ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ёқилғи-энергетика комплекси / Нефть ва газ маҳсулотларини реализация қилиш (етказиб бериш). Ҳисоб-китобларни амалга ошириш /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.02.2021 й. 64-сон "Газдан турмушда фойдаланишда содир бўладиган бахтсиз ҳодисаларни текшириш ҳамда ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
11.02.2021 й.
N 64
ГАЗДАН ТУРМУШДА ФОЙДАЛАНИШДА СОДИР
БЎЛАДИГАН БАХТСИЗ ҲОДИСАЛАРНИ ТЕКШИРИШ
ҲАМДА ҲИСОБГА ОЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ
НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Сўнгги йилларда республика ҳудудларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда кўп квартирали уйларни қуриш дастурларини амалга ошириш натижасида аҳолининг турар жойга бўлган эҳтиёжи қондирилмоқда ва шу асосда фуқароларнинг фаровонлик даражаси янада ошириб борилмоқда.
Шу билан бирга, ҳудудлардаги кўп квартирали уйлар, якка тартибдаги уй-жойларни куз-қиш мавсумига сифатли тайёрлаш ҳамда хонадонларни иситишда табиий ва суюлтирилган газ, қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари учраб турибди. Оқибатда аҳоли хонадонларида ёнғин келиб чиқиши ёки ис газидан заҳарланиш ҳолатлари рўй бериб, инсонларнинг ҳаёти ва саломатлигига жиддий зарар етказилмоқда.
Газдан турмушда фойдаланишда содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларни текшириш ҳамда ҳисобга олиш масалаларини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Турар жойлар, шу жумладан кўп квартирали уйларда маиший эҳтиёж учун табиий ва суюлтирилган углеводород гази, қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларидан фойдаланишда аҳоли билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида:
а) Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий давлат ёнғин назорати органлари ҳар йилги иситиш мавсуми бошланишидан аввал жисмоний шахсларнинг турар жойларидаги дудбурон ва шамоллатиш каналларининг техник ҳолатини тафтишдан ўтказиш, аниқланган носозликларни бартараф этиш ҳамда ушбу соҳада профилактика хизматлари кўрсатишнинг тизимли йўлга қўйилишини;
б) Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖ турар жойлар, шу жумладан кўп квартирали уйлардаги жисмоний шахслар томонидан газдан фойдаланишда белгиланган хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши ҳолатларини ўз ваколатлари доирасида тизимли ўрганиш ҳамда аниқланган муаммо ва носозликларни бартараф этиш чораларини кўришни;
в) "Ҳудудгазтаъминот" АЖ Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси билан биргаликда турар жойлар, шу жумладан кўп квартирали уйларда маиший эҳтиёж учун табиий ва суюлтирилган углеводород газидан фойдаланишда аҳоли хонадонларининг ички газ тармоқлари ҳамда газдан фойдаланиш ускунаси ва жиҳозларини белгиланган муддатларда техник тафтишдан ўтказилишини ҳамда уларга профилактика хизмати кўрсатилишини;
г) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари орқали маиший эҳтиёжлар учун газ ускуналаридан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш бўйича махсус телекўрсатувлар, радиоэшиттиришлар ва давра суҳбатларини доимий асосда уюштирилишини таъминласинлар.
2. Белгилансинки:
а) Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари бахтсиз ҳодиса содир бўлганда унинг сабабларини текшириш бўйича дастлабки зарур чораларни кўради, шу жумладан бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш комиссиясини тузиш юзасидан таклифларни тегишлича туман (шаҳар) ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ёки Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Бунда, бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш комиссияси:
уч нафаргача шахслар (шу жумладан, учинчи шахсни ҳисобга олганда)нинг ҳаётига ёки соғлиғига зиён етган ёхуд ҳалок бўлган тақдирда - туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида унинг ушбу соҳага мутасаддилик қиладиган ўринбосари раҳбарлигида;
етти нафаргача шахслар (шу жумладан, еттинчи шахсни ҳисобга олганда)нинг ҳаётига ёки соғлиғига зиён етган ёхуд ҳалок бўлган тақдирда - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими қарори асосида унинг ушбу соҳага мутасаддилик қиладиган ўринбосари раҳбарлигида;
саккиз нафар ёки ундан ортиқ шахсларнинг ҳаётига ёки соғлиғига зиён етган ёхуд ҳалок бўлган тақдирда - Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида тегишли Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўринбосари ёки Бош вазир маслаҳатчиси раҳбарлигида тузилади;
б) Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда бахтсиз ҳодиса сабабларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда келгусида уларнинг такрорланмаслиги учун бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш комиссиясининг таклифлари асосида аниқ чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
в) ушбу банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган тегишли комиссияларни тузишни назарда тутувчи қарорлар уларни қабул қилувчи тегишли органларга бахтсиз ҳодиса содир бўлганлиги тўғрисида хабар берилган кундан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда қабул қилинади ва тегишли чоралар кўрилади.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Газдан турмушда фойдаланишда содир бўладиган бахтсиз ҳодисаларни текшириш ҳамда ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш, текшириш комиссиясини тузиш ва текшириш натижаларини расмийлаштириш тартиби;
бахтсиз ҳодисани текшириш материалларини тузиш ва сақлаш тартиби;
бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олиш тартиби.
4. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С. Султанов ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Ш.С. Хидоятов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2021 йил 12 февраль