ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Халқаро алоқалар / Ўзбекистон Республикаси билан имзоланган икки томонлама шартномалар / Тартибга солиниш соҳалари бўйича ҳужжатлар тизими / Транспорт алоқалар, йўловчилар ва юклар ташиш / Автомобиль транспорти /

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Греция Республикаси Ҳукумати ўртасида йўловчилар ва юкларни автомобиль транспортида халқаро ташишлар тўғрисида Битим (Тошкент, 1999 йил 2 март)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Греция

Республикаси Ҳукумати ўртасида йўловчилар

ва юкларни автомобиль транспортида

халқаро ташишлар тўғрисида

БИТИМ


Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Греция Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,

иқтисодий ва савдо алоқалари ривожланишига кўмаклашишни, икки мамлакат ўртасида йўловчилар ва юкларни ташишни ҳамда уларнинг ҳудудларидан транзит ўтказишни енгиллатишни истаб,

қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:



1-модда. Қўллаш соҳаси


Ушбу Битим қуйидагиларга тааллуқли бўлади:


1. Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ўртасида йўловчилар ва юкларни автомобилда ташишларга ва уларнинг ҳудудидан транзит ўтишларга.


2. Мазкур ташишларга боғлиқ бўлган бўш транспорт воситаларининг ўтишига.



2-модда. Таърифлар


Ушбу Битимни амалга ошириш мақсадида:


1. "Ташувчи" атамаси Аҳдлашувчи Томонлардан бири давлатининг ҳудудида тегишли Аҳдлашувчи Томон миллий қонунларига мувофиқ таъсис этилган, йўловчилар ва юкларни йўлларда ташиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний ёки юридик шахсни англатади.


2. "Транспорт воситаси" атамаси:

а) юкларни ташишда: автотранспорт воситаси ёки транспорт воситаларининг йиғмасини англатади, улардан камида автотранспорт воситаси исталган Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида рўйхатга олинган ва фақат юк ташиш учун ишлатилиши, юк ташишга мос жиҳозланган бўлиши керак;

b) йўловчиларни ташишда: Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг бири ҳудудида рўйхатга олинган, ўз конструкциясига кўра, ҳайдовчи ўрнини ҳам қўшиб ҳисоблаганда тўққиздан ортиқ ўриндиққа эга бўлган ҳар қандай механик транспорт воситалари (автобуслар)ни англатади.


3. "Транзит" атамаси Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ташувчиси бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудуди оралаб йўловчилар ва юкларни ташишини англатади.


4. "Рухсатнома/ижозат" атамаси Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли маъмурлари тарафидан уларнинг миллий қонунларига мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томон ташувчиларига биринчи Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида ёки унинг ҳудуди орқали йўловчилар ва юкларни ташиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатни англатади.



I. ЙЎЛОВЧИЛАРНИ ТАШИШ


А. Фаолият соҳаси ва таърифлар


3-модда.


Ушбу Битим йўловчиларни ташишда қуйидаги соҳаларда амал қилади:

1. Транспорт воситаларида ёллаш эвазига, йўлкира ёки ўз ҳисобидан Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари орасида ёки уларнинг ҳудудларидан йўловчиларни транзит ташиш бўйича ҳар қандай хизматларни бажаришда.

"Йўловчиларни ўз ҳисобидан ташиш" атамаси корхона томонидан ўз хизматчиларини ёки тижоратга алоқасиз ташкилотнинг ўз аъзоларини жамоатчилик мақсадларида ташишини англатади, шунда ҳам:

- ташишлар корхона ёки ташкилот учун фақат қўшимча фаолият ҳисобланса;

- фойдаланилаётган транспорт воситаси шу корхона ёки ташкилотнинг мулки бўлса ёки имтиёзли асосда сотиб олинган бўлса ёхуд лизинг бўйича узоқ муддатли контрактга дахлдор бўлиб, корхона ёки ташкилот ходими томонидан бошқарилса.


2. Шундай хизматларни бажаришга алоқадор транспорт воситаларининг бўш қатновларида.



4-модда.


Йўловчиларни ташишга доир:

1. "Мунтазам ташишлар" атамаси йўловчиларни муайян даврийликда муайян қатновлар бўйлаб ташишни англатади, бунда аввалдан белгиланган тўхташ жойларида йўловчиларни чиқариш ва тушириш амалга оширилиши мумкин. Мунтазам ташишлар аввалдан белгиланган қатъий тарифлар ва қатнов жадвалига мувофиқ амалга оширилади.


2. "Мокисимон ташишлар" атамаси йўловчиларнинг олдиндан уюштирилган гуруҳларини тегишли Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудининг муайян жўнаш жойидан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудининг муайян етиб бориш жойига кўп маротаба иккиёқлама ташишларни англатади. Бунда ҳар бир гуруҳ етиб бориш жойига сафар қилиб, кейинги рейсда жўнаш жойига қайтиб келадиган йўловчилардан иборат бўлади.

а) Мокисимон ташишларда қатнов давомида биронта йўловчини чиқариш ёки тушириб қолдириш мумкин эмас.

b) Мокисимон ташишларда қайтиш йўналишидаги биринчи рейс ва етиб бориш жойига охирги рейс бўш бўлиши керак.


3. Мунтазам ва мокисимон қатнашлар ҳамда уларни амалга оширишга доир шарт-шароитлар ушбу Битимнинг ваколатли маъмурлари ўртасидаги умумий келишувга кўра бевосита тарзда ёки ушбу Битим 13-моддасига мувофиқ таъсис этиладиган Қўшма Комиссиянинг хулосалари асосида белгиланади.


4. "Транзит ташишлар" атамаси транспорт воситаси рўйхатга олинган Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидан йўловчиларни бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудуди орқали бирон йўловчини чиқармаган ва туширмаган ҳолда ташишни англатади.


5. "Тасодифий ташишлар" атамаси қуйидагиларни англатади:

а) Ёпиқ эшикли қатнашлар, яъни бир транспорт воситасининг ўзида бир йўловчилар гуруҳининг ўзини транспорт воситаси рўйхатга олинган Аҳдлашувчи Томон давлатидаги жўнаш жойидан иккинчи Аҳдлашувчи Томон давлатидаги етиб бориш жойига ва ундан орқага қайтиб келиш тарзида ташишларни.

b) Етиб бориш жойигача бўлган қатнов юкли, қайтиш эса бўш ҳолда бўлган ташишларни.

с) Етиб бориш жойигача бўлган қатнов - бўш, қайтиш эса транспорт воситаси рўйхатга олинмаган мамлакатдаги жойдан ўтирган йўловчиларни ташишларни, бунда йўловчилар:

(1) олиб-кетиладиган Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига етиб келишларидан аввал тузилган ташиш бўйича контрактларга мувофиқ, уюштирилган гуруҳлардан иборат бўлса; ёки

(2) ушбу модда 2-бандининг "b" кичик бандидаги шартларга мувофиқ ва ташишларни амалга ошираётган корхона жойлашган мамлакат ҳудудига қайта олиб кетиш шарти билан, ўша ташувчининг ўзи томонидан етказиб келинган бўлса;

(3) ташишларни амалга ошираётган корхона жойлашган мамлакат ҳудудида саёҳат қилишга таклиф этилган бўлиб, таклифномани юборган шахс транспорт хизматлари учун ҳақни тўлаган бўлса.



В. Бозорга кириб бориш


5-модда


1. 4-модданинг 5 "а" бандида санаб ўтилган тасодифий ташишлар транспорт воситаси рўйхатга олинмаган Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида ташишларни амалга ошириш учун ҳар қандай рухсатнома олиш заруратидан озод қилиниши керак.


2. Тасодифий ташишлар назорат ҳужжати доирасида амалга оширилиши керак.


3. Йўл варақаси назорат ҳужжати ҳисобланади, унда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

а) ташишлар тури;

b) асосий қатнов;

с) жалб этилган ташувчи(лар);

d) йўловчиларнинг тўлиқ рўйхати.


4. Йўл варақалари дафтари транспорт воситаси рўйхатга олинган Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли маъмурлари ёки бу маъмурлар тайинлаган органлар тарафидан таъминланади.


5. 4-модданинг 5-бандида кўрсатилган тасодифий ташишлар транспорт воситаси рўйхатга олинмаган Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида ташишларни амалга ошириш учун ҳар қандай рухсатнома олиш заруратидан озод қилинади.

4-модда 5 "с" (1) бандида кўрсатилган ҳолларда ташишлар учун контрактнинг нусхаси бўлиши керак.

4-модда 5 "с" (2) бандида кўрсатилган ҳолларда етиб бориш жойига юкли боришда ва қайтиш йўналишида бўш келишда тегишли ҳужжат бўлиши талаб қилинади.


6. Транзит ташишлар бўйича мунтазам қатновлар бир Аҳдлашувчи Томон ваколатли маъмурларининг барча зарур ҳужжатлар илова этилгани ҳолда ёзма равишда қилган мурожаати асосида ҳудудидан транзит ўтадиган Аҳдлашувчи Томон ваколатли маъмурлари берадиган рухсатнома асосида амалга оширилади. Рухсатноманинг амал қилиш муддати бир йилдан кам бўлмаслиги ва бепул берилиши керак.


7. Бошқа Аҳдлашувчи Томонда рўйхатга олинган транспорт воситасида амалга оширилаётган тасодифий ташишларда транзит ҳеч қандай рухсатномасиз амалга оширилади.


8. Транзит ташишларда қатнов давомида ҳеч бир йўловчи чиқариб олинмаслиги ёки туширилмаслиги керак, бундан Аҳдлашувчи Томонларнинг 13-моддада кўрсатиб ўтиладиган Қўшма Комиссиясида бошқача тарзда қарор чиқарилганлиги ҳолатлари бундан мустасно.


9. Ишдан чиққан автобусни алмаштириш учун, шунингдек бўш транспорт воситаларини ташишда, агар улар 3-моддада кўрсатиб ўтилган ташувларни амалга ошираётган бўлса, рухсатнома талаб қилинмайди.


10. Йўловчиларни ўз ҳисобидан ташиш амалга оширилаётган бўлса, Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли маъмурлари томонидан бериладиган рухсатнома керак бўлади.



6-модда


1. Мунтазам ва мокисимон қатновлар рухсатномалар бўйича амалга оширилади.


2. Рухсатномалар транспорт корхонаси номига берилади. Мазкур транспорт корхонаси уларни бошқа учинчи томонга бериши мумкин эмас. Бироқ рухсат олган ташувчи субпудратчи орқали ташишларни амалга ошириши мумкин, агар бу ҳудудида субпудратчи таъсис этилган Аҳдлашувчи Томон давлатининг қонунлари билан кўзда тутилган бўлса.


3. Мунтазам ва мокисимон қатновлар учун бериладиган рухсатномаларнинг амал қилиш муддати бир йилдан кам бўлмаслиги керак.


4. Рухсатномаларда қуйидагилар аниқ белгиланган бўлиши лозим:

а) ташишлар тури;

b) рухсатноманинг амал қилиш муддати;

с) жўнаш ва етиб бориш пунктлари, шунингдек кесиб ўтиладиган чегара пунктлари аниқ кўрсатилган ташишлар қатнови.

Рухсатномага Қўшма Комиссия томонидан белгиланадиган зарур қўшимча ҳужжатлар илова қилинади.

Мазкур ҳужжатлар тасдиқланади ва уларнинг амал қилиши уларни берган ваколатли орган томонидан тасдиқлаб берилади.


5. Рухсатнома олиш учун ариза ҳудудида транспорт воситаси рўйхатга олинган Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли маъмурларига берилади. Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли маъмурлари ўзаро келишган ҳолда, қатновнинг ўз давлатлари ҳудудидан ўтадиган қисмига рухсатнома берадилар.


6. Ариза икки нусхада ёзилиб, унда миллий қонунларга кўра талаб этиладиган маълумотлар билан бирга автобус бекатлари ва оралиқ масофа аниқ кўрсатилган йўл тарҳи бўлиши керак. Ваколатли органлар ташувчилардан ишга дахлдор ва зарур бўлган ҳар қандай маълумотларни талаб қилишга ҳақли.


7. Қатнов давомида рухсатноманинг уни берган ташкилот томонидан тасдиқланган нусхаси ёки аслияти транспорт воситасида мавжуд бўлиши керак.


8. Ушбу Битимнинг 13-моддасида кўрсатиб ўтилган Қўшма Комиссия рухсатномалар нусхасини тасдиқлайди ва уларни ўзгартиришга ҳақли бўлади.



7-модда


Иккала Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли маъмурлари барча зарур иловалари билан алоҳида рухсатномаларни алмашганларидан кейин мунтазам ташишларга ижозат берилади ва шундан сўнг ташишларни бошлаш мумкин.



8-модда


Ҳар бир тақвимий йилнинг дастлабки уч ойи ичида ташувчилар ўз мамлакатларининг ваколатли маъмурларига ўтган йил юзасидан қуйидаги маълумотларни тақдим этишлари керак:

а) қатновлар миқдори ва километраж;

b) йўловчилар миқдори.

Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли маъмурлари мазкур маълумотларни алмашишлари керак.



II. ЮКЛАРНИ ТАШИШ


9-модда


1. Аҳдлашувчи Томонлардан бири давлатининг ҳудудида рўйхатга олинган ташувчиларга бошқа Аҳдлашувчи Томон ваколатли маъмурлари томонидан берилган рухсатномалардан фойдаланиб Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари орасида (икки томонлама ташишлар), шунингдек уларнинг ҳудудлари орқали бошқа мамлакатларга (транзит ташишлар) юкларни ёлланиш асосида ёки ҳақ эвазига халқаро ташишни амалга оширишга рухсат берилади.


2. Ушбу модданинг 1-бандида кўзда тутилган рухсатномалар миқдори чекланмайди.


3. Юкларни автомобилларда ташишда Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ташувчилари иккинчи Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидан учинчи мамлакатга (уч томонлама ташиш) йўл олаётганида давлатидан жўнаб кетилаётган ёки давлатига кириб келинаётган Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли маъмурлари томонидан махсус рухсатнома берилиши керак. Бундай махсус рухсатномалар кимнинг номига ёзилган бўлса, фақат ўша ташувчи томонидан фойдаланилиши ва ҳеч кимга бериб юборилмаслиги керак. Бундай хилдаги рухсатномаларни бериш мумкинлиги, шунингдек уларнинг миқдори ушбу Битимнинг 13-моддасида эслатиб ўтилган Қўшма Комиссия томонидан белгиланади.



10-модда


9-моддада тилга олинган рухсатномаларнинг тури Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли маъмурлари тарафидан бевосита ёки ушбу Битимнинг 13-моддасида эслатиб ўтилган Қўшма Комиссия хулосаси асосида белгиланиши керак.



11-модда


1. Ушбу Битим 9-моддасининг 1-бандига асосан, иккала Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли маъмурлари ҳар йили дипломатик каналлар орқали ёки ушбу Битимнинг 13-моддасига биноан иш юритадиган Қўшма Комиссия томонидан белгиланган процедурага мувофиқ сўраб олинадиган рухсатномаларни алмашадилар.


2. Ушбу Битим амал қила бошлаган дастлабки вақтларда, айнан эса 13-моддада кўрсатилган Қўшма Комиссия аъзоларининг биринчи учрашувига қадар иккала Аҳдлашувчи Томон дипломатик каналлар орқали уларнинг ваколатли маъмурларини хабардор қилган ҳолда юкларни икки томонлама ва транзит ташилишларни амалга оширишга аҳдлашиб оладилар.



12-модда


1. Қуйидаги ҳолларда рухсатнома талаб қилинмайди:

а) самолёт ҳалокатга ёки ҳар қандай тарздаги аварияга учраган, ё йўлини ўзгартирганлиги сабабли қўниши шарт бўлган, ёки фавқулодда ҳодиса, ёхуд учиш бекор қилинган ҳолларда нарсаларни давлат аэропортидан ёинки давлат аэропортига ташишда;

b) ишдан чиққан транспорт воситаси ва унинг тиркамасини ташишда;

с) ўлик кўмишга бораётганларни ташишда;

d) махсус транспорт воситаларида кўчаётиб, шахсий буюмларни ташишда;

е) почтани ташишда;

f ) ярмарка ва кўргазмалар учун юк ташишда;

g) театрлар, мусиқавий ва бошқа маданий тадбирлар, цирк томошалари ва кинокўрсатувлар, радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар учун декорациялар ва бошқа юкларни ташишда;

h) табиат ҳодисаларидан келиб чиққан офатлардан жабр чекканларга ёрдам учун дори-дармонларни ва бошқа нарсаларни ташишда;

i) аварияга учраган автомобиллар таший олмайдиган юкларни олиш учун бўш транспорт воситалари киритилганда;

j) аварияга учраган автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ёки уларни таъмирлаш учун транспорт воситалари киритилганда (автомобилларга хизмат ва уларни таъмирлаш);

к) бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида ишдан чиққан транспорт воситасини алмаштириш мақсадида бошқа транспорт воситаси киритилганда;

l) ўлган жониворларни ташишда, улардан хом ашё сифатида фойдаланиш ҳоллари бундан мустасно;

m) асалари ини ва балиқ чавоқларини ташишда;

n) гуллар ва бошқа манзарали ўсимликларни ташишда;

o) маориф ва реклама мақсадларида ишлатиладиган юкларни ташишда.


2. Ушбу моддада кўрсатилган ташишларни амалга ошириш учун ҳайдовчи эслатиб ўтилган ҳоллардан биттасини аниқ кўрсатадиган ҳамма ҳужжатларга эга бўлиши керак.


3. 13-моддада эслатиб ўтилган Қўшма Комиссия ушбу моддада кўрсатилган рўйхатига қўшимчалар киритишга ваколатдир.



III. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


13-модда


1. Ушбу Битимни амалга ошириш ва қўллаш натижасида юзага келадиган барча масалаларни ҳал қилиш мақсадида Қўшма Комиссия тузилади.


2. Бу Комиссия икки Аҳдлашувчи Томон вакилларидан иборат бўлиб, улар ўз йиғилишларига автомобиль транспорти саноати вакилларини таклиф этишлари ҳам мумкин.


3. Қўшма Комиссия йилига бир марта, ёки Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг илтимосига кўра, лозим топилган вақтда, навбати билан Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг мамлакатида ўтказилади. Кун тартиби қабул қилувчи, ёки сўровномага кўра сўровчи Аҳдлашувчи Томон тарафидан йиғилишдан камида икки ҳафта илгари тақдим этилади.


4. Ҳар бир йиғилиш якунида Протокол қабул қилинади ва уни иккала Аҳдлашувчи Томон делегацияларининг раҳбарлари имзолайдилар.


5. Қўшма Комиссия ўз иш тартибини, маълумотлар ва бошқа зарур ҳужжатларни алмашиш йўлларини белгилайди.



14-модда


Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларига ушбу Битим қоидаларини бажаришга алоқадор масалаларни ҳал этиш учун қуйидагилар ваколатли маъмур этиб тайинланганлигини билдирадилар;

- Ўзбекистон Республикаси учун, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги,

- Греция Республикаси учун, Транспорт ва коммуникация вазирлиги.



15-модда


1. Аҳдлашувчи Томонлар уларнинг бирида рўйхатга олинган транспорт воситаларида Аҳдлашувчи Томонларнинг давлатлари ҳудудига олиб кириладиган қуйидаги материаллар барча солиқлар, божхона божлари ва бошқа йиғимлардан озод қилинади, деб аҳдлашиб олдилар:

а) транспорт воситасининг стандарт идишларида мавжуд бўлган ёнилғи;

b) ташиш давомида ишлатишга етарли миқдордаги мойлаш материаллари;

с) ташишни бажараётган транспорт воситасининг эҳтиёт қисмлари ва асбоб-ускуналар.


2. Ишлатилмаган эҳтиёт қисмлар қайтариб олиб чиқилиши, алмаштирилган эҳтиёт қисмлар эса мамлакатдан олиб чиқилиши ё йўқотилиши ёки тегишли мамлакат ҳудудида белгиланган тартибда топширилиши керак.


3. Ушбу Битимга мувофиқ ташишларни амалга ошираётган транспорт воситалари қуйидаги ҳоллардан ташқари ҳамма вазиятларда барча солиқ ва йиғимларни тўлашдан озод этилади:

а) Аҳдлашувчи Томонларнинг ташувчилари орасида бирон-бир хилда камситиш юзага чиқарилмагани ҳолда пуллик йўллар, кўприклар ва кўчалардан фойдаланганлик учун;

b) ўлчамлари катта юкларни ташиш учун махсус рухсатномадан фойдаланганлик учун.



16-модда


Бир Аҳдлашувчи Томоннинг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида турган ташувчилари ва улар транспорт воситаларининг экипажлари шу Аҳдлашувчи Томоннинг миллий қонунларига амал қилишга мажбур.



17-модда. Суғурта


Аҳдлашувчи Томонларнинг халқаро ташишларни амалга оширувчи транспорт воситалари транзит мамлакатларида ва етиб бориш мамлакатида суғурта қилинган бўлиши керак.



18-модда. Каботаж


Йўловчилар ва юкларни транспорт воситаларида каботаж ташишларга йўл қўйилмайди.



19-модда. Божхона ва санитария назорати


Аҳдлашувчи Томонлар қатнашган халқаро конвенцияларнинг қоидалари Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг чегараларидаги божхона пунктларида амалга ошириладиган божхона ва санитария назоратига ҳам қўлланади.

Мазкур назорат, имкониятга қараб, биринчи галда беморлар, жониворлар ва тез бузиладиган товарлар ташилаётганда амалга оширилади.



20-модда. Транспорт воситаларини

техникавий назоратдан ўтказиш


1. Бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида икки томонлама ва транзит ташишларни амалга оширадиган Аҳдлашувчи Томоннинг ҳар қандай транспорт воситасига давлат органи транспорт воситасининг техникавий ҳолати ҳақида амалда бўлган ҳужжат бериши керак.


2. Ўз давлат ҳудудида ташишлар амалга оширилаётган Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли маъмурлари бошқа Аҳдлашувчи Томон транспорт воситаларининг техникавий кўрикдан ўтишини сўрашлари мумкин.


3. Транспорт воситаларининг оғирлиги ва ўлчамлари борасида Аҳдлашувчи Томонлар бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг транспорт воситаларига ўз давлатлари ҳудудида рўйхатга олинган транспорт воситаларига татбиқ этиладиганидан камроқ бўлган қулай режимни татбиқ этмаслик мажбуриятини оладилар.


4. Аҳдлашувчи Томонлардан бирига қарашли юкли ёки бўш транспорт воситасининг оғирлиги ёки ўлчамлари бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати миллий қонунларига мувофиқ унинг ҳудудида белгилаб қўйилган мавжуд чеклардан ортиқ бўлса, ташувчи бу Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли маъмурларидан махсус рухсатнома олиши керак.


5. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида икки томонлама ва транзит ташишларни амалга ошириб, хавфли юкларни ташиётган ҳар қандай транспорт воситаси ўша Аҳдлашувчи Томоннинг миллий қонунларида кўзда тутилган барча ҳужжатларга эга бўлиши керак.



21-модда


Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонларнинг бошқа халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.



22-модда


Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро равишда, бир-бирлари томонидан бериладиган ва юкларни, йўловчилар ҳамда багажларни ташишда фойдаланиладиган транспорт воситаларининг тоифасига мувофиқ бўлган, Йўл ҳаракати тўғрисида 1968 йилда имзоланган конвенция талабларига тўғри келадиган ҳайдовчилик гувоҳномаларини тан оладилар.



23-модда


Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро равишда бир-бирлари тарафидан бериладиган, Йўл ҳаракати тўғрисида 1968 йилда имзоланган конвенция талабларига тўғри келадиган транспорт воситаларининг техник ҳолати тўғрисидаги гувоҳномаларни тан оладилар.

Аҳдлашувчи Томонлар мунтазам равишда ўз транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиб туриш мажбуриятини оладилар.



24-модда


1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонларнинг уни кучга киритиш учун зарур давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида охирги билдиришнома олинган санадан ўттиз (30) кун ўтгач кучга киради.


2. Ушбу Битим бир йил давомида амалда бўлади ва агар Аҳдлашувчи Томонлардан биронтаси иккинчи Аҳдлашувчи Томонни ўзининг ушбу Битим фаолиятига барҳам бериш нияти тўғрисида тегишли муддат тугашидан камида олти ой илгари ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг фаолияти ўз-ўзидан кейинги бир йиллик даврларга узаяди.


3. Аҳдлашувчи Томонларнинг келишувига биноан ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 1999 йил 2 мартда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, грек ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.

Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага чиқса, инглиз тилидаги матн устувор бўлади.

Юқоридагиларни тасдиқлаб, лозим тартибда ваколат берилганлар ушбу Битимни имзоладилар.


(имзолар)










































Время: 0.0069
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск