Расчеты с персоналом

Нормативно-правовые акты / Предпринимательство / Природопользование. Охрана окружающей среды /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.01.2024 й. ПФ-5-сон "Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

04.01.2024 й.

N ПФ-5



ЧИҚИНДИЛАРНИ БОШҚАРИШ ТИЗИМИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА УЛАРНИНГ ЭКОЛОГИК

ВАЗИЯТГА САЛБИЙ ТАЪСИРИНИ КАМАЙТИРИШ

БЎЙИЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Республикада чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини ислоҳ қилиш доирасида ҳудудларни санитар тозалаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва ҳудудлардан олиб чиқиш соҳасига тадбиркорлик субъектларини фаол жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, соҳада жиддий камчилик ва муаммолар сақланиб қолмоқда. Жумладан:

биринчидан, мавжуд полигонларнинг ҳолати экология ва санитария талабларига жавоб бермайди, улар фаолиятида қайта ишлаш, утилизация қилиш ва куйдириб юбориш тизимлари яратилмаган, шунингдек, бошқарув тизими тўғри йўлга қўйилмаганлиги сабабли айрим полигонлар тартибсиз шаклланган;

иккинчидан, чиқинди хизматлари учун тўлов сўнгги 4 йил давомида қайта кўриб чиқилмаганлиги тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган санитар тозалаш корхоналарининг иқтисодий ҳолатига салбий таъсир кўрсатган, оқибатда чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш ишлари тўлақонли ва самарали равишда амалга оширилмаган;

учинчидан, санитар тозалаш хизматлари учун тўловларни амалга оширишда инсон омилининг юқорилиги, марказлашган электрон тўлов тизимининг тўлиқ жорий қилинмаганлиги ҳамда идоралараро тизимлар билан интеграция қилинмаганлиги натижасида кўрсатилган хизматлар учун тўловлар бўйича дебитор қарздорлик кўпайган;

тўртинчидан, юридик шахсларга чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш юзасидан шартномалар тузилмаган ҳамда бу масалада юридик шахсларнинг масъулияти белгиланмаган.

Аҳолининг маиший чиқиндилар билан боғлиқ хизматлар сифатидан тўлиқ қониқишини таъминлаш, ушбу хизматлар даражасини халқаро стандартларга етказиш ва тадбиркорлар учун жозибадорлигини таъминлаш, ҳосил бўлаётган чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини кескин ошириш, чиқиндиларнинг полигонларда тўпланишининг олдини олиш, атроф-муҳитга етказилаётган салбий таъсирни минималлаштириш, "ноль чиқинди" тамойилига эришиш ва айланма (циркуляр) иқтисодиётни ривожлантириш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида:


1. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик), Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

а) ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича:

белгиланган тартибда автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатган тадбиркорлик субъектларига экологик ҳуқуқбузарликларни қайд этиш ва Давлат экологик назорат инспекциясига хабар бериш ҳуқуқини бериш. Бунда, тадбиркорлик субъектлари жавобгарликка тортиш чоралари кўрилиши натижасида жарима сифатида ундирилган маблағларнинг 20 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади;

аҳолига ўз ташаббуси билан чиқиндихоналарга айланган ёки тизимли равишда чиқиндилар ноқонуний равишда ташлаб кетилиши кузатиладиган ҳудудларда ўз маблағлари ҳисобидан фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш юзасидан Вазирликка буюртма бериш имкониятини яратиш. Бунда, жавобгарликка тортиш чоралари кўрилиши натижасида жарима сифатида ундирилган маблағларнинг 20 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан буюртма берган шахслар рағбатлантирилади;

экологик патрулга жалб қилинган Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан экологик ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарликка тортиш чоралари кўрилиши натижасида жарима сифатида ундирилган маблағларнинг 10 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан ушбу ходимларни рағбатлантириш;

"Хавфсиз шаҳар" интеграцияланган тизими доирасида камералар орқали экологик ҳуқуқбузарликларни аниқлаш тизимини жорий қилиш;

б) санитар тозалаш корхоналарининг чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишлари билан шуғулланувчи ишчилари ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалаш ишлари билан шуғулланувчи ишчилари хизматларини рағбатлантириш бўйича:

мазкур ишчиларга, экофаолларга ва жамоатчилик экология назоратчиларига Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар ой 100 тадан велосипед ва бошқа мукофотларни бериш;

ҳар йили энг узоқ (камида 10 йил) ва садоқатли хизмат кўрсатган ходимлар учун "Табиат уйғунлиги ҳимоячиси" танловини ўтказиш ҳамда улардан 100 нафарининг давлат олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга кирган фарзандлари ёки невараларига контрактининг тўлиқ суммасини Экология жамғармаси ҳисобидан тўлаб бериш. Бунда, талабаларга келгусида давлат органлари ва ташкилотларида камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти юклатилади;

в) Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда ҳар йили "Энг тоза маҳалла" танловини ўтказиш ва танлов натижалари бўйича ғолиб бўлган 14 та маҳаллага Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

маҳалланинг тегишли жамғармасига чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш, маҳалладаги ижтимоий объектларга чиқинди контейнерларини ўрнатиш ва дарахтларни экиш учун жами 500 миллион сўмдан ўтказиб бериш;

хизматда фойдаланиш учун 1 тадан электромобиль харид қилиш ва топшириш чораларини кўриш.


2. Вазирлик Бош прокуратура билан биргаликда 2024 йил 1 апрелга қадар:

чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорини ошириш ҳамда ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашё ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилиш жазосини кенгайтириш, чиқиндилар ташлаб кетилган жойни тозалаш ва чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш мажбуриятини белгилашни;

чиқиндилар тўплаш майдончалари ва уларнинг қўриқланмайдиган (модулли) иншоотларидан чиқиндиларни ноқонуний равишда тўплаш ва олиб чиқиб кетиш учун маъмурий жавобгарлик киритишни;

кимёвий, биологик ва бактериологик воситалардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, бинолар, иншоотлар ёки бошқа объектларни қуриш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ва ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуриш ҳамда капитал таъмирлаш вақтида атроф-муҳитга зарар етказиш, шу жумладан, экинларга, ўрмонларга, дарахтларга ёки бошқа ўсимликларга қасддан шикаст етказиш, пайҳон ва нобуд қилганлик учун маъмурий жавобгарлик киритишни;

ҳудудларни тозалашга масъул бўлган жисмоний ва юридик шахслар ўз вазифаларини бажармаганлиги натижасида атроф-муҳитнинг ифлосланиши учун жавобгарлик киритиш ҳамда ушбу ҳудудларни тозалаш ва чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш механизмини жорий этишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда киритиш чораларини кўрсин.


3. Вазирликнинг санитар тозалаш корхоналари томонидан чиқиндиларни йиғиш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлашга оид қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

а) 2024 йилдан бошлаб ҳар йили республика ва маҳаллий бюджетлар параметрлари тасдиқланишидан олдин санитар тозалаш хизматлари учун тўловнинг энг кам ставкалари (суммаси)ни қайта кўриб чиқиш амалиётини ушбу Фармонга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ жорий қилиш;

б) 2024 йил 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк ҳамда автотранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлашда қарздорлик мавжудлиги Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизими (кейинги ўринларда - Ягона электрон тизим) орқали онлайн режимда текширилиб, қарздорлик бартараф этилганидан кейин нотариал ҳаракатни амалга ошириш;

в) истеъмолчилар ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш, тўловларни электрон тизимлар орқали шахсий ҳисобварақларда тўлиқ акс эттиришга қаратилган:

2024 йил 1 апрелдан бошлаб барча санитар тозалаш корхоналари томонидан Ягона электрон тизимга уланган ҳолда фуқароларга хизмат кўрсатиш ҳамда ушбу талабни бажармаган корхоналар билан тузилган шартномаларни бекор қилиш ва улар хизмат кўрсатадиган ҳудудларни давлат-хусусий шериклик асосида бошқа корхоналарга бириктириш;

Ягона электрон тизимнинг узлуксиз фаолиятини таъминлашга "Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази" давлат муассасасини (кейинги ўринларда - Марказ) масъул этиб белгилаш;

чиқинди хизматлари учун тўловларни қабул қилиш ҳамда абонентлар ҳисобини юритишни фақатгина Марказнинг биллинг тизими, электрон тўлов тизимлари ёки тижорат банкларининг тўлов қабул қилиш кассалари орқали амалга ошириш.


4. Вазирлик, Энергетика вазирлиги ва "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, санитар тозалаш корхоналарининг аҳолига қаттиқ маиший чиқиндилар бўйича кўрсатилган хизматлари учун тўловларни амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш, шаклланаётган қарздорлик тўғрисида ўз вақтида ва қулай тарзда хабардор қилишни йўлга қўйишга қаратилган қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

а) чиқинди хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган абонентларни SMS орқали хабардор қилиб бориш;

б) қарздорлик вужудга келганлиги тўғрисида олдиндан электрон тўлов тизимлари орқали огоҳлантирилгандан кейин тўловлар амалга оширилмаган тақдирда абонентлар чиқинди хизматлари бўйича қарздорликни бартараф этмаганига қадар уларнинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш амалиётини қуйидаги босқичларга мувофиқ жорий этиш (электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланмаган ҳудудлар бундан мустасно):

1-босқичда - Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 2024 йил 1 июндан бошлаб чиқинди хизматлари бўйича 6 ой давомида шаклланган қарздорлик учун;

2-босқичда - республиканинг барча ҳудудларида 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб чиқинди хизматлари бўйича 3 ой давомида шаклланган қарздорлик учун;

3-босқичда - республиканинг барча ҳудудларида 2025 йил 1 январдан бошлаб чиқинди хизматлари бўйича 1 ойлик қарздорлик учун.


5. Белгилаб қўйилсинки:

мазкур Фармон 4-бандининг "б" кичик бандида белгиланган амалиёт татбиқ этилган ҳудудларда биллинг тизимлари фаолиятини техник таъминлаш, тўловларни ўз вақтида амалга ошириш учун керакли шароитлар яратиш мақсадида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳолидан ундирилган тўловларнинг 1 фоиздан ажратмалари автоматик равишда "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ва Марказнинг махсус ҳисоб рақамларига ўтказилади;

санитар тозалаш корхоналари чиқинди хизматлари учун тўловларни ҳисоблашнинг ҳаққонийлиги ва тўғрилиги учун масъул бўлади ҳамда ушбу талаб бузилган ҳолларда жабрланувчининг харажатлари ва маънавий зарарини қоплаб беради;

ушбу Фармон 4-бандининг "б" кичик бандида белгиланган тизим 2023 йил 31 декабрга қадар бўлган чиқинди хизматлари учун шаклланган қарздорликка татбиқ этилмайди.


6. Қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш фаолиятини янада рағбатлантириш мақсадида белгилаб қўйилсинки:

2024 йил 1 июндан бошлаб маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хомашёни реализация қилиш фақат биржа орқали амалга оширилади. Бундан тадбиркорлик субъектларининг аҳоли томонидан мустақил сараланган чиқиндиларни сотиб олиш ҳоллари мустасно;

2024 йил 1 июлдан бошлаб Вазирлик Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан қайта ишланиши тўғрисидаги маълумот кўрсатилиши мажбурий бўлган товарларнинг рўйхати ва уларнинг белгиларини тасдиқлаб боради.

Вазирлик 2024 йил 1 августга қадар ушбу Фармонга 2а-иловада келтирилган чиқиндиларни қайта ишлашни ёки экологик хавфсиз тарзда утилизация қилишни йўлга қўйган тадбиркорларга "яшил субсидиялар" ажратиш тизимини жорий этсин.


7. Қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш тизимини босқичма-босқич ташкил этиш учун 2024-2026 йилларда Тошкент, Ангрен, Андижон, Бухоро ва Термиз шаҳарлари ҳамда Тошкент туманидаги кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудларда қуйидагиларни назарда тутувчи лойиҳа амалга оширилади:

а) чиқиндиларни чиқинди йиғиш майдончаларида "қайта ишланадиган", "қайта ишланмайдиган" ва "озиқ-овқат" тоифаларига ажратган ҳолда йиғиш ташкил этилади;

б) 2024 йил 1 июлга қадар мазкур ҳудудларга хизмат кўрсатувчи санитар тозалаш корхоналари томонидан чиқиндиларни тоифаларга ажратган ҳолда тўплаши учун қуйидаги турдаги махсус чиқинди пакетлари (QR-код - матрицали штрих кодли) билан фуқаролар бепул таъминланади:

қайта ишланадиган қаттиқ маиший чиқиндилар учун - шаффоф, рангсиз;

қайта ишланмайдиган қаттиқ маиший чиқиндилар учун - қора ранг;

озиқ-овқат чиқиндилари учун - жигарранг;

в) қайта ишланадиган қаттиқ маиший чиқиндилар чиқинди йиғиш майдончаларида санитар тозалаш корхоналари томонидан сотиб олинади.

Тошкент, Ангрен, Андижон, Бухоро ва Термиз шаҳарлари ҳамда Тошкент туманидаги кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудларда чиқинди йиғиш майдонларида сотиб олиш йўли билан қабул қилинадиган "қайта ишланадиган" тоифага мансуб чиқинди турлари рўйхати 2б-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган лойиҳанинг амалга оширилиши Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва ҳокимликлар томонидан назорат қилинади ҳамда чиқинди йиғиш майдонларини пакетлар билан таъминлаш учун Экология жамғармасидан босқичма-босқич 30 миллиард сўмгача бўлган маблағлар ажратилади.


8. Юридик шахсларнинг маиший чиқиндиларини тўплаш ва олиб чиқишда қўшимча шарт-шароитлар яратиш, уларнинг фаолияти натижасида шаклланадиган чиқиндиларнинг аҳоли яшаётган ҳудудларга ва атроф-муҳитга таъсирини камайтириш бўйича 2024 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга кўрсатиладиган хизматлар оммавий оферта асосида амалга оширилади. Бунда оферта шартномаси фақатгина фаолияти давомида алоҳида кўчмас мулкдан фойдаланадиган юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар билан мазкур кўчмас мулк жойлашган ҳудудга бириктирилган санитар тозалаш корхонаси ўртасида тузилади;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун уларнинг фаолият турлари ва хусусиятларидан келиб чиқиб, чиқинди тўплаш меъёрларини тасдиқлайди ҳамда оммавий офертадаги тўлов суммалари ушбу меъёрларга асосланган ҳолда белгиланади;

в) шартномалар тузилиши қуйидаги ҳолатларда мажбурий ҳисобланмайди:

юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор фаолият олиб борадиган ҳудудда санитар тозалаш корхоналари фаолияти йўлга қўйилмаганда;

юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор фаолият олиб борадиган ҳудудда ўрнатилган меъёрларга мувофиқ маиший чиқиндиларни йиғиш майдончалари (контейнер ёки махсус чиқиндиларни сақлаш жойлари) жойлаштирилмаган тақдирда, бунда маиший чиқиндиларни йиғиш майдончаларини (контейнер ёки махсус чиқиндиларни сақлаш жойлари) жойлаштириш меъёр ва тартиблари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади;

юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун мўлжалланган махсус автотранспорт воситаси мавжуд бўлганда ҳамда у билан чиқинди полигони ўртасида қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш ва утилизация қилиш бўйича шартномалар тузилганда;

г) шартномаларни оммавий оферта учун махсус платформага жойлаштириб бориш санитар тозалаш корхоналари зиммасига юклатилади.


9. Қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришнинг шундай тизими ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш ишларини ташкил этиш учун:

Вазирлик - чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи, фаолият ва шартномаларга бўлган минимал талабларни, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга ошириладиган ҳудудларни белгиловчи ҳамда ушбу йўналишда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи орган;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари - санитар тозалаш корхоналари билан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари юзасидан шартномалар бўйича буюртмачи (давлат шериги);

хизмат кўрсатувчи санитар тозалаш корхонаси - буюртмачининг ижрочиси (оператор - хусусий шерик) ҳисобланади;

б) туман (шаҳар)лар ҳудудларини хизмат кўрсатувчи ташкилотларга бириктириб қўйиш қонунчиликда белгиланган тартибда, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида - тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан хусусий шерик ўртасида тузиладиган маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ амалга оширилади;

в) ҳудудларда чиқиндиларни олиб чиқиб кетишда кенг қамровли узилишлар содир бўлган ҳолатда сафарбар этиш учун Марказ ҳузурида чиқинди ташувчи техникалардан иборат захира гуруҳи тузилади ва ушбу захира гуруҳининг ишлаш тартиби 3-иловага мувофиқ белгиланади.


10. Белгилаб қўйилсинки:

а) 2024 йил 1 июндан бошлаб белгиланган тартибда махсус техникага эга бўлган санитар тозалаш корхоналари томонидан қуйидаги чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш келишилган нархларда алоҳида тўлов эвазига амалга оширилади:

саноат чиқиндилари;

суюқ маиший чиқиндилар;

йирик ҳажмли маиший чиқиндилар;

қурилиш чиқиндилари ва тупроқ;

тиббиёт чиқиндилари;

заҳарли-кимёвий чиқиндилар;

б) 2025 йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший, қурилиш, суюқ маиший, тиббиёт, саноат, хавфли ва заҳарли чиқиндиларни ташиш лицензияланадиган фаолият ҳисобланади. Бунда:

юридик ва жисмоний шахсларнинг махсус техникалари GPS ва махсус камераларга эга бўлиши ҳамда махсус техникаларнинг GPS ҳаракатини махсус камералар орқали онлайн кузатиб туриш учун аҳолига имконият яратилиши лицензия талабларидан бири этиб белгиланади;

лицензия Вазирлик томонидан берилади;

в) 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизмати билан шуғулланувчи ташкилотларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизими жорий этилади.


11. Қуйидагилар:

2024-2026 йилларда республика ҳудудида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш манзилли дастури 4-иловага мувофиқ;

2024-2025 йилларда қаттиқ маиший чиқинди полигонларини рекультивация қилиш ва тупроқ қатлами билан ёпиш манзилли дастури 4а-иловага мувофиқ;

2024 йилда маиший чиқинди полигонларини тегишли муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш манзилли дастури 4б-иловага мувофиқ;

2024-2025 йилларда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта юклаш станцияларини ташкил этиш бўйича манзилли дастур 4в-иловага мувофиқ;

2024-2028 йилларда ҳудудларда чиқиндиларни қайта ишлаш, муқобил энергия ҳамда органик ўғит ишлаб чиқариш истиқболли лойиҳалари 5-иловага мувофиқ;

2024-2028 йилларда ҳудудларда замонавий ярим ер ости чиқинди контейнерларини ўрнатиш бўйича истиқболли лойиҳалар 6-иловага мувофиқ;

2024-2026 йилларда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта юклаш станцияларини ташкил этиш бўйича истиқболли лойиҳалар 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


12. Белгилансинки:

ушбу Фармон билан тасдиқланган манзилли дастур ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 2030 йилдан эътиборан қайта ишлашга, термик усулда муқобил энергия ишлаб чиқаришга яроқли чиқиндиларни маиший чиқинди полигонларига жойлаштириш тақиқланади;

4, , , 4в-иловаларда 2024-2026 йилларда амалга оширилиши белгиланган тадбирлар учун Вазирликка Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 479,8 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бунда, белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун Вазирлик буюртмачи ҳисобланади;

Чиқиндиларни бошқариш тизимини мувофиқлаштириш ва айланма (циркуляр) иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика комиссиясига мазкур Фармонга 4, , , 4в-иловаларда назарда тутилган манзилли дастурларга ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 5 - 7-иловаларда белгиланган истиқболли лойиҳалар юзасидан лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, маҳаллий ва хорижий инвесторларни ва санитар тозалаш корхоналарини жалб қилиш ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул бўлади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги ПҚ-4291-сон қарори доирасида 7-иловада белгиланган истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилишига лойиҳада белгиланган ҳудудга бириктирилган санитар тозалаш корхоналари масъул бўлади.


13. Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш мақсадида:

а) 8-иловага мувофиқ тозалашга масъул бўлган шахсларнинг аниқ ҳудудлари ва мажбуриятини белгилаш. Бунда, ушбу иловада келтирилган шахслар белгиланган ҳудудларда тозалаш ишларини амалга оширмаган тақдирда қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига давлат шериги сифатида ободонлаштириш бошқармасининг функцияларини давлат-хусусий шерикчилик асосида тадбиркорлик субъектларига ўтказиш ҳуқуқи берилади.

Бунда, 2024-2025 йилларда ҳар бир вилоятда тажриба тариқасида камида биттадан туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларининг функциялари давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлик субъектларига ўтказилади.


14.  Аҳолига қулай санитария-гигиена шароитларини яратиш, туристик жозибадорликни ошириш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш мақсадида 2024 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига жамоат жойлари, ижтимоий объектлар ва аҳоли пунктларининг белгиланган жойларида санитария-гигиена шохобчаларини ташкил этиш ҳуқуқи берилсин. Бунда:

туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан жамоат санитария-гигиена шохобчалари қурилиши мумкин бўлган жойларнинг дислокациясини ҳамда мазкур ҳудуддаги инфратузилма объектлари ва аҳоли ҳаракати гавжумлиги даражаси тўғрисидаги маълумотларни "Е-auksion" тизимидаги алоҳида веб-саҳифада эълон қилиб боради;

санитария-гигиена шохобчалари ўрнатиладиган жойларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилади;

электрон аукцион савдоларига қўйиш учун санитария-гигиена шохобчалари ўрнатиладиган жойларнинг минимал қиймати (бошланғич нархи) Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, туман (шаҳар) ҳокимлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан белгиланадиган тартиб асосида аниқланади;

электрон аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектларига санитария-гигиена шохобчалари ўрнатиладиган жойлар мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида ажратилади;

электрон аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектлари санитария-гигиена шохобчаларини Вазирлик, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан белгиланадиган аниқ мезонлар, техник топшириқлар, ўрнатишга қўйиладиган талаблар ва бошқа зарур шартларга мувофиқ бириктирилган жойларда ташкил этади.


15. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Со

...
Время: 0.0066
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск