ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида эътибор талаб этувчи болалар учун таълим ва тарбия муассасалари /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.04.2022 й. ПҚ-209-сон "Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда таълим бериш сифатини ошириш ҳамда улар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
18.04.2022 й.
N ПҚ-209
КЎЗИ ОЖИЗ ВА ЗАИФ КЎРУВЧИ
БОЛАЛАР УЧУН ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН
МАКТАБ-ИНТЕРНАТЛАРДА ТАЪЛИМ БЕРИШ
СИФАТИНИ ОШИРИШ ҲАМДА УЛАР ФАОЛИЯТИНИ
ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-
ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Сўнгги йилларда мамлакатимизда "Инсон қадри учун" тамойили асосида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, хусусан кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган болаларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.
Мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг изчиллиги ва тизимлилигини таъминлаш, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш, уларнинг жамиятга мослашувига кўмаклашиш ҳамда қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида:
1. Ички ишлар вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни Ички ишлар вазирлигига бириктириш ҳамда уларни "Нурли маскан" ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари (кейинги ўринларда - "Нурли маскан" мактаблари) деб номлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Белгилансинки, Ички ишлар вазирлиги "Нурли маскан" мактабларига масъулларни бириктирган ҳолда:
сифатли таълим ва тарбия беришга, уларнинг маиший шароитларини яхшилашга, шунингдек, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга;
ўқувчиларнинг жисмоний имкониятидан келиб чиққан ҳолда, уларни соғлом, маънан етук инсон қилиб тарбиялашга ҳамда дунёқарашини шакллантириш, спорт турларига қизиқтириш ва жалб этишга;
ўқувчиларнинг ватанпарварлик туйғуларини шакллантирувчи маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишга доимий равишда кўмаклашади.
2. "Нурли маскан" мактаблари ўқувчилари хавфсизлигини таъминлаш, уларни соғломлаштириш ва реабилитация қилиш тадбирларини тизимли йўлга қўйиш мақсадида:
а) Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамда бошқа тиббий муассасаларнинг малакали шифокорларини жалб этган ҳолда, "Нурли маскан" мактаблари ўқувчиларини даволаш-соғломлаштириш ва реабилитация қилиш амалиёти йўлга қўйилсин.
Бунда, "Нурли маскан" мактаблари ўқувчиларини даволаш-соғломлаштириш ва реабилитация қилиш тадбирлари учун харажатлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов) билан биргаликда бир ой муддатда "Нурли маскан" мактаблари ўқувчилари учун патронаж тизимини жорий этиш ҳамда даволаш-соғломлаштириш ва реабилитация қилиш тадбирларини амалга оширишни ўз ичига олувчи чора-тадбирлар тасдиқланишини таъминласин;
б) ўқувчиларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳамда улар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича профилактика ишларини тизимли йўлга қўйиш доирасида барча "Нурли маскан" мактаблари ҳудудига видеокузатув мосламалари ўрнатилиши таъминлансин ва улар тегишли ҳудудий ички ишлар органларига интеграция қилинсин.
Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов) уч ой муддатда вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан мазкур вазифани амалга ошириш бўйича манзилли чораларни белгилаб, ишларни якунига етказсин.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:
а) "Нурли маскан" мактабларининг Брайль ёзувидаги дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, бадиий ҳамда болалар учун мўлжалланган адабиётлар, турли ихтисослик ва йўналишлардаги босма ва аудиокитобларга бўлган эҳтиёжи ҳар олти ойда ўрганилади ва шу асосда асосда адабиётлар рўйхати шакллантириб борилади.
Бунда, шакллантирилган рўйхат асосида давлат буюртмасини эълон қилиш, адабиётларни ушбу йўналишдаги ихтисослашган, етарли моддий-техник базага ҳамда тажрибага эга бўлган матбаа корхоналарида нашр этиш ҳамда "Нурли маскан" мактаблари эҳтиёжидан келиб чиқиб, тақсимот асосида тарқатиш амалиёти йўлга қўйилади;
б) кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун белгиланган вилоят ва республика фан олимпиадалари битирувчи синфлар ўқувчилари учун алоҳида ташкил этилади;
в) "Нурли маскан" мактаблари ўқувчилари учун ахборот технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликни ўргатиш бўйича ўқув курслари ташкил этилади.
Бунда, "Нурли маскан" мактаблари битирувчиларини қисқа муддатли ўқув курслари орқали касб-ҳунарга ўқитиш учун нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида грант эълон қилинади ва ўқиш билан боғлиқ харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади;
г) олий таълим муассасаларининг тегишли ихтисослик ва йўналишлари бўйича Брайль алифбоси асосидаги адабиётларни чоп этиш тизими йўлга қўйилади;
д) кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар чоп этувчи нашриёт-матбаа корхоналари билан декларация қилинган нархлар асосида белгиланган тартибда шартномалар тузишга рухсат берилади.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун ўқув ва бадиий адабиётлар чоп этиш соҳасига хусусий сектор вакилларини кенг жалб қилиш, уларга тегишли имтиёзлар бериш орқали мазкур йўналишни ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
4. Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов), Қурилиш вазирлиги (Б. Закиров), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А. Бобоев), Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 июлга қадар "Нурли маскан" мактабларида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини бажариш 2023-2025 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритсин.
Белгилансинки:
а) Молия вазирлиги (Т. Ишметов) томонидан Самарқанд шаҳридаги 59-сонли ва 60-сонли кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар мактаб-интернатларида 2022 йилда қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун бир ой муддатда тегишли маблағлар ажратилади;
б) 2022 йил сентябрдан бошлаб "Нурли маскан" мактаблари ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш ҳамда битирувчиларининг касб эгаллашини таъминлаш мақсадида муассасаларда ўғил ва қиз болалар учун алоҳида замонавий жиҳозланган ижтимоий ва маиший йўналишдаги мажмуа (ўқув устахона)лар ташкил этилади;
в) "Нурли маскан" мактаблари 2022/2023 ўқув йилига қадар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан кўзи ожизлар учун мослаштирилган махсус компьютер техника воситалари билан тўлиқ жиҳозланади.
Халқ таълими вазири Б. Саидов ва ички ишлар вазири П. Бобожонов мазкур бандда белгиланган вазифаларни самарали ва тўлақонли амалиётга татбиқ этиш бўйича шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.
5. Қурилиш вазирлиги (Б. Закиров) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) билан биргаликда уч ой муддатда "Нурли маскан" мактаблари объектларини лойиҳалаш ва қуришга доир илғор хорижий стандартлар ва меъёрларни ўрганиб чиқиб, уларни қўллаш бўйича техник жиҳатдан тартибга солишга оид норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритсин.
6. Қуйидагилар:
а) Ёшлар ишлари агентлиги икки ой муддатда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари томонидан таълимга жалб этилмаган кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар рўйхатларини маҳаллалар кесимида шакллантирсин ва уларнинг Халқ таълими вазирлигига тақдим этилишини таъминласин;
б) Халқ таълими вазирлиги уч ой муддатда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тақдим этилган рўйхатлар асосида:
кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни тўлиқ таълимга жалб этиш чораларини кўрсин;
кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни таълимга жалб этишда алоҳида ёндашув-методикалари асосида уй шароитида таҳсил олувчиларни махсус адабиётлар билан таъминласин.
7. Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А. Тошкулов) алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларнинг инклюзив таълим олиши учун зарур шароитлар яратиш чораларини кўрсин. Бунда:
уч ой муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А. Инаков) билан биргаликда халқаро тажрибадан келиб чиқиб, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларига юбориш имконини берувчи тиббий кўрсатмалар рўйхатини қайта кўриб чиқсин;
2022 йил якунига қадар инклюзив таълим тизими жорий қилинган таълим муассасаларида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун зарур шарт-шароитларни яратсин, шу жумладан уларни рельеф йўлакчалар, Брайль алифбоси асосидаги адабиётлар ҳамда махсус эшитиш мосламалари билан таъминласин;
ҳар йили камида икки маротаба инклюзив таълим тизими жорий қилинган таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари учун кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларга таълим бериш бўйича малака ошириш курсларини ташкил этсин;
инклюзив таълим тизими жорий қилинган таълим муассасаларида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларнинг яқин қариндошларига улар билан бирга дарсларда қатнашиш имкониятларини яратсин.
8. 2022 йил 1 июнга қадар Андижон вилоятининг 16-сонли "Нурли маскан" мактабининг бўш турган биносида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи шахсларнинг меҳнат қилиши учун тажриба-синов тариқасида махсус ўқув-ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилсин.
Андижон вилояти ҳокимлиги (Ш. Абдураҳмонов) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) ҳамда Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов) билан биргаликда:
бир ой муддатда "Нурли маскан" мактабининг ўқувчилари учун ўқув-ишлаб чиқариш корхонасининг ишлаб чиқариш йўналишидан келиб чиқиб махсус амалий-ўқув дарсларини ташкил қилсин;
икки ой муддатда ўқув-ишлаб чиқариш корхонасини зарур ускуналар, махсус жиҳозлар, иш қуроллари ва анжомлар билан таъминласин ҳамда ишлаб чиқариладиган товар ва хизматларни реализация қилишда амалий ёрдам кўрсатсин.
9. Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов):
а) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2023 йил 1 январга қадар Андижон вилоятининг "Нурли маскан" мактабидаги ўқув-ишлаб чиқариш корхонасининг натижаларидан келиб чиқиб, республиканинг бошқа мактаб-интернатларида мазкур тажрибани жорий этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
б) Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти (Э. Нарпулатов) ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) билан биргаликда 2023 йил 1 февралга қадар жойларда ташкил этилаётган ўқув устахоналарининг йўналиш ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, касбга йўналтирувчи махсус ўқув режа ва дастурларни ишлаб чиқсин;
в) 2022/2023 ўқув йилига қадар "Нурли маскан" мактаблари ўқувчиларининг эҳтиёжи ва имкониятидан келиб чиқиб, уларда "Баркамол авлод" болалар мактабларининг тармоқ тўгараклари фаолиятини йўлга қўйсин;
г) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов) билан биргаликда 2022 йил якунига қадар "Нурли маскан" мактаблари учун ўзбек нутқ синтезатори ва бошқа семантик-эшитиш воситалари билан ҳамоҳанг равишда миллий дизайндаги махсус компьютер дастурларини яратсин ва ўқув жараёнига татбиқ қилсин.
Бунда, миллий дизайндаги махсус компьютер дастурларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар Халқ таълими соҳасида ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади;
д) Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А. Инаков) билан биргаликда 2022/2023 ўқув йилига қадар 1-синф ўқувчиларига белгиланган тартибда ажратиладиган "Президент совғаси" таркибига кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун махсус ўқув қуроллари ва тўпламлар рўйхатини шакллантирсин ва тегишли қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова) ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М.Ташходжаев) билан биргаликда:
бир ой муддатда "Нурли маскан" мактабларининг паралимпия спорт турлари билан шуғулланишда зарур бўладиган спорт асбоб-ускуналари, жиҳозлар ва бошқа инвентарларга бўлган эҳтиёжини аниқласин;
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар ҳамда таянч ҳаракат аъзолари шикастланган болаларнинг ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда паралимпия спорт турлари (дзюдо, футбол, енгил атлетика) билан мукаммал шуғулланиши учун спорт гуруҳларини ташкил қилсин ва ушбу мактабларга ўқувчиларнинг спорт турларига қизиқишидан келиб чиқиб, малакали тренерлар жалб қилинишини таъминласин.
10-1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари аниқланган паралимпия спорт турлари билан шуғулланишда зарур бўладиган спорт асбоб-ускуналари, жиҳозлар ва бошқа инвентарларга бўлган эҳтиёжларга асосан тегишли маҳаллий бюджетлар ҳисобидан "Нурли маскан" мактабларининг спорт зали ва спорт майдонларини мунтазам халқаро меъёрлар асосида жиҳозлаш ҳамда зарур махсус спорт инвентарлари билан таъминлаш чораларини кўрсин.
11. Маданият вазирлиги (О. Назарбеков) Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда "Нурли маскан" мактабларида санъат (мусиқа) йўналишини ривожлантириш, ўқувчиларнинг санъат йўналишидаги иқтидорларини рўёбга чиқариш мақсадида уларни ҳудудлардаги мусиқа ва санъат мактабларига бириктирсин.
Белгилансинки, болаларнинг санъат ва мусиқага қизиқишини ошириш мақсадида "Нурли маскан" мактабларида "Доирачилар", "Дуторчи қизлар", "Фольклор" гуруҳлари ташкил қилинади.
12. Халқ таълими вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг 2022 йилда Самарқанд шаҳридаги 59- ва 60-сон "Нурли маскан" мактаблари ҳудудида ушбу муассасаларнинг чекланган штат бирликлари доирасида кўзи ожиз болаларни мактабга тайёрлаш мақсадида махсус ўқув дастурлари асосида бир йиллик муддатли тайёрлов гуруҳларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2022 йил 1 октябрдан бошлаб "Нурли маскан" мактаблари негизида кўзи ожиз болаларни мактабга тайёрловчи бир йиллик муддатли тайёрлов гуруҳлари фаолиятини ташкил қилсин.
Мактабгача таълим вазирлиги (А. Шин) 2022 йил 1 октябрга қадар халқаро тажрибани кенг ўрганган ҳолда, мактабгача ёшда бўлган кўзи ожиз болаларни ўқитиш методикасини ишлаб чиқсин ва ўқув дастурлари "Нурли маскан" мактабларига етказилишини таъминласин.
13. Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2022/2023 ўқув йилига қадар "Нурли маскан" мактабларини Брайль алифбосидаги тарқатма материаллар ва ўқув қўлланмалари босиб чиқариш учун рельеф-нуқтали Брайль принтер, портатив тактилли Брайль дисплейи, моноблок, қоғоз кесувчи ва ламинатор ускунаси каби кичик босмахона учун зарур ускуналар билан таъминласин;
2022 йил якунига қадар "Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда" республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан "Нурли маскан" мактаблари ҳудудида "Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш махсус майдонча"лари ташкил этсин ҳамда кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар яшайдиган ҳудудларда овозли светофорлар ва инновацион йўл белгиларини ўрнатиш чораларини кўрсин.
14. "Нурли маскан" ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг шарт-шароитларини босқичма-босқич яхшилаш бўйича "Йўл харитаси" иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, "Йўл харитаси"да назарда тутилган чора-тадбирларни сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан масъул раҳбарларга шахсий жавобгарлик юкланади.
15. Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов), Ички ишлар вазирлиги (Б. Бобожонов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб халқ таълими вазири Б.О. Саидов, ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2022 йил 18 апрелдаги
ПҚ-209-сон қарорига
ИЛОВА
"Нурли маскан" ихтисослаштирилган
мактаб-интернатларининг шарт-шароитларини
босқичма-босқич яхшилаш бўйича
"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"
Т/р |
Белгиланган вазифалар |
Амалга ошириш механизми |
Амалга ошириш шакли |
Ижро муддати |
Масъул вазирлик ва идоралар |
1. |
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб 1-синфга қабул қилинадиган ўқувчиларга ажратиладиган "Президент совғаси" таркибига кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун махсус ўқув қуроллари ва тўпламларни киритиш. |
Мактаб-интернатларнинг 1-синфига чиқадиган ўқувчиларга тақдим этиладиган "Президент совғаси" таркибига прибор, грифель ручка, рельефли чизғичлар киритиш. |
Ташкилий чора- тадбирлар |
2022 йил 1 сентябрга қадар |
Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов), Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А. Инаков) |
2. |
"Нурли маскан" ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари (кейинги ўринларда - мактаб-интернатлар) ўқувчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларнинг ҳудудига қўшимча видеокузатув мосламаларини ўрнатиш ва тегишли ҳудудий ички ишлар органларига интеграция қилиш. |
1. Эҳтиёждан келиб чиқиб муассасаларга қўшимча видеокузатув мосламаларини ўрнатиш. 2. Ўрнатилган видеокузатув мосламаларини ҳудудий ички ишлар органларига интеграция қилиш. 3. Хавфсизликни таъминлаш ва ходимлар назорати бўйича компьютерлар назорати, сервер тизими, кириш-чиқиш назорати учун "Скуд", "Сурфанcай" каби тизимларни ўрнатиш чораларини кўриш.
|
Чора- тадбирлар дастури |
2022 йил 25 июль |
Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов), Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов) |
3. |
Мактаб-интернатларда "Баркамол авлод" болалар мактаблари тармоқларини самарали ташкил этиш. |
1. Мактаб-интернатларда "Баркамол авлод" болалар мактабларининг тармоқ тўгараги учун алоҳида хона ажратиш. 2. Ажратилган хоналарни зарур ускуналар билан жиҳозлаш ва тўгарак фаолиятини йўлга қўйиш. |
Ташкилий чора- тадбирлар |
2022 йил август |
Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов), Маданият вазирлиги (О. Назарбеков) |
4. |
Мактаб-интернатларни Брайль ёзувли ва заиф кўрувчилар учун катта шрифтдаги адабиётлар ҳамда дарсликлар, шунингдек, Брайль ёзувига мослашган махсус қурилмалар билан тўлиқ таъминлаш. |
1. Мактаб-интернатларнинг Брайль алифбосидаги ўқув дарсликлари ва бадиий адабиётларга бўлган эҳтиёжини ўрганиб чиқиш. |
Чора- тадбирлар дастури |
2022 йил май |
Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов), Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов), Ёзувчилар уюшмаси (С. Саййидов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А. Тошкулов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари |
2. Ўрганишлар натижалари асосида босқичма-босқич ўқув дарсликларини чоп эттириш. |
2022-2025 йиллар |
||||
3. 2023 йилдан бошлаб ўзбек адабиёти намояндаларининг энг сара асарларини Брайлда чоп этишни йўлга қўйиш. |
|||||
4. Ўқувчилар учун тарқатма материаллар тайёрлаш ҳамда ўқитувчилар учун услубий қўлланмалар чоп этиш мақсадида мактаб-интернатларни Брайль ёзувига мослашган махсус принтерлар билан таъминлаш. |
2022 йил сентябрь |
||||
5. Коррекцион фанлар, яъни кўриш идроки, тери сезувчанлиги, мўлжал олиб ҳаракатланиш сингари коррекцион машғулотлар учун ўқув-амалий қўлланмаларни яратиш. |
2022-2023 йиллар |
||||
5. |
Мактаб-интернатлар ва олий таълим муассасаларининг кутубхоналари шароитларини яхшилаш ва уларни кўзи ожизлар ҳамда заиф кўрувчи болалар учун турли адабиётлар билан босқичма-босқич тўлдириб бориш. |
1. Мактаб-интернатлар қошидаги кутубхоналар фаолиятини таҳлил қилиш ва уларнинг эҳтиёжини ўрганиш. 2. Кутубхоналарни белгиланган талаблар асосида жиҳозлаш. 3. Олий таълим муассасалари ва имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактабларининг кутубхоналарини Брайль алифбосидаги ўқув адабиётлар билан таъминлаш. |
Режа- график |
2022-2023 йиллар давомида |
Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А. Тошкулов) |
6. |
Мактаб-интернатлар, шунингдек, бошқа таълим муассасаларида QR-кодлар ёрдамида адабиётларнинг аудио шаклларини юклаб олиш имкониятини яратиш. |
1. QR-кодлар ёрдамида адабиётларнинг аудио шаклларини юклаб олиш мумкин бўлган жойлар рўйхатини шакллантириш. 2. Шакллантирилган рўйхат асосида мактаб-интернатлар, шунингдек, бошқа таълим муассасаларида "Аудиокитоблар бурчаги"ни ташкил этиш. 3. Ташкил этилган "Аудиокитоблар бурчаги" фаолиятини самарали юритиш ҳамда уни янги адабиётлар билан тўлдириб бориш мақсадида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг аудиокитоблар базасидан фойдаланишни йўлга қўйиш. |
Ташкилий чора- тадбирлар |
2022 йил декабрь |
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов), Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов), Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов) |
7. |
Мактаб-интернатлардаги қайта тайёрлов курсларидан ўтмаган педагог ходимларнинг қайта тайёрловдан ўтишини ташкил қилиш. |
1. Қайта тайёрловдан ўтмаган педагог ходимлар рўйхатини шакллантириш. 2. Қайта тайёрлов курсларидан ўтмаган педагог ходимларнинг режа асосида босқичма-босқич қайта тайёрловдан ўтишини ташкил қилиш. |
Режа- график |
2022 йил май-июнь Режа асосида |
Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов), А. Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти (А. Раджиев) |
8. |
Мактаб-интернатлар раҳбарлари ва педагог ходимлари малакасини ошириш тизимини самарали йўлга қўйиш. |
1. Мактаб-интернатлардаги малака оширмаган педагог ходимлар рўйхатини шакллантириш. |
Режа- график |
2022 йил май-июнь |
Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов), А. Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти (А. Раджиев) |
2. А. Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ҳамда ҳудудий малака ошириш марказларида махсус таълим педагоглари учун малака ошириш курслари фаолиятини такомиллаштириш. |
Режа асосида |
||||
3. Педагог ходимларни режа асосида малака ошириш курсларига жалб этиб бориш. |
|||||
9. |
Мактаб-интернатларда паралимпия спорт турлари бўйича тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш. |
Мактаб-интернатлардаги ўқувчиларнинг қизиқишини инобатга олган ҳолда, уларнинг паралимпия спорт турлари (дзюдо, футбол, енгил атлетика) билан мукаммал шуғулланиши учун спорт гуруҳларини ташкил қилиш ва ушбу мактабларга ўқувчиларнинг спорт турларига қизиқишидан келиб чиқиб, малакали тренерлар жалб қилинишини таъминлаш. |
Ташкилий чора- тадбирлар |
2022 йил сентябрь- декабрь |
Спортни ривожлантириш вазирлиги (А. Икрамов), Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов), Ўзбекистон паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев) |
10. |
Ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва уларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида мактаб-интернатлар қошида ўқувчилар имкониятини инобатга олган ҳолда, ўқув устахоналарини (гилам тўқиш, нақш, ёғоч ўймакорлиги, дурадгорлик ва бошқалар) ташкил этиш. |
1. Ўқувчиларнинг касб-ҳунарга бўлган қизиқишлари ва имкониятларини ўрганиш. |
Чора- тадбирлар дастури |
2022 йил май |
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов), Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов) |
2. Ўрганишлар натижаларини инобатга олган ҳолда, ўқув устахоналари ташкил қилиш ва уларни жиҳозлаш. |
2022 йил давомида |
||||
3. Ташкил этилган устахоналарда ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мунтазам дарс машғулотларини йўлга қўйиш. Зарур ҳолларда малакали мутахассисларни жалб қилиш. |
доимий равишда |
||||
11. |
Вилоятларда истиқомат қилувчи кўриш нуқсони мавжуд 7 ёшгача бўлган болаларни 2026 йилгача босқичма-босқич мактабгача таълим тизими билан қамраб олиш. |
1. Маҳаллалардаги кўришда нуқсони бўлган мактаб ёшигача бўлган болаларни аниқлаш. |
Чора- тадбирлар дастури |
2022 йил декабрь |
Мактабгача таълим вазирлиги (А. Шин), Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А. Инаков), Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги (С. Турдиев) |
2. Аниқланган болаларни мактабгача таълимга жалб этиш ва босқичма-босқич қамраб олиш чораларини кўриш. |
2022-2026 йиллар |
||||
3. Ушбу тоифадаги болалар учун тайёрлов гуруҳларини ташкил қилиш. |
|||||
12. |
Кўриш нуқсони мавжуд бўлган ва ота-оналарининг қарамоғида бўла туриб, таълимга жалб этилмаган мактаб ёшидаги болаларни таълим тизими билан қамраб олиш. |
1. Маҳаллаларда кўриш нуқсони мавжуд бўлган ва ота-оналарининг қарамоғида бўла туриб, таълимга жалб этилмаган мактаб ёшидаги болаларни аниқлаш. |
Чора- тадбирлар дастури |
2022 йил август |
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги (С. Турдиев), Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов) Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А. Инаков), Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов) |
2. Аниқланган болаларни таълимга (мактаб интернатларида ёки уй таълимига) жалб этиш чораларини кўриш. |
2022 йил сентябрдан бошлаб |
||||
13. |
Мактаб-интернатларни битирган ва бугунги кунда меҳнатга лаёқатли бўла туриб, бандлиги таъминланмаган кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқаролар бандлигини таъминлаш чораларини кўриш. |
1. Бандлиги таъминланмаган кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқароларни аниқлаб, уларнинг манзилли рўйхатини шакллантириш. 2. Бандлиги таъминланмаган кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқаролар учун касбга ўқитиш курсларини ташкил қилиш. 3. Ушбу фуқароларни касбга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш чораларини кўриш. |
Чора- тадбирлар дастури |
2022 йил июль |
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги (М.М. Убайдуллаев), Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти (Э. Нарпулатов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги (С. Турдиев) |
14. |
Кўзи ожиз инсонлар кўп яшайдиган серқатнов кўчаларда овозли светофорлар ва инновацион йўл белгиларини ўрнатиш. |
1. Кўзи ожиз инсонлар кўп яшайдиган серқатнов кўчалар рўйхатини шакллантириш. 2. Аниқланган кўчаларда овозли светофорлар ва инновацион йўл белгиларини ўрнатиш чораларини кўриш. |
Ташкилий чора- тадбирлар |
2022 йил ноябрь |
Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари |
15. |
Мактаб-интернатларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишга мўлжалланган махсус майдончалар ташкил этиш. |
1. Махсус майдончаларининг лойиҳаларини тайёрлаш. 2. Барча мактаб-интернатларда тўлиқ жиҳозланган "Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш махсус майдончаси"ини ташкил этиш чораларини кўриш. |
Ташкилий чора- тадбирлар |
2022 йил декабрь |
Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари |
16. |
Мактаб-интернатларни парта, стол-стул, мусиқа асбоблари, махсус компьютерлар, тифлотехник, лингафон ускуналари, лаборатория жиҳозлари, бўртма хариталар, махсус расм приборлари ва китоб жавонлари билан таъминлаш. |
1. Мактаб-интернатларнинг жиҳозларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш. 2. Эҳтиёждан келиб чиқиб, зарур ўқув жиҳозлари, чолғу асбоблари (дутор, чанқовуз, доира, гитара, чанг, пианино, овоз кучайтиргич ва бошқалар), Брайль алифбосидаги мусиқа ноталари тўплами дарсликлари, компьютер жамланмалари (монитор, рангли принтерлар, проектор, интерактив доска, рақамли камера ва бошқалар)ни харид қилиш. 3. Жиҳозларни муассасаларга етказиш. |
Чора- тадбирлар дастури |
2022 йил декабрь |
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов), Молия вазирлиги (Т. Ишметов) |
17. |
Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларнинг кунлик эҳтиёжини қоплаш мақсадида 1 100 дона махсус ҳасса, 2000 дона рельефли чизма чизиш график тўпламлари билан таъминлаш. |
1. Кунлик эҳтиёж учун зарур бўлган асосий буюмларни харид қилиш. 2. Буюмларнинг эҳтиёжи бўлган болаларга тарқатилишини ташкил қилиш. |
Ташкилий чора- тадбирлар |
2022-2023 йиллар давомида |
Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А. Инаков), Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов) |
18. |
Мактаб-интернатларда таҳсил олаётган кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар, шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги муассасаларига қабул қилинган кўришда нуқсони бўлган болалар учун етарли шароит яратиш. |
1. Мактаб-интернатлар ҳовлиси ҳамда бино ичини турли белгилар, махсус йўлак, эшикка осиб қўйиладиган қўнғироқча ёки бўртмада ёзилган шаклли тахтачалар билан жиҳозлаш. 2. Олий таълим муассасаларида кўзи ожизлар эркин ҳаракат қилиши учун қулай шароитлар яратиш. |
Ташкилий чора- тадбирлар |
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб |
Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А. Тошкулов), Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти (Э. Нарпулатов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Қурилиш вазирлиги (Б. Закиров) |
19. |
Болалар саломатлигини таъминлаш ва доимий назорат қилиб бориш мақсадида мактаб-интернатларда тиббиёт хоналарини замон талаблари асосида жиҳозлаш. |
1. Мактаб-интернатларнинг тиббиёт хоналарида бўлиши лозим бўлган жиҳозларнинг белгиланган талаб ва меъёрларга мослигини ўрганиб чиқиш. 2. Эҳтиёждан келиб чиқиб, зарур тиббиёт жиҳозларини харид қилиш. 3. Тиббиёт жиҳозларини муассасаларга етказиш.
|
Чора- тадбирлар дастури |
2022 йил октябрь |
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари |
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2022 йил 19 апрель
"Халқ сўзи", 2022 йил 19 апрель