ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ёқилғи-энергетика комплекси / Электр энергетикаси. Иссиқлик энергетикаси /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.05.2017 й. ПҚ-2947-сон "2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚAРОРИ
02.05.2017 й.
N ПҚ-2947
2017-2021 ЙИЛЛАРДА ГИДРОЭНЕРГЕТИКАНИ
ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ
ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА
Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни изчил ошириш, шу асосда янги экологик тоза ишлаб чиқиш қувватларини ташкил этиш, замонавий технологиялардан фойдаланиш негизида амалдаги гидроэлектростанцияларни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, илғор хорижий тажрибани изчил ўзлаштиришни ҳисобга олган сув ресурсларини самарали бошқариш, шунингдек, энергетика ресурсларининг мутаносиблигини ошириш ва шу асосида корхоналар ва аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини янада тўлароқ қондиришни таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар республикамизда гидроэнергетикани янада ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари этиб белгилансин:
электроэнергетикада қайта тикланадиган экологик тоза энергия манбаларидан кенг фойдаланиш ҳисобига изчил янги қувватлар ташкил этиш ва амалдаги ишлаб чиқиш қувватларини модернизация қилиш;
йирик, ўрта, кичик ва микро гидроэлектростанцияларни лойиҳалаштириш ва қуриш соҳасида замонавий ва асосланган илмий-техник ечимларни татбиқ этиш, шу асосда республика энергетика баланси таркибида гидроэнергетика қувватларининг улушини кўпайтириш;
республикамизнинг сув салоҳиятига тежамкорлик билан муносабатда бўлишни ҳар томонлама таъминлаш, гидротехника иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланишда мавжуд флора ва фаунани сақлаш, шунингдек, сув ресурсларини самарали бошқариш;
трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасида қабул қилинган мажбуриятларни бажариш ва ратификация қилинган халқаро шартномаларга риоя этиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури маъқуллансин, дастур қуйидагиларни ўз ичига олади:
гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастурининг мақсадли кўрсаткичлари 1-иловага* мувофиқ;
республикамизнинг табиий сув оқимлари ва сув хўжаликлари объектларида "Ўзбекгидроэнерго" АЖ тизимидаги янги гидроэлектростанциялар қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳалари рўйхати 2-иловага* мувофиқ;
республикамизнинг табиий сув оқимлари ва сув хўжаликлари объектларида янги гидроэлектростанциялар қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилиш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳалари 3-иловага* мувофиқ.
"Ўзбекгидроэнерго" АЖ бошқа корхона ва ташкилотлар раҳбарлари - масъул ижрочиларга Дастурда назарда тутилган мақсадли кўрсаткичлар ва инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш ҳамда замонавий ресурс тежаш технологияларини татбиқ этишда илғор ютуқларни ҳисобга олган ҳолда, мақбул илмий-техник асосланган ечимлар ва қидирув ишлари негизида лойиҳалаш ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича ижро этувчи ва масъул орган вазифаси юклансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги "Ўзбекэнерго" АЖ, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда бир ой муддатда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тармоқ жадвалини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин, унда қуйидагилар:
мазкур қарорнинг 2- ва 3-иловаларига* мувофиқ, лойиҳа ҳужжатлари экспертизасини ишлаб чиқиш ва ўтказишнинг аниқ муддатлари, қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва қувватларни ишга тушириш қисмида белгиланган муддатда замонавий халқаро стандартлар ва талабларга жавоб берадиган илғор технологияларни танлаш бўйича ускуналарни етказиб берувчилар билан бевосита музокаралар ўтказиш;
4-иловага* мувофиқ, дастлабки техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш, республикамизнинг гидроэнергетика салоҳиятини янада ўзлаштиришга қаратилган объектларнинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини аниқлаш мақсадида лойиҳа олди техник ишланмалар ва муҳандислик қидирув ишларини олиб бориш назарда тутилсин.
4. "Ўзбекгидроэнерго" АЖ 2-иловага* киритилган янги гидроэлектростанцияларни қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳаларини тайёрлашни, бир босқичли тартибда техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш билан биргаликда, бевосита музокараларни олиб бориш, ускуналар ва бутловчи қисмларнинг халқаро эътироф этилган маҳсулот етказиб берувчилар билан шартномалар тузиш, шунингдек, белгиланган тартибда шартномаларни кейинчалик экспертизасидан ўтказишга рухсат берилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК мазкур қарорнинг 2-иловага* киритилган инвестиция лойиҳаларининг, етказиб берилаётган ускуналарнинг замонавий технологик талабларига, жумладан, дунё нархлари даражаси параметрларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан техник-иқтисодий асосларини пухта экспертизадан ўтказсин.
6. Маълумот учун қабул қилинсинки, "Ўзбекэнерго" АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, шунингдек, уларнинг 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастурига киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасидаги ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 майдаги "2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сиғимини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида" ПҚ-2343-сонли қарорнинг 5-банди жорий этилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 апрелдаги Ф-4891-сонли фармойиши билан ташкил этилган Товарлар (ишлар, хизматлар) ҳажми ва таркибини танқидий таҳлил қилиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштирилишини чуқурлаштириш бўйича Комиссия билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича, республикада ишлаб чиқарилмайдиган, мазкур қарор билан маъқулланган инвестиция лойиҳалари доирасида четдан олиб келинаётган асбоб-ускуналар, хом ашё ва материаллар, бутловчи қисмлар, технологик ҳужжатлар 2022 йилнинг 1 январигача божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод этилсин.
8. Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда мазкур қарорда назарда тутилган, гидроэлектростанциялар қурилишига ер участкаларини ўз вақтида ажратилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлиги минерал-хом ашё базани ривожлантириш ва такрор ишлаб чиқаришнинг ҳар йилги дастурини шакллантиришда ажратилаётган бюджет маблағлари ҳисобидан 2-иловада кўзда тутилган "Ўзбекгидроэнерго" АЖ томонидан янги гидроэлектростанцияларини қуриш доирасида Ўзбекистон Республикаси геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасига геология, геофизика, муҳандислик-геология, гидрогеология ва сейсмологик қидирув ишларини олиб бориш учун маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитасига Тошкент вилоятида "Ўзбекгидроэнерго" АЖнинг янги гидроэлектростанциялар қурилиши доирасида қидирув ишларини ўтказиш майдонларига кириб бориладиган йўллар ва кўприклар ўрнатиш ишларига асосли ҳисоб-китоблар бўйича маблағ ажратишни таъминласин.
11. 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастурини амалга ошириш даврида қуйидагилар белгилансин:
"Ўзбекгидроэнерго" АЖ гидроэлектростанцияларида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини сотишдан тушган маблағлар, фаолият кўрсатаётган гидроэлектростанцияларни сақлаб туриш харажатларини чегириб ташланган ҳолда қайта инвестициялаш йўли билан, 2-иловада* назарда тутилган янги гидроэлектростанциялар қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилишга йўналтирилади ва юридик шахсларнинг фойда солиғи солиқ базасидан чиқарилади;
"Ўзбекгидроэнерго" АЖ гидроэлектростанцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун ҳақ тўлаш қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олган ҳолда, истеъмолчи жисмоний шахслар учун пировард тарифнинг 85 фоизи миқдорида амалга оширилади.
12. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантиришда уларга мазкур қарорнинг 2- ва 3-иловаларида* назарда тутилган инвестиция лойиҳаларини белгиланган тартибда уларни молиялаштириш манбалари ва ҳажмини аниқлаштирган ҳолда киритсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов ва Бош вазир ўринбосари - қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2017 йил 5 июнь, 22-сон, 416-модда