Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Нодавлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.07.2017 й. 528-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 19 июлдаги

528-сон қарорига

2-ИЛОВА



Нодавлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг мақсади ва вазифаларини, унинг фаолиятини ташкил этиш, молиялаштириш ва нодавлат мактабгача таълим муассасасини бошқариш фаолиятини тартибга солади.


2. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


3. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси юридик шахс ҳисобланади ва ўз уставига, мустақил балансига, банк ҳисоб рақамларига, ўз номи кўрсатилган муҳрга эга бўлади.



2-БОБ. НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИНИНГ МАҚСАДИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ


4. Қуйидагилар нодавлат мактабгача таълим муассасасининг мақсади ҳисобланади:

мактабгача ёшдаги болаларни (кейинги ўринларда болалар деб аталади) ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш;

таълим-тарбия бериш орқали болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш;

болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш.


5. Қуйидагилар нодавлат мактабгача таълим муассасасининг вазифалари ҳисобланади:

таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш;

болаларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш ва соғлиғини мустаҳкамлаш;

бола шахсини соғлом ва етук, мактабда ўқишга тайёрланган тарзда шакллантириш;

боланинг интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланишини таъминлаш;

боланинг ривожланишидаги (нутқида, кўришида, эшитишида) енгил нуқсонларни коррекциялашни амалга ошириш;

болаларда халқимизнинг юксак маънавияти ва инсонпарварлик анъаналарига садоқат туйғуларини шакллантириш.



3-БОБ. НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


6. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси қонун ҳужжатларига мувофиқ муассаса шаклида ташкил этилади.

Давлат мактабгача таълим муассасасининг муассислари тоифасига кирмайдиган барча юридик ва жисмоний шахслар нодавлат мактабгача таълим муассасасининг муассислари бўлиши мумкин.


7. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда лицензия олган вақтдан бошлаб таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.


8. Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, нодавлат мактабгача таълим муассасасини аккредитация қилиш ваколатли давлат органи томонидан аттестация асосида амалга оширилади.


9. Нодавлат мактабгача таълим муассасасида таълим мазмуни мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талабларига асосан ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган ёки тавсия қилинган дастурлар билан белгиланади.

Муассаса ўз (муаллифлик) дастурларидан фойдаланишга ҳақлидир. Ушбу дастурларни тасдиқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.


10. Нодавлат мактабгача таълим муассасасининг иш тартиби ва болаларнинг муассасада бўлиш вақти муассаса устави ҳамда муассиснинг қарори билан белгиланади.

Нодавлат мактабгача таълим муассасасида 5 кунлик иш ҳафтаси учун, қоида тариқасида, қуйидаги иш тартиби жорий этилади:

12 соатли;

10,5 соатли;

9 соатли;

4 соатли.

Нодавлат мактабгача таълим муассасаси жойлашган ҳудудда яшайдиган аҳоли талабларидан келиб чиқиб, нодавлат мактабгача таълим муассасасида ёки унинг алоҳида гуруҳларида 6 кунлик иш ҳафтаси ҳам жорий этилиши мумкин.


11. Нодавлат мактабгача таълим муассасасида болаларнинг овқатланиши Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари асосида амалга оширилади.


12. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларига тиббий ёрдам кўрсатиш штатдаги ёки соғлиқни сақлаш органларининг шартнома асосида махсус бириктирилган тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.

Тиббиёт ходимлари нодавлат мактабгача таълим муассасаси ходимлари билан биргаликда болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ва жисмоний ривожланиши, даволаш-профилактика тадбирлари ўтказилиши, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига, овқатланиш режими ва сифатига риоя қилиниши учун жавоб берадилар. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш шартнома асосида амалга оширилади.


13. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида шартнома асосида ўз фаолиятини умумий ўрта таълим муассасалари билан биргаликда амалга ошириши мумкин.


14. Мактабгача таълимга қамраб олинмаган болаларни мактаб таълимига тайёрлаш, уларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш мақсадида нодавлат мактабгача таълим муассасаларида қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилади.

Нодавлат мактабгача таълим муассасаларида қисқа муддатли гуруҳлар учун 4 соатли иш тартиблари жорий этилади.


15. Нодавлат таълим муассасаларида қисқа муддатли гуруҳлар қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган лицензия асосида муассис қарори билан ташкил этилади.


16. Нодавлат мактабгача таълим муассасасида ташкил этилган қисқа муддатли гуруҳларда моддий-техник ва кадрлар таъминоти муассис томонидан белгиланади.


17. Нодавлат мактабгача таълим муассасасида қисқа муддатли гуруҳларни қайта ташкил этиш ёки тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муассиснинг қарорига мувофиқ амалга оширилади.



4-БОБ. НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИГА БОЛАЛАРНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ


18. Нодавлат мактабгача таълим муассасасига болаларни қабул қилиш тегишли тиббий хулоса асосида амалга оширилади.

Нодавлат мактабгача таълим муассасасига болаларни қабул қилиш ва уларни чиқариш тартиби нодавлат мактабгача таълим муассасасининг устави билан белгиланади.


19. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси гуруҳларидаги болалар сони давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган меъёрдан ортиқ бўлмаслиги керак.


20. Нодавлат мактабгача таълим муассасасида ўқув йили жорий йилнинг 2 сентябридан бошланади ва кейинги йилнинг 1 июнида тугалланади. Ушбу давр оралиғида соғломлаштириш даври давом эттирилади.



5-БОБ. ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИ ҚАТНАШЧИЛАРИ


21. Нодавлат мактабгача таълим муассасасида болалар, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда ота-оналар деб аталади), педагог ходимлар, васийлик кенгаши аъзолари таълим-тарбия жараёнининг қатнашчилари ҳисобланади.

Нодавлат мактабгача таълим муассасасида васийлик кенгашлари ташкил этилади, уларни сайлаш тартиби ва уларнинг ваколатлари нодавлат мактабгача таълим муассасасининг уставида белгиланади.


22. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси болаларни қабул қилишда ота-оналарни ўз устави, кун тартиби, таълим-тарбия дастурлари ва бошқа ҳужжатлар билан таништириши шарт.


23. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси билан ота-оналар ўртасидаги ўзаро муносабатлар ушбу муассасанинг устави ҳамда шартнома билан тартибга солинади. Ота-оналар билан тузилган шартнома болаларнинг ушбу муассасада бўлиш вақтини, таълим-тарбия жараёнини ташкил этишда томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлигини ўз ичига олади.


24. Ота-оналар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз болалари учун таълим-тарбия шаклларини, нодавлат мактабгача таълим муассасасида таълим бериш тилини танлаш;

нодавлат мактабгача таълим муассасасида болаларга таълим-тарбия бериш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини ҳамда боланинг шахсига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш;

нодавлат мактабгача таълим муассасаси билан тузилган шартнома шартларида белгиланган тартибда кун давомида ўзига қулай бўлган вақтда болаларни мактабгача таълим муассасасидан олиб кетиш ҳуқуқига эга.

Ота-оналар қонун ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


25. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси ва ходимлари ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳамкорлик, боланинг шахсини ҳурмат қилиш ва унга шахсий хусусиятларига мувофиқ ривожланиши учун эркинлик бериш асосида олиб борилади.


26. Нодавлат мактабгача таълим муассасасида тегишли педагогик маълумотга эга бўлган шахслар педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Суд томонидан ёки тиббий хулосага мувофиқ бундай фаолият билан шуғулланиши тақиқланган шахслар педагогик фаолиятга қўйилмайди.


27. Нодавлат мактабгача таълим муассасасининг педагоглари ва бошқа ходимлари билан меҳнат шартномалари тузиш ва уларни бекор қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


28. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси раҳбари белгиланган тартибда педагог кадрлар малакасини оширишни ва уларни қайта тайёрлашни таъминлайди, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилади, илғор педагогик ва ахборот технологиялари, муаллифлик дастурлари, методик қўлланмалар ва дидактик материаллар жорий этилиши учун шарт-шароитлар яратади.


29. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси ходимларининг ҳуқуқ ва имтиёзлари қонун ҳужжатларида, ушбу муассасанинг уставида, шунингдек меҳнат шартномасида белгиланади.


30. Нодавлат мактабгача таълим муассасасининг педагог ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

нодавлат мактабгача таълим муассасасини бошқаришда ушбу муассаса уставида белгиланадиган тартибда қатнашиш;

ўз касбий шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш.


31. Нодавлат мактабгача таълим муассасасининг педагог ходимлари қуйидагиларга мажбур:

таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурларини татбиқ этиш;

илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш бўйича ўзига юклатилган вазифалар доирасида шарт-шароитлар яратиш;

болаларга юқори профессионал даражада таълим-тарбия бериш орқали мактабгача таълим сифатини ошириш;

педагог ахлоқ-одобига риоя қилиш, боланинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш, болаларни тазйиқдан ҳимоя қилиш, уларни меҳнатга, ота-онага ҳурмат, атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш;

ўзининг касбий кўникмаларини ва педагогик маҳоратини доимий равишда такомиллаштириш ҳамда белгиланган муддатларда ўз малакасини ошириб бориш.

Педагог ходимлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам олиши мумкин.



6-БОБ. НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИНИ БОШҚАРИШ ВА УНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


32. Нодавлат мактабгача таълим муассасасини муассис томонидан тайинланадиган раҳбар бошқаради.

Нодавлат мактабгача таълим муассасаси раҳбари давлат мактабгача таълим муассасаси мудири лавозимига қўйиладиган малака талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Нодавлат мактабгача таълим муассасаси раҳбари ҳар чоракда камида бир марта ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тегишли фуқаролар йиғинига тақдим этади.

33. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолиятини назорат қилиш муассис томонидан, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.


34. Нодавлат мактабгача таълим муассасалари томонидан мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талаблари ва таълим-тарбия дастурларининг бажарилишини назорат қилиш ушбу соҳадаги ваколатли орган томонидан амалга оширилади.


35. Нодавлат мактабгача таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш, уларнинг фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриш ва тўхтатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



7-БОБ. НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНОТИ


36. Муассис нодавлат мактабгача таълим муассасасига мол-мулкни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бириктиради.

Нодавлат мактабгача таълим муассасаси ўзига бириктирилган мол-мулкни ва ўзига ажратилган маблағлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулкни қонун ҳужжатларига мувофиқ тасарруф этади.


37. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолияти унинг муассиси томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ молиялаштирилади.


38. Нодавлат мактабгача таълим муассасасини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш муассислар томонидан мактабгача таълим муассасалари учун қонун ҳужжатларида белгиланган нормалардан паст бўлмаган миқдорда амалга оширилади.



8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


39. Нодавлат мактабгача таълим муассасасида мактабгача таълим муассасасининг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ташкилотларнинг, шу жумладан сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг ташкил этилишига ва фаолият кўрсатишига йўл қўйилмайди.

Нодавлат мактабгача таълим муассасасида таълим ва тарбия дунёвий хусусиятга эга бўлади.


40. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилиши, қайта ташкил этилиши, тугатилиши мумкин.


41. Нодавлат мактабгача таълим муассасасининг халқаро ҳамкорлиги, педагог кадрларнинг амалиёт ўташи ва уларнинг малакасини ошириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 31 июль, 30-сон, 732-модда



















































Время: 0.1989
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск