ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Транспорт /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.07.2021 й. 428-сон "Халқаро юк ташишларда электрон пломбаларни қўллаган ҳолда автотранспорт воситаларини кузатиб бориш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
08.07.2021 й.
N 428
ХАЛҚАРО ЮК ТАШИШЛАРДА ЭЛЕКТРОН
ПЛОМБАЛАРНИ ҚЎЛЛАГАН ҲОЛДА
АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ
КУЗАТИБ БОРИШ ТИЗИМИНИ
ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида" 2020 йил 5 июндаги ПФ-6005-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, халқаро юк ташишларда электрон пломбаларни қўллаган ҳолда автотранспорт воситаларини кузатиб бориш тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Транспорт вазирлигининг 2021 йил 1 сентябрдан 2021 йил охирига қадар Халқаро юк ташишларда электрон пломбаларни қўллаган ҳолда автотранспорт воситаларини кузатиб бориш тизими (кейинги ўринларда - масофавий кузатиб бориш тизими) бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Белгилансинки, масофавий кузатиб бориш тизими тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш даврида:
а) электрон пломбалар божхона назорати остидаги товарлар ортилган автотранспорт воситаларининг ҳаракатини масофавий назорат қилиш мақсадида уларнинг юк бўлимларига божхона хизмати органлари ходимлари томонидан жўнатувчи божхона постида қуйидаги ҳолларда ўрнатилади ва манзил божхона постида ечиб олинади:
Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизими томонидан белгиланганда;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва хорижий давлатлар божхона хизматлари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан олдиндан олинган тезкор маълумотлар асосида;
божхона назоратининг техник воситаларини қўллаш якунлари бўйича амалдаги маълумотларнинг товарга илова қилинган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга номувофиқлиги аниқланганда;
юк жўнатувчи, юк қабул қилувчи ёки ташувчининг талабига кўра;
б) божхона органлари томонидан электрон пломбалар ўрнатилган автотранспорт воситаларига бир вақтнинг ўзида бошқа турдаги махсус божхона пломбалари қўйилмайди, автотранспорт воситасига икки ёки ундан ортиқ пломбалар қўйилиши лозим бўлган ҳолатлар бундан мустасно;
в) божхона назорати остидаги товарлар ортилган автотранспорт воситаларини электрон пломбалар билан таъминлаш, хизмат кўрсатиш ҳамда кузатувни ташкил этиш учун Давлат божхона қўмитаси томонидан тайёрланган техник талаблар асосида манфаатдор ташкилотлар (миллий операторлар) жалб этилади;
г) электрон пломбалар тизими хизмат кўрсатувчи миллий операторлар томонидан беғараз асосларда фойдаланиш учун тақдим этилади;
д) электрон пломбалардан фойдаланганлик учун йиғим ундирилмайди.
3. Халқаро юк ташишларда электрон пломбаларни қўллаган ҳолда автотранспорт воситаларини кузатиб бориш тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги вақтинча низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Масофавий кузатиб бориш тизими тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш даврида Халқаро йўлларда ташиш китобчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенцияси (Женева, 1975 йил) доирасида ташилаётган юкларга нисбатан қўлланилмайди, хавфларни бошқариш тизими томонидан аниқлаган ҳолатлар бундан мустасно.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Транспорт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 декабрга қадар масофавий кузатиб бориш тизими тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш якунларидан келиб чиқиб, ижобий ва салбий оқибатларнинг, харажатлар ва даромадларнинг ҳуқуқий эксперимент жараёнида эришилган ижтимоий-иқтисодий натижалар ҳақидаги маълумотлар билан асослантирилган прогнозни амалга оширсин ва мазкур йўналишда қонунчиликни такомиллаштириш ёхуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
6. Ушбу қарор 2022 йилнинг 1 январига қадар амал қилади.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2021 йил 9 июль