ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Умумий қоидалар /

Аграр таълим тизимининг 2030 йилгача инновацион ривожланиш Стратегияси (ЎзР ВМ 15.12.2020 й. 788-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 15 декабрдаги

788-сон қарорига

1-ИЛОВА



Аграр таълим тизимининг 2030 йилгача

инновацион ривожланиш

СТРАТЕГИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Аграр таълим тизимининг 2030 йилгача бўлган инновацион ривожланиш стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) қишлоқ хўжалиги олий таълим тизимини ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, фан-таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш асосида таълим сифатини яхшилаш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аграр таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 30 июлдаги ПҚ-4795-сон қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.

Стратегия Ўзбекистон Республикасининг аграр таълим тизимидаги олий таълим муассасаларини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда соҳага оид дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.



2-БОБ. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИНГ

ЖОРИЙ ҲОЛАТИ ВА МАВЖУД МУАММОЛАР


Бугунги кунда республикамизда қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича Тошкент давлат аграр университети ва унинг Самарқанд филиали, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, шунингдек, Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти (кейинги ўринларда - Олий таълим муассасалари) мавжуд. Сўнгги 3 йилда янги 2 та филиал ташкил этилди.

Кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида 2018/2019 ўқув йилида 10 та бакалавриат таълим йўналиши ва 6 та магистратура мутахассислиги ташкил этилган бўлса, 2020/2021 ўқув йилидан 10 та бакалавриат таълим йўналишлари ва 11 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.

2019/2020 ўқув йилида 16 та бакалавриат таълим йўналишлари бўйича сиртқи таълим, АҚШ, Россия, Польшанинг 7 та олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда икки томонлама тан олинадиган қўшма таълим дастурлари асосида 7 та бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда 6 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш тизими жорий этилди.

Университет ва унинг филиалларида таҳсил олаётган талабалар сони бакалавриат таълим йўналиши бўйича 13 541 нафар, магистратура мутахассислиги бўйича эса 454 нафарни ташкил қилиб, сўнгги 3 йилда талабалар сони 1,3 бараварга ошди.

Талабаларнинг 88,5 фоизи қишлоқ ва сув хўжалиги, 10,0 фоизи ижтимоий соҳа, иқтисод ва ҳуқуқ, 1,2 фоизи гуманитар, 0,3 фоизи хизмат кўрсатиш билим соҳаларига оид таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича таҳсил олмоқда.

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Олий таълим муассасаларида магистратура мутахассисликларига қабул тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилиб келинмоқда. Шунингдек, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб магистратура мутахассисликларида қишлоқ хўжалигидаги агротехник тадбирларнинг мавсумийлигини инобатга олиб ҳамда илмий диссертацияларда икки йиллик илмий-амалий дала тажрибаси натижаларини қамраб олиш мақсадида ўқув жараёнини январь ойидан бошлаш йўлга қўйилди.

2019/2020 ўқув йили учун талабаларни ўқишга қабул қилиш параметрлари 3 255 нафарни ташкил этди ва ўтган йилга нисбатан 34,4 фоизга, 2016 йилга нисбатан эса 27,6 фоизга ошди.

2018/2019 ўқув йилидан Германиянинг Лейбниц номидаги Марказий Осиёда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти билан ҳамкорликда "Халқаро қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти" кафедраси филиали ташкил этилди. Мазкур филиалда 3 нафар докторант ва 2 нафар магистр таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Белоруссия Республикасининг Гродно давлат аграр университети билан ҳамкорликда "Ўзбек-Беларусь қишлоқ хўжалиги" қўшма факультети ташкил этилди ҳамда 2 та бакалавриат таълим йўналиши бўйича ҳамкорлик қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш фаолияти йўлга қўйилди.

Университет ва унинг Самарқанд филиали, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳамда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтида қишлоқ хўжалиги билимларини тарғиб этиш бўйича "Ахборот-маслаҳат маркази" (Extension center) фаолияти йўлга қўйилди.

Агрокластерлар ва кооперациялар учун Тошкент давлат аграр университети қошида республика олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабалари таркибидан танлаб олинган ёшлар учун "Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш ва уни рақамли трансформациялаш" лойиҳасини амалга ошириш доирасида махсус факультет ташкил этилди.

Шунингдек, 2030 йилгача республикамизнинг мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган 54 та туманида "Ахборот-маслаҳат марказ" (Extension center)лари ташкил этилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда, Тошкент давлат аграр университетида илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар сони 2 тани ташкил этиб, 10 та ихтисослик бўйича докторлик диссертациялари ҳимоя қилинмоқда (2017 йилда 1 та кенгаш 5 та ихтисослик фаолият олиб борган). Сўнгги 3 йилда 163 нафар профессор-ўқитувчи докторлик диссертациясини ҳимоя қилиши натижасида Олий таълим муассасаларида илмий даражага эга педагог ходимлар сони 510 нафарга етди (шундан 105 нафари фан доктори (DSc), 405 нафари фан номзоди (PhD)) ҳамда илмий салоҳияти 6,1 фоизга ошишига эришилди.

Сўнгги 3 йилда Олий таълим муассасаларида 336 нафар профессор-ўқитувчиларнинг хорижий олий таълим муассасаларида стажировка ўташи ва малака ошириши таъминланди. Халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот ташкилотларининг магистратура мутахассислигига 26 нафар, докторантурасига 6 нафар ёшлар таълим олишга қабул қилинди.

2019 йилда "Эл-юрт умиди" жамғармаси орқали 26 нафар профессор-ўқитувчининг АҚШ, Германия, Австрия, Хитой ва Россия давлатларида стажировка ўтаб келишди.

2017-2019 йилларда таълим жараёнига 51 нафар хорижлик юқори малакали педагог ва олимлар жалб этилди (АҚШдан 4 нафар, Европа мамлакатларидан 8 нафар, Осиё мамлакатларидан 21 нафар, МДҲ мамлакатларидан 18 нафар).

Нуфузли халқаро илмий журнал ва конференцияларларда чоп этилган мақолалар сони 2017 йилда 1 208 та, 2018 йилда 2 456 тага бўлган бўлса, 2019 йилда 4 356 тага етган.

Олий таълим муассасаларида фан доктори илмий даражасига эга профессорларнинг базавий лавозим маошлари 2016 йилга нисбатан 3,1 бараварга оширилди.

Юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида олий таълим тизими олдида бугунги кунда ўз ечимини кутаётган бир қатор долзарб муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Жумладан:


а) олий таълим билан қамров ва таълим сифатини таъминлаш соҳасида:

Олий таълим муассасаларида ўқув ва касбий тайёргарлик курслари, таълим тизими, шакли ва ўқитиш усуллари замон талабларига жавоб бермайди. Меҳнат бозори талабларини ўрганиш ва янги мутахассисликларни жорий этиш учун тармоқлараро ва идоралараро мувофиқлаштириш тизимини яратиш талаб этилади;

қишлоқ хўжалиги таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг малака талаблари, ўқув режа ҳамда дастурлари мазмун жиҳатидан битирувчиларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида замонавий агротехнологияларни қўллаш бўйича кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилмаган;

ўқув режаларида номутахассислик фанларининг улуши юқорилигича қолмоқда;

кадрлар буюртмачилари билан ўзаро ҳамкорликда мақсадли кадрлар тайёрлаш бўйича ишлар йўлга қўйилмаган;

талабаларда танқидий фикрлаш, ахборотни мустақил излаш ва таҳлил қилиш кўникмалари етарли даражада шакллантирилмаган;

замонавий технологияларга эга ишлаб чиқариш корхоналарида амалий машғулотларни ўтказиш ва кафедра филиалларининг фаолияти самарали ташкил этилмаган;

профессор-ўқитувчиларнинг хорижий тиллар ва ахборот-коммуникация технологияларини ўзлаштириш даражаси пастлиги сабабли хорижий тажрибаларни ўрганишда бугунги кун талабларидан ортда қолмоқда;

илмий-ўқув адабиётлар етишмовчилиги ҳалигача сақланиб қолмоқда, мавжудларининг аксарият қисми замон талабларига жавоб бермайди, ўқув адабиётлари сифатини яхшилаш, хорижий адабиётлардан қўшимча ёки муқобил ўқув адабиётлари сифатида фойдаланиш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган;

қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фан олимпиадаларини доимий ўтказилмаслиги натижасида талабаларни тайёрлаш, олимпиадалар ғолиблари ва қатнашчиларини рағбатлантириш тизимли равишда йўлга қўйилмаган;

умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва коллежларда таҳсил олаётган қишлоқ ёшлари ўртасида касбга йўналтириш тадбирлари тизимли ташкил этилмаганлиги оқибатида уларнинг орасидан иқтидорли ёшларни Университет ва унинг филиалларига саралаб олиш механизмлари мавжуд эмас;

Олий таълим муассасалари талабаларида миллий қадриятларга ҳурмат, инсонпарварлик ва юксак маънавий ғоялар асосида ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий ғоя ва мафкураларимизга қарши ёт бўлган фикрларга нисбатан кучли иммунитетни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни янада ривожлантириш зарурати мавжуд;


б) илмий тадқиқот ва инновацион фаолият соҳасида:

илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро алоқаларнинг самарали механизмлари мавжуд эмаслиги давлат томонидан молиялаштирилган илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий қилишни сезиларли даражада чеклаб қўймоқда;

Олий таълим муассасаларининг илмий тадқиқот фаолияти аграр соҳадаги муаммоларнинг ечимларига қисман қаратилган, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилмаган ва таҳлиллар асосида инновацион ривожланишни прогнозлаштириш фаолияти йўлга қўйилмаган;

қишлоқ хўжалиги соҳаси ва унинг тармоқларига илмий тадқиқот натижаларини кенг жорий этиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, илмий тадқиқотчиларни рағбатлантириш, иқтидорли ёшларни жалб этиш ишлари тизимли ташкил этилмаган, таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграцияси таъминланмаган;

Олий таълим муассасаларидаги илмий салоҳият ўртача 44,1 фоизни ташкил этмоқда (ТДАУ - 49,4 фоиз, АндҚХАИ - 35,6 фоиз, ҚҚХАИ - 35,5 фоиз, ТАИРИ - 33,5 фоиз);

илмий даражага эга ходимларнинг ёши ўртача 57 ёшни (фан докторлари -63 ёш, фалсафа докторлари ва фан номзодлари - 53 ёш) ташкил қилиб, бу кўрсаткич нисбатан юқори ҳисобланади. Фан докторлари орасида нафақа ёшидаги педагог-ўқитувчилар сони юқорилигича қолмоқда, фан докторлари орасида нафақа ёшидагиларнинг улуши 35 фоизни ташкил этмоқда;

илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланаётган профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар ва ёш олимлар фаолиятини рағбатлантиришнинг таъсирчан механизмлари яратилмаган;

олий таълимдан кейинги таълим институтини тамомлаб, докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш ва олинган натижаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этилмаслиги даражаси пастлигича қолмоқда;

қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий навлари ҳосилдорлиги паст ҳамда ташқи бозор талабларига жавоб бермайди. Импорт қилинаётган қиммат ва маҳаллий шароитларга мослашмаган қишлоқ хўжалиги экинлари навларига қарамлик янада ортиб бормоқда;

ҳозирги вақтда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигига оид билим ва ахборотлар тарқатиш учун замонавий хусусий тузилмалар мавжуд эмас.

Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат таъминоти, таълим, қайта тайёрлаш ва малака ошириш ва ахборот-маслаҳат хизматлари соҳаларида замонавий, интеграциялашган ҳамда мослашувчан тизимни яратиш мазкур устувор йўналишнинг асосий мақсади бўлиб ҳисобланади.

Қуйидагилар қишлоқ хўжалиги соҳасида ушбу мақсадларга эришиш учун устувор вазифалар этиб белгиланади:

илмий тадқиқот ташкилотлари фаолияти ва илм-фан соҳасини тубдан ислоҳ қилиш;

донор ташкилотларнинг техник кўмагида кадрларнинг таълим ва касбий тайёргарлик тизимини ислоҳ қилиш;

агробизнес субъектлари учун мўлжалланган давлат хизматлари ва тизимларнинг кучли ва заиф томонларини аниқлаш мақсадида мавжуд маъмурий тизимларни аудитдан ўтказиш, шунингдек, таркибий қайта тузиш ва соддалаштириш режаларини ишлаб чиқиш;

экологик хавфсиз усуллар ҳамда қишлоқ хўжалиги амалиётлари ва технологиялари, иқлим ўзгариши таъсирини юмшатиш ва унга мослашиш борасидаги ахборот-маслаҳат хизматларини мувофиқлаштириш марказини ташкил этиш;

мамлакатнинг барча ҳудудларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ахборот-маслаҳат марказларини ташкил этиш;

замонавий агротехнологиялар бўйича ахборот-маслаҳат марказларига махсус ходимларни тайёрлаш;


в) Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш соҳасида:

талабалар турар жойлари, спорт соғломлаштириш ва ижтимоий инфратузилма объектлари мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қаноатлантирмайди, ўқув-лабораторияларининг аксарият қисми бугунги кун талабига жавоб берадиган замонавий моддий-техника базаси билан жиҳозланмаган;

Олий таълим муассасаларида илмий лабораториялар мавжуд эмас, халқаро стандартларга жавоб берадиган ўқув лаборатория ускуналарининг салмоғи атиги 45 фоизни ташкил этади, шу билан бирга, ўқув жараёни лаборатория материаллари (реактивлар, кимёвий идиш, бутловчи, биологик материаллар ва бошқа объектлар) билан етарлича таъминланмаган;

Олий таълим муассасаларида молиявий харажатларнинг асосий қисми иш ҳақи ва коммунал тўловларга сарфланиб, ўқув ҳамда илмий лабораторияларни янгилаш, бино ва иншоотларни таъмирлаш, замонавий ўқув адабиётларини харид қилиш ва чоп этишга етарли маблағ йўналтиришнинг имконияти йўқ;


г) таълим соҳасидаги жозибадорликни ошириш, халқаро миқёсда рақобатбардошликни таъминлаш соҳасида:

Олий таълим муассасалари халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг 1 000 та олий таълим муассасалари рўйхатига кирмаган (АндҚХАИ - 13 279 ўринда, ТДАУ - 19 010 ўринда, ҚҚХАИ - 21 279 ўринда, ТАИРИ - 28 431 ўринда);

таълим дастурлари ва талабалар билимини баҳолаш тизими халқаро стандартларга, талабаларнинг мавжуд турар жойлари ва ижтимоий инфратузилма объектлари хорижий талабаларнинг эҳтиёжларига мослаштирилмаган;

хорижий фуқароларни мамлакатимизда таълим олишга кенг жалб қилиш борасидаги тарғибот ишлари, жумладан PR-лойиҳалар (Ўзбекистон олий таълим муассасалари кунларини ташкил қилиш, тақдимотлар ўтказиш ва бошқалар) етарли даражада ташкил қилинмаган, бу борада интерактив виртуал платформа мавжуд эмас.



3-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ СТРАТЕГИК

МАҚСАДЛАРИ ВА УСТУВОР

ЙЎНАЛИШЛАРИ


Қишлоқ хўжалиги олий таълим тизимининг ривожланиши мазкур Стратегия иловасида белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришишга асосланади.

Қуйидагилар аграр олий таълим тизимини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ҳисобланади:

қишлоқ хўжалиги соҳаси учун юқори малакали рақобатбардош кадрлар тайёрлаш;

қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежамкор технологияларни қўллаш, "Ақлли қишлоқ хўжалиги" (Smart agriculture) ва рақамли технологияларни жорий қилиш;

стартап-лойиҳаларни амалга ошириш орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш;

илмий тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишлар натижаларни кенг жорий этиш учун амалдаги таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси механизмини такомиллаштириш;

мамлакатни қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш учун юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, инсон капиталини меҳнат бозори талаблари асосида ривожлантириш;

қишлоқ хўжалиги йўналишида халқаро стандартлар асосида юқори малакали, креатив ва тизимли фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган замонавий кадрлар тайёрлаш, уларнинг интеллектуал қобилиятларини намоён этиши ва маънавий баркамол шахс сифатида шаклланиши учун зарур шароитлар яратиш;

Олий таълим муассасалари битирувчиларини ўзларининг йўналишлари бўйича тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйиш мақсадида агробизнес билан шуғулланишига амалий ёрдам кўрсатиш;

қишлоқ хўжалиги олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, унинг жозибадорлигини ошириш ва жаҳон миқёсидаги рақобатбардошлигини таъминлаш.

Узоқ истиқболдаги мақсадли вазифалардан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалиги олий таълим тизимини ривожлантириш қуйидаги устувор йўналишлар асосида амалга оширилади:

таълим жараёнига кредит-модуль тизимини, рақамли технологиялар, "Ақлли қишлоқ хўжалиги" (Smart agriculture) ва замонавий усулларни кенг жорий этиш;

илмий тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш, иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш;

маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар таъсирчанлигини ошириш;

олий маълумотли, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, агросаноат мажмуи таркибидаги вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг раҳбар ва мутахассис кадрларини қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш жараёнига кадрлар буюртмачиларини фаол жалб этиш;

Олий таълим муассасаларини молиявий мустақиллиги ҳамда барқарорлигини таъминлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш орқали уларни тизимли ривожлантириш ва бошқарув фаолиятини такомиллаштириш;

коррупцияга қарши тизимли курашиш ва бу борада шаффофликни таъминлашнинг таъсирчан механизмларини амалиётга жорий этиш;

Олий таълим муассасаларини инвестициявий жозибадорлигини ошириш, халқаро миқёсда танилиши ва рақобатбардошлигини таъминлаш.



4-БОБ. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИ

УЧУН ОЛИЙ МАЪЛУМОТЛИ МУТАХАССИС

КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ СИФАТИНИ ОШИРИШ


Қишлоқ хўжалиги соҳаси учун олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

ёшларни қишлоқ хўжалиги соҳасига қизиқишларини ошириш учун Олий таълим муассасалари билан ўрта ва профессионал таълим муассасалари ўртасида ўзаро узвий ва мувофиқлашган ҳамкорлик фаолиятини кучайтириш;

мамлакатимиз ҳудудларидаги Олий таълим муассасаларида мева-сабзавотчилик ва узумчилик, замонавий иссиқхоналарда мева-сабзавот экинларини етиштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Тошкент давлат аграр университетининг ихтисослашган кафедралари филиалларини ташкил этиш;

"Цитрус, субтропик ва тропик ўсимлик етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар" уюшмаси билан ҳамкорликда Тошкент давлат аграр университети ҳузурида цитрус, субтропик ўсимликларни етиштириш бўйича кичик инновацион корхонани ташкил этиш;

Олий таълим муассасаларини илғор хорижий тажрибаларга асосланган ҳолда юқори малакали, замонавий билимларга эга, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар, профессионал мутахассис кадрларни тайёрловчи, қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича дунёда етакчи таълим ва илм-фан марказига айлантириш;

Олий таълим муассасаларининг қуввати, илмий салоҳияти ва бошқа асосий кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда қабул параметрларини мутахассис кадрларга бўлган эҳтиёжни буюртмачилар билан ҳамкорликда мустақил белгилаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш;

Олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликларида ўқитишнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш;

талабаларда мустақил таълим олиш, танқидий ва ижодий фикрлаш, тизимли таҳлил қилиш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ўқув жараёнида ваколатларни кучайтиришга қаратилган замонавий таълим технологияларини жорий этиш, ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, бу борада ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий маълумотларни кенг жорий этиш;

талабалар билимини баҳолаш тизимини шаффофлигини таъминлаш;

ўқув режаларида фанлар сонини номутахассислик фанлари ҳисобига босқичма-босқич камайтириш ҳамда туташликдаги фанларни танлов ва қўшимча фанлар рўйхатига киритиш;

қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежайдиган технологияларни қўллаш, "Ақлли қишлоқ хўжалиги" (Smart agriculture) ва рақамли технологиялар бўйича мутахассис кадрларни тайёрлашда сифатга алоҳида эътиборни кучайтириш;

таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича хорижий тилларда ўқитиладиган мутахассислик фанлар салмоғини ошириб бориш;

магистратура талабаларининг юқори савияда илмий изланишлар олиб бориш, педагогик фаолият юритиш, бошқарув, танқидий фикрлаш ва тизимли таҳлил қилиш қобилиятига эга бўлиши учун мазкур таълим босқичи ўқув режа ва дастурларини қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни инобатга олган ҳолда мунтазам такомиллаштириб бориш;

ўқув адабиётлари сифатини яхшилаш, замонавий ўқув адабиётларини яратиш тартибини соддалаштириш, энг янги хорижий ўқув адабиётларини харид қилиш ва таржима қилиш ишларини жадаллаштириш, хорижий адабиётлардан қўшимча ёки муқобил ўқув адабиётлари сифатида фойдаланишни, электрон адабиётларни яратишни кенгайтириш, ахборот-ресурс марказлари фондини мунтазам равишда янгилаб бориш;

танлов асосида аниқланган ва ўқув адабиётларига муаллифлик қилаётган профессор-ўқитувчиларнинг йиллик ўқув юкламасини тақсимлаш механизмини такомиллаштириш, бунда уларнинг умумий йиллик юкламаларида ўқув адабиётларини яратиш учун ажратилган вақтни дарс ўтиш юкламаси вақти ҳисобидан оширишни назарда тутиш, шунингдек, муаллифларни моддий рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш;

имконияти чекланган талабаларга кўрсатиладиган таълим хизматлари турларини кўпайтириш ва уларнинг сифатини яхшилаш, таълимда инклюзив жараёнларни ривожлантириш, адаптив технологияларни жорий этиш;

Олий таълим муассасаларида дарс машғулотлари бўйича талабалар фикрини ўрганиш (feedback) ҳамда ўзаро ташриф (peer review) тизимини ўқув жараёнига татбиқ этиш ва шу асосда талабаларга таълим хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаб бориш;

хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда талаба ёшларнинг академик фаолияти, муаммолари ва турмуш тарзи, ўқув жараёни ҳамда яратилган шароитлар бўйича фикр-мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида улар ўртасида ҳар йили ижтимоий сўровномалар ўтказиш;

юқори малакали профессор-ўқитувчилар, олимларни, шунингдек, ишлаб чиқариш соҳасида катта тажрибага эга бўлган мутахассисларни таълим жараёнига жалб қилишнинг самарали механизмларини яратиш, муайян кўрсаткичлар асосида уларнинг фаолиятини баҳолаш тизимини ривожлантириш;

Олий таълим муассасаларида миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимларининг сертификатларига эга бўлган, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштирган профессор-ўқитувчилар ва талабалар сонини ошириб бориш;

"Эл-юрт умиди" жамғармаси кўмагида ҳамда халқаро молия институтларининг грантлари асосида профессор-ўқитувчиларни хорижий мамлакатларда малака ошириш, стажировка ўташ, магистратура ва докторантурада ўқитиш орқали уларнинг касбий маҳоратини доимий ошириб бориш;

профессор-ўқитувчилар соҳанинг тегишли корхона ва ташкилотларида стажировка ўташларини тизимли ташкил этиш ҳамда стажировка ўташнинг самарли механизмларини яратиш;

қишлоқ хўжалиги соҳасининг тармоқлари мутахассислари учун узлуксиз малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимларини жорий этишнинг меъёрий-ҳуқуқий ва ўқув-методик асосларини яратиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш ва бу борада масофавий таълим имкониятларидан кенг фойдаланиш;

Олий таълим муассасаларида талабаларнинг ишдан ажралмаган ҳолда ўқишини таъминлаш мақсадида сиртқи ва кечки, дуал таълим шаклларида кадрлар тайёрлашни ривожлантириш, бунда рақамли технологияларга асосланган замонавий таълим технологияларини жорий этиш;

иқтисодиётнинг замонавий талабларига мувофиқликни таъминлаш мақсадида Олий таълим муассасалари таянч ҳисобланган таълим соҳалари бўйича давлат таълим стандартлари, таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини доимий такомиллаштириб бориш;

талабаларнинг ўқув-ишлаб чиқариш ва бошқа турдаги амалиётларини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш;

турдош олий таълим муассасалари билан ички академик мобиллик дастурларини, ўзаро тажриба алмашиш механизмларини амалиётга татбиқ этиш;

хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлигида профессор-ўқитувчилар ва докторантларнинг академик мобиллиги дастурларини ривожлантириш;

Олий таълим муассасаларида қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фан олимпиадаларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш, шаффофликни таъминлаш, баҳолаш механизмларини халқаро олимпиада ва танловлар мезонларига мослаштириш.



5-БОБ. ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИГА РАҚАМЛИ

ТЕХНОЛОГИЯЛАР, ЗАМОНАВИЙ АХБОРОТ-

КОММУНИКАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ

ВА УСУЛЛАРИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ


Таълим жараёнига қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш технологиялари ва замонавий усулларини жорий этиш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб барча бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида таълимнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш;

қишлоқ хўжалигини рақамалаштириш бўйича юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;

замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва таълим технологияларининг узвий интеграциясини таъминлаш, бу борада педагог кадрларнинг касбий маҳоратини узлуксиз ривожлантириб бориш учун қўшимча шароитлар яратиш;

таълим жараёнларини рақамли технологиялар асосида индивидуаллаштириш, масофавий таълим хизматларини ривожлантириш, вебинар, "онлайн", "blended learning", "flipped classroom" технологияларини амалиётга кенг жорий этиш;

маъруза ва амалий машғулотлар ҳамда семинарларни "онлайн" кузатиш ва ўзлаштириш имконини берувчи, шунингдек, уларни электрон ахборот сақловчиларга юкловчи "E-MINBAR" платформасини амалиётга жорий этиш, таълим жараёнларида "булутли технологиялар"дан фойдаланиш;

масофадан туриб фойдаланиш имконини берувчи электрон кутубхона тизимини жорий этиш;

электрон таълим ресурслари яратилишини жадаллаштириш, таълим жараёнида электрон ресурслар салмоғини босқичма-босқич ошириб бориш, электрон ўқув адабиётларини яратиш, уларни мобил қурилмаларга юклаб ва кўчириб олиш мақсадида Ахборот-ресурс марказларида QR-код ёрдамида электрон ресурслар ҳақидаги ахборотларни жойлаштириш тизимини яратиш;

Олий таълим муассасаларида конференция материаллари, битирув-малакавий ишлари, магистрлик ва докторлик диссертацияларидан иборат илмий-техник маълумотлар электрон базасини яратиш, илмий-техник маълумотлар янгилигини таъминлаш мақсадида антиплагиат тизимидан фойдаланишни кенг жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда таълим жараёнларида халқаро миқёсда кенг қўлланиладиган замонавий дастурий маҳсулотлардан фойдаланишни ривожлантириш;

бошқарув тизими ва ўқув жараёнлари, кутубхона ва ҳужжатлар айланмасини электронлаштиришни таъминловчи "Электрон университет" платформасига босқичма-босқич ўтиш, таълим жараёни иштирокчилари фаолияти самарадорлигини мониторинг қилишнинг электрон тизимини жорий этиш;

Олий таълим муассасаларининг педагог-ходимлари, бакалавриат, магистратура талабалари ва докторантларига оид маълумотларни ўзида акс эттирувчи ва мунтазам янгиланиб борувчи электрон база (Student Record System) юритилишини йўлга қўйиш.



6-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА

ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТ ИШЛАРИ НАТИЖАДОРЛИГИНИ

ОШИРИШ, ЁШЛАРНИ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТГА КЕНГ

ЖАЛБ ЭТИШ, ИЛМ-ФАННИНГ ИННОВАЦИОН

ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


Олий таълим муассасаларида илмий тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

Олий таълим муассасаларини қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича дунёда етакчи олий таълим муассасасига айлантириш ва ривожлантириш бўйича таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштиришнинг узвий боғлиқлигини назарда тутувчи "Университет 3.0" концепциясини босқичма-босқич жорий этиш;

Олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари, магистратура мутахассисликлари ва бакалавриат таълим йўналишлари талабаларини "Ахборот-маслаҳат марказ" (Extension center)лари ва технопаркларда илмий ва инновацион фаолият олиб бориши учун кенг жалб этиш;

Олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркибини илмий даража ва унвонларга эга ходимлар билан ёшартириб бориш;

инновацион фаолият инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида "Экофизиологик тадқиқотлар" йўналиши бўйича олий таълим муассасалариаро илмий тадқиқот лабораториясини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ҳамда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тасарруфидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий-техника базасидан фойдаланиш, етакчи олимларни таълим жараёнига ва илмий раҳбарликка жалб қилиш, магистратура ва докторантура босқичларидаги илмий ишларни илмий тадқиқот ташкилотларида олиб бориши ҳамда ҳимоя қилиши учун шароит яратиб бериш;

Олий таълим муассасалари таркибида "Ахборот-маслаҳат марказ" (Extension center)лари, технопарк, инновацион кластер ва стартап марказларни ташкил этиш ҳамда уларни қишлоқ хўжалиги соҳаси ва тармоқлари, шунингдек, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тадқиқ қилиш ва прогнозлаштириш бўйича фаолият олиб боришини таъминлаш;

тижоратлаштириш салоҳияти юқори бўлган янги маҳсулотлар ва техника-технологияларни яратиш орқали Олий таълим муассасалари ҳузурида илмий тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш билан шуғулланувчи давлат хусусий-шериклик шартлари асосида кичик инновацион корхоналарни ташкил этиш;

халқаро SсiVal ахборот-таҳлил тизими ёрдамида жаҳондаги илмий тадқиқот натижаларини таҳлил қилиб бориш асосида илм-фаннинг илғор ютуқлари билан уйғунлашган ҳолда ривожланишини таъминлаш;

нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш;

Тошкент давлат аграр университетининг "Аграр фани хабарномаси" илмий журналини Scopus, Science Direct ва бошқа халқаро илмий-техник маълумотлар базаларига босқичма-босқич киритилишини таъминлаш;

Олий таълим муассасаларида конференция материаллари, битирув малакавий иши, магистрлик ва докторлик диссертацияларидан иборат илмий-техник маълумотларни электрон базасини яратиш ҳамда антиплагиат тизимини жорий этиш;

жаҳон илмий тадқиқотлар бозори тенденцияларидан келиб чиқиб, Университет ва унинг филиалларида (факультет, кафедра ва лабораторияларда) илмий тадқиқот ишларини аниқ ва фанлар туташлигидаги соҳаларга ихтисослаштириш, уларни ишлаб чиқариш ва ҳудудий ривожланиш эҳтиёжларига мослаштириш, қиёсий устунликка эга бўлган истиқболли илмий йўналишларни белгилаш, ушбу йўналишларда юқори малакали профессор-ўқитувчилар ва талабалар сонини ошириш;

илм-фан соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, менторлик модели асосида нуфузли хорижий олий таълим ва илмий тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

илмий фаолият нуфузини кўтариш мақсадида докторлик диссертациялари илмий натижаларининг амалиётга тезкор жорий этилишини таъминлаш, ёшларнинг илмий фаолиятга қизиқишларини ошириш ва рағбатлантириш, докторлик (таянч докторлик) илмий даражасини берадиган бинар (иккиталик) ҳимояларни кўпайтириш;

мустақил таълим соатлари улушини ошириш ҳисобига профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламасини камайтириш, юритилиши лозим бўлган турли журнал ва ўқув-услубий ҳужжатлар сонини қатъий қисқартириш орқали уларни илмий фаолиятга йўналтириш;

Олий таълим муассасаларида докторантларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, жумладан уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида "Докторантлар уйлари"ни барпо этиш ва оила аъзолари учун қўшимча шароитлар яратиш;

иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни ҳудудлардаги Агротехнологиялар техникумларига жалб қилиш, Олий таълим муассасаларига саралаб олиш, чуқурлаштирилган таълим дастурлари асосида ўқитиш, фан олимпиадаларидаги иштирокини кенгайтириш, илмий фаолиятга бўлган қизиқишини ошириш, "устоз-шогирд" тизими асосида соҳада юқори натижаларга эришган малакали мутахассисларга бириктириш ва бу йўналишда маълумотларнинг электрон базасини яратиш;

Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, мақсадли докторантура орқали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш;

нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма илмий даража бериш дастурларини ишлаб чиқиш;

олий ўқув юртидан кейинги таълим институтлари фаолиятини хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, илмий кенгашлар ва ҳимоялар тизимини халқаро тажрибага мувофиқлаштириш;

илмий даража ва унвонлар бериш ваколатини Олий таълим муассасаларига бериш;

илмий даража ва унвонлар берувчи илмий кенгашлар мажлисларини ҳудудлардаги филиаллардан туриб "онлайн" кузатиш платформасини яратиш.



7-БОБ. ЮҚОРИ МАЛАКАЛИ МУТАХАССИСЛАР ТАЙЁРЛАШ

ЖАРАЁНИГА КАДРЛАР БУЮРТМАЧИЛАРИНИ

ФАОЛ ЖАЛБ ЭТИШ


Юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнига кадрлар буюртмачиларини фаол жалб этиш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

кадрлар буюртмачилари билан ўзаро ҳамкорликда мақсадли кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш;

битирув ва битирув олди курс талабалари учун буюртмачилари бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарларининг дарс машғулотларини ташкил этиш;

кадрлар буюртмачилари бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан ўтказиладиган дарс машғулотларининг мазмунидан келиб чиққан ҳолда талабаларнинг иш берувчиларнинг муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган гуруҳий лойиҳа ишларини ташкил этиш;

кадрлар буюртмачилари бўлган йирик иш берувчилар, хўжалик бирлашмалари, агрокластерлар ва кооперацияларда мутахассислик кафедраларининг филиалларини ташкил этиш;

кадрлар буюртмачилари базаларида талабаларнинг ишлаб чиқариш малакавий амалиётини ташкил этиш ҳамда уларнинг ишга жойлашишини таъминлаш мақсадида уч томонлама шартномалар тузиш;

қишлоқ хўжалиги соҳасидаги таълим йўналишлари ва мутахассисликлари ўқув режалари ва дастурларининг мазмуни ҳамда мутахассислик фанлари бўйича ўқув юкламалари тақсимотини кадрлар буюртмачилари билан ҳамкорликда шакллантириш;

битирув-малакавий ишлар, магистрлик ва докторлик диссертациялари мавзуларини иш берувчиларнинг муаммоларидан келиб чиққан ҳолда шакллантириш ҳамда мавзуларни тор қамровда чуқур тадқиқ қилишга йўналтириш;

Олий таълим муассасаларида чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари, мева-сабзавот, мойли экинлар, доривор ўсимликларни қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича замонавий мини цехларни давлат-хусусий шериклик шартлари ҳамда даромадлар маблағларини жалб этган ҳолда ташкил этиш, ишлаб чиқариш корхоналарини имтиёзли шартлар асосида кластер усулида фаолият юритишини ташкил этиш.



8-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИНГ

МОЛИЯВИЙ МУСТАҚИЛЛИГИ ВА БАРҚАРОРЛИГИНИ

ТАЪМИНЛАШ, МОДДИЙ-ТЕХНИКА ТАЪМИНОТИНИ

МУСТАҲКАМЛАШ


Олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллиги ҳамда барқарорлигини таъминлаш, моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш бўйича қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш, молиявий барқарорликни таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш, молиялаштиришнинг самарали ва шаффоф механизмларини жорий этиш;

Олий таълим муассасаларининг таълим хизматлари ва қўшимча хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятини ривожлантириш;

қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш ва ушбу жараёнда инновацион технологияларга асосланган, ресурс тежайдиган ҳамда тез барпо этиладиган енгил конструкцияли материаллардан фойдаланиш орқали илғор муҳандислик ечимларини қўллаш;

Олий таълим муассасаларини замонавий дастурий маҳсулотлар билан таъминлаш, ўқув ва илмий жараёнларини замонавий лаборатория ускуналари, шунингдек, лаборатория материаллари (реактивлар, кимёвий идиш, бутловчи, биологик материаллар ва бошқа объектлар) билан мунтазам равишда таъминлаб боришнинг самарали механизмини яратиш;

талабаларнинг турар жойлари, ахборот-ресурс маркази, ўқув устахоналари, лабораториялар, спорт соғломлаштириш ва ижтимоий инфратузилма объектларига бўлган эҳтиёжни ўз вақтида таъминлаш ва замон талаблари асосида уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаб бориш;

Олий таълим муассасаларида хорижий фуқароларнинг истиқомат қилиши ва таълим олишлари учун қулай шароитлар яратиш;

Олий таълим муассасаларини юқори тезликдаги интернет билан узлуксиз таъминлаш, талабаларнинг мустақил таълим олиши учун инфратузилма имкониятларини кенгайтириш;

талабалар, ўқитувчилар ва ёш тадқиқотчиларнинг электрон таълим ресурслари, замонавий илмий адабиётларнинг электрон каталоглари ва маълумотлар базаларидан бепул фойдаланиш имкониятини ошириш;

имконияти чекланган талабаларга факультетлар ва талабалар турар жойларида қўшимча шароитлар яратиш ва уларни зарур ўқув адабиётлари, методик қўлланмалар билан таъминлаш чораларини кўриш;

ўқув бинолари ва бошқа ижтимоий иншоотларни иситиш тизими ва совуқ сув учун сарфланадиган тўловларни иқтисод қилиш мақсадида замонавий қозонхона ва ер остидан сув чиқариш иншоотларини қуриш;

Олий таълим муассасаларини ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилиши натижасида иқтисод қилиб қолинадиган давлат бюджети маблағларини таълим тизимига йўналтириш.



9-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИ

ТИЗИМЛИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА БОШҚАРУВ

ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ


Олий таълим муассасаларини тизимли ривожлантириш ва бошқарув фаолиятини такомиллаштириш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

а) кадрлар тайёрлаш сифати ва кўламини инобатга олган ҳолда факультет, кафедралар ва марказларни қуйидаги тоифаларга ажратиш ҳамда уларни ривожлантириш стратегияларини белгилаш:

биринчи тоифа - флагман факультет ва кафедралар;

иккинчи тоифа - илм-фан ва инновацион марказ функциясини бажарувчи Олий таълим муассасаларидаги "Ахборот-маслаҳат марказ" (Extension center)лари;

б) Тошкент давлат аграр университетининг Нукус, Термиз ва Самарқанд филиалларини университет таркибидан чиқариш ҳада мустақил фаолият юритадиган институтга айлантириш;

в) қишлоқ хўжалиги олий таълимини ривожлантириш бўйича ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама этишда "Қишлоқ хўжалиги соҳасида фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш" нуфузи ва фаоллигини ошириш, Олий таълим муассасаларида жамоатчилик назоратининг замонавий механизмларини жорий этиш;

г) олий таълим тизимида бошқарув жараёнларини ахборот-коммуникация технологиялари асосида мақбуллаштириш, давлат интерактив хизматларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш;

д) Олий таълим муассасаларини ривожлантиришда стратегик режалаштириш тамойилларини жорий этиш ва бунда васийлик кенгашлари масъулияти ва ролини ошириш;

е) таълим сифатини баҳолашнинг янги механизмларини жорий этиш, кадрлар буюртмачилари ва талабалар ўртасида ўтказилган сўров натижаларини чуқур таҳлил қилиш орқали муаммоларни бартараф этиш, битирувчилар талабаларнинг сифати ва уларни ихтисослиги бўйича ишга жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш;

ж) таълим сифатини назорат қилиш, факультет ва кафедраларнинг рейтингини юритиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаш;

з) Олий таълим муассасаларида, техникумларда, шунингдек, факультет ва кафедраларда раҳбарлик лавозимларига тайинлашда гендер тенглиги тамойилларига риоя қилиш;

и) Олий таълим муассасаларида, техникумларда раҳбарлик лавозимларига заҳира кадрларни шакллантириш, шунингдек, агросаноат мажмуи учун "Агробизнес ва бошқарув" йўналишида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази фаолиятини таокмиллаштириш;

к) Олий таълим муассасалари ва техникумларда раҳбар ходимларни ротация қилиш механизмини жорий қилиш;

л) фермер хўжаликлари ва агрокластерлар раҳбарлари ҳамда ва томорқа ер эгаларининг қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш, экспорт қилиш бўйича малакаларини ошириш учун Олий таълим муассасаларидаги "Ахборот-маслаҳат марказ" (Extension center)ларида семинар-тренингларни ташкил этиш.



10-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИ

ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ЖОЗИБАДОРЛИГИНИ

ОШИРИШ, ХАЛҚАРО МИҚЁСДА ТАНИЛИШИ

ВА РАҚОБАТБАРДОШЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


Олий таълим муассасаларини инвестициявий жозибадорлигини ошириш, халқаро миқёсда танилиши ва рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

Олий таълим муассасаларини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education, Academic Ranking of World Universities) рейтингининг 1 000 та олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш;

2030 йилга қадар Тошкент давлат аграр университетини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education, Academic Ranking of World Universities) рейтингининг 1 000 та олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш бўйича "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш;

Олий таълим муассасаларини қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича миллий ва халқаро имиджини шакллантиришдаги иштироки ва фаоллигини ошириш;

дарс машғулотлари хорижий тилларда олиб бориладиган ихтисослик ва мутахассислик фанларида иштирок этадиган талабалар салмоғини ошириш;

хорижий фуқароларни Олий таълим муассасалари томонидан белгиланадиган тартибда ўтказиладиган суҳбат асосида бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура мутахассисликлари ва докторантурага қабул қилиш бўйича ишларни тизимли йўлга қўйиш;

нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда таълим хизматларини ривожлантириш ва уларнинг меъёрий-ҳуқуқий нормаларини татбиқ қилиш;

таълимда бренд ва илмий анъаналар тизимини яратиш орқали Олий таълим муассасалари имиджини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш;

қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича халқаро фан олимпиадаларини ташкил этиш;

Олий таълим муассасалари расмий веб-сайтларининг Webometrics ташкилоти рейтинг тизимида эгаллаган ўрнини мунтазам яхшилаб бориш;

нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан биргаликдаги қўшма таълим дастурлари асосида малакали кадрлар тайёрлашни кенгайтириш, ҳамкорликда ўтказиладиган илмий конференциялар ва семинарлар сонини кўпайтириш, халқаро илмий ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш;

Олий таълим муассасаларини халқаро даражада обрўсини ошириш учун иқтидорли битирувчи талабалар имкониятларидан самарали фойдаланиш.



11-БОБ. СТРАТЕГИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Стратегия доирасида белгиланган вазифаларни бажариш ҳамда қишлоқ хўжалиги олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш назарда тутилмоқда:

Аграр таълим тизимидаги Олий таълим муассасаларни 2030 йилгача дунёнинг нуфузли 1000 та олий таълим муассасалари рўйхати (QS рейтинг тизими)га киритилади;

Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига босқичма-босқич таълимнинг кредит-модуль тизими жорий этилади;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва кадрлар буюртмачиларининг таклифлари асосида 2030 йилгача қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежайдиган технологияларни қўллаш, "Ақлли қишлоқ хўжалиги" (Smart agriculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш орқали кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилади;

Олий таълим муассасаларида қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш фаолиятининг узвий боғлиқлигини назарда тутувчи "Университет 3.0" концепцияси босқичма-босқич жорий этилади;

Олий таълим муассасаларида "Ахборот-маслаҳат маркази" (Extension center)лари, технопарклар, стартап марказлари ташкил этилади ва улар қишлоқ хўжалиги соҳаси ва унинг тармоқлари, шунингдек, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тадқиқ этувчи ва прогнозлаштирувчи илмий-амалий муассасалари даражасига олиб чиқилади;

илмий тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, кафедраларнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида давлат хусусий-шериклик шартлари асосида мутахассислик кафедралар ҳузурида кичик инновацион корхоналар ташкил этилади;

Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий изланувчилари, докторантлари, бакалавриат ва магистратура талабаларининг юқори импакт-факторга эга нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этишига ва мақолаларга иқтибослик кўрсаткичлари ошишига имконият яратилади, шунингдек, "Аграр фани хабарномаси" илмий журналини Scopus, Science Direct ва бошқа халқаро илмий-техник маълумотлар базаларига босқичма-босқич киритилади;

Олий таълим муассасаларида олий таълимнинг инвестициявий жозибадорлиги оширилади, хорижий таълим технологиялари жалб этилади;

қишлоқ хўжалигининг олий таълим мазмуни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилади, соҳа ва унинг тармоқларининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшадиган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилади;

Олий таълим муассасаларининг инфратузилмаси ҳамда моддий-техника базаси яхшиланади ва босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилади ҳамда молиявий барқарорлиги таъминланади;

Олий таълим муассасаларининг академик мустақиллиги таъминланади, жумладан, Тошкент давлат аграр университетининг Нукус, Термиз ва Самарқанд филиаллари институтга айлантирилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 16 декабрь
















































Время: 0.0067
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск