ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Норматив-ҳуқуқий актларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш /

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.12.2023 й. 694-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 29 декабрдаги

694-сон қарорига

1-ИЛОВА



Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг

рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг, шунингдек, давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш (кейинги ўринларда - рақобатга таъсирни баҳолаш) тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси;


давлат ёрдами - давлат томонидан хўжалик юритувчи субъектларга солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар, грантлар, давлат кафолатлари, имтиёзли кредитлар, эксклюзив ҳуқуқлар, давлат мулкини имтиёзли нархларда сотиш ва ижарага бериш, ер ресурсларидан ва ерости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқларини имтиёзли шартлар асосида ҳамда бошқа преференциялар ва афзалликлар тарзида бериш;


рақобатга таъсирни баҳолаш - норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг товар ва молия бозорларида рақобатни бевосита ёки билвосита чеклаш эҳтимолини аниқлаш ва баҳолаш.


3. Рақобатга таъсирни баҳолаш давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатларда товар ҳамда молия бозорларида рақобатни бевосита ёки билвосита чеклайдиган ҳолатларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда тегишли чоралар кўриш мақсадида баҳоланади.


4. Қуйидаги ҳолларда рақобатга таъсирни баҳолаш ўтказилмайди:

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этиш, юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича чекловчи тадбирлар (карантин)ни белгилашга қаратилган бўлса;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳасида янги қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг талабларига мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар назарда тутилса.


5. Рақобатга таъсирни баҳолаш ваколатли орган томонидан қуйидаги усулларда амалга оширилади:

"ex-ante" - норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг (кейинги ўринларда - лойиҳа) рақобатга таъсирини баҳолаш;

"ex-post" - амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг рақобатга таъсирини баҳолаш.



2-БОБ. РАҚОБАТГА ТАЪСИРНИ БАҲОЛАШНИНГ

АСОСИЙ МЕЗОНЛАРИ


6. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳасининг рақобатга таъсири қуйидаги оқибатларнинг бирига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлганда, унинг таъсири рақобат учун салбий деб баҳоланади:

а) товар ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг (кейинги ўринларда - етказиб берувчилар) доираси ва сонини чеклашга олиб келса, жумладан:

товар ёки молия бозорининг алоҳида иштирокчиларига рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи давлат ёрдамини берса ёки муддатини узайтирса;

фаолият юритиш шарти сифатида рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи лицензиялаш ёки рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартибини ўрнатса;

айрим етказиб берувчиларнинг ўз товар ва хизматларини реализация қилиш имконини чекласа;

етказиб берувчининг товар ва молия бозорига киришидаги ёки ундан чиқишидаги харажатларини сезиларли даражада оширса;

товар ёки молия бозори иштирокчиларига уларнинг бозорга киришига тўсқинлик қиладиган техник тартибга солишнинг янги шартларини ўрнатса;

хўжалик юритувчи субъектларнинг товар ва хизматларини реализация қилиш ёки иш ўринларини яратиш, шунингдек, инвестиция киритиш имконини чекловчи географик тўсиқ ўрнатса;

б) етказиб берувчиларнинг ўзаро рақобатлашиш имкониятини чегараласа, жумладан:

етказиб берувчиларнинг товарларга ва хизматларга нарх белгилаш имкониятини чегараласа;

етказиб берувчиларнинг ўз товар ва хизматларининг рекламаси ёки маркетингини амалга ошириш эркинлигини чегараласа;

айрим етказиб берувчиларга бошқалар олдида афзаллик берувчи ёки товар ва хизматлар харид қиладиган хўжалик юритувчи субъектлар ёки жисмоний шахслар (кейинги ўринларда - истеъмолчилар) танлаши мумкин бўлган даражадан ошувчи товар сифати стандартларини ўрнатса;

ишлаб чиқариш харажатларини оширса, шунингдек, ресурсларни (моддий, молиявий ва меҳнат) айрим етказиб берувчиларга, шу жумладан, товар ёки молия бозорининг янги иштирокчисига ажратиш йўли билан бошқаларнинг харажатларига нисбатан кўпроқ сарфланишига олиб келса;

товар ёки молия бозорларида тадбиркорлик субъектлари иштирокида давлат корхонаси ёки давлат улуши бор корхоналар тузишни назарда тутса ва унинг натижасида рақобатни чеклайдиган ҳолат юзага келса;

в) етказиб берувчиларнинг бозор муносабатларида ўзаро рақобатлашишга қизиқишини пасайтирса, жумладан:

рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи ўзини ўзи бошқарадиган ёки биргаликда бошқариладиган тартиб яратса;

рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи маълумотларни, шу жумладан, етказиб берувчиларнинг ишлаб чиқариш, нархлар, айланмалар ёки харажатлар бўйича ахборотларини ёритишни талаб этса ёки рағбатлантирса;

рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг амал қилишидан ҳар қандай алоҳида тармоқ ёки етказиб берувчилар гуруҳи фаолиятини истисно қилса;

г) етказиб берувчиларнинг янги технологиялар, маҳсулотлар ёки бизнес моделларини амалиётга жорий этишни чекласа, жумладан:

инновациялар асосий хусусият бўлган бозорларда инновацияларни жорий этишни чекласа ёхуд уларни жорий этишга бўлган қизиқишни пасайтирса;

янги технологияларни қўллашни чекласа ёки етказиб берувчиларни бизнес моделлардан фойдаланишларига тўсқинлик қилса;

инновацияларнинг истиқболини чекласа;

д) истеъмолчилар учун керакли ахборотни танлаш имконини чегараласа, жумладан:

истеъмолчиларнинг ўз хоҳишлари асосида улар кимдан товар (иш, хизмат) сотиб олиш масаласини ҳал қилиш имкониятларини чегараласа;

истеъмолчиларнинг бир товар ёки маҳсулот етказиб берувчилардан бошқасига ўтишида нархни ошириб, уларнинг имкониятларини камайтирса;

истеъмолчи учун товарни (ишлар, хизматларни) сотиб олишда зарур бўлган ахборотнинг асл моҳиятини ўзгартириб, натижада уларнинг адашишига олиб келса.



3-БОБ. НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТ ЛОЙИҲАСИНИНГ

РАҚОБАТГА ТАЪСИРНИ БАҲОЛАШ ("EX-ANTE")


7. Қуйидагиларни назарда тутувчи лойиҳалар ваколатли орган томонидан "ex-ante" усулида баҳоланади:

а) хўжалик юритувчи субъектлар учун янги чекловлар, лицензияларнинг, рухсат бериш тартиб-таомилларининг янги турлари жорий этилиши ёки амалдаги чекловлар, рухсат бериш тартиб-таомиллари, фаолиятнинг лицензияланадиган турлари товар ва молия бозори иштирокчиларининг янада кенгроқ доирасига нисбатан татбиқ этилиши;

б) лицензиялар ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш учун қўшимча талаблар ва шартлар жорий этилиши;

в) юридик шахслар устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдорига доир талаблар оширилиши;

г) хўжалик юритувчи субъектларнинг белгиланган ҳуқуқлари чекланиши (камайтирилиши) ёки улар учун қўшимча мажбуриятлар ёхуд қўшимча харажатлар жорий этилиши;

д) давлат ёрдами берилишини, шу жумладан, айрим хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳар қандай турдаги имтиёзлар, кафолатлар, преференциялар белгиланишини, шунингдек, уларга эксклюзив ҳуқуқлар берилиши;

е) истеъмолчилар ёки товар ва молия бозори иштирокчилари учун инфратузилма ҳамда табиий монополия субъектларининг товарларидан (иш, хизматларидан) фойдаланиш шартларини ўзгартириши;

ж) табиий монополия субъектларининг товар ва молия бозорларида иштирокининг мавжудлиги;

з) хўжалик фаолиятини амалга оширадиган, устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори 25 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахс, шунингдек, давлат унитар корхонаси ёки ўзига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилган давлат муассасаларини ва уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этиш (қайта ташкил этиш), уларнинг фаолият турини ўзгартириш, акциялар (улушлар) олиши;

и) товар ва молия бозорида давлат органлари ва ташкилотларининг ёки давлат иштирокидаги корхоналарнинг рақобатни чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларининг мавжудлиги;

к) товар ва молия бозори иштирокчиларининг исталган кўринишдаги ресурслар, жумладан, хомашё, материаллар, ишчи кучи ва молиявий ресурслардан фойдаланиш шартларининг ўзгариши.


8. Ушбу Низомнинг 7-бандида келтирилган масалалар ишлаб чиқилаётган лойиҳада мавжуд бўлган тақдирда, лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан жамоатчилик муҳокамаси ва идоралараро келишув якунлари бўйича қайта ишланган лойиҳа қуйидаги маълумот ва ҳужжатларни илова қилган ҳолда ваколатли органга тақдим этилади:

а) товар ва молия бозори иштирокчиларининг товар ҳамда молия бозорига кириш харажатлари (бевосита ёки билвосита) ҳисоб-китоби;

б) лойиҳанинг қабул қилинишидан барча манфаатдор бўлган томонлар учун фойданинг (бевосита ёки билвосита) ҳисоб-китоби;

в) рақобатчи хўжалик юритувчи субъектларнинг харажатлари ва фойдалари ҳисоб-китоби;

г) лойиҳанинг қабул қилиниши юзасидан манфаатларига таъсир кўрсатадиган тегишли товар ва молия бозори иштирокчиларининг сони;

д) муқобил нархлар ва тарифлар, шу жумладан, бозорга кириб келувчи импорт маҳсулотларнинг нархи;

е) лойиҳа билан тартибга солинадиган товарга (иш, хизматга) эҳтиёжнинг даражаси;

ж) лойиҳани тайёрлашга асос бўлган ҳужжатлар ва таҳлилий маълумотлар;

з) тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ҳисобот.

Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот тақдим қилинган ҳисоб-китоблар, маълумот ва ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар ҳисобланади.


9. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жамоатчилик муҳокамаси ва идоралараро келишув якунлари бўйича қайта ишланган лойиҳа ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган тегишли ҳужжатлар билан бирга ваколатли органнинг ҳудудий органларига киритилади.

Ваколатли органнинг ҳудудий органлари томонидан лойиҳа ушбу Низом ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


10. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий органлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 мартдаги ПҚ-5025-сон қарори билан тасдиқланган Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган муддатга мувофиқ рақобатга таъсирни баҳолашдан ўтказилаётган лойиҳа юзасидан хулоса тақдим этади.

Хулоса икки нусхада тузилади. Бир нусхаси ваколатли органда қолади, иккинчи нусхаси ҳужжатни ишлаб чиққан ташкилотга юборилади.


11. Лойиҳа юзасидан рақобатга таъсирни баҳолаш натижалари бўйича ваколатли органнинг хулосаси лойиҳа ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши лозим.


12. Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ваколатли органнинг хулосаси лойиҳа билан бирга ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Адлия вазирлигига тақдим этилади.


13. Лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамасига киритилганда, унга ваколатли органнинг хулосаси мажбурий тартибда илова қилинади.



4-БОБ. АМАЛДАГИ НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТНИНГ

РАҚОБАТГА ТАЪСИРИНИ БАҲОЛАШ ("EX-POST")


14. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий органлари томонидан ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган нормалар мавжуд бўлган амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг рақобатга таъсири ҳамда рақобат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқлиги ваколатли орган томонидан тасдиқланган режа-график асосида "ex-post" усулида баҳоланади.


15. "Ex-post" усулида баҳолаш жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига, жамоатчилик назорати субъектларининг таклиф ва тавсияларига, оммавий ахборот воситалари орқали ўрганилган ёки чоп этилган бошқа материалларни ўрганиб чиқиш натижаларидан келиб чиқиб амалга оширилиши мумкин. Бунда баҳолаш 10 кун муддат мобайнида амалга оширилади.


16. Ваколатли органнинг ҳудудий органлари ҳар чорак якуни бўйича баҳолаш натижалари юзасидан ваколатли органга белгиланган тартибда ахборот тақдим этади.


17. Рақобат тўғрисидаги қонунчиликка зид бўлган ва рақобатга салбий таъсир этаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аниқланган тақдирда, ваколатли орган қонунчилик ҳужжатларига асосан:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тегишли тартибда таклифлар киритади;

вазирликлар, қўмиталар ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари юзасидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатини белгиланган муддатда бартараф этиш тўғрисида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритади.

Ваколатли органнинг ҳудудий органлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларини рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига зид деб топганда, улар юзасидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатини белгиланган муддатда бартараф этиш тўғрисида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритади.


18. Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан қабул қилинган ҳужжатларни рақобат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан ўрганишдан ўтказиш ушбу Низомнинг 14-15-бандларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



5-БОБ. РАҚОБАТГА ТАЪСИРНИ БАҲОЛАШ

УЧУН АХБОРОТ МАНБАЛАРИ


19. Рақобатга таъсирни баҳолашда расмий ва норасмий ахборотлардан фойдаланилади.


20. Расмий ахборотларга қуйидагилар киради:

расмий статистика маълумотлари;

давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлари;

оқибатларни прогнозлаштириш масалалари бўйича илмий-таҳлилий материаллар ва нашрлар, илмий-амалий семинарлар, конференциялар ҳамда йиғилишлар материаллари;

ваколатли ташкилотлар ва ишлаб чиқувчи томонидан ўтказилган ижтимоий сўровларнинг натижалари;

оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтларда эълон қилинган нашрлар;

рақобатга таъсирни баҳолаш доирасида давлат органи ва ташкилоти томонидан, шу жумладан, бевосита жойига чиққан ҳолда ўтказилган ўрганишлар жараёнида олинган (аниқланган) маълумотлар;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, халқаро шартномалар;

суд амалиёти;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа расмий манбалар.


21. Норасмий маълумотларга қуйидагилар киради:

нодавлат ташкилотлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;

Интернет жаҳон ахборот тармоғининг норасмий ахборот ресурслари;

тижорат маълумотлари;

жамоатчилик ўртасида ўтказиладиган сўровномалар;


22. Ваколатли орган қуйидагиларга ҳақли:

рақобатга таъсирни баҳолаш ўтказилаётган ҳужжат предметига тааллуқли бўлган маълумотлар билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда танишишга;

рақобатга таъсирни баҳолаш ўтказилаётган ҳужжатларнинг нормаларига аниқлик киритишга ва улар бўйича тегишли тушунтиришлар олишга;

лойиҳа бўйича манфаатларига алоқадор томонларнинг, шунингдек, мустақил экспертлар ва бошқа малакали мутахассисларнинг фикрларини ўрганишга.


23. Ваколатли орган қуйидагиларга мажбур:

рақобатга таъсирни баҳолашни ташкил этиш ва ўтказиш учун қонунчилик ҳужжатлари билан ўрнатилган талабларга риоя қилишга;

рақобатга таъсирни баҳолашда унга маълум бўлиб қолган давлат сири ва тижорат сирини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмасликка;

тақдим этилган ҳужжатларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда сақланишини таъминлашга.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24. Ваколатли органнинг лойиҳалар бўйича берган хулосасида назарда тутилган таклиф ва эътирозлар ушбу лойиҳани қайта кўриб чиқиш учун асос бўлади.


25. Ушбу Низомда қайд этилган масалалар юзасидан келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.


26. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 29 декабрь




































Время: 0.0123
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск