ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Бошқалар /

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институтнинг Васийлик кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.06.2021 й. 377-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 17 июндаги

377-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси

ҳузуридаги Фискал институтнинг

Васийлик кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институтнинг (кейинги ўринларда - Институт) Васийлик кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш) фаолиятини тартибга солади.


2. Кенгаш Институтнинг жамоатчилик органи бўлиб, юридик шахс ҳисобланмайди.


3. Кенгаш ўз фаолиятини жамоатчилик асосида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


4. Таълим жараёнида ижтимоий шериклик тамойилларини самарали амалга ошириш, таълим сифатини яхшилаш, Институтнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва таълим жараёнини такомиллаштириш Кенгашнинг асосий мақсадлари ҳисобланади.


5. Кенгаш таркибига давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, ҳомийлар, шунингдек, Институт фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантиришдан манфаатдор бўлган бошқа шахслар кириши мумкин.



2-БОБ. КЕНГАШ ВАЗИФАЛАРИ ВА ВАКОЛАТЛАРИ


6. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

таълим жараёнини ҳамда талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини самарали ташкил этиш ва такомиллаштириш, шунингдек, Институт битирувчиларини келгусида ишлаб чиқариш, фан ва таълимни интеграциялашни ривожлантириш орқали ишга жойлаштиришга кўмаклашиш;

бакалаврлар ва магистрлар тайёрлаш сифатини ҳамда илмий-тадқиқотлар самарадорлигини оширишни ташкил этиш;

келгусида меҳнат бозори ривожланишини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар ва илмий-техник кадрларни тайёрлашнинг истиқболли йўналишларини аниқлашда Институтга кўмаклашиш;

мутахассислар тайёрлаш сифатига кўмаклашадиган истиқболли дастурларни молиялаштириш ва амалга ошириш;

Институтда илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини ривожлантириш, фундаментал (амалий) илмий-техник ишланмаларни амалга ошириш, ўқув ва илмий жараёнларни оқилона интеграциялаш;

талабаларнинг бевосита ишлаб чиқаришдаги амалий машғулотларини ташкил этиш;

ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги малакали ва тажрибали мутахассисларни таълим жараёнига жалб этиш;

Институт педагог кадрларининг меҳнат шароитларини яхшилаш ҳамда уларнинг малака ошириш ва қайта тайёрлашдан ўтишларини ташкил этиш;

Институт фаолиятининг изчил ривожлантирилишини таъминлаш учун ҳомийлик ҳайрияларини, грантлар ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағларни жалб этиш;

эҳтиёжманд талабаларни ижтимоий ҳимоялашни таъминлаш, иқтидорли талабаларга стипендиялар ажратиш, ижарада турувчи талабалар учун яшаш ва ҳордиқ чиқариш шароитларини яхшилаш, шунингдек, таътиллар даврида талабаларнинг дам олишини ташкил этишга кўмаклашиш;

Институтни замонавий ўқув-лаборатория анжомлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, Институтнинг замонавий илмий лабораторияларини шакллантириш ва ривожлантириш;

Институтда соғлом интеллектуал ва маънавий-психологик, педагоглар ва талабалар ўртасида ўзаро ҳамфикрлик муҳитини шакллантиришга, уларда касбий, маънавий, интеллектуал ва жисмоний такомиллашувга доимий интилишни тарбиялашга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш;

муаллифлик ўқув дастурлари, методик қўлланмалар, тавсияномалар, дидактик материаллар ҳамда бошқа ўқув-методик ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва нашр этишга ҳомийлик қилиш;

иқтидорли талабаларни етакчи хорижий таълим муассасаларига тажриба орттиришга юбориш бўйича таклифларни шакллантириш, улар учун махсус стипендиялар таъсис этиш;

Институтнинг профессор-ўқитувчилар таркиби, катта илмий ходимлари - изланувчилари ва талабалари учун халқаро тажриба алмашишни ташкил этишга кўмаклашиш.


7. Кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида:

Институтдан зарур маълумотлар ва ахборотларни белгиланган тартибда олади;

Кенгаш тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда киритади;

Институтнинг иш режаларини, тадбирлар режаларини, дастурларини ва бошқа ҳужжатларини муҳокама этишда қатнашади, уларни такомиллаштиришга доир таклифлар киритади;

Институтда кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар киритади, шунингдек, Институт ректорига Институт ходимлари ва талабаларини моддий ва маънавий рағбатлантириш тўғрисида тавсияномалар тақдим этади;

Кенгашнинг маблағ тушумлари ва маблағларининг сарфланиши бўйича молиявий режани тасдиқлайди;

Кенгаш маблағлари бўйича молиявий режанинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади;

Кенгаш маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини текшириш учун назорат-тафтиш комиссиясини тайинлайди.

Кенгаш қонунчилик ҳужжатларига ва Институт уставига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.



3-БОБ. КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Кенгаш иштирок этишнинг ихтиёрийлиги ва Кенгаш ваколатига тегишли масалаларни ҳал этишда унинг барча аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги тамойиллари асосида шакллантирилади.

Кенгаш, қоидага кўра, Кенгаш раиси, раиснинг ўринбосари, котиб ва аъзолардан иборат таркибда шакллантирилади.

Кенгашнинг таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Институт ректори лавозимига кўра Кенгаш котиби ҳисобланади.


9. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Кенгашга раислик қилади.

Кенгаш ўз ваколатларини Институт ректорига бериш ҳуқуқига эга эмас.


10. Кенгаш раиси:

Кенгаш мажлиси кун тартибини белгилайди ва уни чақиради;

Кенгаш қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилиши назорат қилинишини ташкил этади;

Кенгашнинг йиллик иш режаси бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни Кенгашга тақдим этади;

Кенгаш аъзоларига юкланган вазифалар бажарилиши юзасидан уларнинг ишини мувофиқлаштиради;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда Кенгаш номидан вакиллик қилади;

Кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш учун бошқа ваколатларни амалга оширади.


11. Кенгаш раиси ўринбосарининг ваколатлари Кенгашнинг қарори билан белгиланади.


12. Кенгаш аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда қатнашиш;

Институтда таълим жараёнини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича Кенгашга таклифлар киритиш;

Кенгаш томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича хулоса тақдим этиш.

Кенгаш аъзолари Кенгаш таркибида ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.

Кенгаш аъзолари мажлисда шахсан қатнашиши керак. Бундай қатнашишнинг имкони бўлмаган тақдирда, Кенгаш аъзоси мажлиснинг кун тартиби бўйича ўз фикрини Кенгашга ёзма равишда тақдим этишга ҳақлидир.


13. Кенгаш ўз мажлисларини зарураятга кўра, бироқ йил чорагида камида бир марта ўтказади. Кенгаш раиси томонидан унинг аъзоларининг ёзма илтимосномалари асосида навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин. Илтимосномаларда навбатдан ташқари мажлисни чақиришнинг сабаблари ва асослари баён қилиниши керак.


14. Кенгаш мажлисини Кенгаш раиси, у бўлмаган тақдирда эса - Кенгаш раисининг ўринбосари бошқаради.

Кенгаш мажлиси унда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда ваколатли ҳисобланади.

Мажлисни ўтказиш учун кворум ёки раис ва унинг ўринбосари бўлмаганда, Кенгаш мажлисини ўтказишнинг янги санаси эълон қилинади.


15. Кенгаш мажлисига кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусиятига кўра давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари, олий таълим муассасасининг ходимлари, айрим жисмоний шахслар таклиф этилиши мумкин.


16. Кенгаш котиби:

Кенгаш мажлисларга барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

мажлисларни ўтказиш муддатлари ва жойини Кенгаш раиси билан келишади;

кун тартиби масалалари бўйича Кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

Кенгаш аъзолари ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг санаси, кун тартиби лойиҳаси, мажлисни ўтказиш вақти ва жойидан хабардор қилади;

Кенгаш қарорлари бажарилиши мониторингини юритади;

Кенгаш баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни Кенгаш аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.

Кенгаш котиби Кенгаш аъзоси ҳисобланади.


17. Кенгаш ўз фаолиятини Институт ректори билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.



4-БОБ. КЕНГАШ ТОМОНИДАН ҚАРОРЛАР

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УЛАРНИНГ

БАЖАРИЛИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


18. Кенгаш қарори Кенгашнинг мажлисда қатнашган аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Кенгаши аъзолари томонидан Институтга тақдим этилган маблағлар бўйича тушумлар ва сарфларнинг йиллик молиявий режасини, шунингдек, васийлик маблағларидан фойдаланилишини тасдиқлаш масалалари бўйича қарор Кенгашнинг мажлисда қатнашган аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


19. Кенгаш қарорлари Кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баённомаси Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Кенгаш аъзоларига ва манфаатдор ташкилотларга юборилади.


20. Кенгаш баённомасининг асл нусхаси ва унинг материаллари Институтда сақланади.

Институт ректори Кенгаш ҳужжатларининг сақланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.


21. Кенгаш котиби Кенгаш аъзоларининг ёрдамида Кенгаш қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда ўрганади ва кўриб чиқади, зарураят бўлганда, Кенгаш раисига тегишли таклифлар киритади.

Кенгаш қабул қилинган қарорларнинг ижро этилиши ҳолатини ўз мажлисларида мунтазам равишда кўриб чиқади.


22. Кенгашнинг иш тартиби Кенгаш тасдиқлайдиган регламентда белгиланади.



5-БОБ. ВАСИЙЛИК МАБЛАҒЛАРИ


23. Васийлик маблағлари вакиллари Кенгаш аъзолари ҳисобланадиган ташкилотларнинг, шунингдек, Кенгаш аъзоларининг хайриялари, ихтиёрий бадаллари шаклида Кенгаш томонидан Институтга жалб этиладиган қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган маблағлар ҳисобига шакллантирилади.

Васийлик маблағлари мол-мулк, пул маблағлари, бошқа моддий ва номоддий активлар шаклида киритилади.


24. Васийлик маблағларидан Кенгашнинг мақсадлари, вазифалари ва ваколатларини амалга ошириш ва уларга эришиш учун фойдаланилиши мумкин.


25. Васийлик маблағлари Институтнинг алоҳида ҳисобварағида жамланади ва улардан белгиланган тартибда фойдаланилади.


26. Васийлик маблағлари сарфланишининг йўналиши, мақсади ва ҳажми Кенгаш мажлисида тасдиқланади.

Васийлик маблағлари сарфининг молиявий режасига Институтдаги Кенгаш фаолияти билан боғлиқ жорий харажатлар киритилади.


27. Васийлик маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси Кенгашнинг қарори асосида Институт ректори томонидан тасдиқланади.

Заруратга кўра васийлик маблағлари харажатлар сметасига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.


28. Васийлик маблағларининг бухгалтерия ҳисоби тўғри юритилиши, маблағлар зарур тарзда расмийлаштирилиши ва улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш учун Институтнинг ректори ва бош бухгалтери жавоб беради.

Васийлик маблағларининг жорий йилда фойдаланилмаган қолдиғи олиб қўйилмайди ва кейинги йилга ўтади.


29. Кенгаш васийлик маблағларидан тўғри, мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан молиявий назоратни амалга оширади.

Назоратни амалга ошириш учун Кенгашнинг назорат-тафтиш комиссияси тайинланади.

Кенгаш назорат-тафтиш комиссиясининг раиси ва аъзоларини тайинлаш тартиби, уларнинг ваколатлари муддатлари ва тафтишларни ўтказиш даврийлиги Кенгаш қарори билан белгиланади.


30. Кенгашнинг назорат-тафтиш комиссияси бир йилда бир марта васийлик маблағлари ҳисобига амалга оширилган сарф-харажатларни тафтиш қилади ҳамда васийлик маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилганлиги юзасидан Кенгаш олдида ҳисобот беради.


31. Молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ келишмовчиликлар қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ҳал этилади.



6-БОБ. КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ ТУГАТИШ


32. Кенгаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тарқатиб юборилади.


33. Кенгаш тарқатиб юборилган тақдирда, унинг васийлик маблағларини бошқариш бўйича ваколати вақтинча Институтнинг Кенгашига берилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 17 июнь


































Время: 0.1153
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск