ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 25.04.1996 й. 216-I-сон "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири, ЎзР 05.11.2019 й. ЎРҚ-580-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.04.1996 й.

N 216-I



БАНКЛАР ВА БАНК ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади банк фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик

Банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


банк - банк ҳисобварақларини очиш ва юритиш, тўловларни амалга ошириш, омонатларга (депозитларга) пул маблағларини жалб этиш, ўз номидан кредитлар бериш бўйича банк фаолияти сифатида аниқланган операциялар мажмуини амалга оширувчи тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс;


банклар гуруҳи - молия институтларининг юридик шахс бўлмаган бирлашмаси бўлиб, бунда асосий банк бошқа молия институтларини назорат қилади;


банк ҳисобварағи - банк томонидан шартномага мувофиқ мижозга очилган ҳисобварақ бўлиб, унга кўра банк мижознинг ҳисобварағига тушаётган пул маблағларини қабул қилиш ва ҳисобга киритиш, мижознинг ҳисобварағидан тегишли пул маблағларини ўтказиш ҳамда бериш ва ҳисобварақ бўйича бошқа операцияларни амалга ошириш ҳақидаги топшириқларини бажариш мажбуриятини зиммасига олади;


банкнинг барқарор молиявий ҳолати - банкнинг молиявий оқимлар мутаносиблигини, тўлов қобилиятини, ликвидлилиги ва рентабелли фаолиятини сақлаб туриш учун маблағларнинг етарлилигини, шунингдек барча пруденциал нормативлар банк томонидан бажарилишини ифодаловчи ҳолати;


билвосита эгалик қилувчи (олувчи) - банкнинг акцияларига ўзи назорат қиладиган бошқа шахс орқали эгалик қилувчи (акцияларни олувчи) шахс;


муҳим аҳамиятга эга ходимлар - банкнинг бошқарув аъзолари бўлмаган, лавозими банк фаолиятига муҳим таъсир кўрсатиш имкониятини берадиган ходимлари;


мўлжалланган олиш - потенциал олувчи томонидан банк акцияларини олиш ёки уларга ҳал қилувчи эгалик қилишни кўпайтириш юзасидан қабул қилинган қарор;


охирги бенефициар мулкдор - юридик шахс бўлган, банк акцияларининг потенциал олувчисига ёки бу акцияларга бевосита ёхуд билвосита эгалик қилувчига бевосита ёки билвосита эгалик қиладиган ёхуд уни назорат қиладиган жисмоний шахс;


пруденциал назорат - банк фаолиятининг ўзига хос таваккалчиликларининг олдини олиш ва камайтириш мақсадида банклар фаолияти устидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки амалга оширадиган назорат;


регулятив капитал - банк фаолиятини тартибга солиш ва пруденциал нормативлар ҳисоб-китобини амалга ошириш мақсадида ҳисоб-китоб қилиш йўли билан аниқланадиган банк капитали;


тизимли аҳамиятга молик банк - банк тизимининг барқарорлиги қайси банкнинг фаолиятига боғлиқ бўлса, ўша банк;


чет эл банки - чет давлатнинг ҳудудида рўйхатга олинган, унинг қонунчиликка мувофиқ банк деб ҳисобланадиган юридик шахс;

ҳал қилувчи эгалик - шахс томонидан ёки биргаликда ҳаракат қилувчи шахслар томонидан юридик шахс устав фондининг (устав капиталининг) бир ёхуд бир неча битим натижасида олинган камида беш фоизига бевосита ёки билвосита эгалик қилиш.



4-модда. Банк фаолияти соҳасини

тартибга солувчи давлат органи

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) банк фаолияти соҳасини тартибга солувчи ва лицензиялаш, тартибга солиш ҳамда пруденциал назорат бўйича ваколатларни амалга оширувчи давлат органидир.



5-модда. Банк операциялари

Банклар томонидан амалга ошириладиган молиявий операциялар жумласига қуйидагилар киради:

пул маблағларини омонатларга (депозитларга) жалб этиш;

тўловларни амалга ошириш, шу жумладан банк ҳисобварақларини очмасдан амалга ошириш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг банк ҳисобварақларини, шу жумладан банкларнинг вакиллик ҳисобварақларини очиш ҳамда юритиш;

кредитларни уларнинг қайтарилиши, фоизлилиги ва муддатлилиги шарти билан ўз номидан ўзининг маблағлари ҳамда жалб этилган маблағлар ҳисобидан бериш;

чет эл валютаси билан нақд ва нақдсиз шакллардаги операциялар;

жисмоний ёки юридик шахс билан тузилган шартнома бўйича мол-мулкни ишончли бошқариш;

инкассация ва касса хизматларини кўрсатиш;

учинчи шахслар номидан уларнинг мажбуриятлари бажарилишини назарда тутувчи кафолатлар бериш ва бошқа мажбуриятларни қабул қилиш;

учинчи шахслардан пул шаклидаги мажбуриятларнинг бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқини олиш (факторинг);

қимматли қоғозларни чиқариш, харид қилиш, сотиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларни сақлаш, мижоз билан тузилган шартномага биноан қимматли қоғозларни бошқариш, улар билан бошқа операцияларни бажариш;

аффинланган қимматбаҳо металлар сотиб олиш ва сотиш, шу жумладан металларни масъул сақлаш ҳисобварақларини ҳамда металларнинг эгасизлантирилган (жисмоний бўлмаган) ҳисобварақларини юритиш;

қимматбаҳо металлардан ясалган тангаларни сотиб олиш ва сотиш;

ҳосилавий молия воситалари (деривативлар) билан операцияларни амалга ошириш;

ҳужжатларни ёки қимматликларни сақлаш учун махсус биноларни ёки уларнинг ичидаги сейфларни ижарага бериш;

лизинг бериш;

қонунчиликда назарда тутилган шаклларда қарзлар бериш;

молиявий операциялар билан боғлиқ маслаҳат хизматлари кўрсатиш;

активлар мажмуини (портфелини) бошқариш;

электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва тўлаш;

банк карталарини бериш ва тўловларга ишлов бериш, банк карталарига бошқа ташкилотлар, жумладан бошқа молия институтлари билан биргаликда хизмат кўрсатиш.

Банклар банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бошқа молиявий операцияларни ҳам амалга оширади.

Банклар банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияда кўрсатилмаган молиявий операцияларни амалга оширишга ҳақли эмас.



6-модда. Омонат (депозит)

Қуйидаги шартларнинг барчасига мувофиқ бўлган, қўйилган пул маблағлари омонатдир (депозитдир):

мижознинг талабига биноан ёки муддат ўтганидан кейин фоизлар ёхуд бошқа даромадлар билан ёки уларсиз ёхуд омонатчи ёки унинг ваколатли вакили ва пул маблағларини қабул қилувчи банк ўртасида, келишилган шартлар асосида қайтарилиши лозим бўлган пул маблағлари;

субординар қарзга, эгалик қилиш ҳуқуқларига ёки хизматларига, шу жумладан суғурта хизматларига тааллуқли бўлмаган пул маблағлари;

пул маблағларини қабул қилувчи банкнинг тегишли ҳужжати билан ёзма шаклда тасдиқланган пул маблағлари.

Пул маблағларини омонатларга (депозитларга) жалб этиш бўйича фаолият билан шуғулланишга фақат банклар ҳақли.



7-модда. Банклар учун тақиқланган ёки чекланган фаолият

Банклар бевосита ишлаб чиқариш, савдо, суғурта фаолияти ҳамда банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган молиявий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган чеклов қуйидаги ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди:

банк карталари асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимларида фойдаланиладиган ихтисослаштирилган ускунани ва унга доир дастурий таъминотни сотиш ёки ижарага беришга;

ўз активларини сотишга;

чек дафтарчаларини чиқариш, реализация қилиш ва тарқатишга;

суғурта ташкилотлари бўлган Ўзбекистон Республикаси резидентлари номидан суғурта шартномаси тузилишини ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширишга;

банк ўзи муассис бўлган юридик шахсларга ўз мол-мулкини мулкий ижара (аренда) шартномасига мувофиқ ижарага беришга.

Банкларга юридик шахсларни ташкил этиш ва (ёки) юридик шахсларнинг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) улушларни ёки акцияларни олиш тақиқланади, бундан қуйидагилар мустасно:

кредит, суғурта ва лизинг операцияларини профессионал асосда амалга оширувчи юридик шахслар;

молия бозори инфратузилмасининг бир қисми бўлган ёки банкларга ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар;

банкнинг кафолати остида қимматли қоғозларни чиқариш ва жойлаштириш мақсадида мазкур банкнинг хорижда ташкил этиладиган шўъба ташкилотлари;

фақат инкассация фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар;

банк операциялари бўйича ҳисоб-китоблар, шу жумладан банк карталари билан операцияларга доир ҳисоб-китоблар иштирокчилари ўртасида ўзаро боғлиқлигини таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар;

фонд ва валюта биржалари;

кредит бюролари;

қимматли қоғозларнинг иккиламчи бозорига жойлаштирилган акцияларнинг йигирма фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда фонд биржаси листингига киритилган акциядорлик жамиятлари.

Ушбу модданинг учинчи қисмига мувофиқ банк томонидан бир юридик шахснинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини ёки акцияларини олиш банкнинг биринчи даражали регулятив капиталининг ўн беш фоизидан ошмаслиги керак. Ушбу чеклов банк томонидан мазкур юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига ёки акцияларига эгалик қилишга, шу жумладан мазкур юридик шахсларнинг ташкил этилиши ҳолларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Банклар томонидан қимматли қоғозлар билан битимларни амалга ошириш, юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини ёки акцияларини сотиб олиш йиғиндиси банкнинг биринчи даражали регулятив капиталининг эллик фоизидан ошмаслиги керак.

Агар банк томонидан юридик шахслар устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига ёки акцияларига эгалик қилиш ушбу модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида кўрсатилган миқдордан ортиқ бўлса, ушбу ортган қисмни банк бир йил ичида сотиши шарт.

Банкка ушбу банк устав капиталининг бир ёки ундан ортиқ фоизига эгалик қилувчи юридик шахснинг устав фондида (устав капиталида) иштирок этиш тақиқланади.

Ушбу модданинг талаблари банклар томонидан бошқа банкнинг акцияларини ёки ўзга банк сақловчиси бўлган бошқа қимматли қоғозларни ёхуд ўзга банкка тегишли юридик шахслар устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларни ёки акцияларни улар томонидан қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этиш амалга оширилаётганда олиш ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди.



8-модда. Банкларнинг мустақиллиги

Банклар молиявий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлар қабул қилишда мустақилдир.

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига банклар фаолиятига, шу жумладан банкларнинг кредит портфелини ва активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқаришга, банкларнинг раҳбар ходимларини тайинлашга аралашиш, шунингдек банкнинг маблағлари ҳисобидан турли хил тўловлар ва бадаллар талаб қилиш тақиқланади, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.



9-модда. Давлат ва банклар мажбуриятларининг

чегаралаб қўйилиши

Банклар давлатнинг мажбуриятлари бўйича, давлат эса банкларнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, бундан банкларнинг ёки давлатнинг ўзи бундай мажбуриятларни зиммасига олиш ҳоллари мустасно.



10-модда. Банкларнинг уюшмалари

Банклар, агар қонунчиликнинг талабларига зид келмаса, ўзининг умумий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда биргаликдаги дастурларни амалга ошириш мақсадида уюшмалар ва бошқа бирлашмалар тузиши мумкин.

Банкларнинг уюшмалари ахборот алмашиш ва банк фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бошқа масалаларни биргаликда ҳал қилишга доир ташкилотларни ташкил этиши мумкин.

Банкларнинг уюшмалари ваколатли давлат органи томонидан рўйхатга олинганидан ёки тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан кейин Марказий банкни бу ҳақда ўн кунлик муддатда хабардор этади.



11-модда. Банкнинг номи

"Банк" атамасидан ёки мазкур атама қўшиб ясалган сўз бирикмаларидан фақат банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан фирма номида ёхуд товар белгисида (хизмат кўрсатиш белгисида) фойдаланилади.

Банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахслар "банк" атамасини ўзининг фирма номига қўшиши шарт.



12-модда. Банкнинг муассислари

Юридик ва жисмоний шахс бўлган резидентлар, шунингдек норезидентлар банк муассислари бўлиши мумкин.

Давлат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари асосида бошқа давлат ташкилотлари номидан банк муассиси ва акциядори бўлиши мумкин. Устав фондининг (устав капиталининг) эллик фоиздан ортиғи давлатга тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, банк муассислари ва акциядорлари бўлиши мумкин эмас.


13-модда. Банкнинг устав капитали

Банк устав капиталининг энг кам миқдори:

2023 йил 1 сентябрга қадар юз миллиард сўмни;

2023 йил 1 сентябрдан эътиборан икки юз миллиард сўмни;

2024 йил 1 апрелдан эътиборан уч юз эллик миллиард сўмни;

2025 йил 1 январдан эътиборан беш юз миллиард сўмни ташкил этиши керак.

Банкнинг устав капитали Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида шакллантирилади ҳамда банк муассислари ва акциядорлари киритган пул маблағларидан ёки давлатнинг қимматли қоғозларидан ташкил топади, бундан қуйидаги ҳоллар мустасно:

банк акцияларини банкнинг кредиторлари орасида жойлаштириш ва банкнинг кредиторлар олдидаги пул мажбуриятлари бўйича ҳар қандай ҳуқуқларини (талабларини) ҳисобга олиш йўли билан уларнинг ҳақини тўлаш;

қимматли қоғозларни банк акцияларига айирбошлаш;

банкнинг жойлаштирилган бир турдаги акцияларини ушбу банкнинг бошқа турдаги акцияларига алмаштириш.

Банкнинг устав капиталини шакллантириш учун кредитга, гаровга олинган маблағлардан, шунингдек мажбурият юклатилган бошқа маблағлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Ташкил этилаётган ёки қўшиб юбориш, бўлиш ва ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этилаётган банк устав капитали ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган, банк ташкил этилаётган ёки қайта ташкил этилаётган кундаги банк устав капиталининг энг кам миқдоридан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади. Бунда банк устав капиталининг энг кам миқдори банкни давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш тўғрисидаги ариза бериладиган пайтгача банк муассислари томонидан шакллантирилган бўлиши керак. Ташкил этилаётган банкнинг устав капиталига киритилган маблағлар банкда очилган жамғарма ҳисобварағига ўтказилади.

Банклар ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатларда ўз устав капитали миқдорини мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга мувофиқлаштириши керак. Устав капиталида давлат улуши мавжуд бўлган банклар норезидентларга давлат улушини тўлиқ сотиш орқали хусусийлаштирилганда Марказий банк бошқаруви банк устав капиталини мазкур модданинг биринчи қисмида белгиланган энг кам миқдорга мувофиқлаштириш бўйича белгилангандан бошқа муддатларни ўрнатишга ҳақли.

Тизимли молиявий инқироз ҳолатида банк акциялари давлат қимматли қоғозлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан сотиб олиниши мумкин.



14-модда. Банкнинг устави ва ички низомлари

Банк ўз устави асосида фаолият кўрсатади.

Банк уставида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

банкнинг тўлиқ ва қисқартирилган фирма номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳамда электрон почта манзили;

устав капиталининг миқдори;

устав капиталини кўпайтириш ва камайтириш тартиби;

чиқарилаётган акцияларнинг турлари ва сони, акциялар турларининг нисбати;

соф фойдани тақсимлаш, шунингдек зарарларнинг ўрнини қоплаш тартиби;

захира фондини ва бошқа фондларни ташкил этиш тартиби;

банк акциядорларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан ушбу Қонун талабларига мувофиқликни таъминлаш учун банк томонидан сўраб олинадиган ахборотни тақдим этиш мажбуриятлари;

банкнинг бошқарув органлари тузилмаси, уларни ташкил этиш тартиби, банк кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзоларининг сони, ваколатлари ва вазифалари ҳақидаги маълумотлар;

акциядорлар (муассислар) ўртасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш чоралари;

банк томонидан акцияларни жойлаштириш тартиби ва шартлари;

банкни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби.

Банкнинг уставида ушбу моддада белгиланган талаблардан ташқари акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган маълумотлар ҳам бўлиши керак.

Банкнинг устави, унга киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар Марказий банкда рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Банкнинг ички қоидалари, шунингдек уларга киритиладиган кейинги ўзгартиш ҳамда қўшимчалар банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда мувофиқ ишлаб чиқилиши ҳамда Марказий банкка тақдим этилиши керак.


2-БОБ. БАНК ФАОЛИЯТИГА РУХСАТ БЕРИШГА

ДОИР ЭНГ ЗАРУР ШАРТЛАР


15-модда. Банкни ташкил этиш

Банклар акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади.

Банклар Марказий банкда давлат рўйхатига олинган пайтдан эътиборан юридик шахс мақомини олади.

Банклар Ўзбекистон Республикасида ўз фаолиятини Марказий банк томонидан бериладиган, банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) асосида амалга оширади.

Лицензия унинг амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.

Лицензияни ёки унга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш тақиқланади.

Лицензиясиз амалга ошириладиган банк фаолияти ғайриқонуний деб ҳисобланади ва жавобгарликка сабаб бўлади. Бундай фаолият натижасида олинган даромад Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига олиб қўйилади.

Банкларни лицензиялаш тартиб-таомили қуйидаги икки босқичдан иборат:

Марказий банк томонидан банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш;

бир вақтнинг ўзида лицензия берган ҳолда банкни давлат рўйхатидан ўтказиш.

Амалга оширилиши учун қонунчиликка мувофиқ алоҳида лицензиялар ёки рухсатномалар олиниши талаб этиладиган фаолият банклар томонидан тегишли ҳужжатлар олинганидан кейин амалга оширилади.


16-модда. Банкни ташкил этишга доир

дастлабки рухсатномани бериш

Банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун муассислар томонидан банк ташкил этиш бўйича ўз манфаатларини Марказий банкда ифода этишга вакил қилинган шахс (бундан буён матнда ариза берувчи деб юритилади) таъсис шартномаси имзолаганидан кейин уч ойдан кечиктирмай Марказий банкка қуйидагиларни илова қилган ҳолда ариза тақдим этади:

таъсис шартномасини;

икки нусхадаги банк уставини;

таъсис йиғилишининг баённомасини;

муассислар рўйхатини;

ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган бевосита ва билвосита муассислар, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек ушбу Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ баҳолашни ўтказиш учун зарур бўлган ахборотни;

ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган шахслар мавжуд бўлмаган тақдирда, банкнинг устав капиталида энг кўп улушларга эга бўлган, умумий улуши камида эллик фоизни ташкил этадиган бевосита ва билвосита муассислар, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги ахборотни, шу жумладан ушбу Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ баҳолашни ўтказиш учун зарур бўлган ахборотни;

муассис бўлган юридик шахснинг аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланган охирги уч йил учун молиявий ҳисоботларини;

банкнинг устав капиталини шакллантириш учун киритилган маблағларнинг манбалари тўғрисидаги ҳужжатлар билан тасдиқланган ахборотни;

банкнинг кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари тўғрисидаги, бу аъзоларнинг ушбу Қонуннинг 36-моддаси талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун зарур бўлган ахборотни;

банкнинг ташкилий тузилмасини;

банкнинг ички аудит хизмати тўғрисидаги низом лойиҳасини;

банкнинг кейинги уч йилга мўлжалланган бизнес-режасини;

кейинчалик банкнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим бўлган, банкнинг кредит, инвестиция ва эмиссия сиёсатининг лойиҳаларининг, шунингдек таваккалчиликларни бошқариш ва ички назорат сиёсати лойиҳаларининг кўчирма нусхаларини;

Банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиққанлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Ариза берувчи банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги аризада электрон почта манзилини кўрсатишга ҳақли. Электрон почта манзилининг кўрсатилиши ариза юзасидан қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарномани олишга ёки ахборот-коммуникация тизими орқали электрон шаклда қўшимча ахборотни сўраб олинишига бўлган розиликдир.

Тақдим этилган ҳужжатларда Марказий банк томонидан камчиликлар аниқланган ва (ёки) ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар ариза берувчи томонидан тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаган тақдирда, Марказий банк ариза берувчига бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар ва (ёки) тақдим этилиши зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган ҳолдаги хабарномани ариза тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш кун ичида юборади.

Банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги ариза банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан уч ой ичида Марказий банк томонидан кўриб чиқилиши керак. Мазкур муддат ушбу модданинг олтинчи қисмида кўрсатилган ҳолларда тўрт ойгача узайтирилиши мумкин.

Агар ариза берувчи томонидан тақдим этилган, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар ва ахборот банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисида қарор қабул қилиш учун етарли бўлмаса, Марказий банк ариза берувчидан қўшимча ҳужжатлар ва ахборот сўрашга ҳақлидир.

Ариза берувчи Марказий банк сўраган ҳужжатлар ва ахборотни сўров олинган кундан эътиборан ўттиз календарь кундан ошмаган муддатда ушбу модданинг олтинчи қисмига мувофиқ тақдим этиши керак, ушбу муддат мобайнида банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқиладиган уч ойлик давр тўхтатиб турилади.

Марказий банк ариза берувчини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан уч иш куни ичида ёзма шаклда, шу жумладан ахборот-коммуникация тизими орқали электрон шаклда хабардор қилади.

Банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатнома олинган кундан эътиборан олти ойдан ошмаган муддат ичида юридик кучини сақлаб туради.

Банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатнома қуйидаги ҳолларда амал қилиш муддати тугашидан олдин бекор қилинади:

дастлабки рухсатнома сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда;

илгари баҳолашдан ўтган ва ушбу Қонуннинг 24-моддаси талабларига жавоб берган муассислар, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорлар эндиликда ушбу модда талабларига мувофиқ бўлмаганда;

илгари баҳолашдан ўтган ва ушбу Қонуннинг 36-моддаси талабларига жавоб берган банк кузатув кенгаши ва (ёки) бошқаруви аъзолари эндиликда ушбу модда талабларига мувофиқ бўлмаганда, шунингдек банк кузатув кенгаши ва (ёки) бошқарувининг янги тайинланган аъзолари тўғрисида ахборот тақдим этилмаганда;

тақдим этилган бизнес-режага таркибий ўзгартишлар киритилганда;

банкни хавфсиз ва барқарор бошқаришни таъминлаб бўлмаслигини кўрсатувчи фактлар аниқланганда.



17-модда. Чет эллик муассисларга нисбатан улар

томонидан банкни ташкил этиш ёки банкнинг

устав капиталида иштирок этиш чоғида

қўйиладиган қўшимча талаблар

Банкни ташкил этишда ёки банкнинг устав капиталида чет эл банки иштирок этганда ушбу Қонуннинг 16-моддасида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари қуйидаги ҳужжатлар қўшимча равишда тақдим этилади:

чет эл банки ваколатли органининг банкни ташкил этиш ёки банкнинг устав капиталида иштирок этиш тўғрисидаги қарори;

чет эл банкининг устави;

чет эл банки банкни назорат қилиш органининг мазкур чет эл банки унинг консолидациялашган назорати остида туриши, пул маблағларини депозитларга қабул қилиш ҳуқуқига эга эканлиги ва унга банкни назорат қилиш органининг банкни ташкил этиш ёки банкнинг устав капиталида иштирок этиш учун рухсатномаси берилганлиги тўғрисидаги ёзма тасдиқномаси ёхуд шундай рухсатнома талаб этилмаслиги тўғрисидаги тасдиқномаси;

чет эл банки капиталининг ва кредит рейтингининг Марказий банк томонидан белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Марказий банк юқори капитал ва кредит рейтинги кўрсаткичларига эга бўлган халқаро молия институтлари, чет эл банклари ҳамда бошқа кредит ташкилотлари томонидан банк ташкил этаётганда ёки банкнинг устав капиталида иштирок этаётганда дастлабки рухсатномани олишнинг алоҳида тартибини белгилашга ҳақли.

Норезидент бўлган жисмоний шахсларнинг ва халқаро молия институтлари, чет эл банклари ва бошқа кредит ташкилотлари бўлмаган юридик шахсларнинг жами улуши банк устав капиталининг эллик фоизидан ошмаслиги керак.

Марказий банк халқаро молия институтлари, чет эл банклари ва бошқа кредит ташкилотлари бўлмаган, банк муассислари бўлган норезидентларнинг капиталига ҳамда кредит рейтингига нисбатан, шунингдек норезидентлар жойлашган давлатнинг рейтингига нисбатан энг зарур талабларни белгилашга ҳақли.

Имтиёзли солиқ режимини тақдим этувчи ва (ёки) охирги бенефициар мулкдорнинг шахсини ошкор қилиш ҳамда молиявий операцияларни ўтказиш чоғида ахборот тақдим этиш назарда тутилмайдиган давлатда ёки ҳудудда рўйхатга олинган юридик шахслар ва шундай давлатда ёки ҳудудда яшайдиган жисмоний шахслар банкнинг муассислари ва акциядорлари бўлиши мумкин эмас (бундан чет эл фонд бозорларида банк акцияларини сотиб олган юридик ва жисмоний шахслар мустасно).

Банк ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишда Марказий банк:

Марказий банк билан чет эл банки бўлган муассиснинг банкни назорат қилиш органи ўртасида ахборот айирбошлаш тўғрисидаги келишув мавжудлигини;

норезидент жойлашган мамлакат ваколатли органларининг ахборотини ва фикрларини инобатга олади.

Ушбу Қонуннинг 16-моддасида ва ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар муассис бўлган банк рўйхатга олинган ерда жойлашган Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси ёки бошқа консуллик муассасалари томонидан тасдиқланади.



18-модда. Лицензиялашдан олдин бошқа

органлар билан маслаҳатлашиш

Марказий банк лицензиялашдан олдинги тартиб-таомиллар доирасида вазирликлар, идоралар ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан маслаҳатлашишга ҳақлидир.

Вазирликлар, идоралар ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари Марказий банк томонидан сўралган, тегишли қарорни қабул қилиш учун зарур бўлган ахборотни тақдим этиши керак.

Марказий банк чет давлатларнинг ваколатли органларига зарур ахборотни тақдим этиш тўғрисида сўровномалар юборишга ҳақли.



19-модда. Банкни ташкил этишга доир дастлабки

рухсатномани беришни рад этиш

Банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ушбу Қонун 16 ва 17-моддаларида кўрсатилган тақдим этилган ҳужжатларнинг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ эмаслиги;

баҳоланиши ушбу Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ амалга оширилган муассисларнинг, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорларнинг мазкур модда талабларига мувофиқ эмаслиги;

банкнинг бизнес-режада кўрсатилган мақсадларга эришишга қодир эмаслиги;

ташкил этиладиган банк билан яқин алоқаларга эга бўлган бир ёки бир неча шахснинг фаолиятини тартибга солувчи бошқа мамлакат қонунларида ёки норматив ҳужжатларида ушбу шахсларга нисбатан бошқа мамлакат ваколатли органларининг талаблари мавжудлиги ёхуд улар томонидан қўлланилган, Марказий банкнинг назорат қилиш вазифасини амалга оширишига тўсқинлик қилувчи тақиқлар ҳамда чекловлар қўлланилганлиги ёки Ўзбекистон Республикасининг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилигига риоя этиш борасида бошқа монеликларнинг мавжудлиги;

ушбу Қонун 16-моддасининг олтинчи қисмига мувофиқ Марказий банк томонидан сўралган қўшимча ҳужжатларнинг ва ахборотнинг тақдим этилмаганлиги.

Яқин алоқалар деганда икки ёки бир неча шахс қуйидагилар воситасида ўзаро боғлиқ бўлган ҳолат тушунилади:

юридик шахс овоз бериш ҳуқуқларининг ёки устав фондининг (устав капиталининг) камида йигирма фоизига бевосита эгалик қилишни ёки назоратни қўлга киритиш;

назорат қилиш;

икки шахс ёки барча шахслар ўртасида ёки шу шахслар ва учинчи шахс ўртасида ўрнатилган доимий назоратнинг мавжудлиги.

Назорат деганда шахслар ўртасидаги қуйидаги мезонлардан бирига мос келувчи ўзаро алоқа тушунилади:

шахс томонидан бошқа юридик шахснинг устав фондида (устав капиталида) устунлик қиладиган улушларга эгалик қилиш;

юридик шахснинг иштирокчиси (акциядори) бўлган шахснинг шу юридик шахс бошқарув органларининг кўпчилик аъзоларини тайинлаш ёки алмаштириш ҳуқуқи;

шахснинг юридик шахс фаолиятига, у билан тузилган шартномага ва (ёки) унинг устави қоидаларига мувофиқ таъсир кўрсатиш имконияти;

юридик шахснинг иштирокчиси (акциядори) бўлган шахснинг шу юридик шахс бошқарув органларининг овоз бериш ҳуқуқини амалга ошириши натижасида ўзи тайинлаган аъзоларига таъсир кўрсатиш имконияти. Ушбу мезон, агар назорат ушбу қисмнинг иккинчи - тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган мезонлардан бирига мувофиқ бўлса, қўлланилмайди;

юридик шахснинг иштирокчиси (акциядори) бўлган шахснинг ўзининг бошқа иштирокчилари (акциядорлари) ёки аъзолари билан келишувга биноан мазкур юридик шахснинг устав фондида (устав капиталида) устунлик қиладиган улушларни бошқариш имконияти.

Марказий банкнинг асослантирилган мулоҳазаси банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани беришни рад этиш учун асос бўлади.

Дастлабки рухсатномани беришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома ариза берувчига ушбу Қонун 16-моддасининг саккизинчи қисмида назарда тутилган муддатларда ва шаклларда, рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда юборилади.

Рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган камчиликлар бартараф қилинганлиги инобатга олинган ҳолда тақдим этилган ариза ва ҳужжатлар янгидан берилган деб ҳисобланади.



20-модда. Банкни давлат рўйхатига олиш ва лицензия бериш

Банкни давлат рўйхатига олиш ва лицензия олиш учун ариза берувчи банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатнома олинганидан кейин олти ойдан кечиктирмай Марказий банкка қуйидагиларни тақдим этиши керак:

банкни давлат рўйхатига олиш ва лицензия бериш тўғрисидаги ариза;

ушбу Қонун билан белгиланган энг кам миқдордан кам бўлмаган суммада банкнинг устав капитали шакллантирилганлигини тасдиқловчи ҳужжат, шунингдек муассисларнинг рўйхати;

банкнинг муҳим аҳамиятга эга ходимлари тўғрисида уларнинг ушбу Қонуннинг 36-моддаси талабларига мувофиқлигини баҳолашдан ўтказиш учун зарур бўлган ахборот;

ташкил этилаётган банк жойлашган ердаги Марказий банк ҳудудий бош бошқармасининг банк бинолари, уларнинг муҳофаза қилиниши таъминланганлиги, ускуналар, ишларни ташкил этиш техника воситалари билан жиҳозланганлигининг ва дастурий таъминотининг Марказий банк талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;

ушбу Қонуннинг 16 ва 17-моддаларида санаб ўтилган барча ҳужжатларнинг электрон шаклдаги кўчирма нусхалари.

Башарти банкнинг фаолияти хавфсиз тарзда амалга оширилиши таъминланса ҳамда омонатчилар ва кредиторларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишини, шунингдек банк тизими лозим даражада ишлашини кафолатловчи корпоратив бошқарув талабларига риоя этилса, Марказий банк банкни давлат рўйхатига олиш ҳамда лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Банкни давлат рўйхатига олиш ва лицензия бериш ҳақидаги қарор ариза барча зарур ҳужжатлар билан олинган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда қабул қилинади.

Марказий банк тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан уч иш куни ичида ариза берувчини қабул қилинган қарор ҳақида ёзма шаклда, шу жумладан ахборот-коммуникация тизими орқали электрон шаклда хабардор қилади.

Лицензия берилганлиги учун қонунда белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.

Банкнинг давлат рўйхатига олинганлиги ва унга лицензия берилганлиги тўғрисидаги ахборот Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Лицензиянинг қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланган тақдирда лицензия Марказий банк томонидан чақириб олинади.



21-модда. Банкни давлат рўйхатига олишни

ва лицензия беришни рад этиш

Банкни давлат рўйхатига олишни ва лицензия беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

Банкнинг шакллантирилган устав капитали миқдорининг банкни давлат рўйхатига олиш ва лицензия бериш тўғрисидаги аризани топшириш пайтида ушбу Қонун талабларига мувофиқ эмаслиги;

илгари баҳолашдан ўтган ва ушбу Қонуннинг 24-моддаси талабларига жавоб берган муассисларнинг, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорларнинг эндиликда ушбу модда талабларига мувофиқ эмаслиги;

муҳим аҳамиятга эга ходимларнинг Марказий банкнинг малака талабларига мувофиқ эмаслиги;

банкнинг бинолари, уларнинг муҳофаза қилиниши таъминланганлиги, ускуналар ва ишларни ташкил этиш техника воситалари билан жиҳозланганлигининг ва дастурий таъминотининг Марказий банк талабларига мувофиқ эмаслиги.

Банкни давлат рўйхатига олиш ва лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги хабарнома ариза берувчига ушбу Қонун 20-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган муддатда ва шаклларда, рад этиш сабаблари ҳамда ариза берувчи кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб, такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади.

Банкни рўйхатга олиш ва лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак ҳамда икки ойдан кам бўлиши мумкин эмас.

Ариза берувчи томонидан банкни давлат рўйхатига олишни ва лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ариза барча зарур ҳужжатлар билан олинган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда амалга оширилади.

Банкни давлат рўйхатига олиш ва лицензия бериш тўғрисидаги аризани қайта кўриб чиқиш чоғида банкни давлат рўйхатига олишни ва лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

Банкни давлат рўйхатига олишни ва унга лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин берилган банкни давлат рўйхатига олиш ва лицензия бериш тўғрисидаги ариза янгидан берилган деб ҳисобланади.



22-модда. Банк акцияларига эгалик қилишга

доир рухсатнома ва чеклов

Жисмоний ва юридик шахслар ёки биргаликда ҳаракат қилувчи шахслар, шу жумладан норезидентлар бир ёки бир неча битим натижасида банкнинг устав капиталидаги:

беш ва ундан кўпроқ фоизни, лекин кўпи билан йигирма фоизни;

йигирма ва ундан кўпроқ фоизни, лекин кўпи билан эллик фоизни;

эллик ва ундан кўпроқ фоизни ташкил этадиган улушни бевосита ёки билвосита олишдан олдин Марказий банкнинг дастлабки рухсатномасини олиши шарт.

Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган банк устав капиталидаги улушлар Марказий банкнинг дастлабки рухсатномасини олган шахслар томонидан ўзгартирилган тақдирда, ушбу Қонуннинг 26-моддасида кўрсатилган тартибда хабардор қилиш йўли билан амалга оширилади.

Қуйидагилар биргаликда ҳаракат қилувчи шахслар ҳисобланади:

1) банк акцияларини мувофиқлаштирилган (келишилган) тарзда сотиб олишни ёки шахсларнинг банк акцияларини биргаликда сотиб олиш ниятида эканлигини кўрсатувчи шартлар асосида банк акцияларини сотиб олган шахслар;

2) жалб этилган шахслар:

а) бошқа шахс устидан назоратни амалга оширувчи ёки бошқа шахснинг назорати остидаги ёхуд учинчи шахснинг биргаликдаги назорати остидаги шахслар;

б) овоз бериш ҳуқуқини олиш учун ёки овоз бериш ҳуқуқини биргаликда амалга ошириш учун битимларда бевосита ёки билвосита иштирок этувчи шахслар, агар битимнинг предмети бўлган улушлар (акциялар) уларга назоратни таъминласа;

в) юридик шахсга нисбатан раҳбарлик ваколатига ёки назорат қилиш ваколатига эга бўлган жисмоний шахслар;

г) юридик шахс бошқарув органлари аъзоларининг кўпчилигини тайинлаш ваколатига эга бўлган шахслар;

д) яқин қариндошлар (қариндошлик ёки қайин-бўйинчилик муносабатидаги шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-укалар, опа-сингиллар, эр-хотин, фарзандлар, шу жумладан фарзандликка олинганлар, боболар, бувилар, неваралар, эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ёки ўгай ака-укалари, опа-сингиллари, шунингдек уларнинг назорати остидаги юридик шахслар);

3) назоратни амалга оширувчи юридик шахс ва унинг назорати остидаги юридик шахслар, шунингдек битта назорат қилувчи юридик шахснинг назорати остидаги юридик шахслар ўзаро;

4) юридик шахс ўз бошқарув органи аъзолари ва жалб этилган шахслари билан бирга, шунингдек ушбу шахслар ўзаро;

5) ўзининг молия-хўжалик фаолиятида айни бир шахс томонидан тақдим этилган ёки жалб этилган шахслар ҳисобланувчи турли шахслардан келиб тушаётган молиявий ресурслардан фойдаланувчи шахслар;

6) ўз иқтисодий фаолиятидан олинган нафни айни бир шахсга ёки жалб этилган шахслар бўлган турли шахсларга ўтказувчи шахслар;

7) асосан иштирокчиларнинг (акциядорларнинг) ёки бошқарув органларининг бир хил таркибига эга бўлган юридик шахслар;

8) битта эмитент ёки жалб этилган шахслар томонидан чиқарилган молиявий воситаларни сотиб олиш ва (ёки) сотиш орқали айнан ўхшаш инвестиция сиёсатини қабул қилган ёки амалга ошираётган шахслар;

9) банк томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар берадиган ҳуқуқларни ўхшаш ҳолда амалга ошириш орқали банкка нисбатан биргаликдаги узоқ муддатли сиёсатни олиб борувчи шахслар;

10) жалб этилган шахс (жалб этилган шахслар) бўлган айни бир шахсни (айни ўша шахсларни) молия-хўжалик фаолиятини амалга ошириш, манфаатларни ифодалаш ёки ўз эгалигида бўлган устав фондидаги (устав капиталидаги) улушлар ёки акциялар берадиган овоз бериш ҳуқуқларини амалга ошириш учун ваколатли вакил (ваколатли вакиллар) сифатида тайинлаган ёки тайинлайдиган шахслар;

11) банк билан боғлиқ бўлган операцияларни ўтказиш мақсадида ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклга бирлашган шахслар;

12) бир вақтнингўзида бир ёки бир неча юридик шахснинг устав фондида (устав капиталида) акцияларга ёки улушларга эга бўлган ёки эгалик қилувчи, уларнинг устидан назоратни амалга оширувчи ва уларга нисбатан биргаликда сиёсатни амалга оширувчи шахслар;

13) биргаликда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширган ёки амалга ошираётган шахслар;

14) Марказий банк томонидан асосли мулоҳаза асосида белгиланган бошқа шахслар.

Банклар бошқа банкнинг акцияларини бевосита ёки билвосита олишдан олдин Марказий банкнинг дастлабки рухсатномасини олиши шарт. Банклар бошқа банкнинг устав капиталидаги улушини кўпайтириш учун Марказий банкнинг такрорий дастлабки рухсатномасини олиши шарт.

Агар банкнинг акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш талаб этилса, банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун берилган ариза Марказий банк томонидан монополияга қарши органнинг қарорини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқилади.

Ушбу модданинг биринчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномасиз тузилган банк акцияларини олишга оид битимлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Банк акциялари ушбу модданинг биринчи ва тўртинчи қисмларида белгиланган талаблар бузилган ҳолда олинган тақдирда, акцияларнинг эгаси бундай битим тузилган кундан эътиборан акциядорларнинг умумий йиғилишида овоз беришга, акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни ва ўтказишни талаб қилишга, кун тартибига масалалар киритишга, банк кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолигига номзодлар кўрсатишга, шунингдек банк фойдасининг бир қисмини дивидендлар тарзида олишга ҳақли эмас.

Шахс ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда банкнинг акцияларини ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳажмда олганда Марказий банк рухсатномасини олиш талаб қилинади. Шахс ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда банкнинг акцияларини олган кундан эътиборан Марказий банк томонидан тегишли қарор қабул қилинадиган кунга қадар акциялар эгасининг ҳуқуқлари тўхтатиб турилади.

Акциядор ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда банк акцияларини олган кундан эътиборан олтмиш кун ичида Марказий банкнинг рухсатномасини олиш учун ариза тақдим этиши керак. Акциядор томонидан ариза тақдим этилмаган тақдирда, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда олинган банк акциялари олинган кундан эътиборан уч ой ичида бошқа шахсга берилиши лозим.



23-модда. Банк акцияларини олишга доир

дастлабки рухсатномани бериш

Потенциал олувчи банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун Марказий банк томонидан белгиланган ҳужжатлар илова қилинган ҳолдаги аризани Марказий банкка тақдим этади. Марказий банк ариза олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида потенциал олувчига ариза олинганлиги тўғрисида тасдиқнома юборади.

Биргаликда ҳаракат қилаётган, мўлжалланилаётган сотиб олиш муносабати билан банк акцияларини бевосита ёки билвосита, шу жумладан охирги бенефициар мулкдор сифатида олишни ният қилган шахс ёки шахслар гуруҳи потенциал олувчидир.

Марказий банк потенциал сотиб олувчини ариза олинганлиги тўғрисида тасдиқнома юборилган кундан эътиборан икки ой ичида ушбу Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ баҳолашни амалга оширади.

Потенциал олувчи ҳужжатларни тўлиқ ҳажмда тақдим этмаган тақдирда, баҳолаш даври Марказий банк томонидан барча тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан бошланади.

Потенциал сотиб олувчининг ушбу Қонуннинг 24-моддасида кўрсатилган мезонлардан биронтасига мувофиқ эмаслигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва (ёки) ахборот мавжуд бўлган тақдирда, Марказий банк банкнинг акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани беришни баҳолашни ўтказмасдан рад этишга ҳақли.

Марказий банк баҳолаш ўтказилаётган даврда потенциал олувчига баҳолашни тамомлаш учун зарур бўлган қўшимча ҳужжатларни ва ахборотни тақдим этиши тўғрисида сўровнома юборишга ҳақли.

Потенциал олувчи Марказий банкнинг сўровномасига биноан қўшимча ҳужжатлар ва ахборотни сўровнома олинган кундан эътиборан йигирма иш кунидан ошмаган муддатда тақдим этиши керак, шу вақт мобайнида баҳолаш даври тўхтатиб турилади. Потенциал олувчи чет элда жойлашган ёки унга нисбатан бошқа давлатнинг қонунлари татбиқ этилган тақдирда, Марказий банк қўшимча ахборот тақдим этиш даврини ўттиз иш кунигача узайтиришга ҳақли. Тақдим этилган ахборотни аниқлаштириш мақсадида Марказий банк томонидан потенциал олувчига юбориладиган кейинги сўровномалар баҳолаш даврининг тўхтатиб турилишига олиб келмаслиги керак.

Потенциал олувчи томонидан ушбу модданинг еттинчи қисмида кўрсатилган муддатларга риоя этилмаган тақдирда, Марказий банк банкнинг акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани беришни рад этишга ҳақлидир.

Марказий банк потенциал олувчининг сўровномаси асосида банкнинг акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш натижалари юзасидан қабул қилинган асосланган қарорни ўз расмий веб-сайтида эълон қилади. Марказий банк мазкур ахборотни потенциал олувчининг сўровномаси бўлмаса ҳам эълон қилишга ҳақли.

Банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатнома олинган кундан эътиборан олти ой мобайнида юридик кучини сақлаб қолади.

Банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани бекор қилиш банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


24-модда. Потенциал олувчини баҳолаш

Банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш чоғида Марказий банк:

потенциал олувчининг ишчанлик обрўсини;

мўлжалланаётган олиш амалга оширилганидан кейин тайинланиши назарда тутилаётган банкнинг кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзоларининг, шунингдек муҳим аҳамиятга эга ходимларининг ишчанлик обрўси, билими, малакаси ва тажрибасини;

потенциал олувчининг молиявий салоҳиятини, хусусан акцияларини олиш мўлжалланилаётган банк фаолиятининг кўлами ва ихтисослашуви жиҳатидан салоҳиятини;

мўлжалланилаётган олиш амалга оширилганидан кейин банкнинг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган пруденциал талабларни бажара олиш имкониятини;

мўлжалланилаётган олиш борасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролининг тарқатилишини молиялаштиришга доир амалга оширилган ёки амалга оширилаётган уринишлар мавжудлиги ҳақидаги шубҳалар, шунингдек мўлжалланилаётган олиш амалга оширилганидан кейин шундай таваккалчиликнинг ортиши тўғрисидаги тахмин мавжуд эмаслигини;

потенциал олувчи фаолиятининг банк фаолияти билан уйғунлашуви эҳтимолини ва бунинг банк фаолиятининг ривожланишига таъсирини;

потенциал олувчи корпоратив бошқаруви ташкилий тузилмасининг ва унга алоқадор бўлган шахсларнинг банкни тартибга солишга ҳамда унинг устидан назорат қилишга доир таъсирини баҳолайди.

Бошқа шахсга алоқадор шахслар қуйидагилардан иборат:

юридик шахс бошқаруви органларининг аъзолари, шунингдек банкнинг муҳим аҳамиятга эга ходимлари;

бевосита ёки билвосита, якка тартибда ёки шахслар гуруҳи таркибида биргаликда фаолият кўрсатувчи, банкда ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган жисмоний ва (ёки) юридик шахслар, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорлар. Агар мазкур жисмоний шахсларнинг яқин қариндошлари банкнинг устав капиталидаги улушларга эгалик қилса ёки эгаликни назорат қилса, унинг миқдоридан қатъи назар, ушбу улуш мазкур шахснинг эгалигида ва назорати остида турган деб ҳисобланади;

бошқа шахс устидан назоратни амалга ошираётган ёки бошқа шахснинг назорати остидаги ёхуд учинчи шахснинг биргаликдаги назорати остидаги шахслар;

банк устидан назоратни амалга ошираётган шахслар ўзида ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган юридик шахслар;

ушбу қисмнинг иккинчи - бешинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларга алоқадор шахслар, шу жумладан жисмоний шахснинг яқин қариндошлари, шунингдек жисмоний шахслар ва (ёки) уларнинг яқин қариндошлари ўзида назоратни амалга ошираётган ёки устав фондларида (устав капиталларида) улушларга эгалик қилаётган ёки бошқарув органининг аъзолари бўлган юридик шахслар;

ушбу қисмнинг иккинчи - олтинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб банк билан қайси шахслар орқали битим амалга ошириладиган бўлса, ўша шахслар ва мазкур шахслар ўртасида қонунчиликда белгиланган меҳнатга оид фуқаровий ёки бошқа муносабатлар мавжудлиги туфайли мазкур битимда ушбу қисмнинг иккинчи - олтинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг таъсири остида деб ҳисобланадиган шахслар;

асослантирилган мулоҳаза асосида Марказий банк томонидан белгиланган бошқа шахслар.

Марказий банк потенциал олувчига дастлабки рухсатномани қуйидаги ҳолларда беради:

потенциал олувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мезонларга тўлиқ мос келса;

потенциал олувчи мўлжалланилаётган олишнинг охирги бенефициар мулкдори эмаслиги хусусида шубҳа мавжуд бўлмаса;

акциядорлар бўлган юридик шахсларнинг ҳаддан ташқари (потенциал олувчидан охирги бенефициар мулкдоргача учта поғонадан кўп) даражаларга табақалаштирилиши мавжуд бўлмаса;

ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда топширилган бўлса;

потенциал олувчи тақдим этган ҳужжатларда ва ахборотда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлмаса.

Марказий банк ушбу моддада назарда тутилган баҳолашни фақат банк акцияларига бевосита эгалик қилувчи ва охирги бенефициар мулкдор бўлган шахсга нисбатан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

Марказий банк олинаётган улушнинг миқдорини белгилашга ва мўлжалланилаётган олишни бозорнинг иқтисодий эҳтиёжлари нуқтаи назаридан баҳолашга ҳақли эмас.

Айни бир банкнинг ўзидан ҳал қилувчи эгаликни олиш ёки кўпайтириш учун бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ ариза берилганда Марказий банк потенциал олувчиларни тенг шартлар асосида кўриб чиқади.

Потенциал олувчини баҳолаш тартиби ва шартлари Марказий банк томонидан белгиланади.

Ушбу модданинг талаблари ариза берувчи томонидан банк ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш учун ҳужжатларни тақдим этиш чоғида муассисларни баҳолашга нисбатан ҳам татбиқ этилади.



25-модда. Акциядорнинг мувофиқлиги

тўғрисидаги талабларга риоя этмаслик

Марказий банк ҳал этувчи эгаликка бевосита ёки билвосита эгалик қилувчига, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорга нисбатан чоралар ва санкциялар қўллашга қуйидаги ҳолларда ҳақлидир, агар улар:

банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мос бўлмаса;

банкка унинг барқарор молиявий ҳолатига хавф туғдириши мумкин бўлган тарзда таъсир кўрсатаётган бўлса;

охирги бенефициар мулкдорнинг шахси тўғрисидаги ахборотни тақдим этмаган бўлса.

Марказий банк банкнинг акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани олмасдан туриб келишилган фаолият натижасида ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган акциядорларга нисбатан чоралар ва санкциялар қўллашга ҳақли.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ҳолларда Марказий банк қуйидаги чоралар ҳамда санкцияларни алоҳида-алоҳида ёки жамланган тарзда қўллайди:

овоз бериш, акциядорларнинг навбатдан ташқари йиғилишини чақириш ва ўтказишни талаб қилиш, кун тартибига масалаларни киритиш, банк кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолигига номзодлар кўрсатиш ҳамда банк фойдасининг бир қисмини дивидендлар тарзида олиш ҳуқуқини тўхтатиб қўяди;

овоз бериш ҳуқуқи тўхтатиб қўйилган шахслар томонидан банк акциялари сотилиши тўғрисида қарор қабул қилади;

банк акцияларини олишга доир берилган дастлабки рухсатномани чақириб олади.

Ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган акциядорлар ўзига тегишли акцияларни банкнинг акцияларини олишга доир дастлабки рухсатнома чақириб олинган кундан эътиборан уч ой ичида сотиши керак.

Ушбу моддага мувофиқ ўзига нисбатан чоралар ва санкциялар қўлланилган шахслар тегишли банкнинг, шунингдек бошқа банкларнинг акцияларига бевосита ёки билвосита эгалик қилишга ҳақли эмас.



26-модда. Ҳал қилувчи эгалик сотиб олинганлиги,

ўзгартирилганлиги ёки бошқаларга берилганлиги

тўғрисидаги хабарнома

Ҳал қилувчи эгаликка бевосита ёки билвосита эгалик қилувчи, шу жумладан охирги бенефициар мулкдор қуйидаги ҳолларда Марказий банкни ва банкни ўн кунлик муддатда ёзма шаклда, шу жумладан электрон шаклда хабардор қилиши шарт:

банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатнома олинган битим амалга оширилганда;

дастлабки рухсатнома олинган, ушбу Қонун 22-моддасининг биринчи қисмида белгиланган акциялар улуши кўпайганда;

банк устав капиталидаги ҳал қилувчи эгаликни бошқа шахсга бериш ёки камайтириш тўғрисида қарор қабул қилиш натижасида ҳал қилувчи эгалик тегишинча эллик фоиздан, йигирма фоиздан ёки беш фоиздан кам бўлиб қолганда;

ушбу Қонуннинг 22-моддаси биринчи қисмида белгиланган ҳажмдаги банк акциялари шахс томонидан ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда олинганда.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда банк хабарнома олинган кундан эътиборан бир кунлик муддатда Марказий банкни ёзма шаклда, шу жумладан электрон шаклда хабардор қилиши керак.



27-модда. Хабардор қилиш мажбурияти

Банк банкнинг устав капиталидаги улушларга бевосита ва билвосита эгалик қилувчиларнинг, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорнинг шахси ва улушининг миқдори тўғрисидаги мавжуд маълумотларни Марказий банкнинг сўровномасига биноан тақдим этиши шарт.

Банк акцияларига бевосита ва билвосита эгалик қилувчининг, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорнинг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини баҳолашдан ўтказиш мақсадида Марказий банкнинг ёки банкнинг сўровномасига биноан ушбу шахслар:

тадбиркорлик фаолияти тўғрисидаги маълумотларни, шу жумладан йиллик молиявий ҳисоботни;

ўзига алоқадор шахслар ва эгалик қилувчи банкка нисбатан биргаликда ҳаракат қилаётган шахслар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек Марказий банкка зарур бўлган бошқа ахборотни тақдим этиши шарт.

Марказий банк предмети ёки мазмуни қуйидагилардан иборат бўлган ҳар қандай тузилган келишув тўғрисида хабардор этилиши керак:

банк акциядорларининг умумий йиғилишларида ёки банк устидан назоратни амалга оширувчи шахсларнинг умумий йиғилишларида овоз бериш ҳуқуқини келишилган ҳолда амалга ошириш;

банк бошқаруви органи аъзоларининг ёки банк устидан назоратни амалга оширувчи шахсларнинг келишилган ҳолда фаолият кўрсатиши;

банк бошқаруви ёки кузатув кенгаши аъзоларининг номзодларнинг ёхуд банк устидан назоратни амалга оширувчи шахсларнинг кўпчилиги номзодини кўрсатиш ҳуқуқини амалга ошириш.

Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган хабарнома келишув имзоланган санадан эътиборан беш иш куни ичида ёки унинг мавжудлигини ошкор этувчи ҳолатлар аниқланган пайтдан эътиборан дарҳол Марказий банкка келишув тарафлари ёки банкнинг бошқарув органлари томонидан юборилиши керак.

Ҳал қилувчи эгаликка бевосита ёки билвосита эгалик қилувчи, шу жумладан охирги бенефициар мулкдор акциядорнинг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини баҳолашга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар тўғрисида шундай ҳолатлар вужудга келган кундан эътиборан беш иш куни ичида Марказий банкни хабардор қилиши керак.


28-модда. Банклар томонидан ўз акцияларини сотиб олиш

Банклар ўз акцияларини сотиб олиш учун Марказий банкнинг дастлабки рухсатномасини олиши шарт. Банк томонидан сотиб олинадиган ўз акцияларининг суммаси банк устав капиталининг ўн фоизидан ошиши мумкин эмас.

Банк ўз акцияларини сотиб олишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун Марказий банкка аризани ва ўз акцияларини сотиб олиш сабабларини кўрсатган ҳолда банк акциядорлари умумий йиғилишининг қарорини тақдим этади.

Банкнинг молиявий ҳолати қониқарсиз бўлса, шунингдек ушбу сотиб олиш пруденциал нормативларга риоя этилмаслигига олиб келса, Марказий банк дастлабки рухсатномани беришга ҳақли эмас.



3-БОБ. ФИЛИАЛЛАР ВА ВАКОЛАТХОНАЛАР


29-модда. Банкларнинг Ўзбекистон Республикаси

ҳудудидаги филиаллари ва бошқа алоҳида бўлинмалари

Банклар Ўзбекистон Республикасида филиаллар, банк хизматлари офислари ва бошқа алоҳида бўлинмалар очиши мумкин.

Банк филиали банкнинг юридик шахс бўлмаган, банк номидан банк фаолиятини амалга оширувчи ва банк томонидан ўзига берилган ваколатлар доирасида ҳаракат қилувчи алоҳида бўлинмасидир.

Банклар ўз филиали ёки банк хизматлари офисини очганлик ёки тугатганлик тўғрисида Марказий банкка белгиланган тартибда хабарнома юбориши шарт.

Банк филиали ёки банк хизматлари офисини очганлик тўғрисидаги хабарномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

филиал ёки банк хизматлари офисини очиш тўғрисида банкнинг ваколатли органининг қарори;

филиал раҳбари ва бош бухгалтери тўғрисидаги маълумотлар (филиал очилган тақдирда);

филиал ёки банк хизматлари офиси жойлашган ердаги Марказий банк ҳудудий бош бошқармасининг филиал ёки банк хизматлари офиси бинолари, уларнинг муҳофаза қилиниши таъминланганлиги, ускуналар, ташкилий-техника воситалари билан жиҳозланганлигининг ва дастурий таъминотнинг Марказий банк талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси.

Банк филиали ёки банк хизматлари офисини очганлик тўғрисидаги хабарномани Марказий банкка юбориш учун қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилиши лозим:

банкнинг барқарор молиявий ҳолати;

филиал раҳбари ва бош бухгалтерининг малакаси Марказий банк томонидан белгиланган малака талабларига мувофиқлиги (филиал очилган тақдирда);

филиал ёки банк хизматлари офиси бинолари, уларнинг муҳофазаси таъминланиши, ускуналар, ташкилий-техника воситаларива дастурий таъминоти билан жиҳозланиши Марказий банк талабларига мувофиқлиги.

Банк филиали, унинг фаолияти бошланганлиги тўғрисидаги ахборот Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Банк филиалини ёки банк хизматлари офисини очганлик ва тугатганлик тўғрисида Марказий банкни белгиланган тартибда хабардор қилмай амалга ошириладиган фаолият қонунга хилофдир.

Банк томонидан филиални тугатганлик тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, банк мижозларни филиал тугатилишидан ўн беш кун олдин хабардор қилиши ва уларнинг олдидаги мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш чораларини кўриши ёки бу мажбуриятларни мижоз билан келишилган ҳолда бошқа филиалга ўтказиши шарт.

Банк филиални тугатганлик тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан икки иш куни ичида Марказий банкни бу ҳақда хабардор қилиши ва мижозлар олдидаги мажбуриятларни бажаришни таъминлашга доир режани тақдим этиши керак.

Банк ваколатхонаси Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ очилади.



30-модда. Чет эл банкларининг Ўзбекистон Республикаси

ҳудудидаги филиаллари ва ваколатхоналари

Ўзбекистон Республикасида чет эл банклари томонидан филиаллар ташкил этилишига йўл қўйилмайди.

Чет эл банкининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳамда банк фаолиятини ва бошқа тижорат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқисиз банкнинг манфаатларини ифодаловчи алоҳида бўлинмаси чет эл банкининг ваколатхонасидир.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл банкининг ваколатхонаси Марказий банк томонидан аккредитация қилинади.



31-модда. Банкларнинг чет элдаги шўъба банклари,

филиаллари ва ваколатхоналари

Банклар Марказий банкнинг рухсатномаси билан қуйидаги ҳолларда чет элда шўъба банклар очиши ва филиаллар ташкил этиши, банкларнинг капиталида иштирок этиши, шу жумладан чет эл банкларини ташкил этишда иштирок этиши мумкин:

Марказий банк ва қабул қилувчи мамлакатнинг банк назорати органи билан ахборот айирбошлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлганда;

қабул қилувчи мамлакатнинг қонунчилик ва унинг қўлланилиш услубиёти Марказий банк томонидан шўъба банк, филиал устидан назорат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилмаганда;

банкнинг бошқаруви ва молиявий ҳолати шўъба банк, филиал орқали амалга ошириладиган, режалаштирилаётган фаолият учун етарли бўлганда;

пруденциал нормативлар кўрсаткичларига риоя этилганда ва улар ўсиб борганда ҳамда банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонуннинг бошқа талабларига мувофиқ бўлганда.

Банкнинг шўъба банклари ҳамда ваколатхоналари улар очиладиган ва (ёки) ташкил этиладиган мамлакат қонунчилигига мувофиқ очилади ва (ёки) филиаллари ташкил этилади.

Банк томонидан чет элда ваколатхона очиш, шўъба банкни, ваколатхонани ёки филиални ёпиш, шунингдек чет эл банки акцияларини сотиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, банк бундай қарор қабул қилинган санадан эътиборан ўттиз кун ичида Марказий банкни хабардор қилиши ва ушбу қарор банкнинг молиявий барқарорлигига қандай таъсир кўрсатиши тўғрисида ахборот тақдим этиши шарт.

Марказий банк қабул қилувчи мамлакатдаги банк назорати органини Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси бўлган, мазкур мамлакат ҳудудида шўъба банк, ваколатхона ёки филиал орқали фаолият кўрсатаётган банкнинг лицензияси чақириб олинаётганлиги тўғрисида хабардор қилиши керак.



4-БОБ. БАНКНИНГ КОРПОРАТИВ БОШҚАРУВИ


32-модда. Банкнинг бошқарув органлари

Акциядорларнинг умумий йиғилиши, банкнинг кузатув кенгаши ва бошқаруви банкнинг бошқарув органларидир.

Акциядорларнинг умумий йиғилиши банкнинг юқори бошқарув органидир.

Банк корпоратив бошқарувга оид сиёсатни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши шарт.

Банк кузатув кенгашининг ва бошқарувининг ваколатлари ижро этиш учун учинчи шахсларга ўтказилиши мумкин эмас, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.



33-модда. Корпоратив бошқарув

Банк:

жавобгарликнинг шаффоф соҳаларини;

банк дучор бўлган ёки дучор бўлиши мумкин бўлган таваккалчиликларни аниқлаш, бошқариш, мониторинг қилиш ва улар ҳақида хабардор этишнинг самарали тартиб-таомилларини (танглик вазиятининг содир бўлиши сценарийларини);

операцияга оид таваккалчиликнинг ўрнини қоплаш учун ликвидликни ва капиталнинг етарлилигини баҳолаш тартиб-таомилини;

ички назоратнинг тегишли механизмларини, шу жумладан бухгалтерия ҳисобини юритиш тартибини;

таваккалчиликларни оқилона ҳамда самарали бошқаришга кўмаклашадиган ҳамда мос келадиган ходимларни мукофотлашнинг сиёсати ва усулларини белгиловчи корпоратив бошқарувнинг аниқ ифодаланган ташкилий тузилмасига эга бўлиши керак.

Корпоратив бошқарувнинг ташкилий тузилмаси, тартиб-таомиллари ва механизмлари комплекс тусга эга бўлиши ҳамда банк амалга ошираётган бизнес-модель ва фаолиятга хос бўлган таваккалчиликларнинг хусусияти, миқёси ҳамда мураккаблигига мувофиқ бўлиши керак. Ички назорат механизмлари камида бошқарув вазифалари бажарилишини ва таваккалчиликлар баҳоланишини ҳамда ички аудит талабларига риоя этилишини таъминлаши керак.

Банклардаги корпоратив бошқарувга доир талаблар Марказий банк томонидан белгиланади.



34-модда. Банкнинг кузатув кенгаши

Банкнинг кузатув кенгаши банк фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, бошқарувга оид қарорлар қабул қилиш жараёнида назорат ва текширув вазифасини бажаради ҳамда умуман банкнинг фаолияти ва молиявий барқарорлиги учун жавобгардир.

Банкнинг кузатув кенгаши банкни самарали ва тадбирли бошқаришни, шу жумладан банк бошқаруви аъзолари ўртасида ваколатларнинг ҳамда жавобгарликнинг тақсимланишини, манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини ва бартараф этилишини таъминлайдиган бошқарув ташкилий тузилмасини белгилайди ҳамда унинг жорий этилиши устидан назорат ва текширувни амалга оширади.

Банкнинг кузатув кенгаши аъзолари банкнинг оқилона корпоратив бошқарувига кўмаклашиши ҳамда ўз ваколатларини ва мажбуриятларини бажариш чоғида банкнинг, унинг омонатчилари ва акциядорларининг қонуний манфаатларини инобатга олиши, шунингдек Марказий банк билан самарали ҳамкорликни таъминлаши керак.

Банк кузатув кенгашининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ваколатлари жумласига қўшимча равишда қуйидагилар киради:

стратегик мақсадларни, корпоратив бошқарув сиёсатини, банкнинг бошқа ички сиёсатларини, шу жумладан таваккалчиликларни аниқлаш, бошқариш, мониторинг қилиш ва улар тўғрисида хабардор этиш, капиталнинг етарлилигини лозим даражада сақлаб туриш сиёсатини тасдиқлаш ҳамда уларнинг амалга оширилиши устидан назорат қилиш;

активларни таснифлаш асосида активлар бўйича эҳтимолдаги зарарларга қарши яратиладиган захиралар шакллантирилиши устидан назорат қилиш, шунингдек банкнинг капитал ва умумий захираларининг етарли даражада сақлаб турилишини таъминлаш;

манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этиш тартибини тасдиқлаш;

банкнинг молиявий ҳолатини тиклаш режаларини тасдиқлаш;

банкнинг бошқаруви устидан назоратни амалга ошириш;

банкнинг қабул қилинган бизнес-режаси бажарилиши устидан назорат қилиш, шунингдек ҳар чоракда банкнинг фаолияти натижалари тўғрисида банк бошқарувининг ҳисоботини эшитиш;

банкнинг ички аудит хизмати фаолиятини ташкил этиш, шунингдек банк ички аудит хизматининг чораклик ҳисоботлари асосида банк бошқаруви томонидан банк стратегиялари ва сиёсатларига риоя этилишини баҳолашдан ўтказиш;

банк бошқаруви аъзолари томонидан тақдим этилган ахборотни, таклифларни ва тушунтиришларни ўрганиш, муҳокама қилиш ҳамда улар бўйича баҳслашиш;

банк фаолиятини бошқариш тизими самарадорлигини, шу жумладан банк бошқаруви принциплари мониторингини ва уларни даврий баҳолашни амалга ошириш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун тегишли чораларни кўриш;

бир йилда камида бир марта амалга оширилган назорат ва текширув фаолияти тўғрисида акциядорларнинг умумий йиғилишига ҳисобот тақдим этиш;

йиллик молиявий ҳисоботларни тасдиқлаш ҳамда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботлар тизимининг яхлитлигини таъминлаш;

банкнинг узоқ муддатли молиявий манфаатларини ва Марказий банк томонидан капиталга нисбатан белгиланган талабларни ҳисобга олган ҳолда пруденциал талабларга риоя этилишини таъминлаш.

Банкнинг кузатув кенгаши аъзолари сони, банк акциядорлари сонидан қатъи назар, беш кишидан кам бўлмаган миқдорда тоқ сонда бўлиши лозим. Кузатув кенгаши аъзоларининг кўпчилиги банкка алоқадор шахслар бўлмаслиги керак, бундан уларнинг кузатув кенгашидаги аъзолиги мустасно.

Банк кузатув кенгаши аъзолари ўз мулоҳазаларининг мустақиллиги бўйича талабларга риоя этиши керак.

Қуйидаги ҳолларда шахс кузатув кенгаши аъзолигига сайланиши мумкин эмас ёки сайланган шахс кузатув кенгаши аъзолиги ҳуқуқидан маҳрум этилади, агар:

шахс икки ёки ундан ортиқ банкнинг кузатув кенгаши аъзоси бўлса ёки аъзо бўлиш ниятида бўлса, бундан мазкур банклар бир банк гуруҳига тегишли бўлган ҳоллар мустасно;

шахснинг ваколатлари Марказий банк талабига кўра муддатидан илгари тугатилган бўлса.



35-модда. Банк бошқаруви

Банк бошқаруви банкни бошқаришнинг ижро этувчи органи бўлиб, у банкнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган фаолият стратегияси ва уни бошқариш тизимига мувофиқ банкнинг фаолиятига оператив бошқарувни амалга оширади ҳамда банкнинг фаолияти учун жавобгарликни тўлиқ зиммасига олади.

Банк бошқаруви:

стратегик мақсадларни, корпоратив бошқарув сиёсатини, банкнинг бошқа ички сиёсатларини, шу жумладан таваккалчиликларни аниқлаш, бошқариш, мониторинг қилиш ва таваккалчиликлар тўғрисида хабардор этиш, капиталнинг етарлилигини лозим даражада сақлаб туриш сиёсатини амалга ошириши;

банкнинг тегишли ва шаффоф ташкилий тузилмасини, шу жумладан ваколатларни ва жавобгарликни банк ходимлари ўртасида ўз ваколатлари доирасида тақсимлашни таъминлаши;

банк ходимларининг фаолияти устидан назоратни амалга ошириши;

банкнинг қабул қилинган йиллик бизнес-режасини бажариши, шунингдек банк акциядорларининг умумий йиғилишига ва кузатув кенгашига бажарилган ишлар, банкка нисбатан қўлланилган чоралар ҳамда санкциялар тўғрисидаги ҳисоботни даврий равишда тақдим этиши;

банк уставида ҳамда банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган бошқа мажбуриятларни бажариши шарт.

Банк бошқаруви банк акциядорларининг умумий йиғилишига ва кузатув кенгашига ҳисобдордир.



36-модда. Раҳбарлик принципларини қўллаш

Банк кузатув кенгашининг ва бошқарувининг аъзолари, шунингдек муҳим аҳамиятга эга ходимлари бенуқсон ишчанлик обрўсига, банк таваккалчиликларининг самарали бошқарилишини, ўз ваколатлари доирасида асосли қарорлар қабул қилинишини таъминлаш учун зарур бўлган тажрибага, билим ва кўникмаларга эга бўлиши керак.

Банк банкнинг кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек муҳим аҳамиятга эга ходимлари банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига доимо мувофиқ бўлишини таъминлаши шарт.

Марказий банк банк кузатув кенгашининг ва бошқарувнинг аъзолигига ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимлар лавозимларига кўрсатилаётган номзодларни уларнинг лавозимга киришишидан олдин келишиб олади. Агар муҳим аҳамиятга эга ходимларни объектив сабабларга кўра олдиндан келишиб олишнинг имкони бўлмаса, банк кейинчалик розилик олиш учун сўровнома юбориши керак.

Банк бошқаруви аъзолари ва муҳим аҳамиятга эга ходимлари иш берувчининг розилиги билан бошқа ташкилотларда ўриндошлик асосида ишлаши мумкин, бундан уларнинг бошқа банклар ва ташкилотларда ишга жойлашуви манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно.

Банк кузатув кенгашининг ва бошқарувининг аъзоларини, шунингдек муҳим аҳамиятга эга ходимларни баҳолаш шартлари, баҳолаш учун зарур ҳужжатлар, малака талабларига мувофиқлик мезонлари, шунингдек уларни келишиб олиш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.



37-модда. Коррупциянинг олдини олиш чоралари,

банк ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари ва

манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслиги

Банклар банкнинг сайланадиган органлари аъзолари ва ходимлари томонидан риоя этилиши мажбурий бўлган:

коррупциянинг олдини олиш бўйича чораларни;

одоб-ахлоқ қоидаларини;

манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этиш сиёсатини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади.

Банкка ёки банкнинг назорати остидаги юридик шахсга алоқадор бўлган шубҳали фаолият, фирибгарлик ёхуд суиистеъмолликлар тўғрисида хабар қилган банк кузатув кенгаши, бошқаруви аъзосининг ёки ходимининг шахси ошкор қилинмаслиги керак.



5-БОБ. ПРУДЕНЦИАЛ ТАЛАБЛАР ВА

ТАВАККАЛЧИЛИКЛАРНИ БОШҚАРИШ


38-модда. Банклар ва банк гуруҳлари томонидан

пруденциал нормативларга риоя этиш

Банкларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳамда омонатчилар ва кредиторларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида банклар ва банк гуруҳлари ҳисоблаб чиқариш тартиби ва йўл қўйиладиган қийматлари Марказий банк томонидан белгиланадиган пруденциал нормативларга риоя этиши шарт.

Пруденциал нормативлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

капиталнинг монандлик коэффициентлари;

бир қарз олувчига ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига доир таваккалчиликнинг энг кўп миқдори;

йирик кредит таваккалчиликларининг ва инвестицияларнинг энг кўп миқдори;

соҳалар кесимида тўпланиш (концентрация) коэффициентлари;

ликвидлик коэффициентлари;

банкнинг алоқадор шахслари учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори;

таъминотсиз кредитлар (ишончга асосланган кредитлар) беришнинг энг кўп миқдори;

банкнинг активларини таснифлашга ва уларнинг сифатини баҳолашга, банк активлари бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни активларни таснифлаш асосида шакллантиришга доир талаблар;

банк активлари бўйича фоизларни ҳисоблаш ва уларни банкнинг даромадлар ҳисобварағига киритишга доир талаблар;

юридик шахсларнинг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) сотиб олинадиган улушлар ва акцияларнинг энг кўп миқдори;

кўчмас мулкни ва бошқа мол-мулкни сотиб олишга ҳамда унга эгалик қилишга доир талаблар;

очиқ валюта мавқеи лимитлари;

умум қабул қилинган халқаро амалиётга мувофиқ Марказий банк томонидан белгиланадиган бошқа пруденциал нормативлар.

Банклар активлар бўйича йўқотишларга оид таваккалчиликни камайтириш мақсадида ўзининг капиталини ва ликвид ресурсларини етарли даражада сақлаб туриши, активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни активларни таснифлаш асосида шакллантириши, шунингдек ўз активларининг диверсификация қилинишини таъминлаши керак.

Марказий банк банклар, банклар гуруҳи ва тизимли аҳамиятга эга банклар учун мазкур банкка, тизимли аҳамиятга эга банкка ва банклар гуруҳига хос таваккалчилик омилларининг энг кўп ўзгаришлари чоғида юзага келадиган эҳтимолдаги зарарларнинг ўрнини қоплаш учун ликвидлик ва капиталнинг етарлилик коэффициентларига қўшимча устамалар белгилашга ҳақли.

Пруденциал нормативларга келгусидаги ўзгартишлар ушбу ўзгартишлар амалга киритилишидан камида бир ой олдин Марказий банк томонидан расман эълон қилинади.



39-модда. Фойданинг тақсимланишини чеклаш

Банк акциядорларга дивидендлар тўлаш, шунингдек банкнинг кузатув кенгаши, бошқаруви аъзолари ва ходимларини мукофотлаш орқали фойдани тақсимлашни қуйидаги ҳолларда амалга оширишга ҳақли эмас:

пруденциал нормативлар Марказий банк томонидан белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда ёки улар мазкур тақсимлаш оқибатида бузилганда;

тўловга қобилиятсиз бўлганда ёки мазкур тақсимлаш оқибатида тўловга қобилиятсизлик аломатлари юзага келганда;

Марказий банкнинг ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмасида акс эттирилган, шу жумладан ахборотни ошкор этиш борасида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаганда ёки уларни бартараф этиш имконияти мавжуд бўлмаганда;

Марказий банкнинг фойдани тақсимламаслик тўғрисида банкка нисбатан талаби мавжуд бўлганда.

Банклар қуйидаги ҳолларда фойдани тақсимлаш учун Марказий банкнинг розилигини олиши керак:

ушбу модда биринчи қисмининг биринчи хатбошисида кўрсатилган тўловларнинг умумий суммаси банкнинг ўз капиталининг ўн фоизидан ортганда;

жорий ёки ўтган чоракда ва (ёки) молия йилида зарар мавжуд бўлганда.



40-модда. Мажбурий захиралаш талаблари

Банклар Марказий банк томонидан белгиланган мажбурий захиралаш талабларини бажариши шарт.

Банк мажбурий захиралаш талабларини бажармаган тақдирда, Марказий банк қатъий тартибда бу банкнинг Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварағидан етишмаётган мажбурий захира маблағлари миқдоридаги суммани, шунингдек ушбу етишмаётган суммага нисбатан амалдаги қайта молиялаш йиллик ставкасининг икки бараваридан ошмайдиган миқдорда жарима ундириб олади.



41-модда. Банк хизматлари ва операцияларининг аутсорсинги

Хизматлар ва операцияларнинг айрим турларини банк томонидан шартнома асосида ва узлуксиз асосда амалга ошириш учун учинчи тарафга топшириш банк хизматлари ва операцияларининг аутсорсингидир (бундан буён матнда аутсорсинг деб юритилади).

Банк Марказий банкнинг рухсатномаси олинганидан кейин хизматлар ва операцияларнинг айрим турларини Марказий банк томонидан белгиланган талабларга мувофиқ аутсорсингга топшириш ҳуқуқига эга.

Лицензия асосида амалга ошириладиган хизматлар ва операцияларнинг айрим турларини фақат тегишли лицензия эгасига аутсорсингга топширишга йўл қўйилади.

Банк хизматлари ва операцияларининг айрим турлари ўзига аутсорсингга топширилган шахснинг мазкур хизматлар ҳамда операцияларни кейинчалик бошқа шахсга аутсорсингга топшириши тақиқланади. Мазкур чеклов банк томонидан хизматлар ва операцияларнинг айрим турларини аутсорсингга топшириш тўғрисидаги шартномада акс эттирилиши керак.

Банк аутсорсингга топширилган хизматлар ва операцияларнинг айрим турлари билан боғлиқ таваккалчиликларнинг бошқарилиши учун жавобгар бўлади.

Хизматлар ва операцияларнинг айрим турларини аутсорсингга топширишда банк Марказий банкнинг талабларига, шу жумладан ички сиёсатлар ва ҳисоботдорлик мавжудлиги бўйича, шунингдек Марказий банкка аутсорсингга топширилган хизматлар ва операцияларнинг айрим турлари юзасидан ахборот тақдим этиш бўйича талабларига жавоб бериши керак.

Банклар аутсорсингга топширилган хизматлар ва операцияларнинг айрим турлари ташқи аудитдан ўтказилишини ҳар йили ёки Марказий банкнинг талабига биноан таъминлаши шарт.

Марказий банк қуйидаги ҳолларда аутсорсинг шартномасини бекор қилишни талаб этишга ҳақли:

банк томонидан аутсорсингга топширилган хизматлар ва операцияларнинг лозим даражадаги ҳамда мунтазам равишдаги назорати, текшируви ва таваккалчилик бошқаруви амалга оширилмаганда;

аутсорсинг учун жалб этилган шахс фаолиятида банкнинг ўз мажбуриятларини бажариш қобилиятига таҳдид солувчи камчиликлар мавжуд бўлганда.



42-модда. Банк ва банклар гуруҳининг ички назоратига ҳамда

таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир талаблар

Банк ва банклар гуруҳи Марказий банк томонидан белгиланган ички назоратга ҳамда таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир талабларга риоя этиши шарт. Марказий банкнинг талаблари банк амалга ошираётган фаолият турининг тизимли аҳамиятини, ўзига хос хусусиятини, миқёсини ва мураккаблигини мутаносиблик принципини инобатга олган ҳолда ҳисобга олади.

Банк ва банклар гуруҳининг ички назоратига ҳамда таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир Марказий банк талаблари жумласига қуйидагилар киради:

ички ва ташқи фойдаланувчилар учун молиявий, назоратга оид ҳамда бошқа ҳисоботларнинг тўлиқлигини, ишончлилигини ва ўз вақтидалигини, шунингдек ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

банк томонидан пруденциал талаблар бажарилишини таъминлаш;

банкда банк учун аҳамиятли бўлган таваккалчиликларни аниқлаш ва бошқариш, стресс-тестдан ўтказиш бўйича тасдиқланган сиёсатининг, шунингдек банк учун аҳамиятли таваккалчиликлар ва капитал бўйича ҳисобот тизимининг мавжудлиги;

банк учун аҳамиятли таваккалчиликларни бошқаришга ва уларнинг самарадорлигини баҳолашга доир сиёсатларнинг банк томонидан изчил амалга оширилиши ҳамда уларга риоя этилиши;

банкнинг ички ҳужжатларида белгиланган таваккалчиликларнинг энг юқори миқдорларига ва капиталнинг монандлигига, таваккалчиликларни бошқариш бўйича банкда қўлланилаётган тартиб-таомилларнинг самарадорлигига ҳамда уларни қўллаш изчиллигига банкнинг риоя этиши устидан кузатув кенгаши томонидан назоратни амалга ошириш.



43-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни

легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва

оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга

қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига

банклар томонидан риоя этилиши

Банклар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши шарт.



44-модда. Банкка алоқадор бўлган

шахслар билан битимлар тузиш

Банкларнинг банкка алоқадор бўлган шахслар билан ёки бундай шахслар номидан ҳаракат қиладиган шахслар билан тузадиган шартномалари банкка алоқадор бўлмаган шахслар учун назарда тутилган шартномаларга қараганда анча қулай шартларга асосланган ҳолларда уларнинг бундай шартномаларни тузиши тақиқланади.

Анча қулай шартларни тақдим этиш қуйидагиларни англатади:

банк банкка алоқадор бўлмаган шахслар билан уларнинг табиати, мақсади, хусусиятлари ва банкнинг таваккалчилигидан келиб чиқиб тузмайдиган битимни банкка алоқадор шахс билан ёки шундай шахснинг манфаатларини кўзлаб тузилишини;

бошқа шахсларга нисбатан молиявий операцияларни амалга оширганлиги учун пастроқ тарзда мукофотлар олинишини ва тўловларни пастроқ тарзда ундирилишини ёки таъминотни бошқа шахслардан талаб қилинадиган қийматдан юқорироқ қиймат бўйича қабул қилинишини.

Банк ўзига алоқадор шахсларга таъминланмаган (ишончга асосланган кредитлар) кредитлар (қарзлар) бериши мумкин эмас.

Банк ўзига алоқадор шахслар билан ушбу модданинг талабларини ҳисобга олган ҳолда фақат банк кузатув кенгашининг қарорига кўра битимлар тузиши мумкин. Агар шахс банк билан битим тузиш бўйича шартнома имзоланганидан кейин банкка алоқадор шахсга айланса, банкнинг кузатув кенгаши шахс банкка алоқадор шахсга айланган кундан эътиборан ўттиз кун ичида мазкур шартномани маъқуллаши ёки уни бекор қилиш тўғрисида фармойиш бериши керак.

Кузатув кенгашининг аъзоси банк билан ўзи ўртасида ёки ўзига алоқадор шахс ўртасида тузилган ёки тузиладиган битим масаласи кўрилаётган кузатув кенгаши йиғилишида ҳозир бўлмаслиги, кузатув кенгаши қабул қиладиган қарорга таъсир кўрсатишга уринмаслиги керак.

Банк ўзига алоқадор бўлган шахслар билан тузилган битимларнинг алоҳида рўйхатини юритиши ва Марказий банкни банкка алоқадор шахслар билан битимлар тузилиши олдидан хабардор этиши шарт.



6-БОБ. БАНКЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

УСТИДАН ПРУДЕНЦИАЛ НАЗОРАТ

ВА НАЗОРАТ ТАДБИРЛАРИ


45-модда. Пруденциал назорат

Банк фаолиятининг ўзига хос таваккалчиликларининг олдини олиш ва қисқартириш мақсадида Марказий банк, башарти банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилса, банклар фаолияти устидан пруденциал назоратни таъминлайди.

Пруденциал назоратни таъминлаш учун Марказий банк:

банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликнинг пруденциал талабларига мувофиқ бўлиши учун банклар томонидан фойдаланиладиган тизимлар, стратегиялар, тартиб-таомиллар ҳамда механизмлар устидан;

банкларга таҳдид солаётган ёки таҳдид солиши мумкин бўлган таваккалчиликлар, оқилона бошқарув таъминланганлиги ҳамда таваккалчиликларни мувофиқлаштирувчи механизмлар банкларнинг капитали ва ликвидлиги билан қопланганлиги устидан;

банкларнинг таваккалчиликни бошқариш, шунингдек корпоратив бошқарув жиҳатидан банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги устидан назоратни амалга оширади.

Банклар ўзининг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликнинг пруденциал талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун зарур бўлган ахборотни Марказий банкка тақдим этиши шарт.

Банкларнинг ички бошқарув механизмлари, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботларнинг юритилиши, шунингдек маъмурий тартиб-таомиллари банкларнинг пруденциал талабларга мувофиқлигини текшириш имконини бериши керак.

Банклар Марказий банк томонидан пруденциал талабларга мувофиқликни текшириш учун битимлар ва операцияларни Марказий банк томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ рўйхатга олиши шарт.

Марказий банк банклар капиталининг монандлигини уларнинг таваккалчиликлари соҳасидан келиб чиқиб баҳолаш учун уларнинг фаолияти, ташкил этилиши ва ички жараёнлари тўғрисида ахборот олиш мақсадида банклар билан ҳамкорлик қилади.

Зарур ҳолларда Марказий банк назорат вазифаларини бажариш учун ташқи экспертларни жалб этишга ҳақли.



46-модда. Текшириш ва баҳолаш жараёни

Марказий банк банклар томонидан фойдаланиладиган тизимлар, стратегиялар, тартиб-таомиллар ҳамда механизмларнинг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини текширади, шунингдек банкларнинг мавжуд ва эҳтимолдаги таваккалчиликларини, шу жумладан алоҳида банклар томонидан банк (молия) тизимига хавф солувчи таваккалчиликларни баҳолайди.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган текширувлар ва баҳолашларда банклар томонидан банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларининг бажарилиши зарурлиги ҳисобга олинади.

Марказий банк ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган текширувлар ва баҳолашларнинг натижалари асосида банк фаолиятининг ихтисослашуви, миқёси ва мураккаблигини, шунингдек оқилона бошқарувнинг таъминланганлиги ҳамда таваккалчиликларнинг ўрни банкнинг регулятив мувофиқлик механизмлари, капитали ва ликвидлилиги билан қопланганлиги даражасини аниқлайди.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган текширувлар ва баҳолашларни ўтказиш даврийлиги ва даражаси Марказий банк томонидан мутаносиблик принципидан, шунингдек банк фаолиятининг тизимдаги аҳамияти, ихтисослашуви, миқёси ва мураккаблигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан келишувларсиз ва хабар берилмасдан мустақил равишда белгиланади.



47-модда. Пруденциал назорат дастури

Марказий банк ҳар йили банклар фаолияти устидан пруденциал назорат дастурини тасдиқлайди, бу дастур қуйидагиларни ўз ичига олади:

стресс-тест натижалари молиявий барқарорлигида сезиларли таваккалчиликлар мавжуд эканлигини кўрсатган ёки банк фаолияти банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ эмаслиги тахмин қилинган банклар;

тизимли аҳамиятга эга бўлган банклар;

Марказий банкнинг фикрига кўра қўшимча назорат қилиниши талаб этиладиган банклар.

Пруденциал назорат дастури:

Марказий банк томонидан назорат вазифаларини амалга ошириш ва ресурсларни тақсимлаш тартибини;

қўшимча назорат қилиниши лозим бўлган банкларни аниқлаш тартиб-таомилини ва ушбу модданинг учинчи қисмига мувофиқ уни амалга ошириш учун зарур бўлган чораларни;

банкларни текшириш режасини ўз ичига олади.

Марказий банк банкнинг таваккалчиликларини баҳолаш натижаларини ҳисобга олиб, қуйидагиларни ўз ичига олган тегишли чораларни кўриши мумкин:

банкдаги текширувларнинг даврийлигини ошириш;

банк томонидан қўшимча ҳисоботлар тақдим этиш;

банк томонидан бизнес-режанинг бажарилиши устидан қўшимча текширувлар ўтказиш;

муайян таваккалчиликлар бўйича мавзули текширувлар ўтказиш.



48-модда. Консолидациялашган назорат

Марказий банк қуйидаги ҳолларда банклар устидан консолидациялашган назоратни амалга ошириши керак:

банклар гуруҳи ташкил этилганда;

Марказий банк томонидан банкни асосий банк деб ёки асосланган мулоҳазаларга кўра банк гуруҳининг аъзоси деб белгилаганда.

Банк фақат битта банклар гуруҳининг иштирокчиси бўлиши мумкин.

Марказий банк самарали ҳамкорликни, ахборот алмашинувини ташкил этиш ва консолидациялашган асосда самарали назорат ўрнатиш мақсадида бошқа мамлакатларнинг банк назорати органлари билан (агар мавжуд бўлса) мазкур мамлакатларнинг қонунлари билан қўриқланадиган сирларга, шахсга доир маълумотлар ва махфий ахборотдан фойдаланиш тартибига риоя этган ҳолда ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик тўғрисида ёзма келишувлар тузишга ҳақли.

Банклар устидан консолидациялашган назоратни амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари Марказий банк томонидан белгиланади.



49-модда. Банкнинг молиявий аҳволини тиклаш режаси

Банк ўзининг молиявий аҳволи ёмонлашган тақдирда Марказий банкнинг талабига кўра уни тиклаш чораларини ўз ичига олган банкнинг молиявий аҳволини тиклаш режасини (бундан буён матнда тиклаш режаси деб юритилади) ишлаб чиқади ҳамда кўриб чиқиш ва баҳолаш учун тақдим этади.

Банк тиклаш режасини ҳар йили ёки банкнинг ташкилий тузилмасида, унинг фаолиятида ёки молиявий аҳволида тиклаш режасига таъсир этиши мумкин бўлган ўзгаришлардан кейин янгилаши керак.

Банкнинг тиклаш режаси макроиқтисодий ва молиявий инқироз кўринишларининг банк фаолиятига таъсирини, шу жумладан тизимга оид ҳодисаларни ва мазкур банк учун таваккалчиликларни ўзида акс эттириши керак.

Банкни тиклаш режаси тегишли қарорлар қабул қилиниши керак бўлган ҳолатни аниқловчи чора-тадбирлар рўйхатини ва кўрсаткичларини ўз ичига олиши керак.

Тиклаш режаси банк томонидан тақдим этилган кундан эътиборан уч ой ичида Марказий банк уни кўриб чиқади ва ушбу режанинг қуйидаги мезонларга мувофиқлигини баҳолайди:

тиклаш режасида кўрсатилган чора-тадбирлар амалга оширилган тақдирда, банкнинг молиявий мавқеини сақлаб қолиши ва (ёки) тиклаши;

молиявий инқироз шароитида тиклаш режасида кўрсатилган чора-тадбирларни тез ва самарали амалга ошириш, шунингдек банк ва молия тизимига салбий таъсирларни камайтириш имконияти.

Тиклаш режаси ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган мезонларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, Марказий банк банкдан:

тиклаш режасини қайта кўриб чиқишни;

тиклаш режасига Марказий банк томонидан белгиланган ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни;

тиклаш режасидаги камчиликларни ёки уни амалга ошириш борасидаги тўсиқларни бартараф этиш учун зарур бўлган, ўз фаолиятига киритиладиган ўзгаришларни банк томонидан аниқлашни;

таваккалчиликлар соҳасини камайтиришни;

банкни қайта капиталлаштириш чоралари ўз вақтида кўрилишини;

банкни ривожлантириш стратегиясини қайта кўриб чиқишни;

банк бошқарувининг ташкилий тузилмасини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли.

Ушбу модда олтинчи қисмининг бешинчи - саккизинчи хатбошиларида кўрсатилган чора-тадбирлар, агар ушбу модда олтинчи қисмининг иккинчи - тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган чора-тадбирлар тиклаш режасининг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминламаса, қўлланилади.

Банклар гуруҳининг асосий банки гуруҳ даражасида ўзининг молиявий аҳволи ёмонлашганидан кейин тиклаш учун кўриладиган чора-тадбирларни ўз ичига олувчи банк гуруҳини тиклаш режасини ишлаб чиқиши керак.

Банклар гуруҳини тиклаш режаси банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

Банкни тиклаш режасининг мазмунига ва янгиланишига оид талаблар, уни тақдим этиш ва баҳолаш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.



50-модда. Назоратга доир вазифалар

Марказий банк назоратга доир вазифаларни амалга ошириш мақсадида:

банклардан, уларга алоқадор шахслардан ва ўз назорати остидаги шахслардан, банк томонидан аутсорсингга берилган хизматлар ва операцияларни амалга оширувчи шахслардан олинган ҳисоботларни, шунингдек бошқа ҳужжатларни олиш ва текширишга, ахборотга тушунтириш беришни талаб қилишга;

банкларнинг, банк томонидан аутсорсингга берилган хизматлар ва операцияларни амалга оширувчи шахсларнинг, шунингдек консолидациялашган асосда назорат қилиниши лозим бўлган бошқа шахсларнинг фаолиятини текширишга;

банкларнинг ахборот тизимларидан ва маълумотлар базасидан фойдаланишга ҳақлидир.



51-модда. Назорат чоралари

Марказий банк қуйидаги ҳолларда банклардан ёки банк гуруҳларидан зудлик билан зарур чоралар кўришни талаб қилишга ҳақли:

банкнинг ёки банклар гуруҳининг фаолияти банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлмаганда;

банк ёки банклар гуруҳи томонидан кейинги ўн икки ой давомида банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларининг бузилиши эҳтимоли тўғрисида Марказий банкнинг мулоҳазаларига асосланган ахборот мавжуд бўлганда;

Марказий банк томонидан банкнинг ёки банклар гуруҳининг фаолиятига ва (ёки) ахборот хавфсизлигига таъсир кўрсатувчи таваккалчиликлар аниқланганда.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолларда Марказий банк банкдан ёки банклар гуруҳидан:

капитал бўйича пруденциал нормативларнинг Марказий банк томонидан белгиланган талаблардан юқори миқдорда бўлишини таъминлаш ва сақлаб туришни;

корпоратив бошқарувни, таваккалчиликларни бошқаришни, ички назоратни ва банкнинг молиявий аҳволини тиклаш режасини такомиллаштиришни;

банкнинг ёки банклар гуруҳининг фаолияти банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режасини тақдим этишни;

банкни молиявий соғломлаштириш, шу жумладан ўз активлари тузилмасини ўзгартириш ва харажатларини қисқартириш, банкни қайта ташкил этиш, банк филиалини ёки бошқа бўлинмаларини ёпиш бўйича тадбирларни банк томонидан амалга оширишни;

капиталга доир талабларни ҳисобга олган ҳолда якка тартибдаги захиралаш талабларини ёки активларни бошқариш усулларини қўллашни;

банкнинг ёки банклар гуруҳининг барқарорлигини сезиларли даражада ёмонлаштирувчи таваккалчиликларга сабаб бўладиган айрим молиявий операцияларни амалга оширишга ва уларнинг инфратузилмасини кенгайтиришга нисбатан белгиланган чекловларга ва (ёки) тақиққа банк томонидан риоя этилишини;

банкнинг фаолиятига, хизматларига, молиявий операцияларига ва ички тизимига хос бўлган таваккалчиликнинг пасайтирилишини;

соф фойданинг банкнинг устав капиталини кўпайтиришга йўналтирилишини;

акциядорларга ёки қўшимча капитал воситаларини сақловчиларга дивидендлар ва субординар қарзлар бўйича фоизлар тўлашга доир чекловларнинг ва (ёки) тақиқнинг бажарилишини;

банк ходимларига соф фойдадан фоизлар тарзида тўланадиган мукофот тўловлари бўйича чекловларнинг ва (ёки) тақиқнинг бажарилишини, агар мазкур тўловлар оқибатида капиталга доир талабларга банк мувофиқ бўлмаса ёки унинг ушбу талабларга мувофиқ эмаслиги эҳтимоли бўлса;

чеклов амал қилиши даврида тузиладиган (муддати узайтириладиган) банк омонатлари бўйича банк омонати шартномаларида белгиланган фоиз ставкаси миқдори бўйича чекловни бажаришни;

қўшимча ҳисоботлар тақдим этилишини;

банк ликвидлигига оид муаммоларнинг олдини олиш мақсадида тўловларнинг узлуксизлиги, молиявий манбаларнинг тегишли тузилмаси ҳамда активлар ва мажбуриятларнинг муддатлар бўйича мутаносиблиги учун зарур бўлган ликвид активларнинг энг кам суммасини сақлаб туриш бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини;

банк кузатув кенгаши томонидан акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказишни, акциядорлар Марказий банк томонидан белгиланган масалаларни, шу жумладан банк капиталини банкнинг молиявий барқарорлигини таъминлай оладиган миқдоргача кўпайтириш масаласини кўриб чиқишни;

банк кузатув кенгашининг битта ёки ундан ортиқ аъзосининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, бошқарувининг битта ёки ундан ортиқ аъзосини, шунингдек муҳим аҳамиятга эга ходимларини эгаллаб турган лавозимидан четлатишини ёки алмаштиришини;

банк бошқаруви томонидан бир неча ёки барча кредиторларнинг қарзларини реструктуризация қилишга доир тадбирлар режасининг ишлаб чиқилишини;

қўшимча маълумотларнинг ошкор этилишини;

Марказий банкнинг бошқа кўрсатмалари бажарилишини талаб қилишга ҳақли.

Банк кузатув кенгаши томонидан ушбу модда иккинчи қисмининг ўн бешинчи хатбошисида кўрсатилган талаб бажарилмаган тақдирда Марказий банк акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришга ва кун тартибини белгилашга ҳақли.



52-модда. Вақтинчалик бошқарувчи

Агар кузатув кенгашининг ёки бошқарувнинг битта ёки бир неча аъзосини алмаштириш бўйича Марказий банк томонидан амалга оширилган назорат чоралари етарли эмас деб ҳисобланса, Марказий банк:

кузатув кенгаши ва бошқарув аъзолари билан вақтинчалик ишлашга;

кузатув кенгаши ва бошқарув аъзоларини вақтинчалик алмаштиришга;

банкка битта ёки бир неча вақтинчалик бошқарувчини тайинлашга ҳақли.

Вақтинчалик бошқарувчи ушбу Қонун 36-моддасининг талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Банк акциядори, қарз олувчиси, кредитори ёки банкка алоқадор шахс банкнинг вақтинчалик бошқарувчиси этиб тайинланиши мумкин эмас.

Марказий банк вақтинчалик бошқарувчини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, унинг ваколатларини банк уставига ва ушбу Қонунга мувофиқ белгилаш бўйича мутлақ ҳуқуққа эга.

Марказий банк томонидан белгиланган ҳолларда вақтинчалик бошқарувчининг ҳаракатлари Марказий банк билан олдиндан келишилиши керак. Олдиндан келишмай туриб амалга оширилган ҳаракатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Вақтинчалик бошқарувчи Марказий банкка банкнинг молиявий аҳволи ва ўз ваколатлари доирасида кўрилган чоралар тўғрисидаги ҳисоботларни Марказий банк томонидан белгиланган муддатларда, шунингдек амалга оширилган ишлар ҳақидаги якуний ҳисоботни тақдим этади.

Марказий банк вақтинчалик бошқарувчининг зиммасига ушбу Қонунга мувофиқ чоралар кўриш, шу жумладан банк акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш ва капитални кўпайтириш тўғрисида талаб қўйиш мажбуриятини юклатишга ҳақли.

Вақтинчалик бошқарувчи ўн икки ойгача бўлган муддатга тайинланади. Бу муддат алоҳида ҳолларда Марказий банк томонидан узайтирилиши мумкин.

Банкда вақтинчалик бошқарувни амалга ошириш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.



7-БОБ. БАНКЛАР ВА БАНК ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДАГИ

ҚОНУНЧИЛИКНИ БУЗГАНЛИК УЧУН МАРКАЗИЙ БАНК

ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН ЧОРАЛАР

ҲАМДА САНКЦИЯЛАР


53-модда. Чораларнинг ва санкцияларнинг қўлланилиши

Марказий банк ушбу Қонуннинг 54, 55 ва 56-моддаларида кўрсатилган қоидабузарликлар учун жавобгар бўлган банкка, унинг кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзоларига, шунингдек банкнинг муҳим аҳамиятга эга ходимларига нисбатан чоралар ва санкциялар қўллашга ҳақли.

Қоидабузарликлар қўпол, жиддий ва жузъий қоидабузарликларга бўлинади.

Чоралар ва санкцияларни қўллаш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.

Чоралар ва санкциялар қўлланилганда Марказий банк қуйидагиларни ҳисобга олади:

таваккалчиликнинг даражасини, қоидабузарликларнинг хусусиятини, миқёсини ва оқибатларини;

қоидабузарликларнинг тизимлилигини ва давомийлигини;

йўл қўйилган қоидабузарликларнинг молиявий ҳолатга таъсирини;

қўлланиладиган чоралар ва (ёки) санкциялар натижасида вазиятни ўзгартириш имкониятини;

аниқланган қоидабузарликларнинг ва (ёки) таваккалчиликларнинг юзага келишига олиб келган сабабларни;

илгари қўлланилган чоралар ва санкцияларнинг самарадорлигини (натижадорлигини);

банк, бевосита ва билвосита акциядор томонидан, шу жумладан охирги бенефициар мулкдор, кузатув кенгашининг ва бошқарувнинг аъзоси, банкнинг муҳим аҳамиятга эга ходими томонидан қоидабузарликларни бартараф этишга қаратилган мустақил чоралар кўрилишини.



54-модда. Қўпол қоидабузарликлар

Қўпол қоидабузарликлар жумласига қуйидагилар киради:

лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги;

содир этилиши учун олдиндан Марказий банкнинг рухсатини олиш талаб этиладиган ҳаракатларнинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олмай туриб амалга оширилганлиги;

банкнинг ёки банклар гуруҳининг фаолиятидаги қўпол қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги Марказий банк кўрсатмаларининг белгиланган муддатда бажарилмаганлиги;

фойдани тақсимлашда ушбу Қонуннинг 39-моддасида кўрсатилган талабларнинг бажарилмаганлиги;

банк устав капитали миқдори банк устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан белгиланган талабга мувофиқ эмаслиги;

банк ёки банклар гуруҳи капитали монандлиги коэффициентининг олти ойдан кўпроқ муддат давомида Марказий банк томонидан белгиланган йўл қўйиладиган энг кам миқдордан саксон фоизгача ва ундан камроқ фоизгача пасайганлиги;

банк активлари бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши етарлича захиранинг мавжуд эмаслиги;

лицензияда назарда тутилмаган молиявий операциялар амалга оширилганлиги;

ушбу Қонун билан тақиқланган ёки чекланган фаолият амалга оширилганлиги;

банкка алоқадор бўлган шахслар билан анча қулай шартлар асосида битимлар тузилганлиги;

бухгалтерия ҳисобининг ҳисоботга оид маълумотлар бузилишига олиб келадиган ва банкнинг ёки банклар гуруҳининг ҳақиқий молиявий аҳволини акс эттириш имконини бермайдиган қоидабузарликлар билан юритилганлиги;

аудиторлик ташкилотига банкнинг аудиторлик текширувини ўтказиш учун зарур бўлган молиявий ҳисоботлар ва бошқа молиявий ахборотлар тақдим этилмаганлиги;

Марказий банк томонидан назорат вазифалари бажарилишига тўсқинлик қилинганлиги;

банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги;

Марказий банкка ахборотни тақдим этмаганлик, ўз вақтида тақдим этмаганлик ёки банкнинг ёки банклар гуруҳининг тўлов лаёқатини ёхуд ликвидлигини баҳолашни ўтказишга тўсқинлик қилувчи бузилган ёки тўлиқ бўлмаган ахборот тақдим этилганлиги;

охирги бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги ахборотнинг ошкор этилмаганлиги;

бошқарувнинг ташкилий тузилмасида, ички назоратда, шунингдек таваккалчиликларни бошқариш тизимида банкнинг тўлов лаёқатига таҳдид солувчи ёки зарар кўрилишига олиб келувчи нуқсонларнинг мавжудлиги;

тизимли аҳамиятга эга банклар томонидан Марказий банкнинг буфер капиталига оид талабларига риоя этилмаганлиги;

банк томонидан айрим молиявий операцияларни амалга ошириш ёки филиаллар очишга доир чекловларга ва (ёки) тақиққа риоя этилмаганлиги;

банк томонидан банкнинг молиявий аҳволини тиклаш режаси тақдим этилмаганлиги;

банкнинг кузатув кенгаши ва бошқарув аъзолари, шунингдек муҳим аҳамиятга эга ходимларининг ушбу Қонуннинг 36-моддаси талабларига мувофиқ эмаслиги;

банк сири тўғрисидаги қонунчилик, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролининг тарқатилишини молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги;

жиддий қоидабузарлик учун Марказий банк томонидан жарима қўлланилганидан кейин беш йил давомида такроран содир этилган худди шундай қоидабузарлик.



55-модда. Жиддий қоидабузарликлар

Жиддий қоидабузарликлар жумласига қуйидагилар киради:

пруденциал нормативларга риоя этилмаганлиги, бундан банк устав капиталининг энг кам миқдорига оид талаблар мустасно;

банк ёки банклар гуруҳи капитали монандлиги коэффициентининг олти ойдан кўп бўлмаган муддат давомида Марказий банк томонидан белгиланган йўл қўйиладиган энг кам миқдордан саксон фоизгача ва ундан камроқ фоизгача пасайганлиги;

банклар томонидан тўловларнинг ўз вақтида ўтказилмаганлиги;

молиявий аҳволи барқарор бўлмаган қарз олувчиларнинг кредитлари реструктуризация қилинганлиги;

Марказий банкнинг аниқланган қоидабузарликлар тўғрисида банк акциядорларининг умумий йиғилишини хабардор қилишга доир талаби банкнинг кузатув кенгаши ёки бошқарув аъзолари томонидан бажарилмаганлиги;

банкнинг кузатув кенгаши ёки бошқарув аъзолари ёхуд муҳим аҳамиятга эга ходимлари томонидан корпоратив бошқарув ва мукофотлаш сиёсатлари бажарилмаганлиги;

бухгалтерия ҳисобини юритиш ва ҳисоботларни тузиш қоидалари бузилганлиги;

хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият (ҳаракатлар) Марказий банкни белгиланган тартибда хабардор қилмай амалга оширилганлиги ёки тугатилганлиги;

жузъий қоидабузарлик учун Марказий банк томонидан жарима қўлланилганидан кейин уч йил давомида такроран содир этилган худди шундай қоидабузарлик.



56-модда. Жузъий қоидабузарликлар

Жузъий қоидабузарликлар жумласига мазкур Қонуннинг 54 ва 55-моддаларига мувофиқ қўпол ёки жиддий қоидабузарлик ҳисобланмайдиган, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига жавоб бермайдиган номувофиқликлар киради.



57-модда. Қўпол қоидабузарликлар

учун чоралар ва санкциялар

Қўпол қоидабузарликларни содир этганлик учун Марказий банк:

банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузган ҳолда амалга оширилган молиявий операциялардан олинган даромадларнинг миқдорини аниқлаш имкони бўлса, банкдан ушбу даромадларнинг икки баравари миқдоридан ёки банк томонидан ўтган молия йили давомида олинган соф фойданинг беш фоизи ёки банк жами капиталининг бир фоизи миқдоридан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима ундиришга;

ушбу Қонун 51-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган чораларни банкка нисбатан алоҳида ҳолда ёки жамланган тарзда қўллашга;

лицензияни чақириб олишга;

банк кузатув кенгашининг, бошқарувининг аъзосидан ёки муҳим аҳамиятга эга ходимидан жарима қўлланилаётган ойдан аввалги бир йил ичида олинган мукофотнинг юз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима ундиришга;

қоидабузарликлар, қоидабузарларга нисбатан қўлланилган чоралар ва санкциялар тўғрисидаги хабарни оммавий ахборот воситаларида эълон қилишга ҳақли.



58-модда. Жиддий қоидабузарликлар

учун чоралар ва санкциялар

Жиддий қоидабузарликларни содир этганлик учун Марказий банк:

банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузган ҳолда амалга оширилган молиявий операциялардан олинган даромадларнинг миқдорини аниқлаш имкони бўлса, банкдан ушбу даромадларнинг бир ярим баравари миқдоридан ёки банк томонидан ўтган молия йили давомида олинган соф фойданинг икки фоизи ёки банк жами капиталининг 0,5 фоизи миқдоридан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима ундиришга;

ушбу Қонун 51-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган чораларни банкка нисбатан алоҳида ҳолда ёки жамланган тарзда қўллашга;

банк кузатув кенгашининг, бошқарувининг аъзосидан ёки муҳим аҳамиятга эга ходимидан жарима қўлланилаётган ойдан аввалги бир йил ичида олинган мукофотнинг етмиш беш фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима ундиришга;

қоидабузарликлар, қоидабузарларга нисбатан қўлланилган чоралар ва санкциялар тўғрисидаги хабарни оммавий ахборот воситаларида эълон қилишга ҳақли.

Банклар томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган ҳолларда Марказий банк банкнинг айби билан амалга оширилмай қолган суммага тенг миқдорда жарима солишга ҳақли.



59-модда. Жузъий қоидабузарликлар

учун чоралар ва санкциялар

Жузъий қоидабузарликларни содир этганлик учун Марказий банк:

банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузган ҳолда амалга оширилган молиявий операциялардан олинган даромадларнинг миқдорини аниқлаш имкони бўлса, банкдан ушбу даромадлардан ёки банк томонидан ўтган молия йили давомида олинган соф фойданинг бир фоизи ёки банк жами капиталининг 0,1 фоизи миқдоридан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима ундиришга;

ушбу Қонун 51-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган чораларни банкка нисбатан алоҳида ҳолда ёки жамланган тарзда қўллашга;

банк кузатув кенгашининг, бошқарувининг аъзосидан ёки муҳим аҳамиятга эга ходимидан жарима қўлланилаётган ойдан аввалги бир йил ичида олинган мукофотнинг эллик фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима ундиришга;

қоидабузарга нисбатан чоралар ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида ёзма огоҳлантириш юборишга ҳақли.



8-БОБ. БАНКЛАРАРО ОПЕРАЦИЯЛАР

ВА МИЖОЗЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ


60-модда. Банклараро операциялар

Банклар шартнома асосида пул маблағларини депозитлар, кредитлар шаклида бир-биридан жалб этиши ва бир-бирига жойлаштириши, ҳисоб-китоб марказлари ва вакиллик ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириши ҳамда лицензияда назарда тутилган бошқа молиявий операцияларни бажариши мумкин.

Марказий банк соғломлаштириш режимида бўлган банклар учун банклараро операциялар бўйича қўшимча лимитлар белгилашга ҳақли.



61-модда. Банклар ва уларнинг мижозлари

ўртасидаги муносабатлар

Банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилади.

Мижозлар ўзлари танлаган битта ёки бир неча банкда миллий ва чет эл валютасида банк ҳисобварақлари очишга ҳақли.

Банк ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш, шунингдек банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги миллий ва чет эл валютасидаги ҳисоб-китоблар тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.



62-модда. Кредитлар, депозитлар бўйича фоиз ставкалари

ва банк операцияларига оид воситачилик ҳақи миқдори

Кредитлар, депозитлар бўйича фоиз ставкалари, банк операцияларига оид воситачилик ҳақи миқдори банк томонидан мустақил белгиланади.

Банк мижозлар билан тузилган шартномалар шартларини, шу жумладан кредитлар бўйича фоиз ставкаларини ва уларни белгилаш тартибини, депозитлар бўйича фоиз ставкаларини, воситачилик ҳақи миқдорини ва ушбу шартномаларнинг амал қилиш муддатларини бир тарафлама ўзгартириш ҳуқуқига эга эмас.



63-модда. Кредитларнинг қайтарилишини таъминлаш

Банклар гаров, кафолатлар, кафиллик, мажбуриятлар асосида ва мажбуриятлар бажарилишини таъминлашнинг қонунда назарда тутилган бошқа усуллари асосида кредитлар беради.

Қарз олувчи томонидан шартномага доир мажбуриятлар бузилган тақдирда, банклар тақдим этилган кредитларни ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни шартномада назарда тутилган тартибда муддатидан илгари ундиришга, шунингдек ундирувни қонунчиликда белгиланган тартибда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишга ҳақли.

Юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги), ушбу Қонун 7-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилмаган ва унинг талабларига мувофиқ бўлмаган акциялари ҳамда улушлари банклар томонидан таъминот сифатида қабул қилиниши мумкин эмас.

Банклар таъминланмаган кредит (ишончга асосланган кредит) бериш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Банкларга ўз акцияларини гаровга қўйиш эвазига кредит бериш тақиқланади.

Ушбу моддада белгиланган нормалар банкларнинг кафолатлар беришга оид молиявий операцияларни таъминлашга нисбатан ҳам татбиқ этилади.



64-модда. Қарздорни тўловга қобилиятсиз деб эълон қилиш

Банк қарзни тўлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаётган қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилишга ҳақли.



9-БОБ. БАНК ХИЗМАТЛАРИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ

ҲИМОЯ ҚИЛИШ


65-модда. Банк хизматларини кўрсатиш

Банк хизматларининг истеъмолчилари банкни ва банк хизматларини танлашда эркиндир. Банклар истеъмолчининг талабига биноан унга банк хизматларини кўрсатиш шартлари билан танишиш имкониятини тақдим этиши шарт.

Банк шахсни банкнинг хизматидан ёки маҳсулотидан фойдаланиш шарти сифатида банкнинг ёки ўзга учинчи шахснинг бошқа банк хизматидан ёки маҳсулотидан фойдаланишга мажбур қилмаслиги керак.



66-модда. Банк хизматлари тўғрисидаги

ахборотни ошкор қилиш

Банк хизматлари кўрсатишнинг умумий шартлари, воситачилик ҳақи, тарифлар ва банк хизматлари кўрсатганлик учун фоиз ставкалари тўғрисидаги ахборот очиқ ахборот бўлиб, улар банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Мазкур ахборот тижорат ёки банк сирининг предмети бўлиши мумкин эмас.

Банк хизматлари кўрсатиш шартномаси тузилгунига қадар истеъмолчига улар тўғрисидаги ахборотнинг тўлиқ ошкор қилиниши таъминланиши керак. Кўрсатиладиган банк хизматларининг шартлари ва қиймати ҳақидаги ахборотни мижозга тақдим этишни рад қилишга йўл қўйилмайди.

Банклар кредит бериш қандай шартлар асосида амалга оширилаётганлиги ҳақида, шу жумладан кредитнинг (қарзнинг) тўлиқ қиймати тўғрисида мижозга ахборот бериши керак.

Кредитнинг (қарзнинг) тўлиқ қиймати деганда ҳисоб-китоб қилиш чоғида қарз олувчининг кредит (қарз) олиш билан боғлиқ тўловлари ҳисобга олинадиган ишончли, йиллик ва самарали тарзда ҳисоблаб чиқарилган фоиз ставкаси тушунилади. Кредитнинг (қарзнинг) тўлиқ қиймати ҳисоб-китобига қарз олувчининг тўловлари, шу жумладан учинчи шахслар фойдасига тўловлари, агар қарз олувчининг бундай тўловлар бўйича мажбурияти шартнома шартларидан келиб чиқса ва (ёки), агар кредит (қарз) бериш бундай тўловларни амалга оширишга боғлиқ қилиб қўйилган бўлса, киритилади.

Банк хизматлари кўрсатишнинг умумий шартларидаги ўзгаришлар улар кучга киришидан камида ўн кун олдин банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши керак, шунингдек фоиз ставкаларининг ва валюталарни айирбошлаш курсининг ўзгариши тўғрисидаги ахборот улар ўзгарган куни эълон қилинади.



67-модда. Омонатчиларнинг ҳуқуқлари

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар банк омонатчилари бўлиши мумкин.

Омонатчилар ўзига тегишли пул маблағларини омонатларга жойлаштириш учун банкни танлашда эркиндир ва бир ёки бир нечта банкда омонатларга эга бўлиши мумкин.



68-модда. Мурожаатларни кўриб чиқиш

Банклар мижозларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиб-таомилини ўз ичига олган тартибга эга бўлиши шарт. Мижозларнинг мурожаатлари банкка келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши ва ёзма ёки электрон шаклда жавоб берилиши керак.

Мижозларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижаларига оид ҳужжатлар камида уч йил сақланиши керак.



69-модда. Монополияга қарши қоидалар

Банкларга молиявий операциялар бозорини монополлаштириш ва банк соҳасида рақобатни чеклашга қаратилган битимларга эришиш учун ўз уюшмаларидан ва бошқа бирлашмаларидан фойдаланиш тақиқланади.

Банкларнинг монополияга қарши қоидаларга риоя этиши Марказий банк томонидан, шунингдек қонунчиликка мувофиқ монополияга қарши орган томонидан назорат қилинади.


10-БОБ. БАНКЛАРДА ҲИСОБГА ОЛИШ, ҲИСОБОТЛАР

ВА АУДИТОРЛИК ТЕКШИРУВИ


70-модда. Банкларда бухгалтерия ҳисобини юритиш

Банклар бухгалтерия ҳисобини Марказий банк томонидан белгиланган қоидалар асосида ишлаб чиқилган ички ҳисоб-китоб сиёсатига мувофиқ ташкил этади ва юритади.

Банклар молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини қўллаши мумкин.

Банклардаги бухгалтерия ҳисоби:

бошқарувга, молияга, солиққа ва назоратга оид ҳисоботнинг ҳамда бошқа ҳисоботларнинг ишончлилигини, уларда банкнинг ҳақиқий молиявий ҳолати ва фаолияти натижалари акс эттирилишини;

банк активларини ва юзага келувчи таваккалчиликларни бошқариш хавфсизлигини;

банк акциядорлари ва кузатув кенгаши томонидан банкнинг молиявий аҳволини ва унинг мансабдор шахсларининг ишини назорат қилиш имкониятини таъминлаши керак.



71-модда. Банкларнинг ҳисоботлари

Банклар Марказий банкка молиявий ва назорат ҳисоботларини тақдим этади.

Банк ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни Марказий банк томонидан белгиланган шаклларда, тартибда ва муддатларда тузади ҳамда Марказий банкка тақдим этади.

Банклар Марказий банкнинг талабига кўра консолидациялашган, даврий, шунингдек бир марталик ҳисоботларни тақдим этади.

Банк Марказий банкка тақдим этиладиган ҳисоботларнинг ва бошқа маълумотларнинг яхлитлиги ҳамда ишончлилиги учун жавобгардир.

Банклар қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги ҳисоботларни ҳам тақдим этади.


72-модда. Банклар томонидан молиявий

ҳисоботларни эълон қилиш

Банклар молиявий ҳисоботларни, банклар гуруҳининг асосий банки консолидациялашган молиявий ҳисоботларни уларда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини аудиторлик ташкилоти тасдиқлаганидан кейин Марказий банк томонидан белгиланадиган шаклда эълон қилади.

Банклар ўз маблағларига, капиталга доир талабларнинг бажарилишига, ликвидликка, таваккалчиликларнинг қийматига ва бошқа муҳим кўрсаткичларга (нормативларга) доир ахборотни ошкор этиши керак.



73-модда. Банк операцияларига доир ҳужжатларни сақлаш

Банклар ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда ва муддатларда ўз идоравий архивида сақлаши шарт.



74-модда. Банкларнинг ва банклар гуруҳининг

аудиторлик текшируви

Банк ва банклар гуруҳи аудиторлик текширувининг мақсади банкнинг ва банклар гуруҳининг молиявий ахбороти ҳамда бошқа молиявий маълумотлари тўғрилигини ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка ҳамда молиявий ҳисоботларга оид халқаро стандартларга мувофиқлигини аудиторлик ташкилоти томонидан аниқлашдан иборат.

Банкларнинг йиллик молиявий ҳисоботлари ва банклар гуруҳининг йиллик консолидациялашган молиявий ҳисоботи аудиторлик текширувидан ўтказилиши мажбурийдир. Банкнинг ва банклар гуруҳининг аудиторлик текшируви Марказий банкнинг талабига кўра умуман банкнинг ёки банклар гуруҳининг фаолияти бўйича ҳам, улар фаолиятининг алоҳида йўналишлари бўйича ҳам ўтказилиши мумкин.

Банкнинг йиллик молиявий ҳисоботи, банклар гуруҳининг йиллик консолидациялашган молиявий ҳисоботи тўғрисидаги аудиторлик хулосаси қонунда назарда тутилганидан ташқари, аудиторлик ташкилоти томонидан:

банк, банклар гуруҳи томонидан ҳисобот санасидаги ҳолатга кўра пруденциал нормативларнинг бажарилишини;

банкнинг, банклар гуруҳининг ички назорати ва таваккалчиликларини бошқариш тизимларининг ташкил этилиши Марказий банк томонидан қўйилган талабларга мувофиқлигини текшириш натижаларини ўз ичига олган бўлиши керак.

Аудиторлик ташкилотлари банкнинг ва банклар гуруҳининг фаолиятини текшириш натижаларига кўра молиявий ҳисоботларнинг ишончлилигини ва бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлайди (ёки тасдиқламайди), шунингдек банкнинг йиллик молиявий ҳисоботига, банклар гуруҳининг консолидациялашган йиллик молиявий ҳисоботига илова қилинадиган аудиторлик хулосасини беради.

Аудиторлик хулосасисиз банкнинг йиллик молиявий ҳисоботи, шунингдек банклар гуруҳининг консолидациялашган йиллик молиявий ҳисоботи Марказий банк томонидан қабул қилинмайди ва эълон қилинмайди.



75-модда. Банкнинг ва банклар гуруҳининг аудиторлик

текширувини амалга оширувчи аудиторлик

ташкилотига доир талаблар

Банк молиявий ҳисоботининг ва банклар гуруҳи консолидациялашган молиявий ҳисоботининг аудиторлик текшируви штатида Марказий банкнинг банкларда аудиторлик текширувларини ўтказиш ҳуқуқини берувчи малака сертификатига эга камида икки нафар аудитори (аудиторлик ташкилоти раҳбарини ҳисобга олган ҳолда) мавжуд бўлган аудиторлик ташкилоти томонидан ўтказилади.

Аудиторлик ташкилоти банкка алоқадор шахс бўлмаслиги ва унинг олдида пул мажбуриятларига эга бўлмаслиги керак.

Банк билан (банклар гуруҳининг асосий банки билан) аудиторлик ташкилоти ўртасида тузилган шартномаларда аудиторлик ҳисоботининг Марказий банкка топширилишини чекловчи қоидалар бўлмаслиги керак.

Аудиторлик ташкилоти:

банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларининг қўпол бузилишига олиб келувчи;

банк фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган;

молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ва бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқлиги тўғрисида фикр билдиришни аудиторлик ташкилоти томонидан рад этишга ёки фикрларни қўшимча шарт билан билдиришга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар тўғрисида Марказий банкни дарҳол хабардор этиши шарт.

Марказий банкнинг талабига кўра аудиторлик ташкилоти аудиторлик ҳисоботи билан боғлиқ қўшимча тушунтиришлар тақдим этиши керак.

Банкларда аудиторлик текширувини ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари, аудиторнинг малака сертификатини бериш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.


11-БОБ. БАНКЛАРНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


76-модда. Банкни қайта ташкил этиш

Банкни қайта ташкил этиш рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг талаблари ҳисобга олинган ҳолда, акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига мувофиқ қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва ўзгартириш шаклида Марказий банкнинг рухсати билан амалга оширилади. Банкни қайта ташкил этиш Марказий банкнинг талабига биноан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Давлат ягона таъсисчиси бўлган банкни қайта ташкил этиш Марказий банк билан келишилган ҳолда ваколатли органнинг қарори асосида амалга оширилади.

Акциядорлар умумий йиғилишининг банкни қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарори мавжудлиги банкни қайта ташкил этиш учун рухсатнома олиш тўғрисида Марказий банкка ариза бериш учун асос бўлади.

Марказий банк банкни қайта ташкил этишни рад этган тақдирда, акциядорлар умумий йиғилишининг банкни қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Банкни қўшиб юбориш, бўлиш, ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этиш учун Марказий банкнинг рухсатномаси олинганидан кейин қайта ташкил этиш натижасида янгидан вужудга келадиган ҳар бир банкни давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия олиш учун зарур ташкилий-техник тадбирлар бажарилади.

Банкни қайта ташкил этиш учун Марказий банкнинг рухсатномаси олинганлиги қайта ташкил этилиши натижасида вужудга келадиган банкларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга лицензия бериш учун кафолат бўла олмайди.

Қайта ташкил этилаётган банк қайта ташкил этиш жараёнини Марказий банкнинг рухсатномаси олинган кундан эътиборан олти ой ичида тамомлаши шарт.

Қайта ташкил этиш натижасида янгидан юзага келган банкларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга лицензия бериш Марказий банк томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Банкни қайта ташкил этиш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.



77-модда. Лицензияни чақириб олиш

Марказий банк қуйидаги ҳолларда лицензияни чақириб олишга ҳақли:

агар банк лицензияни олганидан кейин ўн икки ой ичида банк фаолиятини амалга оширишни бошламаган, бу фаолиятдан тўғридан-тўғри воз кечган ёки молиявий операцияларни уч ойдан ортиқроқ муддат давомида амалга оширмаган бўлса;

лицензия бериш шартлари банк томонидан бажарилмаганда;

ушбу Қонуннинг 54-моддасида кўрсатилган қўпол қоидабузарликлардан бири банк томонидан содир этилганда;

агар банк кетма-кет келувчи уч чоракнинг ҳар бирида банк регулятив капиталининг ўн фоизидан ортиқ ёки муддатидан қатъи назар, регулятив капиталнинг эллик фоизидан ортиқ миқдорда зарар кўрган бўлса ёки зарар кўриш эҳтимоли мавжуд бўлса;

қайта ташкил этиш натижасида банкнинг фаолияти тугатилганда;

акциядорларнинг умумий йиғилишида банкни ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганда;

Ўзбекистон Республикасида банк ташкил этган чет давлат банкидан лицензия чақириб олинганда;

банк тўловга қобилиятсиз бўлиб қолганда.

Банкнинг тўловга қобилиятсизлиги деганда қуйидаги ҳоллар тушунилади:

банк мижозларнинг ўзига нисбатан қўйган талабларини ўн беш кун ичида тўлашга қодир бўлмаса;

банкнинг мажбуриятлари унинг активларидан ортиб кетса;

омонатчилар ва кредиторлар томонидан банкка ишониб топширилган маблағларнинг бутлигига хавф солувчи ҳар қандай бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.

Банк бошқаруви банкнинг тўловга лаёқатсизлик ҳолати юзага келган ёки мижозлар томонидан талаб этилган даъволарни қаноатлантира олмасликка оид таваккалчилик мавжуд бўлган ҳолларда дарҳол Марказий банкка хабар бериши керак.

Марказий банк бошқарувининг лицензияни чақириб олиш тўғрисидаги қарори ушбу қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан кучга киради.

Марказий банк бошқарувининг қарори ушбу қарор қабул қилинган куни банк раҳбариятига имзо қўйдириб топширилади.

Банкнинг лицензияси чақириб олинганлиги тўғрисидаги ахборот мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир кун ичида оммавий ахборот воситаларида, шунингдек Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши лозим.

Банкка Марказий банк бошқарувининг лицензияни чақириб олиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган пайтдан эътиборан ушбу Қонунга мувофиқ банклар учун рухсат этилган фаолиятни амалга ошириш тақиқланади, бундан банкнинг тугатилиши билан боғлиқ ҳаракатлар мустасно.



78-модда. Банкнинг фаолиятини тугатиш ва банкни тугатиш

Банкнинг фаолиятини тугатиш ва банкни тугатиш ихтиёрий ёки мажбурий (Марказий банк томонидан лицензия чақириб олинганда) шаклда амалга оширилиши мумкин.

Банкнинг фаолиятини тугатиш ва банкни тугатиш учун:

банк акциядорлари умумий йиғилишининг банкни ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарори;

Марказий банк бошқарувининг банкни мажбурий тугатиш ҳақидаги қарори асос бўлади.

Банкнинг фаолиятини тугатиш ва банкни тугатиш, шу жумладан ихтиёрий шаклда тугатиш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.

Банкни тугатиш Банкларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритилган кундан эътиборан тамомланган деб ва банк тугатилган деб ҳисобланади.



79-модда. Ихтиёрий тугатиш

Ихтиёрий тугатиш банк акциядорлари (иштирокчилари) умумий йиғилишининг ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарори асосида, кредиторлар ва омонатчиларнинг талабларини қаноатлантириш имконияти мавжуд бўлганда ҳамда Марказий банкнинг рухсати олинганда амалга оширилади.

Банкни ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акциялар эгалари бўлган акциядорлар овозларининг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Банк Марказий банкка акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан банкни ихтиёрий тугатиш тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақида дарҳол ёзма шаклда хабар бериши шарт.

Банкни ихтиёрий тугатишга рухсат олиш учун банк акциядорлар умумий йиғилишининг мазкур қарори қабул қилинганидан кейин беш кундан кечиктирмай Марказий банкка қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза беради:

банкни тугатиш тўғрисида акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тугатиш сабаблари кўрсатилган ҳолда қабул қилинган қарор;

акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган, тугатиш жараёнини, кредиторларнинг ва омонатчиларнинг талабларини қаноатлантириш тартиб-таомиллари ва муддатлари доирасидаги ташкилий-амалий чора-тадбирларни ўз ичига олган тугатиш режаси;

ихтиёрий тугатишга рухсат бериш тўғрисида Марказий банкка ариза билан мурожаат этилган пайтдаги талабларни қаноатлантириш учун маблағлар етарли эканлигини тасдиқловчи баланс ҳисоботи;

тугатиш комиссиясининг таркиби тўғрисидаги ахборот ва бошқа зарур маълумотлар.

Банкни тугатиш комиссияси олдиндан Марказий банк билан келишилган ҳолда акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тайинланади. Агар тугатиш комиссияси тайинланмаган бўлса, банкни тугатиш бўйича комиссия Марказий банк бошқарувининг қарори билан ташкил этилади.

Тугатиш комиссиясининг раҳбари ва аъзолари ушбу Қонуннинг 36-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

Марказий банк банкни ихтиёрий тугатишга рухсат бериш тўғрисидаги аризани олган кундан эътиборан икки ой ичида тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва қуйидаги шартлар бажарилган бўлса, банкни ихтиёрий тугатиш учун рухсат беради, агар:

банкни ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор қонунчиликка мувофиқ қабул қилинган бўлса;

банк тўловга лаёқатли бўлса;

банк томонидан тақдим этилган ҳужжатларда тўлиқ ва етарли маълумотлар мавжуд бўлса;

тақдим этилган тугатиш режаси кредиторлар ва омонатчиларнинг талаблари тўлиқ қаноатлантирилиши учун имкониятлар бўлишини таъминласа;

банк Марказий банкнинг сўровномасига кўра банкни ихтиёрий тугатишга рухсат бериш шартлари бажарилганлигини аниқлаш учун зарур бўлган қўшимча ҳужжатларни белгиланган муддатда тақдим этган бўлса.

Марказий банк салбий қарор қабул қилган тақдирда ихтиёрий тугатишга рухсат бериш рад этилгани тўғрисидаги асослантирилган қарорни банкнинг кузатув кенгашига етказади. Зарур ҳолларда Марказий банк тугатиш режаси ва жадвалининг қайта кўриб чиқилишини ёки қўшимча ҳужжатлар ва ахборот тақдим этилишини талаб қилиши мумкин.

Марказий банк ихтиёрий тугатиш учун рухсат берганидан кейин банк лицензиясини чақириб олади.

Агар ихтиёрий тугатиш жараёнида банк тўловга лаёқатсиз эканлиги аниқланса, тугатиш комиссияси зудлик билан Марказий банкка хабар бериши ҳамда банкнинг молиявий аҳволини тасдиқловчи тегишли ҳисобот ва ҳужжатларни тақдим этиши керак.

Марказий банк ушбу модданинг ўнинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва ушбу Қонуннинг 77-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган асослардан биронтаси мавжуд бўлган тақдирда, банкнинг тўловга лаёқатсизлиги тўғрисида қарор қабул қилади ва мажбурий тугатиш жараёнини бошлаб юборади.



80-модда. Мажбурий тугатиш

Банк Марказий банк бошқарувининг лицензияни чақириб олиш тўғрисидаги қарори асосида мажбурий тугатилади.

Банкни мажбурий тугатиш чоғида тугатиш комиссияси Марказий банк томонидан тайинланади.

Марказий банк тугатиш комиссияси таркибига Марказий банк ходимларини киритишга ҳақли.



81-модда. Тугатиш комиссиясининг ваколатлари

Тугатиш комиссияси тайинланган пайтдан эътиборан банк ишларини бошқариш бўйича, шу жумладан банк акциядорларининг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва бошқаруви ваколатлари ушбу комиссияга ўтади.

Тугатиш комиссияси тайинланган санадан эътиборан икки кун ичида оммавий ахборот воситаларида, шунингдек банкнинг расмий веб-сайтида банк тугатилганлиги, шу жумладан унинг омонатчилари ва кредиторлари томонидан талабларни қаноатлантириш тўғрисидаги аризаларни бериш тартиби ва муддатлари тўғрисидаги эълонни чоп этиши шарт. Талабларни тақдим этиш муддати банк тугатилганлиги тўғрисидаги хабар эълон қилинган кундан эътиборан икки ойни ташкил этади ва мазкур муддат тугаганидан сўнг тугатиш комиссияси томонидан талаблар қабул қилинмайди.

Тугатиш комиссияси қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ахборотни ҳам ошкор қилиши керак.

Тугатиш комиссияси лицензия чақириб олинган кундан эътиборан икки ой ичида кредиторларни аниқлаш ҳамда дебиторлик қарзларини ва Марказий банкнинг мажбурий захиралар жамғармасида депозитга қўйилган маблағларни олиш чораларини кўради. Мазкур маблағлар биринчи навбатда тугатилаётган банкнинг қарзларини жисмоний шахсларнинг талаблари асосида тўлашга қаратилади, бундан банкка алоқадор бўлган шахслар мустасно.



12-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


82-модда. Низоларни ҳал этиш

Банк ва унинг мижозлари ўртасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.



83-модда. Банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 6 ноябрь


"Халқ сўзи", 2019 йил 6 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 11 ноябрь, 45-сон, 845-модда




























































Время: 0.1960
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск