ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.03.2019 й. ПҚ-4242-сон "Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
18.03.2019 й.
N ПҚ-4242
ЭШИТИШ ВА НУТҚИДА МУАММОСИ
БЎЛГАН ШАХСЛАРНИ ИЖТИМОИЙ
ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ОИД ҚЎШИМЧА
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Сўнгги йилларда республикада ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни кучайтиришга қаратилган изчил чоралар кўрилди.
Шу билан бирга, эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахслар учун ахборот ресурслари ва давлат тезкор оператив хизматлари билан алоқа ўрнатиш имкониятларини тўлиқ таъминлаш орқали мавжуд шароитларга мослаштириш тизимини янада такомиллаштириш зарурияти мавжуд.
Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларнинг жамиятга тўлиқ ижтимоий интеграциясини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, шунингдек, ушбу тоифадаги шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2019 йил 1 июлдан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган, Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш диспетчерлик хизматини ташкил этиш (кейинги ўринларда - Диспетчерлик хизмати) тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Диспетчерлик хизматининг асосий вазифаси этиб эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахслар, шунингдек, уларнинг вакиллари томонидан техник воситалар (видео қўнғироқлар, матнли хабарлар, махсус дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда қўнғироқлар ва бошқалар) орқали бўладиган мурожаатларга шошилинч оператив хизматларнинг (101, 102, 103, 104, 1050) кечаю кундуз, тезкор жавоб беришларини мувофиқлаштирган ҳолда таъминлаш белгилансин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Диспетчерлик хизмати ходимлари таркиби Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қўшимча ажратиладиган дастлабки 10 штат бирлиги ҳисобига тўлдирилади (бир нафар сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчи ва 9 нафар хизматчи) ва кейинчалик тушадиган хабарлар ҳамда мурожаатлар ҳажмига қараб уларнинг сони 22 нафаргача етказилади;
Диспетчерлик хизматини дастлабки техник жиҳозлаш билан боғлиқ харажатлар (сервер ускуналари, компьютер техникаси ва оргтехника, дастурий таъминот) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади;
Диспетчерлик хизматини жорий таъминлаш ва молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига зарур бўлганда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, мазкур банднинг иккинчи хатбошиси талабларини инобатга олиб, Диспетчерлик хизматининг белгиланган штат бирлигига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
Ўзбекистон карлар жамияти билан биргаликда бир ой муддатда Диспетчерлик хизматини юкланган вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир мутахассислар билан тўлдириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига имо-ишора тилида сўзлашадиган мутахассислар орасидан номзодларни тақдим этсин;
уч ой муддатда ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларнинг шахсий маълумотлари электрон базасини яратишни таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Диспетчерлик хизматининг регламентини тасдиқласин;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Диспетчерлик хизматининг фаолияти учун керакли бўлган техник жиҳозланишини (сервер ускуналари, компьютер техникаси ва оргтехника, дастурий таъминот) таъминласин;
уч ой муддатда Диспетчерлик хизмати фаолиятининг хусусиятларини инобатга олиб, унинг тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш учун жойлаштириш, жиҳозлаш ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал қилиш чораларини кўрсин;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларга шошилинч оператив хизматлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, шу жумладан, мобиль алоқа сервисларидан фойдаланиш бўйича бепул хизмат кўрсатиш имконини берувчи ахборот тизимини ишлаб чиқсин ва жорий этсин;
бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида ушбу қарорнинг мақсад ва вазифаларини ёритиш бўйича мақолалар ҳамда мавзуга оид кўрсатувларни ташкил этсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.А. Худайбергенов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2019 йил 19 март
"Халқ сўзи", 2019 йил 20 март
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2019 йил 25 март, 12-сон, 226-модда