давлат бюджетининг лойиҳасини қабул қилиш


161-модда. Давлат бюджети лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси билан бирга Қонунчилик палатасига киритилади.

Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқиш Қонунчилик палатаси томонидан ушбу параграфда назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда ушбу Регламент 11, 12, 14 ва 15-бобларининг талабларига мувофиқ амалга оширилади.


162-модда. Давлат бюджети лойиҳаси уни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ҳамда фикрлар ва таклифлар ишлаб чиқиш учун Қонунчилик палатасининг Спикери томонидан Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасига, фракцияларга (депутатлар гуруҳига) топширилади.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси барча фракциялар (депутатлар гуруҳи), манфаатдор ташкилотлар ҳамда эксперт гуруҳларининг фикрлари ва таклифларини ўн кун ичида тўплаб, Давлат бюджетининг лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқишни амалга оширади.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси мажлисларининг куни ва вақти тўғрисида бошқа қўмиталарга расмий равишда хабар қилинади.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ёки унинг вазифасини бажарувчи шахснинг Давлат бюджетининг лойиҳаси тўғрисидаги ахбороти эшитилади.

Давлат бюджетининг лойиҳасига доир материаллар мазкур лойиҳа Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилгунига қадар олдиндан депутатларга етказилади.


163-модда. Давлат бюджети лойиҳасини Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ёки унинг вазифасини бажарувчи шахснинг маърузаси билан бошланади, кейин Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси вакилининг қўшимча маърузаси эшитилади. Бунда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг вакили фракцияларнинг (депутатлар гуруҳининг) Давлат бюджети лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларини депутатларга етказиши шарт. Маърузалар бўйича муҳокама ўтказилади.

Фракцияларнинг (депутатлар гуруҳининг) қарор лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари мажбурий равишда ва ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим.

Давлат бюджети лойиҳаси бўйича Қонунчилик палатасининг фикрлари ва таклифлари уч кунлик муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.


164-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қонунчилик палатасининг фикрлари ва таклифларини инобатга олган ҳолда Давлат бюджети лойиҳасини ўн тўрт кун ичида маромига етказади ҳамда Давлат бюджетининг маромига етказилган лойиҳасини Қонунчилик палатасига иккинчи ўқиш учун юборади.

Маромига етказилган Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ёки унинг вазифасини бажарувчи шахснинг маърузаси билан бошланади, кейин Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси вакилининг қўшимча маърузаси эшитилади.

Давлат бюджетининг лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 15 ноябридан кечиктирмай кўриб чиқилиши керак.


165-модда. Давлат бюджети лойиҳасининг муҳокамаси натижалари бўйича Қонунчилик палатаси куйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

Давлат бюджетини қабул қилиш тўғрисида;

Давлат бюджети лойиҳасини рад этиш ҳақида.

Давлат бюджети лойиҳаси рад этилган тақдирда Давлат бюджети лойиҳаси қабул қилинмаганлигининг сабаблари харажатлар ва даромадларнинг аниқ моддалари кўрсатилган ҳолда тўлиқ асослаб берилади. Қонунчилик палатаси томонидан рад этилган Давлат бюджети лойиҳаси маромига етказиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қайтарилади.

Давлат бюджети тўғрисида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қарор мазкур бюджет қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида Сенатга кўриб чиқиш учун юборилади.


166-модда. Давлат бюджетига ўзгартиш ва қўшимчалар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан киритилиши мумкин.

Давлат бюджетига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала, агар бу ҳол бюджетни тартибга солишда қийинчилик келтириб чиқариши мумкин бўлса, Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи навбатда кўриб чиқилиши керак.

Давлат бюджетига ўзгартиш ва қўшимчалар уни қабул қилиш учун белгиланган тартибда киритилади.



3-§. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини

ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш

ва уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш


167-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш Қонунчилик палатаси томонидан ушбу параграфда назарда тутилган ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда мазкур Регламентнинг 11, 12, 14 ва 15-боблари талабларига мувофиқ амалга оширилади.


168-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу шартнома расмий матнининг тасдиқланган нусхаси ва уни ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш мақсадга мувофиқлигининг асосларини ўз ичига олган ҳужжатлар билан биргаликда киритилади.


169-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги масала масъул қўмита томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилади. Масъул қўмита мазкур масала юзасидан хулоса қабул қилади.


170-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун Сенатга юборилади.


171-модда. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қонун лойиҳаси депутатлар умумий сонининг зарур овозлари миқдорини тўпламаган бўлса ва шу мажлис жараёнида мазкур қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг қайта кўриб чиқиши учун киритиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилинмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тартиб-таомилидан ўтмаган ҳисобланади.



VI бўлим. Қонунчилик палатасининг қарорларини

кўриб чиқиш ва қабул қилиш


17-БОБ. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИНИНГ

ҚАРОРЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ҚАБУЛ

ҚИЛИШНИНГ УМУМИЙ ТАРТИБИ


172-модда. Қонунчилик палатаси қонунлар қабул қилиниши талаб этилмайдиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.


173-модда. Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўзининг Сенат билан биргаликдаги ваколатларига киритилган қуйидаги масалалар бўйича қарорлар қабул қилади:

1) Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида;

2) Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда давлат стратегик дастурларини қабул қилиш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликларни, давлат қўмиталарини ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

4) Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясини тузиш;

5) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

6) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини ва унинг ўринбосарини сайлаш;

7) Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш;

8) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш;

9) Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ёки тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

10) туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ҳамда чегараларини ўзгартириш.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1, 4, 5, 6, 7 ва 10-бандларида назарда тутилган масалалар олдин Қонунчилик палатасида, кейин Сенатда кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир вақтнинг ўзида Қонунчилик палатасига ва Сенатга киритилган фармонларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар (ушбу модда биринчи қисмининг 3, 8 ва 9-бандлари) мазкур бобда назарда тутилган тартибда Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади. Қонунчилик палатаси томонидан ушбу масалалар бўйича қабул қилинган қарорлар Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Ушбу модда биринчи қисмининг 2-бандида назарда тугилган масалалар, қоида тариқасида, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма мажлисларида ушбу Регламентда назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатасининг умумий сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа масалалар бўйича баёнотлари ҳамда мурожаатлари ушбу Регламент талабларига риоя этилган ҳолда қабул қилинадиган қарорлар билан расмийлаштирилади.


174-модда. Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси билан ўзининг мутлақ ваколатларига киритилган қуйидаги масалалар бўйича қарорлар қабул қилади:

Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимига биноан депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал қилиш;

ўз фаолиятини ташкил этиш ва Қонунчилик палатасининг ички тартиб-қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан;

сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлатнинг ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан.

Қонунчилик палатаси ўзининг назорат қилиш ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ айрим масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.


175-модда. Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилаётганида унга қисқача тушунтириш хати ва бошқа зарур материаллар илова қилинади.

Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳаси Қонунчилик палатаси девонида рўйхатга олинган кундан эътиборан Қонунчилик палатасига киритилган ҳисобланади.


176-модда. Кенгаш Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг ахборотини эшитиб, масъул қўмитани белгилайди, Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳаси ҳамда унга илова қилинган материалларни масъул қўмитага ва, бир вақтнинг ўзида, фракцияларга (депутатлар гуруҳига) топширади.

Масъул қўмита қарор лойиҳаси бўйича барча фракциялар (депутатлар гуруҳи), манфаатдор ташкилотлар ва эксперт гуруҳларининг фикрлари ҳамда таклифларини тўплаб, қарор лойиҳасини Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқиш мумкинлиги тўғрисидаги хулосани Кенгашга тақдим этади.

Кенгаш масъул қўмита вакилининг ахборотини эшитиб, фракцияларнинг (депутатлар гуруҳининг) фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритиш тўғрисида ёки киритмаслик ҳақида қарор қабул қилади ва маърузачини белгилайди.


177-модда. Қонунчилик палатаси мажлисида масъул қўмита вакилининг ахбороти эшитилади, ахборотда қарор лойиҳаси бўйича фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларнинг) фикрлари ва таклифлари депутатларга мажбурий равишда етказилади.

Фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қарор лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари мажбурий равишда ва ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим.

Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасининг муҳокамаси натижалари юзасидан депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинади.

Агар овоз бериш якунларига кўра Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳасини қабул қилиш тўғрисидаги таклиф зарур миқдорда овоз тўпламаган бўлса, таклиф рад этилган ҳисобланади. Бундай ҳолда Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳасида кўрсатилган масалани рад этиш тўғрисида Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинади.

Сенат билан биргаликдаги ваколатларига киритилган масала юзасидан Қонунчилик палатасининг қарори, агар ушбу Регламентнинг 18-бобида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида Сенатга юборилади.



18-БОБ. СЕНАТ БИЛАН БИРГАЛИКДАГИ ВАКОЛАТЛАРГА

КИРИТИЛГАН МАСАЛАЛАР ЮЗАСИДАН АЙРИМ ҚАРОРЛАР

ЛОЙИҲАЛАРИНИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ТОМОНИДАН

КЎРИБ ЧИҚИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


1-§. Ўзбекистон Республикасининг референдумини

ўтказиш ва референдум ўтказиш санасини тайинлаш

тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш


178-модда. Қонунчилик палатаси, агар Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисидаги масала қонунда белгиланган тартибда унинг кўриб чиқиши учун киритилган бўлса, мазкур масалани кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш ташаббуси билан чиқиш тўғрисида келиб тушган материаллар Қонунчилик палатаси томонидан икки ҳафта ичида кўриб чиқилиши лозим.


179-модда. Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисидаги масалани ва масъул қўмитанинг хулосасини ўз мажлисида кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

референдум тайинлаш ва уни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида;

референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида;

референдум ўтказмасдан туриб, референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусда таклиф қилинган қонунни ёки бошқа қарорни қабул қилиш ҳақида.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикасининг референдуми масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Сенатга, шунингдек референдум ўтказиш ташаббускорларига юборилади.


180-модда. Агар Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида қарор қабул қилса, айни шу мазмундаги ёки маънодаги таъриф билан референдум ўтказиш тўғрисидаги масала камида бир йилдан кейин Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун такроран киритилиши мумкин.



2-§. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб

чиқиш ва тасдиқлаш. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий

ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан

ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш


181-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир нечта сиёсий партия томонидан таклиф этилади.


182-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тақдим этилган номзодни кўриб чиққанидан кейин ўн кун муддат ичида уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун таклиф этади.


183-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги тақдимномаси мазкур тақдимнома киритилган кундан эътиборан етти кун ичида Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.


184-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзод Қонунчилик палатасида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ва тасдиқланаётганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида эшитилади.


185-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзод депутатлар ва сенаторларнинг саволларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан белгиланган вақт мобайнида, лекин кўпи билан 30 дақиқа ичида жавоб беради.

Депутатлар ва сенаторларнинг саволларига жавоблар тугаганидан кейин фракциялар ва депутатлар гуруҳларининг вакиллари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тақдим этилган номзод юзасидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ муддатга мўлжалланган ҳаракат дастури бўйича ўз фикрлари ва нуқтаи назарларини билдириши мумкин.


186-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тасдиқлаш Қонунчилик палатаси томонидан яширин овоз бериш орқали амалга оширилади.

Овоз бериш усули тўғрисидаги қарор депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


187-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди, агар номзод учун депутатлар умумий сонининг ярмидан кўпининг овози берилса, Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланган ҳисобланади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


188-модда. Агар овоз бериш вақтида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Қонунчилик палатасида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти барча фракциялар билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг Бош вазир лавозимига номзодни яна бир марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш ушбу Регламентнинг 183 - 187-моддаларига мувофиқ ўтказилади.


189-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва навбатдаги йил учун назарда тутилган асосий устуворликлар тўғрисидаги ҳар йилги маърузаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан Қонунчилик палатасига тақдим этилади.

Ҳар йилги маърузани кўриб чиқиш якунлари бўйича Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинади, қарор Сенатга ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.



3-§. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига нисбатан ишончсизлик

вотумини билдириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш


190-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотумини билдириш тўғрисидаги масала киритилади.


191-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига нисбатан ишончсизлик вотуми тегишинча Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.


192-модда. Янги Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан барча фракциялар билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг ушбу Регламентнинг 183 - 187-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига кўриб чиқиш ва тасдиқлашга тақдим қилиш учун таклиф этилади.



4-§. Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар,

давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органларини

тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш


193-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонлари тасдиқлаш учун Қонунчилик палатасига ва Сенатга бир вақтда киритилади.


194-модда. Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги ўзининг тасдиғига киритилган фармонлари юзасидан қарорлар қабул қилади.


195-модда. Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарорлари мазкур қарорлар қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Сенатга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.



5-§. Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати

эълон қилиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш


196-модда. Қонунчилик палатаси ўзининг кўриб чиқиши учун киритилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини ушбу фармон келиб тушган пайтдан эътиборан 48 соатдан кечиктирмай кўриб чиқади.


197-модда. Хизмат сафарида, меҳнат таътилида, сайловчилар билан учрашувларда бўлиши муносабати билан ва бошқа сабабларга кўра Қонунчилик палатасининг навбатдан ташқари мажлиси ўтказилиши ҳақида хабарнома олмаган депутатлар Қонунчилик палатасининг мажлиси ўтказиладиган жойга махсус чақирувсиз имкон қадар қисқа муддатда етиб келиши шарт.


198-модда. Агар Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳудудларида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилиши ёки бошқа бартараф этиб бўлмайдиган қийинчиликлар мавжудлиги натижасида ёки агар Қонунчилик палатасининг навбатдан ташқари мажлисини Қонунчилик палатасининг биносида ўтказиш мумкин бўлмай қолса, Қонунчилик палатаси Спикери Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди доирасида бошқа бинони белгилайди, бу ҳақда депутатларга оммавий ахборот воситалари орқали ёхуд бошқа усулда хабар қилинади.


199-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш ҳақидаги масала Қонунчилик палатаси қўмиталарида дастлабки тарзда муҳокама қилинмасдан кўриб чиқилади.


200-модда. Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаши ёки тасдиқламаслиги мумкин, бу ҳақда тегишли қарор қабул қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш масаласи юзасидан Қонунчилик палатасининг қарори, агар депутатлар умумий сонининг ярмидан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қарор дарҳол Ўзбекистон Республикаси Президентига, шунингдек Сенатга маълумот учун юборилади.



6-§. Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман

сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий

этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги

фармонларини тасдиқлаш


201-модда. Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш ҳақидаги фармонларини улар келиб тушган пайтдан эътиборан 72 соатдан кечиктирмай кўриб чиқади.


202-модда. Хизмат сафарида, меҳнат таътилида, сайловчилар билан учрашувларда бўлиши муносабати билан ва бошқа сабабларга кўра Қонунчилик палатасининг навбатдан ташқари мажлиси ўтказилиши ҳақида хабарнома олмаган депутатлар Қонунчилик палатасининг мажлиси ўтказиладиган жойга махсус чақирувсиз имкон қадар қисқа муддатда етиб келиши шарт.


203-модда. Агар Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳудудларида ёхуд бутун ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилиши ёхуд бошқа бартараф этиб бўлмайдиган қийинчиликлар мавжудлиги натижасида ёки агар Қонунчилик палатасининг навбатдан ташқари мажлисини Қонунчилик палатасининг биносида ўтказиш мумкин бўлмай қолса, Қонунчилик палатаси Спикери Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди доирасида бошқа бинони белгилайди, бу ҳақда депутатларга оммавий ахборот воситалари орқали ёки бошқа усулда хабар қилинади.


204-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳақидаги масала Қонунчилик палатаси қўмиталарида дастлабки тарзда муҳокама қилинмасдан кўриб чиқилади.


205-модда. Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаши ёки уларни тасдиқламаслиги мумкин, бу ҳақда тегишли қарор қабул қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёхуд қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳақидаги қарор, агар депутатлар умумий сонининг ярмидан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қарор дарҳол Ўзбекистон Республикаси Президентига, шунингдек Сенатга маълумот учун юборилади.



7-§. Ўзбекистон Республикаси Марказий

сайлов комиссиясини тузиш


206-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қонунга мувофиқ камида ўн беш нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тўғрисидаги таклифлар Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан киритилади.


207-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таркибига кўрсатилган номзодларнинг муҳокамаси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида шу номзодлар иштирокида ўтказилади. Депутатлар муҳокама этилаётган номзодлар бўйича ўз фикрларини билдиришга ҳақлидир. Сўзга чиқиш учун депутатлар бирлашмаларининг вакиллари устун ҳуқуққа эга.


208-модда. Овоз бериш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таркибига кўрсатилган ҳар бир номзод бўйича алоҳида-алоҳида, ушбу Регламентда назарда тутилган тартибда ўтказилади.

Агар ўтказилган овоз беришлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таркибига кўрсатилган номзодлардан биттаси ёки бир нечтаси овозларнинг зарур миқдорини тўпламаса, сайлаш тартиб-таомили янги номзодларни кўрсатишдан бошланади. Ушбу тартиб-таомил Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таркибига сайланган бир ёки бир нечта номзод Сенат томонидан рад этилган тақдирда ҳам ўтказилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоларини сайлаш масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Сенатга юборилади.


209-модда. Қонунчилик палатаси қонунда назарда тутилган асослар бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзосининг ваколатларини тугатиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзосининг ваколатларини тугатиш масаласи юзасидан Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Сенатга юборилади.



8-§. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон

ҳуқуқлари бўйича вакилини ва унинг ўринбосарини сайлаш


210-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили лавозимига номзод Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосарининг лавозимига номзод Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан киритилади.


211-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг ўринбосари лавозимига кўрсатилган номзодлар муҳокамаси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мазкур номзодлар иштирокида ўтказилади. Депутатлар муҳокама этилаётган номзодлар бўйича ўз фикрларини билдиришга ҳақли.


212-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг ўринбосарини сайлаш масаласи юзасидан Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинади, мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Қонунчилик палатаси томонидан Сенатга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили тўғрисидаги қарор эса Ўзбекистон Республикасининг Президентига ҳам юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили номзоди, агар номзод учун Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг ярмидан кўпи овоз берса, Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланган ҳисобланади.


213-модда. Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини ёки унинг ўринбосарини қонунда назарда тутилган асослар бўйича муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиши мумкин. Ушбу масала юзасидан қабул қилинган Қонунчилик палатасининг қарори Сенатга ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


214-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик бериш тўғрисидаги масала ушбу Регламентнинг 219 - 222-моддаларида назарда тутилган муддатларда ва тартибда Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади. Мазкур масала юзасидан қабул қилинган қарор дарҳол Сенатга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига маълумот учун юборилади.



9-§. Туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш,

уларга ном бериш, уларнинг номини ва чегараларини

ўзгартириш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш


215-модда. Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг белгиланган тартибда киритилган таклифига биноан туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларга ном бериш, уларнинг номини ва чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади.


216-модда. Қонунчилик палатаси туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларга ном бериш, уларнинг номини ва чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.


217-модда. Туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларга ном бериш, уларнинг номини ва чегараларини ўзгартириш тўғрисида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қарорлар Сенатга ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.


218-модда. Туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларга ном бериш, уларнинг номини ва чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала Қонунчилик палатаси томонидан рад этилган тақдирда, у Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун камида бир йилдан кейин қайта киритилиши мумкин.



19-БОБ. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИНИНГ УНИНГ

МУТЛАҚ ВАКОЛАТЛАРИГА КИРИТИЛГАН МАСАЛАЛАР

БЎЙИЧА АЙРИМ ҚАРОРЛАР ЛОЙИҲАЛАРИНИ КЎРИБ

ЧИҚИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


1-§. Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш

тўғрисидаги масалаларни Қонунчилик палатаси

томонидан кўриб чиқиш


219-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг депутатни жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини кўллашга розилик олиш тўғрисидаги тақдимномалари киритилган кунидан эътиборан етти кун ичида Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади, Қонунчилик палатасининг сессиялари оралиғидаги даврда эса у киритилган кундан эътиборан етти кун ичида Кенгаш томонидан кўриб чиқилиб, кейинчалик Кенгашнинг ушбу масала юзасидан қарори Қонунчилик палатасининг сессиясида тасдиқланади.


220-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб комиссияси (бундан буён матнда Одоб комиссияси деб юритилади) томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатаси, Кенгаш киритилган тақдимнома юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуроридан қўшимча материаллар талаб қилиб олиши мумкин.


221-модда. Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масала Қонунчилик палатаси ёки Кенгаш мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари ва ўзига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномаси киритилган депутат иштирокида кўриб чиқилади.

Одоб комиссиясининг раиси ёки унинг топшириғига биноан ушбу комиссия аъзоларидан бири Қонунчилик палатасининг ёки Кенгашнинг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномасини ўқиб эшиттиради ва Одоб комиссиясининг ушбу тақдимнома юзасидан хулосаси ҳақида маълумот беради.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига ёки унинг ўринбосарига сўзга чиқиши ва депутатларнинг саволларига жавоб бериши учун сўз навбати берилиши мумкин.

Ўзига нисбатан дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномаси киритилган депутат ушбу масала Қонунчилик палатаси ёки Кенгаш мажлисида кўриб чиқилаётганда тушунтиришлар беришга ҳақлидир.


222-модда. Қонунчилик палатасининг ёки Кенгашнинг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этишга розилик бериш тўғрисидаги қарори яширин овоз бериш орқали қабул қилинади.

Қонунчилик палатасининг ёки Кенгашнинг депутатни жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик бериш масаласи юзасидан қарори дарҳол Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига юборилади.


223-модда. Қонунчилик палатасига жиноят ишининг тугатилгани ҳақида ёки маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги иш юзасидан иш юритиш тугатилгани, шунингдек дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилишига розилик берилган депутатга нисбатан жиноят ишини қўзғатиш рад этилгани ҳақида хабар тушган тақдирда Қонунчилик палатаси ўзининг энг яқин мажлисида розилик бериш тўғрисида илгари қабул қилинган қарорни ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида қарор қабул қилади. Қабул қилинган қарор дарҳол Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига, шунингдек зарурат бўлганда, тегишли судга юборилади.



2-§. Регламентни қабул қилиш ҳамда унга

ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш


224-модда. Регламент, унга доир ўзгартиш ва қўшимчалар Қонунчилик палатасининг қарори билан қабул қилинади.


225-модда. Регламентга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар қўмиталар, депутатлар бирлашмалари, депутатлар томонидан киритилиши мумкин ва Кенгаш томонидан Қонунчилик палатаси мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритилади. Бу таклифлар Қонунчилик палатаси томонидан биринчи навбатда кўриб чиқилади.


226-модда. Қонунчилик палатасининг ушбу Регламентда назарда тутилмаган мажлисларини ўтказиш, Қонунчилик палатасининг фаолиятига доир бошқа масалаларни кўриб чиқиш тартиб-таомиллари Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, баённома тарзида расмийлаштирилади ва қабул қилинган кундан эътиборан амал қилади.



VII бўлим. Қонунчилик палатаси томонидан назорат

қилиш соҳасидаги ваколатларнинг амалга оширилиши


20-БОБ. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ИЖРОСИНИНГ БОРИШИ

ҲАҚИДАГИ МАСАЛАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


227-модда. Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ижроси устидан назоратни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 майидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси билан бирга Қонунчилик палатасига тақдим этади, шунингдек ҳар чоракда Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади.


228-модда. Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳамда ҳар чоракдаги ҳисоботни фракцияларда (депутатлар гуруҳларида) ва қўмиталарда дастлабки тарзда муҳокама қилиш асосида кўриб чиқади. Ҳисоботни кўриб чиқиш чоғида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг маърузаси, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг хулосаси, фракцияларнинг (депутатлар гуруҳининг) фикрлари ва таклифлари эшитилади, муҳокама ўтказилади ва тегишли қарор қабул қилинади.



21-БОБ. ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ


229-модда. Қонунчилик палатаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси масалалари ва уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан парламент сўрови юборишга ҳақли.


230-модда. Парламент сўровини юбориш ҳақидаги таклиф палата қўмиталари, фракциялар (депутатлар гуруҳлари), шунингдек депутатлар умумий сонининг камида бешдан бир қисми томонидан Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритилади.

Қонунчилик палатасининг парламент сўрови тўғрисидаги қарори лойиҳаси сўров ташаббускорлари томонидан Қонунчилик палатасининг Спикерига масалани Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритиш учун юборилади.

Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳасига парламент сўрови лойиҳаси, шунингдек бошқа зарур материаллар илова қилинади. Парламент сўрови лойиҳасида сўровга жавоб беришнинг шакли (оғзаки ёки ёзма) ҳақидаги таклифлар бўлиши керак.


231-модда. Қонунчилик палатаси парламент сўровини юбориш тўғрисида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилади.


232-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига оғзаки жавобни Қонунчилик палатасининг мажлисида палата белгилаган муддатда беради.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига ёзма жавобни, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозим.

Парламент сўровига ёзма жавоб Қонунчилик палатасининг мажлисида раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади. Ёзма жавобнинг нусхалари палата мажлисида ўқиб эшиттирилгунига қадар олдиндан депутатларга юборилади.


233-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Олий хўжалик суди раиси, Бош прокурори, суриштирув ва тергов органлари раҳбарлари номига йўлланган парламент сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.


234-модда. Парламент сўровига жавоб Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокама қилиниши мумкин. Қонунчилик палатаси парламент сўрови муҳокамаси якунлари бўйича қарор қабул қилади.



22-БОБ. ДЕПУТАТ СЎРОВИ


235-модда. Депутат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ёки Ўзбекистон экологик ҳаракатининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан сўров юборишга ҳақли.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ёзма жавоб юборади.


236-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Олий хўжалик суди раиси, Бош прокурори, суриштирув ва тергов органлари раҳбарлари номига йўлланган депутат сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.



23-БОБ. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ТОМОНИДАН БОШҚА

НАЗОРАТ ВАКОЛАТЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


237-модда. Қонунчилик палатаси, зарур бўлган ҳолларда, ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи ушбу Регламентнинг 21-бобига мувофиқ парламент сўрови тартибида эшитилади.


238-модда. Қонунчилик палатаси, зарур бўлган ҳолларда, ўзининг мажлисида ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиши мумкин.

Ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш масаласи фракциялар ва депутатлар гуруҳларининг ташаббусига кўра Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.

Ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш тўғрисида Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинади, қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига олдиндан юборилади.

Қонунчилик палатаси мажлисига таклиф этилган ҳукумат аъзосига сўзга чиқиш учун, қоида тариқасида, 20 дақиқагача, депутатларнинг саволларига жавоб бериш учун эса кўпи билан 30 дақиқа ажратилади.

Ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини кўриб чиқиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.


239-модда. Қонунчилик палатаси ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг фаолияти тўғрисидаги ҳисобот дастлабки тарзда фракциялар ва депутатлар гуруҳлари томонидан кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг маърузаси билан бошланади, маърузадан сўнг фракцияларнинг ва депутатлар гуруҳларининг вакиллари сўзга чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига ва Сенатга юборилади.


240-модда. Қонунчилик палатаси ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 майидан кечиктирмай ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботи дастлабки тарзда фракциялар ва депутатлар гуруҳлари, шунингдек Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.

Фракциялар ва депутатлар гуруҳлари Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасига ўз таклифлари ҳамда фикрларини юборади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси фракциялар ва депутатлар гуруҳларининг таклифлари ҳамда фикрларини инобатга олган ҳолда, мазкур ҳисобот юзасидан хулосани, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг тегишли йилдаги ҳисоботи тўғрисида Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳасини тайёрлайди ҳамда уларни палата кўриб чиқиши учун тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш чоғида Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг маърузасини, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси вакилининг қўшимча маърузасини, шунингдек фракциялар ва депутатлар гуруҳлари вакилларининг чиқишларини эшитади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ва Сенатга юборилади.


241-модда. Қонунчилик палатаси ёки у ваколат берган орган ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 мартидан кечиктирмай ўз мажлисида сиёсий партияларнинг ўз фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади.

Сиёсий партиянинг ўз фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботига унинг Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этишини ва уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ҳисобот йилида партиянинг ҳисобварағига келиб тушган ҳамда сарфланган давлат маблағлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигининг хулосаси илова қилинади.

Сиёсий партиянинг ўз фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботи Қонунчилик палатаси томонидан оммавий ахборот воситалари ва манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари таклиф этилган ҳолда кўриб чиқилади.

Сиёсий партиянинг ўз фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботини муҳокама қилиш натижаларига кўра Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади.


242-модда. Қонунчилик палатасининг мажлисида ҳукумат аъзоларининг фаолияти масалалари юзасидан уларнинг ахборотини эшитиш депутатлар бирлашмаларининг ташаббусига кўра амалга оширилади ҳамда Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига мувофиқ ўтказилади.

Қонунчилик палатаси мажлисига таклиф этилган ҳукумат аъзосига сўзга чиқиш учун, қоида тариқасида, 20 дақиқагача, депутатларнинг саволларига жавоб бериш учун эса кўпи билан 30 дақиқа ажратилади.


243-модда. Қўмиталар, шунингдек депутатлар давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатлар, эксперт хулосалари, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин.

Қўмиталар ёки депутатлар талаб қилиб оладиган ахборотни тегишли давлат органи, бошқа ташкилот, мансабдор шахс мурожаат олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай тақдим этиши керак.

Қонунчилик палатаси қўмиталари қўмиталарнинг иш режаларига, Қонунчилик палатаси ва Кенгаш қарорларига мувофиқ ўз мажлисида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг улар томонидан қонунларга риоя этилиши, палата қўмиталари қарорларининг, Қонунчилик палатаси ва Кенгаш қарорларининг бажарилиши тўғрисидаги ахборотини эшитиши мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини кўриб чиқиш якунлари бўйича қўмита қарор қабул қилади, қарор тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органига юборилади.

Қўмиталар вақти-вақти билан қонунларнинг ва Қонунчилик палатаси қарорларининг ижроси устидан назоратни амалга ошириш доирасида ҳуқуқни қўлланиш амалиётини ўрганади ҳамда янги қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш учун қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга оширади.



24-БОБ. ДЕПУТАТНИНГ САЙЛОВЧИЛАР, СИЁСИЙ ПАРТИЯ

БИЛАН ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


244-модда. Депутат ўз округи сайловчилари, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқа боғлаб туради, Қонунчилик палатасида уларнинг манфаатларини ифода этади. Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар мазкур ҳаракат билан алоқа боғлаб туради ва Қонунчилик палатасида унинг манфаатларини ифода этади.

Фракциялар ҳар йили Кенгаш билан биргаликда депутатларнинг сайловчилар билан сайлов округларидаги ишлари учун мўлжалланган вақтни белгилайди. Депутатларнинг сайловчилар билан сайлов округларидаги ишлари учун, қоида тариқасида, март, июнь, сентябрь ойларининг охирги ўн кунлигида, декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида ўн кунгача вақт ажратилади.

Сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш чоғида депутат:

мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, Қонунчилик палатаси қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятининг, фракция фаолиятининг бориши, унинг мамлакатни социал-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг энг муҳим масалаларига доир нуқтаи назари тўғрисида сайловчиларга ахборот беради;

янги қабул қилинган қонунларнинг моҳияти ва аҳамиятини сайловчиларга етказади;

қабул қилинган қонунларнинг ижро этилиши ҳолатини ҳуқуқнинг қўлланилиш самарадорлигини ва қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш борасидаги заруратни аниқлаш мақсадида ўрганади;

фракция томонидан белгиланадиган бошқа вазифаларни бажаради.


245-модда. Кенгаш депутатнинг сайлов округидаги ишларини ташкил этиш юзасидан фракцияларнинг фикрлари ва таклифларини инобатга олган ҳолда чора-тадбирлар кўради.

Депутат сайлов округига чиқишидан олдин фракция ҳамда Қонунчилик палатаси томонидан ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари билан таъминланади.

Қонунларнинг ижроси юзасидан аниқ масалаларни ишлаб чиқиш, давлат дастурлари ҳамда сиёсий партияларнинг дастурий мақсадларини амалга ошириш учун фракциялар, зарур бўлган ҳолларда, ўз депутатларининг сайловчилар билан сайлов округларидаги ишини ташкил этади.

Фракциялар депутатларнинг сайлов округларидаги ишлари якунларини умумлаштиради, зарур бўлган ҳолларда, долзарб масалаларни Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритади.


246-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг Қонунчилик палатасига келиб тушган мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда Қонунчилик палатасида жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг шахсий қабулини ўтказиш қонунга ҳамда Кенгаш томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ амалга оширилади.



VIII бўлим. Якунловчи қоидалар


247-модда. Қонунчилик палатаси бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан Қонунчилик палатасининг тегишли қарорлари асосида парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузиши, расмий парламент делегациялари билан алмашиниши ҳамда палата вакилларини Кенгашнинг тегишли қарорлари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг расмий парламент делегациялари таркибига киритиши, шунингдек халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган турли тадбирлар ўтказиши мумкин. Бунда парламентлараро алоқалар масалалари юзасидан Қонунчилик палатаси ва Кенгаш қарорларининг лойиҳалари Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан палатанинг тегишли органлари кўриб чиқиши учун тайёрланади ва киритилади.


248-модда. Бошқа давлатларнинг парламентлари раҳбарларига, давлатлар ва ҳукуматлар бошлиқларига, парламент делегацияларининг раҳбарларига уларнинг илтимосига биноан Қонунчилик палатаси мажлисида сўзга чиқиш имконияти берилиши мумкин.


249-модда. Қонунчилик палатаси, унинг органлари ва депутатлар фаолиятининг ташкилий, ахборот, молиявий, моддий-техника таъминоти Қонунчилик палатасининг девони томонидан амалга оширилади.

Қонунчилик палатасининг девони юридик шахс ҳисобланади.

Қонунчилик палатаси девонининг фаолияти, унинг ходимларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги Қонунчилик палатаси Спикери томонидан тасдиқланадиган Қонунчилик палатаси девони тўғрисидаги низом билан белгиланади.

Қонунчилик палатаси девони тўғрисидаги низом депутатлар эътиборига етказилади.



















































Время: 0.2139
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск