ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Умумий қоидалар /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.04.2019 й. ПҚ-4297-сон "Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
23.04.2019 й.
N ПҚ-4297
ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТНИ
АМАЛГА ОШИРИШДА МАЪМУРИЙ
ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРНИ ЯНАДА
ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-
ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш, экспорт салоҳиятини кучайтириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, фитосанитария, санитар-эпидемиологик, ветеринария, экологик назорат органлари ва сертификатлаш органлари (кейинги ўринда - ваколатли органлар) фаолиятини ўрганиш натижалари уларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтувчи товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан назорат функцияларини амалга ошириш самарадорлиги ва тезкорлигини ошириш, шу жумладан, идоралараро электрон ҳамкорликни жадал жорий қилиш орқали такомиллаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.
Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги "Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4059-сон қарорида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, "Ўзстандарт" агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг (кейинги ўринларда - "Ўздавкарантин" инспекцияси) 2021 йил 1 январга қадар БМТнинг Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва электрон иш амалиётлари бўйича маркази томонидан ишлаб чиқилган "ягона дарча" механизмини яратиш бўйича тавсиялар ва йўл-йўриқ тамойиллари мезонларига жавоб берадиган "Ягона дарча" божхона ахборот тизимини (кейинги ўринда - "Ягона дарча" БАТ) жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
"Ягона дарча" БАТни жорий этишда ташқи иқтисодий фаолият (кейинги ўринларда - ТИФ) субъектларига қуйидаги имкониятларни яратадиган механизм назарда тутилсин:
импорт, экспорт ва транзитга тааллуқли барча тартибга солиш талабларини бажариш мақсадида стандартлаштирилган маълумотлар ва ҳужжатларни ягона ўтказиш каналидан фойдаланган ҳолда тақдим этиш;
ахборот алмашинувнинг махфийлиги ва хавфсизлигини таъминловчи норматив-ҳуқуқий база билан мустаҳкамлаган ҳолда, ташқи савдо битимларига доир барча ахборотларни алмашиш;
давлат божхона хизмати, ваколатли органлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан рухсат этувчи ҳужжатларни расмийлаштиришнинг босқичларини масофадан кузатиш;
барча учун очиқ бўлган электрон шаклдаги рухсат этувчи ҳужжатлар реестрларини (кейинги ўринларда - Реестрлар) юритишга тўлиқ ўтиш;
Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлардаги эпизоотик, карантин ва фитосанитария ҳолатлари тўғрисидаги очиқ маълумотларни энг сўнгги кўрсаткичлар ҳолатида ушлаб туриш;
дастлабки маълумотлар асосида товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига амалда етиб келишига қадар рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларни бериш.
2. "Ягона дарча" БАТнинг самарали ва тўлиқ фаолият юритиши, шунингдек, ваколатли органларнинг назорат пунктларидаги ишларини тизимли ёндашув ва доимий назорат асосида ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (Азимов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шодмонов), Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (Норқобилов), Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Қўчқоров), "Ўзстандарт" агентлиги (Сатторов) ва "Ўздавкарантин" инспекцияси (Эргашев) раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги кўрсатиб ўтилсин.
3. Ташқи иқтисодий фаолият жараёнларини такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда - Ишчи гуруҳи) иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
4. Ишчи гуруҳи 2019 йил 1 октябрга қадар бўлган муддатда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш, давлат назорати самарадорлигини ошириш, ТИФ иштирокчиларининг харажатларини қисқартириш соҳасида танқидий таҳлиллар ўтказсин ва таҳлиллар якунлари асосида Ташқи иқтисодий фаолият жараёнини такомиллаштириш бўйича концепция ва уни амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси"ни тасдиқлаш учун киритсин. Бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилсин:
ҳаддан зиёд маъмурий тўсиқлар ва давлат органларининг бир-бирини такрорловчи функцияларини бекор қилиш;
ресурслар чекланганлиги шароитида давлат харажатларининг эришилган ёки кутилаётган самарага нисбатини инобатга олган ҳолда, хавф-хатарларни бошқаришнинг тўлақонли тизимини жорий этиш;
"божхона ҳудудида қайта ишлаш" божхона режимини кенг қўллаш;
божхона кўригида товарлар қадоқларини бузиб очиш ҳолатларини қисқартириш.
5. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларидан қуйидагиларни талаб қилиб олиш тақиқлансин:
рухсат этувчи характерга эга ҳужжатларни беришда ва экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда - карантин остидаги маҳсулотларни экспорт ва импорт қилишда зарарсизлантириш (фумигация) далолатномасини;
экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда - ўров варағини;
импорт қилинаётган товарларга ваколатли органлар томонидан рухсат берувчи ҳужжатлар ва мувофиқлик сертификатларини беришда - Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига келганлик тўғрисида белги қўйилган товарларнинг кузатув ҳужжатларини (товар-транспорт юк хати, инвойс, ҳисоб-фактура ва бошқалар);
ваколатли органлар томонидан бериладиган ҳужжатларни олишда - ишончномаларни;
импорт товарларига мувофиқлик сертификатини беришда - норматив ҳужжат нусхаси, санитар-эпидемиологик хулоса нусхасини;
ваколатли органлар томонидан рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларни беришда - ишлаб чиқарувчи мамлакат тўғрисида сертификатни;
2020 йил 1 январдан бошлаб товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувида, шунингдек, импорт қилинадиган товарларга мувофиқлик сертификатини беришда - халқаро шартномаларда махсус қоғоз бланкаларда расмийлаштиришни талаб қиладиган ҳужжатлардан ташқари, ваколатли органлар томонидан қоғоз шаклида бериладиган рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларнинг асли ва нусхалари.
6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
ветеринария рухсатномаларини, фитосанитария ва ветеринария сертификатларини расмийлаштириш учун экспорт қилишдан 30 кун олдин ариза билан мурожаат қилиш зарурати тўғрисидаги талаб бекор қилинади;
карантин рухсати ва экологик сертификатини бериш муддати уларни олиш учун қонунчиликда назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ариза берилган кундан бошлаб 5 иш кунидан ошмаслиги керак;
товарлар ва транспорт воситалари, агар мазкур товарлар ва транспорт воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ фитосанитария ва ветеринария назоратига тегишли бўлмаса, уларни фитосанитария ва (ёки) ветеринария назоратидан ўтказиш тақиқланади;
транзит орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи карантин остидаги товарларни карантин текширувидан ўтказиш ҳақ олинмаган ҳолда амалга оширилади;
божхона юк декларацияси "сариқ" йўлакдан "қизил" йўлакка ўтказилган ҳолда мазкур ўтказишни амалга оширган ходим томонидан божхона текширувини ўтказишга йўл қўйилмайди.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда божхона постларида Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан оғир юк ташувчи ва йирик габаритли транспорт воситаларининг ўтиши учун тўловларни автоматик равишда ҳисоблашни амалга оширувчи тизимни яратсин ва унинг фаолият юритишини таъминласин;
божхона постлари орқали кесиб ўтиш вақти тўғрисидаги ҳар ойлик статистик маълумотни ҳар бир божхона пости кесимида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси расмий веб-сайтида эълон қилиш учун ҳар бир автотранспорт воситасининг кириш ва чиқиш вақтини автоматлаштирилган қайд этиш тизимини, шунингдек, юк транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктида божхона расмийлаштируви вақтини тақсимлаш имкониятини берадиган навбатларни бошқариш электрон тизимини жорий этиш орқали божхона постларида автотранспорт воситалари бўлиш вақтининг чекланган муддатини белгиласин;
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда "Ўздавкарантин" инспекцияси билан биргаликда товарларнинг алоҳида турлари учун мўлжалланган лаборатория ускуналари билан жиҳозланган ва энг оптимал манзилларда жойлаштирилган махсус ўтказиш пунктлари ва божхона постларини ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқсин ва зарур ҳолларда уларнинг очилишини таъминласин;
уч ой муддатда Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва ваколатли органлар билан биргаликда чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтишнинг аниқ муддатларини (дақиқаларда) белгилашни, божхона пости ҳудудига кириш ва чиқиш вақтини қайд этиш, шунингдек, бир-бирини такрорловчи назорат функцияларини бекор қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида текширув тартиб-таомилларидан ўтиш регламентини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
товарларнинг божхона қийматини хатарларни бошқариш тизимининг хавф кўрсаткичлари қаторига киритсин, шунингдек, қонунга хилоф мақсадларда давлат божхона хизмати органлари мансабдор шахслари томонидан мезонларни манипуляция қилишга йўл қўймаслик бўйича аниқ чоралар кўрсин;
ваколатли органлар билан биргаликда муаммоли масалаларни ечиш учун ташқи иқтисодий фаолият жараёнларининг соддалаштирилиши бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида йилига икки марта Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашининг йиғилишларида ҳисобот тақдим этиб борсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 15 июнга қадар назорат пунктлари ва ваколатли органларининг бошқа объектларини маълумотларни узатиш тармоғига улашни таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, "Ўздавкарантин" инспекцияси ва "Ўзстандарт" агентлиги маълумотларни узатиш тармоғига уланадиган назорат пунктлари ва ваколатли органларнинг бошқа объектлари дислокацияси тўғрисидаги маълумотни бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига тақдим этсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва АТ "Халқ банки" харажатларни тўлиқ қоплашни таъминлаган ҳолда чегараолди божхона постларида кечаю кундуз ишлайдиган, тегишли органлар томонидан чегара постларида кўрсатилган хизматларга тўловларни амалга ошириш, валюта айирбошлаш, пул маблағларини нақд пулга алмаштириш ҳамда бошқа нақд ва нақдсиз ҳисоб-китоб банк операцияларини амалга ошириш имконини берадиган ўз-ўзига хизмат кўрсатиш терминалларини ташкил қилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси:
2019 йил 1 июнга қадар жорий этилаётган рухсатномалар бериш тартиби доирасида ҳар бир турдаги назорат қилинадиган товарни ўрганишнинг алоҳида муддатларини белгилаган ҳолда, назорат қилинадиган товарларнинг ветеринария нормалари ва талабларига мувофиқлигини аниқлашнинг мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, таснифлашни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда мамлакатимиз ҳудудини юқумли касалликларни қўзғатувчилардан муҳофаза қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида автотранспорт воситаларини замонавий юқори самарали дезинфекция қилиш асбоб-ускуналарини босқичма-босқич ўрнатишни таъминласин.
12. "Ўздавкарантин" инспекцияси ва Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни назарда тутган ҳолда, карантинга олинган маҳсулотлар учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришда ушбу маҳсулотлар фитосанитария ҳолати ва эпизоотик вазиятини ўрганиш мақсадида мутахассисларни хорижий мамлакатларга юбориш заруратини аниқлаш мезонларини ва юбориш тартибини белгиланган тартибда тасдиқласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, "Ўздавкарантин" инспекцияси ва "Ўзстандарт" агентлиги уч ой муддатда "Ягона дарча" БАТ платформасида ваколатли органлар томонидан танлаб олиш асосида фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария ва экологик назорат ўтказиш имконини берадиган хавф-хатарларни таҳлил қилиш тизимини ишлаб чиқсин, шунингдек, рухсат этувчи ҳужжатлар дастлабки маълумотлардан фойдаланган ҳолда товарлар Ўзбекистон Республикасига амалда етиб келишига қадар берилишини амалга оширсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига маъмурий тартиб-таомиллардан ўтиш қулайлиги ва давлат божхона органлари, шунингдек, уларнинг ходимлари томонидан хизматлар кўрсатишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, ходимларнинг профессионаллиги ва тезкорлиги, уларнинг аҳоли билан муомала қилиш этикети даражасини мунтазам баҳолаб бориш учун "давлат хизматларининг сирли мижози" институтидан фойдаланган ҳолда чора-тадбирларни ташкил этиш тавсия этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, "Ўздавкарантин" инспекцияси ҳамда "Ўзстандарт" агентлиги қонунчилик ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш учун "давлат хизматларининг сирли мижози" мониторинги натижаларининг кўриб чиқилишини таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар, шу жумладан, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларни тубдан соддалаштириш ва муддатларини қисқартириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2019 йил 23 апрелдаги
ПҚ-4297-сон қарорига
ИЛОВА
Ташқи иқтисодий фаолият жараёнларини
такомиллаштириш чора-тадбирларини
амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ
ТАРКИБИ
1. М.П. Оллоёров |
- |
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари, Ишчи гуруҳ раиси |
2. М.Б. Азимов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси, Ишчи гуруҳ раисининг ўринбосари |
3. П.А. Абдумуталов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими |
4. С.С. Саидкаримов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари |
5. А.К. Шодмонов |
- |
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири |
6. Б.Т. Қўчқоров |
- |
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси |
7. Б.А. Бегалов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси |
8. Б.Т. Норқобилов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси |
9. И.М. Эргашев |
- |
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи |
10. Р.А. Гулямов |
- |
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари |
11. Ф.Ф. Машарипов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси масъул ходими |
12. Х.Х. Мелиев |
- |
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари |
13. Д.Ш. Султанов |
- |
Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари |
14. Б.Н. Абидов |
- |
Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари |
15. Д. Н. Саттаров |
- |
"Ўзстандарт" агентлиги бош директори |
16. А.И. Икрамов |
- |
Савдо-саноат палатаси раиси |
17. Р.К. Кабулов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи, Ишчи гуруҳ котиби |
Изоҳ: Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтганда, унинг таркибига мазкур лавозимга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2019 йил 24 апрель
"Халқ сўзи", 2019 йил 24 апрель
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2019 йил 29 апрель, 17-сон, 332-модда