ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Иқтисодиётнинг умумий масалалари / Дастурлар, концепциялар ва уларни амалга ошириш /

2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида "яшил" иқтисодиётга ўтиш ва "яшил" ўсишни таъминлаш Дастури (ЎзР Президентининг 02.12.2022 й. ПҚ-436-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 2 декабрдаги

ПҚ-436-сон қарорига

1-ИЛОВА



2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида

"яшил" иқтисодиётга ўтиш ва "яшил"

ўсишни таъминлаш

ДАСТУРИ

          

         

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоли масалалар мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига, хусусан, иқтисодий ўсиш ва камбағалликни қисқартириш, экологик ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Шундан келиб чиқиб, ушбу йўналишда мамлакатда иқлим ўзгариши таъсирини камайтириш ва унга мослашиш, "яшил" иқтисодиётга ўтиш чораларини жадаллаштириш, "яшил" ва инклюзив иқтисодий ўсиш моделини тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда.

Бу борада, мамлакатда "яшил" иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, "яшил" инвестицияларни жалб қилиш, экологик инқирознинг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 октябрдаги ПҚ-4477-сон қарори билан 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг "яшил" иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланган.

2020 йилда коронавирус (COVID-19) пандемияси туфайли юзага келган эпидемиологик вазият сабабли дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистон Республикасида ҳам ушбу Стратегияни жадал амалга ошириш имконияти чекланди.

Шу билан бир қаторда, 2021 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясининг 26-йиғилишида (CОР26) Ўзбекистон Республикаси томонидан Париж битими доирасида 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот бирлигида иссиқхона газлари эмиссиясини 2010 йилги кўрсаткичларга нисбатан 35 фоиз камайтириш бўйича қўшимча мажбуриятни ўз зиммасига олиши ҳақида баёнот берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси жорий йилнинг май ойида 2030 йилга қадар метан эмиссиясини 2020 йилга нисбатан камида 30 фоизга камайтириш бўйича мамлакатларнинг жамоавий мақсадга эришиши бўйича глобал мажбурият тўғрисидаги ташаббусга (Global Methane Pledge) қўшилди.

Коронавирус пандемияси ва иқлим ўзгариши туфайли юзага келаётган салбий ҳолатларнинг сабоқлари иқтисодий ўсишни таъминлашда янада барқарор манбалар ва ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, хусусан, мамлакатда "яшил" иқтисодиёт ва "яшил" иқтисодий ўсиш бўйича стратегик мақсадлар ва чора-тадбирлар амалга оширилишини самарали ташкил этиш заруриятини кўрсатмоқда.

2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг "яшил" иқтисодиётга ўтиш стратегияси асосида "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, ушбу йўналишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликдаги мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларини таъминлаш Дастурни ишлаб чиқиш заруриятини юзага келтирди.



1-БОБ. ДАСТУРНИНГ МАҚСАДИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ

          

Дастурнинг мақсад ва вазифалари миллий даражада мавжуд бўлган соҳалар бўйича қуйидаги стратегик йўналишларга асосланади ва уларнинг ўзаро тўлдирувчи жиҳатларини кучайтиради:

технологик модернизация ва "яшил" технологияларни жорий этиш учун молиявий рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш, энергия тежаш ва самарадорлигини ошириш бўйича мақсадли кўрсаткичларни аниқлаш, иқтисодиёт тармоқларида энергия менежменти орқали энергия самарадорлигини сезиларли даражада ошириш;

"яшил" иқтисодиётга ўтишнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун зарур ресурс ва имкониятлар билан таъминлаш, иқлим ўзгаришига доир масалаларда давлат хизматлари қамровини кенгайтириш, "яшил" иқтисодиёт соҳасида аҳолининг иқтисодий фаоллигини ошириш орқали аҳоли ва маҳаллий жамоатчилик иштирокини кенгайтириш;

"яшил" инвестицияларни қўллаб-қувватлаш, хусусий секторга кенг имкониятлар яратиш ва "яшил" инновацияларни жорий этишда хусусий инвесторларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат-хусусий шерикликни ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали "яшил" иқтисодиётга ўтиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш.

Дастур қуйидаги 6 та устувор йўналишда Ўзбекистон Республикасида "яшил" иқтисодий ўсишни таъминлаш вазифаларини белгилайди:

табиий ресурслардан барқарор ва самарали фойдаланиш;

миллий иқтисодиётнинг табиий офатлар ва иқлим ўзгаришига нисбатан барқарорлигини мустаҳкамлаш;

миллий иқтисодиёт, хусусан, саноатнинг "яшил" ва кам углеродли ривожланишини таъминлаш;

инновацияларни жорий этиш ва самарали "яшил" инвестицияларни жалб қилиш;

барқарор ва инклюзив "яшил" урбанизацияни ривожлантириш;

"яшил" иқтисодиётга ўтиш даврида катта таъсир остида бўлиши мумкин бўлган аҳоли ва уларнинг яшаш жойларини қўллаб-қувватлаш.

Ушбу устувор йўналишлар бўйича вазифаларнинг самарали амалга оширилиши қуйидаги йўналишлардаги тармоқлараро чоралар билан бир қаторда амалга оширилади:

"яшил" ўсиш бўйича салоҳиятни ошириш ва инсон капиталини ривожлантириш;

"яшил" иқтисодиётга ўтиш учун қулай сиёсий муҳит яратиш, самарали институтларни жорий қилиш;

ташқи ва ички "яшил" молиялаштириш оқимларини кўпайтириш.



2-БОБ. "ЯШИЛ" ЎСИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ

          

2.1. Табиий ресурслардан барқарор ва самарали фойдаланиш


Устувор вазифалар:

озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш билан бирга ўсиб бораётган аҳолини озиқ-овқат билан таъминлайдиган қишлоқ хўжалиги ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;

барқарор ландшафтлар, ўрмонларни қайта тиклаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга асосланган амалиётни жорий этиш;

экинларни диверсификация қилиш ва сувни тежайдиган қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий қилишни ландшафтни тиклаш чоралари билан уйғунлаштириш;

давлат корхоналарини ҳамда давлат-хусусий шериклик орқали хусусий сектор томонидан суғоришни молиялаштириш имкониятларини ислоҳ қилиш.


Устувор йўналишлар:

а) иқлим билан боғлиқ хавфларга чидамлиликни ошириш мақсадида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилиш:

барқарор агроэкотизимни яратишга кўмаклашиш мақсадида иқлим ўзгаришига мақбуллаштирилган ишлаб чиқариш устуворлигидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилиш;

иқлим билан боғлиқ хавфларга нисбатан барқарорликни ошириш мақсадида деҳқон ва фермер хўжаликларида қишлоқ хўжалиги экинларини диверсификация қилиш ва ихтисослаштириш;

б) яйловларни барқарор бошқаришни жорий қилиш - яйлов майдонларининг экологик ҳолатини сақлаш ҳамда ер ва ўрмон деградациясини камайтириш орқали яйловларда чорва молларини ўтлатишни барқарор бошқариш усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

в) иқлим ўзгаришига чидамли дарахтлар плантацияларини кўпайтириш - эрозия, қум ва чанг бўронларини камайтириш, шунингдек, экотизимлар ва инфратузилманинг барқарорлигини ошириш учун иқлимга чидамли дарахтларни экиш;

г) тармоқли ёндашувдан ландшафт ёндашувига ўтишни таъминлаш учун ландшафтни бошқариш режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш:

ҳосилдорликни ошириш, экотизим хизматларини яхшилаш ва иқтисодиётни диверсификация қилиш учун ландшафтни интеграциялашган ҳолда бошқариш;

интеграциялашган ландшафт ёндашувидан фойдаланишни рағбатлантириш, ундан самарали фойдаланишга қайтариш учун ландшафтни тиклаш;

д) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини барқарор етиштириш ва қайта ишлаш орқали озиқ-овқат хавфсизлиги ва фаровонликни ошириш - озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соғлом экотизимларни ривожлантириш ҳамда ер, сув ва бошқа табиий ресурсларни барқарор бошқаришни қўллаб-қувватлашга қаратилган глобал бошқарув тизимини яратиш;

е) "яшил гаров" дастурлари ва табиий ресурсларга асосланган тадбиркорлик фаолияти асосида яратилган иш ўринлари сонини кўпайтириш:

"яшил" иш ўринларини яратиш ва "яшил гаров" дастурларини ишлаб чиқиш;

жойларда турмуш даражасини яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги, табиий ресурслар ва экотуризм соҳаларида иш ўринларини яратишда иқлим ўзгаришига чидамлилик бўйича табиий ресурсларни бошқаришга асосланган корхоналарнинг салоҳиятини ошириш;

ж) умумий сув истеъмоли ва сув танқислигини камайтириш учун талаб этиладиган сув объектларидан аниқ ҳисоб-китобларга асосан сув олиш лимитларини ўрнатиш, амалиётга жорий қилиш ва сув олиш лимити доирасида сув берилишини мониторинг қилиш - умумий сув истеъмоли ва сув танқислигини камайтириш, шунингдек, сувдан фойдаланиш ва суғориш тизимлари самарадорлигини ошириш учун талаб этиладиган сув ресурсларини аниқ ҳисоб-китобларга асосан сув олиш лимитларини ўрнатиш, мониторинг қилиш ва биргаликда режалаштириш институтларини кучайтириш;

з) қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш - сувни тежайдиган суғориш технологиялари, шу жумладан томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет ва бошқа самарали суғориш технологияларини жорий этиш ва кўламини кенгайтириш;

и) саноат корхоналарида ҳосил бўлаётган оқова сувларни тозалаш ва айланма сув таъминотини жорий қилиш - локал оқова тозалаш иншоотларини ўрнатиш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилиш, тозаланган сувларни технологик ёки маиший-хўжалик мақсадларида қайта ишлатиш кўламини ошириш чораларини кўриш;

к) қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиладиган экин ерлари ва кўп йиллик дарахтзорларни (мевали боғ ва токзорларни) сақлаб қолиш орқали "яшил" ўсиш суръатларини таъминлаш;

л) республикада кўп йиллик манзарали ва мевали дарахтзорлар кўчатларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш;

м) ҳар йили вилоятлар марказлари ва туманларда яшил ҳудудлар ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш.


2.2. Миллий иқтисодиётнинг табиий офатлар ва иқлим ўзгаришига нисбатан барқарорлигини мустаҳкамлаш


Устувор вазифалар:

гидрологик, об-ҳаво ва иқлимга оид маълумотларни ўз вақтида ва сифатли тақдим этиш тизимини янада такомиллаштириш орқали иқлим хавфини баҳолаш ва камайтириш;

муҳим воситалар ва инфратузилмага, шу жумладан экологик ёндашувлар асосидаги инвестицияларни жалб қилиш орқали табиий офатлар хавфини камайтириш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож уй хўжаликлари, шу жумладан қишлоқ жойларида яшайдиган ва бевосита ёки билвосита қишлоқ хўжалигига боғлиқ бўлган кам таъминланган оилаларнинг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни кўриш;

сув ҳавзаларини бошқариш, ўрмонларни қайта тиклаш ҳамда аҳоли пунктлари атрофидаги бошпаналарни кенгайтиришга сармоя киритиш орқали сув тошқинидан ҳимоя қилиш учун қурилишда муҳандислик табиий ечимларини ишлаб чиқиш;

қишлоқ жойларида яшовчи заиф оилаларни иқлим хавфлари ва офатлардан суғурталаш орқали молиявий барқарорлик сиёсатини такомиллаштириш.


Устувор йўналишлар:

а) иқлим ўзгаришига мослашиш ва табиий офатлар хавфини бошқариш масалаларини миллий сиёсатга, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни режалаштиришга ва бюджет жараёнларига киритиш - иқлим ўзгаришига мослашиш, унинг оқибатларини юмшатиш ва табиий офатлар хавфини камайтиришни режалаштириш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ҳамда баҳолашда жамоатчиликнинг фаол иштирокига асосланган ёндашувни йўлга қўйиш;

б) иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфига нисбатан миллий даражада жавоб қайтариш чораларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тадбирларининг самарадорлигини ошириш учун норматив-ҳуқуқий ва институционал асосни такомиллаштириш:

иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфини камайтириш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш;

Шаҳарсозлик кодексида табиий офатлар хавфини камайтириш ва иқлим ўзгариши масалаларини тартибга солиш;

хатарларни ҳисобга олган ҳолда, ердан фойдаланиш ва ривожлантиришга комплекс ёндашувни ишлаб чиқиш;

в) миллий, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ва шериклик муносабатларини кучайтириш, ташқи молиялаштириш механизмларига қўшилиш учун миллий ва маҳаллий салоҳиятни ошириш - ташқи молиялаштириш механизмларига қўшилиш учун миллий ва маҳаллий имкониятларни яратиш, табиий офатлар хавфини камайтириш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш учун институционал ва бошқарув механизмларини кучайтириш;

г) нодавлат нотижорат ташкилотлар ва хусусий секторнинг фаол иштирокида оммавий семинарлар, ишчи йиғилишлар ва тренинглар каби таълим ва тарғибот дастурлари орқали жамоатчиликни хабардор қилиш кампанияларини кучайтириш ва мувофиқлаштириш:

олинган тажриба ва илғор амалиёт билан алмашиш учун миллий платформа яратиш;

тегишли механизмлар орқали миллий, минтақавий ва глобал даражада тажриба алмашиш;

табиий офатлар хавфини камайтириш ва иқлим ўзгариши бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоатчиликнинг билимларини лозим даражада бирлаштириш учун тегишли механизмларни аниқлаш;

д) алоқа стратегиясини ишлаб чиқиш ва татбиқ қилиш - иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфини камайтириш билан боғлиқ ташаббусларнинг натижаларини бирлаштирувчи самарали алоқа стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

е) иқлим ўзгариши тўғрисидаги билимларни, зарурат даражасида, университет ва мактаб ўқув дастурларига киритиш - жамоатчиликни хабардор қилиш кампанияларини кучайтириш ва мувофиқлаштириш орқали, шу жумладан миллий шериклар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва хусусий сектор билан ҳамкорликда аҳолининг хабардорлигини ошириш, иқлим ўзгариши, офатларнинг сабаблари ва оқибатлари тўғрисида тушунчаларни мустаҳкамлаш;

ж) иқлим ўзгариши ва табиий офатларнинг потенциал таъсирини енгиш учун шаҳарлар/маҳаллий органлар ва жамоаларнинг имкониятларини кучайтириш - шаҳарлар ва жамоаларни барча хавф-хатарлар ҳақида аниқ ва ўз вақтида огоҳлантиришни таъминлаш учун самарали барвақт огоҳлантириш тизимини яратиш;

з) иқлим ва табиий офатлар хавфи тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, сақлаш ва таҳлил қилиш бўйича техник ва институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш - табиий офатлар хавфини камайтириш ва иқлим ўзгариши бўйича қарор қабул қилиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш учун ахборотни бошқаришнинг яхлит тизимини ишлаб чиқиш;

и) энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия (ҚТЭ) манбаларидан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш учун энергия хавфсизлигини яхшилаш ва бошқарувни кучайтириш:

мавжуд ва режалаштирилган энергетика инфратузилмаси учун табиий офатлар ва иқлим хавф-хатарларини баҳолаш орқали энергия хавфсизлигини ошириш;

энергия таъминоти муаммоларини ҳал қилиш учун фавқулодда ҳаракатлар режалари ва жавоб қайтариш механизмларини ишлаб чиқиш;

энергия самарадорлигини ошириш чораларини ва унинг оқибатларини юмшатиш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун тегишли технологиялар трансферидан фойдаланиш йўлларини аниқлаш ва тарғиб қилиш;

к) табиий офатларга тайёргарликни ҳамда бу борада самарали ҳаракат қилиш ва тикланиш имкониятларини кучайтириш:

табиий офатларни бошқариш механизмларини мустаҳкамлаш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоаларнинг иқлим ўзгариши таъсири, табиий офатларга тайёргарлиги ва ҳаракатини кучайтириш;

эвакуация режалари ва стратегияларини янгилаш;

халқаро ва минтақавий гуманитар ёрдам тўғрисида хабардорликни ошириш;

л) миллий иқлим ўзгариши ва табиий офатларга чидамлилик соҳасида миллий сиёсат ва режалаштириш жараёнида гендер тенглиги жиҳатларини ҳисобга олиш - миллий сиёсатда гендер тенглиги тамойилларини ҳисобга олиш орқали табиий офатларга тайёргарликни кучайтириш;

м) иқлим ўзгариши ва табиий офатларга чидамлиликни ошириш бўйича чора-тадбирларни режалаштириш ва амалга оширишда хусусий секторни жалб қилиш - миллий, тармоқ ва маҳаллий даражада иқлим ўзгариши ва табиий офатларга чидамлиликни режалаштириш ҳамда амалга ошириш жараёнларига хусусий секторни жалб қилиш орқали табиий офатларга тайёргарликни кучайтириш.


2.3. Миллий иқтисодиёт, хусусан, саноатнинг "яшил" ва кам углеродли ривожланишини таъминлаш


Устувор вазифалар:

энергия балансини диверсификация қилиш, шу жумладан ҚТЭ манбаларини ривожлантириш, энергия сарфи ҳажмини пасайтириш, углерод ташламаларини камайтириш;

кам углеродли ривожланиш учун ўта муҳим бўлган фойдали қазилмаларнинг захиралари ва салоҳиятини ўрганиш;

экологияга зарар етказмайдиган инфратузилмани шакллантириш ва саноат корхоналарида айланма (циркуляр) иқтисодиёт амалиётини жорий қилиш, бунда, модернизация жараёнларини рағбатлантириш;

"яшил" ўсиш шароитида бозор иқтисодиёти нуқсонларини бартараф этиш ва "мақбул нархларни шакллантириш" институтларини мустаҳкамлаш.


Устувор йўналишлар:

а) "яшил" ва кам углеродли ривожланиш бўйича узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш - узоқ муддатли "яшил" ва кам углеродли ривожланишнинг устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда, иқтисодий ва фискал йўқотишларни камайтириш ва самарадорликни ошириш мақсадида стратегияни ишлаб чиқиш;

б) электрлаштиришнинг ўсиши ва ишончлилигини ошириш:

электр энергиясини тақсимлашнинг эскирган инфратузилмасини янгилаш ва модификация қилиш;

2030 йилгача электр энергияси таъминотини 100 ТВт/соатдан ошириш;

в) электр энергиясини узатиш ва тарқатиш тармоқларида йўқотишларни камайтириш:

электр энергиясини унинг техник ва тижорат йўқотишларини тарқатиш пайтида камайтириш;

истеъмолчилар орасида электр таъминотининг ишончлилиги ва сифатини ошириш;

г) ҚТЭ манбаларини кенг миқёсда жойлаштириш:

энергия балансида ҚТЭ манбаларининг улушини ошириш;

мамлакатнинг тоза энергияга ўтиши таъминлаш;

маҳаллий саноат ва инфратузилманинг ривожланиши ҳамда иш ўринлари яратилишини рағбатлантириш учун ҚТЭ манбаларини ривожлантириш;

маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш;

д) энергия самарадорлиги соҳасида ечимларини жойлаштириш - 2030 йилда бирламчи қўшимча энергия эҳтиёжисиз ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки бараварга ошириш мақсадига эришиш учун бирламчи энергия интенсивлигини икки бараварга камайтириш;

е) алоҳида қиймат занжирлари ва тармоқларини яратиш учун айланма иқтисодиёт бўйича ҳаракатлар режалари - табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат чиқиндилари, ифлосланиш ва газ чиқиндиларини камайтириш мақсадида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат занжирида айланма иқтисодиёт тамойилларини амалга ошириш.


2.4. Инновацияларни жорий этиш ва самарали "яшил" инвестицияларни жалб қилиш


Устувор вазифалар:

бутунжаҳон қиймат занжирларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш ва рағбатлантириш учун сиёсий ҳамда институционал ислоҳотларни амалга ошириш орқали давлат ва хусусий инвестицияларни жалб қилиш;

"яшил" иқтисодиётга ўтиш учун инновацион сиёсат ва миллий инновацион тизимларни такомиллаштириш.


Устувор йўналишлар:

а) инвестиция сиёсати ва лойиҳаларга "яшил" инвестициялар концепциясини интеграциялаш - мамлакатда режалаштирилган барча инвестиция лойиҳалари учун "яшил" мезонларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

б) саноат корхоналари инфратузилмасини модернизациялаш - мавжуд янги технологиялар ва стандартларнинг интеграцияси орқали саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги саноат корхоналарининг инфратузилмаси барқарорлигини таъминлаш;

в) молиялаштириш имконияти ва салоҳиятини кенгайтириш орқали кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги ролини кучайтириш - салоҳият, рақобатбардошлик ва бошқарувни ошириш учун юқори салоҳиятга эга истиқболли кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан аёллар юритаётган ва турли ҳудудлардаги корхоналарни қўллаб-қувватлаш;

г) хусусий секторнинг миллий иқтисодиётдаги иштирокини ошириш:

тармоқларда хусусий сектор иштирокини ошириш учун давлат корхоналари билан танлама ҳамкорлик механизмини йўлга қўйиш;

давлат ва хусусий сектор ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш;

д) давлат харидларининг шаффоф ва рақобатбардош тартибини такомиллаштириш:

корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштиришни қўллаб-қувватлаш;

шаффоф ва рақобатбардош давлат харидлари тартибини ҳамда ДХШ ва КЎК тизимини ишлаб чиқиш;

е) ҳукумат фаолияти самарадорлигини ошириш учун электрон ҳукумат ва давлат бошқаруви салоҳиятини мустаҳкамлаш:

электрон ҳукумат тизимини АКТ инфратузилмаси ва тегишли тизимлар билан таъминлаш;

давлат бошқаруви органларининг инновациялар ва инвестициялар бўйича салоҳиятини кучайтириш ҳамда давлат хизматлари ва жараёнларини рақамлаштиришни қўллаб-қувватлаш;

билим ва ахборот алмашинувини осонлаштириш учун АКТ тузилмаси ва инфратузилмасини кенгайтириш;

ж) инновацион тизимда сиёсий бошқарув ва механизмлар самарадорлигини ошириш - инновацион сиёсат институтлари, тегишли субъектлар ўртасида бошқарув ва мувофиқлаштиришни мустаҳкамлаш;

з) инновациялар асосидаги ўсишни қўллаб-қувватлаш учун инновацион инфратузилмани мустаҳкамлаш:

инновацион экотизимдаги қўллаб-қувватловчи элементларнинг инфратузилмаси ва салоҳиятини мустаҳкамлаш;

ESG стандартларига мос келадиган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тизимини таъминлаш;

и) илм-фан ва саноат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш:

илмий-тадқиқот ташкилотларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш;

тадбиркорлик соҳасида модернизация ва технологиялар трансферини таъминлаш учун хорижий технология етказиб берувчилар иштирокини оширишда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш.

к) қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадбиркорларнинг рақамли саводхонлигини кўтариш ва онлайн платформалардан фойдаланишни ривожлантириш - мавжуд кредитлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, техник маслаҳат хизматлари, бозорни таҳлил қилиш учун инвестицияларни киритиш.


2.5. Барқарор ва инклюзив "яшил" урбанизацияни ривожлантириш


Устувор вазифа - шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг яшаш қобилияти ва унумдорлигини ошириш мақсадида аҳоли пунктларининг "яшиллик" даражасини ошириш, бино-иншоотлар, шунингдек, транспорт ва чиқиндиларни бошқаришнинг барқарорлигини таъминлаш ҳамда республикада "яшил" (эко) туризмни ривожлантириш.


Устувор йўналишлар:

а) айрим ҳудудларнинг иқтисодий асосини диверсификация қилиш - ҳудудларнинг ЯҲМ яратишга қўшган ҳиссаси, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасидан келиб чиқиб, уларни барқарор ва мувозанатли ривожланишини таъминлаш;

б) номарказлаштириш сиёсатини давом эттириш - ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мустақиллиги ва масъулиятини ошириш;

в) йўлдош шаҳарлар яратишни ҳисобга олган ҳолда, шаҳар агломерацияси шаклланишини бошқариш - илғор энергия тежовчи ва экологик тоза технологиялар ва материалларни жорий этишга асосланган йўлдош шаҳарлар яратиш, шу жумладан ижтимоий, муҳандислик, коммунал ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришни ҳисобга олган ҳолда, шаҳар агломерацияси шаклланишини такомиллаштириш;

г) барқарор ва яшаш учун қулай шаҳар инфратузилмасини яратиш - шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган барқарор ва яшаш учун қулай шаҳар муҳити ва инфратузилмасини (қурилиш, бинолар, энергетика, транспорт, йўллар, сув таъминоти ва канализация, "яшил" майдонлар ва йўлаклар, шаҳар ва шаҳар атрофидаги ўрмонлар) яратиш.


2.6. "Яшил" иқтисодиётга ўтиш даврида катта таъсир остида бўлиши мумкин бўлган аҳоли ва уларнинг яшаш жойларини қўллаб-қувватлаш


Устувор вазифалар:

узоқ муддатли истиқболда барқарор иш ўринларини яратиш учун "яшил" иқтисодиётга ўтиш даврида аҳолининг заиф ҳамда иқлим ўзгариши сабабли ишсиз қолиш хавфи бор қатламларига нисбатан қайта тайёрлаш ва кўникмаларни ривожлантириш, ишчи кучи мобиллигини оширишни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли сиёсат олиб бориш;

"яшил" иқтисодиётга самарали ўтиш учун яратиладиган ва мавжуд иш ўринлари учун янги кўникмалар бўйича ишчи кучини доимий тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.


Устувор йўналишлар:

а) инклюзив ва барқарор инсон капиталини ривожлантириш - аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида иш ўринларини яратиш ва тадбиркорлик учун қулай муҳит яратиш орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш, камбағалликни қисқартириш учун макроиқтисодий барқарорликни ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш;

б) шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги турмуш сифатидаги тафовутни бартараф этиш - камбағал, камбағаллик хавфи остида бўлган ва иқлим ўзгариши таъсири юқори бўлган шаҳар ва қишлоқ жойлари ўртасидаги тафовутни камайтириш дастурларини ишлаб чиқиш;

в) ёшларнинг инновацион "стартап" лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш - иқтисодиётни диверсификация қилиш ва ёшлар бандлигини рағбатлантириш учун инновациялар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш;

г) таълим сифати ва натижадорлигини ошириш - болалар, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг инклюзив таълимини таъминлаш, сифати ва қамровини ошириш;

д) ижтимоий ҳимоя тизимининг қамровини ва самарадорлигини ошириш:

одамлар фаровонлигини ошириш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;

ғлиқни сақлаш хизматларини ривожлантириш ва сифатини ошириш;

е) ўтиш даври шароитида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш - кичик ва ўрта корхоналарининг ўсишини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, муносиб ва хавфсиз иш ўринларини яратиш учун уларнинг легаллашувини қўллаб-қувватлаш.


2.7. Тармоқлараро тематик йўналишлар


2.7.1. "Яшил" ўсиш бўйича салоҳиятни ошириш ва инсон капиталини ривожлантириш


Устувор йўналишлар:

а) давлат органлари ва ташкилотлари бошқарув ходимларининг бошқариш, режалаштириш ваколатларини такомиллаштириш - манфаатдор вазирлик ва идораларнинг раҳбар ходимлари учун барқарор бошқарув масалалари бўйича тренинглар ўтказиш;

б) "яшил" иқтисодиётга ўтиш бўйича ҳаракатлар ва чора-тадбирларни режалаштириш, амалга ошириш, натижаларини баҳолаш бўйича давлат ва хусусий ташкилотларнинг технологик ваколатларини мустаҳкамлаш - манфаатдор давлат органлари ва хусусий ташкилотларнинг ўрта ва техник ходимлари учун тренинглар ўтказиш;

в) "яшил" ўсиш, иқлим ўзгаришига барқарорлик бўйича тренерларни тайёрлаш - салоҳиятни ошириш бўйича таълим, илмий-тадқиқот ва бошқа муассасалар учун инструкторларни тайёрлаш учун қисқа муддатли курсларини ишлаб чиқиш ва ўтказиш;

г) кичик грантлар ажратиш орқали хусусий тижорат ва нотижорат ташкилотларда ўқитиш ва маслаҳат хизматларини кўрсатишни қўллаб-қувватлаш - хусусий тижорат ва нотижорат ташкилотлар учун "яшил" иқтисодиёт масалалари бўйича очиқ маърузалар, конференциялар ва семинарлар ўтказиш харажатларини қоплашга қаратилган кичик грантлар тақдим этиш;

д) таълим ташкилотларининг тегишли ўқув режаларига "яшил" иқтисодиёт мавзуларини киритиш - тегишли таълим ташкилотларида мавжуд фанлар доирасида "яшил" иқтисодиёт амалиёти ва тамойилларига оид мавзуларини киритиш;

е) "яшил" иқтисодиёт онлайн марказини ташкил этиш - "яшил" иқтисодиёт, унинг қонунчилик базаси, ўтмиш ва келажакдаги фаолияти, илғор халқаро тажрибалар ва "яшил" ўсишнинг бошқа жиҳатлари тўғрисидаги маълумотларни ўзида жамлаган электрон платформа яратиш;

ж) Тошкент давлат иқтисодиёт университетида "яшил" иқтисодиёт ва барқарор бизнес йўналишларида мутахассисларни тайёрлаш - Тошкент давлат иқтисодиёт университетида "Яшил" иқтисодиёт ва барқарор бизнес" факультетини (кафедрасини) очиш;

з) "яшил" ривожланиш тадқиқот жамғармаларини жорий этиш - Ўзбекистонда "яшил" ўсиш соҳасидаги тадқиқотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган жамоат фондини ишга тушириш.


2.7.2. "Яшил" иқтисодиётга ўтиш учун қулай сиёсий муҳит яратиш, самарали институтларни жорий қилиш


Устувор йўналишлар:

а) "яшил" иқтисодиёт бўйича тажриба, маълумот ва ресурсларни бирлаштириш орқали ҳукуматлар ўртасида мувофиқлаштиришни яхшилаш, самарали институционал тузилмани яратиш - ҳақиқий маълумотларга асосланиб, таҳлил ва мониторинг ўтказиш имкониятларини яхшилаш мақсадида атроф-муҳит ва иқтисодиёт бўйича маълумотларни ягона базага бирлаштириш;

б) тармоқ стратегияларини "яшил" ривожланиш мақсадлари билан мувофиқлаштириш - молиялаштириш учун асосий "яшил" инфратузилмаларни аниқлайдиган харажатлар сметаси ёки инвестиция режаларини қамраб оладиган тармоқ стратегияларини "яшил" иқтисодиёт ва "яшил" ривожланишнинг мақсадлари ва стратегик доиралари билан мувофиқлаштириш;

в) иқтисодий фаолиятни экологик тартибга солиш билан уйғунлаштириш:

"яшил" иқтисодиётга ўтиш учун зарур бўлган асосий тамойилларни қўллаб-қувватлашга қаратилган экологик тартибга солиш чораларини бирлаштириш (ахборотдан фойдаланиш, жамоатчилик иштироки, "ифлослантирувчи тўлайди" тамойили, экологик адолат ва бошқалар);

иқтисодиётдаги таъсири атроф-муҳитга зарарли бўлиши мумкин бўлган асосий тармоқлар учун атроф-муҳитни стратегик баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш;

г) "яшил" иқтисодиётни моделлаштириш ва прогнозлаш воситаларини ишлаб чиқиш - иқтисодиёт ва атроф-муҳит ўртасидаги узоқ муддатли ўзаро таъсирларни прогнозлаш учун иқтисодий моделни яратиш;

д) "яшил" иқтисодиёт бўйича маълумотларни тўплаш ва бошқаришни такомиллаштириш;

е) Иқлим ўзгариши соҳасида мониторинг, ҳисобот бериш ва текширишнинг замонавий тизимини (MRV) жорий этиш - барча иссиқхона газларини қамраб олувчи Ўзбекистоннинг мониторинг, ҳисобот ва текшириш тизимини (MRV) модернизация қилиш ва такомиллаштириш, давлатнинг иқлим соҳасидаги сиёсатини халқаро ҳамжамият томонидан мослаштириш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш;

ж) фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг "яшил" иқтисодиёт тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишини осонлаштириш - кўплаб корхоналар томонидан атроф-муҳит тўғрисидаги ўз маълумотларини нашр этилишига кўмаклашиш мақсадида экологик масалаларга доир ахборотдан фойдаланишни осонлаштириш;

з) "яшил" ривожланиш бўйича давлат сиёсатини баҳолаш - "яшил" ривожланиш ва "яшил" иқтисодиётга ўтиш сиёсатини тизимли баҳолаб бориш;

и) "яшил" иқтисодиётга ўтишни амалга ошириш бўйича парламент ва фуқаролар олдида мунтазам ҳисобот бериб бориш - "яшил" иқтисодиётга ўтишнинг бориши, ҳаракатсизлик билан боғлиқ хавф-хатарлар, ижро этувчи давлат органлари томонидан амалга ошириладиган асосий чора-тадбирлар тўғрисида парламент ва фуқароларга мунтазам ҳисобот бериш;

к) келажакдаги муаммоларни ҳал қилиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоаларнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш - ҚТЭ технологияларини аниқлаш, ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, қуёш, шамол ва гидроэнергетика соҳаларида ҚТЭ йўналишидаги инвестицияларни молиялаштириш имкониятларини топиш орқали энергетика хавфсизлигини ошириш;

л) хусусий сектор ва фуқаролик жамиятининг иштирокини кучайтириш - жамиятнинг барча манфаатдор томонлари ўртасида "яшил" ривожланиш масалалари бўйича фикр алмашишни такомиллаштириш ва рағбатлантириш.


2.7.3. Ташқи ва ички "яшил" молиялаштириш оқимларини кўпайтириш


Устувор йўналишлар:

а) "яшил" иқтисодий инфратузилмага катта миқдордаги давлат капиталини йўналтириш - давлат капитал маблағларини босқичма-босқич "яшил" иқтисодиёт инфратузилмасига йўналтириш, шунингдек, инфратузилмага бўлган эҳтиёжларни ва молиялаштиришдаги бўшлиқларни аниқлаш;

б) "жигарранг" иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ва субсидиялардан воз кечиш - қазилма ёқилғи энергиясини бевосита ва билвосита қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат субсидияларидан воз кечиш;

в) солиқ юкини корхоналар ва уй хўжаликларидан атроф-муҳитнинг ифлосланишига ва ресурсларнинг ортиқча сарфланишига олиб келадиган фаолиятга ўтказиш:

ёқилғи солиғи ҳамда экологик тоза ёқилғи ва ресурслардан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш каби стимулларни яратиш мақсадида солиқ тизимини такомиллаштириш;

"яшил" технологияларга ва инфратузилмага инвестиция киритиш орқали "яшил" иш ўринларини яратишни рағбатлантириш;

г) атроф-муҳит ифлосланиши учун белгиланган тўловлар тизимини хусусий сектор учун қулайроқ қилиш нуқта назаридан қайта кўриб чиқиш ва шу билан бирга "яшил" технологияларни жорий этиш учун кўпроқ рағбатлантириш чораларини белгилаш:

ифлосланишни камайтирувчи технологияларга инвестицияларни киритишни янада рағбатлантириш мақсадида ифлосланиш учун белгиланган йиғим ставкасини ошириш ва ифлослантирувчи моддалар рўйхатини кенгайтириш орқали атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун йиғим тизимини такомиллаштириш;

"ифлослантирувчи - тўлайди" механизмини такомиллаштириш орқали "яшил" технологияларга инвестицияларни рағбатлантириш;

д) солиқлар ва давлат харажатларининг "яшил" иқтисодиётга мувофиқлиги ва таъсири тўғрисидаги маълумотларни баҳолаш ва ошкор қилиш учун "яшил" бюджет методологиясини жорий этиш - "яшил" устувор йўналишларга ижобий ёки салбий таъсир кўрсатадиган солиқлар ва давлат харажатлари улушини баҳолаш учун "яшил" бюджет методологиясини жорий этиш;

е) барқарор ривожланиш мезонлари асосида харидлар бўйича қарорларни асослаш учун "яшил" давлат харидларини жорий этиш - маҳаллий "яшил" товарлар бозорини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришда барқарор стандартларни илгари суриш ва давлат харидларининг иқтисодий самарадорлигини ошириш мақсадида тендер ва шартномаларда экологик мезонлардан фойдаланишга рухсат берадиган "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонуннинг таъсирини кучайтириш;

ж) "Яшил" облигациялар орқали "яшил" инфратузилмага хусусий капитални жалб қилиш - "яшил" молиялаштиришни янада кенгроқ тарғиб қилиш учун рағбатлантириш ва архитектура яратиш орқали хусусий секторни "яшил" корхоналарга инвестиция киритишга йўналтириш;

з) давлат корхоналарини "яшил" иқтисодиёт етакчиларига айлантириш учун давлат балансидан фойдаланиш - "яшил" инвестициялар ҳамда барқарор стандартлар ва сертификатлаш бўйича режалаштириш, қабул қилиш ёки ҳисобот беришни рағбатлантириш мақсадида давлат корхоналари устидан давлат назорати амалиётини такомиллаштириш.



3-БОБ. АМАЛГА ОШИРИШ МЕХАНИЗМИ.

ИДОРАЛАРАРО ҲАМДА ХАЛҚАРО МОЛИЯ ИНСТИТУТЛАРИ

ВА РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ТАШКИЛОТЛАР

ФАОЛИЯТИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ

        

3.1. Дастур Ҳаракатлар режаси ҳамда миллий ва тармоқ ривожланиш стратегияларида белгиланган тадбирлар асосида амалга оширилади.


3.2. "Яшил" иқтисодиётга ўтиш ва "яшил" ўсиш чора-тадбирларини амалга ошириш учун халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳамда бошқа чет эллик донорларнинг кредит ва грантлари ҳамда иқлим билан боғлиқ бошқа ресурслар, шунингдек, хорижий инвестициялар жалб қилиниши мумкин.


3.3. Дастурни амалга оширишга барча манфаатдор томонлар, шу жумладан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, халқаро ташкилотлар, хусусий сектор, шунингдек, аҳоли жалб қилинади.

Бунда, Ўзбекистон Республикасининг "яшил" иқтисодиётга ўтиши ва "яшил" ўсишни таъминлаш доирасидаги манфаатдор томонларнинг ўзаро муносабатларини мувофиқлаштириш қуйидагича амалга оширилади:

Идоралараро кенгаш - Стратегия, Дастур ва Ҳаракатлар режасининг самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича вазирлик ва идораларнинг ишини самарали ташкил этишни таъминлайди;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги - Ўзбекистон Республикасида "яшил" иқтисодиётга ўтиш ва ривожлантириш бўйича ваколатли орган ва Идоралараро кенгашнинг ишчи органи ҳисобланиб, ушбу йўналишдаги чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича масъул вазирлик ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

Донорларнинг мувофиқлаштириш гуруҳи - Дастур ва Ҳаракатлар режасида белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилишини доимий баҳолаб бориш, техник ва молиявий кўмак жалб этиш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини шакллантиришга ёрдамлашади;

Техник котибият - Донорларнинг мувофиқлаштириш гуруҳи фаолиятини ташкил қилади, Стратегия, Дастур ва Ҳаракатлар режасида белгиланган вазифаларни амалга оширишда уни Идоралараро кенгаш билан ўзаро мувофиқлаштиришга кўмаклашади;

Идоралараро ишчи гуруҳлар - вазирлик ва идоралар ҳамда хорижий экспертлардан ташкил топган бўлиб, Стратегия, Дастур ва Ҳаракатлар режасида белгиланган чораларнинг тармоқлар ва ҳудудлар кесимида амалга оширилишини ташкил этади.



4-БОБ. МОНИТОРИНГ ВА БАҲОЛАШ (M&E).

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР

             

4.1. Дастурда белгиланган чора-тадбирларнинг сифатли бажарилишини мувофиқлаштириш, мониторинг қилиш ва баҳолаш ишлари қуйидаги тартибда амалга оширилади:

вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхоналар - ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига Ҳаракатлар режаси ҳамда тармоқлар кесимидаги ресурс тежаш дастурларида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда Мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолати тўғрисида ҳисобот тақдим этади;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини идоралараро мувофиқлаштиради, ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 15-санасига қадар умумлашган таҳлилий маълумотларни Идоралараро кенгашга киритади;

Идоралараро кенгаш ҳар чорак якуни билан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига маълумот киритади.


4.2. Амалга оширилган ишлар самарадорлиги ва натижадорлиги Дастурга иловада келтирилган 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида "яшил" иқтисодиётга ўтиш ва "яшил" ўсишни таъминлаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар асосида баҳоланади.

Мониторинг ва баҳолаш Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Идоралараро ишчи гуруҳи воситасида амалга оширилади.

Мониторинг ва баҳолаш ишларини амалга ошириш учун тармоқлар, ҳудудлар ва ҳар бир устувор йўналишлар бўйича кутилаётган натижалар ва мақсадли кўрсаткичлар матрицаси ишлаб чиқилади. Мазкур матрица ва кўрсаткичлар асосида тизимли мониторинг ва баҳолаш ишлари йўлга қўйилади.


4.3. 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг "яшил" иқтисодиётга ўтиш стратегияси ва Дастурни амалга ошириш натижасида 2030 йилгача мамлакатда "яшил" иқтисодиётга ўтиш ва "яшил" ўсишни таъминлаш бўйича қуйидагиларга эришиш кутилади:

иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 35 фоизга қисқартириш;

қайта тикланувчи энергия манбаларининг ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВтга ошириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 30 фоизидан кўпроғига етказиш;

саноат соҳасида энергия самарадорлигини камида 20 фоизга ошириш;

ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган энергия сарфи ҳажмини, шу жумладан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобига 30 фоизга камайтириш;

иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, 1 миллион гектаргача майдонда сув тежовчи суғориш технологиясини жорий этиш;

йилига 200 миллион кўчат экиш ва кўчатларнинг умумий сонини 1 миллиарддан ошириш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни 30 фоиздан ортиқроққа кенгайтириш;

республика ўрмон фонди захиралари кўрсаткичини 90 миллион куб метрдан ортиқроққа етказиш;

ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 65 фоиздан ошириш.

            

                




Дастурга

ИЛОВА



2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида

"яшил" иқтисодиётга ўтиш ва "яшил"

ўсишни таъминлаш бўйича

МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАР

            

Т/р

        

Кўрсаткичлар

          

Ўлчов

бирлиги

        

2022

йил

       

2024

йил

       

2026

йил

       

2028

йил

      

2030

йил

     

1.

Ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган энергия ҳажмини камайтириш (2021 йилга нисбатан)


%

5,0

14,0

22,0

27,0

30,0

2.

Саноатда электр энергияси истеъмоли, умумий истеъмолдаги улуши


%

26,0

25,0

23,0

21,0

20,0

3.

Қайта тикланувчи энергия манбаларининг электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улушини кенгайтириш (гидроэнергетика билан бирга)


%


8,0


9,0


24,3


29,0


30,5


кВт/с

    

6,5

       

8,6

25,0

34,0

40,7

4.

Кичик қувватли қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш


МВт

10,0

150,0

400,0

800,0

1500,0

5.

Яхшиланган ичимлик сув манбаларидан фойдаланиш имкониятига эга аҳоли, жами аҳоли сонига нисбатан


%

69,7

80,93

87,12

88,5

90,0

6.

Ўрмон фонди ҳудудларида дарахт ва буталар захираларини кўпайтириш


млн. куб.м

64,2

68,1

77,0

85,5

92,3

7.

"Яшил макон" лойиҳаси доирасида шаҳарлардаги яшил майдонларни кенгайтириш ҳоли пунктининг умумий майдонига нисбатан)


%

8,3

12,4

15,8

23,8

30,0

8.

Ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси


%

30,0

40,0

50,0

60,0

65,0

           

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 3 декабрь











































































Время: 0.0051
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск