язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар/ "Ангрен" махсус индустриал зонасининг Маъмурий кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.05.2012 й. 146-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 29 майдаги

146-сон қарорига

2-ИЛОВА


"Ангрен" махсус индустриал зонасининг

Маъмурий кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ангрен" махсус индустриал зонасининг Маъмурий кенгаши (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) фаолият кўрсатиши тартибини белгилайди.


2. Маъмурий кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари вакилларидан ташкил этиладиган коллегиал орган ҳисобланади.


3. Маъмурий кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.

Маъмурий кенгашнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, шунингдек уларда фаолият кўрсатувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.



II. МАЪМУРИЙ КЕНГАШНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Қуйидагилар Маъмурий кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

"Ангрен" махсус индустриал зонаси (кейинги ўринларда "Ангрен" МИЗ деб аталади) қатнашчилари бўлган хўжалик юритувчи субъектларга МИЗ ҳудудида амалга ошириш учун истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, хорижий инвесторларни жалб этиш, молиялаштириш манбаларини белгилаш бўйича ишларнинг бутун комплексини амалга оширишда кўмаклашиш;

корхоналарга "Ангрен" МИЗ қатнашчиси мақомини бериш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

"Ангрен" МИЗда лойиҳаларнинг амалга оширилиши учун масъул бўлган вазирликлар ва идоралар, хўжалик бирлашмаларининг лойиҳа, тендер ва контракт ҳужжатларини ўз вақтида тайёрлаш ҳамда уларни экспертизадан ўтказиш бўйича ишларини, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг "Ангрен" МИЗнинг фаолият кўрсатиши билан боғлиқ масалалар бўйича ишларини мувофиқлаштириш;

ишламаётган корхоналарни ва давлат мулкида бўлган мол-мулкларни нолга тенг харид қиймати бўйича "Ангрен" МИЗ қатнашчиларига сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

"Ангрен" МИЗда объектларни қуриш ва ўз вақтида ишга тушириш бўйича тасдиқланган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини тизимли асосда назорат қилиш;

"Ангрен" МИЗнинг транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

"Ангрен" МИЗда фаолиятни амалга ошираётган корхоналарнинг ишлаб чиқариш ва молиявий кўрсаткичлари доимий мониторингини ташкил этиш, уларга инвестиция лойиҳаларида назарда тутилган параметрларга эришишда, ишлаб чиқариш қувватларини энг тўлиқ даражада иш билан таъминлашда, барқарор кооперация алоқаларини йўлга қўйишда ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилишда кўмаклашиш;

"Ангрен" МИЗнинг самарали фаолият кўрсатишини ташкил этиш, "Ангрен" МИЗ дирекциясини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш ва "Ангрен" МИЗ дирекциясининг фаолиятини назорат қилиш;

"Ангрен" МИЗ фаолияти самарадорлигини оширишга йўналтирилган бошқа вазифалар.



III. МАЪМУРИЙ КЕНГАШНИНГ

ФУНКЦИЯЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ


5. Юкланган вазифаларга мувофиқ Маъмурий кенгаш қуйидаги функцияларни амалга оширади:

"Ангрен" МИЗни ўртача муддатли ва узоқ муддатли ривожлантириш ҳамда унинг фаолият кўрсатиши самарадорлигини оширишнинг стратегик йўналишлари бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

"Ангрен" МИЗ ҳудудида амалга ошириш учун инвесторларни топиш ва танлашни амалга оширади, "Ангрен" МИЗ қатнашчиси мақомини олишга буюртманомаларни ва лойиҳаларнинг бизнес-режаларини кўриб чиқади, инвестициялаш тўғрисидаги битимларнинг асосий шартларини белгилайди;

"Ангрен" МИЗ ҳудудида белгиланган мезонларга мувофиқ бўлган корхоналарни жойлаштириш, уларга "Ангрен" МИЗ қатнашчиси мақомини бериш, шунингдек ишламаётган корхоналарни ва давлат мулки бўлган мол-мулкларни нолга тенг харид қиймати бўйича "Ангрен" МИЗ қатнашчиларига сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

"Ангрен" МИЗни ривожлантиришнинг Бош режасини кўриб чиқади ва "Ангрен" МИЗнинг марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган ишлаб чиқариш инфратузилмасини қуриш лойиҳаларини тасдиқлайди;

"Ангрен" МИЗ дирекцияси фаолиятига раҳбарлик қилади ва унинг фаолияти юзасидан назоратни амалга оширади, "Ангрен" МИЗ дирекцияси директорини тайинлайди, "Ангрен" МИЗ дирекцияси иш режасини тасдиқлайди, шунингдек "Ангрен" МИЗнинг мустақил бюджети ва "Ангрен" МИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади;

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг "Ангрен" МИЗнинг фаолият кўрсатиши билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширади;

"Ангрен" МИЗнинг ишлаб чиқариш ва транспорт инфратузилмасини, шунингдек "Ангрен" МИЗ ҳудудида жойлашган ижтимоий инфратузилма объектларини жадал ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича дастурлар ишлаб чиқади ва таклифлар киритади;

"Ангрен" МИЗ ҳудудида лойиҳаларнинг амалга оширилиши юзасидан доимий мониторинг олиб боради, "Ангрен" МИЗ дирекциясининг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чоракда эшитади, вужудга келадиган муаммоли масалаларни ҳал этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

қабул қилинган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, инвестициялаш тўғрисидаги битимларни муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади;

"Ангрен" МИЗни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни, "Ангрен" МИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланишнинг ҳар йилги сметасини тасдиқлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.


6. Маъмурий кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун:

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралардан, хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, Маъмурий кенгаш қатнашчиларидан Маъмурий кенгашнинг ваколатига тегишли бўлган ахборотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

"Ангрен" МИЗ қатнашчиларининг инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини, берилган имтиёзлар ва преференцияларнинг қатнашчилар томонидан қўлланишининг тўғрилигини, шу жумладан, жойига борган ҳолда ўрганишни ташкил этиш;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларининг, шунингдек Маъмурий кенгаш аъзоларининг Маъмурий кенгаш ваколатига тегишли масалалар бўйича ҳисоботлари ва маърузаларини мажлисларда эшитиш;

Маъмурий кенгаш фаолиятининг энг муҳим масалалари ва унга юкланган вазифаларни амалга ошириш бўйича таклифларни ўрганиш ва тайёрлаш учун ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралардан, хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, шунингдек "Ангрен" МИЗ ҳудудида ишлаб чиқаришни жойлаштириш учун инвестиция буюртманомалари берадиган инвесторлардан таклиф этилаётган лойиҳа билан боғлиқ статистик ва бошқа маълумотларни сўраш ҳуқуқига эга.

Маъмурий кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



IV. МАЪМУРИЙ КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Маъмурий кенгашга раис бошчилик қилади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:

Маъмурий кенгаш мажлислари кун тартибини белгилаш ва уларни чақириш;

Маъмурий кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши назорат қилинишини ташкил этиш;

Маъмурий кенгаш аъзоларининг юкланган вазифалар бўйича ишларини мувофиқлаштириш;

Маъмурий кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш юзасидан бошқа саъй-ҳаракатларни бажариш.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Маъмурий кенгашнинг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) ҳисобланади.


9. Маъмурий кенгашнинг ишчи органи:

Маъмурий кенгашнинг навбатдаги мажлисига барча зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ҳамда унга "Ангрен" МИЗ дирекциясидан, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралардан, хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ва Маъмурий кенгаш аъзоларидан зарур материаллар ва эксперт хулосаларни олиш ҳуқуқи берилади;

кун тартибидаги масалалар бўйича таҳлилий материаллар тайёрланишини ташкил этади ва кўриб чиқиш учун уларни Маъмурий кенгашга тақдим этади;

Маъмурий кенгашнинг қарорларига мувофиқ бошқа материалларни Маъмурий кенгашнинг кўриб чиқиши учун тақдим этади.


10. Маъмурий кенгаш ўз мажлисини заруриятга кўра, бироқ йил чорагида камида бир марта ўтказади.


11. Мажлисни Маъмурий кенгаш раиси, у бўлмаганда эса - Маъмурий кенгаш раисининг ўринбосари ўтказади.

Маъмурий кенгаш мажлиси, агар рўйхатдан ўтказиш тамом бўлиш пайтида мажлисда қатнашиш учун Маъмурий кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми рўйхатдан ўтган бўлса, ҳуқуқий ваколатли бўлади (кворумга эга бўлади).


12. Маъмурий кенгашнинг қарори мажлисда қатнашаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Маъмурий кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Маъмурий кенгашнинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўз фикрини ёзма ифодалаш ҳуқуқига эга.

Маъмурий кенгаш раиси қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида комиссия аъзолари билан келишилган айрим масалалар бўйича сўров ўтказиш йўли билан кенгашнинг қарорини тасдиқлаши мумкин.


13. Маъмурий кенгаш қарорлари Маъмурий кенгаш мажлисининг протоколи билан расмийлаштирилади. Маъмурий кенгаш мажлисининг протоколига унинг барча аъзолари виза қўяди, у котиб томонидан имзоланади, Маъмурий кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Маъмурий кенгаш аъзоларига ҳамда манфаатдор ташкилотларга юборилади.

Маъмурий кенгаш протоколининг асл нусхаси ва унга оид материаллар ишчи органда сақланади.


14. Маъмурий кенгаш қарорларининг бажарилишини назорат қилиш ишчи орган томонидан амалга оширилади.


15. Ишчи орган Маъмурий кенгаш қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда ўрганади ва кўриб чиқади, зарурият бўлса, Маъмурий кенгаш раисига тегишли таклифлар киритади.


16. Маъмурий кенгаш аъзоларидан бирининг ташаббуси билан навбатдан ташқари мажлис ўтказилиши мумкин. Маъмурий кенгашнинг навбатдан ташқари мажлисини ўтказиш тўғрисидаги асосланган талаб ёзма шаклда ишчи органга юборилади.


17. Навбатдаги мажлисда кўриб чиқиш учун Маъмурий кенгаш кун тартибига киритилган масалалар ишчи орган томонидан мажлис ўтказилишидан олдин беш кундан кечикмай Маъмурий кенгашнинг ҳар бир аъзосига юборилади.


18. Кун тартиби ўзгарган тақдирда ишчи орган Маъмурий кенгашнинг ҳар бир аъзосини мажлис бошланишидан олдин уч кундан кечикмай бундай ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилади.


19. Маъмурий кенгаш ўз фаолиятини "Ангрен" МИЗ тугатилгандан кейин белгиланган тартибда ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарори билан муддатидан олдин тўхтатади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 22-сон, 243-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2012 йил, 5-сон, 35-модда