Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя ҳилиш /

Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.02.2021 й. 77-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 17 февралдаги

77-сон қарорига

2-ИЛОВА



Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш

давлат жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг (кейинги ўринларда - Жамғарма) вазифалари, фаолият йўналишларини, шунингдек, унинг маблағларини шакллантириш ваулардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига (кейинги ўринларда - Агентлик) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2019 йил 13 августдаги ПҚ-4417-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган Жамғарманинг Бошқарув кенгашига (кейинги ўринларда - Кенгаш) ҳисобот беради.


3. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари, ушбу Низом, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) ҳамда Агентликнинг буйруқларига амал қилади.


4. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил баланси, шахсий ғазна ҳисобварағи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга.


5. Жамғарманинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси;

қисқартирилган номи - Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи - State fund for support of еntrepreneurship activities under the Agency for the development of еntrepreneurship;

қисқартирилган номи - State fund for support of еntrepreneurship activities;

в) рус тилида:

тўлиқ номи - Государственный фонд поддержки предпринимательской деятельности при Агентстве по развитию предпринимательства;

қисқартирилган номи - Государственный фонд поддержки предпринимательской деятельности.


6. Жамғарма барча ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


7. Жамғарма жойлашган жой (почта манзили): Тошкент шаҳри, Қоратош кўчаси, 1-уй (7-қават), почта индекси 100027.


8. Ушбу Низомга иловада назарда тутилган талаблар олдин қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган кафиллик ва компенсацияларнинг Жамғарма томонидан тақдим этилиши шартларига татбиқ этилмайди.


9. Жамғарма ушбу Низом ва Низомга иловада кўрсатилган талаблардан келиб чиқиб, тижорат банклари ёки лизинг ташкилотлари томонидан юборилган электрон буюртмалар (кафиллик, компенсация ва бошқа хизмат кўрсатиш турлари бўйича) билан Низом ҳамда Низомга иловадаги шартларга мос келмаган ҳолатларда, тижорат банкларига ёки лизинг ташкилотларига буюртманомани рад этиш ҳуқуқига эга.


10. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


тижорат банки - Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тегишли лицензиясига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган тижорат банки;


қарз олувчи - Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган ва тадбиркорлик ташаббусини амалга оширувчи кичик бизнес субъекти, кластер, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, қишлоқ хўжалиги кооперативлари, "Томорқа хизмати" масъулияти чекланган жамиятлари ёки аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига тааллуқли юридик шахс;

кредит - қарз олувчининг лойиҳаларини молиялаштириш учун фойдаланиладиган тижорат банки кредити;


лизинг (молиявий ижара) - бир тараф (лизинг берувчи) иккинчи тарафнинг (қарз олувчининг) топшириғига биноан учинчи тарафдан (сотувчидан) лизинг шартномасида шартлашилган мол-мулкни (лизинг объектини) мулк қилиб сотиб олишни ва уни шу шартномада белгиланган шартларда ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг олувчига ўн икки ойдан ортиқ муддатга беришни назарда тутадиган ижара муносабатларининг алоҳида тури;


ресурс - нодавлат нотижорат ташкилотларига қарз маблағларини ажратиш (кейинги ўринларда - қарз маблағлари);


компенсация - тижорат банклари кредитлари ва лизинг ташкилотларининг лизинги бўйича фоизли харажатларнинг бир қисмини қоплаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 октябрдаги ПҚ-4862-сонли қарорига асосан нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1,0 млн сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорини компенсация қилиш;


кафиллик - қарз олувчи тижорат банки олдидаги ўз мажбуриятларини бажариши учун жавоб бериш масъулиятини Жамғармага юклайдиган кафиллик шартномаси;


лойиҳалар - олдиндан белгиланган вақт мобайнида тадбиркорлик фаолиятидан иқтисодий, ижтимоий ва бошқа манфаат кўриш мақсадида амалга ошириладиган ўзаро боғлиқ тадбирлар ва ишлар мажмуи, қуйидагиларни назарда тутувчи мақсадлар бундан мустасно:

илгари олинган кредитларни ёки исталган бошқа қарздорликни қайтариш;

алкоголли ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;

банкдан ташқари кредит ташкилотлари ресурс базасини шакллантириш;

таваккалчиликка асосланган қимор ва бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда шу мақсадлар учун ускуналарни харид қилиш;


суғурталаш - кредит гарови ва қайтарилмаслигини суғурталаш бўйича суғурта компанияларининг мажбурияти;


аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари - аҳолининг кам таъминланган қатламларидан бўлган ва ушбу Низомнинг 30-бандида белгиланган тартибда аниқланадиган шахслар тоифаси.



2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФАОЛИЯТИ ЙЎНАЛИШЛАРИ


11. Қуйидагилар Жамғарма фаолияти асосий йўналишлари ҳисобланади:

тадбиркорликни ривожлантиришни, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ва уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсати амалга оширилишига кўмаклашиш;

тадбиркорликни ривожлантириш орқали иш ўринлари яратиш имконини берадиган давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурлар, лойиҳалар ҳамда тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;

тадбиркорлик субъектларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги турдаги маҳсулотлар яратиш ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, шунингдек, ишлаб чиқариш фаолиятига самарали янги технологияларни жорий этишга кўмаклашиш;

илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда республикада тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш муаммоларини ўрганишга қаратилган комплекс илмий ва амалий тадқиқотлар амалга оширилишини ташкил этиш.


12. Жамғармадан молиявий ёрдам олиш учун берилган аризаларни кўриб чиқиш бўйича электрон ҳужжатлар айланиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2019 йил 13 августдаги ПҚ-4417-сон қарорида маъқулланган электрон ҳужжатлар айланиши схемаларига мувофиқ амалга оширилади.


13. Жамғармадан молиявий ёрдам олган шахс Жамғарманинг буюртмасида қарз олувчи сифатида кўрсатилган солиқ тўловчининг идентификация рақами бўйича аниқланади.


14. Олдин Жамғарманинг молиявий ёрдамини олган шахс қуйидаги ҳолатларда Жамғармага кафиллик ва/ёки компенсация олиш учун такроран мурожаат қилишга ҳақли бўлади:

амалдаги кафиллик шартномаси бўйича шартнома амал қилган кредит бўйича қарздорлик тўлиқ қайтарилганда;

амалдаги компенсация шартномаси бўйича шартнома амал қилган кредит бўйича қарздорлик тўлиқ қайтарилганда;

кафиллик ва компенсация тақдим этиш тўғрисидаги шартнома томонларнинг розилиги билан бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда.



3-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


15. Таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланадиган Кенгаш Жамғармани бошқарувининг олий органи ҳисобланади.


16. Агентлик:

Жамғарма вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларининг депозитларига ва бошқа молиявий активларига жойлаштириш бўйича чекланган параметрларни белгилайди;

Жамғарманинг фаолияти, шу жумладан маблағларнинг мақсадли йўналтирилиши, тадбиркорлик субъектларига молиявий ёрдам кўрсатишга доир қарорларнинг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан назоратни амалга оширади;

Жамғарма томонидан ушбу Низомда кўрсатилмаган молиявий ёрдамнинг бошқа турларини кўрсатиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари бўйича ҳар йилги прогнозларни тасдиқлайди;

Кенгаш:

Жамғарма молиявий ёрдам кўрсатиши учун ишлаб чиқаришнинг устувор соҳалари ва кичик тадбиркорлик йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқади, тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Жамғарма ижро этувчи органининг Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги, шунингдек, манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар вакилларининг амалга оширилаётган операциялар самарадорлиги, тақдим этилган ресурслар, Жамғарма кафиллиги ҳамда компенсациялари натижалари ҳақидаги ҳисоботларини мунтазам эшитади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Жамғарманинг устав капиталини ошириш тўғрисида таклифлар киритади.


17. Тузилмаси ўрнатилган тартибда Вазирлик буйруғи билан тасдиқланадиган Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси (кейинги ўринларда - Ижро этувчи дирекция) унинг ижро этувчи органи ҳисобланади.


18. Ижро этувчи дирекцияси:

Жамғарма жорий фаолиятини оператив бошқаради;

тижорат банкларидан тушган буюртмаларни кўриб чиқади, ўз ваколатлари доирасида Жамғарманинг кафиллиги ва компенсацияларини тақдим этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларига ресурслар ажратади;

Ўзбекистон Республикасининг навбатдаги йил учун Давлат бюджети асосий параметрлари билан боғлиқ ҳолда, Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ҳар йилги прогнозларини шакллантиради ҳамда Агентлик билан келишилган ҳолда Кенгашга киритади;

Жамғарма маблағларини шакллантириш манбаларини кенгайтиришга доир таклифларни ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун Агентлик билан келишилган ҳолда Кенгашга киритади;

Жамғарма олдига қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши учун зарур қўшимча маблағларни жалб этиш бўйича амалий чоралар кўради;

Жамғарма даромадлари ва харажатларини ҳисобга олиш ҳамда уларнинг ижроси тўғрисида ҳисоб юритилишини, ҳисобот берилишини таъминлайди ҳамда тасдиқлаш учун Агентлик билан келишилган ҳолда Кенгашга тақдим этади;

Жамғарманинг йиллик аудитдан ўтказиш учун, шу жумладан унинг маблағларидан мақсадли фойдаланиш бўйича Агентлик билан келишилган ҳолда аудиторлик ташкилотини белгиланган тартибда жалб этади;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишнинг тизимли мониторингини олиб боради ҳамда бу тўғрисида Агентликка ҳар ойда ҳисобот бериб туради;

Жамғарманинг вақтинчалик бўш маблағларини тижорат банкларининг депозитларига ва бошқа молиявий активларга жойлаштириш юзасидан Агентлик билан келишилган ҳолда Кенгашга таклифлар киритади.


19. Вазирлик буйруғи билан белгиланган тартибда лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Ижрочи директор Ижро этувчи дирекциянинг раҳбари ҳисобланади.

Агентлик директорининг ўринбосарларидан бири бир вақтнинг ўзида Жамғарманинг ижро этувчи директори ҳисобланади.

Ижрочи директор Агентлик директори билан келишган ҳолда малакали, шу жумладан хорижлик мутахассисларни уларнинг хизмат ҳақини Жамғарманинг ўз маблағлари ҳисобига тўлаган ҳолда жалб қилишга ҳақли.

Ижрочи директор:

Жамғармага юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ Ижро этувчи дирекция фаолиятини ташкил этади ва унинг учун шахсан жавоб беради;

Агентлик билан келишилган ҳолда, Ижро этувчи дирекцияни ходимларнинг белгиланган сони доирасида активларни бошқариш, бизнесни, шу жумладан тадбиркорликнинг турли йўналишларига оид инвестиция лойиҳаларини таҳлил қилиш, экспертизадан ўтказиш ва молиялаштириш соҳасида юқори малакали мутахассислар билан тўлдиришни ташкил этади;

халқаро ва хорижий ташкилотларда Жамғарма манфаатларини ифода этади;

Жамғарма номидан меҳнат, хўжалик, кредит шартномалари ва бошқа шартномаларни, шу жумладан кафиллик, компенсациялар ва ресурслар тақдим этиш ҳамда вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларида депозитга жойлаштириш тўғрисидаги шартномаларни имзолайди;

бажарилган ишлар ҳамда келгуси чорак учун иш режалари тўғрисида ҳар чоракда Агентлик ва Кенгаш олдида ҳисоб беради.

Жамғарма Ижрочи директорининг ўринбосари Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Ижро этувчи дирекциянинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари Агентлик директори билан келишилган ҳолда, Ижрочи директор томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


20. Ижро этувчи дирекциянинг харажатлар сметаси ва штатлар жадвали Агентлик томонидан тасдиқланади.

Жамғарма маблағларидан тўғри ва самарали фойдаланиш юзасидан жавобгарлик жамғарма Ижро этувчи дирекциясига юкланади.

Жамғарма ўзининг бухгалтерия ҳисобини Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича юритади.


21. Агентлик, унинг ҳудудий ваколатли офислари ва жамғарма ходимларини рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Жамғарма бюджетдан ташқари маблағларининг сарфланиши бўйича низом ишлаб чиқади ҳамда Агентлик билан келишади, ушбу низом Кенгаш томонидан тасдиқланади.


22. Ижро этувчи дирекциянинг ходимларига давлат бошқаруви органлари ходимлари учун Вазирликнинг марказий аппарати ходимларига белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш шартлари жорий этилади.


23. Жамғарма ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақ ва устамалар, рағбатлантирувчи тўловлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган қўшимча моддий рағбатлантириш маблағларидан иборат бўлади.


24. Хизмат вазифаларини бажаришда фойдаланиш учун Жамғармага 1 дона шахсан бириктирилган ҳамда 1 дона навбатчи автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


25. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети таркибига киради ва унинг ҳисоби белгиланган тартибда Давлат бюджетининг ғазна ижроси орқали амалга оширилади.


26. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 августдаги ПҚ-3225-сон қарорига 1-иловада кўрсатилган ташкилотларнинг бадаллари ҳисобига шакллантириладиган бошланғич бадал;

б) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ушбу мақсадлар учун ҳар йилги тасдиқланадиган ажратмалар доирасидаги маблағлари;

в) Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳар йилги соф фойдасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтириладиган бир қисми;

г) халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг Жамғармага юкланган вазифаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган кредитлари (қарзлари) ва грантлари;

д) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 13 октябрдаги ПҚ-4862-сон қарорига мувофиқ:

Агентлик томонидан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси юқоридаги қарорнинг 3-банди иккинчи хатбошида назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш учун беғараз асосида ажратган 9,0 млн АҚШ доллари эквивалентидаги Жамғармага йўналтирадиган маблағлар;

тажриба тариқасида кенг аҳоли қатламларини тадбиркорликка ўқитиш ва унга жалб қилиш лойиҳаларини амалга оширадиган нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида йўналтириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 2,0 млн АҚШ доллари эквивалентидаги Жамғармага ажратиладиган маблағлар;

е) Жамғарманинг, шу жумладан вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларига депозитларга жойлаштириш, кафилликлар беришдан тушадиган даромадлари, шунингдек, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар.


27. Жамғарма маблағлари Жамғарма фаолияти бўйича йўналишларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида белгиланган тартибда очиладиган шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.


28. Жамғарма маблағларидан:

қарз олувчиларнинг кредитлари бўйича тақдим этилган кафилликлар билан боғлиқ тўловларни тижорат банкларига тўлаш;

тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизли харажатларнинг бир қисмини қоплаш;

белгиланган тартибда нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ўтказилган танлов ғолибларига ресурс ажратиш;

кредит қайтарилмаслигини суғурталашнинг барча шартномалари, жумладан, молиявий йил давомида "Кафолат суғурта компанияси" АЖни ўз капиталининг 10 фоизи миқдорида гаров таъминоти, кафиллик ва кафолат билан (кредитлар ва лизинг операциялари бўйича тадбиркорлик таваккалчилигини суғурталаш) қопланмаган суғурта қопламаси умумий ҳажми ошиб кетганда, "Кафолат суғурта компанияси" АЖнинг йўқотишларини қоплаб бериш;

электротехника ва электр маиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, айланма маблағларни тўлдириш учун электротехника тармоғи ташкилотларига Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган фоиз ставкаси билан миллий валютада бериладиган кредитларнинг 20 миллиард сўмгача бўлган қисми бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисмини, бироқ 5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда уч йил муддатгача компенсация қилиш;

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратилган ресурсларни тажриба тариқасида микромолиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларига ёшлар ва хотин-қизларни кичик тадбиркорликка жалб қилиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилади;

Жамғарма фаолиятини моддий-техник таъминлаш, асосий воситалар ва номоддий активларни харид қилиш, ушбу низомнинг 21-бандида кўрсатилган харажатларни, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнатга ҳақ тўлашга тенглаштирилган тўловларни ҳамда рағбатлантирувчи тусдаги тўловларни тўлаш харажатларини амалга ошириш учун фойдаланилади.

Ушбу бандда қайд этилган мақсадларни молиялаштириш учун ажратилган Жамғарма маблағларидан қатъий белгиланган йўналишларда фойдаланилади.


29. Жамғарма кафиллиги ва компенсациялари фақат янги ажратиладиган кредитлар ва лизинглар учун берилади, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Аввал ажратилган кредитлар бўйича компенсациялар бериш тўғрисида қарз олувчиларнинг мурожаатлари тижорат банклари томонидан кейинчалик Жамғармага юборишучун қабул қилинади.



5-БОБ. АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА

МУҲТОЖ ҚАТЛАМЛАРИНИНГ ТАДБИРКОРЛИК

ТАШАББУСЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН

ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ КРЕДИТЛАРИНИ

АЖРАТИШДА ЖАМҒАРМА КАФИЛЛИГИ

БЕРИЛИШИНИ КЎРИБ ЧИҚИШНИНГ

ШАРТЛАРИ ВА ТАРТИБОТИ


30. Қарз олувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Агентлик ва Жамғарма томонидан белгиланган мезонларга мослиги, шунингдек, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатдан ўтганлиги аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун тижорат банклари ажратадиган кредитлар бўйича Жамғарма кафиллигини бериш шарти ҳисобланади.


31. Тижорат банклари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун кредитлар ажратишда Жамғарма кафиллигини кредит суммасининг 50 фоизигача (шу жумладан 50 фоизи), бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда қабул қилади.


32. Қарз олувчи кредитни қайтарганда ва кредит бўйича ўз мажбуриятларини имкон қадар камайтирганда, биринчи навбатда, кредит бўйича қайтарилган суммага мутаносиб равишда Жамғарма кафиллиги таъминланишидан озод этилади. Бунда қарз олувчи томонидан ажратилган кредит бўйича таъминлаш сифатида тақдим этилган мулк фақат Жамғарма кафиллиги тўлиқ қопланганидан сўнг гаровдан озод этилади.


33. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун тижорат банклари ажратадиган кредитлар бўйича Жамғарма кафиллигини бериш хизматлари бепул ҳисобланади.


34. Қарз олувчи лойиҳани молиялаштиришга кредит олиш учун тижорат банкининг филиалига ариза билан мурожаат қилади, унда қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда Жамғарма кафиллигини олиш истагини билдиради:

қарз олувчининг банк ҳисобварағига пул маблағлари тушиш прогнози (амалга ошириладиган лойиҳа бўйича пул оқими) кўрсатилган бизнес-режа;

кредит бўйича таъминлаш сифатида тақдим этиладиган гаров тўғрисидаги маълумот.


35. Тижорат банкининг филиали ариза ва ҳужжатларнинг тўлиқ туркумини олгандан сўнг икки кун ичида:

қарз олувчининг белгиланган мезонларга мувофиқлигини, шунингдек, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатдан ўтганлигини аниқлайди;

тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлигини текширади. Ҳужжатларнинг тўлиқ бўлмаган туркуми тақдим этилганда, банк филиали бир кун муддатда тегишли ахборот (ҳужжат)ни сўраб олади;

тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади, қонунчилик ва ички кредит сиёсатида белгиланган тартиботга мувофиқ лойиҳанинг молиявий-иқтисодий самарадорлигини баҳолайди.


36. Қуйидаги ҳолларда:

кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинганда - банк филиали Жамғарма кафиллигини олиш учун буюртмани илова қилган ҳолда ўз хулосасини тижорат банкига юборади ва бу ҳақда қарз олувчини хабардор қилади;

кредит ажратиш рад этилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинганда - банк филиали рад этишнинг асосли сабабларини кўрсатган ҳолда қарз олувчига ёзма жавоб юборади.


37. Тижорат банки филиалдан ҳужжатларни олгандан сўнг бир кун мобайнида:

олинган ҳужжатларни кўриб чиқади;

Жамғарма томонидан белгиланган тартибда буюртмани тайёрлайди;

ажратиладиган кредитлар бўйича қарз олувчига кафиллик бериш тўғрисида Жамғармага буюртмани юборади.

Буюртмада кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги учун тижорат банкининг имзо қўйган мансабдор шахси жавоб беради.


38. Буюртма қабул қилингандан сўнг Жамғарма икки кун мобайнида:

буюртмани кўриб чиқади ва уни ушбу Низом талабларига мувофиқлиги юзасидан текширади;

қабул қилинган қарор тўғрисида тижорат банкини хабардор қилади.


39. Кафиллик олиш учун талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, Жамғарма хабарномада рад этишнинг асосли сабабларини кўрсатади.


40. Буюртма маъқулланганлиги тўғрисида хабарнома олингандан сўнг тижорат банки бир кун мобайнида банк филиали томонидан:

қарз олувчи билан кредит шартномаси;

Жамғарма ва қарз олувчи билан кафиллик шартномаси тузилишини таъминлайди.

Кафиллик шартномаси электрон рақамли имзо билан имзоланган бўлиши мумкин.


41. Жамғарманинг берилган кафиллик бўйича тижорат банки олдидаги мажбуриятлари кафиллик шартномаси барча томонлари томонидан имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради.


42. Жамғарманинг берилган кафилликлар бўйича тижорат банки олдидаги мажбуриятлари қуйидаги ҳолатларда тўхтатилади:

кредит бўйича асосий қарз кафиллик суммаси миқдорида тўлиқ қайтарилганда;

Жамғарма томонидан кафиллик бўйича тўловлар амалга оширилганда;

Жамғарманинг ёзма равишдаги рухсатисиз кредит шартномаси бўйича мажбуриятлардаги шахслар ўзгарганда.

Жамғарманинг кафилликлар бўйича мажбуриятлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда ҳам тўхтатилиши мумкин.



6-БОБ. КОМПЕНСАЦИЯНИ БЕРИШ, ТЎХТАТИБ ТУРИШ,

ТЎХТАТИШ ВА ҚАЙТА ТИКЛАШ ТАРТИБИ


43. Жамғарма ушбу Низомга иловада назарда тутилган тартибда компенсациялар беради.


44. Тижорат банклари ва лизинг ташкилотлари компенсацияларни олувчи ҳисобланади.


45. Кредит ва лизинг ставкалари, муддатлари ва бошқа параметрлари ўзгарган тақдирда, компенсацияларнинг ставкаси ва суммаси ўзгармасдан, компенсация бериш тўғрисида қарор қабул қилинган санада қайд этилган даражада қолади.


46. Жамғарма жорий кредитлар, лизинглар ёки бюджетга тўловлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлган қарз олувчиларнинг лойиҳалари бўйича компенсация бермайди.


47. Кредит ёки лизинг берилиши учун зарур бўлган қонун ҳужжатлари ва тижорат банкининг ёки лизинг ташкилотининг кредит сиёсатида назарда тутилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда, қарз олувчининг тижорат банки филиали ёки лизинг ташкилотига мурожаат қилиши компенсация ташаббусига асос ҳисобланади.


48. Кредит ёки лизинг беришнинг имконияти тўғрисидаги масалани кўриб чиққандан сўнг тижорат банкининг филиали қарор қабул қилинган санадан бошлаб икки кун мобайнида:

кредит ёки лизинг ажратиш тўғрисида қарор қабул қилса - компенсация бериш тўғрисидаги буюртмани тижорат банкига тақдим этади ва бу ҳақда қарз олувчини хабардор қилади;

кредит ёки лизинг ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилса - рад этишнинг асосли сабабларини кўрсатган ҳолда қарз олувчига ёзма жавоб юборади;

тижорат банклари ёки лизинг ташкилотлари кредит ёхуд лизинг ажратиш тўғрисида қарор қабул қилса - компенсация бериш тўғрисидаги буюртмани Жамғарманинг "Тадбиркор" ахборот тизимига киритади ва буюртмани электрон рақамли имзо (ЭРИ) билан имзолайди;

кредит ёки лизинг ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилса - рад этишнинг асосли сабабларини кўрсатган ҳолда қарз олувчига ёзма жавоб юборади.

Буюртмада кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги учун лизинг ташкилотининг уни имзолаган мансабдор шахси жавоб беради.


49. Тижорат банки ўз филиалидан ҳужжатлар олингандан сўнг бир кун мобайнида:

олинган ҳужжатларни кўриб чиқади;

Жамғарма томонидан белгиланган шаклга кўра буюртмани тайёрлайди;

қарз олувчига компенсация берилиши учун Жамғарманинг "Тадбиркор" ахборот тизимига киритади ва буюртмани ЭРИ билан имзолайди.

Буюртма электрон рақамли имзо билан имзоланиши мумкин.

Буюртмада кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги учун тижорат банкининг уни имзолаган мансабдор шахси жавоб беради.


50. Ижро этувчи дирекция буюртма Жамғармага тушган санадан бошлаб уч кун мобайнида уни кўриб чиқади ва компенсация бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


51. Жамғарма бир кун мобайнида тижорат банкини қабул қилинган қарор тўғрисида (рад этилган тақдирда - асосли сабаблар кўрсатилган ҳолда) кейинчалик банк филиали ва қарз олувчига маълумот бериш учун хабардор қилади.


52. Компенсация берилгани тўғрисида билдиришномани олгандан сўнг икки кун мобайнида:

тижорат банки филилали ёки лизинг ташкилоти компенсация берилгани тўғрисида қарз олувчини хабардор қилади;

тижорат банки филиали ёки лизинг ташкилоти, қарз олувчи ва Жамғарма компенсация берилиши тўғрисида шартномани ЭРИ билан имзолайдилар.


53. Тижорат банкининг филиали компенсация берилиши тўғрисидаги билдиришномани олгандан сўнг уч кун мобайнида қарз олувчи билан кредит шартномасини имзолайди.


54. Лизинг ташкилоти компенсация берилиши тўғрисидаги билдиришномани олгандан сўнг уч кун мобайнида қарз олувчи билан лизинг шартномасини имзолайди.


55. Компенсация берилиши рад этилгани тўғрисидаги билдиришномани олган тижорат банки бир кун мобайнида бу ҳақда банк филиали ва қарз олувчини хабардор қилади.

Компенсация берилиши рад этилгани тўғрисидаги билдиришномани олган лизинг ташкилоти бир кун мобайнида бу ҳақда қарз олувчини хабардор қилади.


56. Ҳар бир ой учун компенсация Жамғарма томонидан ой якунлангандан сўнг 20 кун мобайнида, тижорат банки томонидан Жамғармага ой якунлангандан сўнг 15 кун мобайнида тақдим этиладиган компенсация реестри асосида тўланади.

Ҳар бир ой учун компенсация Жамғарма томонидан ой якунлангандан сўнг 20 кун мобайнида, лизинг ташкилоти томонидан Жамғармага ой якунлангандан сўнг 15 кун мобайнида тақдим этиладиган компенсация реестри асосида тўланади.


57. Тижорат банки ва лизинг ташкилоти компенсация берилиши тўғрисидаги шартнома амал қиладиган ҳар бир кредитнинг қолдиқлари бўйича ҳисобланган фоизлардан келиб чиққан ҳолда компенсация реестрини тузади.

Бунда:

реестрни Жамғарма талаблари доирасида электрон тарзда шакллантиради;

лойиҳа ташаббускорларининг кредит ва лизинг маълумотларининг Жамғарманинг "Тадбиркор" ахборот тизимига интеграциясини таъминлайди;

ЭРИ билан имзоланган реестрни "Тадбиркор" ахборот тизими орқали етказади.

Тижорат банки ва лизинг ташкилоти шакллантириладиган реестрнинг барча ҳисоб-китобларини исталган муддатга онлайн режимда Жамғармага тақдим этиш имкониятини яратишни назарда тутувчи дастурий таъминотга эга бўлиши лозим.


58. Тижорат банклари ва лизинг ташкилотлари компенсация реестрининг ҳаққонийлиги ва тўлиқлиги, шунингдек, Жамғармага ўз вақтида тақдим этилиши учун жавоб беради.


59. Тижорат банклари ва лизинг ташкилотлари белгиланган тартибда:

мазкур Низом доирасида ажратилган кредитлар ва лизингларнинг ҳисобини муддати ва қарзолувчининг тури бўйича алоҳида баланс ҳисобварақларда;

компенсация шартномаларига асосан ҳисобланган ва Жамғарма томонидан компенсация қилинадиган фоизларнинг ҳисобини алоҳида баланс ҳисобварақларда юритади.


60. Хорижий валютадаги кредитлар бўйича компенсациялар миллий валютада, компенсация тўлови амалга ошириладиган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича тўланади.


61. Жамғарма компенсацияси тижорат банки ёки лизинг ташкилотининг тақдим этган реестри асосида бир пайтнинг ўзида бир қанча кредит ёки лизинг шартномалари бўйича:

асосий банкнинг 29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" транзит ҳисобварағига ўтказилади;

лизинг ташкилотининг талаб қилиб олгунча ҳисобварағига ўтказилади;

29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" транзит ҳисобварағига тушган маблағлар банкнинг 16325 - "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси компенсацияси" ҳисобварағига автоматик равишда ўтказилади.


62. Лизинг ташкилотининг талаб қилиб олгунча ҳисобварағига тушган маблағлар қарз олувчиларнинг ҳисобварағига автоматик равишда ўтказилади.


63. Қарз олувчилар кредитни муддати ўтганидан сўнг қайтарган ҳолатларда, ажратиладиган компенсация суммаси тасдиқланган қайтариш жадвалида қайд этилган суммадан ошмаслиги лозим.


64. Жамғарма компенсация беришни:

компенсация бериш тўғрисидаги шартнома амал қиладиган кредитдан ёки лизингдан бошқа мақсадда фойдаланилганда;

қарз олувчи томонидан кредит ёки лизинг бўйича асосий қарзнинг тегишли қисми кредит ёки лизинг шартномаси бўйича тўловлар жадвалига мувофиқ мажбуриятлар юзага келадиган санадан бошлаб 90 кун мобайнида қайтарилмаганда;

қарз олувчи, лизинг ташкилоти ва/ёки тижорат банкининг буюртмасида ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар аниқланганда тўхтатиб туради.

Тижорат банки ва лизинг ташкилоти ушбу бандда назарда тутилган ҳолатларни аниқлаш мақсадида қарз олувчининг фаолияти юзасидан, шу жумладан жойига чиқиб мониторинг олиб боради ва улар аниқланганда, бу тўғрида Жамғармани уч кун мобайнида хабардор қилади.


65. Жамғарма компенсация беришни тўхтатиб туриш учун асос бўладиган ҳолат аниқлангани тўғрисида тижорат банкининг ёки лизинг ташкилотининг хабарини олгандан сўнг уч кун мобайнида компенсация беришни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилади ва бу тўғрисида тижорат банкини ёки лизинг ташкилотини хабардор қилади.


66. Компенсация беришни тўхтатиб туриш учун асос бўладиган сабаблар бартараф этилгач, компенсация бериш қайта тикланиши мумкин.


67. Жамғарма:

қарз олувчи кредит ёки лизинг шартномаси бўйича кредитни ёки лизингни тўлиқ қайтарса;

кредит ёки лизинг шартномасининг амал қилиши тўхтатилса;

компенсация бериш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиши тўхтатилса, компенсация беришни тўхтатади.

Жамғарма қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда ҳам компенсация беришни тўхтатиши мумкин.


68. Компенсация бериш тўхтатилган ёки компенсация бериш тўғрисидаги шартнома муддатидан олдин бекор қилинган ҳолатларда, қарз олувчи кредит ёки лизинг бўйича фоизларни тўлиқ тўлайди.



7-БОБ. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИНИНГ КРЕДИТЛАРИ

БЎЙИЧА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИГА

ЖАМҒАРМАНИНГ КАФИЛЛИГИ БЕРИЛИШИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ШАРТЛАРИ ВА ТАРТИБИ


69. Жамғарма ушбу Низомга иловада назарда тутилган кафилликларни беради.


70. Жамғарма фақат:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган;

тугатилиш босқичида бўлмаган;

жорий кредит ва бюджетга тўловлар бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлиги бўлмаган;

уларга нисбатан банкротлик тартиби қўзғатилмаган;

ушбу Низомда белгиланган бошқа талабларга риоя қиладиган қарз олувчига кафиллик беради.


71. Қарз олувчининг қонун ҳужжатларида ва тижорат банкининг кредит сиёсатида назарда тутилган кредит бериш учун зарур бўлган ҳужжатларни илова қилган ҳолда тижорат банки филиалига мурожаат қилиши кафиллик ташаббуси билан чиқиш учун асос ҳисобланади.


72. Кредит бериш имконияти тўғрисидаги масала кўриб чиқилгандан кейин тижорат банкининг филиали қарор қабул қилинган санадан бошлаб икки кун мобайнида:

кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинса - кафиллик олиш учун буюртмани "Тадбиркор" ахборот тизимига киритади;

кредит ажратиш рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинса - рад этишнинг асосли сабабларини кўрсатган ҳолда қарз олувчига ёзма жавоб юборади.


73. Тижорат банки филиалдан ҳужжатлар олинганидан кейин бир кун мобайнида:

олинган ҳужжатларни кўриб чиқади;

"Тадбиркор" ахборот тизимидаги буюртмани тўғри тўлдирилганини текширади ва уни ЭРИ билан тасдиқлайди;

буюртмада хатоликлар аниқланса, тижорат банки филиалига қайтаради.

Буюртмада кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги учун тижорат банкининг уни имзолаган мансабдор шахси жавоб беради.


74. Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси буюртма Жамғармага тушган санадан бошлаб уч кун мобайнида уни кўриб чиқади ва кафиллик бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


75. Жамғарма бир иш куни мобайнида тижорат банкини қабул қилинган қарор тўғрисида (рад этилганда тақдирда - асосли сабаблар кўрсатилган ҳолда) кейинчалик банк филиали ва қарз олувчини хабардор қилади.


76. Кафиллик бериш тўғрисида Жамғарманинг ижобий қарори олинганда, тижорат банки филиали икки кун мобайнида қарз олувчи билан биргаликда кафиллик берилиши тўғрисида шартномани ЭРИ билан имзолайди.


77. Кафиллик берилганлиги учун миллий валютада кафиллик суммасининг бир фоизи миқдорида бир марталик воситачилик ҳақи белгиланади. Воситачилик ҳақи қарз олувчининг исталган ҳисобрақами, жумладан, транзит ҳисобрақамлар орқали ҳам тўлаб берилиши мумкин.

Жамғарманинг кафиллик бўйича мажбуриятлари воситачилик ҳақи тўлиқ тўланган санадан бошлаб кучга киради. Уч томонлама имзоланган кафиллик шартномаси томонларнинг розилиги билан бекор қилинган тақдирда, шартнома бўйича тушган воситачилик ҳақи қарз олувчига қайтарилмайди.


78. Кафиллик бўйича мажбуриятлар қуйидаги ҳолатларда тўхтатилади:

қарз олувчи томонидан кафиллик бўйича тўловнинг кредит ажратилгунга қадар амалга оширилмаслиги;

кредит бўйича асосий қарзнинг кафиллик билан таъминланган қисмининг тўланиши;

Жамғарма томонидан кафиллик бўйича тўловнинг амалга оширилиши;

Жамғарманинг ёзма рухсатисиз кредит шартномаси бўйича мажбуриятларда шахсларнинг алмаштирилиши;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.


79. Жамғарма кафиллик портфелининг қисман ёки тўлиқ ҳажми учун суғурта қопламасини жалб этиш ҳуқуқига эга. Бунда суғурта қопламаси бўйича сарф-харажатлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


80. Кредит қайтарилмаслигини суғурта қилишнинг барча шартномалари бўйича суғурта қопламасининг умумий ҳажми (кредитлар ва лизинг операциялари бўйича тадбиркорлик таваккалчилигини суғурта қилиш) молиявий йилда "Кафолат" суғурта компанияси АЖ капиталининг 10 фоизидан ортиқ бўлган тақдирда, компаниянинг ўз капитали 10 фоизидан ортиқ суммадаги йўқотишлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади.



8-БОБ. БЕРИЛГАН КАФИЛЛИК БЎЙИЧА

МАЖБУРИЯТЛАРНИНГ ЖАМҒАРМА

ТОМОНИДАН БАЖАРИЛИШ ТАРТИБИ


81. Қарз олувчи кредитни қайтарганда ва кредит бўйича ўз мажбуриятларини камайтирганда, биринчи навбатда, кредит бўйича қайтарилган суммага мутаносиб равишда Жамғарма кафиллиги таъминланишидан озод этилади. Бунда қарз олувчи томонидан ажратилган кредит бўйича таъминлаш сифатида тақдим этилган мол-мулк фақат Жамғарма кафиллиги тўлиқ қоплангандан сўнг гаровдан озод этилади.


82. Тижорат банки берилган кредит бўйича тўловлар ўз вақтида амалга оширилиши бўйича мажбуриятлар бажарилиши юзасидан қарз олувчи фаолиятининг мониторингини, шу жумладан жойига чиқиб олиб боради.


83. Қарз олувчи берилган кредит бўйича мажбуриятларни бажармаса ёки тегишли равишда бажармаса, банк қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда унга ёзма талаблар қўяди.


84. Қарз олувчи кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган санадан (тегишли равишда бажармаганда) бошлаб банк 90 календарь куни мобайнида қарз олувчидан кредит бўйича асосий қарзнинг қайтарилмаган суммасини олиш, ундан фоизларни ундириш ва кредит шартномасида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни бажариши учун, жумладан:

қарз олувчининг ҳисобрақамидаги маблағларни унинг рухсатисиз олиб қўйиш;

ундирувни гаров предметига қаратиш ва таъминлашга талаблар қўйиш (Жамғарма кафиллиги бундан мустасно) йўли билан барча оқилона ва юзага келган вазиятда мумкин бўлган чораларни кўришга мажбур;

кредит таъминоти сифатида суғурта полиси олинган ҳолларда ҳам ундирув аввал суғурта полисига қаратилади.

Жамғарма кафиллиги бўйича жавобгарлик субсидиар ҳисобланади.

Ушбу бандда назарда тутилган барча зарур тартиботлар бажарилгандан сўнг, агар кредит шартномасида белгиланган тартибда банк олдидаги қарз суммаси қайтарилмаса, банк Жамғармага қуйидагилар қайд этилган талабларни қўяди:

кафиллик шартномаси реквизитлари (шартнома тузилган сана, рақами, банк ва Жамғарма кафил бўлган қарз олувчининг номи);

кафиллик шартномаси билан таъминланадиган кредит шартномаси реквизитлари (шартнома тузилган сана, рақами ва бошқалар);

кредит бўйича асосий қарз ва асосий қарзга ҳисобланган фоизлар суммасига бўлинган талаблар ҳажми;

қарз олувчининг шартнома бўйича бажарилмаган мажбуриятлари ҳажми бўйича жавобгарликнинг ҳақиқий ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, Жамғарманинг кафиллик шартномаси бўйича молиявий жавобгарлик ҳажмининг ҳисоб-китоби;

Жамғарма томонидан тўланадиган маблағлар ўтказилиши керак бўлган ва тўлов реквизитлари кўрсатилган банк ҳисобварағи;

банк талабларини қаноатлантириш муддатлари.


85. Талаб (эътироз) тижорат банкининг ваколатли шахси томонидан имзоланиши ва банк муҳрининг босма изи билан тасдиқланиши керак.


86. Ушбу талабга қуйидагилар илова қилинади:

талабни (эътирозни) имзолайдиган шахснинг ваколатини тасдиқлайдиган ҳужжат нусхаси;

қарз олувчининг қарздорлиги ҳисоб-китоби ва Жамғарма жавобгарлигининг ҳисоб-китоби;

қарз олувчининг банк олдидаги қарздорлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

банкнинг қарз олувчига йўллаган талабининг (эътирозининг) нусхаси;

тижорат банки ушбу Низомда қайд этилган қарз олувчига нисбатан чоралар кўргани ва тегишли ишларни амалга оширганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар нусхалари билан биргаликда амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотнома.

Банкнинг Жамғармага нисбатан талаби (эътирози) қайд этилган барча ҳужжатлар тижорат банкининг ваколатли вакили томонидан тасдиқланиб, банк муҳрининг босма изи билан мустаҳкамланиши лозим.


87. Тақдим этилган талаб Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси томонидан берилган кафиликка ва илова қилинган ҳужжатларга мувофиқлиги бўйича кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш кафиллик шартномасида назарда тутилган муддатларда амалга оширилади.


88. Жамғарма тижорат банкига кафиллик суммасини тўлаш ҳақидаги талабни бажаришни тақдим этилган ҳужжатлар кафиллик шартномаси шартларига мувофиқ бўлмаганда рад этишга ҳақли.

Эътирозлар билдирилган тақдирда, Жамғарма банкдан талаб тушган санадан бошлаб уч кун мобайнида тижорат банкига мавжуд барча эътирозлар кўрсатилган хатни юборади.


89. Жамғарма эътирозлар билдирилмаганда, тижорат банки томонидан кўрсатилган ҳисобварағига пул маблағларини ўтказиши шарт. Жамғарма тижорат банкининг талаблари асосида ва кафиллик шартномасига мувофиқ тижорат банкига кредитнинг тўланмаган қисми бўйича кафиллик шартномасида кўрсатилган мажбуриятлар суммасидан ошмайдиган миқдорда кредитнинг асосий қарзи ва асосий қарзига ҳисобланган фоизлар тўловини амалга оширади.


90. Жамғарма мажбуриятлари Жамғарма томонидан тижорат банкига пул маблағлари ўтказилган пайтдан бажарилган ҳисобланади.


91. Кафиллик бўйича тўловлар тўлагандан сўнг тижорат банки қарз олувчининг бошқа ликвид мулки ҳисобидан, шу жумладан судга мурожаат қилиш орқали қопланишини регресс тартибида талаб қилишга ҳақли.



9-БОБ. ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ

ЖАМҒАРМАСИДАН АЖРАТИЛГАН

РЕСУРСЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ


92. Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратилган ресурслар тажриба тариқасида ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш ва унга жалб қилиш лойиҳаларини амалга оширадиган нодавлат нотижорат ташкилотларини Жамғарма томонидан қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.


93. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш ва уларга микромолиявий хизматлар кўрсатишдан иборат комплекс дастурларини амалга ошириш учун Жамғарма ҳисобидан танлов асосида 5 йил муддатга, жумладан, бир йиллик имтиёзли давр билан йиллик 4 фоиз ставкада қарз маблағлари ажратилади.


94. Агентлик нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида мазкур маблағлар ҳисобидан қарз ажратиш бўйича танловларни эълон қилади.


95. Танлов ғолиблари ва Жамғарма ўртасида қарз маблағларини ажратиш бўйича ижтимоий шериклик тўғрисида шартномалар (кейинчалик - шериклик шартномаси) имзоланади.


96. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзларига ажратилган қарзнинг бир қисмини микрокредит ташкилотларига шартнома асосида ресурс сифатида жойлаштирилиши мумкин.


97. Шериклик шартномасига асосан Жамғарма маблағларни нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳисобрақамига ўтказади.


98. Шериклик шартномасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг мажбуриятлари белгилаб берилади. Жумладан, ресурсларнинг самарали ва мақсадли ишлатилиши, ҳар ойнинг 5-санасига қадар ҳисобланган фоизларни Жамғарма ҳисобрақамига ўтказиб берилиши ва улар билан боғлиқ тегишли солиқлар ўз вақтида тўланиши ва қонунчиликда белгиланган бошқа шартлар келишувда кўрсатиб ўтилади.


99. Нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан олинган қарз маблағлари ва уларга ҳисобланган фоизлар Жамғармага шериклик шартномасида кўрсатилган муддатларда қайтарилади.


100. Агентлик ажратиладиган маблағларнинг самарали ва мақсадли фойдаланилиши бўйича мониторинг ўрнатади.

Агентлик томонидан ажратилган ресурс маблағларидан самарасиз ва мақсадсиз фойдаланилган ҳолатлари аниқлаганда, Жамғарма нодавлат нотижорат ташкилотидан ресурсларнинг тегишли қисмини ва унга ҳисобланган фоизларни муддатидан аввал қайтаришни талаб қилишга ҳақли. Бунда Жамғарма нодавлат нотижорат ташкилотига акцептсиз талабнома қўяди. Ушбу талаблар шериклик шартномасида кўрсатилади.


101. Жамғарма томонидан шериклик шартномасига асосан ресурслар ушбу мақсадга ажратилган маблағлар қолдиғи доирасида ажратилади.


102. Жамғарма ҳар чорак якунидан кейинги ойнинг 5-санасидан кечикмасдан, ажратилган ресурслар тўғрисида Агентликка ҳисобот беради.


103. Ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш ва унга жалб қилиш лойиҳаларини амалга оширадиган ННТни қўллаб-қувватлаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



10-БОБ. МАХСУС ЎҚУВ КУРСЛАРИДА

ЎҚИГАН ТИНГЛОВЧИЛАРНИНГ ЎҚИШ

ХАРАЖАТЛАРИНИ ҚОПЛАБ БЕРИШ

ТАРТИБИ


104. Нодавлат таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда - НТТ) томонидан ташкил этилган ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган битирувчи (ёшлар, хотин-қизлар) учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1,0 млн сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори компенсация қилиб берилади.


105. Ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга махсус сертификат берилади.

Ўқув курсларини тамомлаган ва махсус сертификатга эга бўлган битирувчиларга касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича сарфлаган харажатларини қоплаб бериш учун НТТлар томонидан Жамғармага мурожаат киритилади (тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда) ҳамда улар ўртасида ўзаро шартнома тузилади.


106. Шартнома тузилган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида Жамғарма томонидан НТТга белгиланган компенсация маблағлари ўтказиб берилади ҳамда мазкур маблағлар НТТ томонидан сертификат олган битирувчиларга қайтариб берилади.


107. Жамғарма томонидан НТТга компенсация қилинган маблағлар ўқув курслари битирувчиларига икки иш куни муддатида қайтариб берилади.


108. НТТ томонидан ташкил этилган ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган битирувчи (ёшлар, хотин-қизлар) учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича сарфланган харажатларни компенсация қилиб бериш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



11-БОБ. ЖАМҒАРМА ТОМОНИДАН

МОЛИЯВИЙ КЎМАК БЕРИЛИШИДА

ЗАМОНАВИЙ АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ

ТЕХНОЛОГИЯЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


109. Жамғарма замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи "Тадбиркор" ахборот тизимидан фойдаланиш ҳуқуқига эга:

электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда, кафиллик ва компенсациялар бериш тўғрисида буюртмаларни қабул қилиш ва улар бўйича қабул қилинган Жамғарма қарорларини электрон тарзда етказиш;

электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда, кафиллик ва компенсациялар бериш тўғрисида электрон шартномалар тузиш;

электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда, кафиллик ва компенсациялар бўйича ҳисоботлар тузиш ва ўзаро маълумотлар алмашиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, тижорат банклари ва бошқа давлат ташкилотлари билан "Тадбиркор" ахборот тизимининг интеграциясини амалга ошириш;

тижорат банклари ва уларнинг мижозларига Жамғарманинг расмий веб-сайти орқали реал вақт режимида буюртмаларнинг кўриб чиқилиши ҳамда бажарилиши ҳолатини кузатиб бориш имконини бериш.



12-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИЛИШИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ,

ҲИСОБОТ БЕРИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


110. Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Жамғармага маблағлар тушиши ва уларнинг сарфланишини ҳисобга олади ҳамда улар бўйича ҳисобот тузади.


111. Тижорат банклари ҳар ой якуни билан ҳисобот ойининг кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай, Жамғармага унинг маблағларидан фойдаланиш тўғрисида ҳисоботлар тақдим этади.


112. Ижро этувчи дирекция Жамғарма маблағларидан фойдаланилгани тўғрисида йилида бир маротаба тасдиқлаш учун Кенгашга ҳисобот тақдим этади.


113. Ижро этувчи дирекция 1 февралгача бўлган муддатда Вазирлик ва Агентликка молиявий ҳисобот йили учун қарз олувчилар бўйича кафилликлар юзасидан амалда тўланган компенсациялар ва тўловлар тўғрисида ахборот тақдим этади.


114. Ижро этувчи дирекция, тижорат банклари ва давлат молиявий назорати органлари қарз олувчилар томонидан кафилликлар бўйича компенсациялар берилиши ва тўловлар тўланишининг ушбу Низомда белгиланган шартлари, мақсадлари ҳамда тартибига риоя этилишини текширади.


115. Қарз олувчи тўғрисидаги ахборотни олиш ва текшириш учун Жамғарма қарз олувчининг кредит тарихи ҳақидаги ахборотни сўраб олишга ёки кредит бюроси, тижорат банклари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг ахборот тизимларига уланиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасидан бюджетга тўловлар бўйича қарздорлик ҳақида ахборот сўраш ҳуқуқига эга. Ушбу ахборотлар Жамғармага бепул тақдим этилади.


116. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти йилда камида бир марта Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини белгиланган тартибда текширади.


117. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳар чоракда камида бир марта берилган кафилликлар юзасидан амалга оширилган тўловлар ва компенсациялар бўйича тўловлар миқдорини аниқлашда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилигини жойида ўрганади.



13-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


118. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


119. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, шу жумладан суд тартибида ҳал этилади.


120. Жамғарма қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.






Низомга

ИЛОВА



Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш

давлат жамғармаси томонидан кўрсатиладиган

молиявий ёрдам шакллари


1. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун кредит миқдорининг 50 фоизигача (50 фоизи ҳам шу жумлага киради), бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик бериш.


2. Тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача (50 фоизи ҳам шу жумлага киради) миқдорда кафиллик бериш, бироқ 8,0 млрд сўмдан ортиқ эмас.

Айланма маблағларини тўлдириш учун бериладиган кредитлар бўйича лойиҳалар сонидан қатъий назар, ижобий кредит тарихига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига бериладиган кредит суммасининг 75 фоизидан ошмаган, бироқ 10,0 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмдаги кафиллик бериш.

2021 йилдан бошлаб Хоразм вилояти ҳудудида ташкил этилган саноат зоналарида амалга оширилаётган лойиҳаларга истисно тариқасида 25,0 млрд сўмгача бўлган кредитларга кафиллик ва компенсация ажратиш.


3. Тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизли харажатларни қоплаш учун компенсация бериш, шу жумладан:

а) суммаси 10,0 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоизли ставка билан қайта молиялаштириш ставкасидан ортиқ бўлган, бироқ 5 фоизли пунктдан ортиқ бўлмаган қисми бўйича миллий валютада;

б) савдо фаолияти учун суммаси 200,0 млн сўмдан ортиқ бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан 10 фоиз пунктгача ошган қисми бўйича миллий валютада;

в) суммаси 10,0 млрд сўмга тенг миқдордан ошмайдиган хорижий валютада - тижорат банклари томонидан белгиланган фоизли ставканинг 30 фоизгача миқдорда, бироқ 3 фоизли пунктдан ортиқ эмас;

г) хорижий валютада - иссиқхоналар қуриш, интенсив боғлар яратиш, совутгичлар қуриш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳалари учун 2017 йил 5 сентябргача халқаро молия институтларининг кредит линиялари ҳисобидан хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган валюта кредитлари бўйича - белгиланган фоизли ставканинг 50 фоизи миқдорида. Бунда, компенсация:

тадбиркорлик субъектининг кредит ёки бюджетга тўловлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлишидан ва кредит суммасидан қатъи назар тақдим қилинади;

муддати ўтган қарздорлик юзага келганлиги сабабли компенсация тўловлари тўхтатилган давр учун ҳам тўлаб берилади. Бунда, компенсация Жамғарма томонидан тадбиркорлик субъекти фоиз харажатлари бўйича қарздорлигини сўндиришига мос равишда тўлаб борилади;

кредит шартномалари муддатлари узайтирилганда, кредит муддатига мос равишда тўлаб борилади;

д) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тавсиясига асосан яратилган иш ўрнининг камида 50 фоизи аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ишга олган кичик тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган қиймати 10,0 млрд сўмдан, бироқ, асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоизли ва асосий ставка билан ортиқ бўлган қисми бўйича миллий валютада;

е) сертификатланган сабзавот, полиз, дуккакли ва мойли экинлар уруғларини ҳамда мевали дарахт ва ток кўчатларини етиштирувчи фермер хўжалиги ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, шунингдек, кластерлар ва кооперацияларнинг уруғлик ва кўчат харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун миллий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми, шунингдек, хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми;

ё) 2021 йил 1 мартдан бошлаб электротехника ва электр маиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, айланма маблағларни тўлдириш учун электротехника тармоғи ташкилотларига Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган фоиз ставкаси билан миллий валютада бериладиган кредитларнинг 20 миллиард сўмгача бўлган қисми бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисмини, бироқ 5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан уч йил муддатгача компенсация қилиш;

ж) фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, "Томорқа хизмати" масъулияти чекланган жамиятлари ва қишлоқ хўжалиги кооперативларига Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисидаги низом талабларини ҳисобга олган ҳолда ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг 7,5 фоизли пунктигача бўлган қисми.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 6 ноябрдаги ПҚ-4005-сон қарори 5-бандида белгиланган компенсация бериш тартибини лизинг ташкилотларига нисбатан ҳам татбиқ этиш.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 13 октябрдаги ПҚ-4862-сон қарорида қайд этилган мақсадлар учун нодавлат нотижорат ташкилотларига 2,0 млн АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар ҳисобидан ресурслар ажратиш.

Шунингдек, ушбу қарорга асосан Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар ва белгиланган талаблар асосида нодавлат таълим ташкилотлари томонидан ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳамда махсус сертификатга эга бўлган битирувчи (ёшлар, хотин-қизлар) учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1,0 млн сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорида компенсация қилиш.

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг кенг аҳоли қатламларини тадбиркорликка ўқитиш ва уларга микромолиявий хизматлар кўрсатишдан иборат комплекс дастурларини амалга ошириш учун танлов асосида 5 йил муддатга, жумладан, бир йиллик имтиёзли давр билан йиллик 4 фоиз ставкада қарз маблағлари ажратиш.


Изоҳ. Тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан бош битимлар асосида ваколатли тижорат банклари ва лизинг ташкилотлари орқали миллий валютада амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 17 февраль












































Время: 0.1104
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск