язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Халқаро кўргазмалар, танловлар, савдолар, кимошди савдолари, ярмаркалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.06.2016 й. ПҚ-2544-сон "ХII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

08.06.2016 й.

N ПҚ-2544



ХII ХАЛҚАРО ЎЗБЕК ПАХТА ВА ТЎҚИМАЧИЛИК

ЯРМАРКАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбек пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотлари етказиб беришни янада оптималлаштириш, улар экспорти географиясини диверсификациялаш, пахтани қайта ишлайдиган хорижий компаниялар ва пировард истеъмолчи бўлган жаҳондаги етакчи ташкилотларни жалб этишни ҳисобга олган ҳолда, узоқ муддатли ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатимиз пахта ва тўқимачилик саноати эришган сўнгги ютуқлар билан ишбилармон доираларни кенг кўламда таништириш мақсадида:


1. "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 8 ноябрдаги ПП-217-сонли қарори билан ташкил этилган Халқаро ўзбек пахта ярмаркасининг Доимий фаолият юритадиган ярмарка қўмитасининг 2016 йил 12-13 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ХII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ўтказиш ва унинг доирасида халқаро конференция ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Халқаро ўзбек пахта ярмаркасининг Доимий фаолият юритадиган ярмарка қўмитасининг янгиланган таркиби 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Халқаро ўзбек пахта ярмаркасининг Доимий фаолият юритадиган ярмарка қўмитаси (А. Камолов):

2016 йилнинг 5 августига қадар - пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг асосий тадбирлари дастурини ишлаб чиқсин ва Халқаро ўзбек пахта ярмаркасини ўтказиш бўйича Ташкилий қўмитага тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритсин;

2016 йилнинг 10 сентябрига қадар - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда ярмарка савдоларига қўйиладиган пахта толасининг ҳажмлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ўтказиш билан боғлиқ реклама кампанияси ўтказилишини ҳамда у билан боғлиқ материалларнинг хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.


4. "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компанияси зиммасига ХII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ташкил этиш ва юқори савияда ўтказиш борасидаги барча зарур тайёргарлик ишларини мувофиқлаштириш вазифаси юклансин.


5. "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компанияси:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзбекенгилсаноат" АЖ, Ўзбекистон "Сифат" маркази, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2016 йилнинг 10 сентябрига қадар муддатда "Коттон Аутлук" халқаро нашриётини жалб этган ҳолда республикамиз пахтачилигида, пахта ва тўқимачилик саноати эришган сўнгги ютуқлар ва ривожланиш истиқболларига бағишланган махсус журнал тайёрланиши ва чоп этилишини таъминласин;

"Ўзбекенгилсаноат" АЖ билан биргаликда ХII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси доирасида мамлакатимиз тўқимачилик саноатининг салоҳияти, шу жумладан, берилган имтиёз ва преференциялар, қулай инвестиция муҳити, юқори малакали кадрлар, хом ашё ресурслари, ривожланган ишлаб чиқариш, молия-банк, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси мавжудлигини юқори даражада тақдим этсин.


6. "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компаниясига ХII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш учун маблағлар жамлаш мақсадида белгиланган тартибда миллий ва хорижий валютада вақтинчалик ҳисобварақларни очишга рухсат берилсин.


7. "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компанияси томонидан ХII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси қатнашчилари ўртасида тарқатиш учун олиб келинадиган 500 нусхадан иборат "Коттон Аутлук" ахборот-маълумотнома журналлари (ТН ВЭД коди 4902 90 000 0) бож тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинсин.


8. Белгилаб қўйилсинки, "Ўзэкспомарказ" МКК" АЖдаги кўргазма майдонлари ХII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси қатнашчиларига тасдиқланган норматив нархларга нисбатан 50 фоизли чегирмани ҳисобга олган ҳолда тақдим этилади.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компаниясининг буюртманомаларига кўра ХII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси қатнашчиларига кириш визаларини белгиланган тартибда, зарур ҳолларда - Тошкент шаҳри аэропортига келишганида расмийлаштирилишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Миллий ахборот агентлиги ХII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг иши ва якунлари оммавий ахборот воситаларида кенг кўламда ёритилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Халқаро ўзбек пахта ярмаркасини ҳар йили ташкил этиш тўғрисида" 2005 йил 8 ноябрдаги ПП-217-сонли қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            И. Каримов



*) 1-илова рус тилидаги матнда берилган.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2016 йил 8 июндаги

ПҚ-2544-сонли қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

"Халқаро ўзбек пахта ярмаркасини ҳар йили ташкил

этиш тўғрисида" 2005 йил 8 ноябрдаги ПП-217-сонли

қарорига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар


1. Қарор сарлавҳасидаги "ўзбекпахта" сўзларидан кейин "ва тўқимачилик" сўзлари билан тўлдирилсин.


2. 1-банднинг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, "Ўзбекенгилсаноат" акциядорлик жамияти, жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ҳамда ўзбек пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотлари истеъмолчиларининг Тошкент шаҳрида ҳар йили Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ўтказиб туриш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин".


3. 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"4. "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, "Ўзбекенгилсаноат" акциядорлик жамияти Халқаро пахта ассоциацияси, Халқаро пахта бўйича Консультатив қўмитаси ва "Cotton Outlook" журнали, шунингдек Халқаро тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар федерацияси билан биргаликда Ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг халқаро мақомини сақлаб қолиш ҳамда уни ўтказиладиган жаҳон пахта ва тўқимачилик тадбирларининг ҳар йилги жадвалига октябрь ойининг иккинчи ўн кунлигига киритиш билан боғлиқ чора-тадбирлар комплексини амалга оширсин".


4. 5-бандда:

а) биринчи, иккинчи, олтинчи ва еттинчи хатбошиларидаги "ўзбек пахта" сўзларидан кейин "ва тўқимачилик" сўзлари билан тўлдирилсин;

б) учинчи хатбошидаги "пахта толаси" сўзларидан кейин "ва тўқимачилик маҳсулотлари" сўзлари қўшиб қўйилсин;

в) қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:

"тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва истеъмолчиларини жалб этиш".


5. 2-иловада:

а) сарлавҳадаги "ўзбек пахта" сўзларидан кейин "ва тўқимачилик" сўзлари қўшиб қўйилсин;

б) "Зикриёев Э.З. - "Ўзпахтасаноат" уюшмаси бошқарувчи раиси" сўзлари "Хидиров Я.С. - "Ўзпахтасаноат" АЖ бош директори" сўзлари билан алмаштирилсин.


6. 3-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 13 июнь, 23-сон, 264-модда