ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Фавқулодда вазиятлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш /

Ўзбекистон Республикасининг 17.08.2022 й. ЎРҚ-790-сон "Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 26.04.2022 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 08.07.2022 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

17.08.2022 й.

N ЎРҚ-790



АҲОЛИНИ ВА ҲУДУДЛАРНИ

ТАБИИЙ ҲАМДА ТЕХНОГЕН ХУСУСИЯТЛИ

ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРДАН МУҲОФАЗА

ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 26 апрелда қабул қилинган

Сенат томонидан 2022 йил 8 июлда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда

техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан

муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик


Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар (бундан буён матнда фавқулодда вазиятлар деб юритилади) - муайян ҳудудда одамлар қурбон бўлишига, одамларнинг соғлиғига ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотларга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий офат ёхуд бошқа офат натижасида, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши натижасида юзага келган вазиятлар;


фавқулодда вазиятларни бартараф этиш - фавқулодда вазиятлар рўй берганда ўтказиладиган ҳамда одамларнинг ҳаётини асраб қолишга ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорларини камайтиришга, шунингдек фавқулодда вазиятлар зоналарининг кенгайишига йўл қўймасликка ҳамда хавфли омиллар таъсирини тугатишга қаратилган қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган ишлар мажмуи;


фавқулодда вазият зонаси - фавқулодда вазият манбаи юзага келганлиги оқибатида одамлар қурбон бўлиши, уларнинг соғлиғига ёки атроф табиий муҳитга зарар етиши хавфи мавжуд бўлган ва (ёки) унинг таъсирида жиддий моддий талафотлар кўрилган, шунингдек одамларнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилган ҳудуд;


фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш - фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича тадбирлар мажмуи, воситалар ҳамда усуллар тизими;


фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш - олдиндан ўтказиладиган ҳамда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфини имкон қадар камайтиришга, бундай вазиятлар рўй берган тақдирда эса одамларнинг ҳаётини асраб қолишга ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорларини камайтиришга қаратилган тадбирлар мажмуи.



4-модда. Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза

қилишнинг асосий принциплари


Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

инсонпарварлик, инсон ҳаёти ва соғлиғининг устуворлиги;

ошкоралик;

ахборотнинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш чораларининг олдиндан кўрилиши.



5-модда. Фавқулодда вазиятларнинг хусусияти


Фавқулодда вазиятлар рўй бериш манбаига қараб табиий хусусиятли фавқулодда вазиятларга ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларга бўлинади.

Одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғига ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотларга, одамларнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган табиий офатлар (зилзилалар, сел, кўчкилар, сув тошиши ва бошқа хавфли табиий ҳодисалар), табиий ёнғинлар, эпидемиялар, эпизоотиялар, эпифитотиялар табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлардир.

Одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғига ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотларга, одамларнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган саноатдаги, транспортдаги авариялар ва бошқа техноген авариялар, ёнғинлар (портлашлар), кучли таъсир этувчи заҳарли, кимёвий, радиоактив ҳамда хавфли биологик моддаларнинг тарқалиши ёхуд тарқалиш хавфи билан боғлиқ авариялар, бинолар ва иншоотларнинг тўсатдан қулаши, тўғонларнинг, тозалаш иншоотларининг бузилиши, шунингдек одамларнинг ҳаёт фаолиятини таъминловчи коммуникация тизимларидаги авариялар техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардир.



6-модда. Фавқулодда вазиятларнинг турлари


Фавқулодда вазиятлар жабрланган одамларнинг сонига, кўламига ва етказилган моддий зарарнинг миқдорига қараб локал, маҳаллий, республика миқёсида ҳамда трансчегаравий бўлиши мумкин.



2-БОБ. ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРДАН

МУҲОФАЗА ҚИЛИШ СОҲАСИНИ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ


7-модда. Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза

қилишга раҳбарлик қилиш


Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга раҳбарлик қилиш:

Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида - Ўзбекистон Республикаси Бош вазири;

вазирликларда, идораларда ва ташкилотларда - уларнинг раҳбарлари;

Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда, Тошкент шаҳрида, туманларда, шаҳарларда - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан амалга оширилади.



8-модда. Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг фавқулодда вазиятлардан

муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ва ташкилотларнинг фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолияти тартибини белгилайди;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурсларнинг давлат захиралари яратилишини таъминлайди ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш учун жалб этиладиган кучлар ва воситаларнинг молиявий ҳамда моддий жиҳатдан таъминланишини, уларнинг махсус техника ва бошқа моддий-техника воситалари билан жиҳозланишини ташкил этади;

фавқулодда вазиятларнинг рўй бериши сабабларини (манбаларини), кўламларини, жабрланган одамларнинг сонини, моддий зарарнинг миқдорини ҳисобга олган ҳолда, фавқулодда вазиятлар таснифини тасдиқлайди, шунингдек уларни бартараф этишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг иштирок этиш даражасини белгилайди;

давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ва ташкилотларнинг фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

фавқулодда вазиятларда жабрланганларга моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



9-модда. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда

вазиятлар вазирлигининг фавқулодда вазиятлардан

муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқаруви органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилишини таъминлайди;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, моддий ва маданий бойликларни муҳофаза қилиш, шунингдек фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ҳамда зарарни камайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади ва уларни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдиндан прогноз қилади, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга доир режаларни ишлаб чиқади;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги мақсадли дастурларнинг ишлаб чиқилишини ва илмий тадқиқотларнинг амалга оширилишини ташкил этади;

ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар, барча ташкилотлар ҳамда фуқаролар томонидан бажарилиши шарт бўлган қарорларни ўз ваколатлари доирасида қабул қилади;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатлар режаларининг, низомларнинг, қоидаларнинг ва йўриқномаларнинг келишиб олинишини амалга оширади;

давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ва ташкилотларнинг раҳбарларини, шунингдек фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш учун жалб этиладиган кучларни фавқулодда вазиятлар шароитларида ҳаракат қилишга тайёрлашни ташкил этади;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун кучлар ва воситаларни бошқаришни амалга оширади, бошқарув пунктларини, хабар бериш ва алоқа тизимларини ташкил этади;

фавқулодда вазиятлар шароитларида қутқарув ишларини ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни ташкил этади ҳамда амалга оширади, ёнғинларни бартараф этади;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга доир тадбирларнинг бажарилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

ишлаб чиқариш объектлари ва ижтимоий объектлар бўйича лойиҳалар ҳамда қарорларнинг давлат экспертизасини ўтказишда иштирок этади.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



10-модда. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият

органларининг фавқулодда вазиятлардан муҳофаза

қилиш соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида қарорлар қабул қилади;

аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги ахборотни тўплашни ҳамда алмашишни, шунингдек фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазиятлар рўй берганлиги ҳақида аҳолига ўз вақтида хабар беришни ва ахборот узатишни амалга оширади;

аҳолини хабардор қилиш ва аҳолига ахборот узатишнинг махсус техник воситаларини ўрнатиш учун жойлар, шунингдек оммавий ахборот воситаларида эфир вақти ажратилишида махсус ваколатли давлат органига кўмаклашади;

маҳаллий миқёсдаги фавқулодда вазиятлар рўй берганда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг ҳудудий қуйи тизими учун юқори тайёргарлик режимини ёки фавқулодда вазият режимини жорий этиш ҳақида, шунингдек аҳолини хавфсиз жойларга эвакуация қилишга доир тадбирларни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилади;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратади, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга доир тадбирларни молиялаштиришни амалга оширади;

фавқулодда вазиятлар оқибатида аҳолига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича чоралар кўради;

ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар, барча ташкилотларнинг фавқулодда вазиятларда ишлаш барқарорлигини оширишга кўмаклашади;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун кучларнинг шайлиги устидан назоратни амалга оширади;

фавқулодда вазият зонасида қутқарув ишларини ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни амалга ошириш учун авария-қутқарув кучларининг (шу жумладан тезкор ҳаракат бўлинмаларининг) ва махсус тузилмаларнинг доимий шайлигини ташкил этади;

қутқарув ишларини ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни ташкил этади ҳамда амалга оширади, шунингдек бундай ишлар ўтказилиши чоғида жамоат тартиби сақланишини ташкил этишга кўмаклашади;

фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳолини муҳофаза қилиш учун барча ҳудудий кучлар ва воситаларни ишга солади.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



11-модда. Давлат бошқаруви органларининг фавқулодда

вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари


Давлат бошқаруви органлари:

аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилишини таъминлайди;

ўз тасарруфидаги объектларда рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга, шу жумладан одамларнинг ҳаётига ва соғлиғига таҳдид солувчи касалликларнинг кенг тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган профилактика тадбирларини амалга оширади;

ўз тасарруфидаги объектларнинг фавқулодда вазиятлар шароитларида ҳаракат қилишга шайлигини таъминлайди;

тармоқнинг ва ўз тасарруфидаги объектларнинг фавқулодда вазиятлар шароитларида барқарор ишлашини оширишга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

ўз тасарруфидаги объектларда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи тўғрисидаги ёки фавқулодда вазиятлар рўй берганлиги ҳақидаги ахборотни махсус ваколатли давлат органига тезкорлик билан киритади;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатлар режаларини, низомлар, қоидалар ва йўриқномаларни келишиб олиш учун махсус ваколатли давлат органига тақдим этади;

ўз тасарруфидаги объектларнинг ходимларини фавқулодда вазиятлардаги муҳофазаланиш усулларига ва ҳаракатларга ўргатади;

ўз тасарруфидаги хавф даражаси юқори бўлган объектларда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазиятлар рўй берганлиги ҳақида аҳолига хабар беришнинг ва аҳолини хабардор қилишнинг ички ҳамда объектга оид автоматлаштирилган тизимларини яратади ва уларни доимий шай ҳолатда сақлаб туради;

аҳолининг ва ҳудудларнинг муҳофаза қилинганлик ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади, шунингдек аҳолига ва тармоқ ходимларига фавқулодда вазият рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазият рўй берганлиги ҳақида тезкорлик билан хабар беради;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий ва молиявий ресурслар захираларини яратади, ушбу мақсадлар учун ҳар йилги ажратмаларни белгилайди ҳамда марказлаштирилган таъминотни амалга оширади;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга доир режаларга мувофиқ ўз тасарруфидаги ишлаб чиқариш объектларида ва ижтимоий объектларда, шунингдек уларга туташ ҳудудларда қутқарув ишларининг ҳамда кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларнинг ташкил этилиши, молиялаштирилиши ва амалга оширилишини таъминлайди;

ўта муҳим ва тоифаланган объектларни ҳамда уларнинг ходимларини фавқулодда вазиятлар шароитларида ўз фаолиятини давом эттириши таъминланадиган пунктларга эвакуация қилиш тадбирларини амалга оширади;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун жалб этиладиган махсус кучлар ва воситаларнинг ташкил этилишини, тайёргарлигини ҳамда шай ҳолатда сақлаб турилишини таъминлайди;

ўз тасарруфидаги объектларни лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш чоғида фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш масалаларига доир талабларнинг бажарилишини назорат қилади;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш чоғида ҳалок бўлган ёки жабрланган ходимларга компенсациялар тўлайди;

бошқа давлат бошқаруви органлари билан фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш масалалари бўйича ҳамкорликни амалга оширади.

Давлат бошқаруви органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Давлат бошқаруви органлари ўз тасарруфидаги ўта муҳим, тоифаланган ҳамда потенциал хавф манбаи бўлган объектларда фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларнинг штат лавозимларини жорий этади. Бошқа объектларда масъул шахслар тайинланади.



12-модда. Ташкилотларнинг фавқулодда вазиятлардан

муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ташкилотлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар тўғрисида, уларнинг рўй берганлиги, шунингдек зарур хавфсизлик ва муҳофаза чоралари ҳақида хабардор бўлиш;

давлат бошқаруви органларига фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш масалалари юзасидан мурожаат этиш ва ҳамкорлик қилиш;

зарур бўлганда, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун давлат органларидан, шунингдек бошқа ташкилотлардан молиявий ресурсларни ҳамда кучлар ва воситалар ресурсларини сўраб олиш.

Ташкилотлар:

ходимларни, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа объектларини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича зарур чораларни режалаштириши, молиялаштириши ва амалга ошириши;

хавф даражаси юқори бўлган объектларнинг хавфсизлик декларациясини ишлаб чиқиши ва тақдим этиши;

ходимларни фавқулодда вазиятлар шароитларидаги муҳофазаланиш усулларига ва ҳаракатларга ўргатиши;

хабар беришнинг автоматлаштирилган ички ва объект тизимларини яратиши ҳамда доимий шай ҳолатда сақлаб туриши ва фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазиятлар рўй берганлиги ҳақида ходимларга ўз вақтида хабар бериши;

фавқулодда вазиятлар шароитларида объектларнинг барқарор фаолият кўрсатишини ва ходимларнинг ҳаёт фаолиятини таъминлаши;

зарур бўлганда, муҳандислик-ҳимоя иншоотларининг олдиндан қурилишини таъминлаши ва уларни доимий шай ҳолатда сақлаб туриши;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиши;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун жалб этиладиган кучлар ва воситаларни яратиши, уларнинг тайёргарлигини ҳамда шай ҳолатда сақлаб турилишини таъминлаши;

махсус ваколатли давлат органининг ҳудудий бўлинмасини ўз ҳудудида фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазиятлар рўй берганлиги ҳақида тезкорлик билан хабардор қилиши;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар режаларига мувофиқ ўз тасарруфидаги объектларда авария-қутқарув ишлари амалга оширилишини таъминлаши;

ихтисослаштирилган қутқарув хизматларини ва қутқарув тузилмаларини белгиланган тартибда ташкил этиши, уларни шахсий таркиб, техника ва мол-мулк билан бутлаши;

эвакуацияга оид тадбирларни белгиланган тартибда амалга ошириши ва одамларни жойлаштириш учун олдиндан жойларни тайёрлаши;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида ахборот тақдим этиши;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш чоғида ҳалок бўлган ёки жабрланган ходимларга компенсациялар тўлаши шарт.

Ташкилотлар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.



3-БОБ. ФУҚАРОЛАР ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ

ОРГАНЛАРИНИНГ, НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ

ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ҲАМДА ОММАВИЙ АХБОРОТ

ВОСИТАЛАРИНИНГ ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРНИНГ

ОЛДИНИ ОЛИШ ВА УЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШДА

ИШТИРОК ЭТИШИ


13-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш

органларининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш

ва уларни бартараф этишда иштирок этиши


Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги вазифаларни ҳал қилишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ва бошқа ташкилотларга кўмаклашади;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирларига фуқароларни жалб этади;

аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.



14-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни

бартараф этишда иштирок этиши


Нодавлат нотижорат ташкилотлари:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишда иштирок этиши;

аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда иштирок этиши;

фавқулодда вазиятлар манбалари ҳамда уларни бартараф этиш чоралари тўғрисида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан, шунингдек ташкилотлардан ахборот олиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.



15-модда. Оммавий ахборот воситаларининг

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни

бартараф этишда иштирок этиши


Оммавий ахборот воситалари:

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга доир тадбирларни ёритади;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги билимларни тарғиб қилишда иштирок этади;

аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Оммавий ахборот воситалари қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.



4-БОБ. ФУҚАРОЛАРНИНГ ФАВҚУЛОДДА

ВАЗИЯТЛАРДАН МУҲОФАЗА ҚИЛИШ СОҲАСИДАГИ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


16-модда. Фуқароларнинг фавқулодда вазиятлардан

муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари


Фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фавқулодда вазият рўй берганда ҳаёти, соғлиғи ва шахсий мол-мулкининг муҳофаза қилиниши;

умумий ва якка муҳофазаланиш воситаларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларнинг аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш учун мўлжалланган бошқа мол-мулкидан фойдаланиш;

мамлакат ҳудудининг муайян жойларида бўлганда улар дуч келиши мумкин бўлган хавф-хатар даражаси тўғрисида ҳамда зарур хавфсизлик чоралари ҳақида хабардор бўлиш;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш масалалари юзасидан давлат органларига мурожаат этиш;

фавқулодда вазиятлар зоналарида ишлаганлиги учун бепул тиббий хизмат, компенсациялар ва бошқа имтиёзлар олиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш жараёнида мажбуриятларини бажариш чоғида ўз соғлиғига етказилган зарар учун компенсациялар ва имтиёзлар олиш;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш мажбуриятларини бажариш чоғида орттирган касаллиги муносабати билан меҳнат қобилиятини йўқотган тақдирда, ногиронлиги меҳнатда майиб бўлиш оқибатида келиб чиққан ходимлар учун белгиланган тартибда пенсия таъминотини олиш;

боқувчисини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш мажбуриятларини бажариш чоғида орттирган майиблик ёки касалликдан ҳалок бўлганлиги ёки вафот этганлиги муносабати билан йўқотганда, меҳнатда майиб бўлиш туфайли ҳалок бўлган шахснинг оила аъзолари учун белгиланган тартибда пенсия таъминотини олиш.

Фуқаролар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Давлат ижтимоий суғуртаси тартиби ва шартлари, компенсациялар ҳамда имтиёзларнинг турлари ва миқдорлари қонунчиликда белгиланади.



17-модда. Фуқароларнинг фавқулодда вазиятлардан

муҳофаза қилиш соҳасидаги мажбуриятлари


Фуқаролар:

хавфсизлик чораларига риоя этиши, ишлаб чиқариш интизомининг ва технологик интизомнинг, экологик хавфсизлик талабларининг фавқулодда вазиятлар рўй беришига олиб келиши мумкин бўлган бузилишларига йўл қўймаслиги;

фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланишнинг асосий усулларини, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш йўлларини ўрганиши ҳамда ўз билимлари ва амалий кўникмаларини такомиллаштириши;

фавқулодда вазиятлар рўй беришига олиб келиши мумкин бўлган авариялар, офатлар, ҳалокатлар ва ёнғинлар хавфидан дарак берувчи аниқланган аломатлар тўғрисида тегишли органларни хабардор қилиши;

фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи шароитларидаги ва фавқулодда вазиятлар рўй берган шароитлардаги огоҳлантириш сигналларини, юриш-туриш қоидаларини ҳамда ҳаракат қилиш тартибини, умумий ва якка муҳофазаланиш воситаларидан фойдаланиш усулларини билиши;

зарур бўлганда, қутқарув ишларини ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни амалга оширишга кўмаклашиши шарт.

Фуқароларнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



18-модда. Чет эл фуқароларининг ҳамда фуқаролиги

бўлмаган шахсларнинг фавқулодда вазиятлардан муҳофаза

қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга бўлади ҳамда уларнинг зиммасида мажбуриятлар бўлади.



5-БОБ. ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРДАН МУҲОФАЗА

ҚИЛИШНИ ТАЪМИНЛАШ ТИЗИМИ


19-модда. Ўзбекистон Республикаси фавқулодда

вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда

ҳаракат қилиш давлат тизими


Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими (бундан буён матнда Фавқулодда вазиятлар давлат тизими деб юритилади) томонидан таъминланади.

Фавқулодда вазиятлар давлат тизими фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида ваколатларга эга бўлган ёки зиммасида мажбуриятлар бўлган вазирликларнинг, идораларнинг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар, шаҳарлар ҳокимликларининг ҳамда ташкилотларнинг бошқарув органларини, кучлари ва воситаларини бирлаштиради.

Фавқулодда вазиятлар давлат тизими ҳудудий, функционал ва ахборот-бошқарув қуйи тизимларидан иборат, шунингдек республика, маҳаллий ҳамда объект даражаларига эга бўлади.

Фавқулодда вазиятлар давлат тизимининг таркиби ва фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



20-модда. Фавқулодда вазиятлар давлат

тизимини бошқариш


Фавқулодда вазиятлар давлат тизимини бошқариш:

республика даражасида - махсус ваколатли давлат органи;

маҳаллий даражада - махсус ваколатли давлат органининг ҳудудий бўлинмалари;

объект даражасида - объект раҳбари томонидан амалга оширилади.



21-модда. Фавқулодда вазиятлар давлат

тизимининг режимлари


Прогноз қилинган ёки рўй берган фавқулодда вазиятнинг кўлами ва ҳолатига қараб муайян ҳудудда Фавқулодда вазиятлар давлат тизимининг қуйидаги режимлари ўрнатилади:

кундалик режим - муайян ҳудудда, объектда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи мавжуд бўлмаганда;

юқори тайёргарлик режими - фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи мавжуд бўлганда;

фавқулодда вазият режими - фавқулодда вазиятлар рўй берганда ва фавқулодда вазиятлар даврида.

Юқори тайёргарлик ва фавқулодда вазият режимлари рўй берган фавқулодда вазиятнинг турига қараб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг, шунингдек тегишли объектлар раҳбарларининг қарорлари билан жорий этилади.



22-модда. Фавқулодда вазиятлар давлат тизими

кундалик режимининг асосий тадбирлари


Фавқулодда вазиятлар давлат тизими томонидан кундалик режимда амалга ошириладиган асосий тадбирлар қуйидагилардан иборат:

атроф табиий муҳитнинг ҳолати, хавф даражаси юқори бўлган объектлардаги ва уларга туташ ҳудудлардаги вазият устидан назорат қилиш ҳамда кузатиш, рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни прогноз қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини баҳолаш;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ахборотни тўплаш, таҳлил қилиш ва алмашиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича мақсадли ва илмий-техник дастурлар ҳамда тадбирларни режалаштириш ва амалга ошириш;

аҳолини, моддий ва маданий бойликларни хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш, эвакуация қилинган аҳоли вақтинча жойлаштирилган жойларда уларнинг ҳаёт фаолиятини таъминлаш бўйича тадбирларни режалаштириш, шунингдек тегишли тайёргарлик тадбирларини амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга доир тадбирларни режалаштириш;

аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва муҳофазаланиш усулларига ўргатиш;

аҳолига хабар беришнинг ва уни хабардор қилишнинг автоматлаштирилган тизими шайлигини таъминлаш ҳамда назорат қилиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш ҳамда уларнинг ўрнини тўлдириб бориш;

суғуртанинг мақсадли турларини амалга ошириш.



23-модда. Фавқулодда вазиятлар давлат тизими юқори

тайёргарлик режимининг асосий тадбирлари


Фавқулодда вазиятлар давлат тизими томонидан юқори тайёргарлик режимида амалга ошириладиган асосий тадбирлар қуйидагилардан иборат:

фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазиятлар рўй берганлиги ҳақида давлат бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ва ташкилотларга хабар бериш, шунингдек аҳолини хабардор қилиш;

атроф табиий муҳитнинг ҳолати, хавф даражаси юқори бўлган объектлардаги ва уларга туташ ҳудудлардаги вазият устидан мониторингни кучайтириш, фавқулодда вазиятларнинг рўй бериши эҳтимолини, кўламлари ҳамда оқибатларини прогноз қилиш;

фавқулодда вазиятлар рўй бериши мумкин бўлган ҳудудларда уларнинг рўй бериши хавфини баҳолаш учун тезкор гуруҳларни ташкил этиш, таҳдид солувчи омилларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича тезкор тадбирларни ва, зарур бўлганда, аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилишни амалга ошириш;

фавқулодда вазиятлар шароитларида аҳолини ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек турар жой биноларининг, ҳаёт таъминоти тизимларининг, объектлар ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш чораларини кўриш;

Фавқулодда вазиятлар давлат тизимига кирадиган давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлар раҳбарларининг кеча-кундуз навбатчилигини ташкил этиш;

Фавқулодда вазиятлар давлат тизимига кирадиган давлат бошқаруви органларининг ва ташкилотларнинг тезкор бошқарув бўлинмалари ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш;

Фавқулодда вазиятлар давлат тизимининг кучлари ва воситаларини шай ҳолатга келтириш, фаолиятни юқори тайёргарлик режимига ўтказиш, уларнинг ҳаракатлари режаларини аниқлаштириш ҳамда зарур бўлганда, уларни фавқулодда вазиятлар рўй бериши мумкинлиги тахмин қилинаётган ҳудудга йўналтириш.



24-модда. Фавқулодда вазиятлар давлат тизими

фавқулодда вазият режимининг асосий тадбирлари


Фавқулодда вазиятлар давлат тизими томонидан фавқулодда вазият режимида амалга ошириладиган асосий тадбирлар қуйидагилардан иборат:

фавқулодда вазиятлар рўй берганлиги ҳақида давлат бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ва ташкилотларга хабар бериш, шунингдек аҳолини хабардор қилиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга доир режаларни амалга киритиш;

аҳолининг, моддий ва маданий қимматликларнинг хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинишини ташкил этиш;

фавқулодда вазият зонасининг чегараларини белгилаш, ўраб олиш (тўсиб қўйиш), унга кириш-чиқиш режимини ва унда ҳаракатланиш режимини белгилаш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун кучларни жалб этиш, мазкур тузилмалар томонидан фавқулодда вазиятларнинг кенгайишига йўл қўймасликка ва уларнинг бирламчи сабабларини бартараф этишга доир ишларни, қутқарув ишларини ҳамда кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни амалга ошириш;

иқтисодиёт объектларининг барқарор фаолият кўрсатишини, шунингдек жабрланган аҳолининг ҳаёт фаолияти шароитларини таъминлаш ишларини ташкил этиш;

фавқулодда вазиятлар зоналарида атроф табиий муҳитнинг ҳолати, авария объектларидаги ва уларга туташ ҳудудлардаги вазият юзасидан мониторинг олиб бориш;

эвакуация қилинган аҳолини вақтинчалик жойлаштириш ва унинг ҳаёт фаолиятини таъминлаш, тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш ҳамда аҳолининг вақтинча бандлигини таъминлаш бўйича чоралар кўриш;

фавқулодда вазиятлар зоналарида эпидемияга қарши ва санитария-гигиена тадбирларини бажариш;

инфратузилма объектларини тиклаш, ижтимоий аҳамиятга молик объектларнинг фаолиятини йўлга қўйиш;

жабрланган аҳолига моддий ёрдам кўрсатиш, жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш бўйича тадбирларни амалга ошириш.



25-модда. Аҳолини ва мутахассисларни фавқулодда

вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш


Аҳолини мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида, ишлаб чиқаришда ҳамда яшаш жойида фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ўргатиш умумий ва мажбурийдир.

Фавқулодда вазиятлар давлат тизимининг раҳбарларини ва мутахассисларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида, малака ошириш муассасаларида, курсларда, махсус ўқув-услубият марказларида ҳамда иш жойида амалга оширилади.

Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлашга доир тадбирларга услубий раҳбарлик ва уларни назорат қилиш махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Аҳолини ва мутахассисларни фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш тартиби қонунчиликда белгиланади.



26-модда. Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза

қилиш соҳасидаги билимларни тарғиб этиш


Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги билимларни тарғиб этиш, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар, барча ташкилотлар томонидан таъминланади.



27-модда. Фавқулодда вазиятлар мониторинги

ва уларни олдиндан прогноз қилиш


Фавқулодда вазиятлар мониторинги ва уларни олдиндан прогноз қилиш Фавқулодда вазиятлар мониторинги, ахборот алмашиш ва прогноз қилишнинг ягона тизимига кирувчи давлат бошқаруви органлари ҳамда ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Фавқулодда вазиятлар мониторингининг ва ушбу вазиятларни олдиндан прогноз қилишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фавқулодда вазиятларга олиб келувчи потенциал манбаларни барвақт аниқлаш, улар устидан тизимли кузатув ва назоратни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш;

фавқулодда вазиятлар мониторингига ва уларни прогноз қилишга доир ахборотни, шунингдек уларнинг рўй бериши ҳамда оқибатлари тўғрисидаги маълумотларни доимий равишда ва автоматлаштирилган тарзда алмашишни таъминлаш;

фавқулодда вазиятларга олиб келувчи хавфли табиий, техноген ва экологик жараёнларнинг ривожланиш эҳтимолини, хусусиятлари ҳамда кўламини олдиндан прогноз қилиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга, шунингдек уларнинг оқибатларини камайтиришга оид тавсияларни ишлаб чиқиш.



28-модда. Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза

қилиш соҳасидаги ахборот


Фавқулодда вазиятларнинг прогнозлари, уларнинг рўй бериши ва оқибатлари, тегишли ҳудудлардаги радиациявий, кимёвий, тиббий-биологик, ёнғин-портлаш, сейсмик ва экологик хавфсизлик тўғрисидаги, шунингдек фавқулодда вазиятлар рўй беришига олиб келиши мумкин бўлган бошқа омиллар ҳақидаги маълумотлар фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ахборотни ташкил этади.

Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ахборот очиқдир.

Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ахборотни яшириш, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки била туриб ёлғон ахборот тақдим этиш тақиқланади.

Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ахборот билан таъминлаш тартиби қонунчиликда белгиланади.



29-модда. Аҳолини фавқулодда вазият рўй

бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазият

рўй берганлиги ҳақида хабардор қилиш


Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ташкилотлар фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳолати, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар, прогноз қилинаётган ёки рўй берган фавқулодда вазиятлар, улардан муҳофазаланиш усуллари тўғрисида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан махсус техника воситалари орқали аҳолини ўз вақтида ва ишончли тарзда хабардор қилиши шарт.

Аҳоли фавқулодда вазият рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазият рўй берганлиги ҳақида дарҳол хабардор қилинади. Ахборотда фуқароларга бундай вазиятларда ҳаракат қилиш ва зарур муҳофаза чораларини бажариш тартиби етказилади.

Аҳолини фавқулодда вазият рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазият рўй берганлиги ҳақида хабар бериш ва хабардор қилишнинг автоматлаштирилган тизими, шунингдек оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилади.

Фавқулодда вазият рўй бериши хавфи тўғрисидаги ёки фавқулодда вазият рўй берганлиги ҳақидаги ахборот республика ва маҳаллий телевидение ҳамда радио каналлари орқали дарҳол хабар қилинади.



30-модда. Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза

қилиш соҳасидаги давлат экспертизаси


Хавф даражаси юқори бўлган объектлар, техник жиҳатдан мураккаб ва ноёб объектлар лойиҳа ҳужжатларининг фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши нуқтаи назаридан давлат экспертизаси махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.



31-модда. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш

учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари


Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари улардан фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун шошилинч тарзда фойдаланиш мақсадида олдиндан яратилади.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг прогнозидан, фавқулодда вазиятларнинг кўламидан, шунингдек ҳудуднинг табиий, иқтисодий ва бошқа ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ташкилотлар томонидан яратилади.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари фавқулодда вазиятларни бартараф этишга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларининг махсус захираларини, кийим-кечакларни, дори воситаларини, тиббий буюмларни, тиббий техникани, қурилиш материалларини, нефть маҳсулотларини, умумий ва якка муҳофазаланиш воситаларини ҳамда бошқа моддий ресурсларни, шунингдек фавқулодда вазиятларни бартараф этиш чоғидаги кутилмаган харажатларнинг ўрнини тўлдириш учун мўлжалланган пул маблағларини ўз ичига олади.



6-БОБ. ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРНИ

БАРТАРАФ ЭТИШ ТАРТИБИ


32-модда. Фавқулодда вазиятларни эълон қилиш


Фавқулодда вазиятларни эълон қилиш:

маҳаллий миқёсдаги фавқулодда вазиятларда - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тегишли қарорлари;

республика миқёсидаги ва трансчегаравий фавқулодда вазиятларда - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади.

Фавқулодда вазиятни эълон қилиш махсус ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тегишинча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига рўй берган фавқулодда вазиятлар тўғрисида тақдим этиладиган ахборот асосида амалга оширилади.



33-модда. Фавқулодда вазиятларни бартараф

этишга доир ишларга раҳбарлик қилиш


Фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир ишларга раҳбарлик қилиш:

локал фавқулодда вазиятларда - ҳудудида фавқулодда вазият рўй берган ташкилотнинг раҳбари белгилаган масъул ходим томонидан;

маҳаллий миқёсдаги фавқулодда вазиятларда - махсус ваколатли давлат органи ҳудудий бўлинмасининг раҳбари ёки рўй берган фавқулодда вазиятнинг хусусиятига қараб, тегишли соҳада давлат бошқарувини амалга оширувчи вазирликнинг ва идоранинг ҳудудий бўлинмаси раҳбари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг қарори асосида;

республика миқёсидаги ва трансчегаравий фавқулодда вазиятларда - махсус ваколатли давлат органининг раҳбари ёки рўй берган фавқулодда вазиятнинг хусусиятига қараб, тегишли соҳада давлат бошқарувини амалга оширувчи вазирликнинг ва идоранинг раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида амалга оширилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир ишларга раҳбарлик қилувчи шахслардир.



34-модда. Фавқулодда вазиятларни бартараф

этишга доир ишларга раҳбарлик қилувчи

шахсларнинг ваколатлари


Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун жалб қилинган барча кучлар ва воситаларни бошқариш, шунингдек уларнинг биргаликдаги ҳаракатларини ташкил этиш фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир ишларга раҳбарлик қилувчи шахслар томонидан амалга оширилади.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир ишларга раҳбарлик қилувчи шахсларнинг ваколатлари:

локал фавқулодда вазиятларда - ҳудудида фавқулодда вазият рўй берган ташкилотнинг раҳбари томонидан;

маҳаллий миқёсдаги фавқулодда вазиятларда - маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан;

республика миқёсидаги ва трансчегаравий фавқулодда вазиятларда - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Фавқулодда вазиятлар зонасига биринчи бўлиб етиб келган қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг раҳбарлари фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир ишларга раҳбарлик қилувчи шахсларнинг ваколатларини ўз зиммасига олади ҳамда ушбу раҳбарлик қилувчи шахслар етиб келгунига қадар мазкур ваколатларни амалга оширади.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир ишларга раҳбарлик қилувчи шахслар одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита таҳдид бўлганда қуйидаги қарорларни мустақил равишда қабул қилишга ҳақли:

эвакуация тадбирларини ўтказиш тўғрисида;

фавқулодда вазиятлар зоналаридаги объектларда ва ҳудудларда қутқарув ишларини олиб бориш ҳақида;

фавқулодда вазиятлар зоналарига киришни, шунингдек уларда ҳаракатланишни чеклаш тўғрисида;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун фавқулодда вазиятлар зоналаридаги ташкилотларнинг моддий-техника ресурсларидан фойдаланиш ҳақида;

штатдан ташқари қутқарув тузилмалари ва жамоат қутқарув тузилмаларини, шунингдек қутқарув ишларини амалга оширишга бўлган ҳуқуқларини тасдиқлайдиган ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда, мазкур тузилмалар таркибига кирмайдиган қутқарувчиларни фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир ишларни амалга оширишга жалб этиш тўғрисида;

фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш учун вояга етган фуқароларни ихтиёрийлик асосида жалб этиш ҳақида;

фавқулодда вазиятлар кўламининг кенгайиб бориши ва уларни бартараф этишга доир ишларнинг бориши билан боғлиқ ҳолда бошқа зарур чораларни кўриш тўғрисида.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир ишларга раҳбарлик қилувчи шахсларнинг фавқулодда вазиятларни бартараф этишга қаратилган қарорлари, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фавқулодда вазиятлар зоналаридаги барча юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир ишларга раҳбарлик қилувчи шахсларнинг фаолиятига уларни ўз мажбуриятларини бажаришдан четлаштирмасдан ва раҳбарликни зиммасига олмасдан ёки бошқа мансабдор шахсни тайинламасдан туриб аралашишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита таҳдид бўлган тақдирда, фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир ишларга раҳбарлик қилувчи шахслар ўзи қабул қилган қарорлар тўғрисида тегишли давлат бошқаруви органларини, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ва ташкилотларни дарҳол хабардор қилиш юзасидан барча чораларни кўриши шарт.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир ишларга раҳбарлик қилувчи шахслар, қутқарув хизматларининг ва қутқарув тузилмаларининг раҳбарлари фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир ишларни ташкил этиш учун зарур бўлган фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги тўлиқ ва ишончли ахборотни олиш ҳуқуқига эга.

Қутқарув ишларини тўлиқ ҳажмда олиб бориш технологик жиҳатдан мумкин бўлмаган тақдирда, фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир ишларга раҳбарлик қилувчи шахслар биринчи навбатда фавқулодда вазиятлар зоналаридаги одамларни қутқариш бўйича барча мумкин бўлган чораларни кўргач, қутқарув ишларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.



35-модда. Фавқулодда вазият зонасининг

чегараларини белгилаш


Фавқулодда вазият зонасининг чегаралари фавқулодда вазиятлар турларига мувофиқ фавқулодда вазиятни бартараф этишга доир ишларга раҳбарлик қилувчи шахс томонидан аниқланади ҳамда ушбу Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича тегишли раҳбарларнинг қарорлари билан белгиланади.



36-модда. Фавқулодда вазиятларни бартараф

этиш учун кучлар таркиби


Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун кучлар махсус ваколатли давлат органининг ҳарбий, ихтисослаштирилган ўт ўчириш-қутқарув бўлинмаларидан, Фавқулодда вазиятлар давлат тизими таркибига кирувчи давлат бошқаруви органларининг ва ташкилотларнинг тегишли тузилмалари ҳамда бўлинмаларидан иборатдир.



37-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий

гвардиясининг фавқулодда вазиятларни бартараф

этишга доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш чоғида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш;

фавқулодда вазиятлар зоналарида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек объектлар, ҳудудлар, моддий ва маданий қимматликларнинг қўриқланишини ҳамда муҳофаза қилинишини таъминлаш.



38-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар

вазирлигининг фавқулодда вазиятларни бартараф

этишга доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фавқулодда вазият зонасида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш;

аҳолини хабардор қилиш, ҳудуддаги зарур участкаларни ўраб олиш (тўсиб қўйиш) бўйича чоралар кўриш, қаровсиз қолган мол-мулкни қўриқлаш;

соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда фавқулодда вазиятларда ҳалок бўлган одамларнинг ҳисобини юритиш.



39-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни

сақлаш вазирлигининг фавқулодда вазиятларни

бартараф этишга доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фавқулодда вазиятларда жабрланганларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек фавқулодда вазият зонасига дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника тезкор етказиб берилишини таъминлаш;

эпидемиялар ва пандемиялар шароитларида карантин тадбирларини ташкил этиш, тиббий, санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш;

фавқулодда вазиятлар зонасидаги атроф-муҳитнинг радиоактив, кимёвий, заҳарловчи моддалар ва бактериал (биологик) воситалар билан ифлосланишини назорат қилиш.



40-модда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар

вазирлигининг фавқулодда вазиятларни бартараф

этишга доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

трансчегаравий фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи бўлганда ёки фавқулодда вазиятлар рўй берганда, шу жумладан эпидемиялар ва пандемияларда Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари билан биргаликда чегарадош давлат ҳудудида турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш;

трансчегаравий фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи бўлганда ёки фавқулодда вазиятлар рўй берганда Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари билан биргаликда чегарадош давлат ҳудудида турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хавфсиз жойларга эвакуация қилинишини ташкил этиш ёки уларни Ўзбекистон Республикасига қайтариш, шунингдек ҳалок бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жасадларини Ўзбекистон Республикасига жўнатиш чораларини кўриш;

фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи бўлганда ёки фавқулодда вазиятлар рўй берганда Ўзбекистон Республикасининг тегишли органлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқароларига ёрдам кўрсатишни ташкил этиш.



41-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ

хўжалиги вазирлигининг фавқулодда вазиятларни

бартараф этишга доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фавқулодда вазият зонасидаги аҳолини ва эвакуация қилинган аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда озиқ-овқат билан таъминлашни ташкил этиш;

фавқулодда вазиятлар зонасидаги қишлоқ хўжалиги ўсимликларини ҳимоя қилиш, ўсимликлар орасида юқумли касалликлар (эпифитотиялар) тарқалишининг олдини олиш бўйича тадбирларни ташкил этиш ва амалга ошириш.



42-модда. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги

вазирлигининг фавқулодда вазиятларни бартараф

этишга доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

аҳолини ҳамда тегишли ташкилотларни сув омборларида ва бошқа гидротехника иншоотларида фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазиятлар рўй берганлиги ҳақида хабардор қилиш;

фавқулодда вазиятлар зоналаридаги гидротехника иншоотларини, ирригация ва мелиорация тизимларини тиклаш, тошқин сувларининг хавфсиз ўтказиб юборилишини таъминлаш.



43-модда. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш

вазирлигининг фавқулодда вазиятларни бартараф

этишга доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фавқулодда вазиятлар оқибатида бинолар ва иншоотларга етказилган зарарни баҳолаш, шунингдек уларнинг мустаҳкамлик ҳолатини текшириш;

фавқулодда вазиятларнинг таъсирига учраган жойларда ва аҳоли пунктларида шаҳарсозлик фаолиятини алоҳида тартибга солиш.



44-модда. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал

хизмат кўрсатиш вазирлигининг фавқулодда вазиятларни

бартараф этишга доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фавқулодда вазиятларда шикастланган ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизимларини тиклаш, шунингдек уларнинг фавқулодда вазиятлар шароитларида барқарор ишлашини таъминлаш;

фавқулодда вазиятлар натижасида шикастланган уй-жой коммунал хўжалиги объектларини тиклаш ва уларнинг фаолиятини таъминлаш.



45-модда. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла

ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг

фавқулодда вазиятларни бартараф этишга

доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

аҳолини фавқулодда вазият зонасидан хавфсиз жойларга эвакуация қилишни ташкил этишда иштирок этиш;

эвакуация қилинган аҳолини ҳисобга олишда ва вақтинчалик жойлаштиришда иштирок этиш.



46-модда. Ўзбекистон Республикаси Бандлик

ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг фавқулодда

вазиятларни бартараф этишга доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этиш чоғида ҳаёт фаолиятини тиклашга доир ишларни бажаришга банд бўлмаган аҳолини жалб этиш;

эвакуация қилинган аҳолини вақтинчалик иш билан таъминлаш чораларини кўриш.



47-модда. Ўзбекистон Республикаси Энергетика

вазирлигининг фавқулодда вазиятларни бартараф

этишга доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фавқулодда вазиятлар натижасида шикастланган энергетика тизимларини тиклаш ва уларни таъмирлашни амалга ошириш;

фавқулодда вазиятлар зонасидаги аҳолини, ишлаб чиқаришга оид ҳамда ижтимоий объектларни электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминлашни ташкил этиш;

қутқарув ва авария-тиклаш ишлари учун етарли миқдорда ёқилғи-энергетика ресурсларини ажратиш.



48-модда. Ўзбекистон Республикаси Транспорт

вазирлигининг фавқулодда вазиятларни бартараф

этишга доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва эвакуация тадбирларини амалга ошириш учун зарур бўлган қутқарув тузилмаларининг, кучлар ва воситаларнинг, ҳарбий бўлинмаларнинг, махсус техниканинг ҳамда моддий ресурсларнинг биринчи навбатда ташилишини таъминлаш;

фавқулодда вазиятлардаги эвакуация тадбирлари даврида ташишларни амалга ошириш учун эвакуация поездлари, автотранспорт воситалари ажратилишини ташкил этиш, бузилган автомобиль йўлларини, шунингдек транспорт инфратузилмаси объектларини тиклаш.



49-модда. Ўзбекистон Республикаси Ахборот

технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш

вазирлигининг фавқулодда вазиятларни бартараф

этишга доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир тадбирларни амалга ошириш чоғида коммуникацияни ва ахборот алмашишни таъминлаш;

аҳолига фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазиятлар рўй берганлиги ҳақида ўз вақтида хабар бериш учун мобиль алоқа операторлари орқали ахборот (маълумот) етказилишини ташкил этиш.



50-модда. Ўзбекистон Республикаси Экология

ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг

фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир

асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фавқулодда вазиятлар зонасида очиқ сув ҳавзаларидаги сувнинг ифлосланиши, саноат объектлари ҳамда бошқа объектлар томонидан зарарли моддаларнинг атроф табиий муҳитга чиқариб ташланиши ва чиқиндиларнинг жойлаштирилиши юзасидан мониторингни амалга оширади.



51-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги

вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни

ривожлантириш қўмитасининг фавқулодда вазиятларни

бартараф этишга доир асосий вазифалари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси фавқулодда вазиятлар шароитларида ҳайвонлар орасида юқумли касалликлар (эпизоотиялар) оммавий равишда тарқалишининг олдини олишга доир тадбирларни ташкил этади ҳамда амалга оширади, шунингдек эпизоотияларни бартараф этиш бўйича чоралар кўради.


52-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ

қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг фавқулодда

вазиятларни бартараф этишга доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фавқулодда вазият рўй берган жойлар ҳамда фавқулодда вазият таъсирига тушувчи ҳудудлар рельефининг компьютер модулларини ишлаб чиқиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этишга раҳбарлик қилувчи шахсни фавқулодда вазият рўй берган ҳудуд тўғрисидаги геодезик ва картографик ахборот, шунингдек ер-кадастр хариталари билан таъминлаш.



53-модда. Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология

хизмати марказининг фавқулодда вазиятларни

бартараф этишга доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фавқулодда вазиятни бартараф этишга раҳбарлик қилувчи шахсни фавқулодда вазият рўй берган жойдаги гидрометеорологик шароитлар тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш;

хавфли гидрометеорологик ҳодисалар прогнозини тайёрлаш.



54-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини

бошқариш агентлигининг фавқулодда вазиятларни

бартараф этишга доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги фавқулодда вазиятлар натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар миқдорини аниқлаш ҳамда баҳолаш ишларини ташкил этади.



55-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг

фавқулодда вазиятларни бартараф этишга

доир асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

аҳолининг оммавий ахборот воситалари орқали фавқулодда вазият рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазият рўй берганлиги ҳақида хабардор қилинишини махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда ташкил этиш;

аҳолининг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида мунтазам равишда хабардор қилинишини таъминлаш.



56-модда. Фавқулодда вазиятларни

бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси

Қуролли Кучларини жалб этиш


Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг кучлари ва воситалари жалб этилиши мумкин.



57-модда. Фавқулодда вазиятларни бартараф

этишга доир ишларнинг тугатилиши


Фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир ишлар фавқулодда вазиятларни бартараф этишга раҳбарлик қилувчи шахснинг тақдимномаси асосида, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича тегишли раҳбарнинг қарори билан тугатилади.

Фавқулодда вазият бартараф этилганидан кейин давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ташкилотлар фуқароларнинг ҳаёт фаолиятини, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа объектларининг фаолият кўрсатишини тиклаш ҳамда атроф табиий муҳитни соғломлаштириш тадбирларини амалга ошириши шарт.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


58-модда. Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда

техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш

тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



59-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 августда қабул қилинган ҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида"ги 824-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 9, 221-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1999 йил 20 августда қабул қилинган ҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 825-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 9, 222-модда);


3) Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 17 сентябрда қабул қилинган ҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-258-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, N 9, 338-модда);


4) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-365-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, N 1, 2-модда) 20-моддаси;


5) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 24 декабрда қабул қилинган "Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-597-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 12, 891-модда) 8-моддаси;


6) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, N 4-сонга илова) 111-моддаси.



60-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



61-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



62-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 18 август


"Халқ сўзи", 2022 йил 18 август























































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск