язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.10.2017 й. ПҚ-3356-сон "Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

25.10.2017 й.

N ПҚ-3356



ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАР

ВА КИЧИК САНОАТ ЗОНАЛАРИ ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ БОРАСИДАГИ

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Қайд этиб ўтилсинки, кейинги йилларда мамлакатимизда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини вужудга келтириш, жумладан уларнинг фаолиятини тартибга солувчи мустаҳкам норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, эркин иқтисодий ва саноат зоналарини ривожлантиришга хорижий ҳамда маҳаллий инвестицияларни жалб этиш имконини берадиган солиқ, божхона имтиёзлари ва енгилликларининг кенг тизимини яратиш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этишда жиддий камчилик ва нуқсонлар мавжудки, улар шундай зоналарни ривожлантиришга ва самарали фаолият юритишига тўсқинлик қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 августдаги ПҚ-3175-сонли қарори билан ташкил қилинган Махсус идоралараро комиссия томонидан жойларга чиқиб ўрганилганда қуйидагилар аниқланди:

биринчидан, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳудудларида жойлаштириш учун лойиҳаларни танлашнинг аниқ мезонлари мавжуд эмас. Инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқишда янгидан ташкил этилаётган иш ўринлари сони, салоҳиятли хорижий шерик ва инвестор-мамлакатнинг мавжудлиги, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг ички ва ташқи бозорларда талаб қилиниши, экспорт ҳажми, шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси ҳисобга олинмаяпти;

иккинчидан, эркин иқтисодий зоналар ҳудудида жойлаштириш ва амалга ошириш учун таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларини келишиб олиш ва маъқуллаш механизми амалда ҳаддан ташқари мураккаб бюрократизмга учраган, бу эса мазкур лойиҳалар бўйича қарорлар қабул қилишни қўп ойларга чўзиб юбормоқда;

учинчидан, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари учун зарур муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ўз вақтида барпо этиш масалаларига етарлича эътибор берилмаяпти;

тўртинчидан, таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларининг ишончли молиявий манбалар, шу жумладан, маҳаллий ва хорижий кредит ресурслари, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига ишончли таъминланиши муфассал ишлаб чиқилмаган. Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарига бириктирилган тижорат банклари ушбу муаммоларни ҳал этишда суст иштирок этмоқдалар;

бешинчидан, эркин иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари Республика товар-хомашё биржаси орқали сотиладиган хомашё ресурсларини зарур ҳажмда сотиб олишда каттагина қийинчиликларга дуч келмоқда;

олтинчидан, эркин иқтисодий зоналарнинг ҳудудида фойдаланишга топширилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларидан ниҳоятда самарасиз фойдаланилмоқда, бунинг оқибатида ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмлари ҳамда иш жойлари сони тасдиқланган бизнес-режалар параметрларига мувофиқ келмайди;

еттинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ташкил қилинган ҳудудий комиссиялар томонидан жойларда юзага келувчи масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш борасидаги ишларни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан механизми мавжуд эмас.

Мана шуларнинг ҳаммаси эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида жойлаштириладиган инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш, ер майдонлари ажратиб бериш тартиби, хомашё ва материаллардан фойдаланишни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига кредит ресурслари ажратишнинг принципиал янги тизими яратилишини тақозо этади.

Ташқи бозорларда харидоргир бўлган юқори қўшилган қийматли рақобатдош, сифатли маҳсулот ишлаб чиқарилишини таъминлайдиган минерал-хомашё ва қишлоқ хўжалиги ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича юқори технологияли замонавий ишлаб чиқаришларни барпо этишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш учун ғоят қулай ишбилармонлик муҳитини вужудга келтириш, шунингдек, республика минтақаларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш, бунинг асосида янги иш жойларини ташкиллаштириш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида:


1. 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини бошқариш ҳамда улар фаолиятини ташкил этишнинг янги тизими жорий этилсин, унда қуйидагилар назарда тутилсин:

а) эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ташкил қилинган ҳудудий комиссиялар 1-иловага* мувофиқ намунавий таркибда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгашлари (кейинги ўринларда - маъмурий кенгашлар) этиб қайта ташкил қилинсин, қуйидагилар уларнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

тегишли ҳудудда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, алоҳида ҳуқуқий ва иқтисодий режимга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг самарали фаолият юритишини ташкиллаштириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари дирекцияларини шакллантириш ҳамда улар фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;

инвестиция лойиҳаларини танлаш ва уларни амалга ошириш учун эркин иқтисодий зоналар ҳудудида жойлаштириш бўйича қарор қабул қилиш;

тадбиркорлик субъектларини танлаб олиш ва уларни кичик саноат зоналарида жойлаштириш бўйича танлов комиссияси функцияларини амалга ошириш;

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг иштирокчиларига ер майдонлари тақдим этиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

давлат мулки бўлган ишламаётган корхоналар ва бўш ётган мол-мулкларни эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг иштирокчиларига инвестиция мажбуриятларини қабул қилган ҳолда "нол" харид қиймати бўйича сотиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш, эркин иқтисодий зоналарни ривожлантиришнинг бош режаларини, шунингдек, кичик саноат зоналарини ривожлантириш режаларини кўриб чиқиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида муҳандислик-коммуникация ҳамда транспорт инфратузилмасини қуриш бўйича лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш;

инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши, шунингдек инвестициялаш тўғрисида битимга киритилган мажбуриятларнинг, шу жумладан, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчилари корхоналарининг бизнес-режалари параметрлари бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш;

эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг иштирокчилари - тадбиркорлик субъектларига инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ва корхоналарнинг фаолият юритишида юзага келадиган масалалар комплексини ҳал этишда ёрдам кўрсатиш;

эркин иқтисодий зоналар ҳудудларининг чегараларини аниқлаштириш ва янги кичик саноат зоналари барпо этиш бўйича таклифлар киритиш;

эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, улар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тақдим этиш;

б) эркин иқтисодий зоналарнинг Маъмурий кенгаши тугатилган ҳолда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши (кейинги ўринларда - Республика кенгаши) 2-иловага* мувофиқ таркибда ташкил қилинсин, уларнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш стратегиясини белгилаш;

эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашлари ҳамда дирекциялари фаолиятига раҳбарликни амалга ошириш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш;

эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг фаолият юритиши ва уларни ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий-техник масалаларни ҳал этишда вазирликлар, идоралар, тижорат банклари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилиши борасидаги фаолиятини аниқ-пухта мувофиқлаштиришни, улар томонидан бюрократизм ва сансалорлик фактларига йўл қўймаслик бўйича тезкор чоралар кўриш, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари кўриш юзасидан таклифлар киритиш;

эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолиятининг барча ташкилий масалалари, хорижий инвесторлардан тушаётган истиқболли таклифлар, шунингдек, эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари ҳудудида амалга ошириш тавсия этилаётган, Республика кенгашига тақдим этилган аниқ лойиҳа таклифларини тезкорлик билан кўриб чиқиш ҳамда улар бўйича келишилган қарорлар қабул қилиш;

эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари ҳудудида лойиҳаларни амалга оширувчи инвесторлар учун, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг иштирокчилари - хўжалик юритувчи субъектларнинг самарали фаолият юритиши, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотни экспортга етказиб беришни кўпайтириш учун яна ҳам кўпроқ қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, лойиҳа ишланмаси ва лойиҳаларни амалга ошириш, объектларни ишга тушириш ва пировард мақсадларга эришишнинг бутун цикли давомида уни сифатли ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш;

белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилишига тўсқинлик қилувчи сабабларни аниқлаган ҳолда, эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини, шунингдек, юзага келаётган масалалар ва муаммоларни ҳал этишда уларга амалий ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини қабул қилган ҳолда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари иштирокчилари - ҳўжалик юритувчи субъектлар молия-хўжалик фаолиятининг самарадорлигини доимий мониторинг қилиб бориш;

эркин иқтисодий зоналар дирекцияси фаолияти устидан амалий назорат ўрнатиш, маъқулланган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши тўғрисида дирекция раҳбарларининг мунтазам ҳисоботларини тинглаб бориш, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари дирекцияларининг зиммасига юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини таъминламаган раҳбарларига нисбатан жавобгарлик чоралари кўриш тўғрисида таклифлар киритиш;

маъмурий кенгашлар ёки ваколатли органларнинг асосли таклифлари бўйича эркин иқтисодий зона иштирокчиси мақомини тўхтатиш ёки ундан маҳрум қилиш;

янги эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари барпо этиш ҳамда ишлаб турганларининг чегараларини ўзгартириш масалаларини келишиб олиш;

эркин иқтисодий зоналар ҳудудида қиймати 5,0 миллион АҚШ доллари эквивалентидан юқори бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан маъмурий кенгашларнинг қарорларини келишиб олиш.


2. Қуйидагилар белгилансин:

маъмурий кенгашлар ўзларининг ваколатига киритилган қарорларни қабул қилишда мустақилдирлар;

Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрининг иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармалари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг ишчи органлари ҳисобланади;

эркин иқтисодий зоналар ҳудудида биринчи навбатда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан тақдим этиладиган рўйхатларга биноан энг аввало бандликка муҳтожларни иш билан таъминлаган ҳолда янги иш жойларини вужудга келтириб, маҳаллийлаштириш лойиҳалари учун қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар ва мезонларга мос келадиган, импорт ўрнини босадиган, экспортга йўналтирилган юқори технологияли ва инновацион ишлаб чиқаришларни барпо этиш бўйича лойиҳалар жойлаштирилади.


3. Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти соҳасида бир-бирини такрорловчи ваколатлар ҳамда функцияларга эга бўлган доимий фаолият юритувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар тугатилсин.


4. Қуйидагилар:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгашлари тўғрисидаги Низом 3-иловага* мувофиқ;

эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши тўғрисидаги Низом 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


5. Республика кенгаши (А.Н. Арипов) 2017 йилнинг 1 декабрига қадар минтақаларнинг мавжуд минерал-хомашё, ер, сув, қишлоқ хўжалиги ресурсларини, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини, экологик шарт-шароитини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир эркин иқтисодий зонанинг тармоқ ихтисослашувини белгиласин.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, тижорат банклари билан биргаликда икки ой муддатда ҳар бир эркин иқтисодий зонанинг тармоқ ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда ана шу зоналарга хорижий инвесторларни жалб этиш бўйича "йўл хариталари"ни ишлаб чиқсин.


6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари ҳудудларида лойиҳаларни молиялаштираётган барча тижорат банкларига, тасдиқланган квоталар доирасида, кредит линиялари очилишини таъминлайди;

маъмурий кенгашларга эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари ташкил этилган барча ҳудудлардаги ер участкаларини, шу жумладан, давлат мулки бўлган фаолият юритмаётган бўш объектлар ва бўш ер майдонларини тасарруф этиш ҳуқуқи берилади;

эркин иқтисодий зона ва кичик саноат зонасидаги ишлаб чиқариш қувватлари, биринчи навбатда, тортиб келинган муҳандислик инфраструктурасига эга бўлган ҳудудларда ва фаолият кўрсатмаётган бўш бинолар, иншоотлар ҳамда қуриб битказилмаган объектлар базасида жойлаштирилади;

эркин иқтисодий зона иштирокчилари ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун зарур бўлган биржа товарлари (хомашё, материаллар, ярим фабрикатлар ва тайёр маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида, эркин биржа савдоларида таркиб топадиган ўртача котировкалардан келиб чиққан ҳолда бозор нархларида сотиб олиш ҳуқуқига эгадирлар;

эркин иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича берилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати эркин иқтисодий зона ҳудудида ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга қабул қилинган санадан бошлаб ҳисобланади;

2018 йилнинг 1 мартидан бошлаб инвесторлар эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари дирекцияларига ахборот тизимларини кўллаган ҳолда интерфаол шаклда инвестиция буюртманомаларини тақдим этишлари мумкин;

инвестиция киритиш тўғрисидаги битимларда назарда тутилган инвестиция лойиҳаси параметрларини бажариш бўйича белгиланган мажбуриятларнинг хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилмаслиги тадбиркорлик субъектини эркин иқтисодий зона иштирокчиси мақомидан белгиланган тартибда маҳрум этиш учун асос ҳисобланади;

тадбиркорни эркин иқтисодий зона иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиш унинг эркин иқтисодий зона ҳудудидаги фаолиятини, шунингдек эркин иқтисодий зона иштирокчисига мулк эгалиги ҳуқуқи билан тегишли бўлган бошқа объектларга нисбатан ҳуқуқлари тўхтатилишига олиб келмайди. Бунда ушбу тадбиркорлик субъекти ЭИЗ иштирокчилари учун берилган имтиёзлар ва афзалликлардан фойдаланмайди;

эркин иқтисодий зона иштирокчиси мақомидан маҳрум бўлган тадбиркорлик субъектидан, зарур ҳолларда, ер участкасини олиб қўйиш қонунчиликка ҳамда инвестор билан тузилган инвестиция киритиш тўғрисидаги битим ёки бошқа шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.


7. Белгилаб қўйилсинки, солиқ қонунчилиги ўзгарганида эркин иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича улар рўйхатдан ўтказилган санада амал қилган норма ва қоидаларни қўллашга ҳақлидирлар, акциз солиғи олинадиган товарлар солиққа тортилишини тартибга солувчи ҳужжатларнинг нормалари ва қоидалари бундан мустасно.


8. 2017 йилнинг 1 ноябридан бошлаб эркин иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари - тадбиркорлик субъектлари томонидан тузиладиган импорт шартномаларини Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида экспертизадан ўтказиш талаби бекор қилинсин, мазкур субъектларнинг устав капиталларида Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредит линияси ҳисобига тижорат банклари томонидан белгиланган тартибда молиялаштириладиган давлат улуши мавжуд эмас.


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ургут", "Ғиждувон", "Қўқон" ва "Ҳазорасп" эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 12 январдаги ПФ-4931-сонли Фармони 8-бандининг амал қилиши давлат унитар корхоналари - "Навоий", "Ангрен", "Жиззах" эркин иқтисодий зоналари дирекциялари ҳамда янгидан ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналарнинг дирекцияларига жорий этилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Б.А. Ходжаев) суғурта компаниялари билан биргаликда эркин иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига бериладиган кредитлар бўйича гаров таъминоти суғурталанишини расмийлаштиришда 0,5 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда суғурта мукофоти ундирилишини амалиётга татбиқ этсин.


11. Тижорат банкларига белгиланган тартибда:

амалдаги кредит шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш учун эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари - корхоналарнинг пул оқимларида вақтинчалик номутаносиблик рўй берган ҳолларда кредитни қайтариш муддатини кейинга кўчириш ёки муддатини узайтириш йўли билан асосий қарз юзасидан тўловлар миқдорини камайтириш бўйича кредит шартномаларига тегишли ўзгартиришлар киритиш;

кредит буюртманомасини кўриб чиқиш учун эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларидан воситачилик ҳақи ундирилишини бекор қилиш ва абонент ҳақи тўлашдан озод қилиш;

эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаси ишга туширилгунга қадар, аммо норматив муддатдан кўп бўлмаган даврда берилган кредитлар юзасидан қўшиб ҳисобланган фоизларни капиталлаштириш чора-тадбирларини кўриш тавсия этилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси эркин иқтисодий зоналари ва кичик саноат зоналарининг Ягона порталини яратиш ва 2018 йилнинг 1 мартидан бошлаб уни ишга тушириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин, ушбу портал:

мамлакатнинг эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари тўғрисида, тақдим этилаётган имтиёзлар, инвестиция киритиш афзалликлари, инфратузилма, географик жойлашув, шунингдек, уларнинг ҳудудида жойлашган давлат мулки объектлари, инвесторларга кўрсатилаётган хизматлар тўғрисида давлат тили, рус тили ва бошқа хорижий тилларда кенгайтирилган ахборотлар олишни;

инвесторлар, шу жумладан, хорижий инвесторларга ҳамда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг иштирокчиларига амалга ошириш тавсия этилган инвестиция лойиҳалари тўғрисида ахборот берилишини;

инвесторлар, жумладан, хорижий инвесторларга ҳамда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига интерфаол шаклда зоналар дирекцияларининг, давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг хизматлари, шу жумладан, инвестиция буюртманомалари ҳамда бошқа ҳужжатларни қабул қилиш, аризалар, бланклар ва бошқа зарур ҳужжатларнинг шаклларини олиш бўйича хизматлар кўрсатилишини;

инвесторнинг қаерда ва қандай усулда мурожаат қилганлигидан қатъий назар, инвестиция буюртманомаларини кўриб чиқишнинг бориши ва натижасидан хабардор бўлиб туриш имкониятини;

салоҳиятли инвесторлар ҳамда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларининг ўзларини қизиқтирувчи масалалар бўйича зоналар дирекциясига, маъмурий кенгашлар ва Республика кенгашига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Х. Шерматов, иқтисодиёт вазири Г.К. Саидова, инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси А.И. Ахмедходжаев зиммасига қарорнинг ушбу банди белгиланган муддатларда бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


13. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги дахлдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлашга қаратилган лойиҳалар Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги ва кейинги йиллардаги Инвестиция дастурига киритилишини таъминласин.


14. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги раҳбарлари (Г.К. Саидова, С.Х. Бекенов, Д.Д. Асомов) зиммасига - эркин иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш таклиф этилаётган лойиҳаларнинг доимий янгилаб туриладиган рўйхатини шакллантириш, инвестиция буюртманомаларини сифатли ва тезкор кўриб чиқиш, эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг иштирокчилари - субъектлар томонидан маъқулланган инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш юзасидан;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раҳбарлари (А.И. Ахмедходжаев, Л.Ш. Қудратов) зиммасига - Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда эркин иқтисодий зоналарнинг ҳар бири учун шерик-мамлакатни белгилаш, салоҳиятли хорижий инвесторларни ЭИЗ ҳудудида лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш, улар билан тизимли иш олиб бориш, шунингдек, янгидан барпо этилаётган ишлаб чиқаришларни замонавий ускуналари ва технологиялар билан жиҳозлаш қисмида эркин иқтисодий зоналар ҳудудида ишлаб чиқаришни жойлаштиришга инвестиция буюртманомаларини сифатли ва ҳар томонлама кўриб чиқиш юзасидан;

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарлари (Р.А. Ғуломов, Р.А. Аминов) зиммасига - бекор ётган ёки қурилиши тугалланмаган объектлар, самарасиз фойдаланилаётган ишлаб чиқариш бинолари ҳамда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг иштирокчилари - хўжалик юритувчи субъектларнинг янгидан қурилаётган корхоналарини жойлаштириш учун ер майдонлари синчиклаб, пухта хатловдан ўтказилиши юзасидан;

Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси раиси А.И. Икромов зиммасига - эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳудудида ишлаб чиқаришни ташкил этиш бизнес-режаларини ёки инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишда тадбиркорлик субъектларига кўмак бериш юзасидан;

эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарига бириктирилган тижорат банкларининг раҳбарлари зиммасига - эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳудудларида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ўз вақтида ва тўла ҳажмда молиялаштирилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш юзасидан;

"Ўзбекэнерго" АЖ раиси У.М. Мустафоев, "Ўзтрансгаз" АЖ раиси А.С. Мустафоев, Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Х. Солиев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига - эркин иқтисодий зоналар қурилиши ва уларнинг ташқи инфратузилмага уланиши, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларининг электр энергияси, табиий газ, сув билан, шунингдек, уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мувофиқ ташқи канализация тармоқлари билан узлуксиз таъминланиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


15. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Иқтисодий вазирлиги ва тижорат банклари билан биргаликда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ходимларининг инвесторлар билан ишлаш бўйича, шу жумладан, махсус курслар ташкил этиш йўли билан малакаси муттасил ошириб борилишини таъминласин.


16. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

эркин иқтисодий зоналар тўғрисидаги янгиланган низомни;

кичик саноат зоналари тўғрисидаги низомни;

эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаш ва уларнинг иштирокчиларини рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомларни, шунингдек, бюрократизм ва сансалорликни бартараф этишга қаратилган нормаларни тасдиқлаш, низомларга лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида жойлаштириш учун танлаб олишнинг аниқ мезонларини киритиш;

эркин иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига ер майдонлари бериш тўғрисидаги янгиланган низомни;

эркин иқтисодий зоналар ҳудудида солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисидаги янгиланган низомни тасдиқлаш, бунда лойиҳаларнинг бизнес-режалари/техник-иқтисодий асосланишининг асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлари, (киритилаётган инвестициялар ҳажми, товар айланмаси ва экспорт суммаси, яратилаётган доимий иш ўринлари сони, ишлаб чиқаришнинг валютада қопланиши ва бошқалар) ҳисобга олинган ҳолда имтиёзлар қўлланилишини назарда тутиш;

эркин иқтисодий зоналар дирекциялари, иштирокчилари ва инвесторлари ўртасида тузиладиган инвестиция киритиш тўғрисидаги намунавий битимни тасдиқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 майдаги ПФ-5032-сонли Фармони билан ташкил қилинган фармацевтика эркин иқтисодий зоналарига кирувчи ҳудудларнинг чегараларини тасдиқлаш бўйича қарор қабул қилсин.


18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатиши учун вазирликлар, идоралар, жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мувофиқлаштиришни кучайтириш ва уларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 7 августдаги ПҚ-3175-сонли қарори 4-бандининг иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин.


19. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси В.А. Голышев, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Г.К. Саидова ҳамда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг раиси А.И. Ахмедходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                       Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 25 октябрь