ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат шартномаси (контракт) / Давлат фуєаролик хизмати /Ўзбекистон Республикасининг 08.08.2022 й. ЎРҚ-788-сон "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 02.03.2022 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.05.2022 й. маъқулланган)
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
ҚОНУНИ
08.08.2022 й.
N ЎРҚ-788
ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТИ ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 2 мартда қабул қилинган
Сенат томонидан 2022 йил 28 майда маъқулланган
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчилик
Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Давлат фуқаролик хизматчиларининг ушбу Қонун билан тартибга солинмаган меҳнатга оид муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси билан тартибга солинади.
3-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси
Ушбу Қонуннинг амал қилиши Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ва Сенати аъзоларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда бошқа маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати девонлари ходимларининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг, судьяларнинг ва суд тизими ходимларининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви аъзоларининг, прокуратура, ички ишлар, мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат божхона хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати органларида хизматни ўтаётган давлат хизматчиларининг, шу жумладан ҳарбий хизматчиларнинг;
давлат органларининг техник, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ходимларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди.
Ушбу Қонуннинг 24 ва 43-моддалари дипломатия хизмати ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Ушбу Қонуннинг 43-моддаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
давлат органи - Давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхатига киритилган давлат ҳокимият ваколатларига эга бўлган ташкилий жиҳатдан алоҳида тузилма;
давлат фуқаролик хизмати - давлат хизматининг бир тури бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат фуқаролик хизмати лавозимларидаги давлат органлари ваколатлари амалга оширилишини таъминлашга доир ҳақ тўланадиган касбий фаолиятини ифодалайди;
давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенцияси - давлат органининг ваколатларини лозим даражада амалга ошириш учун зарур бўлган билимлар, малакалар ва кўникмалар мажмуи;
давлат фуқаролик хизмати лавозими - давлат органининг ваколатларини амалга ошириш учун Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозим;
Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари -давлат фуқаролик хизматчилари томонидан риоя этилиши шарт бўлган одоб-ахлоқ нормалари мажмуи;
малака талаблари - давлат фуқаролик хизматининг муайян малака даражаси берилиши ва (ёки) давлат фуқаролик хизматининг муайян лавозимини эгаллаш учун талабгор бўлаётган номзодларга нисбатан давлат органи томонидан белгиланадиган, иш тажрибасига ва касбий компетенциясига доир талаблар.
5-модда. Давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари
Давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
давлат фуқаролик хизмати тизимининг ягоналиги ва барқарорлиги;
қонунийлик;
адолатлилик;
халққа хизмат қилиш;
давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги;
инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
очиқлик ва шаффофлик;
холислик, профессионаллик ва компетентлик;
давлат фуқаролик хизматига киришда Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги;
давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниши.
2-БОБ. ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТИ
СОҲАСИДА ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ
6-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг
давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти:
давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини белгилайди;
давлат фуқаролик хизматини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмларни белгилайди;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларига тааллуқли давлат фуқаролик хизмати лавозимига шахсларни тайинлайди ва лавозимидан озод қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
вазирликларнинг ва бошқа давлат бошқаруви органларининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатларига тааллуқли давлат фуқаролик хизмати лавозимига шахсларни тайинлайди ва лавозимидан озод қилади;
давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги давлат дастурлари ва лойиҳаларининг молиявий-иқтисодий механизмлари ишлаб чиқилишини ўз ваколатлари доирасида таъминлайди ҳамда уларни тасдиқлайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
8-модда. Махсус ваколатли давлат органининг давлат
фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).
Махсус ваколатли давлат органи:
давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги давлат дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
давлат органларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштиради;
давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш жараёнлари ва истиқболларининг мониторинги ҳамда таҳлилини амалга оширади, шунингдек мазкур соҳани такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
давлат органлари раҳбарларига давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади;
давлат фуқаролик хизмати соҳасида кадрларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришнинг инновацион усулларини жорий этади;
давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг (энг муҳим кўрсаткичларига оид) ўлчанадиган индикаторлар тизимини жорий этади ва уларнинг натижаларини таҳлил қилади, жамоатчилик фикрини ўрганади ҳамда давлат органлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантиришда иштирок этади;
кадрларни давлат фуқаролик хизматига танлов асосида қабул қилишни ташкиллаштиради;
давлат фуқаролик хизмати соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этади ва уларни изчил такомиллаштириб боради, давлат фуқаролик хизматчиларининг шахсига доир маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда улар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантиради;
давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек уларнинг меҳнат фаолияти ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниши учун тегишли шарт-шароитлар яратишга кўмаклашади;
давлат фуқаролик хизмати соҳасида чет давлатларнинг давлат органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга оширади, мазкур соҳада Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузишда иштирок этади.
Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
9-модда. Давлат органларининг давлат фуқаролик
хизмати соҳасидаги ваколатлари
давлат органларида давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчиликнинг ижросини таъминлайди;
кадрларни саралаш ва танлаш, давлат фуқаролик хизматчиларига давлат фуқаролик хизмати лавозимлари малака даражалари бериш ҳамда хизмат текширувлари ўтказиш бўйича комиссияларнинг фаолиятини ташкил этади;
давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат мажбуриятларининг бажарилишини ва давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ бўлган чекловларга риоя этилишини назорат қилади;
давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлашни, уларнинг малакаси оширилишини ва таълим олишини мунтазам равишда ташкил этади.
Давлат органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ваколатларни амалга ошириш мақсадида давлат органларида кадрлар бўлинмалари фаолият юритади.
3-БОБ. ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТЧИСИНИНГ
ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ
10-модда. Давлат фуқаролик хизматчиси
Давлат фуқаролик хизмати лавозимида ўз фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси давлат фуқаролик хизматчисидир.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинланган пайтдан эътиборан давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақомига эга бўлади ва давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти тугатилиши муносабати билан уни йўқотади.
Қариндошининг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш ва уни ўташ чоғида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас.
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига тааллуқли давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ бўлган қўшимча ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва чекловлар алоҳида қонунчилик билан белгиланади.
11-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари
Давлат фуқаролик хизматчиси қўйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг ўзига хос хусусияти ва мураккаблигига, бажарилган ишларнинг миқдори ҳамда сифатига мувофиқ ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда иш ҳақи олиш;
касбий компетенциялари ва алоҳида хизматлари учун рағбатлантирилиш;
давлат органининг маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан мунтазам равишда малакасини ошириб бориш;
меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳамда шартларда меҳнат шартномасига ўзгартишлар киритиш ва шартномани бекор қилиш;
ўз мансаб ваколатларини, хизмат мажбуриятларини ва жавобгарлигини белгиловчи лавозим йўриқномаси ва бошқа ҳужжатлар билан танишиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ бўлган иш ўрнига эга бўлиш;
иш вақти давомийлигининг чегарасини, айрим давлат фуқаролик хизматчилари учун қисқартирилган иш вақтини белгилаш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, ишланмайдиган байрам кунлари, шунингдек йиллик меҳнат таътиллари бериш орқали таъминланадиган тарзда дам олиш;
қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниш, шунингдек давлат пенсия таъминотини олиш;
давлат органининг қонунга хилоф қарорлари ва унинг мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш;
давлат органи раҳбариятининг ноқонуний топшириқ ва талабларини бажаришдан бош тортиш;
давлат фуқаролик хизматидаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактлари тўғрисида хабар берган тақдирда, давлат ҳимояси билан таъминланиш;
хизматга оид масалалар юзасидан давлат органининг раҳбариятига ўз фикрини билдириш, ўзи давлат фуқаролик хизматини ўтаётган давлат органининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;
ўзининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат органининг раҳбарияти ҳамда бошқа мансабдор шахслар томонидан ҳурмат қилиниши;
давлат органи томонидан қайта тайёрлаш ва малака оширишга юборилган тақдирда, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда давлат фуқаролик хизмати лавозимининг ва иш ҳақининг сақланиб қолиши;
қонунчиликда белгиланган тартибда давлат фуқаролик хизматини ўташ вақтида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ва маънавий зиённинг компенсация қилиниши;
ўзининг меҳнат ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилиш;
давлат фуқаролик хизмати масалалари юзасидан махсус ваколатли давлат органига мурожаат қилиш;
ўзининг шахсий ҳужжатлари тўплами билан танишиш.
Давлат фуқаролик хизматчиси қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
12-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг мажбуриятлари
Давлат фуқаролик хизматчиси:
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя этиши;
ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажариши, давлат органи томонидан белгиланган одоб-ахлоқ қоидаларига, хизматга оид ахборот билан ишлаш тартибига, шунингдек давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ бошқа қоидаларга риоя этиши;
ушбу Қонунда белгиланган, давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ бўлган чекловларга риоя этиши;
манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, беғараз ва холис бўлиши;
давлат органининг нуфузини туширишга олиб келиши ёки унинг ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажаришига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлардан (ҳаракатсизликдан), шу жумладан ўз хизмат мажбуриятларини бажараётганда ҳар қандай шаклдаги камситишдан, нохолисликдан ёки кимгадир нисбатан алоҳида муносабатда бўлишдан тийилиши;
ўз хизмат мавқеидан шахсий ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланмаслиги, шунингдек ўз хизмат фаолиятига, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва фуқароларнинг фаолиятига қонунга хилоф таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслиги;
давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги талабларга риоя этиши, шунингдек ўз хизмат мажбуриятларини бажариши чоғида олинган мазкур маълумотларни ошкор қилмаслиги, шу жумладан давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти тугаганидан кейин ошкор этмаслиги;
қонунда белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ва мол-мулки тўғрисидаги декларацияни тақдим этиши;
давлат мулкининг бут сақланишини таъминлаши, ўзига ишониб топширилган давлат мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши;
ўзининг касбий компетенциясини мунтазам равишда ошириб бориши шарт.
Давлат фуқаролик хизматчиларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
13-модда. Давлат фуқаролик хизматини ўташ
билан боғлиқ чекловлар
Давлат фуқаролик хизматчиси қуйидагиларга ҳақли эмас:
ўзаро яқин қариндошликда ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар билан (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари) айнан битта давлат органида бирга хизмат қилиши, агар уларнинг бирга хизмат қилиши улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўладиган давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллашга, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга, Ўзбекистон Республикаси қонунларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;
тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга;
тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга, бундан акциядорлик жамиятларининг эркин муомалада бўлган акцияларига қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида эгалик қилиш ҳоллари мустасно;
ўзи хизмат қилаётган давлат органи назорати остидаги ёки у билан алоқалар ва манфаатларга эга бўлган ташкилотлардаги улушларни, пайларни ва акцияларни бевосита ёки вакиллар орқали олишга;
ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олишга;
чет давлат фуқаролигини олишга;
қонунчиликда назарда тутилмаган имтиёзлар, преференциялар ёки афзалликлардан ўз хизмат мавқеи билан боғлиқ ҳолда фойдаланишга;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ва уларга эга бўлишга, кўчмас мулкка ва бошқа мол-мулкка эгалик қилишга, бундан чет давлатда таълим олиш, стажировка ўташ ва тиббий хизматлардан фойдаланиш мақсадида очилган ҳисобварақлар, шунингдек давлат фуқаролик хизматига киришдан олдин олинган ва ошкор қилинган мол-мулк мустасно;
ўзининг ваколатларини сиёсий партияларнинг, бошқа жамоат бирлашмаларининг ва улар органларининг манфаатларини кўзлаб амалга оширишга.
Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
Давлат фуқаролик хизматчиси шуғулланиши мумкин бўлмаган ҳақ тўланадиган фаолият турлари рўйхати коррупцияга қарши курашиш ва давлат фуқаролик хизмати бўйича махсус ваколатли давлат органлари томонидан белгиланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган чекловларга риоя этмаганлик давлат фуқаролик хизматчисини қонунга мувофиқ интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
14-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг жавобгарлиги
Давлат фуқаролик хизматчисининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шунингдек хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишига сабаб бўлди деб ҳисобловчи жисмоний ёки юридик шахс бундай ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.
Давлат фуқаролик хизматчисининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли жисмоний ёки юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда давлат органи томонидан қопланиб, ушбу зарар кейинчалик айбдор бўлган давлат фуқаролик хизматчисидан ундириб олинади.
Давлат органи раҳбарининг ёки мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф топшириғини бажариш натижасида давлат фуқаролик хизматчиси томонидан етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда давлат органи томонидан қопланади. Зарар миқдори қонунга хилоф топшириқни берган давлат органи раҳбаридан ёки мансабдор шахсидан регресс тартибида ундирилади.
4-БОБ. ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТИ СОҲАСИДА
КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ
15-модда. Давлат фуқаролик хизмати соҳасида
коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар
Давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:
давлат фуқаролик хизматчилари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслиги;
Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш;
давлат фуқаролик хизматчисининг манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш, уларга риоя этилиши устидан мониторинг ва назорат ўтказилишини таъминлаш;
давлат фуқаролик хизматчисининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш тизимини жорий этиш;
давлат фуқаролик хизматчиси томонидан совғалар олиш ва бериш тартибини белгилаш;
давлат фуқаролик хизматчисининг ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинишини, моддий таъминот олишини ва рағбатлантирилишини таъминлаш.
Қонунчиликда давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилиши мумкин.
16-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг
коррупцияга нисбатан муросасиз муносабати
Давлат фуқаролик хизматчиси коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши ва коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) олдини олиши шарт.
Агар давлат фуқаролик хизматчиси коррупция фактлари тўғрисидаги ахборотга эга бўлса, у коррупциянинг олдини олиш учун зарур чоралар кўриши, шу жумладан юқори турувчи давлат органини (мансабдор шахсини) ёки коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли давлат органини дарҳол хабар қилиши ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат этиши керак.
Коррупция фактлари тўғрисида хабар берган давлат фуқаролик хизматчисига қонунчиликда белгиланган тартибда давлат ҳимояси таъминланади.
17-модда. Давлат фуқаролик хизматчиларининг
одоб-ахлоқ қоидалари
Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларида қуйидагилар белгиланади:
раҳбарлар, бўйсунувдагилар ва бошқа давлат фуқаролик хизматчилари ўртасидаги ўзаро ахлоқий муносабатлар;
давлат фуқаролик хизматчисининг ишчанлик обрўсига ва давлат фуқаролик хизматининг нуфузига путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик);
давлат фуқаролик хизматчисининг хизмат фаолиятидаги ва хизматдан ташқаридаги хулқ-атворининг асосий қоидалари.
Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш уларни қонунга мувофиқ интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши устидан назорат давлат органларининг кадрлар бўлинмалари ёки одоб-ахлоқ комиссиялари, шунингдек махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари қонунчиликда белгиланади. Ҳар бир давлат органи Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари асосида фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўзининг ички одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлайди.
18-модда. Давлат фуқаролик хизматида совғаларга
нисбатан муносабатда бўлиш шартлари
Давлат фуқаролик хизматида давлат фуқаролик хизматчисига (унинг оила аъзоларига) бепул берилган, моддий қимматга эга бўлган мол-мулк ёки давлат фуқаролик хизматчисига (унинг оила аъзоларига) беғараз кўрсатилган хизмат совға ҳисобланади.
Давлат фуқаролик хизматчисининг хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан ҳар қандай совғалар олиш тақиқланади. Бундан давлат фуқаролик хизматчиси томонидан алоҳида хизматлари учун давлат органининг тегишли қарори асосида олинган совғалар, шунингдек мусобақалар ва танловларда эришган ютуқлари, давлат байрамлари, нишонланадиган саналар ҳамда бошқа расмий тадбирлар муносабати билан мукофотлаш натижасида олинган совғалар мустасно.
Давлат фуқаролик хизматчилари хизмат сафарлари вақтида, шунингдек халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан совғалар олиши мумкин.
Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
19-модда. Манфаатлар тўқнашуви
Манфаатлар тўқнашуви давлат фуқаролик хизматчисининг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз хизмат ваколатларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда фуқароларнинг, жамиятнинг ёки давлат органининг шахсий манфаатдорлиги ва ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келадиган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазиятдир.
Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, давлат фуқаролик хизматчиси ўзининг раҳбарига ёки юқори турувчи давлат органига дарҳол ёзма шаклда хабар қилиши керак.
Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган давлат органининг раҳбари ёки юқори турувчи давлат органи ушбу тўқнашувни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шарт.
Манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва ҳал этиш тартиби қонун билан белгиланади.
20-модда. Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан
даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш
Давлат фуқаролик хизматчиси қонунда белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиши шарт.
5-БОБ. ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
21-модда. Давлат фуқаролик хизмати тизими
Давлат фуқаролик хизмати тизими давлат фуқаролик хизматчиларини марказлаштирилган тарзда танлаб олиш, ҳисобга олиш, жой-жойига қўйиш, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, касбий компетенциясини ошириш ва хизматда лавозим бўйича кўтариш механизмларининг ягона ташкилий-ҳуқуқий мажмуидир.
Белгиланган малака талабларига мувофиқ бўлган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароларига давлат фуқаролик хизматига кириш учун тенг имкониятлар кафолатланади.
Зиммасига юклатилган вазифаларни самарали амалга ошириш учун касбий компетенциясини шакллантириш давлат фуқаролик хизматчисини қайта тайёрлашни, унинг малакасини оширишни, таълим олишини ташкил этиш ҳисобидан таъминланади.
Давлат фуқаролик хизматчисини тегишли равишда рағбатлантириш ва хизматда лавозим бўйича кўтариш унинг касбий компетенцияларини ҳамда алоҳида хизматларини холисона ва адолатли баҳолаш асосида таъминланади.
22-модда. Давлат фуқаролик хизмати
лавозимларининг давлат реестри
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри давлат органи даражасидан (миллий, республика, ҳудудий ва туман) келиб чиққан ҳолда, малака талабларига мувофиқ бирхиллаштирилган ва таснифланган давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг гуруҳлари ҳамда тоифаларидан, шунингдек давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг малака даражаларидан иборат бўлади.
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади ҳамда махсус ваколатли давлат органи томонидан юритилади.
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри, шунингдек унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар махсус ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
23-модда. Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг
гуруҳлари ва тоифалари
Давлат фуқаролик хизмати лавозимлари сиёсий, бошқарув ва ёрдамчи лавозим гуруҳларидан иборатдир. Бунда мазкур гуруҳларга тегишли лавозимларнинг тоифалари Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрида белгиланади.
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига тааллуқли давлат фуқаролик хизматчиларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тартиби алоҳида қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан белгиланади.
Давлат фуқаролик хизматчилари давлат фуқаролик хизматининг бошқарув ва ёрдамчи гуруҳларига тааллуқли давлат фуқаролик хизмати лавозимларига танлов асосида тайинланади ҳамда давлат органи раҳбари томонидан лавозимидан озод қилинади.
24-модда. Давлат фуқаролик хизмати
лавозимларининг малака даражалари
Давлат фуқаролик хизматчиларига давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг гуруҳлари ва тоифаларидан келиб чиққан ҳолда давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг қуйидаги малака даражалари берилади:
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг гуруҳлари |
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг тоифалари
|
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг малака даражалари |
Сиёсий |
Раҳбар кадрлар |
Олий даражали маслаҳатчи 1-даражали маслаҳатчи 2-даражали маслаҳатчи 3-даражали маслаҳатчи
|
Бошқарув |
Бошқарув кадрлари |
1-даражали хизматчи 2-даражали хизматчи 3-даражали хизматчи
|
Ёрдамчи |
Мутахассислар |
4-даражали хизматчи 5-даражали хизматчи 6-даражали хизматчи
|
Давлат фуқаролик хизматчиларига давлат фуқаролик хизмати лавозимлари малака даражалари (бундан буён матнда малака даражалари деб юритилади), қоида тариқасида, изчил тартибда, олий маълумотга ва муайян иш стажига, малака ошириш курсларини тугатганлиги тўғрисидаги сертификатга, малака комиссиясининг ижобий хулосасига эга бўлган тақдирда берилади.
Давлат фуқаролик хизматчиларига малака даражаларини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
25-модда. Миллий кадрлар захираси
Миллий кадрлар захираси давлат фуқаролик хизматчиларининг раҳбарлик лавозимларини малакали кадрлар билан тўлдириш мақсадида давлат фуқаролик хизматчиларини марказлаштирилган ҳолда саралаб олиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва узлуксиз малакасини ошириш тизимидир.
Миллий кадрлар захираси давлат фуқаролик хизматининг раҳбар кадрлар таркибини барқарор таъминлаш ва унинг сифатини яхшилаш, давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенциясини ошириш ҳамда хизматда лавозим бўйича кўтариш мақсадида шакллантирилади.
Миллий кадрлар захирасини шакллантириш ва юритиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
26-модда. Давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги мониторинг
Давлат фуқаролик хизмати тизимида ягона ташкилий-ҳуқуқий механизмларни қўллашнинг бир хил амалиётини таъминлаш мақсадида махсус ваколатли давлат органи томонидан давлат органида мониторинг ўтказилади.
Мониторинг давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчиликнинг давлат органи томонидан ижро этилишини ўрганиш йўли билан ўтказилади.
Мониторинг натижасида давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги аниқланган тақдирда, махсус ваколатли давлат органи тегишли давлат органи раҳбарига давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади.
Мониторинг ўтказиш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
6-БОБ. ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТИГА
КИРИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ
27-модда. Давлат фуқаролик хизматига кириш
Давлат фуқаролик хизматига кириш танлов асосида номзодни давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинлаш орқали амалга оширилади, бундан давлат фуқаролик хизмати лавозимларини қонунчиликда назарда тутилган бошқача тартиб бўйича эгаллаш мустасно.
28-модда. Давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш шартлари
Давлат фуқаролик хизматига давлат тилини биладиган, давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллаш учун тегишли малака талабларига ва бошқа талабларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.
Чет эл мутахассислари ва экспертлари давлат фуқаролик хизмати лавозимларини қонунчиликда белгиланган тартибда эгаллаши мумкин. Чет эл мутахассислари ва экспертларининг хизматни ўташ тартиби ҳамда шартлари тегишли шартнома асосида белгиланади.
Қуйидагилар давлат фуқаролик хизматига қабул қилиниши мумкин эмас:
ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар, агар давлат фуқаролик хизмати лавозимига доир малака талабларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса;
суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
суднинг қарори билан муайян муддатга давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар;
коррупцияга оид жиноятларни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилган шахслар;
оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахслар;
тиббий хулосага асосан соғлиғининг ҳолати давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш имконини бермайдиган шахслар;
давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ бўлган, ушбу Қонун 13-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган чекловларга риоя этишни рад қилган шахслар.
29-модда. Давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш
Давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш танлов асосида амалга оширилади, бундан қонунчилик билан белгиланган кафолатларга мувофиқ олдинги лавозимни ёки унга тенг бўлган лавозимни тақдим этиш ҳоллари, шунингдек ушбу Қонуннинг 39 ва 41-моддаларида назарда тутилган ҳолатлар мустасно.
Давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш учун номзодларга жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳуқуқларининг тенглиги кафолатланади.
Давлат фуқаролик хизматининг бўш турган (вакант) лавозимини эгаллаш махсус ваколатли давлат органининг ахборот тизими орқали ўтказиладиган ички ва ташқи танловлар асосида амалга оширилади.
Ички танловларда фақат давлат фуқаролик хизматчилари, ташқи танловларда эса тегишли малака талабларига жавоб берадиган барча Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Танлов ўтказиладиган давлат фуқаролик хизмати лавозимлари ва танлов ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
Давлат фуқаролик хизматига кираётган шахс билан меҳнат шартномаси меҳнат қонунчилиги асосида муайян ёки номуайян муддатга ёзма шаклда тузилади.
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига кирувчи давлат фуқаролик хизматчилари билан меҳнат шартномаси тузилмайди.
Меҳнат шартномасида давлат фуқаролик хизматини ўташнинг асослари ва шартлари, давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги, давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар, шунингдек уни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишга тааллуқли қоидалар кўрсатилади.
Давлат фуқаролик хизматчиси билан тузиладиган меҳнат шартномасига доир намунавий талаблар махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
31-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг
шахсий ҳужжатлари тўплами
Давлат фуқаролик хизматчисининг шахсий ҳужжатлари тўплами унинг шахсга доир маълумотлардан ва у томонидан давлат фуқаролик хизматини ўташ тўғрисидаги ахборотдан иборатдир.
Давлат фуқаролик хизматчисининг шахсий ҳужжатлари тўплами давлат органининг кадрлар бўлинмаси томонидан юритилади.
Давлат фуқаролик хизматчисининг шахсий ҳужжатлари тўплами электрон шаклда юритилади.
Давлат фуқаролик хизматчисининг шахсий ҳужжатлари тўпламига давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ бўлмаган ахборотни киритиш, шунингдек шахсий ҳужжатлар тўпламидаги ахборотни учинчи шахсларга давлат фуқаролик хизматчисининг розилигисиз бериш тақиқланади, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно.
32-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг
хизмат гувоҳномаси
Давлат фуқаролик хизматчисига махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланган шаклдаги хизмат гувоҳномаси берилади.
Хизмат гувоҳномасида давлат фуқаролик хизматчиси эгаллаган лавозими, унинг малака даражаси, давлат органининг тўлиқ номи, гувоҳнома берилган сана ва унинг амал қилиш муддати кўрсатилади.
Хизмат гувоҳномаси давлат фуқаролик хизматчиси тўғрисидаги маълумотларни тасдиқлайдиган идентификацияловчи карта кўринишида ҳам берилиши мумкин.
Хизмат гувоҳномасини бошқа шахсларга бериш мумкин эмас.
Хизмат гувоҳномасининг амал қилиш муддати ўтган ёки давлат фуқаролик хизматчиси лавозимдан озод этилган тақдирда, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда хизмат гувоҳномаси уни берган давлат органига қайтарилади.
7-БОБ. ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТИНИ
ЎТАШ ТАРТИБИ
33-модда. Давлат фуқаролик хизматини ўташ
Давлат фуқаролик хизматини ўташ муддати давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинланган пайтдан эътиборан то давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти ушбу Қонуннинг 50-моддасида назарда тутилган асосларга кўра тугатилган санага қадар бўлган даврни қамраб олади.
Давлат фуқаролик хизматини ўташ меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:
давлат фуқаролик хизматчисининг иш вақтини;
давлат фуқаролик хизматчисининг лавозим йўриқномасини;
давлат фуқаролик хизматчисининг фаолият самарадорлигини баҳолашни;
давлат фуқаролик хизматида лавозим бўйича кўтарилишни;
бошқа давлат фуқаролик хизмати лавозимига ўтказишни, шу жумладан ротация тартибида ўтказишни ва хизмат сафарларини;
давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенциясини узлуксиз равишда оширишни;
давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона тартибини;
давлат фуқаролик хизматчиларига нисбатан рағбатлантириш ёки интизомий жазо чораларини қўллашни.
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига кирувчи давлат фуқаролик хизматчилари томонидан давлат фуқаролик хизматини ўташ тартиби Ўзбекистон Республикасининг алоҳида қонунларида ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида белгиланади.
34-модда. Давлат фуқаролик хизматчиларининг иш вақти
Давлат органида давлат фуқаролик хизматчиси учун беш кунлик иш ҳафтаси белгиланади. Бунда иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига қирқ соатдан ошмаслиги керак.
Уч ёшга тўлмаган болалари бор давлат фуқаролик хизматчилари бўлган ота-онасидан бирига (ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга) ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган иш вақти давомийлиги белгиланади.
Давлат фуқаролик хизматчиси хизмат фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига қараб, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган иш вақтининг давомийлиги ҳисобга олинган, ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя этилган ҳолда олти кунлик иш ҳафтаси белгиланиши мумкин.
Давлат органи томонидан давлат фуқаролик хизматчиси учун ўрнатилган иш вақтининг давомийлигидан ташқари иш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.
Табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юз берган тақдирда, давлат органи давлат фуқаролик хизматчисини унинг розилигисиз иш вақтидан ташқари ишга жалб этиши мумкин.
Давлат фуқаролик хизматчиларини иш вақтидан ташқари ҳамда дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари ишларга жалб этиш меҳнат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилган ҳолда, давлат органи раҳбарининг қарори асосида амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизматчисининг иш вақтидан ташқари иши учун компенсация иш вақтидан ташқари ҳақиқатда ишлаб берилган соатларига камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш ёки ортиқча ишлаган вақтининг давомийлигига мос бўлган қўшимча дам олиш вақти бериш орқали амалга оширилади.
35-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг лавозим йўриқномаси
Давлат фуқаролик хизматчисининг лавозим йўриқномаси давлат фуқаролик хизматчисининг мансаб ваколатларини, хизмат мажбуриятларини ва жавобгарлигини белгилайдиган ҳужжатдир.
Давлат фуқаролик хизматчисининг лавозим йўриқномаси давлат органининг раҳбари томонидан тасдиқланади ёки қонунчиликда белгиланади.
Давлат фуқаролик хизматчиси меҳнат шартномасини имзолашдан олдин давлат фуқаролик хизматчиси лавозим йўриқномаси билан имзо қўйдириб таништирилиши керак.
36-модда. Давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг
самарадорлигини баҳолаш
Давлат фуқаролик хизматчисини рағбатлантириш ҳамда холисона ва адолатли мезонлар асосида хизматда лавозим бўйича кўтарилишини таъминлаш учун унинг фаолияти самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш тизими жорий этилади.
Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш услубияти махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
Давлат органи давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш услубиятига мувофиқ фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўз ички тартибини белгилайди.
37-модда. Давлат фуқаролик хизмати бўйича кўтарилиш
Давлат фуқаролик хизмати бўйича кўтарилиш давлат фуқаролик хизматчисининг ўз касбий компетенциясини узлуксиз равишда ошириб бориши ҳисобига хизмат фаолиятининг натижадорлиги асосида юқорироқ лавозимга тайинлаш ёки юқорироқ малака даражасини бериш орқали амалга оширилади.
38-модда. Бошқа давлат фуқаролик хизмати лавозимига ўтказиш
Давлат фуқаролик хизматчисини бошқа давлат фуқаролик хизмати лавозимига ўтказиш унинг ёзма розилиги билан амалга оширилади.
Тиббий хулосага асосан соғлиғининг ҳолатига кўра, ўз эгаллаб турган лавозими бўйича хизмат мажбуриятларини бажара олмайдиган давлат фуқаролик хизматчисига унинг ёзма розилиги билан касбий компетенцияларига мос бўлган ва соғлиғининг ҳолати бўйича қарши кўрсатма мавжуд бўлмаган бошқа давлат фуқаролик хизмати лавозими берилади.
39-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг ротацияси
Давлат фуқаролик хизматчисининг ротацияси унинг шахсий ва касбга оид сифатларини ривожлантириш, фаолиятининг самарадорлигини ошириш, раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизматчисининг ротацияси уни эгаллаб турган давлат фуқаролик хизмати лавозимига тенг бўлган бошқа лавозимга ўз розилиги билан ўтказиш орқали амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизматида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида мажбурий равишда ротация қилиниши лозим бўлган давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг рўйхати белгиланади. Ушбу лавозимларни эгаллаб турган давлат фуқаролик хизматчиларининг ротацияси уларнинг розилигисиз амалга оширилади.
Қуйидаги давлат фуқаролик хизматчилари ротация қилинмайди:
тайёрлаш, қайта тайёрлашдан ва малака оширишдан ўтаётган;
ҳомиладор аёллар, шунингдек уч ёшга тўлмаган болалари бор аёллар;
тиббий хулосага асосан ўзларининг ёки улар билан бирга яшовчи оила аъзолари соғлиғининг ҳолати ротация ўтказилаётган давлат фуқаролик хизмати лавозими бўйича хизмат мажбуриятларини амалга ошириш имкониятини бермайдиганлар.
Давлат фуқаролик хизматчисининг ротацияси шартлари меҳнат шартномасида назарда тутилади.
Давлат фуқаролик хизматчиси ротация тўғрисидаги қарордан норози бўлган тақдирда юқори турувчи давлат органига ёки махсус ваколатли давлат органига ёхуд судга шикоят қилишга ҳақли.
Давлат фуқаролик хизматида ротация қилиш тартиби, мажбурий равишда ротация қилиниши лозим бўлган давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг рўйхати, шунингдек ротация қилинадиган лавозимларда бўлиш муддати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
40-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг
хизмат сафарлари
Давлат фуқаролик хизматчиси хизмат вазифасини бажариш учун давлат органининг қарорига мувофиқ муайян муддатга хизмат сафарига юборилади. Хизмат сафари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки унинг ҳудудидан ташқарида амалга оширилиши мумкин.
Давлат фуқаролик хизматчисининг хизмат сафари давомийлиги давлат органи раҳбари томонидан хизмат вазифасининг ҳажми, мураккаблиги ва бошқа жиҳатлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Давлат фуқаролик хизматчисини хизмат сафарига юбориш чоғида унинг лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланади, яшаш билан боғлиқ харажатлар, транспорт харажатлари, шунингдек хизмат сафари билан боғлиқ бошқа харажатларнинг ўрни давлат органи томонидан қопланади.
Давлат фуқаролик хизматчисининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
41-модда. Давлат фуқаролик хизматчисини бошқа
давлат органига вақтинча хизмат
сафарига юбориш
Давлат фуқаролик хизматчиси бошқа давлат органининг давлат фуқаролик хизмати лавозимига юклатилган мажбуриятларни бажариш учун бир йилдан кўп бўлмаган муддатга вақтинча хизмат сафарига юборилиши мумкин. Бунда давлат фуқаролик хизматчисининг меҳнатига ҳақ тўлаш у вақтинча хизмат сафарига юборилган давлат органи билан алоҳида тузиладиган муддатли меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади. Аввалги хизмат жойи бўйича тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиши давлат фуқаролик хизматчиси вақтинча хизмат сафарига юборилган муддат тугагунига қадар тўхтатиб турилади.
Давлат фуқаролик хизматчисига ҳақиқатда бажарилган ишига қараб, ўзининг асосий лавозимидагидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланади. Давлат органининг давлат фуқаролик хизматчисини бошқа давлат органига вақтинча хизмат сафарига юбориш билан боғлиқ харажатларининг ўрни вақтинча хизмат сафарига юборилган давлат фуқаролик хизматчисини қабул қилган давлат органи томонидан қопланади.
Давлат фуқаролик хизматчисини бошқа давлат органининг давлат фуқаролик хизмати лавозимига юклатилган мажбуриятларни бажариш учун вақтинча хизмат сафарига юбориш фақат унинг ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.
Давлат фуқаролик хизматчисини бошқа давлат органига вақтинча хизмат сафарига юборишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилмайди:
касбий компетенцияларига тўғри келмайдиган давлат фуқаролик хизмати лавозимларига;
тиббий хулосага асосан ўзининг ёки у билан бирга истиқомат қиладиган оила аъзосининг соғлиғи давлат фуқаролик хизматчиси вақтинча хизмат сафарига юбориладиган давлат фуқаролик хизмати лавозими бўйича хизмат мажбуриятларини амалга ошириш имконини бермаса.
Агар бошқа давлат органидаги меҳнатга ҳақ тўлаш ёки дам олиш шартлари, қўшимча кафолатлар ва имтиёзлар давлат фуқаролик хизматчисини вақтинча хизмат сафарига юборган давлат органидагидан фарқ қилса, хизматчига нисбатан қулайроқ шартлар қўлланилади.
42-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг касбий
компетенциясини узлуксиз равишда ошириш
Давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенциясини узлуксиз равишда оширишдан мақсад унинг самарали фаолият юритиши учун зарур бўлган билимлар, кўникмалар ва малакаларни эгаллаши учун шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.
Давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенцияси даражаси унинг билимлари, кўникмалари ва малакалари даражасини аниқлаш имконини берувчи ахборот тизимлари орқали давлат органи томонидан мунтазам равишда баҳолаб борилади.
Қайта тайёрлаш, малака ошириш ва мустақил таълим олиш давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенциясини узлуксиз равишда оширишнинг асосий шаклларидир.
Қайта тайёрлаш давлат фуқаролик хизматчисининг самарали фаолияти учун зарур бўлган қўшимча касбий билимлар, кўникмалар ва малакаларни эгаллаши мақсадида ташкил этилган таълим жараёнидир.
Малака ошириш давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенциясини оширишга ва мунтазам равишда янгилаб боришга қаратилган таълим жараёнидир.
Мустақил таълим давлат фуқаролик хизматчисининг янги билимлар ва тажрибага эга бўлиш бўйича ишдан бўш вақтида касбий компетенциясини ошириш жараёнидир.
Давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенциясини узлуксиз равишда ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
43-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг
меҳнатига ҳақ тўлаш
Давлат фуқаролик хизматчисининг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:
базавий лавозим маоши;
кўп йиллик хизмат учун қўшимча тўлов;
малака даражаси учун қўшимча тўлов;
давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига эришганлик учун қўшимча устама;
ҳисобот даври якунлари бўйича рағбатлантириш тўловлари.
Давлат фуқаролик хизматчисининг меҳнат шароитлари, у алоҳида муҳим топшириқлар ва мураккаб вазифаларни бажарганлиги, бошқа шартлар муносабати билан унинг базавий лавозим маошига қонунчиликда белгиланган рағбатлантирувчи қўшимча тўловлар ва устамалар тўланиши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тўловларни ҳисоблаш тартиби ва уларнинг миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
44-модда. Давлат фуқаролик хизматчисини
рағбатлантириш
Давлат фуқаролик хизматчисига қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланилиши мумкин:
лавозим маошига қўшимча устамалар;
пул мукофоти;
навбатдан ташқари малака даражасини бериш;
миннатдорчилик эълон қилиш;
қимматбаҳо совға, эсдалик ёки кўкрак нишони ёхуд ёрлиқ билан мукофотлаш.
Давлат фуқаролик хизматчиси алоҳида хизматлари учун қонунчиликда белгиланган тартибда давлат мукофотларига тақдим этилиши мумкин.
45-модда. Давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан
рағбатлантириш чораларининг қўлланилиши
Давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан рағбатлантириш чораларини қўллаш давлат органининг раҳбари томонидан ёки унинг тавсиясига кўра амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан рағбатлантириш чораларини қўллаш тўғрисидаги масалани ҳал этиш чоғида қуйидагилар эътиборга олинади:
ой, чорак, ярим йил, йил якунлари бўйича фаолиятнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини бажарганлик ва ошириб бажарганлик;
ўта муҳим вазифаларни бажарганлик;
зиммасига юклатилган вазифанинг мураккаблиги ва муҳимлиги, шунингдек унинг фаолиятида эришилган юқори натижалар;
байрам кунлари, юбилейлар, нишонланадиган саналар ва пенсияга чиқиш.
46-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг
интизомий жавобгарлиги
Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан лавозим йўриқномасига ва Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига, шунингдек ушбу Қонуннинг 13-моддасида белгиланган чекловларга риоя этмаганлик унга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш учун асос бўлади.
Давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилади:
ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима;
давлат фуқаролик хизмати лавозимини пасайтириш;
эгаллаб турган давлат фуқаролик хизмати лавозимидан озод қилиш.
Давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилмаган бошқа интизомий жазо чораларини қўллаш тақиқланади.
47-модда. Давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан
интизомий жазо чораларининг қўлланилиши
Интизомий жазо чоралари давлат органининг раҳбари томонидан қўлланилади. Ҳар бир интизомий қилмиш учун фақат битта интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкин. Интизомий жазо чорасини танлаш ҳуқуқи давлат органининг раҳбарига тегишлидир. Интизомий жазо чорасини қўллаш чоғида қилмишнинг оғир-енгиллиги, унинг ҳолатлари ва давлат фуқаролик хизматчисининг хулқ-атвори ҳисобга олинади.
Давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш давлат органи раҳбарининг тегишли қарори билан расмийлаштирилади.
Давлат органи раҳбарининг давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги қарори ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида, давлат фуқаролик хизматчиси ишда йўқ бўлган вақт ҳисобга олинмасдан, унга жазони қўллаш сабаблари кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб эълон қилинади.
Ўзига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги қарор билан таништирилмаган давлат фуқаролик хизматчиси интизомий жазога тортилмаган деб ҳисобланади.
Давлат фуқаролик хизматчисининг ўзига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги қарор билан танишишни рад этганлиги бунда ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади. Бундай ҳолда давлат фуқаролик хизматчиси қарор билан таништирилган деб ҳисобланади.
Давлат фуқаролик хизматчисининг интизомий жавобгарликка тортилиши унга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилишини бекор қилмайди.
Ушбу Қонун 46-моддаси иккинчи қисмининг учинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган интизомий жазо чоралари давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан ўтказилган хизмат текширувининг хулосасига асосан, шунингдек амалда интизомий жазо чораси мавжуд бўлганда қўлланилади.
Давлат фуқаролик хизматчиси ўзига нисбатан қўлланилган интизомий жазо чораси устидан юқори турувчи давлат органига ёки махсус ваколатли давлат органига ёхуд судга шикоят қилишга ҳақли.
48-модда. Интизомий жазо чораларини қўллаш муддатлари
Интизомий жазо чораси дарҳол, бироқ интизомий қилмиш аниқланган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай қўлланилади.
давлат фуқаролик хизматчиси вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган даврда;
давлат фуқаролик хизматчиси таътилда ёки хизмат сафарида бўлган даврда;
давлат фуқаролик хизматчиси фавқулодда вазият ёки ҳарбий хизматни ўташи билан боғлиқ бўлган мажбуриятларни амалга ошираётган вақтга ўз хизмат мажбуриятларини бажаришдан озод этилган даврда;
давлат фуқаролик хизматчиси қайта тайёрлашда, малака оширишда бўлган ва таълим олаётган даврда қўлланилиши мумкин эмас.
Интизомий жазо чорасини қўллаш муддати ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган муддатлар ўтгунига қадар тўхтатиб турилади.
Интизомий жазо чораси интизомий қилмиш содир этилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай, тафтиш ёки молия-хўжалик фаолиятини текшириш ёхуд аудиторлик текшируви натижаларига кўра эса - қилмиш содир этилган кундан эътиборан икки йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин. Кўрсатилган муддатларга жиноят иши бўйича иш юритиш вақти киритилмайди.
Интизомий жазо чораси жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йил давомида амал қилади. Агар мазкур муддат ичида давлат фуқаролик хизматчисига янги интизомий жазо чораси қўлланилмаган бўлса, у интизомий жазога тортилмаган деб ҳисобланади. Бунда интизомий жазо чорасининг муддати давлат органи раҳбарининг тегишли қарори чиқарилмаган ҳолда, автоматик тарзда тугайди.
Давлат органи раҳбари интизомий жазо чорасини ўз ташаббусига кўра, давлат фуқаролик хизматчисининг бевосита раҳбарининг, касаба уюшмасининг (мавжуд бўлган тақдирда) илтимосномасига биноан, шунингдек давлат фуқаролик хизматчисининг илтимосига кўра муддатидан илгари олиб ташлаш ҳуқуқига эга.
Хизмат текшируви меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда давлат органи раҳбарининг қарорига кўра ўтказилади. Давлат фуқаролик хизматчиси ўзига нисбатан асоссиз айбловлар қўйилган ёки хулосалар чиқарилган деб ҳисоблаганда ҳам унинг ёзма аризаси асосида хизмат текширувидан ўтказилиши мумкин.
Хизмат текшируви давомида қуйидагилар аниқланиши зарур:
интизомий қилмишга сабаб бўлган ҳолатлар ва шарт-шароитлар;
давлат фуқаролик хизматчисини интизомий қилмишда айблашнинг асослилиги ёки асоссизлиги;
интизомий қилмиш натижасида етказилган зарарнинг ўзига хос хусусияти ва миқдори;
давлат фуқаролик хизматчисининг тушунтиришлари ва ёзма равишда берган талабларида кўрсатилган важлар.
Давлат органидаги хизмат текшируви давлат органининг кадрлар бўлинмаси, юридик хизмати ва бошқа бўлинмалари, шунингдек касаба уюшмаси (мавжуд бўлган тақдирда) вакилларидан иборат бўлган хизмат текширувини ўтказиш бўйича комиссия томонидан ўтказилади. Хизмат текширувини ўтказиш бўйича комиссия таркибига давлат органининг раҳбари ҳамда хизмат текшируви натижасидан манфаатдор бўлган шахслар кириши мумкин эмас.
Хизмат текширувини ўтказиш зарур бўлган ҳолларда, давлат органининг раҳбари давлат фуқаролик хизматчисини хизмат текшируви ўтказиш мобайнида хизмат мажбуриятларини бажаришдан унинг ўртача иш ҳақини сақлаб қолган ҳолда вақтинча четлатиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
Хизмат текширувини ўтказиш муддати ўн беш иш кунидан ошмаслиги керак. Давлат органининг раҳбари хизмат текширувини ўтказиш бўйича комиссиянинг асослантирилган важлари асосида хизмат текширувини ўтказиш муддатини яна ўн беш иш кунигача узайтиришга ҳақли.
Хизмат текшируви натижасига кўра хизмат текширувини ўтказиш бўйича комиссиянинг далолатномаси тузилади ва давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш ёки қўлламаслик тўғрисидаги хулоса тайёрланади. Хизмат текширувини ўтказиш бўйича комиссиянинг хулосаси давлат органи раҳбари томонидан рад этилиши ёки давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш учун асос бўлиши мумкин.
8-БОБ. ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТЧИСИ
ФАОЛИЯТИНИНГ ТУГАТИЛИШИ
50-модда. Давлат фуқаролик хизматчиси
фаолиятини тугатиш асослари
Давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини тугатиш учун қуйидагилар асос бўлади:
меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигининг давлат фуқаролик хизматчиси томонидан йўқотилганлиги;
давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини давом эттириш имкониятини истисно этувчи жазога тортилганлигига доир суд ҳукмининг қонуний кучга кирганлиги, шунингдек унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги суднинг ажрими;
давлат фуқаролик хизматчисининг давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаши учун аҳамиятга эга бўлган ёлғон ахборот тақдим этилганлиги;
давлат фуқаролик хизматчиси томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги;
давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловларга давлат фуқаролик хизматчиси томонидан риоя этилмаганлиги.
Давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг тугатилганлиги давлат фуқаролик хизматчиси ҳуқуқий мақомининг йўқотилишига сабаб бўлади.
51-модда. Давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг
қонунга хилоф равишда тугатилиши оқибатлари
Давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг қонунга хилоф равишда тугатилганлиги аниқланган тақдирда давлат фуқаролик хизматчиси аввалги давлат фуқаролик хизмати лавозимига тикланади, бунинг имкони бўлмаганда эса (давлат органининг тугатилганлиги, штатлар қисқартиришга сабаб бўладиган тарзда ўзгартирилганлиги ёки ушбу хизматчини аввалги давлат фуқаролик хизмати лавозимига тиклашга монелик қиладиган, қонунда назарда тутилган бошқа асослар мавжуд бўлганда) аввалги лавозимига тенг бўлган бошқа давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинланади.
Давлат фуқаролик хизмати лавозимига тикланган давлат фуқаролик хизматчисига унинг фаолияти қонунга хилоф равишда тугатилганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг қонунга хилоф равишда тугатилишида айбдор бўлган шахс қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг қонунга хилоф равишда тугатилиши билан боғлиқ зарарнинг миқдори айбдор шахсдан регресс тартибида ундирилади.
9-БОБ. ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТЧИСИНИ
ҲУҚУҚИЙ ВА ИЖТИМОИЙ ЖИҲАТДАН
ҲИМОЯ ҚИЛИШ
52-модда. Давлат фуқаролик хизматчисини
ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш
Давлат фуқаролик хизматчиси давлат органининг қонунга хилоф қарорлари, шунингдек улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи давлат органига ёки махсус ваколатли давлат органига ёхуд судга шикоят қилишга ҳақли.
Давлат органининг қонунга хилоф қарорлари, шунингдек улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида давлат фуқаролик хизматчисининг бузилган, низолашилаётган ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизматчисига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш билан боғлиқ низолар фуқаролик процессуал қонунчилик билан белгиланган тартибда ҳал этилади.
53-модда. Давлат фуқаролик хизматчисини
ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш
Давлат фуқаролик хизматчисини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш давлат томонидан қуйидагилар орқали таъминланади:
меҳнат таътили ва ижтимоий таътиллар бериш;
ҳаёти ва соғлиғини мажбурий суғурта қилиш;
ҳаётига, соғлиғига ва мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;
давлат пенсия таъминоти.
Давлат фуқаролик хизматчисига қуйидаги ижтимоий ҳимоя чоралари кафолатланади:
тиббий хизмат кўрсатиш;
ротация тартибида бошқа давлат фуқаролик хизмати лавозимига ўтказилиши билан боғлиқ харажатларнинг, шу жумладан яшаш ва транспорт харажатларининг ўрнини қоплаш;
хизмат уй-жойлари, хизмат транспорти билан ёки уй-жой ва транспорт харажатлари учун пулли компенсация билан қонунчиликда белгиланган ҳолларда ҳамда тартибда таъминлаш.
Давлат фуқаролик хизматчисига қонунчиликка мувофиқ бошқа ижтимоий ҳимоя чоралари ҳам қўлланилиши мумкин.
Давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига қонунчиликда белгиланган асосларда ва миқдорларда тўланадиган барча турдаги ижтимоий нафақалар татбиқ этилади.
Ижтимоий нафақаларни тўлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, бундан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган тўловлар мустасно.
54-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг
меҳнат ва ижтимоий таътиллари
Давлат фуқаролик хизматчисига давомийлиги йигирма етти календарь кунидан кам бўлмаган йиллик асосий таътил берилади.
Давлат фуқаролик хизматчисига кўп йиллик хизмати ва алоҳида меҳнат шароитлари учун йиллик қўшимча меҳнат таътиллари берилади.
Кўп йиллик хизмати ва алоҳида меҳнат шароитлари учун йиллик қўшимча меҳнат таътилларини бериш тартиби ҳамда уларнинг давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Давлат фуқаролик хизмати лавозимининг тоифасига қараб қонунчиликда йиллик асосий ва қўшимча меҳнат таътилларининг бошқача давомийлиги белгиланиши мумкин.
Давлат фуқаролик хизматчисига ижтимоий таътиллар бериш меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
55-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг
ҳаёти ва соғлиғини мажбурий суғурта қилиш
Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳаёти ва соғлиғи давлатнинг муҳофазасида бўлади ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий суғурта қилинади.
56-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳаётига,
соғлиғига ва мол-мулкига етказилган
зарарнинг ўрнини қоплаш
Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳаёти ёки соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалинганлиги ёки соғлиғи ўз хизмат мажбуриятларини бажариши чоғида бошқача тарзда шикастланганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни қонунда белгиланган тартибда давлат органи томонидан қопланади.
Давлат фуқаролик хизматчиси хизмат мажбуриятларини бажараётганда вафот этган тақдирда, унинг қарамоғида бўлган оила аъзоларига давлат органи томонидан вафот этган шахснинг ўртача йиллик иш ҳақининг олти бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир йўла тўланадиган нафақа уларнинг сонига тенг тақсимланган ҳолда берилади.
Хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳолда давлат фуқаролик хизматчисининг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ҳисобидан тўлиқ ҳажмда қопланади, ушбу сумма миқдори кейинчалик айбдор шахслардан регресс тартибида ундирилади.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган зиённинг, зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича тўловлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
57-модда. Давлат пенсия таъминоти
Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тайинланадиган барча турдаги давлат пенсиялари давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан қонунда белгиланган асосларга кўра қўлланилади.
Вафот этган давлат фуқаролик хизматчисининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга.
Давлат фуқаролик хизматчисининг давлат пенсия таъминоти Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизматчиларига пенсияларни тайинлаш, ҳисоблаб чиқариш тартиби, уларнинг миқдорлари ҳамда давлат пенсия таъминоти бўйича қўшимча ижтимоий кафолатлар фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунчиликда белгиланади.
58-модда. Давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги
тадбирларни молиялаштириш
Давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги халқаро ҳамкорлик халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
61-модда. Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги
қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
62-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,
моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини
таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
63-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга
мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
64-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. Мирзиёев
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2022 йил 9 август
"Халқ сўзи", 2022 йил 9 август