ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Алоҳида объектлар қурилиши ва реконструкцияси /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.11.2018 й. 895-сон "Тошкент вилоятининг "Оҳангарон" ва "Майдонтол" маиший чиқиндилар полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
01.11.2018 й.
N 895
"ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИНИНГ
"ОҲАНГАРОН" ВА "МАЙДОНТОЛ" МАИШИЙ
ЧИҚИНДИЛАР ПОЛИГОНЛАРИДА ҲОСИЛ БЎЛАДИГАН
ЧИҚИНДИ ГАЗИНИ ҚАЙТА ИШЛАШ ҲИСОБИГА ЭЛЕКТР
ЭНЕРГИЯСИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ" ИНВЕСТИЦИЯ
ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Тошкент вилоятидаги экологик вазиятни яхшилаш, аҳоли ҳаёти даражаси ва сифатини ошириш, чиқиндиларнинг атроф муҳитга ва аҳоли соғлиғига салбий таъсирини пасайтириш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида замонавий инновацион ечимлар ва технологияларни жорий этиш, шунингдек, янги иш ўринлари яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан "Sejin G&E Co., Ltd" компанияси (Корея Республикаси) ўртасида "Тошкент вилоятининг "Оҳангарон" ва Майдонтол" маиший чиқиндилар полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш" инвестиция лойиҳасини (кейинги ўринларда инвестиция лойиҳаси деб аталади) амалга ошириш тўғрисида 2018 йил 14 сентябрда тузилган Инвестиция шартномаси тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар:
а) Инвестиция шартномасига мувофиқ "Sejin G&E Co., Ltd" компанияси (Корея Республикаси):
Тошкент вилояти ҳудудида хорижий капитал 100 фоиз бўлган масъулияти чекланган жамият шаклида хорижий корхона (кейинги ўринларда хорижий корхона деб аталади) ташкил этиш;
2018-2020 йиллар мобайнида 55,0 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш;
Тошкент вилоятининг "Оҳангарон" (Оҳангарон тумани) ва "Майдонтол" (Паркент тумани) маиший чиқиндилар полигонида ҳосил бўладиган чиқинди газидан (метандан) умумий ишлаб чиқариш қуввати камида 16 МВт (ҳар бирининг қуввати 1 560 кВт бўлган 10 та қурилма ва ҳар бирининг қуввати 500 кВт бўлган 2 та қурилма) бўлган электр энергияси ишлаб чиқарадиган 12 та янги замонавий генераторлар ва ёрдамчи ускуналар ўрнатиш бўйича мажбуриятлар олганлиги;
б) хорижий корхонага Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2005 йил 11 апрелдаги ПФ-3594-сон Фармони 1-бандининг биринчи хатбошида назарда тутилган солиқ имтиёзлари татбиқ этилиши маълумот учун қабул қилинсин.
3. Республикада ишлаб чиқарилмайдиган, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича четдан олиб келинадиган технологик ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар 2021 йил 1 январгача божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод қилинсин.
4. Хорижий корхонага 2020 йил 1 январгача инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қурилиш-монтаж ишларини белгиланган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этган ҳолда бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш ва молиялаштириш шартларида амалга оширишга, истисно тариқасида, рухсат берилсин.
5. "Ўзбекэнерго" АЖ:
"Ўздавэнергоназорат" ДИ билан биргаликда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини узатиш учун электр тармоқларига уланиш юзасидан техник топшириқлар ишлаб чиқилиши ва хорижий корхонага берилишини;
инвестиция лойиҳаси доирасида ишлаб чиқариладиган электр энергияси уланишнинг мақбул шохобчалари орқали электр тармоқларига уланишини, шунингдек, инвестиция шартномасига мувофиқ электр энергиясини харид қилиш юзасидан хорижий корхона билан тегишли битим тузилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги ва "Ўзбекэнерго" АЖ билан биргаликда илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда энергиянинг муқобил манбаларидан ягона электроэнергетика тизимига етказиб бериладиган электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини жорий этиш чора-тадбирларини икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда қабул қилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий корхонанинг буюртманомалари бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги хорижий корхонанинг буюртманомалари бўйича хорижий лойиҳани амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар давлат божи ундирилмасдан белгиланган тартибда берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасидаги яшаш жойида вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишини ва унинг муддати узайтирилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хорижий корхонанинг буюртманомалари бўйича хорижий лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган юқори малакали хорижий мутахассисларни республикага жалб этишга рухсатномалар белгиланган тартибда берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, уларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Т. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2018 йил 2 ноябрь