ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Аҳоли бандлиги / Умумий қоидалар /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.08.2021 й. 504-сон "Ҳудудларда "маҳаллабай" ишлаш асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг доимий даромад манбаларини кўпайтириш орқали камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
09.08.2021 й.
N 504
ҲУДУДЛАРДА "МАҲАЛЛАБАЙ" ИШЛАШ
АСОСИДА ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИКНИ
РИВОЖЛАНТИРИШ ВА АҲОЛИНИНГ ДОИМИЙ
ДАРОМАД МАНБАЛАРИНИ КЎПАЙТИРИШ
ОРҚАЛИ КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ҳудудларда "маҳаллабай" ишлаш тизимини ташкил этиш орқали ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллалар билан манзилли ишлаб, "ўсиш нуқталари"ни ҳаётга татбиқ этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромади ва харид қобилиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 августдаги "Маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик субъектлари билан аҳоли ўртасида кооперацияни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5214-сон қарорига мувофиқ "маҳаллабай" ишлаш асосида "оғир" маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш бўйича "Андижон тажрибаси"ни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этиш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан давлат улушига эга бўлган тижорат банкларига алоҳида тасдиқланадиган тақсимотга асосан 100 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар ажратилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. "Маҳаллабай" ишлаш тизими орқали "оғир" маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларда оилавий тадбиркорликни кенгайтириш, аҳолининг даромад манбаларини кўпайтириш ва ишсизликни бартараф этишнинг (Андижон тажрибаси) устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
маҳаллаларнинг "ўсиш нуқталари"ни (ихтисослашув йўналишларини) аниқлаш ва янги тадбиркорликни, жумладан, "драйвер" лойиҳаларни амалга оширишда ташаббускорларга кўмаклашиш ва шу орқали ҳар бир маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ўсишини таъминлаш;
аҳолининг доимий даромад манбаларини янада кўпайтириш, оилавий тадбиркорликни ва ўзини ўзи банд қилиб ишлаш фаолиятини янада кенгайтириш чораларини кўриш;
маҳаллаларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истаги бўлган ташаббускорларни бизнес асосларига ўқитиш;
хонадонларда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, даромадлилигини янада ошириш, маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур асбоб-ускуна ва хом-ашё билан имтиёзли кредитлар асосида таъминлаш, шунингдек, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишга кўмаклашиш жараёнларини ташкил этиш учун "етакчи" тадбиркорлик субъектларини бириктириш;
тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш ва фаолиятини мониторинг қилиб бориш, ишлаб чиқарадиган маҳсулоти (хизмати) бозорини топишига ёрдам бериш.
3. Ривожланишда орқада қолаётган ҳамда ишсизлик даражаси нисбатан юқори бўлган маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш орқали оилаларнинг даромад манбаини яратиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки:
"етакчи" тадбиркорлар етарли тадбиркорлик тажрибасига ва ижобий молиявий кўрсаткичларга эга, фаолияти маҳалла ихтисослашувига мос бўлган, хонадонларни кооперация асосида юқори даражада қамраб оладиган, "оғир" маҳаллаларда ўз бизнесини ривожлантириш дастурига эга бўлган тадбиркорлар орасидан танлаб олинади;
тижорат банклари томонидан кредитлар кооперация асосида кичик бизнесни ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш учун "оғир" маҳаллаларга бириктирилган "етакчи" тадбиркорлик субъектларига 3 йил муддатгача йиллик 10 фоиз ставкада битта маҳалла учун 2 миллиард сўмгача миқдорда ажратилади;
ҳар бир "оғир" маҳаллага ажратилган 2 млрд сўм маблағларнинг 10 фоизигача бўлган қисми уларнинг тегишли ихтисослашув йўналишларида биттадаи намуна ва ўрнак кўрсатадиган тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун йўналтирилади;
"етакчи" тадбиркорларга кооперация асосида ишлаётган фуқаро томонидан ишлаб чиқарилаётган (етиштирилаётган) маҳсулотларни сотиб олиш ёки шартномага асосан фуқарога ойлик иш ҳақи тўлаш шарти ўрнатилади.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:
а) бир ой муддатда:
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда тижорат банклари билан биргаликда танлаб олинган "оғир" маҳаллалардаги аҳолининг турмуш шароити, истак-хоҳиши ва имкониятларини ўрганиб чиқсин;
"оғир" маҳаллаларнинг "ўсиш нуқталари"ни тасдиқласин. Бунда, ҳар бир маҳаллада аҳолининг азалдан шаклланган меҳнат кўникмасидан келиб чиқиб, энг самарали "ўсиш нуқталари" сифатида - ҳунармандчилик, косибчилик, томорқа ва иссиқхона хўжалиги, гулчилик, чорвачилик, паррандачилик ва кичик ишлаб чиқариш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилсин;
б) икки ой муддатда "етакчи" тадбиркорлик субъектларини белгиланган тартибда танлаб олсин ва "оғир" маҳаллаларга бириктирсин;
в) "оғир" маҳаллалардаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истаги бўлган аҳолини "етакчи" тадбиркорлар билан боғлаш ёки ўз бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашиш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги тижорат банклари билан биргаликда икки ҳафта муддатда хонадонларда кичик тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишда аҳоли фойдаланиши учун қулай бўлган бизнес-режалар акс этган қўлланма ишлаб чиқсин ва аҳолига етказсин.
7. Белгилаб қўйилсинки, тижорат банклари кредитларни сектор раҳбарлари томонидан "оғир" маҳаллада тадбиркорликни ҳамда иқтисодий кооперацияни ривожлантириш бўйича "йўл хариталар" ва дастурлар Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказида ҳимоя қилиниб, унинг ижобий хулосаси олингандан сўнг ажратади.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 июндаги "Янги Андижон" шаҳарчасини барпо этиш ва Андижон вилоятида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5154-сон қарорига мувофиқ Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан "етакчи" тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга 40 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар "Ўзсаноатқурилишбанк" ва "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банклари орқали ҳамда иссиқхона массивларини барпо этиш ва аҳоли хонадонларида иссиқхоналар ташкил этишни молиялаштиришга 40 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар "Агробанк" акциядорлик тижорат банки орқали ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Белгилансинки:
"Ўзсаноатқурилишбанк" ва "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банклари томонидан ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган маблағларни тижорат банкларига қайта молиялаштиришга рухсат берилади;
"Агробанк" акциядорлик тижорат банки томонидан кредитлар кичик ва оилавий тадбиркорлик субъектларига майдони 10 сотихдан 50 сотихгача бўлган замонавий иссиқхоналар барпо этиш учун Марказий банкнинг асосий ставкасида 7 йил муддатгача ажратилади.
9. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва С.Ў. Умурзоқов:
ҳар икки ҳафтада ҳудудларга чиқиб, "маҳаллабай" ишлаш тизими асосида амалга оширилаётган ишларни ўрганиб борсин;
шаҳарлар ва туманларда доимий равишда "маҳаллабай" ишлаш тизимининг самарали ишлашини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва вилоят ҳокимликлари янги тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиши бўйича доимий мониторинг олиб борсин ҳамда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чораларни кўрсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2021 йил 9 август