ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Ҳаво транспорти /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.10.2022 й. ПҚ-412-сон "Республикада маҳаллий авиақатновларни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
26.10.2022 й.
N ПҚ-412
РЕСПУБЛИКАДА МАҲАЛЛИЙ АВИАҚАТНОВЛАРНИ
РИВОЖЛАНТИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикасида ички туризм ва минтақавий авиаташувларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳолининг авиақатновларга бўлган талабини қондириш ҳамда фуқаро авиацияси соҳасида рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида:
1. Транспорт вазирлиги аҳоли ва хорижий сайёҳларнинг талаб ҳамда эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда:
ҳудудларни бир-бири билан ўзаро боғлаш мақсадида 2023 йил март ойидан бошлаб Самарқанд-Нукус, Самарқанд-Мўйноқ, Самарқанд-Термиз, Бухоро-Термиз, Наманган-Термиз ва Наманган-Нукус каби янги йўналишларда мунтазам авиақатновларни бошлаш;
Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларининг туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида Шаҳрисабз ва Сариосиё аэропортларига авиақатновларни тиклаш, шунингдек, Зомин аэропортига авиақатновларни йўлга қўйиш;
авиақатновлар жадвалини йўловчилар учун қулай бўлган темир йўл, автобус ва микроавтобус йўналишлари билан интеграциялаш орқали ягона логистика тизимини яратиш чораларини кўрсин.
2. Республикада ички туризмни ривожлантириш, йўловчиларга арзон нархларда авиаташув хизматларини кўрсатиш ва авиакомпаниялар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг резидент авиакомпанияларига ички туризм йўналишларидаги авиақатновлар учун авиа чипта нархининг 25 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан субсидия ажратиш муддати 2026 йил 1 январга қадар узайтирилсин.
Транспорт вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда мазкур банд қоидаларини амалга оширишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Қуйидагилар:
а) аҳолига арзон нархларда маҳаллий ва халқаро авиаташув хизматларини кўрсатиш мақсадида "Uzbekistan Airports" АЖ таркибида кам бюджетли (low-cost) "SILK AVIA" МЧЖ авиакомпанияси (кейинги ўринларда - авиакомпания) ташкил этилганлиги;
б) хорижий экспертларни жалб этган ҳолда авиакомпания фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) ишлаб чиқилганлиги;
в) авиакомпания учун техник ва иқтисодий жиҳатдан маҳаллий йўналишларда энг қулай кўрсаткичларга эга бўлган 3 та "АТR72-600" русумли ҳаво кемаларини харид қилиш бўйича депозит тўловлари амалга оширилиб, улар техник кўрикдан ўтказилганлиги;
г) Стратегия доирасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш мақсадида дастлабки харажатларни молиялаштириш, шу жумладан айланма маблағларни тўлдириш ва асосий воситаларни харид қилиш учун "Ўзмиллийбанк" АЖ томонидан "Uzbekistan Аirports" АЖга 2 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан 50,0 млн АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилиши бўйича келишувга эришилганлиги;
д) Стратегияга мувофиқ авиакомпания томонидан маҳаллий йўналишлар бўйича:
жорий йилда 10 та йўналишда ҳафтасига 28 та авиақатновларни амалга ошириш орқали 2 минг йўловчига;
2023 йилда 48 та йўналишда ҳафтасига 134 та авиақатновларни йўлга қўйиш натижасида 9 минг йўловчига;
2024 йилда 54 та йўналишда ҳафтасига 216 та авиақатновларни ташкил этиш орқали 14 минг йўловчига хизмат кўрсатиш режалаштирилганлиги;
е) авиакомпания ҳаво кемаларини дастлабки жойлаштириш манзили этиб Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропорти ҳудуди белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
4. Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги ва "Uzbekistan Аirports" АЖнинг Стратегияни амалга ошириш доирасида 2022 йилда 3 та "АТR72-600" русумли ҳаво кемаларини харид қилиш ҳамда 2024 йил якунига қадар яна 9 та "АТR" русумли ҳаво кемаларини олиб келиш (харид қилиш ва лизинг асосида) тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
5. "Ўзмиллийбанк" АЖ томонидан "Uzbekistan Аirways" АЖга 50,0 млн АҚШ доллари миқдорида ажратиладиган кредит бўйича:
"Uzbekistan Аirways" АЖнинг 3 та "АТR72-600" русумли ҳаво кемалари учун ажратилган кредит қийматининг 125 фоизи миқдоридаги мулки ҳамда харид қилинаётган ҳаво кемалари гаров таъминоти сифатида тақдим этилади;
асосий қарз, фоизлар, комиссия ва бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатлар "Ўзмиллийбанк" АЖ билан имзоланган кредит шартномасида кўрсатилган миқдордан келиб чиққан ҳолда, "SILK AVIA" МЧЖ ҳамда "Uzbekistan Аirways" АЖ ҳисобидан қопланади.
6. Давлат буюртмачиси ҳисобланган авиация корхоналаригахарид қилиш тартиб-таомилларини электрон шаклда ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаш орқали:
ҳаво кемаларини харид қилиш ёки лизинг асосида олиш жараёнларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш учун-халқаро юридик компаниялар билан;
ҳаво кемалари учувчиларини ўқитиш учун - ўқув-машқ марказлари билан;
ҳаво кемалари сотувчи, лизинг асосида етказиб берувчи, техник хизмат кўрсатувчи, эҳтиёт қисмлари билан таъминловчи, ташувчи, таъмирловчи, техник ҳужжат ишлаб чиқувчиҳамда халқаро аудит, консалтинг ва маслаҳатчи компаниялар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилсин.
7. Транспорт вазирлиги "Uzbekistan Airways" АЖ билан биргаликда 2023 йил якунига қадар:
"Uzbekistan Airways Technics" МЧЖ негизида "ATR" русумли ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатишни (шу жумладан "C-сheсk") ташкил этиш ҳамда зарур инфратузилма яратишни;
"ATR" русумли ҳаво кемаси учувчилари, борткузатувчилари, муҳандис-техник ходимлари ва диспетчерларини ўқитиш учун "Uzbekistan Airways" АЖнинг ўқув-машқ марказида ўқув курсларини ташкил этишни таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикасининг резидент авиакомпаниялари 2028 йил 1 январга қадар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат асосида Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, техник ҳужжатлар ва дастурий таъминот учун божхона тўловлари (қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимидан ташқари) тўлашдан озод қилинсин.
9. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги авиакомпаниянинг аризаларига биноан республикага жалб этиладиган хорижий мутахассисларга (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида бундай мутахассислар бўлмаган тақдирда) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) белгиланган тартибда таъминласин.
10. Ташқи ишлар вазирлиги Транспорт вазирлигининг виза талабномаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассислар учун кириш визалари консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан, зарур ҳолларда, Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропортида ўрнатилган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб транспорт вазири И.Р. Махкамов белгилансин.
Қарорнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2022 йил 27 октябрь