ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Маҳаллий давлат ҳокимият органлари / Хоким. Жойлардаги ижро органлари (ҳокимиятлар) /Ҳокимнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарининг функционал вазифалари ҳамда фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 28.08.2021 й. 548-сон қарорига 8-илова)
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
Вазирлар Маҳкамасининг
2021 йил 28 августдаги
8-ИЛОВА
Ҳокимнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан
алоқалар бўйича ўринбосарининг функционал
вазифалари ҳамда фаолиятининг энг муҳим
самарадорлик кўрсаткичлари тўғрисида
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
1. Ушбу Намунавий низом Ўзбекистон Республикасининг "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари (кейинги ўринларда - вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосари)нинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, шахсий масъулияти, ваколати ва жавобгарлиги ҳамда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини белгилайди.
2. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатларига, тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Намунавий низомга амал қилади.
3. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўринбосари ўзига бириктирилган тармоқ ва соҳалардаги фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқларининг тўлиқ ва сифатли бажарилишини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикасининг Президенти олдида шахсан жавобгар ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордир.
4. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари тегишлича вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига бўйсунади.
Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарининг ўзига бириктирилган тармоқ ва соҳаларда ҳудудларни ривожлантириш билан боғлиқ вазифаларини ҳал қилиш бўйича фаолияти Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - туризм ва спорт вазири томонидан мувофиқлаштирилади..
5. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарининг фаолияти натижадорлиги ушбу Намунавий низомга иловага мувофиқ энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида белгиланган тартибда баҳоланади.
6. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосари ўз ваколати даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.
2-БОБ. ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲАР
ҲОКИМЛАРИ ЎРИНБОСАРИНИНГ АСОСИЙ
ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ
7. Қуйидагилар вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарининг асосий вазифалари ҳисобланади:
давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини ташкил этиш;
ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш ҳамда ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;
жамиятда виждон ва диний эътиқод эркинлигини таъминлаш, диний ташкилотлар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган фаолиятни изчил амалга ошириш, дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш;
Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий негизларини мустаҳкамлашда, кексалар ролини ошириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш.
8. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини ташкил этиш соҳасида:
Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари, халқ депутатлари Кенгашлари қарорлари, вилоят ва шаҳар ҳокимининг фармойишлари ижросини, жамоат ташкилотларини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича стратегик ва устувор вазифалар сўзсиз бажарилишини таъминлайди;
республика миқёсида ишлаб чиқилган ва тасдиқланган мақсадли дастурлар ижросини таъминлаш чораларини кўради;
демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллигини ошириш, давлат дастурлари ижросини таъминлашда уларнинг иштирокини кенгайтириш бўйича дастурларга таклифлар ишлаб чиқади;
жамоат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, жамоат ташкилотларининг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, демократик ислоҳотларни амалга оширишда уларнинг роли ва аҳамиятини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларини кенг ривожлантириш чора-тадбирларини амалга оширади;
мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ, ҳудудий дастурларни ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва фуқароларнинг ҳуқуқлари қонуний манфаатларига дахл қиладиган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда давлат органларининг жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди;
фуқароларнинг манфаатларига дахл қилувчи ижтимоий лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда давлат органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни кучайтириш чора-тадбирларини амалга оширади;
жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ҳудудий дастурлар лойиҳаларини тайёрлайди;
жамиятнинг маданий ва маънавий ҳаётида, айниқса, ёшларни тарбиялашда жамоат ташкилотларининг роли ва аҳамиятини кучайтириш чора-тадбирларини амалга оширади;
б) ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш ҳамда ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш соҳасида:
жойлардаги ижтимоий-маънавий муҳитнинг реал ҳолатини доимий равишда ўрганади, соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилади ва шу асосда стратегик ва устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича комплекс таклифлар ишлаб чиқади;
аҳолининг, айниқса, ёшларнинг турли мафкуравий таҳдидларга, жумладан, диний экстремизм, терроризм ва бошқа ёт ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни, бу борадаги дастурлар ижросини таъминлайди;
Ўзбекистон халқининг миллий ва диний меросини асраш, аҳолининг диний савиясини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширади;
ахборот таҳдидларининг олдини олишда, аҳолининг онги ва тафаккурини салбий таъсирлардан ҳимоя қилишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;
маънавий ва миллий қадриятларга, халқимизнинг диний эътиқоди ва урф-одатларига қарши йўналтирилган мафкуравий таҳдидларга қарши самарали курашиш, ёт ғояларни тарқатишга қарши кураш олиб бориш тадбирларини тизимли амалга оширади;
чегарадош ҳудудларга тизимли равишда нуфузли уламолар, салоҳиятли имомлар ҳамда жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат тарғибот гуруҳларини юбориб, аҳоли ўртасида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилади;
ёшларнинг ёт ғоялар таъсирига тушишини олдини олиш мақсадида уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун зиёлилар, олимлар ва уламолар иштирокида турли учрашув ва давра суҳбатларини ташкил этади;
"Ёшлар экстремизмнинг ҳар қандай кўринишига қарши", "Жаҳолатга қарши маърифат" рукнларида оммабоп теле-радио дастурлар, учрашувлар ва бошқа тадбирларни ташкил этади;
в) жамиятда виждон ва диний эътиқод эркинлигини таъминлаш, диний ташкилотлар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш соҳасида:
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонуни ва ушбу соҳадаги бошқа қонун ҳужжатлари ижросини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5416-сон Фармонида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини сўзсиз таъминлайди;
диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ ишларнинг реал ҳолатини доимий равишда ўрганади, соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилади ва шу асосда стратегик ва устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича таклифлар тайёрлайди;
"Ҳаж" ва "Умра" тадбирларини юқори ташкилий даражада ўтказишга шахсан жавоб беради, бу йўналишда маҳаллий давлат бошқаруви органлари, жамоатчилик ва диний ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;
маҳаллаларда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта турмушнинг олдини олиш, ёш оила қурувчилар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш юзасидан тегишли чора-тадбирларни ва тушунтириш-тарғибот ишларини амалга оширади;
зиёратгоҳлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини ташкил этади, бу йўналишдаги ишлар сифатли амалга оширилиши учун шахсан жавоб беради;
г) жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган фаолиятни изчил амалга ошириш, дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш соҳасида:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги "Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5046-сон Фармонида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини сўзсиз таъминлайди;
ҳудудда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган давлат сиёсатини изчил амалга оширади;
давлат органларининг ҳудудларда жойлашган миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари билан ўзаро алоқалари ва ҳамкорлигини таъминлайди;
ҳудудда яшайдиган турли миллат ва элат вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва расм-русумларини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга кўмаклашади;
жойларда миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш ва уйғунлаштиришга қаратилган ишларни ташкил қилади;
жойларда хорижий давлатлар билан биродарлашган шаҳарлар йўналишида маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ишларни ташкил этади ва мувофиқлаштиради;
д) Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий негизларини мустаҳкамлашда, кексалар ролини ошириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш соҳасида:
кексалар ва пенсиядаги фуқароларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширади;
кексалар ва пенсияга чиқадиган ходимларга доимий ғамхўрлик ва эътибор кўрсатишни, уларга зарур моддий ва ижтимоий кўмак бериш, шунингдек, ҳар йили пенсионерлардан, айниқса, якка-ёлғизларидан хабар олиш тадбирларини ташкил этади;
ёлғиз кексаларнинг уй-жой, маиший муаммоларини ҳал этишга кўмаклашади, уларни санаторий-курортда соғломлаштириш ва даволанишини ташкил этади;
кексалар ва пенсионерлар билан очиқ мулоқотни тизимли йўлга қўяди, уларнинг ҳаётий муҳим муаммоларини ҳал этишга ёрдам бериш мақсадида ҳудудий давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан қабул қилиш ишларини ташкил этади;
маҳаллаларда энг обрўли отахон ва онахонлар, хотин-қизлар, имомларни жалб этган ҳолда жамиятдаги иллатларнинг (ўз жонига қасд қилиш, оилавий ажрим ва бошқа) келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўради;
кекса авлод вакиллари томонидан ёшлар билан ишлаш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, содир этилган ғайриижтимоий ҳолатларни ўз вақтида аҳоли ўртасида муҳокама қилиш ишларини амалга оширади.
Шунингдек, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари қуйидаги қўшимча функцияларни амалга оширади:
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ҳукуматининг ҳужжатлари ва топшириқларининг бажарилиши юзасидан таъсирчан назоратни таъминлайди;
ҳудудда жамоат ташкилотларини ривожлантириш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, диний соҳада муҳим устувор вазифаларни амалга ошириш, миллатлараро тотувликни таъминлаш, кексаларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг ўта муҳим ва устувор йўналишлари бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган концепциялар, ҳудудий дастурлар ҳамда "йўл хариталари" лойиҳаларининг тайёрланишини ташкил этади ва ижросини таъминлайди;
фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришнинг ўта муҳим ва устувор йўналишлари бўйича ҳудудий дастурлар лойиҳаларини тайёрлайди;
амалга оширилаётган ислоҳотларнинг рўёбга чиқарилишини ўрганиш мақсадида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат бошқаруви ҳудудий органлари раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида тегишли мавзуларга бағишланган сайёр (очиқ) мажлисларни тизимли асосда ўтказади;
халқ депутатлари Кенгашларининг сессияларида, ҳоким ҳузуридаги йиғилишларда кўриб чиқиш учун тегишли режали масалаларни тайёрлайди ва киритади;
тегишли чора-тадбирлар кўриш учун ўз фаолияти соҳасига кирадиган муаммоли масалалар бўйича жамоатчилик фикрини тизимли ўрганади;
давлат органларининг вилоятда жойлашган тузилмалари билан жамоат ташкилотлари, диний ташкилотлар ҳамда миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари ўртасида ўзаро алоқа ва ҳамкорликни таъминлайди;
ҳоким томонидан тегишли соҳада ислоҳотларнинг амалга оширилишини ўрганиш мақсадида ҳудудларда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳудудий давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида мавзуга оид сайёр (очиқ) мажлислар ўтказиш учун тегишли таҳлилий материаллар тайёрланиши ва киритилишини тизимли асосда таъминлайди;
ўзига бўйсунадиган котибият раҳбари ва мутахассисларнинг аниқ кўрсаткичлар, шунингдек, мақсадли индикаторларга эришишга асосланган фаолиятини тизимли баҳолайди, уларнинг зиммасига юкланган вазифа ҳамда функцияларнинг самарали ва натижали бажарилиши учун шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш чораларини кўради;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий сафарлари ва республика ҳудудларига ташрифлари якунлари бўйича диний бағрикенглик ва миллатлараро муносабатларга оид белгиланган топшириқлар ҳамда вазифаларни бажариш бўйича "йўл хариталари"нинг амалга оширилишини мувофиқлаштиради;
ҳужжатлар амалга оширилиши юзасидан тизимли назорат ташкил этилишини таъминлайди.
3-БОБ. ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲАР
ҲОКИМИ ЎРИНБОСАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ
ВА ЖАВОБГАРЛИГИ
9. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ҳудудий давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижроя ҳокимияти органлари таркибий бўлинмалари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;
ҳудудда жамоат ташкилотларини ривожлантириш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, диний соҳада муҳим устувор вазифаларни амалга ошириш, миллатлараро тотувликни таъминлаш, кексаларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қарорлар, ҳудудий дастурлар ҳамда "йўл хариталари" лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ижросини ташкил этиш;
халқ депутатлари Кенгашлари сессиялари, ҳокимлик йиғилишларида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни ҳудудий давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраб олиш;
ўзи ҳамкорлик қиладиган ҳудудий давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларнинг коллегиал органлари мажлисларида, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг соҳага оид масалалар бўйича ўтказиладиган мажлис ва йиғилишларида уларнинг таклифи асосида қатнашиш;
тегишли комиссиялар (кенгашлар, гуруҳлар)га самарали раҳбарлик қилиш, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими раҳбарлик қиладиган комиссиялар (кенгашлар) фаолиятини ташкил этиш ва қарорларининг бажарилиши, шунингдек, ижтимоий-маънавий муҳит бўйича республика комиссияларининг қарорлари бажарилиши бўйича назоратни таъминлаш;
халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида, ҳоким ҳузуридаги йиғилишларда кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш учун зарур бўлганда, ҳудудий давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг вакилларини белгиланган тартибда жалб этган ҳолда, ахборот-таҳлилий тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда вақтинчалик ишчи гуруҳлар ташкил этиш.
10. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосари ушбу Намунавий низомнинг 7 ва 8-бандларида ўзига юкланган вазифа ва функцияларнинг тегишли равишда ва самарали бажарилиши учун шахсан жавобгардирлар.
Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармони, "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон ҳамда "Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон қарорлари шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш учун жавоб беради.
4-БОБ. ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲАР
ҲОКИМЛАРИ ЎРИНБОСАРИНИНГ
ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
11. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарининг ишлари Ўзбекистон Республикасининг "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, шунингдек ушбу Намунавий низомга мувофиқ, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг чораклик ва ярим йиллик иш режалари асосида ташкил этилади.
Ушбу иш режалар асосида вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарининг ойлик шахсий иш режалари ишлаб чиқилади ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан тасдиқланади.
12. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарларининг ҳисоботи вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тезкор йиғилишларида ҳар ҳафтада эшитиб борилади.
Ўзбекистон Республикасининг "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонунига асосан вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарининг тегишли ҳисоботлари халқ депутатлари Кенгаши мажлисида эшитилади.
13. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришилишини баҳолаш, улар юзасидан ҳисоботларни эшитиш ва тегишли чораларни кўриш Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
14. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарининг фаолияти тегишли котибият томонидан таъминланади.
Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари
томонидан ўзаро ҳамкорлиги таъминланадиган
ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотининг ҳудудий кенгашлари.
2. "Меҳр-шафқат ва саломатлик" жамғармасининг ҳудудий бўлимлари.
3. "Олтин мерос" жамғармасининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари.
4. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакиллари.
5. Ноисломий диний ташкилотлар.
6. Миллий маданий марказлар.
7. Дўстлик жамиятлари.
8. Фуқаролик жамиятини ривожлантириш марказининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлинмалари.
9. Бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари.
10. Вазирликлар ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, корхоналар ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари - жамоат ва диний ислоҳотларни амалга ошириш масалалари юзасидан.
ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва
диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича
ўринбосарининг _______ йилда иш
самарадорлигини баҳолаш
КЎРСАТКИЧЛАРИ
Т/р |
Асосий кўрсаткичлар |
Ўлчов бирлиги |
шу жумладан:
|
|||||||||
I чорак |
II чорак |
III чорак
|
IV чорак |
йиллик |
||||||||
режа |
% |
режа |
% |
Режа
|
% |
режа |
% |
режа |
% |
|||
1. |
Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш натижалари бўйича тайёрланган тавсиялар сони
|
бирлик |
||||||||||
2. |
Афв этилган ва жазони ўтаб озодликка чиққан фуқаролар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг реабилитацияси юзасидан амалга оширилган ишлар сони
|
бирлик |
||||||||||
3. |
Экстремистик ва террорчи ташкилотларга алоқадорлиги сабабли жазо муддатини ўтаб озодликка чиқарилган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзоларини реабилитация қилиш, ижтимоий мослаштириш тадбирлари сони. "Жаҳолатга қарши маърифат" шиори остида аҳолининг алоҳида ижтимоий қатламлари, жумладан, тадбиркорлар, вақтинча ишсизлар, уй бекалари ва ёшларга тушунтиришга қаратилган тарғибот тадбирлари сони
|
бирлик |
||||||||||
Бирлик
|
||||||||||||
4. |
Диний вазият ўзгарувчанлиги қайд этилган туман (шаҳар)ларда диний ақидапарастлик, экстремизмнинг зарарли оқибатлари тўғрисида тушунтириш ва профилактика ишлар сони
|
бирлик |
||||||||||
5. |
Турли нашриётлар томонидан тақдим этиладиган диний мазмундаги адабиёт, рисола ва медиа маҳсулотлар юзасидан тайёрланган хулосалар сони. Ижтимоий масалалар ва диний-маърифий жабҳадаги ислоҳотлар бўйича тайёрланган интервью ва видеолавҳалар, телевидение орқали узатилган эфирлар сони
|
бирлик |
||||||||||
Бирлик
|
||||||||||||
6. |
Диний ташкилотларга бириктирилган малакали соҳа мутахассислари сони
|
нафар |
||||||||||
7. |
Малакаси оширилган диний-маърифий соҳа ходимлари сони
|
нафар |
||||||||||
8. |
Тарғибот-ташвиқот тадбирларида иштироки таъминланган диний соҳа ходимлари сони
|
нафар |
||||||||||
9. |
Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар билан олиб борилган профилактик ишлар сони. Тарғиботчилар ва отинойилар учун видеоконференцалоқа дастури орқали ўтказилган семинар машғулотлари сони |
бирлик |
||||||||||
Бирлик
|
||||||||||||
10. |
Муаммоли маҳаллаларда ташкил этилган "хонадонбай" ва "махаллабай" ишлар сони
|
бирлик |
||||||||||
11. |
"Меҳр-1", "Меҳр-2", "Меҳр-3", "Меҳр-4", "Меҳр-5" дастурлари доирасида олиб келинган хотин-қизлар билан олиб борилган маънавий-марифий суҳбатлар сони
|
нафар |
||||||||||
12. |
Диний ва дунёвий билимларни ошириш мақсадида ташкил этилган малака ошириш курсларида ўқиган фаолият олиб бораётган отинойлар сони
|
нафар |
||||||||||
13. |
"Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали ижроси таъминланиши зарур бўлган топшириқ ва вазифалар ижросини таъминлаш
|
бирлик |
||||||||||
14. |
Мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги (қаноатлантирилган мурожаатлар улуши)
|
фоиз |
Изоҳ. Йилда бир маротаба ҳисобланадиган кўрсаткичлар бўйича самарадорликни баҳолаш тегишли чоракда амалга оширилади ҳамда йил якунида инобатга олинади.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2021 йил 28 август