язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.10.2016 й. ПФ-4853-сон "Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

26.10.2016 й.

N ПФ-4853



ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАР ФАОЛИЯТИНИ

ФАОЛЛАШТИРИШ ВА КЕНГАЙТИРИШГА ДОИР

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда юқори технологияли янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, ҳудудларни рақобатдош ва экспортга йўналтирилган замонавий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга янада фаол жалб қилиш, ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт, ижтимоий инфратузилма ва логистика хизматларини жадал ривожлантиришни таъминлаш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни кенгайтиришнинг энг муҳим омили сифатида эркин иқтисодий зоналарни изчил ривожлантириш борасида янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонаси, "Ангрен" ва "Жиззах" махсус индустриал зоналари номини бирхиллаштириш мақсадида уларни "Навоий", "Ангрен" ва "Жиззах" эркин иқтисодий зоналар деб аташ тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар "Навоий", "Ангрен" ва "Жиззах" эркин иқтисодий зоналари (кейинги ўринда - эркин иқтисодий зоналар) фаолиятини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

хорижий инвесторларга мамлакатимиз иқтисодиётининг реал секторларига инвестиция киритиши учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида эркин иқтисодий зоналар учун ягона ҳуқуқий режимни белгилаш, солиқ ва божхона имтиёзлари, преференцияларни бирхиллаштириш;

маҳаллий минерал-хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлайдиган ва юқори қўшимча қийматга эга рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган юқори технологияли ва маҳаллийлаштириладиган замонавий корхоналарни ташкил қилиш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни, авваламбор, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, эркин иқтисодий зоналарнинг муайян соҳага ихтисослашувини қўллаб-қувватлаш ва уларда саноат кооперациясини ривожлантириш;

эркин иқтисодий зоналарда "ягона дарча" тамойили асосида барча турдаги давлат хизматларини кўрсатишга, жумладан, рухсат бериш тартиб-таомилларига босқичма-босқич ўтиш;

ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш, шунингдек, сифатли логистика хизматлари кўрсатиш бўйича замонавий инфратузилмани шакллантириш;

олий, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида эркин иқтисодий зоналарнинг соҳа кадрларига бўлган ҳозирги ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уларнинг эркин иқтисодий зоналарда жойлашган корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташини назарда тутган ҳолда, юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни ташкил этиш.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 сентябрдаги Р-4351-сонли фармойишига мувофиқ ташкил этилган Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни таҳлил қилиш ва ишлаб чиқиш комиссиясининг эркин иқтисодий зоналар ҳудудида амалда қўлланилаётган солиқ ва божхона режимларини бирхиллаштириш ҳамда ушбу зоналар иштирокчиларининг қуйидагилардан:

ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармаси ва бюджетдан ташқари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмаларидан;

мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича четдан келтириладиган қурилиш материалларини божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно);

ўзининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун четдан келтириладиган асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмларни божхона тўловларидан озод этиш (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Белгилансинки, мазкур бандда қайд этилган божхона имтиёзлари қўлланган ҳолда олиб келинган ускуналар, хом ашё, материал ва бутловчи буюмлар сотилган ёки беғараз берилган ҳолларда, улар олиб келинган пайтдан бошлаб уч йил давомида божхона тўловлари қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда ундирилади.

4. Белгилаб қўйилсинки, Фармоннинг 3-бандида кўзда тутилган имтиёзлар киритилган инвестициялар ҳажмига қараб 3 йилдан 10 йил муддатгача, жумладан:

300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар - 3 йил муддатга;

3 миллион АҚШ долларидан 5 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар - 5 йил муддатга;

5 миллион АҚШ долларидан 10 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар - 7 йил муддатга;

10 миллион ва ундан кўп АҚШ доллари ҳажмидаги инвестициялар сўнгги 5 йилда амалдаги ставкалардан 50 фоиз кам ҳажмдаги даромад солиғи ва ягона солиқ тўлови ставкалари қўлланган ҳолда - 10 йил муддатга берилади.

5. "Ангрен" ва "Жиззах" эркин иқтисодий зоналари иштирокчилари учун шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари:

эркин иқтисодий зоналар фаолияти давомида экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган хом ашё, материал ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади;

эркин иқтисодий зоналар доирасида иштирокчилар ўртасида тузилган шартномаларга мувофиқ хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш ва тўлаш;

Ўзбекистон Республикасининг бошқа хўжалик юритувчи субъектлари - резидентлари томонидан етказиб берилган товарлар, ишлар (хизматлар) учун хорижий валютада тўлаш, шунингдек, экспорт ва импорт қилинадиган товарлар учун ўзларига қулай бўлган тўлаш ҳамда ҳисоб-китоб қилиш шарт ва шаклларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

6.

Қуйидагилар эркин иқтисодий зоналар Маъмурий кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва давлат томонидан тартибга солиш;

корхона ва ташкилотларга - эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари мақомини бериш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари бўлган хўжалик субъектларига эркин иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш учун истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича комплекс хизматлар кўрсатиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, молиялаштириш манбаларини белгилаш, мустаҳкам кооперация алоқаларини йўлга қўйиш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспортга йўналтиришга кўмаклашиш;

эркин иқтисодий зоналарда лойиҳаларни амалга оширишга масъул вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмаларининг лойиҳа, тендер ҳамда шартнома ҳужжатларини ўз вақтида тайёрлаш ва уларни экспертизадан ўтказиш, шунингдек, жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг эркин иқтисодий зоналар фаолияти билан боғлиқ масалаларга оид ишларини мувофиқлаштириш;

эркин иқтисодий зоналарда объектлар қуриш ва уларни ўз вақтида фойдаланишга топширишга доир тасдиқланган инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилишини тизимли асосда назорат қилиш;

эркин иқтисодий зоналарда транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш дастур ва лойиҳаларини ишлаб чиқишни ташкил этиш;

эркин иқтисодий зоналарнинг самарали фаолият кўрсатишини ташкил этиш, эркин иқтисодий зоналар дирекцияларини шакллантириш ва улар фаолияти устидан назорат қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.


7. Эркин иқтисодий зоналар Маъмурий кенгашига:

эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларига фаолият кўрсатмаётган корхоналар ва давлат тасарруфида бўлган мулкларни инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан "ноль" қийматда сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

эркин иқтисодий зоналарнинг хизматлар кўрсатиш ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тушумлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда, улар фойдаланаётган ва бошқарувидаги ерлар, бино ва иншоотларни ижарага беришдан тушадиган тушумлар ҳисобидан шакллантириладиган ўз бюджетларини ташкил қилиш;

ушбу бюджетлар доирасида эркин иқтисодий зоналар инфратузилмасини ривожлантириш ва фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган Эркин иқтисодий зоналар жамғармаларини ташкил этиш ҳуқуқлари берилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, акциядорлик компаниялари ва уюшмалар билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

эркин иқтисодий зоналар Маъмурий кенгаши тўғрисидаги низомни;

"Навоий", "Ангрен" ва "Жиззах" эркин иқтисодий зоналари фаолиятини янада такомиллаштириш ва кенгайтириш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини ва ушбу зоналарни ривожлантиришнинг бошқа масалаларига тааллуқли аниқ тадбирлар кўзда тутилган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш учун тақдим этсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқувчи ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси

Президенти вазифасини бажарувчи                            Ш. Мирзиёев



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Халқ сўзи", 2016 йил 28 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 31 октябрь, 43-сон, 498-модда