ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат шартномаси (контракт) / Давлат фуєаролик хизмати /

Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг Намунавий қоидалари (ЎзР ВМ 14.10.2022 й. 595-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 14 октябрдаги

595-сон қарорига

1-ИЛОВА



Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг

НАМУНАВИЙ ҚОИДАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари (кейинги ўринларда - Одоб-ахлоқ қоидалари) давлат фуқаролик хизматчиларининг (кейинги ўринларда - давлат хизматчилари) касбий маданияти, хизмат фаолияти давомида ҳамда хизматдан ташқари вақтда одоб-ахлоқи, ташқи кўриниши ва кийиниш услубининг намунавий қоидаларини белгилайди.

Одоб-ахлоқ қоидалари давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олишга қаратилган.


2. Давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга ошириши шарт:

қонунийлик;

Ватанга садоқат ва хизмат вазифасига фидойилик, юкланган функционал вазифаларини тўлиқ бажариш, ижро интизомига қатъий риоя этиш;

фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

давлат ва жамият манфаатларига содиқлик;

адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;

коррупциявий ҳолатларга муросасиз муносабатда бўлиш ва қарши курашиш;

хизмат сирини қатъий сақлаш;

мансаб ваколатларини суиистеъмол қилмаслик;

манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.


3. Давлат хизматчилари меҳнат фаолияти давомида ва ишдан ташқари вақтда хулқ-атворнинг қуйидаги умумий қоидаларига амал қилиши лозим:

давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш, ахлоқ нормаларига доимий риоя қилиш;

масъулият, касбига садоқат ва ҳалолликни кундалик шиорга айлантириш;

мураккаб вазифаларни бажаришда ҳамкасбларига кўмаклашиш;

хушмуомалалик, эътиборлилик ва ҳушёрлик билан фуқароларда давлатга нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳиссини уйғотиш;


оиласида соғлом муҳитни таъминлаб, оила аъзоларига доимий ғамхўр бўлиш, фарзандларида ватанпарварлик ва бошқа юксак ахлоқий фазилатларни шакллантириш;

фуқароларнинг ижтимоий келиб чиқиши, иқтисодий аҳволи ва бошқа омиллардан қатъи назар, улар билан бир хил, самимий, одоб доирасида муносабатда бўлиш;

жамиятда ахлоқнинг умумэътироф этилган қоидаларига амал қилиш.


4. Давлат хизматчилари ўз ваколатларини амалга ошираётганда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Одоб-ахлоқ қоидаларига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.


5. Давлат хизматчилари Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш мажбуриятига, фуқаролар эса давлат хизматчиларидан мазкур қоидаларга мос бўлган касбий маданиятни талаб қилиш ҳуқуқига эга.


6. Давлат хизматчиларининг Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши уларнинг фаолияти ҳамда хизматдаги ахлоқини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири ҳисобланади.

Давлат хизматчилари томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиниши ҳолати уларни келгусида юқори лавозимларга тайинлаш ва раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.



2-БОБ. КАСБИЙ МАДАНИЯТГА ОИД УМУМИЙ

ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ


7. Давлат хизматчилари:

фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, фуқаролиги, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи камситилишига олиб келувчи таъсир чоралари ва ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)га йўл қўймаслиги;

ҳалол, адолатли ва камтар бўлиши, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, вазмин ва самимий муносабатни намойиш қилиши;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қарорларни қабул қилишда қонунийликни, адолатлиликни ва шаффофликни таъминлаши;

давлат ва жамият манфаатларига зарар етказувчи, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлигини пасайтирадиган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)дан тийилиши;

ўзининг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриши, танқид учун таъқибга йўл қўймаслиги, асосли ва конструктив танқиддан ўз фаолиятидаги камчиликлар ҳамда нуқсонларни бартараф этиш йўлида фойдаланиши;

давлат органлари ва ташкилотлари, давлат хизматчилари ва бошқа шахсларга ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда шахсий масалалар юзасидан таъсир ўтказмаслиги;

ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олмаслиги;

давлат мулкининг бут сақланишини таъминлаши, ўзига ишониб топширилган давлат мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши;

хизмат интизомига қатъий риоя қилиши, иш вақтидан оқилона ва самарали фойдаланиши;

аҳолининг давлат хизматлари истеъмолчиси сифатидаги талабларига мувофиқ доимий равишда фаолият сифатини ошириб бориш чораларини кўриши;

қонун билан интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ва бошқа хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги;

касб этикаси ва ишчанлик услубига риоя этиши;

сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат ташкилотлари манфаатлари йўлида хизмат мавқеи ва имкониятларидан фойдаланмаслиги керак.


8. Давлат хизматчилари ўзига бўйсунувчи ходимлардан улар меҳнат вазифасини бажараётган пайтда партия номидан сиёсий фаолият билан шуғулланишни талаб қилиши, сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат ташкилотлари фаолиятида иштирок этишга даъват этиши ёки мажбурлашига йўл қўйилмайди.



3-БОБ. ХИЗМАТ ФАОЛИЯТИГА ОИД

ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ


9. Давлат хизматчилари хизмат фаолияти давомида қуйидагиларга мажбур:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига сўзсиз риоя этиши;

мамлакат шаънини эъзозлаш, давлат сиёсатига содиқ бўлиш;

ташқи сиёсат соҳасида давлат манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш;

ўз хизмат вазифаларини виждонан, ҳалол ва юксак профессионал даражада бажариш, расмиятчилик, сохтакорлик ва суиистеъмолчиликка йўл қўймаслик;

хизмат мажбуриятларини самарали бажариш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни доимий асосда ошириш;

юқори давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари ҳамда берилган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш;

ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларга бирон-бир шахс, гуруҳ ёки идоралар манфаати нуқтаи назаридан ёндашмаслик ҳамда уларнинг манфаатлари ифода этилишига йўл қўймаслик;

ҳар қандай қонунбузилишига, айниқса, коррупция ҳолатларига қарши муросасизлик билан курашиш;

хизмат сафарлари, назорат тадбирлари давомида меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳар қандай турдаги сарф-харажатларни бошқа шахслар ҳисобидан амалга оширмаслик;

давлат хизматчилари ёки бошқа шахслар томонидан жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этишга ундовчи мурожаатлар ҳақида, шунингдек, ҳамкасблари томонидан содир этилган ёки тайёргарлик кўрилаётган қонунбузилишлар ҳақида ўзининг раҳбарига зудлик билан маълум қилиш;

чет эл фуқаролари билан алоҳида белгиланган тартибга зид равишда бевосита ёки бошқа шахслар орқали мулоқотга киришмаслик;

ўз хизмат мажбуриятларини бажараётганда фуқаролар ва бошқа шахсларни камситмаслик, уларнинг таъсиридан сақланиш, фуқаролар ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш;

ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажаришга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан сақланиш;

давлат сири, қонун билан қўриқланадиган ва хизматга оид бошқа маълумотларнинг ошкор этилмаслигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўриш, улардан қонунга зид равишда фойдаланмаслик;

ахборотларни тарқатиш қоидаларига риоя қилиш, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ахборот коммуникация воситаларидан фойдаланишда ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг белгиланган тартибига амал қилиш;

бириктирилган хизмат компьютери ҳамда электрон ташувчиларидаги хизматга оид маълумотларнинг хавфсиз сақланишини таъминлаш ва уларни бошқа шахсларга тарқатилишининг олдини олиш чораларини кўриш;

ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар фаолиятини муҳокама қилмаслик, ахлоққа зид ибораларни ишлатмаслик, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан одамларда ишончсизлик кайфиятини юзага келтириши мумкин бўлган материалларни жойлаштирмаслик;

фуқаролар ва ҳамкасбларининг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширувчи маълумотлар, туҳмат, иғво ва уйдирмаларни тарқатмаслик;

меҳнат ва ижро интизоми, ички тартиб қоидаларига, шунингдек, телефонда сўзлашиш ва кийиниш маданиятига қатъий риоя этиш;

ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиш;

жамоада соғлом маънавий муҳитни сақлаш чораларини кўриш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонунда белгиланган тартибда ҳамда муддатларда қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилиш;

меҳнат жамоасида ишчанлик муҳитини шакллантириш ва уни мустаҳкамлашга кўмаклашиши;

меҳнат жамоасида ҳамкасбларининг шаъни ва қадр-қимматини обрўсизлантирадиган шахсий ва касбий фазилатларини муҳокама қилишдан тийилиши керак.


10. Раҳбарлар қуйидагиларга мажбур:

бўйсунувидаги давлат хизматчиларига профессионализм, ҳалоллик, холислик ва адолатлиликда ўрнак бўлиш;

жамоада соғлом маънавий муҳит ва ишчан кайфиятни шакллантириш;

давлат хизматчиларини қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ундамаслик ҳамда улардан бундай ҳаракатларни бажаришни талаб қилмаслик;

кадрларни маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш, тайинлаш ёки тавсия этишга йўл қўймаслик;

жамоада гуруҳбозлик ва фаворитизм (айрим ходимларни яқин олиш ва қўллаб-қувватлаш) кўринишларига йўл қўймаслик, шунингдек, хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг олдини олиш;

давлат хизматчиларининг фаолиятига баҳо беришда қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилиш;

давлат хизматчилари томонидан коррупция ва бошқа суиистеъмолчиликлар содир этилишининг олдини олиш чораларини кўриш;

бўйсунувидаги давлат хизматчиларини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш чораларини кўриш;

ваколати доирасида шартномалар тузиш, танловлар ўтказиш ёки розилик бериш масалаларига холис, адолатли ва қонуний ёндашиш.


11. Раҳбарлар бўйсунувидаги давлат хизматчиларига қўпол муомалада бўлиши, ҳақорат қилиши, шахсиятига тегиши, уларга асоссиз танбеҳ бериши ёки айблаши ҳамда камситиши мумкин эмас.



4-БОБ. ХИЗМАТДАН ТАШҚАРИ

ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ


12. Давлат хизматчилари ишдан бўш вақтларида умумқабул қилинган ахлоқ нормаларига риоя қилишлари ва уларга зид бўлган хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт.


13. Давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда қуйидагиларга мажбур:

миллий урф-одат, қадрият ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш;

дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, гуруҳбозлик, маишатбозлик, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслик;

расмий эълон қилинган маълумотлардан ташқари давлат хизмати фаолиятига оид масалаларни муҳокама қилмаслик;

жамоат жойларида (кафе, ресторан ва бошқа кўнгилочар масканларда) ўзини тутиш қоидаларига риоя этиш, атрофдагиларнинг эътиборини тортувчи ортиқча ва салбий ҳаракатларга йўл қўймаслик;

жамоат тартиби ва хавфсизлигига қарши қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этмаслик, мазкур ноқонуний ҳаракатларга бошқаларни жалб этмаслик ёки даъват қилмаслик;

хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган идора ва ташкилотлар раҳбар ва ходимларидан, бошқа мансабдор шахсларидан қимматбаҳо совға олмаслик;

хизмат гувоҳномаларини сақлаш ва фойдаланиш тартибига қатъий риоя этиш, улардан хизматга алоқадор бўлмаган ҳолатларда фойдаланмаслик, шу жумладан, ваколатли шахсларга хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, мавқеини суиистеъмол қилмаслик;

хизмат автотранспорт воситаларидан хизмат фаолиятидан ташқари ҳолатларда шахсий ва бошқа мақсадларда фойдаланмаслик;

иш фаолияти билан боғлиқ маълумотларни ишга алоқадор бўлмаган бошқа шахслар иштирокида муҳокама қилмаслик;

шахсий транспорт воситаларидан фойдаланишда белгиланган тартибга амал қилиш, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этиш;

тадбиркорлик ёки ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан (педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари) шуғулланмаслик, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

ўзи фаолият юритган давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда давлат хизматига доғ туширувчи хатти-ҳаракатлардан тийилиш;

ташқи кўринишини белгиланган меъёрлар доирасида сақлаш, камтарона кийиниш, атрофдагиларнинг эътиборини ўзига ортиқча жалб қиладиган тарзда кийинмаслик.



5-БОБ. ЖАМОАТЧИЛИК, ОММАВИЙ АХБОРОТ

ВОСИТАЛАРИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН

МУНОСАБАТЛАРГА ОИД ОДОБ-АХЛОҚ

ҚОИДАЛАРИ


14. Давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритилишига кўмаклашиши керак.


15. Давлат сиёсати ёки давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти тўғрисидаги оммавий баёнотлар давлат органлари ва ташкилотлари раҳбари ёки мазкур йўналиш бўйича ваколатли мансабдор шахс томонидан амалга оширилади.


16. Қуйидаги ҳолларда оммавий баёнот берилиши мумкин эмас:

оммавий баёнот матни ва мазмуни давлат сиёсати ёки давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига алоқадор бўлмаса;

оммавий баёнотда келтириладиган ахборотлар давлат сирлари билан боғлиқ бўлса;

оммавий баёнот бошқа давлат органлари ва ташкилотлари нуфузини пасайтириш ёки уларнинг мансабдор шахсларини камситишга йўналтирилган бўлса.


17. Давлат хизматида жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида жамоатчилик томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига оид айблов ёки танқид билдирилган тақдирда, давлат органлари ва ташкилотлари унга нисбатан билдирилган айблов ёки танқидга оммавий изоҳ ёхуд раддия бериши лозим.


18. Агар оммавий баёнотда фуқароларнинг шаъни ҳамда қадр-қимматини камситадиган иборалар бўлса, давлат хизматчиси ўз фикрларининг янглишлиги ёки нотўғрилигини тан олиши ҳамда шаъни, қадр-қимматига ва ишчанлик обрўсига дахл қилинган фуқародан, агар қонун ҳужжатларида бошқа оқибатлар назарда тутилмаган бўлса, кечирим сўраши шарт.



6-БОБ. ХИЗМАТ ФАОЛИЯТИДАГИ ТАШҚИ

КЎРИНИШ ВА КИЙИНИШ УСЛУБИГА ОИД

ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ


19. Давлат хизматчиларининг хизмат фаолиятидаги ташқи кўриниши ва кийиниш услуби фуқароларнинг давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига ҳурматини, шу жумладан давлат хизматининг нуфузини оширишга хизмат қилиши керак.


20. Давлат хизматчисининг ташқи кўриниши меҳнат шароитлари ва хизмат турига қараб, хизмат мажбуриятларини бажариши вақтида фуқароларнинг давлат ташкилотига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига кўмаклашиши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши ва расмийлик, холислик, камтарлик ва интизомни намоён этиши лозим.


21. Давлат хизматчиларининг иш жойида ташқи кўриниши ва кийиниш услубига оид қўшимча талаблар идоравий одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда ички меҳнат тартибида белгиланиши мумкин.



7-БОБ. МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИ


22. Давлат хизматчилари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги керак.


23. Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда ходимлар ўзининг раҳбарини дарҳол хабардор қилиши шарт.

Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган раҳбар бу тўқнашувнинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўришга мажбур.



8-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТЧИЛАРИНИНГ

МАНФААТИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ


24. Давлат хизматчиларни хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ таҳдид, ҳақорат, туҳмат ва қонунга хилоф бошқа хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбари томонидан амалга оширилади.


25. Зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга тўсқинлик қилиш, жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этишга оғдиришга қаратилган мурожаатлар, шунингдек, ҳамкасблари томонидан содир этилган ёки содир этишга тайёргарлик кўрилаётган қонунбузилишлар ҳақида хабар берган ходимларни вужудга келиши мумкин бўлган таҳдид ва хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш чоралари кўрилади.



9-БОБ. ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ

ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


26. Давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши устидан назорат давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари ёки Одоб-ахлоқ комиссиялари, шунингдек махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.


27. Давлат органлари ва ташкилотларида лавозимга тайинланган давлат хизматчилари инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари томонидан мазкур Одоб-ахлоқ қоидалари билан тилхат асосида имзо қўйдирган ҳолда таништирилади.


28. Мазкур Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича хизмат текшируви давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарининг кўрсатмасига мувофиқ Одоб-ахлоқ комиссиялари томонидан ўтказилади.

Хизмат текширувини ўтказиш тартиби давлат органлари ва ташкилотлари томонидан белгиланади.



10-БОБ. ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ

ЭТМАГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


29. Давлат хизматчилари томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлик ҳолати уларга нисбатан ахлоқий ва интизомий таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлади.


30. Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлик учун Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан давлат хизматчиларига қуйидаги ахлоқий таъсир чоралари қўлланилади:

огоҳлантириш;

узр сўраш ёки расмий узрнома келтиришни талаб қилиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг коллегиал йиғилишларида танбеҳ бериш.


31. Одоб-ахлоқ комиссияси давлат хизматчисига нисбатан интизомий таъсир чорасини қўллаш учун давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарига тақдимнома киритиши мумкин.

Одоб-ахлоқ комиссияси одоб-ахлоқ қоидалари давлат органи ва ташкилоти раҳбари томонидан бузилган тақдирда, уларга нисбатан тегишли чора кўриш масаласи юзасидан таклифларни юқори турувчи давлат органи ва ташкилоти раҳбарига юборади.


32. Давлат хизматчисининг Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши уларни қонунга мувофиқ интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.



11-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


33. Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда мазкур Одоб-ахлоқ қоидаларига мувофиқ ўз идоравий одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлайди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 15 октябрь


































Время: 0.1280
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск