ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Хорижий кредитлар ва қарзлар / Қишлоқ хўжалиги /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.04.2004 й. 184-сон "Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати билан молиявий ва техник ҳамкорликни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
19.04.2004 й.
N 184
ХИТОЙ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ
БИЛАН МОЛИЯВИЙ ВА ТЕХНИК ҲАМКОРЛИКНИ
КЕНГАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати томонидан берилган фоизсиз кредитдан ва грантлардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги 2003 йил 15 февралдаги Ҳукуматлараро битимга мувофиқ Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати томонидан 5 млн юань (0,61 млн АҚШ доллари) миқдорида грант берилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги 2003 йил 23 сентябрдаги Ҳукуматлараро битимга мувофиқ Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати томонидан 20 йил муддатга, шу жумладан ўн йиллик имтиёзли даврга 30 млн юань (3,66 млн АҚШ доллари) миқдорида фоизсиз кредит ҳамда 15 млн юань (1,83 млн АҚШ доллари) миқдорида грант берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
фоизсиз кредит ва грантлар маблағлари "Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш" лойиҳасини амалга ошириш учун ирригация-мелиорация техникаси ва уларга эҳтиёт қисмлар харид қилишга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг хорижий инвесторларни ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш минтақавий бўлимлари моддий-техника базасини ривожлантиришга йўналтирилади;
Хитой Халқ Республикаси Ҳукуматининг фоизсиз кредитини қайтариш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
3. Қуйидагилар:
Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати томонидан берилган фоизсиз кредит ва грантлар маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари 1-иловага* мувофиқ;
Хитой Халқ Республикаси Ҳукуматининг "Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш" лойиҳасини молиялаштириш учун берилган фоизсиз кредитини қайтариш жадвали 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати томонидан вакил қилинган банк билан фоизсиз кредит ва грантларга ҳисоб-китоб хизмати кўрсатиш юзасидан банклараро битимни имзолашга вакил қилинсин.
5. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги "Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш" лойиҳасини амалга ошириш бўйича ижро этувчи агентлик ҳисобланади.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги:
бир ой муддатда "Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш" лойиҳаси бўйича техник-иқтисодий асослашларни тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритсин;
фоизсиз кредитдан фойдаланиш ва уни қайтариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан уч томонлама агентлик битимини бир ой муддатда имзоласин;
етказиб бериладиган ирригация-мелиорация техникасига Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси базасида кафолатли хизмат ва сервис хизмати кўрсатиш ташкил этилишини таъминласин.
7. Фоизсиз кредит ва грантлар маблағлари ҳисобига харид қилинадиган:
мелиорация техникасидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун жавобгарлик - Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига ҳамда Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳокимликларига;
компьютер техникаси ва ташкилий техникадан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, дастурий таъминот учун жавобгарлик - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юклансин.
8. Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати томонидан берилган фоизсиз кредит ва грантлар доирасида Ўзбекистон Республикасига олиб келинадиган техника ва уларга эҳтиёт қисмлар божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод қилинсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг буюртманомаларига биноан Хитой Халқ Республикаси Ҳукуматининг фоизсиз кредити ва грантлари маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассислар учун келиш визалари белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг буюртманомаларига биноан Хитой Халқ Республикаси Ҳукуматининг фоизсиз кредити ва грантлари маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга, уларни давлат божи тўлашдан озод қилган ҳолда, кўп марталик визалар берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. Каримов
*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.