ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Транспорт /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.03.2004 й. 130-сон "Тошкент-Чимён-Чорвоқ дам олиш зонаси автомобиль йўлини мукаммал таъмирлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
18.03.2004 й.
N 130
ТОШКЕНТ-ЧИМЁН-ЧОРВОҚ ДАМ ОЛИШ
ЗОНАСИ АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛИНИ МУКАММАЛ
ТАЪМИРЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, Тошкент-Чимён-Чорвоқ дам олиш зонаси автомобиль йўлини мукаммал таъмирлаш ва қайта қуришда молия ва технология интизомининг жиддий бузилишлари, қурилиш ишларини техник-иқтисодий асослашларни ва лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлаш муддатлари 2003 йил 15 декабргача белгилангани ҳолда, уларни тасдиқламасдан амалга ошириш ҳоллари аниқланди. Бу “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси томонидан қурилиш ишларини амалга оширишнинг белгиланган тартиби ва талаблари қўпол равишда бузилишига, молиявий ресурслардан самарасиз ва белгиланган мақсаддан ташқари фойдаланилишига олиб келди.
Кўрсатиб ўтилган автомобиль йўлини мукаммал таъмирлаш ва қайта қуриш бўйича аниқланган муаммолар муносабати билан ҳамда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Тошкент-Чимён-Чорвоқ дам олиш зонаси автомобиль йўлини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича барча ишлар техник-иқтисодий асослашлар ва лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда келишилгунгача ва тасдиқлангунгача тўхтатиб қўйилсин.
2. “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитасининг эътирозлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда техник-иқтисодий асослашларнинг ишлаб чиқилиши 2004 йил 10 апрелгача тугалланишини таъминласин;
тасдиқланган техник-иқтисодий асослашлар асосида лойиҳа-смета ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши 2004 йил 15 майгача тугалланишини таъминласин ҳамда экспертизадан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ва "Давархитектқурилиш" қўмитасига тақдим этсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва "Давархитектқурилиш" қўмитаси техник-иқтисодий асослашлар ва лойиҳа-смета ҳужжатлари пухта экспертизадан ўтказилишини таъминласинлар ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсинлар.
3. “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси, "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва "Давархитектқурилиш" қўмитаси:
техник-иқтисодий асослашлар ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда ва экспертизадан ўтказишда ҳамда қурилишни ташкил этишда тасдиқланган ва республикада амалда бўлган қурилиш меъёрлари ва қоидаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 2 декабрдаги 538-сон қарорига 7-иловага мувофиқ Лойиҳаларни ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги Низом талабларига қатъий амал қилсинлар;
кўрсатиб ўтилган йўналиш бўйича автомобиль йўлининг йўл қурилишида белгиланган нормаларга қатъий мувофиқ равишда белгиланган муддатларда реконструкция қилиниши ва мукаммал таъмирланишини таъминласинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши, уларнинг ортиқча сарфланишига ва асоссиз четлаштирилишига йўл қўйилмаслиги устидан қатъий ва мунтазам назоратни таъминласин.
Қурилиш тугаллангандан кейин бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқланган техник-иқтисодий асослашлар ва лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ажратилган молиявий маблағлардан амалда фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тақдим этилсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг "Тошкент-Чимён-Чорвоқ дам олиш зонаси автомобиль йўлини мукаммал таъмирлаш тўғрисида" 2003 йил 7 ноябрдаги 493-сон қарорининг 3-банди тўртинчи хат боши, 4, 6 ва 7-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. Каримов