ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Тасвирий санъат. Музейлар /Ҳудудлардаги олий таълим муассасаларининг тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейларининг Намунавий низоми (ЎзР ВМ 22.11.2017 й. 936-сон қарорига 5-илова)
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
Вазирлар Маҳкамасининг
2017 йил 22 ноябрдаги
5-ИЛОВА
Ҳудудлардаги олий таълим
муассасаларининг тузилмасидаги Қатағон
қурбонлари хотираси музейларининг
НАМУНАВИЙ НИЗОМИ
1. Ушбу Низом ҳудудлардаги олий таълим муассасаларининг тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейларини (кейинги ўринларда ҳудудий музейлар деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Ҳудудий музейлар идоравий мансублик жиҳатидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига, услубий жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейига (кейинги ўринларда Музей деб аталади) бўйсунади.
3. Ҳудудий музейлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
4. Ҳудудий музейлар ўз фаолиятида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
5. Ҳудудий музейлар юридик шахс мақомига эга бўлмайди, ҳудудлардаги олий таълим муассасаларининг тузилмасида ташкил этилади.
2-БОБ. ҲУДУДИЙ МУЗЕЙЛАРНИНГ АСОСИЙ
ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ
6. Қуйидагилар ҳудудий музейларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ҳудудларда мустамлакачилик ва мустабид тузум даврида ватанимиз озодлиги ва мустақиллиги йўлида ўз жонини фидо қилган, қатоғон этилган аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятини атрофлича ўрганиш ва музей экспозициялари орқали кенг жамоатчиликка тарғиб этиш;
музей фондини бойитиш мақсадида ҳудудларда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва талабалари иштирокида мунтазам равишда экспедициялар ташкил этиш;
ҳудудлардаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари ҳамда жамоат ташкилотлари билан биргаликда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида мавзули экскурсиялар, маънавий-маърифий тадбирлар, илмий-амалий анжуманлар ва кўргазмалар ўтказиш;
музей экспозицияларини ташкил этишда ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш.
7. Ҳудудий музейлар ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқиб қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) ҳудудларда мустамлакачилик ва мустабид тузум даврида ватанимиз озодлиги ва мустақиллиги йўлида ўз жонини фидо қилган, қатоғон этилган аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятини атрофлича ўрганиш ва музей экспозициялари орқали кенг жамоатчиликка тарғиб этиш;
ҳудудда қатағон сиёсатининг сабаблари ва оқибатларини, эрк ва озодлик йўлида зулм ва зўровонликка қарши халқ кураши тарихини тадқиқ этиб, тадқиқот натижаларини ҳудудда истиқомат қилаётган оммага етказади ва уни ҳудуд тарихининг таркибий қисми сифатида акс эттиради, уларда аждодлар хотирасига нисбатан юксак ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини шакллантиради;
алоҳида буюртмалар асосида қатағон этилган ватандошларимизнинг уй-музейлари экспозицияларини ташкил этишда иштирок этади;
мустамлакачилик, шу жумладан қатағон сиёсати ва унинг қурбонларига бағишланган монографиялар, альбомлар, китоблар нашр этади, ҳужжатли фильмларни суратга олади, матбуотда мақолалар эълон қилади, тўпланган материалларни оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилади;
б) музей фондини бойитиш мақсадида ҳудудларда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва талабалари иштирокида мунтазам равишда экспедициялар ташкил этиш соҳасида:
олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий ва илмий-техник муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ҳудуддаги бошқа ташкилотлар билан ўзаро манфаатли илмий ҳамкорликни ривожлантиради ва такомиллаштиради;
музейнинг етакчи олим ва мутахассислари томонидан ҳудуддаги олий таълим муассасаларида маъруза машғулотлари ўтказилишини, музейда талабаларнинг малакавий амалиёт ўташи ва битирув малакавий ишлари тайёрланишини ташкил этади;
ҳудуддаги олий таълим муассасалари билан инновацион-корпоратив ҳамкорлик шартномаларини тузади ва уларнинг асосида ҳудудий музейда очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари ўтказилишини таъминлайди;
ҳудуддаги қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, уларни ёд этиш, ўсиб келаётган ёш авлод қалби ва онгида ўтганлар хотирасига ҳурмат ва эҳтиром туйғусини шакллантириш билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирларни амалга оширади ва тарғиб этади.
в) ҳудудлардаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари ҳамда жамоат ташкилотлари билан биргаликда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида мавзули экскурсиялар, маънавий-маърифий тадбирлар, илмий-амалий анжуманлар ва кўргазмалар ўтказиш соҳасида:
фуқароларни ва айниқса, ёш авлодни мустақиллик ва адолат тантанаси учун курашган фидоий ота-боболаримизнинг хотирасига ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбиялашда иштирок этади;
эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганлар хотирасини ёд этиш юзасидан тадбирлар ташкил этади;
ҳудудий музей фондлари ва экспозицияларини мамлакатимиз ва ҳудуддаги ҳамда хориждаги турли ҳужжатлар ва бошқа экспонатлар билан мунтазам бойитиб боришни таъминлайди.
г) музей экспозицияларини ташкил этишда ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш соҳасида:
музей экспозицияларини ташкил қилишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланади;
жаҳондаги машҳур музейларнинг бой тажрибасини таҳлил қилади ва улардан амалиётда фойдаланиш чораларини кўради;
ҳудудий музейлар экспозицияларини ташкил қилиш ва тарғиб этишда инновацион технологиялардан фойдаланиш усулларини ишлаб чиқади.
3-БОБ. ҲУДУДИЙ МУЗЕЙЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ
ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
8. Ҳудудий музейлар ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ўз ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этишга доир маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
ўз ваколатлари доирасида мустамлакачилик даври тарихида эрк ва озодлик йўлида ўз жонини фидо қилган аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятини атрофлича ўрганиш ва музей экспозицияси орқали кенг жамоатчиликка тарғиб этиш масалаларини мувофиқлаштириш;
ўз ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун шартнома асосида ташкилотларни, олим ва мутахассисларни, шу жумладан чет эллик олимлар ва мутахассисларни жалб этиш;
ўз фаолиятида ҳудудий олий таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, жамғармалар ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ўзаро ижодий ҳамкорликни амалга ошириш;
Ҳудудий музейлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
9. Ҳудудий музейларнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
музей ашёлари ва коллекцияларининг жисман бут сақланиши ҳамда хавфсизлигини;
музей ашёлари ва коллекциялари билан боғлиқ ҳисобга олиш ҳужжатларининг юритилиши ҳамда бут сақланишини;
музей ашёлари ва коллекцияларидан илмий, маданий, маърифий ҳамда таълим мақсадларида фойдаланилишини таъминлаш.
4-БОБ. ҲУДУДИЙ МУЗЕЙЛАР ФАОЛИЯТИНИ
ТАШКИЛ ЭТИШ
10. Ҳудудий музейлар директорлари Музей директорининг Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан келишилган ҳолда тақдим этган тавсиясига асосан тегишли олий таълим муассасаси ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
Ҳудудий музейлар фаолиятини амалга ошириш учун тегишли олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари бўйича алоҳида ғазначилик шахсий ҳисобварақлари очилади, белгиланган тартибда даромадлар ва харажатлар сметаси тасдиқланади.
Ҳудудий музейлар ходимларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади.
Ҳудудий музейлар таъминоти харажатларини маблағ билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
11. Ҳудудий музейлар директори:
ҳудудий музейлар фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда ҳудудий музейларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
ҳудудий музейлар ходимлари ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
ҳудудий музейлар ходимларининг ички меҳнат тартиби қоидаларига, лавозимлар йўриқномаси талабларига ҳамда хизматга оид ҳужжатлар билан ишлаш тартибига риоя этилишини таъминлайди;
давлат органларида, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар ва судда, бошқа ташкилотларда ҳудудий музейлар номидан вакиллик қилади ва ҳудудий музейлар манфаатини ҳимоя қилади;
ҳудудий музейлар ходимларини ишга қабул қилиш ва озод қилиш бўйича тегишли олий таълим муассаса раҳбариятига таклиф киритади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
12. Қуйидагилар ҳудудий музейларни фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:
олий таълим муассасаларининг ҳудудий музейларни сақлаш учун ажратиладиган бюджетдан ташқари маблағлари (тўлов-контракт асосида ўқитиш учун тушумларнинг фақат тўлов-контракт миқдорининг оширилган қисми);
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан давлат илмий дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар;
фаолият ихтисослиги бўйича кўрсатиладиган хизматлардан олинган даромадлар;
халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
13. Ҳудудий музейларни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2017 йил 25 ноябрь