ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Йўловчиларга хизмат кўрсатиш. Автовокзаллар. Автомобиллар тўхташ жойлари. Аэровокзаллар. Темирйўл станциялари /

Автовокзалларда (автостанцияларда) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш, уларнинг автовокзалларда (автостанцияларда) бўлиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.04.2023 й. 159-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 17 апрелдаги

159-сон қарорига

3-ИЛОВА



Автовокзалларда (автостанцияларда)

йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг

қўл юки ва багажини кўздан кечириш, уларнинг

автовокзалларда (автостанцияларда)

бўлиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

          

          

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

          

1. Мазкур Низом автовокзалларда (автостанцияларда) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни, қўл юки ва багажни кўздан кечириш ҳамда уларнинг автовокзалларда (автостанцияларда) бўлиши тартибини белгилайди.


2. Автовокзаллар (автостанциялар) ҳудудига йўловчилар ва бошқа шахслар назоратдан ўтказиш орқали киритилади.


3. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар мазкур Низомга иловада назарда тутилган хавфли моддалар ва буюмларни автовокзаллар (автостанциялар) ҳудудига олиб кириши ва уларни автотранспорт воситаларида ташишлари тақиқланади.


4. Мазкур Низом автовокзалларнинг тоифалари ва автостанцияларнинг классларини аниқлаш мезонларига нисбатан татбиқ этилади.


5. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


автовокзал (автостанция) - транспорт-экспедиция, ташиш фаолиятини амалга оширувчи ва йўловчиларга бошқа хизматлар кўрсатувчи ташкилот;


багаж - жўнатиш учун идишга жойланган ва йўловчи томонидан автобусда олиб кетиладиган буюмлар;


йўловчи - тузилган ташиш шартномасига мувофиқ ташиш хизматларидан фойдаланувчи жисмоний шахс;


йўловчилар платформаси (перрон) - автовокзал (автостанция)ларда ёки бекатларда йўловчиларнинг автобусларга қулай ва хавфсиз ўтиши, чиқиши ва тушиши учун мўлжалланган майдонча;


автовокзал (автостанция)лар орқали автобусларда ташилиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар - ноқонуний аралашиш ҳаракатини содир этиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган буюмлар ва юклар;


махсус техник воситалар - кўздан кечириш ва назоратни амалга ошириш учун мўлжалланган махсус техник қурилмалар ва мосламалар (турғун ва қўл металл детекторлари, видеокузатув, шу жумладан, қидирувдаги шахсни ва автотранспорт воситасини аниқловчи видеокузатув тизимлари ва шу кабилар);


назоратдан ўтказиш - махсус техник воситаларни қўллаган ҳолда, йўловчилар йўловчи ташиш транспорт воситаларида қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган, ноқонуний аралашиш ҳаракатини содир этиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлашга мўлжалланган тадбирлар мажмуаси;


назоратдан ўтказиш ваколатига эга бўлган ходимлар - автовокзал (автостанциялар) раҳбарияти томонидан назоратдан ўтказиш ваколати берилган назоратчилар ёки ички ишлар ҳамда Миллий гвардия ходимлари;


назорат қилинадиган ҳудуд - назорат амалга оширилгандан кейинги автовокзал (автостанция) ҳудуди;


ноқонуний аралашиш ҳаракати - автомобиль транспортининг хавфсиз фаолиятига таҳдид соладиган, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, моддий зарар етказадиган ёхуд бундай оқибатлар келиб чиқиши хавфини яратган ҳуқуққа зид ҳаракат (ҳаракатсизлик), шу жумладан, террорчилик ҳаракати;


ташриф буюрувчилар - йўловчиларни кутиб олувчи ва кузатувчи, автовокзал (автостанция) маъмурияти қабулига келган шахслар;


шахсни тасдиқловчи ҳужжат - паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта ёхуд шахсни тасдиқлайдиган бошқа "QR" кодли ҳужжат;


қўл юки - йўловчи томонидан бепул ташиладиган ва ташиш учун идишга жойланган буюмлар.



2-БОБ. АВТОВОКЗАЛЛАР (АВТОСТАНЦИЯЛАР) ҲУДУДИДА

ЙЎЛОВЧИЛАР ВА ТАШРИФ БУЮРУВЧИЛАРГА ХИЗМАТ

КЎРСАТИШГА ДОИР АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

        

6. Қуйидагилар автовокзал (автостанция) ҳудудидаги йўловчилар ва ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатишга доир асосий вазифалар ҳисобланади:

ахборот хизматлари кўрсатиш;

йўловчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

узоқ муддат дам олиш хоналарига ҳамда оналар ва болалар хоналарига жойлаштиришни ташкил этиш, шу жумладан, автовокзал (автостанция)нинг айби билан ва бошқа фавқулодда ҳолатларда йўловчи ташиш автобуслари ҳаракатида узилишлар юз берган ҳолларда йўловчиларни кутиш залларига жойлаштириш ва уларга ахборот берилишини ташкил этиш;

багаж ва қўл юкини ташишнинг белгиланган меъёрларига риоя этилишини назорат қилиш;

йўловчилар томонидан автобусларга ўтишнинг хавфсиз йўналишларини таъминлаш;

йўловчиларни узоқ манзилга ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобусга чиқишини (ундан тушишини) таъминлаш;

автовокзал (автостанция)да сервис хизматларини яхшилаш ва кенгайтириш;

ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, болалар гуруҳлари, ҳарбий командаларнинг автобусларга чиқиши-тушиши, автовокзал (автостанция)да бўлиши учун хавфсиз ҳамда қулай шарт-шароитларни таъминлаш;

транспорт ҳодисалари, ёнғинлар ва ҳалокатлар, атроф муҳитга зарарли биологик таъсирнинг оқибатларини бартараф этиш чоғида автовокзал (автостанция) ҳудудида бўлиш даврида экологик хавфсизлик талабларига риоя қилиш ҳамда фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш ишларини ташкил этиш.



3-БОБ. ЙЎЛОВЧИЛАР ВА ТАШРИФ БУЮРУВЧИЛАРНИ

НАЗОРАТДАН ЎТКАЗИШНИНГ

УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ

           

7. Назоратдан ўтказишнинг умумий қоидалари қуйидагиларни назарда тутади:

автовокзал (автостанция)ларда йўловчилар ва ташриф буюрувчилар назоратдан ўтиш пунктида зарурат бўлганда шахсни тасдиқловчи ҳужжат, йўловчиларнинг йўл ҳужжатлари, багаж, қўл юки ҳамда улар томонидан олиб ўтиладиган буюм ва моддаларни кўздан кечириш;

йўловчилар ва ташриф буюрувчиларда мавжуд металл буюмлари, автобусларда қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар тўғрисида маълумот бериш;

йўловчилар ва ташриф буюрувчиларга мазкур Низомга иловага мувофиқ рўйхат бўйича йўловчи ташиш автотранспорт воситаларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар ҳамда улар ноқонуний ташилганлиги учун жавобгарлик тўғрисида тушунтириш бериш;

йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажини назоратдан ўтказиш, кўздан кечириш жараёнида махсус техник воситаларни самарали қўллаш, зарурат бўлганда хизмат итларидан фойдаланиш ҳамда йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни шахсий кўздан кечириш;

назоратдан ўтказилаётган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг металл буюмлари мавжуд бўлса, уларни махсус идишга солиш ва турғун металл детектор рамкаси орқали ўтишга таклиф этиш, металл буюмлар мавжудлиги тўғрисида сигнал тушган тақдирда, қўлда ишлатиладиган металл детекторни қўллаш, у бўлмаган тақдирда, белгиланган тартибда шахсий кўздан кечириш;

ногабарит буюмлар, йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг кийимларида нималар борлигини металл детектор билан аниқлаб бўлмайдиган ҳолатда заруратга кўра шахсий кўздан кечириш;

қидирувдаги шахсларни аниқлаш ва ушлаш мақсадида назоратдан ўтказилаётганларнинг паспортга оид маълумотларини танлаб текшириш, шунингдек, шубҳали шахсларни шахсан назоратдан ўтказиш.


8. Автовокзал (автостанция)ларга йўловчилар ва ташриф буюрувчилар кириб-чиқишлари мумкин. Автобусларга чиптасиз чиқиш тақиқланади.


9. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар томонидан назоратдан ўтиш ёки қўл юки ва багажни кўздан кечиришга тақдим этиш рад этилган тақдирда, ушбу шахслар назорат ҳудудига қўйилмайди.


10. Йўловчилар автобусга ушбу йўналиш учун чипта бўлган тақдирдагина чиқарилади.


11. Автовокзал (автостанция)лар ҳудудлари, бино ва иншоотлари ҳамда бошқа мақсадли фойдаланиш учун белгилаб берилган хоналарда ташриф буюрувчиларнинг ётиши, тунаб қолиши ҳамда бошқа манфаатларда фойдаланилиши қатъий тақиқланади (меҳмонхона ҳамда ҳайдовчилар дам олиш хоналари бундан мустасно).



4-БОБ. НАЗОРАТДАН ЎТКАЗИШ ВАКОЛАТИГА

ЭГА БЎЛГАН ХОДИМЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

           

12. Назоратдан ўтказиш ваколатига эга бўлган ходимлар хизматни ўташ вақтида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

автовокзал (автостанция) ҳудудида жамоат тартибига риоя этилишини талаб қилиш;

автовокзал (автостанция) ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этганларнинг шахсини аниқлаш, хизмат хонасига келтириш ҳамда ушлаб туриш (бундай ваколатлар бўлмаган тақдирда, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимларини чақириш ва хавфсизликни таъминлашга жалб қилиш);

мазкур Низомга иловадаги рўйхатга мувофиқ йўловчи ташиш автобусларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар бор деб ҳисоблаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни шахсий кўрикдан ўтказиш, уларнинг ашёлари, қўл юки, багажини кўздан кечириш ҳамда уларни олиб юриш ва сақлаш учун асослар бўлмаган тақдирда, мазкур ашёлар, воситалар ҳамда моддаларни олиб қўйиш, шунингдек, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимларини чақириш;

муҳим стратегик аҳамиятга эга халқаро йўналишларда хизмат кўрсатиш мақомидаги "йирик" тоифали автовокзал ҳудудига енгил ва юк автотранспорт воситаларини киритмаслик (ногиронлиги бўлган фуқароларни автобусгача олиб кириш, тез тиббий ёрдам, ёнғин хавфсизлиги, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ҳамда махсус (кўк ва қизил) маёқчалик ҳамда автовокзал биносидан 50 метр узоқликда жойлаштириш шарти билан автовокзалнинг хизмат ва ишчи ходимларининг автотранспорт воситалари бундан мустасно);

ноқонуний аралашиш ҳаракатини содир этиш ниятидаги шахсларга хос бўлган бир қанча ўзини тутиш белгилари бўйича потенциал хавфли шахсларни аниқлаш мақсадида кўздан кечирилаётган йўловчилар ва ташриф буюрувчилар билан сўров шаклида (қисқа психологик саволлар ёрдамида) суҳбат ўтказиш;

Ички ишлар вазирлигининг ахборот-излаш маълумотлар базалари ҳамда автовокзал (автостанция)лардаги мавжуд видеокузатув тизимлари бўйича шубҳали шахсларни қидириш;

фуқаровий ва хизмат қуролини ташувчи шахслар томонидан қурол-яроғ, патронлар ва ўқларни ташишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назорат қилиш;

зарурият бўлганда, автовокзал (автостанция) ҳудудида Ички ишлар вазирлиги ҳамда автовокзал (автостанция) ходимлари, йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни шахсий кўздан кечириш.


13. Назоратдан ўтказиш ваколатига эга бўлган ходимлар хизматни ўташ вақтида қуйидагиларга мажбур:

ушбу Низом автобусларда йўловчи ва ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган қонунчилик ҳужжатларининг бошқа меъёр-талабларига риоя қилишга;

йўловчи ва ташриф буюрувчиларга нисбатан ҳушёр, эътиборли ва илтифотли муносабатда бўлишга ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларга йўл қўймасликка;

йўловчи ва ташриф буюрувчида бўлиши мумкин бўлган йўловчилар ташиш автобусларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни ихтиёрий равишда кўрсатишни таклиф этилиши;

йўловчи ва ташриф буюрувчиларнинг асоссиз равишда ушланиб қолишига йўл қўймаслик;

заруриятга кўра, назоратдан ўтишни бош тортган йўловчи ва ташриф буюрувчиларни назорат қилинадиган ҳудудига қўймасликка;

йўловчи ва ташриф буюрувчилар томонидан йўловчилар ташиш автобусларида қўл юки ва багаж шаклида ташилиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлашнинг зарур кўникмаларига эга бўлишга;

табиий ва техноген тусдаги авариялар, ҳалокатлар, ёнғин ёки табиий офатлар юз берган тақдирда, жабрланганларни қутқариш ва уларга биринчи ёрдам кўрсатиш, махсус қутқарувчи хизматларни чақириш чораларини кўришга.



5-БОБ. НАЗОРАТДАН ЎТИШ ТАРТИБИ

             

14. Назорат қилинадиган ҳудудга киришдан олдин заруриятга кўра йўловчи ва ташриф буюрувчилар ҳамда уларнинг қўл юки, багажларини кўздан кечириш автовокзал (автостанция) олди майдонида махсус жиҳозланган назорат ўтказиш пунктларида назоратни ўтказиш ваколатига эга бўлган ходимлари томонидан амалга оширилади.


15. Назорат ўтказиш пункти:

йўловчилар ва ташриф буюрувчилар қўл юкини, багажини ҳамда улар ўзи билан олиб ўтадиган нарсалар ва моддаларни кўздан кечиришдан ўтказиш учун махсус техник воситалар;

турғун металл детекторлар;

қўл металл детекторлари;

видеокузатув камералари;

тезкор алоқа воситалари билан жиҳозланади.


16. Йўловчи ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажи эгасининг иштирокида кўздан кечирилади.


17. Назоратни ўтказиш ваколатига эга бўлган ходимлар назорат ўтказиш пунктида махсус техник воситаларни қўллаган ҳолда, шахсларни ва уларнинг қўл юки, багажини кўздан кечириш қуйидаги кетма-кетликда ўтказилади:

автовокзал (автостанция) назорат ҳудудига кирувчи йўловчи ва ташриф буюрувчилар автовокзал (автостанция) олди ҳудудларида ташкил этилган, махсус техник воситалар билан жиҳозланган умумлаштирилган назорат ўтказиш пунктлари орқали ўтадилар, бу ерда уларга мавжуд металл буюмлар, йўловчи ташиш автобусларида қўл юки ва багаж шаклида йўловчилар ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар тўғрисида маълумот берилади;

кўздан кечирилаётган йўловчи ва ташриф буюрувчиларнинг кийимидаги мавжуд металл буюмларни (портсигар, калитлар, фолгали пачкалардаги сигаретлар, тангалар ва шу кабилар) белгиланган идишга қўйиш ва йўловчиларнинг тўпланиб қолишига йўл қўймай уларга навбати билан турғун металл детектор орқали ўтиш таклиф этилади, металл буюмлар мавжудлиги тўғрисида сигнал тушган тақдирда, қўлда ишлатиладиган металл детектор қўлланилади, у бўлмаганда эса белгиланган тартибда шахсий кўрикдан ўтказилади;

сиртга туртиб чиққан, бироқ кўз билан йўловчининг кийимида кўринмайдиган ва металл детекторнинг ишлаб кетишига олиб келадиган буюмлар назоратни амалга ошириш ваколати берилган ходимнинг талаби бўйича кўрикдан ўтказиш учун чиқарилиши талаб этилади. Зарур ҳолларда қўл юки ва багаж махсус қўшимча ускунадан фойдаланган ҳолда кўздан кечирилади;

назоратдан ўтиш жараёнида йўловчи ташиш автобусларида қўл юки ва багаж шаклида йўловчилар ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар аниқланган тақдирда, тегишли чоралар кўриш учун дарҳол Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимларини хабардор қилади;

техник сабабларга кўра турғун металл детектордан фойдаланиш имкони мавжуд бўлмаган ҳолларда шахсларни, шунингдек уларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш шахсий кўздан кечириб чиқиш йўли билан қўлда ишлатиладиган металл детектор ёрдамида амалга оширилади.


18. Қўл юки сифатида ташиладиган маиший мақсаддаги радиоэлектрон аппаратлар, бинокллар умумий асосларда кўздан кечирилади.


19. Кинофото аппаратлар махсус техник воситалар қўлланмасдан кўздан кечирилади.


20. Яширин тарзда ташиш учун буюмлардан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида ашёларни кўздан кечиришда:

ғилофлар, жилдлар кўздан кечирилиши, қувватлантириш блоклари, кассета ғилофлари, шунингдек плёнкали камералар очилиши ва текширилиши (аппаратларни ўчириш, қувватлантириш блоки қопқоғини ва кассета ғилофларини очишни буюмнинг эгаси амалга оширади);

габаритига кўра махсус техник воситалар ёрдамида текшириб бўлмайдиган мусиқа ва бошқа асбоблар текширилганда, уларнинг ғилофлари олиб ташланиши, жилдлари очилиши ва улар силкитиб кўрилиши зарур.


21. Йўловчи ташиш автобус салонларида уй ҳайвонлари, паррандалар ва бошқа вакилларини ташийдиган йўловчилар тегишли ветеринария маълумотномаларига, шунингдек улар ташиладиган қафаслар ёки бошқа мосламаларга эга бўлиши керак.


22. Назоратдан ўтилгандан кейин йўловчи ва ташриф буюрувчиларга уларнинг қўл юки, багажи қайтарилади.

Йўл чипталарини электрон тарзда харид қилиб олган йўловчиларнинг ҳамда уларнинг қўл юки, багажи кўрикдан ўтказилганлигини тасдиқлаш учун қўл юки ва багажнинг кўринадиган жойига лента шаклидаги махсус елимлагич (стикер) ёпиштириб қўйилади.

Йўловчида қуроли билан, уни сақлаш, мақсадли фойдаланиш ҳамда олиб юриш учун белгиланган тартибда берилган рухсатномаси (фақатгина фуқаровий қурол тоифасига кирувчи қурол-аслаҳалар) мавжуд бўлган тақдирда, йўл ҳужжатига (чиптага) "Қурол" деган қўшимча белги (штамп) қўйилади. Мавжуд қурол, унга ўқ-дорилар ва уларнинг сони ёзма равишда белгининг (штампнинг) ичига ёзиб қўйилади.



6-БОБ. ШАХСИЙ КЎЗДАН КЕЧИРИШ

            

23. Қидирувдаги шахсларга гумон қилинган ёки назоратдан ўтиш жараёнида ўзини шубҳали тутаётган шахсларни шахсий кўздан кечириш, махсус жиҳозланган хоналарда иккита холис киши иштирокида қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

тайёрланаётган ноқонуний аралашиш ҳаракати тўғрисида хабар келганда;

назоратдан ўтказилаётган йўловчи ва ташриф буюрувчиларда йўловчи ташиш автобусларида йўловчилар қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар мавжудлиги тўғрисида хабар олинганда;

назоратдан ўтказилаётган йўловчи ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юкида, багажида йўловчи ташиш автобусларида йўловчилар қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар аниқланганда;

назоратдан ўтказиш ваколатига эга бўлган ходимлар томонидан шахсан кузатиш йўли билан кўздан кечирилаётган йўловчи ва ташриф буюрувчиларнинг ўзини шубҳали тутиши ва хатти-ҳаракатлари белгилари, унинг ғаразли ниятларидан далолат берувчи ёки йўловчи ташиш автобусларида йўловчилар қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар бўлиши мумкинлиги тўғрисида шубҳа туғдирувчи белгилар аниқланганда.


24. Йўловчи ва ташриф буюрувчиларни шахсий кўздан кечириш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 289-моддасига мувофиқ ва йўловчи ташиш автобусларида йўловчилар қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлаш учун зарур бўлган доирада амалга оширилади.


25. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар заруриятга кўра белгиланган тартибда назоратдан ўтганларидан кейин автовокзал (автостанция)нинг ҳудудига ўтадилар.


26. Хизмат зарурати бўйича келган тегишли ташкилот ходимлари кўздан кечиришдан ўтгандан кейин назорат қилинадиган ҳудудга ўтиш ҳуқуқига эга.


27. Назорат ўтказиш пункти навбатчилигига қўйиладиган ходимлар "видеокузатув" "стационар" ва "қўл металл детектор" аппаратларидан фойдаланишни ва улар билан ишлаш ҳамда ишлатиш юзасидан махсус ўқувга (сертификатга) эга бўлишлари шарт.

Бундан ташқари, йўловчида қуроли билан, уни сақлаш, мақсадли фойдаланиш ҳамда олиб юриш учун белгиланган тартибда берилган рухсатномасининг (фақатгина фуқаровий қурол тоифасига кирувчи қурол-аслаҳалар) кўринишлари ҳамда уларнинг асл нусхаларини танишлари, амал қилиш муддатлари ва шунга ўхшаш бошқа кимёвий, (кукун, суюқлик) гиёҳвандлик моддалар (наркотик) кўринишлари ҳамда ташиш, олиб юриш ва сақлаш рухсат этилмаган буюмлар рўйхати билан доимий равишда танишиб боришлари ва малака оширишлари шарт.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

          

28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

        

           




Низомга

ИЛОВА



Йўловчилар ташиш автобусларида ташиш

тақиқланган ва чекланган хавфли

моддалар ва буюмлар

РЎЙХАТИ

              

Қуйидагилар йўловчилар ташиш автобусларида қўл юки ва багаж сифатида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларга киради:


а) тегишли рухсат берилган ҳужжат бўлмаган барча турдаги ўқ-отар ва тиғли қуроллар:

тўппончалар, револьверлар, сойли милтиқлар, карабинлар, бошқа ўқ-отар қуроллар ва уларга ўқ-дорилар;

арбалетлар ва сув ости ови қуроли, қиличлар, ханжарлар, дудама қиличлар, эгри қиличлар, узун ва оғир қиличлар, тиғлар, қиличсимон найзалар, найзалар, ханжарлар, кортиклар, ханжарчалар, пичоқлар: ҳарбий, десант, фин пичоқлари, пискалар отилиб чиқадиган, қулфланадиган дудама қиличлар;


б) тегишли рухсат берилган ҳужжат бўлмаган барча турдаги портловчи моддалар ва улар билан тўлдирилган буюмлар, портлатиш воситалари:

ҳар қандай ўрамдаги барча ов порохлари;

ов капсулалари (пистонлари) ва капсула-детонаторлар;

пиротехника воситалари: сигналли ва ёритувчи ракеталар, посадкали шашкалар, тутун чиқарувчи патронлар;

динамит, тол, аммонал, тротил ва бошқа портловчи моддалар;


в) сиқилган ва суюлтирилган газлар;


г) тез ёнувчан қаттиқ моддалар:

сув таъсирида иссиқлик ва иссиқ газ чиқарадиган, натижада ўзидан ўзи ёнадиган ва ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган моддалар: калий, натрий, металли кальций ва уларнинг қотишмалари, кальций, фосфорит ва бошқалар;

оқ, сариқ ва қизил фосфор ҳамда тез ёнувчан қаттиқ моддалар тоифасига тегишли бўлган бошқа барча моддалар;

органик пероксидлар;

донадор ёки парча-парча, қуруқ ёки нам, таркибида камида 25 фоиз сув ёки эритувчи суюқлик бўлган коллоид нитроцеллюлоза;

қуруқ ва нам, таркибида камида 30 фоиз сув ёки эритувчи суюқлик бўлган нитроцеллюлоза;


д) тегишли рухсатнома берилган ҳужжат бўлмаган барча турдаги заҳарли ва заҳарловчи моддалар:

ҳар қандай идишга жойлаштирилган суюқ ва қаттиқ ҳолатдаги ҳар қандай заҳарли, кучли таъсир қиладиган ва заҳарловчи моддалар;

бруцин;

никотин;

стрихнин;

тетрагидрофурфурил спирти;

этиленгликоль;

симоб;

цианид кислотанинг барча тузлари ва цианид препаратлар;

циклон, цианплав, маргимуш ангидрид ва бошқа кучли таъсир қиладиган, заҳарли, заҳарловчи моддалар;


е) герметик идишларсиз ва ўрамларсиз ташиладиган ўювчи, бадбўй ва емирувчи моддалар:

кучли ва ноорганик кислоталар: хлорид, сульфат, азот кислоталар ва бошқа кислоталар;

фторли-водород (шишани ўйиш қобилиятига эга бўлган) кислотаси ва бошқа кучли кислоталар ва емирувчи моддалар;


ж) божхона қоидаларига ва бошқа қоидаларга кўра ташишга йўл қўйилмайдиган буюмлар.


Қуйидаги чекланган миқдорлардаги маиший мақсадда фойдаланиладиган моддалар ва буюмларни эҳтиёткорлик чораларини кўрган ҳолда қўл юки ва багажда йўловчилар ташиш автобусларида ташишга рухсат берилади ва улар кўздан кечиришда олиб қўйилмайди:

сирка (битта йўловчига 0,5 литрдан кўп эмас);

алкоголли ичимликлар;

хизмат мақсадларида ташиладиган спирт, тамға рақами кўрсатилган ҳолда корхона (ташкилот) маълумотномаси билан тасдиқланадиган, герметик ёпилган ва тамғаланган идишларда икки литрдан ортиқ бўлмаган миқдорда ташилади;

герметик идишда ва ўрамда ташиладиган тез алангаланадиган суюқликлар;

ацетон;

нефть маҳсулотлари намуналари;

металацетат (метил эфири);

углерод сульфид;

эфирлар;

пардоз-андоз воситалари, шу жумладан тирноқ учун лаклар, лакларни кўчириш учун суюқликлар, соч учун суюқликлар, шунингдек спирт-лак асосидаги ҳавони тозаловчи суюқликлар;

газли зажигалкалар ва зажигалкалар учун газли баллончалар (битта йўловчига 2 та баллончадан ортиқ эмас);

буклама (фиксаторсиз) йўл пичоқлари ва қайирма пичоқлар;

симобли тиббиёт термометрлари (градусниклар) (битта йўловчига 1 донадан ортиқ эмас);

стандарт ғилофдаги симобли тонометрлар (битта йўловчига 1 донадан ортиқ эмас);

жўнатувчининг тамғаси билан махсус герметик контейнерларда жойлаштирилган симобли барометрлар ва манометрлар.

            

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 18 апрель









































































Время: 0.0066
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск