ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Президенти / Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги комиссия ва органлар /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.01.2023 й. 6-сон қарорига 1-илова)
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
Вазирлар Маҳкамасининг
2023 йил 7 январдаги
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний
манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг
бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг бюджетдан ташқари жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг (кейинги ўринларда - Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони) моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларини моддий рағбатлантириш, ўқув курсларида ўқитиш, шунингдек, девон фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантиришга йўналтирилган бошқа тадбирларни молиялаштириш мақсадида ташкил этилади.
3. Жамғарма маблағларининг шакллантирилиши ва сарфланишининг ҳисоби миллий ва чет эл валютасида амалга оширилади.
ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ
4. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девони ходимлари томонидан қўлланилган жарималар суммаси ҳамда расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар асосида судлар томонидан қўлланилган жарималар суммасининг 100 фоиз миқдори;
техник кўмаклашиш маблағлари, халқаро ташкилотлар, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларининг грантлари;
жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари (меценатлик кўмаги);
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Жамғармага тушадиган маблағлар Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очиладиган миллий ва чет эл валютасидаги шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.
ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ
6. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
а) Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девонига юкланган вазифаларни самарали ташкил этиш;
б) Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг маъмурий бино ва бошқа инфратузилма объектларида қурилиш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини (лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш харажатларини инобатга олган ҳолда) амалга ошириш, уларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш, шу жумладан, зарур замонавий ускуналар, мебель, инвентарлар билан жиҳозлаш, кузатув, назорат ва идентификация тизимлари, воситалари ва қурилмалари билан таъминлаш ҳамда бошқа товар-моддий қимматликларни харид қилиш;
в) ахборот-коммуникация, мультимедиа ва тармоқ қурилмалари, техника воситалари ҳамда дастурий таъминотларни харид қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва сақлаш, маълумотлар базасини шакллантириш;
г) Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони раҳбарияти ва ходимларининг фаолият йўналиши бўйича малакасини ошириш, шунингдек, уларни хорижий давлат ташкилотлари, таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотларга тажриба алмашиш, ҳамкорлик ўрнатиш мақсадларида хорижий хизмат сафарларига юбориш;
д) ташаббускорлиги ва ўз хизмат вазифаларини виждонан бажарганлиги ҳамда меҳнат фаолиятидаги юксак натижалари учун лавозим маошининг 200 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар белгилаш;
е) ҳар йили Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходими фаолиятини якка тартибда баҳолаш асосида икки ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида мукофотлаш;
ж) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланмаган қисмида байрам кунлари муносабати билан мукофот пуллари бериш;
з) узоқ йиллик ва бенуқсон хизмати (меҳнати) учун, шунингдек, пенсияга чиқиши муносабати билан икки ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдоригача бўлган ҳажмда бир марталик мукофотлаш;
и) Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходимларини алоҳида эҳтиёж юзага келган ҳолларда (бахтсиз ҳодиса, тўй ва бошқа тадбирлар, узоқ давом этган касаллик билан боғлиқ махсус даволаниш ва саломатликни тиклаш, шунингдек, оиладаги оғир моддий аҳвол, бошқа ҳолатлар) моддий ёрдам беришни назарда тутган ҳолда ижтимоий ҳимоя қилиш;
к) республикага келган ва хориждаги олий даражадаги меҳмонларга совға қилиш учун маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган сувенирларни сотиб олиш;
л) Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилган қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тадбирлар.
7. Жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатлар ушбу харажатларни асословчи тегишли ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади.
Ҳужжатларнинг асосланганлиги ва сифати, келтирилган маълумотларнинг тўғрилиги юзасидан мурожаат этувчи жавобгардир.
8. Жамғарма маблағларидан унинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида фойдаланилади.
Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаси бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда тузилади, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тасдиқланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.
9. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига йил давомида белгиланган тартибда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган харажатлар уларнинг тасдиқланган ҳажмларига, ушбу харажатлар ўрнини қоплаш манбалари мавжуд бўлган тақдирда кўпайтирилади.
10. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш учун Жамғармани бошқариш кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш) ташкил этилади.
11. Кенгаш:
ҳисобот йили якуни бўйича Жамғарма даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни назорат қилади.
12. Кенгаш, қоида тариқасида, Кенгаш раиси, унинг ўринбосари, Кенгаш котиби, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг 2 - 4 нафар масъул ходимларидан иборат таркибда шакллантирилади. Кенгашнинг шахсий таркиби, қоида тариқасида, бир йилда бир марта Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тасдиқланади.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил лавозимига кўра Кенгаш раиси ҳисобланади.
13. Кенгаш раиси:
Кенгаш мажлиси кун тартибини белгилайди ва чақиради;
Кенгаш қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;
Кенгаш аъзоларига юкланган вазифалар бажарилиши юзасидан уларнинг ишини мувофиқлаштиради;
Кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш учун бошқа ваколатларни амалга оширади.
Кенгаш томонидан белгиланган лимитлар доирасида харажатлар дастури бўйича харажатлар сметаларини тасдиқлаш ва унга ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, Жамғарманинг захира маблағларидан фойдаланиш Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан амалга оширилади.
14. Кенгаш аъзолари:
Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этади;
Кенгаш томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича овоз беради.
Кенгаш аъзолари мажлисда шахсан қатнашадилар. Бунда қатнашишнинг имкони бўлмаган тақдирда, Кенгаш аъзоси мажлиснинг кун тартиби бўйича ўз фикрини ёзма равишда тақдим этишга ҳақлидир.
15. Кенгаш котиби:
Кенгаш мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;
мажлисни ўтказиш муддатлари ва жойини Кенгаш раиси билан келишади;
кун тартибига киритилган масалалар бўйича Кенгаш мажлисларининг ўтказилишини ташкил этади;
Кенгаш аъзолари ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг санаси, вақти, жойи ва кун тартиби лойиҳасидан хабардор қилади;
Кенгаш қарорларининг бажарилиши мониторингини юритади;
Кенгаш баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни Кенгаш аъзоларига ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.
Кенгаш котиби кенгаш аъзоси ҳисобланади.
16. Кенгаш мажлислари заруратга қараб, бироқ ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.
17. Кенгаш мажлисини Кенгаш раиси, у бўлмаган тақдирда эса Кенгаш раиси ўринбосари бошқаради.
18. Кенгаш мажлиси унда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда, ўтказилган ҳисобланади.
19. Кенгаш мажлисини ўтказиш учун кворум ёки раис ва унинг ўринбосари бўлмаганда, Кенгаш мажлисини ўтказишнинг янги санаси эълон қилинади.
20. Кенгаш қарори Кенгашнинг мажлисида қатнашган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини, шунингдек, маблағлардан фойдаланилишини тасдиқлаш масалалари бўйича қарорлар Кенгаш мажлисида қатнашган аъзоларнинг учдан икки қисми овози билан қабул қилинади.
Кенгаш қарорлари мажлис баённомаси билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баённомаси Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ҳамда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил буйруғи асосида амалга оширилади.
21. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг Молия шўъбаси Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.
22. Ишчи орган:
Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини ишлаб чиқади;
даромадлар ва харажатлар сметаларини тайёрлайди, шунингдек, уларга қонунчиликда белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритиш юзасидан Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга таклифлар киритади;
Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
Жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатларни умумлаштириш ва Кенгашга кўриб чиқиш учун материаллар тайёрлайди;
Жамғарманинг тушумлар манбалари бўйича даромадлар ҳамда асосий харажатлар йўналишлари бўйича ҳисобини юритади;
ҳар чорак якуни бўйича Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тайёрлайди, Кенгашга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этади;
белгиланган тартибда Жамғармага маблағлар тушиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши тўғрисида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ҳисобот тақдим этади.
23. Жамғарма маблағларининг ҳисоб ва ҳисоботини юритиш ҳамда жорий хизмат кўрсатиш ишлари Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Молия шўъбаси томонидан амалга оширилади.
5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШНИ
ҲИСОБГА ОЛИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ
24. Жамғарманинг даромад ва харажатлар сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот Кенгаш томонидан кўриб чиқилади ҳамда ҳар йили 15 мартгача Кенгаш томонидан тасдиқланади.
25. Жамғарманинг ҳисобот йилида фойдаланилмаган маблағлари олиб қўйилмайди, кейинчалик ушбу Низомда назарда тутилган тартибда фойдаланиш учун миллий ва чет эл валютасида жамғариб бориладиган ғазначилик шахсий ғазна ҳисобварақларида қолади.
26. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.
27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2023 йил 9 январь