ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Умумий масалалар /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.02.2018 й. ПФ-5330-сон "Қишлоқ ва сув хўжалигини давлат томонидан бошқариш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
12.02.2018 й.
N ПФ-5330
ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИНИ ДАВЛАТ
ТОМОНИДАН БОШҚАРИШ ТИЗИМИНИ ТУБДАН
ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ТАШКИЛИЙ
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Қишлоқ ва сув хўжалигини давлат томонидан бошқарилишини мақбуллаштириш ва самарадорлигини ошириш, масъулият соҳаларини аниқ чегаралаш ва ойдинлаштириш, ушбу соҳада долзарб ва муайян муаммоларни ҳал этиш учун мавжуд куч ва воситалар билан оқилона таъминлаш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси билан белгиланган вазифаларга мувофиқ:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 февралдаги Ф-5208-сонли фармойиши билан тегишли республика комиссияси тузилган ва сув хўжалиги тизимини ислоҳ қилиш ҳамда сув хўжалиги тармоғини бошқаришни такомиллаштиришга оид асосий йўналишлар белгилаб берилган.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги негизида:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ташкил этилсин.
3. Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш комиссияси ҳамда Сув хўжалиги тизимини ислоҳ қилиш ва сув хўжалиги тармоғини бошқаришни такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш республика комиссияси (А.Н. Арипов) бир ой муддатда қишлоқ ва сув хўжалигини амалдаги бошқариш тизимини ҳар томонлама ўрганиш ва комплекс таҳлил этиш натижалари асосида, шунингдек, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорининг лойиҳасини киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири - Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплекси раҳбари лавозими тугатилсин.
5. Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплекси раҳбари лавозими киритилсин.
6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин
7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)