ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Айрим тоифадаги жиноий ишлар бўйича қарорлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 27.11.2021 й. 33-сон "Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

27.11.2021 й.

N 33



КУЧЛИ ТАЪСИР ҚИЛУВЧИ ЁКИ ЗАҲАРЛИ

МОДДАЛАРНИ ҚОНУНГА ХИЛОФ РАВИШДА

МУОМАЛАГА КИРИТИШ БИЛАН БОҒЛИҚ

ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУД

АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА



Қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, шунингдек, суд амалиётида масалалар келиб чиққанлиги муносабати билан, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 22-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёхуд психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни (бундан буён матнда кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар деб юритилади) қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноят ишларини кўриб чиқишда, судлар жиноят ва жиноят-процессуал қонунлари билан бир қаторда қуйидагиларга амал қилишлари лозим:

Ўзбекистон Республикасининг "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Қонунига;

Ўзбекистон Республикасининг "Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида"ги Қонунига;

Кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 818-сонли қарорига 1-илова);

Яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш фаолияти лицензияланиши шарт бўлган портловчи ва заҳарли моддалар, уларни қўллаган ҳолда материаллар ва маҳсулотлар, шунингдек, портлатиш воситалари рўйхатига (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги 782-сонли қарорига 1-илова);

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сонли қарори билан тасдиқланган қуйидаги рўйхатларга:

Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати (I рўйхат);

Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати (II рўйхат);

Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган психотроп моддаларнинг рўйхати (III рўйхат);

Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган прекурсорларнинг рўйхати (IV рўйхат).


2. Тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг (бундан буён матнда ЖК деб юритилади) 251-1-моддасида назарда тутилган кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш деганда, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, худди шунингдек, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш учун мўлжалланган асбоб-ускуналарни ўтказиш мақсадида тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки ўтказиш тушунилади.


3. Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш деганда, уларни қонунчиликни бузган ҳолда кимёвий моддалардан, ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсидан бир маротаба ёки кўплаб олишга қасддан қаратилган ҳаракатлар тушунилиши лозим.


4. Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда қайта ишлаш деганда, таркибида бир ёки бир неча кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар мавжуд қаттиқ ёки суюқ аралашмаларни қўшимча моддалардан тозалаш (рафинация) ёхуд бундай аралашмада кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар нисбатини кўпайтириш, шунингдек, бошқа фармокологик актив моддалар билан аралаштириш орқали уларнинг одам организмига таъсирини кучайтириш тушунилиши лозим.


5. Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда олиш деганда, уларни ҳар қандай усулда олиш, шу жумладан, сотиб олиш, ҳадя тариқасида ёки бажарилган иш, кўрсатилган хизмат ёки қарзни узишда ўзаро ҳисоб-китоб воситаси сифатида олиш, шунингдек, бошқа товарлар ёки ашёлар билан алмаштириш, топилмани ўзлаштириш тушунилиши лозим.


6. Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда сақлаш деганда, шахснинг бундай моддаларга қонунга зид равишда эгалик қилиш билан боғлиқ қасддан содир этилган ҳаракатлари (ёнида, бинода, махфий жой ва бошқа жойларда сақлаши) тушунилиши лозим. Бунда шахс кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қанча вақт давомида қонунга хилоф равишда сақлаганлиги аҳамият касб этмайди.


7. Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда ташиш деганда, уларни ҳар қандай транспорт туридан ёки ташиш воситаси сифатида қўлланилган қандайдир объектдан фойдаланган ҳолда бир жойдан бошқа жойга, шу жумладан, бир аҳоли пункти доирасида кўчириш, шунингдек, қайд этилган восита ва моддаларни бундай фаолият тури билан шуғулланишга лицензияси бўлган юридик шахснинг масъул шахси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибни бузган ҳолда ташиш тушунилиши лозим.


8. Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда жўнатиш деганда, шахснинг почта алоқаси, ҳаво ёки бошқа транспорт туридан фойдаланиб, уларни почта жўнатмалари, посилкалар ёки юк (багаж) сифатида, шунингдек, ўзи бевосита иштирок этмаган ҳолда бошқа шахс орқали қонунчиликда белгиланган тартибни бузган ҳолда кўчиришга қасддан қаратилган ҳаракатлари тушунилиши лозим.

Бунда ушбу қилмишлар учун жиноий жавобгарлик шахсда келгусида мазкур моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш қасди мавжуд бўлганидагина, вужудга келади.


9. Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш деганда, уларни ҳар қандай усулда ҳақ эвазига ёки текинга (сотиш, ҳадя этиш, алмаштириш, қарзи эвазига бериш ёки қарз сифатида бериш ва ҳ.к.) бошқа шахсга бериш тушунилиши лозим. Бунда моддалар шахс томонидан бевосита ёки бошқа усулда (масалан, улар сақланадиган жой ҳақида хабар бериш, шартлашилган жойга қўйиб кетиш) амалга оширилиши мумкин.


10. Айбдор томонидан кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларнинг фақат бир қисми қонунга хилоф равишда ўтказилиб, қолган қисми кейинчалик суриштирув ёки дастлабки тергов давомида аниқланган ҳолларда, айбдорнинг ҳаракатлари кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларнинг умумий миқдоридан келиб чиқиб, қонунга хилоф равишда ўтказиш сифатида квалификация қилиниши лозим.


11. Кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддалар миқдорлари, шунингдек, уларни тайёрлаш ёки қайта ишлаш учун мўлжалланган асбоб-ускуналарга (приборлар, аппаратлар, асбоблар, иншоотлар, технологик комплекслар ва ҳ.к.) оид масалаларни ҳал қилишда судлар тегишли давлат органининг Кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 818-сонли қарорига 1-илова) асосланиб берилган хулосасига амал қилишлари лозим.


12. Агар шахс томонидан кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар ниқоби остида қандайдир бошқа моддалар ўтказилган бўлса, унинг қилмиши фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим. Бунда олувчининг ҳаракатлари, қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд сифатида квалификация қилинади.


13. Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ёки уларни ишлаб чиқариш ёки қайта ишлаш учун асбоб-ускуналарни қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олишда воситачининг ҳаракатлари, мазкур моддаларни ёки асбоб-ускуналарни қонунга хилоф равишда ўтказишда иштирокчилик сифатида квалификация қилиниши лозим.


14. Айбдорда кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказишга қасд мавжудлиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда, судлар бундай восита ёки моддалар ҳақиқатдан ўтказиш мақсадида тайёрлаб қўйилганлигига оид далиллар мажмуидан келиб чиқишлари лозим. Бундай далилларга, масалан, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар фақат истеъмол қилинишини истисно этадиган миқдорда топилганлиги, бундай моддалар муайян дозада қадоқланганлиги, улар ташиш ёки жўнатишда махсус махфий жойга яширилганлиги, уларни тайёрлаш учун асбоб-ускуналар мавжудлиги ва ҳ.к. киради.


15. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни кўп миқдорни ташкил қилмайдиган миқдорда ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш учун айбдорлар ҳар қандай ҳолларда ЖК 251-1-моддасининг биринчи қисми билан жиноий жавобгарликка тортилади.

Агар мазкур ҳаракатлар айбни оғирлаштирувчи ҳолатларда - такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, уюшган гуруҳ томонидан ёхуд кўп миқдорда содир этилган бўлса, қилмиш тегишли равишда ЖК 251-1-моддасининг иккинчи ёки учинчи қисми бўйича квалификация қилиниши лозим.


16. Кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноят таркиби формал бўлганлиги сабабли, мазкур жиноят қонунида кўрсатилган ҳаракатлардан бири содир этилган вақтдан бошлаб тамомланган деб ҳисобланади.


17. Судларга тушунтирилсинки, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан қонунга хилоф равишда ўтказиш йўли билан ташиш ёки жўнатиш ЖК 246 ва 251-1-моддалари мажмуи билан квалификация қилиниши лозим.


18. Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 165-1-моддасининг учинчи қисми билан жавобгарликка сабаб бўлади. Агар бундай ҳаракатлар маъмурий жазо чоралари қўлланилгандан сўнг ёки кўп миқдорда содир этилган бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 186-3-моддасининг бешинчи қисми билан квалификация қилинади.


19. Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини бунга рухсатномаси (лицензияси) бўлмаган дорихоналарда реализация қилиш кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш сифатида баҳоланиши ва ЖК 251-1-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилиниши лозим.


20. Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини бериш учун мўлжалланган рецептни уларни шахсан истеъмол қилиш мақсадида қалбакилаштириш ЖК 228-моддаси билан, рецепт бундай воситаларни ўтказиш мақсадида қалбакилаштирилганда эса, ЖК 228 ва 251-1-моддалари мажмуи билан квалификация қилиниши лозим.


21. Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш ёхуд жўнатиш қоидаларини бузиш (ЖК 251-1-моддасининг тўртинчи қисми) одамнинг узоқ муддат давомида касалланиши, атроф-муҳитнинг заҳарли моддалар билан ифлосланиши ва ҳк.ларда ифодаланиши мумкин. Эҳтиётсизлик орқасида баданга шикаст етказилиши ёхуд одам ўлиши ЖК 251-1-моддасининг тўртинчи қисми билан қамраб олинади ва ЖК Махсус қисмининг инсон ҳаёти ва соғлиғига қарши жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддалари билан квалификация қилишни талаб этмайди.


22. Судлар мазкур тоифадаги ишлар бўйича жазо тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги "Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги қарорида берилган тушунтиришларга амал қилишлари лозим.


23. Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноятларга оид ишлар бўйича ашёвий далиллар тўғрисидаги масалани судлар уларни сақлаш, давлатга топшириш ва йўқ қилишнинг ўрнатилган тартибига қатъий амал қилган ҳолда ҳукмда ҳал этишлари лозим.


24. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноятларга оид ишлар судлар томонидан қонунга мувофиқ кўрилишини таъминласинлар ва суд хатоларини ўз вақтида тузатиш юзасидан зарур чоралар кўрсинлар.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

И. Алимов

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz), 2021 йил







































Время: 0.0071
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск