ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Инвестициялар / Умумий қоидалар /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.07.2019 й. 616-сон "Инвестиция лойиҳаларини назорат ва мониторинг қилиш соҳасида ахборот тизимини жорий этиш ва ундан фойдаланиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
22.07.2019 й.
N 616
ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИНИ
НАЗОРАТ ВА МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ
СОҲАСИДА АХБОРОТ ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ
ЭТИШ ВА УНДАН ФОЙДАЛАНИШ БЎЙИЧА
ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Инвестиция лойиҳалар доирасида барча босқичлардаги ишларни назорат ва мониторинг қилиш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 14 майдаги ПФ-5717-сон Фармонига мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) томонидан "UZINFOCOM" давлат ахборот хизматларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор" масъулияти чекланган жамияти (кейинги ўринларда тизим оператори деб аталади) "Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш" автоматлаштирилган ахборот тизимининг (кейинги ўринларда ахборот тизими деб аталади) жорий этилиши, узлуксиз фаолият юритишини таъминлаш, янада модернизация қилиниши ва ахборот хавфсизлиги учун маъсул бўлган тизим оператори этиб белгилангани;
Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига татбиқ этиладиган ахборот тизимини белгиланган тартибда экспертизадан ўтказиш вазифаси юклангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. "Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш" автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш ва ундан фойдаланишни ташкил этиш регламенти (кейинги ўринларда Регламент деб аталади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигига 2019 йилда унинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ "Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш" автоматлаштирилган ахборот тизимининг ишлаб чиқилиши ва татбиқ этилиши билан боғлиқ харажатлар учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан фоизсиз ссуда ажратсин;
жорий йилда ахборот тизимини техник ва дастурий қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил учун тасдиқланган параметрлари доирасида зарур маблағлар ажратсин, 2020 йилдан бошлаб эса ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг талабномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг харажатлари параметрларида тегишли маблағларни назарда тутсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:
келиб тушган бюджет маблағларини тузилган шартномалар доирасида дастурий таъминот ва тегишли ускуналар учун лицензия олиш (фойдаланиш хуқуқи) бўйича қабул қилинган мажбуриятларни молиялаштириш, шу жумладан аванс тўловларини қоплаш мақсадида Агентликка йўналтирилиши;
икки йил давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан мазкур қарорнинг 3-банди иккинчи хатбошида кўрсатилган мақсадлар, шунингдек, хорижий грантлар ва техник кўмаклашиш маблағларини жалб қилиш учун йўналтирилган харажатлари қопланишини таъминлансин.
5. Белгилансинки, Агентлик:
2019 йил 1 августдан бошлаб - барча иштирокчиларни босқичма-босқич улаш орқали ахборот тизими тажриба тариқасида жорий этилишини;
2019 йил 1 октябрдан бошлаб - ахборот тизимини давлат органлари тизимларига интеграциялаштирган ҳолда ундан амалда фойдаланишни;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ахборот тизими бўйича лицензия ҳуқуқлари берилгунига қадар - ахборот тизимини жорий этиш ва ундан фойдаланиш ишларига умумий раҳбарликни;
икки ой муддатда тизим оператори билан биргаликда - жойларга чиққан ҳолда, вазирлик ва идоралар ходимлари учун ўқитишни (тренингни) ташкил этиш ва ўтказишни;
2019 йилнинг 1 декабрига қадар мазкур қарорнинг 3-бандида белгиланган мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ барча ҳисоб-китоблар якунига етказилгандан сўнг - ахборот тизими бўйича лицензия ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига белгиланган тартибда берилишини таъминлайди.
6. Белгилаб қўйилсинки:
ушбу Регламент Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурига ва худудий инвестиция дастурларига киритилган инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари бўлган вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга, шунингдек, лойиҳаларнинг амалга оширилишини назорат ва мониторинг қилиш вазифасини бажарувчи давлат органларига татбиқ этилади;
тизим оператори ахборот тизимининг жорий этилиши, кейинчалик модернизация қилиниши ва унга техник хизмат кўрсатилиши, шунингдек, унинг самарали ва узлуксиз фаолият юритишини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тегишлилиги бўйича ушбу инвестиция лойҳаларининг маълумотлар базасини бошқариш (уларнинг ҳисобини юритиш ва назорат қилиш, уларга ўзгартиришлар ва қўшимчаларни тасдиқлаш ёки рад этиш) орқали ахборот тизимининг функционал бошқарилишини таъминлайди.
7. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Агентлик ва тизим операторига ўқитишни (тренингни) ўтказиш учун ҳар томонлама ташкилий ва амалий ёрдам кўрсатсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги жорий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича бирламчи маълумотлар ахборот тизимига бир ой муддатда Агентлик томонидан тавсия этилган шаклга мувофиқ киритилишини таъминласин.
9. Вазирлик ва идоралар ахборот тизимига улангандан кейин ва ундан белгиланган тартибда фойдаланиш имкониятига эга бўлгандан сўнг улар томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари бўйича маълумотларни ахборот тизимга тўлиқ ҳажмда тезкор киритилишини таъминласин.
10. Вазирлик ва идоралар раҳбарларига Регламент талабларига риоя этилиши, шунингдек, ахборот тизимига киритиладиган маълумотлар тўлиқ, сифатли ва хаққоний бўлишини таъминлаш юзасидан шахсий масъулият юклансин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков ва Иқтисодиёт ва саноат вазири Б.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2019 йил 23 июль