ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта-махсус касбий таълим (академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари) /Техникумларда кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 07.12.2023 й. 648-сон қарорига 1-илова)
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
Вазирлар Маҳкамасининг
2023 йил 7 декабрдаги
1-ИЛОВА
Техникумларда кредит-модуль тизимида ўқув
жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасидаги техникумларда кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Техникумларда кредит-модуль тизимида ўқув жараёни Кредит тўплаш ва кўчиришнинг Европа моделига (European Credit Transfer and Accumulation System - ECTS) мувофиқ ташкил қилинади.
3. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари билан алоҳида ваколатлар берилган профессионал таълим ташкилотлари, нодавлат профессионал таълим ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги юридик техникумлар ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини юритаётган халқаро ва нодавлат хорижий профессионал таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
4. Техникумлар томонидан бошқа профессионал (олий) таълим ташкилотлари билан қўшма дастурлар доирасидаги шартномаларда мазкур Низомда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, ушбу шартнома қоидалари қўлланилади.
5. Кредит-модуль тизими жорий этиладиган таълим дастурлари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланади.
6. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
академик мобиллик - техникум ўқувчиларининг муайян вақт мобайнида республика ҳудудидаги ёки чет элдаги бошқа бир профессионал таълим ташкилотида таълим олиши;
кредит - таълим олиш натижаларига кўра ўқувчи томонидан муайян фан бўйича ўзлаштирилган ўқув юкламасининг ўлчов бирлиги. Кредитлар қоидага мувофиқ бутун сонларда ифодаланади;
кредитларни кўчириш - ўқувчиларнинг академик мобиллигини таъминлаш мақсадида бир техникумдаги таълим дастурида олинган кредитларни бошқа техникумга кўчириш ва тан олиш;
кредит тўплаш - ўқув юкламасини ўзлаштириш натижасида тақдим этиладиган кредит бирликларини йиғиш;
мобиллик дастури - икки ёки ундан ортиқ техникум ўртасида ўзаро келишув асосида ташкил этиладиган дастур;
таълим дастури - профессионал таълим ташкилоти битирувчисига муайян эгаллаган касб ёки мутахассислик бўйича касбий фаолиятни малакали бажариш имконини беришга қаратилган профессионал таълим тайёргарлигининг асосий мазмунини аниқловчи давлат таълим стандарти, малака талаби, ўқув режаси ва ўқув дастурларидан иборат ҳужжатлар тўплами;
таълим дастури каталоги - профессионал таълим ташкилоти тавсифи, кредит-модуль тизими, мавжуд касб ва мутахассисликлар, ўқув режалар, ўқув дастурлари, хизматлар ва ресурслар тавсифи тўғрисида ахборот;
таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими - ўқувчиларни рўйхатга олиш, ўқув материалларини тарқатиш, ўқувчилар ва педагог ходимлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш, топшириқларни бериш, назоратлар ўтказиш, баҳолаш ва унинг натижаларини қайд этиш каби имкониятларга эга бўлган электрон тизим (махсус дастурий восита);
таълим модули (модуль) - ўқувчида билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган таълим дастурининг таркибий қисми сифатида назорат қилишнинг тегишли тури билан якунланадиган алоҳида ўқув фани (унинг қисми ёки ўзаро бир соҳага доир фанлар мажмуи);
таълим элементлари - таълим дастурининг бир қисми бўлиб, таълим олиш натижаларига эришиш ва таълим дастурида кўрсатилган билимларни ўзлаштиришга ҳамда кўникмаларни эгаллашга кўмаклашувчи ўқитиш тури;
транскрипт - таълим олишнинг тегишли даврида ўзлаштирилган кредитлар ҳамда олинган баҳоларнинг ҳарф ва рақамлардаги ифодаси кўрсатиб ўтилган фанлар рўйхатини ўз ичига олган белгиланган шаклдаги ҳужжат;
ўқувчининг шахсий таълим траекторияси - ўқувчи томонидан танланган ҳамда унга кетма-кетликда билимлар тўплаш ва хоҳлаган компетенциялар йиғиндисига эга бўлиш имкониятини берадиган йўналиш (маршрут, режа). Таълим траекторияси институционал ҳужжатлар ва йўриқномалар ёрдамида тузилиши ҳамда турли таълим траекториялари натижасида бир хил малака олишга олиб келиши мумкин;
ўқув юкламаси - ўқувчи томонидан ўқув фаолиятининг барча турларини (маъруза, амалий машғулот, семинар, лаборатория иши, курс лойиҳаcи (иши), амалиёт ва мустақил иш) амалга ошириш асосида кутилган ўқув натижаларига эришиш учун зарур бўлган соатлар ҳажми;
GPA (Grade Point Average) - таълим олувчи томонидан ўзлаштирилган кредитлари бўйича олган баҳоси (баллари)нинг ўртача қиймати бўлиб, у қуйидаги формула ёрдамида ҳисобланади:
GPA= |
KТ1*U1+KТ2*U2+KТ3*U3+…+KТn*Un |
, бунда: |
K1+K2+K3+…+Kn |
Kn - ҳар бир фан/модулга ажратилган кредитлар миқдори;
KТn - ҳар бир фан/модуль бўйича ўқувчи тўплаган кредитлар миқдори;
Un - ҳар бир фан/модуль бўйича ўқувчи олган баҳо (балл);
n - муайян фан/модулнинг сони.
Бунда ўқувчи фақат фан/модулни муваффақиятли якунлаган тақдирда, ушбу фан/модуль бўйича кредит берилади.
7. Ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этишнинг ташкилий масалаларига оид маълумотлар, шу жумладан, таълим дастури каталоги, академик мобиллик, таълим тўғрисидаги маълумотнома, кредитларни тан олиш ва кўчириб ўтказишга тааллуқли ҳужжатлар (транскрипт ва бошқалар), шунингдек, академик мобиллик даврида ўқувчининг билим даражасини аниқлаш бўйича кўрсаткичлар ва бошқа зарур ҳужжатлар намуналари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
8. Ўқув режасида ўзлаштириладиган мажбурий фанлар ва танлов фанлари, уларга ажратилган соатлар (кредитлар), ўқув йили, назарий ва амалий машғулотлар, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти, якуний давлат аттестацияси ҳамда бошқа зарур параметрлар акс эттирилади. Ўқув режаси ва ўқув дастури белгиланган тартибда ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.
Таълим дастурида кредитларнинг миқдори умумий ўқув юкламаси асосида кўрсатилади.
9. Таълим дастури каталоги ва ўқитиш шароитлари тўғрисидаги батафсил маълумотлар техникумларнинг расмий веб-сайтига қулай юкланадиган шаклда ўқув йили бошланишидан камида бир ой олдин жойлаштирилади.
2-БОБ. ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
ВА ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ТАЪМИНЛАШ
10. Ўқув жараёни ўқув ва назорат тадбирлари мажмуини ўз ичига олади. Ўқув тадбирларида барча турдаги аудитория машғулотлари, амалиёт ва мустақил ишларнинг ташкил этилиши назарда тутилади.
Назорат тадбирлари таълим олувчиларнинг ўқув режасидаги тегишли фанлар бўйича билимларни ўзлаштиришини ва уларнинг натижаларини баҳолашни назарда тутади.
11. Ўқув жараёни ўқувчилар, педагог ходимлар ва маъмурият ўртасида очиқ мулоқот шаклида ўқувчига йўналтирилган ёндашув асосида таълим дастурларини инобатга олган ҳолда режалаштирилади. Ушбу жараёнда ўқувчиларнинг талаб ва истаклари муҳокама қилинади. Барча манфаатдор томонлар таълим дастурининг яратилиши ва ўзлаштирилишининг асосланган ҳамда ечимга йўналтирилган муҳокамасига жалб этилиши мумкин. Муҳокамада ўқувчилар вакиллари овоз бериш ҳуқуқи орқали иштирок этади.
12. Ўқув жараёнини режалаштириш қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:
ўқув режаси ва ўқув дастурини ишлаб чиқиш;
ишчи ўқув режаси ҳамда фанларнинг ишчи ўқув дастурини ишлаб чиқиш;
танлов фанлари рўйхатига мос равишда ўқув-методик бўлим (ёки бўлим бошлиғи) назорати остида ўқувчиларнинг шахсий таълим траекториясини шакллантириш;
академик гуруҳлар бўйича ўқув машғулотлари жадвалини тузиш.
Ўқув режасига ўқувчилар томонидан ихтиёрий равишда ўзлаштириладиган қўшимча кредитлар ажратиладиган таълим элементлари киритилади. Ўқувчининг жамоат ишларидаги фаоллиги, касбий тадбирлар, касбига оид фаолиятдаги иштироки ҳамда соҳа мутахассислари томонидан ўтказиладиган қисқа муддатли курслардаги иштироки рағбатлантирилиб, кредитлар ажратилади.
Ўқувчига ўқув юкламасидан ташқари ўз ихтиёрига кўра рўйхати тақдим этиладиган қўшимча фанларни ёки бошқа касб (мутахассислик) ўқув режасининг танлов фанларида мавжуд фанлар рўйхатидан қўшимча фанни танлаб тўлов-контракт асосида ўқишига рухсат этилади. Бунда қўшимча ўзлаштирилган фанлар ўқувчи ўқув юкламасига (кредитлар ҳажмига) қўшилади ҳамда диплом иловасида қайд этилади.
13. Ўқув йили давомийлиги таълим дастури асосида белгиланади.
Академик давр давомида ўқувчи томонидан тўпланиши лозим бўлган кредитлар миқдори ўқув режасида кўрсатилган мажбурий ва танлов фанларни ўз ичига олади.
Мажбурий ва танлов фанлар таркиби ҳамда уларни ўрганишга ажратиладиган кредитлар миқдори фанлар каталогига мувофиқ техникум томонидан мустақил белгиланади.
Ўқувчилар шахсий таълим траекториясида белгиланган танлов фанлари доирасида фанларни мустақил танлаши мумкин. Ўқувчиларнинг шахсий таълим траекториясини шакллантириш тартиби техникумлар томонидан белгиланади.
14. Ўқувчи бир ўқув йилида камида 60 кредит тўплаши зарур. Ўқув йили давомида ўқувчи томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган кредитлар ҳажми ўқув режасида кўрсатилган мажбурий ва танлов фанларни ўз ичига олади.
Ўқувчи ўзининг шахсий таълим траекториясини шакллантиришда ҳар бир ўқув йили учун камида 60 кредит ҳажмидаги фанларнинг ўзлаштирилишини назарда тутиши, унинг таркибида ўқув режасидаги мажбурий фанлар бўлишини инобатга олиши шарт.
15. Ўрта махсус профессионал таълим дастури асосида битирувчи олий таълим муассасаларида иккинчи босқичдан ўқишини давом эттирганда, тўпланган жами кредитлар олий таълим муассасасининг биринчи босқичида тўпланиши лозим бўлган кредитга тенглаштирилган ҳолда ҳисобланади.
Бунда ўрта махсус профессионал таълим дастури ва бакалавриат таълим йўналиши дастури таққосланган ҳолда ўқувчи таълим дастуридаги фанлар фарқларини ўқув йили якунига қадар ўзлаштириши лозим.
16. Техникумларда ўқув юкламасининг ҳажми ўқув режаси асосида белгиланади.
Кредит-модуль тизимида 1 кредит ўртача 25-30 академик соат ҳисобидаги ўқув юкламасига тенг қилиб олинади. Бунда ўқувчи муайян фандан тегишли кредитларни тўплаши учун белгилаб олинган миқдордаги ўқув юкламасини ўзлаштириши зарур.
Ўқув юкламаси аудитория соати ва мустақил таълим соатига бўлинади.
Таълим дастури ўқув йили учун ўқувчи томонидан, қоида тариқасида, бир семестрда 30 кредит, бир ўқув йилида 60 кредит тўплаши инобатга олиниб ишлаб чиқилади.
Кечки, сиртқи ва дуал таълим шакллари ҳамда таълим соҳаси хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, семестр ва бир ўқув йилидаги кредитлар миқдори техникум педагогик кенгашининг қарори билан ўзгариши мумкин.
Шахсий таълим траекторияси асосида таҳсил олаётган ўқувчилар ҳам ҳар бир семестр учун 30 кредит ҳажмидаги фанларни ўзлаштириши ва ушбу фанлар таркибида ўқув режасидаги мажбурий фанлар бўлиши шарт.
17. Таълим сифатини таъминлаш ва педагог ходимлар ўртасида рақобатни шакллантириш мақсадида техникумнинг педагогик кенгаши қарорига асосан таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими портали орқали ўқувчиларга фан доирасида ўқувчиларнинг шахсий таълим траекториясини шакллантириш жараёнида педагог кадрларни танлаш имконияти берилади.
18. Академик қарздор ўқувчиларнинг ташаббуси билан мавжуд академик қарзларни топшириш техникумда, қоида тариқасида, таътил вақтида пулли асосда ташкил этилади.
Таътил даврида академик қарзларни топшириш қуйидаги тартибда ташкил қилинади:
ўқувчи таътил бошлангунига қадар техникум директорининг ўқув жараёнини ташкил этишга масъул бўлган ўринбосарига (кейинги ўринларда - директор ўринбосари) ўзининг таътил даврида ўқиш истагини билдиради;
директор ўринбосари ушбу ўқувчига таътил даври учун дарс жадвалини тузади ва ўқувчи тўлов пулини тўлаганидан сўнг дарсларга киритилади;
таътил давридаги ўқиш амалдаги баҳолаш тизими асосида ўқувчилар билимини шаффоф баҳолаш тамойилига кўра ташкил қилинади.
Таътил давридаги ўқишга ўқитувчилар ўз ихтиёрлари асосида жалб қилинади ҳамда уларга соатбай асосида иш ҳақи тўланади.
Таътил давридаги ўқишни ўқув режасида белгиланган ишлаб чиқариш амалиётлари ва бошқа ўқув машғулотлари ҳисобидан ўтказишга йўл қўйилмайди.
3-БОБ. ЎҚУВЧИЛАРНИНГ ЎЗЛАШТИРИШИНИ
БАҲОЛАШ ТИЗИМИ
19. Таълим дастури доирасида техникум ўқувчиларининг билимини баҳолаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
20. Фаннинг ишчи ўқув дастурида белгиланган баҳолаш тартибига мувофиқ ҳамда ижобий баҳолар доирасида баҳоланган ўқувчиларга кредитлар берилади.
Ўқувчи белгиланган таълим олиш натижаларига эриша олмаган тақдирда, кредитлар берилмайди.
21. Баҳолаш усуллари ўқувчининг фан доирасидаги ютуқларини акс эттирувчи ва тасдиқловчи ёзма, оғзаки, амалий иш, лойиҳа иши каби назорат турларини ўз ичига қамраб олади.
Баҳолаш мезони ўқитиш натижаларига эришилганлигини акс эттириши шарт.
22. Бир техникумдаги баҳолаш тизими бошқа бир техникумдаги ёки (хорижий) профессионал таълим ташкилотидаги баҳолаш тизими билан қиёсий таққослаш орқали баҳолаш тизимига конвертация қилиниб, кредитларни кўчириш амалга оширилади.
4-БОБ. ЎҚУВЧИЛАРНИНГ АКАДЕМИК МОБИЛЛИГИ
ВА КРЕДИТЛАРНИ ТАН ОЛИШ
23. Академик мобилликни таъминлаш ва ўқувчининг кредитлари бошқа техникумлар томонидан тан олинишида қуйидаги ҳужжатлардан фойдаланилади:
таълим дастури каталоги;
таълим тўғрисидаги келишув, маълумотнома ва транскрипт.
Мазкур ҳужжатлар таълим олиш натижаларини акс эттиради ва техникумларга кредитларни тан олиш ва ўқишни кўчириб ўтказишни кўриб чиқиш учун асос ҳисобланади.
24. Академик мобиллик доирасида ўқувчининг барча кредитлари техникум томонидан таълим дастурини ўзлаштиришда тўлиқ ҳисобга олинади.
25. Ўқувчи жўнатувчи техникум тавсиясига асосан қабул қилувчи техникумга академик мобилликни амалга ошириш учун зарур ҳужжатларни топширади.
Жўнатувчи техникум томонидан ўқувчига белгиланган шаклдаги транскрипт тақдим этилади.
26. Ўқувчининг академик мобиллик даврида ўзлаштириши белгиланган фанларни жўнатувчи техникумнинг розилигисиз ва у билан келишмасдан ўзгартириш мумкин эмас.
Хориждаги ҳамкор профессионал таълим ташкилотининг фан дастурида белгиланган таълим олиш натижалари техникумнинг фан дастури бўйича таълим олиш натижаларига мос келиши ёки уларни тўлдириши лозим.
27. Қабул қилувчи техникумда ўқувчи томонидан ўзлаштириладиган фанлар жўнатувчи техникумнинг фанларига интеграция қилинганлиги, шунингдек, академик мобиллик даврида ўқувчининг билим даражасини аниқловчи кўрсаткичларнинг жўнатувчи ва қабул қилувчи техникумнинг баҳолаш тизимларига конвертация қилинганлиги академик мобиллик тўғрисидаги шартномада аниқ кўрсатилган бўлиши лозим.
Қабул қилувчи техникумда ўзлаштириладиган кредитлар миқдори техникумда ёки хорижда ўқиш даврига (3 - 6 ой ёки 1 йилга) мутаносиб бўлиши керак. Жўнатувчи техникум томонидан ўқувчи академик мобиллик даврида ўзлаштирган (тўлиқ ёки қисман) кредитлари тан олинади. Ўқувчи жўнатувчи техникумга қайтиб келганда, академик мобиллик даврида тўпланган кредитлар миқдоридан келиб чиқиб, амалдаги тартибга кўра уни кейинги босқичга ўтказиш ёки босқичда қолдириш белгиланади.
Техникумнинг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқилган таълим дастурлари доирасида академик мобиллик учун таълим тўғрисидаги келишувлар тузиши талаб этилмайди.
28. Техникум ўқувчиларининг ўқишини кўчириш, ўқишдан четлаштириш, қайта тиклаш ва курсдан курсга ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 августдаги 466-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
Ўқишини бошқа техникумларга кўчиришга рухсат берилган ўқувчиларнинг тегишли мутахассислиги ўқув режаси таққосланган ҳолда фанлар ва кредитлар миқдоридаги фарқлар аниқланади.
Бунда тўпланиши лозим бўлган кредитлар миқдорининг 10 фоизигача ўзгариш бўлганда фарқ қилган фанларни жорий ўқув йили якунига қадар ўзлаштириш лозим бўлади.
Тўпланиши лозим бўлган кредитлар миқдоридаги фарқ 10 фоиз ва ундан юқори бўлган ҳолларда ўқувчи мазкур босқични қайтадан ўқиши лозим.
5-БОБ. КРЕДИТ-МОДУЛЬ ТИЗИМИДА РЎЙХАТГА
ОЛИШ ХИЗМАТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
29. Рўйхатга олиш хизматлари таълим ва ўқувчилар билимини баҳолаш жараёнларини алоҳида юритиш, ўқувчилар ҳақидаги академик маълумотларни электрон тарзда автоматик бошқариш ҳамда якуний назоратларни ўтказиш мақсадида ташкил этилади.
30. Рўйхатга олиш хизмати ўқувчига танлаган мутахассислиги бўйича юқори даражадаги билим, кўникма ва малакаларга эришишда ёрдам беришга қаратилган бўлиб, қуйидаги функцияларни қамраб олади:
ўқув жараёни жадвалини тузиш ва бажарилишини назорат қилиш;
ўқувчиларнинг фанларга рўйхатдан ўтишини назорат қилиш;
академик гуруҳларни шакллантириш;
оралиқ, якуний баҳолашлар ва якуний давлат аттестацияси ўтказилишини назорат қилиш;
маълумотлар базасини шакллантириш ва мунтазам янгилаб бориш;
таълим олаётган ўқувчилар ҳақидаги маълумотларнинг сақланишини ташкил этиш;
транскрипт шаклларини шакллантириш ва ўқувчиларнинг маълумотларини киритиш;
ўқувчилар контингенти бўйича статистикани юритиш.
31. Рўйхатга олиш хизматлари ўқув-методик бўлим томонидан амалга оширилади. Техникумларнинг молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Таълимнинг кредит тизимини бошқариш сектори ташкил этилиши мумкин.
32. Рўйхатга олиш хизмати белгиланган жадвалга мувофиқ ўқувчиларни фанларга рўйхатдан ўтказади ва ўқувчининг шахсий таълим траекториясини шакллантиради.
Ўқувчининг шахсий таълим траекторияси улар томонидан мустақил равишда гуруҳ мураббийи ёрдамида ўқув режаси ва танлов фанлари асосида умумий ўқиш даври учун тузилади.
Ўқувчи шахсий таълим траекториясига ҳар ўқув йилидан олдин ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиши мумкин.
33. Ўқувчининг шахсий таълим траекторияси асосида рўйхатга олиш хизмати академик гуруҳларни шакллантиради ва муайян бир фанга ёзилиш етарли бўлмаган тақдирда, шахсий таълим траекториясини ўзгартириш зарурлиги тўғрисида ўқувчиларга хабар беради.
Ўқувчининг шахсий таълим траекторияси шакллантириб бўлингандан сўнг рўйхатга олиш хизмати дарс жадвалини тузиш учун техникум ўқув-методик бўлимига академик гуруҳлар тўғрисида маълумот беради.
34. Рўйхатга олиш хизмати ҳар бир ўқувчини рўйхатдан ўтказиш санаси ва вақтини белгилайди (ўқувчи томонидан етарли GPA кўрсаткичларининг тўплаганлиги ва тўлов-контракт амалга оширилганлигига қараб).
Биринчи босқич ўқувчиларини рўйхатдан ўтказиш улар билан академик ва касбга йўналтириш тадбирлари амалга оширилганидан сўнг бошланади.
35. Ўқувчилар танлаган фанларини ҳар семестрнинг биринчи ҳафтаси ичида ўзгартириши мумкин.
36. Техникумда таълим олишнинг тўлов-контракт миқдори қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
37. Фанлар бўйича қайта таълим олиш учун тўлов қиймати техникум томонидан бутун ўқув йилининг тўлов-контракт суммасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Қайта таълим олиш учун тўлов-контракт механизми техникум томонидан бир кредит қийматини ҳисоблаш асосида аниқланади.
Бир кредит қиймати ўқув йили давомидаги таълим олиш учун тўланадиган базавий тўлов-контракт миқдорини режалаштирилган кредитлар миқдорига бўлиш йўли билан белгиланади.
38. Таълим дастурида белгиланган натижаларга эришиш ҳамда кредит-модуль тизими тўғри ва ҳаққоний қўлланилаётганлигини аниқлаш ва баҳолаш мақсадида ўқув жараёнининг мониторинги ўтказилади.
Мониторинг техникум ва олий таълим ташкилоти томонидан сўровнома, интервью олиш ёки эришилган натижаларни таҳлил қилиш ва бошқа усулларда амалга оширилиши мумкин.
39. Ўқувчи ўқув режасида назарда тутилган кредитларни тўпласа, шу жумладан, якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтса, профессионал таълимнинг тегишли даражасига эга бўлади ва унга белгиланган тартибда давлат намунасидаги диплом берилади.
40. Ўқувчиларнинг шахсий таълим траекторияларига тегишли маълумотномалар, кредитларни тан олиш ва ўқишини кўчириб ўтказишга тааллуқли ҳужжатлар, транскриптлар, имтиҳон қайдномалари 75 йил давомида техникумлар архивида сақланади.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2023 йил 11 декабрь