ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ёнғин хавфсизлиги. Ёнғинга қарши тадбирлар /

"Ёнғин хавфсизлиги аълочиси" танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.11.2023 й. 620-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 24 ноябрдаги

620-сон қарорига

ИЛОВА



"Ёнғин хавфсизлиги аълочиси"

танловини ташкил этиш ва ўтказиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

             

1. Ушбу Низом республикада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасида "Ёнғин хавфсизлиги аълочиси" танловини (кейинги ўринларда - танлов) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Танлов 2024 йилдан бошлаб ҳар йили октябрь - декабрь ойларида ёнғин чиқиш хавфи бўйича I ва II гуруҳга мансуб объектларга эга тадбиркорлик субъектлари ўртасида навбат билан йиллар кетма-кетлигида ўтказилади (янги қурилаётган, реконструкция қилинаётган, кенгайтирилаётган, техник жиҳатдан қайта жиҳозланаётган ва капитал таъмирланаётган объектлар бундан мустасно).


3. Танловда иштирок этиш истагини билдирган тадбиркорлик субъектлари (кейинги ўринларда - номзод) ўзаро тенг ҳуқуқли бўлиб, алоҳида номзодларга устунлик ёки имтиёзлар белгиланишига йўл қўйилмайди.


4. Танловда иштирок этиш шартлари, танлов босқичларини ўтказиш муддати, танловда иштирок этиш учун аризалар ва танлов материалларини қабул қилиш муддати ва жойи тўғрисидаги маълумотлар танлов бошланишидан бир ой олдин Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғида, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Номзод танловда иштирок этиш учун ариза топшириш орқали тақдим этилган маълумот ва материалларнинг тўғрилигини кафолатлайди.


5. Танловда иштирок этиш учун тақдим этилган объектда сўнгги 12 ой давомида ёнғин содир бўлган ва (ёки) тадбиркорлик субъектига ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилишини бартараф этиш тўғрисида давлат ёнғин назорати органининг ёзма кўрсатмаси ёхуд объект ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулосаси берилган тақдирда, тадбиркорлик субъектининг танловда иштирок этиш учун аризаси қабул қилинмайди.


6. Танловда иштирок этиш бепул.


7. Танлов қонунийлик, холислик, шаффофлик ва тенглик тамойиллари асосида ўтказилади.



2-БОБ. ТАНЛОВНИНГ МАҚСАДИ

ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

           

8. Тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда ёнғин хавфсизлиги ҳолатини яхшилашга қаратилган ишларни рағбатлантириш орқали ушбу объектларда инсон ҳаёти ва соғлиғини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг мол-мулкини ёнғин хавфидан асраш тизимини жорий қилиш танловнинг мақсади ҳисобланади.


9. Қуйидагилар танловнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тадбиркорлик субъектлари ўртасида ёнғин хавфсизлиги талабларига амал қилишнинг янги механизмини жорий этиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ташаббускорликни ривожлантириш;

тадбиркорлик субъектларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш;

тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда ёнғинларнинг олдини олиш, аҳоли ва бошқа ташриф буюрувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, шунингдек, тадбиркорларнинг мол-мулкини ёнғиндан муҳофаза қилиш тадбирлари самарадорлигини ошириш.



3-БОБ. ТАНЛОВГА ҲУЖЖАТЛАРНИ

ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ

          

10. Танловда номзодлар якка ҳолда иштирок этади ва ҳужжатларни тақдим этади.


11. Номзодларнинг аризалари танлов эълон қилинган кундан эътиборан 20 кун мобайнида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус электрон ахборот тизими орқали туман (шаҳар) комиссиялари томонидан қабул қилинади.


12. Танловда қатнашиш истагини билдирган номзодлар ўз аризалари билан бирга қуйидагиларни тақдим этади:

тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги умумий маълумот (объектнинг манзили, фаолият тури, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва бошқалар);

белгиланган тадбирларнинг бажарилганини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари, фотоальбом, 5 дақиқадан ошмаган, сифати юқори бўлган видеолавҳали тақдимот материали.



4-БОБ. ТАНЛОВ БОСҚИЧЛАРИ

ВА УЛАРНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

            

13. Танлов уч босқичда ташкил этилади.


14. Биринчи босқичда танловда иштирок этиш учун муносиб номзодларни танлаб олиш мақсадида туман (шаҳар) даражасида саралаш тадбирлари ўтказилади.


15. Туман (шаҳар) даражасидаги саралаш тадбири ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ тузилган туман (шаҳар) комиссиялари томонидан ўтказилади.


16. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар туман (шаҳар) даражасидаги саралаш тадбири ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ тузилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари томонидан ўтказилади.


17. Республика даражасидаги танлов ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ тузилган "Ёнғин хавфсизлиги аълочиси" танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича республика комиссияси томонидан ўтказилади.


18. Туман (шаҳар) даражасидаги саралаш тадбирида туман (шаҳар) комиссиялари номзодларни Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 октябрдаги 649-сон қарори билан тасдиқланган Ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига мувофиқ ушбу Низомга 4-иловада келтирилган асосий йўналишлар бўйича ўрганади ва 5 балли ўнлик сонлар тизимида баҳолайди.


19. Туман (шаҳар) комиссиялари саралаш натижаларини ташкилий қўмита иштирокида комиссиянинг йиғилишида кўриб чиқиб, энг кўп балл тўплаган учтадан номзодни танлаб олади ва саралаш натижаларини йиғилиш баёни асосида тасдиқлайди. Ташкилий қўмита комиссия томонидан саралаб олинган номзодларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар даражасидаги саралаш босқичида иштирок этиш учун юқори турувчи ташкилий қўмитага тақдим этади.


20. Иккинчи босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари туман (шаҳар) даражасида энг кўп балл тўплаган номзодлар бўйича тақдим этилган ҳужжатлар ва материалларни (туман (шаҳар) комиссиялари йиғилиш баёнлари, номзодларни баҳолаш ҳисоботларини ва бошқалар) ушбу Низомга 5-иловадаги мезон асосида кўриб чиқади ва баҳолайди.


21. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари энг кўп балл тўплаган номзодни саралаб олади ва баённома асосида ғолиб деб топади.


22. Ташкилий қўмита комиссия қарори асосида ғолиб деб топилган номзодни танловда иштирок этиш учун республика ташкилий қўмитасига тақдим этади.


23. Туман (шаҳар) ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даражасидаги саралаш тадбирлари натижалари Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади ва улар бўйича номзодларнинг электрон почта манзилига кейинги босқичга ўтганлик (ўтмаганлик) тўғрисида хабар юборилади.


24. Комиссия аъзолари бир вақтнинг ўзида туман (шаҳар) ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даражасидаги комиссия таркибида иштирок этиши мумкин эмас.


25. Учинчи босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари томонидан тақдим этилган номзодлар ўртасида танлов ўтказилади.


26. Танловнинг якуний босқичи ҳар йили декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Тошкент шаҳрида ўтказилади.


27. Танловда номзодлар ўзига тегишли бўлган объектда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширган ишларни ушбу Низомга 5-иловадаги ҳар бир йўналиш бўйича кўргазмали тарзда тақдим этади.


28. Заруратга қараб, республика комиссиясига тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ушбу комиссия таркибидан тузилган экспертлар гуруҳи томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилиши мумкин.


29. Ушбу Низомга 5-иловадаги мезонлар бўйича энг юқори балл тўплаган, шунингдек, заруратга қараб жойига чиққан ҳолда экспертлар гуруҳи томонидан ўрганилган ва тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги тасдиқланган номзод Республика комиссиясининг қарори билан танлов ғолиби деб топилади.


30. Номзодлар танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмиталар ва комиссиялар фаолиятига, шунингдек, танлов натижалари ва ўтказиш жараёнларига аралашиш ҳуқуқига эга эмас.



5-БОБ. ТАНЛОВ ЎТКАЗИЛИШИНИ

МУВОФИҚЛАШТИРИШ

           

31. Танловни ташкил этиш учун мос равишда туман (шаҳар) ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, фавқулодда вазиятлар, иқтисодиёт ва молия, солиқ ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик идораларининг масъул ходимларидан иборат туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва республика даражасида ташкилий қўмиталар (кейинги ўринларда - ташкилий қўмита) тузилади.


32. Қуйидагилар ташкилий қўмиталарнинг вазифалари ҳисобланади:

танлов босқичларини ўтказиш санасини, жойини белгилаш ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал қилиш;

танловнинг мазкур Низом талаблари асосида ўтказилишини таъминлаш;

танловнинг ташкил этилиши, ўтказилиши ва натижаларини оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш;

танлов натижалари ва комиссиялар қарори (баёни) асосида ғолибларни кейинги босқичда иштирок этиш учун юқори турувчи ташкилий қўмитага тақдим этиш.


33. Танловни ўтказишга умумий раҳбарлик ва уни мувофиқлаштириш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.


34. Танлов доирасида саралаш тадбирларининг адолатли ва шаффоф ўтказилиши мос равишда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, туман (шаҳар), вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юкланади.



6-БОБ. ТАНЛОВ КОМИССИЯЛАРИ

           

35. Танловни ўтказиш бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятига дахлдор ваколатли давлат органлари ва ҳокимликлар вакилларидан иборат туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда республика даражасида комиссиялар тузилади.


36. Қуйидагилар комиссияларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

номзодлар томонидан танлов шартларининг бажарилишини баҳолаш;

танлов ғолибларини аниқлаш тўғрисида қарор қабул қилиш;

номзодлар томонидан танловни ўтказиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, уларни танловдан четлаштириш тўғрисида комиссия раисига тақдимнома киритиш, шунингдек, танлов шартларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

туман (шаҳар) ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даражасидаги саралаш тадбирлари ғолибларини аниқловчи комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш.


37. Комиссиялар йиғилиши фақат комиссия аъзолари тўлиқ бўлганда ваколатли ҳисобланади.


38. Комиссиялар қарорлари аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган ҳолларда, комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


39. Комиссия қарорлари икки нусхада тузиладиган ва йиғилишда иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланадиган баённомалар билан расмийлаштирилади.


40. Қуйидагилар комиссияларнинг ҳуқуқлари ҳисобланади:

номзодлардан мазкур Низом талаблари асосида тегишли ҳужжатларни талаб қилиш;

зарурат туғилганда, тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларнинг ҳаққонийлигини жойига чиққан ҳолда ўрганиш;

ғолибларни аниқлашда ўз овози билан иштирок этиш.


41. Қуйидагилар комиссияларнинг мажбуриятлари ҳисобланади:

танлов ҳужжатларига оид маълумотларни ошкор этмаслик;

номзодларни саралашда қонунийлик, холислик, шаффофлик ва тенглик тамойилларига риоя қилиш.

Комиссияларга қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.


42. Туман (шаҳар) ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даражасидаги комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш республика комиссияси томонидан амалга оширилади.



7-БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯ КОМИССИЯСИ

          

43. Туман (шаҳар) ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даражасидаги саралаш тадбирларининг апелляция комиссиялари тегишли ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқарма бошлиқлари, танлов апелляция комиссияси Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири томонидан ташкил этилади ҳамда комиссияларнинг иш регламенти белгиланади.

Апелляция комиссиялари таркиби саралаш ёки танлов комиссияларида иштирок этмаган шахслардан тузилади.


44. Апелляция комиссиясига ариза танлов (саралаш) натижалари эълон қилингандан сўнг уч кун ичида тақдим этилади.


45. Апелляция комиссияси қабул қилинган аризани уч кун мобайнида кўриб чиқади ва ариза берувчи иштирокида асослантирилган қарорни қабул қилади.



8-БОБ. ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИНИ

РАҒБАТЛАНТИРИШ

          

46. Танловда ғолиб деб топилган номзод 100 млн сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади ҳамда унинг фаолияти танлов натижалари расмий эълон қилинган кундан кейинги икки йил давомида давлат ёнғин назорати органлари томонидан текширилмайди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даражасидаги саралаш тадбирларида ҳамда танловда иккинчи ва учинчи ўринни олган иштирокчилар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан қонунчиликда тақиқланмаган манбалар ҳисобидан қўшимча рағбатлантирилиши мумкин.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

            

47. Танловда кўриб чиқилган барча ҳужжатлар Фавқулодда вазиятлар вазирлигида уч йил муддатда сақланади.


48. Танлов ғолибларини тақдирлаш маросими Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тантанали равишда ташкил қилинади.


49. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

            

          




Низомга

1-ИЛОВА



"Ёнғин хавфсизлиги аълочиси"

танловини ташкил этиш ва ўтказиш

бўйича туман (шаҳар) комиссияси

ТАРКИБИ

           

1. Лавозимига кўра

-

туман (шаҳар) ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари, Комиссия раиси


2. Лавозимига кўра

-

туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи, Комиссия раисининг ўринбосари


3. Лавозимига кўра

-

туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи


4. Лавозимига кўра

-

туман (шаҳар) савдо-саноат бўлими бошлиғи


5. Лавозимига кўра

-

туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи


6. Лавозимига кўра

-

туман (шаҳар) солиқ инспекцияси бошлиғи


7. Лавозимига кўра

-

туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлими масъул ходими, Комиссия котиби


            

               




Низомга

2-ИЛОВА



"Ёнғин хавфсизлиги аълочиси"

танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар

ҳамда Тошкент шаҳар комиссияси

ТАРКИБИ

           

1. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосарлари, Комиссия раиси


2. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармалари бошлиқлари, Комиссия раисининг ўринбосари


3. Лавозимига кўра

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар шуъбалари масъул ходимлари


4. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бошқармалари бошлиқлари


5. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш бошқармалари бошлиқлари

6. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар савдо-саноат бошқармалари бошлиқлари


7. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари бошлиқлари


8. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармалари бошлиқлари

9. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармалари масъул ходимлари, Комиссия котиби

           

          




Низомга

3-ИЛОВА



"Ёнғин хавфсизлиги аълочиси"

танловини ташкил этиш ва ўтказиш

бўйича республика комиссияси

ТАРКИБИ

          

1. С.Т. Зупаров

-

фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, Комиссия раиси


2. Ж.О. Урунов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари, Комиссия раисининг ўринбосари


3. Р.Э. Турдибоева

-

камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ўринбосари


4. Ж.Р. Ўроқов

-

Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари


5. М.М. Махкамов

-

Солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари


6. Т.Н. Хусанов

-

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департамент директори


7. И.А. Ниматуллаев

-

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи


8. Ў.Т. Музафаров

-

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи, Комиссия котиби

          

            




Низомга

4-ИЛОВА



Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги норматив

ҳужжатларнинг ижросини ўрганиш

бўйича асосий йўналишлар

      

Қуйидагилар ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:


1. Ташкилий-техник тадбирлар.


2. Ёнғин содир бўлганда ҳаракат қилиш тартиби.


3. Ҳудудларга қўйиладиган ёнғин хавфсизилиги талаблари (оралиқ масофалар, ёнғин-қутқарув техникаларининг ҳаракатланиши ва бошқалар).


4. Бино, иншоот ва хоналарга қўйиладиган ёнғин хавфсизлиги талаблари (қаватлар, оловга бардошлилик даражаси ва бошқалар).


5. Хавфсиз эвакуацияни таъминлаш (эвакуация йўллари ва чиқиш жойлари, тарк этиш режалари ва бошқалар).


6. Технологик жараённи ташкил этишга қўйиладиган ёнғин хавфсизлиги талаблари (ишлаб чиқариш объектлари учун).


7. Моддалар ва материалларни сақлашга қўйиладиган ёнғин хавфсизлиги талаблари.


8. Электр ускуналари, ерга улаш ва яшиндан ҳимоя тизими.


9. Иситишда ёнғин хавфсизлиги талаблари.


10. Шамоллатиш ва совитиш тизимларига қўйиладиган ёнғин хавфсизлиги талаблари (шу жумладан, тутунга қарши ҳимоя тизими).


11. Ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари ва ёнғинга қарши техник ҳимоя воситаларига қўйиладиган талаблар.


12. Ёнғин ҳақида хабар бериш ва ёнғинни ўчириш техник воситаларини сақлаш.


13. Ёнғин сигнализацияси ҳамда ёнғиндан хабар бериш ва эвакуацияни бошқариш тизимларига қўйиладиган талаблар.


14. Автоматик ёнғинни ўчириш қурилмаларига қўйиладиган талаблар (меъёр бўйича талаб этиладиган объектлар учун).


15. Ёнғинга қарши сув таъминоти.

          

            




Низомга

5-ИЛОВА



Танлов номзодларининг ёнғин хавфсизлиги

даражасини баҳолаш мезонлари

             

Т/р

     

Кўрсаткичлар

        

Баллар

(1-5)

      

Изоҳ

     

Юз берган бахтсиз ҳодисалар бўйича

        

1.

Содир бўлган ёнғинлар сони




1.1. Ёнғинларда жароҳат олганлар сони




1.2. Ёнғинларда ҳалок бўлганлар сони




1.3. Ёнғинлардан кўрилган моддий зарар миқдори




2.

Содир бўлган ҳаво-газ аралашмасининг чақнаш ҳолатлари сони




2.1. Чақнашда жароҳат олганлар сони




2.2. Чақнашда ҳалок бўлганлар сони




2.3. Чақнашдан кўрилган моддий зарар миқдори




3.

Содир бўлган ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг сони




3.1. Заҳарланганлар сони




3.2. Заҳарланиб ҳалок бўлганлар сони




Хавфсизлик чораларининг меъёрларга

мувофиқлиги бўйича

          

4.

Эвакуация чиқиш жойлари сонининг меъёрларга мувофиқлиги




5.

Эвакуация чиқиш жойларининг "Чиқиш" ёки "Выход" деган ёниб турувчи белгилар билан таъминланганлиги




6.

Эвакуация йўлакларининг меъёрларга мувофиқлиги




7.

Ёнғин сигнализацияси тизимининг меъёрларга мувофиқлиги




8.

Ёнғинни автоматик тарзда ўчириш тизимининг меъёрларга мувофиқлиги




9.

Тутунга қарши автоматик тизимнинг меъёрларга мувофиқлиги




10.

Ёнғиндан хабар бериш тизимининг меъёрларга мувофиқлиги




11.

Ички ёнғинга қарши сув тизими (ички ёнғин ўчириш кранлари)нинг меъёрларга мувофиқлиги




12.

Ташқи ёнғинга қарши сув тизими (гидрантлар)нинг меъёрларга мувофиқлиги




13.

Электр сим ва кабелларнинг профилактик синовлардан ўтказилганлиги




14.

Электр жиҳоз ва ускуналарнинг ерга уланганлиги ва ерга улаш мосламаларининг профилактик синовлардан ўтказилганлиги




15.

Иситиш тизимидан ташқари бошқа мақсадлар учун табиий газдан фойдаланиш ҳолатлари




16.

Газ жиҳозлари ўрнатилган қозонхоналарнинг меъёрларга мувофиқлиги




17.

Газ жиҳозлари ўрнатилган қозонхоналарда газ сигнализаторларининг ўрнатилганлиги




18.

Газ жиҳозлари ўрнатилган қозонхоналардаги газ жиҳозларининг қиёслаш синовларидан ўтказилганлиги




19.

Қозонхоналардаги босим остидаги сиғимларнинг қиёслаш синовларидан ўтказилганлиги




20.

Эскалаторларнинг синовдан ўтказилганлиги




21.

Лифтларнинг синовдан ўтказилганлиги




22.

Ёпиқ автотураргоҳларда газ баллонли автотранспорт воситаларининг вақтинча сақланиши




23.

Меҳнат муҳофазаси тузилмасининг мавжудлиги




24.

Ёнғин хавфсизлиги муҳандиси штатининг мавжудлиги




25.

Меҳнат муҳофазаси соҳасидаги мутахассисларнинг таянч маълумотларини эгаллаб турган лавозимларига мослиги




26.

Ёнғинга қарши тизимларга ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан техник хизмат кўрсатилишининг ташкил этилганлиги:




26.1. Ёнғин сигнализацияси ва ёнғиндан хабар бериш тизимига




26.2. Ёнғинни автоматик тарзда ўчириш тизимига




26.3. Тутунга қарши автоматик тизимига




26.4. Ички ёнғинга қарши сув таъминоти тизимига




27.

Ҳар чоракда камида бир маротаба турли шароитларда ташриф буюрувчиларни эвакуация қилиш бўйича машқларнинг ташкил этилиши




28.

Ёнғин-техник комиссиясининг тузилганлиги




29.

Кўнгилли ёнғиндан сақлаш дружина ёки командасининг тузилганлиги




30.

Ёнғин ўчиргичлар сонининг нормаларга мувофиқлиги




31.

Ёнғин ўчиргичларнинг ишга яроқлилиги




32.

Меҳнат муҳофазасига масъулларнинг ихтисослаштирилган таълим муассасаларида малака ошириш доирасида таҳсил олганликлари (ўқиганликлари тўғрисида сертификат ёки дипломларнинг мавжудлиги)




33.

Меҳнат муҳофазасига масъулларнинг фавқулодда ҳодиса юз берганда бажарадиган вазифаларини билишлари




34.

Ишчи ва хизматчиларнинг ёнғин-техник минимуми доирасида мунтазам равишда таҳсил олишлари (тест ёки оғзаки ва ёзма имтиҳон топшириш йўли билан)




35.

Ишчи ва хизматчиларнинг фавқулодда ҳодиса юз берганда бажарадиган вазифаларини билишлари




36.

Мавжуд экран/таблоларда кишиларнинг ёнғин юз бергандаги эвакуация жараёнида тўғри ҳаракат қилишлари ёки шов-шувли ёнғин ёки фавқулодда ҳодисалар бўйича материалларнинг мунтазам равишда намойиш этилиши




37.

Видеокузатув тизимининг мавжудлиги




            

Изоҳлар:


1. Танлов номзодларининг ёнғин хавфсизлиги таъминланганлиги даражаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида" 2020 йил 20 октябрдаги 649-сон қарорида белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.


2. Баҳолаш 5 балли мезон асосида (1 балл"ўта қониқарсиз", 2 балл "қониқарсиз", 3 балл "қониқарли", 4 балл "яхши", 5 балл "аъло") амалга оширилиб, ғолиблар энг юқори балл тўплаган номзодлар кесимида аниқланади.

           

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 27 ноябрь




































































Время: 0.1170
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск