ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Ҳисоб-китоблар / Умумий қоидалар /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.05.2022 й. ПФ-141-сон "Ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштириш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг тўлов интизомини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
25.05.2022 й.
N ПФ-141
ҲИСОБ-КИТОБ ТИЗИМИНИ
ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА ХЎЖАЛИК
ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАРНИНГ
ТЎЛОВ ИНТИЗОМИНИ ОШИРИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Барча тоифадаги хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг рақобат шароити яратилишини давом эттириш, шунингдек, ҳисоб-китоб тизимининг шаффофлигини ошириш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш мақсадида:
1. Белгилансинки:
а) 2022 йил 15 июндан бошлаб хўжалик юритувчи субъектларнинг тижорат банкларида очилган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ундирувга йўл қўйилмайдиган махсус мақсадли ҳисобварақлари (кейинги ўринларда - махсус мақсадли ҳисобварақлар) тугатилади.
Бунда, хўжалик юритувчи субъектларнинг тугатилган махсус мақсадли ҳисобварақларидаги маблағлар қолдиғи уларнинг асосий ёки иккиламчи ҳисобварақларига ўтказилади;
б) махсус мақсадли ҳисобварақлар Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида очилади ва ёпилади;
в) махсус мақсадли ҳисобварақларни очиш ва (ёки) ёпиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳалари Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банк билан мажбурий равишда келишилади.
2. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда айрим хўжалик юритувчи субъектларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ундирувга йўл қўйилмайдиган махсус мақсадли ҳисобварақлардан вақтинча фойдаланишга рухсат бериш тўғрисидаги қарорни тасдиқласин.
3. Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2022 йил 25 май