ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Саноат зоналари /

"Eltech Industrial" технопаркини бошқариш дирекцияси" давлат муассасаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.08.2022 й. 459-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 19 августдаги

459-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Eltech Industrial" технопаркини бошқариш

дирекцияси" давлат муассасаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Eltech Industrial" технопаркини бошқариш дирекцияси" давлат муассасаси мақомини, асосий вазифаларини, функцияларини, фаолиятини ва ҳисоботини ташкил этиш, шунингдек, функционал мажбуриятлари ҳамда жавобгарлигини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


Дирекция - "Eltech Industrial" технопаркини бошқариш дирекцияси" давлат муассасаси;

Муассис - Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги;


Махсус комиссия - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 июндаги ПҚ-5159-сон қарори билан ташкил этилган Мис саноати кластерини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича махсус комиссия;


Лойиҳа офиси - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Геология, кон-металлургия ва мисни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш Лойиҳа офиси.


3. "Eltech Industrial" технопаркини бошқариш дирекцияси" давлат муассасаси (кейинги ўринларда - Дирекция) оператив бошқарув ҳуқуқи билан ўзига берилган давлат мулки бўлган мулк базасида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади, у ўзига бириктирилган мулкка нисбатан, қонунда белгиланган тартибда, ўз фаолияти мақсадларига, Муассис топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.

4. Дирекция ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, қарорлари ва фармойишлари, бошқа қонунчилик ҳужжатлари ва ушбу Низом доирасида амалга оширади.


5. Дирекция юридик шахс ҳисобланиб, алоҳида мол-мулк, мустақил баланс, банкдаги ҳисобварақларга, шу жумладан, чет эл валютаси ҳисобварақларга, шунингдек, эмблемасига, штампига ва ўз номи давлат тилида ёзилган Ўзбекистон Республикаси давлат герби тасвирланган муҳрга ва бошқа реквизитларга эгалик қилади.


6. Дирекциянинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - "Eltech Industrial" texnoparkini boshqarish direksiyasi" Davlat muassasasi;

қисқартирилган номи - "Eltech Industrial" texnoparkini boshqarish direksiyasi" DM;

б) pyc тилида:

тўлиқ номи - Государственное учреждение "Дирекция по управлению технопарком "Eltech Industrial";

қисқартирилган номи - ГУ "Дирекция по управлению технопарком "Eltech Industrial";

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - State institution "Directorate for the management of the technopark "Eltech Industrial";

қисқартирилган номи - SI "Directorate for the management of the technopark "Eltech Industrial".

7. Дирекция Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳар ҳокимлигига тегишли Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳри, Охунобоев кўчаси, 1-уй манзилида 2024 йил 1 январга қадар текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилади ҳамда келгуси йилларда Технопарк Бош режасига асосан қуриладиган маъмурий биносига жойлаштирилади.


8. Дирекция ўзининг Муассиси билан келишган ҳолда тижорат ташкилотлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларнинг иштирокига рухсат этиладиган тижорат ташкилотларининг иштирокчиси (акциядори, аъзоси) бўлиши мумкин.


9. Дирекция бошқа давлат корхонасининг таъсисчиси бўлиши мумкин эмас.



2-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ ВА МАҚСАДЛАРИ


10. Дирекциянинг асосий мақсади мис ва ноёб металларни қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган "Eltech Industrial" технопарки (кейинги ўринларда - Технопарк) фаолиятини бошқариш ҳисобланиб, Технопарк иштирокчилари томонидан инвестиция лойиҳаларини тўлиқ ва ўз вақтда бажарилиши, Технопарк ҳудудида ҳуқуқий меъёрларга риоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, Технопарк ҳудудидаги иқтисодий фаолият иштирокчиларига хизмат кўрсатишга ва ушбу Низомда назарда тутилган бошқа ишларнинг бажарилишини таъминлайди.

11. Дирекциянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

"Eltech Industrial" технопарки қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг реестрини юритиш, уларга тегишли гувоҳномалар бериш;

белгиланган тартибда танланган инвесторлар билан "Eltech Industrial" технопарки ҳудудида инвестициялаш тўғрисида битимлар, "Eltech Industrial" технопарки қатнашчилари билан фаолият кўрсатмай турган корхоналарни ва давлат мулки бўлган мол-мулкни сотиш ҳамда Махсус комиссия билан келишилган ҳолда қонунчиликка мувофиқ ер участкаларидан фойдаланиш тўғрисида шартномалар тузиш;

белгиланган тартибда танланган инвесторлар томонидан ўз зиммасига қабул қилган мажбуриятларнинг зарур даражада бажарилишини назорат қилиш, кейинчалик унинг натижаларини Лойиҳа офисига тақдим этиш;

"Eltech Industrial" технопарки ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни излаш ва жалб этиш;

Махсус комиссия қарорлари ва "Eltech Industrial" технопаркнинг ишлаб чиқилган бош режаси бўйича маъқулланган инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш;

"Eltech Industrial" технопарки ҳудудида жойлашган давлат мулки бўлган объектлардаги кўчмас мулкни Дирекцияга берилган ваколатлар доирасида бошқариш;

"Eltech Industrial" технопарки қатнашчиларига, шу жумладан, давлат органларида уларнинг манфаатларини ифодалаш йўли билан хизматлар кўрсатиш;

Махсус комиссия ваколатларига кирувчи масалалар бўйича унинг мажлисларида кўриб чиқиш учун материаллар тайёрлаш;

қабул қилинган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда инвестициялаш тўғрисидаги битимларни ҳамда фаолият кўрсатмай турган корхоналарни ва давлат мулки бўлган мол-мулкни сотиш тўғрисидаги шартномаларни бекор қилиш ҳақида Муассис қарорлари асосида судга даъво аризалари билан мурожаат қилиш;

Дирекция фаолиятини тезкор бошқариш бўйича бошқа функцияларни амалга ошириш;

мис, ноёб металлар ва бошқа маъданли минерал ресурсларни қайта ишлашнинг кўп поғонали технологик занжирларини ўзлаштириш орқали электротехника, электроника ва бошқа юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

кон-металлургия ва унга боғлиқ саноат тармоқларида фойдаланиладиган ускуналар ва техникалар, улар учун эҳтиёт ва бутловчи қисмлар, автоматлаштириш воситалари ҳамда бошқа асбоб-жиҳозлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Технопарк ҳудудида экологик стандартларга ва меҳнатни муҳофаза қилиш стандартларига жавоб берадиган, энергия самарадор ва "яшил" технологияларни қўллаш асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Технопарк ҳудудида жойлаштириладиган инвестиция лойиҳалари учун зарур ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани барпо этиш;

"Ягона дарча" услубида технопарк иштирокчиларига халқаро стандартларни қўллаш, маҳсулотлар мувофиқлигини баҳолаш ва сертификатлаштириш, маъмурий, логистика, давлат органларидан рухсатномалар олиш ва рўйхатдан ўтишга кўмаклашиш каби хизматларни кўрсатишни ташкил этиш;

Технопарк иштирокчилари ва маҳаллий корхоналар ўртасида ишлаб чиқариш кооперацияси учун қулай шарт-шароит яратиш.


12. Дирекция қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятнинг бошқа турларини ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ

БОШҚАРИШ


13. Дирекция Махсус комиссияга, Муассисга ва Лойиҳа офисига ҳисобдор ҳисобланади.


14. Дирекция фаолиятини мувофиқлаштириш юзасидан Махсус комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Дирекция фаолиятининг мақсади ва йўналишларини белгилаш;

Дирекциянинг Лойиҳа офиси билан келишилган ҳолда Технопарк ҳудудида истиқболли инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш тўғрисидаги таклифини тасдиқлаш;

Технопаркни ривожлантириш бўйича Дирекция фаолияти йўналиши ва стратегик вазифаларни белгилаш;

Технопаркнинг самарали фаолиятини таъминлаш учун ташкилий-техник чора-тадбирларни тасдиқлаш, шунингдек, уларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш;

Дирекция фаолияти тўғрисида ҳисоботларни ҳар чоракда бир маротаба эшитиш;

Дирекция директорини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш бўйича масалаларни кўриб чиқиш;

Дирекциянинг харажатлар сметаси ва штатлар жадвалини тасдиқлаш;

Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўриш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш бўйича Муассисга тегишли таклифлар киритиш.

Махсус комиссия қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


15. Лойиҳа офиси Дирекция фаолиятига кўмаклашиш мақсадида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Дирекция томонидан тақдим этилган ҳисоботларни қабул қилиш, уларни таҳлил қилиш;

Дирекцияга Технопарк ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида таклиф ва тавсиялар бериш;

Дирекция фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш ва Махсус комиссияга тақдим этиш;

Дирекция ишчилари ва директорининг малакасини оширишни ташкил этиш.

Лойиҳа офиси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.


16. Дирекция фаолиятига раҳбарлик қилиш Махсус комиссия таклифига кўра Муассис томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директор томонидан амалга оширилади.


17. Директор ижро этувчи орган ҳисобланади.


18. Директор:

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга асосан Дирекция ходимлари меҳнатини муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва тартибларга оид чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва жорий этади;

Лойиҳа офиси билан келишилган ҳолда Технопаркни ривожлантириш бўйича Технопарк ҳудудида истиқболли инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш таклифини ишлаб чиқади;

Дирекция фаолиятининг асосий йўналишларини такомиллаштириш, бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этишга оид тадбирларни амалга ошириш бўйича чоралар кўради;

Дирекция номидан ишончномасиз ишлайди, барча ташкилотларда, шу жумладан, чет эл мамлакатларида унинг манфаатларини ҳимоя қилади;

меҳнат шартномасига асосан ходимларни ишга қабул қилади;

ходимлар малакасини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

ходимлар учун мажбурий бўлган буйруқлар ва кўрсатмалар беради;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


19. Директор ўзининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини бажаришда Дирекция манфаатлари доирасида иш олиб боради ва ўрнатилган тартибда давлат бюджетига ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўланадиган барча тўловларнинг ўз вақтида тўланиши, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг амалга оширилиши, меҳнат ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган барча даъволарни қондириш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардир.


20. Директор қонунчиликда белгиланган тартибда Дирекциянинг ўз маблағларини бошқаради ва амалга оширилган харажатлар юзасидан ҳисоботларни тақдим этиб боради.


21. Директор ўзига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек, Дирекцияга топширилган давлат мулкининг сақланиши ва мақсадли ишлатилиши учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардир.



4-БОБ. ДИРЕКЦИЯ УСТАВ ФОНДИ

ШАКЛЛАНТИРИЛИШИ ВА

УНИНГ МИҚДОРИ


22. Дирекциянинг устав жамғармаси қуйидаги маблағлардан шакллантирилади:

республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

Муассис томонидан бериладиган мол-мулк;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган активлар.


23. Дирекциянинг устав фонди 2 000 000 000 (икки миллиард) сўм.



5-БОБ. ДАРОМАДЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ТАРТИБИ


24. Дирекция даромадлари қуйидагилардан шакллантирилади:

кўрсатилган хизматлардан олинадиган даромадлар;

Технопарк ҳудудида бино ва иншоотларни ижарага бериш, сотиш, лизингга бериш ёки қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари асосида сотиш (ижарага бериш) бўйича Махсус комиссиянинг қарорига мувофиқ белгиланган тартибда ўтказиладиган аукционлардан олинадиган даромадлар;

хорижий ва халқаро молия ташкилотлари грантлари, донорлик маблағлари, ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан.



6-БОБ. ДАРОМАДЛАРНИ (ФОЙДА) ТАҚСИМЛАШ

ВА ЗАРАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


25. Дирекциянинг соф фойдаси Дирекция ихтиёрида қолади ҳамда Махсус комиссия ва Муассис билан келишилган ҳолда фойдаланилади.


26. Муассис Махсус комиссия билан келишилган ҳолда ўзининг қарорига асосан жисмоний ва юридик шахсларга бериладиган хайрия маблағлари суммасини белгилайди ва уларни тасарруф этиш ҳуқуқини Директорга топширади.


27. Дирекция ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига, миқдори ва шакллантириш тартиби Муассис томонидан тасдиқланадиган захира жамғармасини, шунингдек, бошқа жамғармаларни белгиланган тартибда ташкил этиши мумкин.



7-БОБ. ҲИСОБОТЛАРНИ ТАҚДИМ

ЭТИШ ТАРТИБИ


28. Ҳисобот даври сўнгида Дирекция ваколатли органларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда молиявий ва бошқа ҳисоботларни тақдим этади, шунингдек, ҳужжатларнинг сақланишига ва белгиланган тартибда сақлаш учун давлат идораларига топширишга жавобгар ҳисобланади.


29. Хўжалик юритувчи субъект сифатида Дирекция фаолиятини назорат қилиш Муассис томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


30. Директор ҳар чоракда Муассис ва Лойиҳа офисига Дирекция фаолияти натижалари бўйича ҳисоботларни тақдим этади.



8-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ЖАВОБГАРЛИГИ


31. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мол-мулк билан жавоб беради. Мол-мулк етарли даражада бўлмаган тақдирда Муассис Дирекция мажбуриятлари бўйича ёрдамчи жавобгарликни ўз зиммасига олади.


32. Дирекция Муассиснинг мажбуриятлари учун жавобгар эмас.



9-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИ ТУГАТИШ ВА

ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ


33. Дирекция қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тугатилади ва қайта ташкил этилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


34. Мазкур Низомда тартибга солинмаган муносабатлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тартибга солинади.


35. Ушбу Низомнинг талабларига риоя этилишини назорат қилиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


36. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 20 август







































Время: 0.0054
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск