ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Ташқи савдо фаолияти. Экспорт-импорт. Инкотермс /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.02.2024 й. 107-сон "Республикада мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.02.2024 й.

N 107




РЕСПУБЛИКАДА МЕВА-САБЗАВОТ

МАҲСУЛОТЛАРИ ЭКСПОРТИНИ ТАРТИБГА

СОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт нархларини сунъий пасайтириб кўрсатиш ҳолатларининг олдини олиш, валюта тушумлари ўз вақтида ва тўлиқ таъминланишини назорат қилиш ҳамда ушбу соҳада яширин иқтисодиёт улушини кескин қисқартириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Мева-сабзавот маҳсулотларига экспорт нархлари шакллантирилиши устидан назоратни таъминлаш мақсадида 2024 йил 1 майдан бошлаб белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича республикадан экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича шартномалар қийматини мониторинг қилиш ва экспорт нархлари шакллантирилиши устидан назорат ўрнатиш тартиби жорий этилсин.


2. Белгилансинки, "тавсия этилган" минимал экспорт нархлари белгиланадиган мева-сабзавот маҳсулотлари рўйхати (кейинги ўринларда - рўйхат) Савдо-саноат палатаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги таклифларига асосан Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Бунда Савдо-саноат палатасига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатга киритилган мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича "тавсия этиладиган" минимал экспорт нархларини белгилаш ваколати берилсин.


3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) Савдо-саноат палатаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда доимий равищда мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича ташқи бозор конъюнктурасини ўрганиб боради ва ҳар ҳафта якуни бўйича ташқи бозорда шаклланган нархлар асосида рўйхатда кўрсатилган мева-сабзавот маҳсулотларига "тавсия этиладиган" минимал экспорт нархларини тасдиқлайди. Бунда минимал экспорт нархлари қуйидагилар асосида аниқланади:

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналаридан олинган ташқи бозорлардаги нархлар;

оммавий ахборот воситалари (шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги очиқ манбалар) ва ахборот-таҳлилий нашрларда эълон қилинган нархлар;

ташқи савдо компаниялари ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг хориждаги ваколатхоналаридан олинган экспорт нархлари;

маҳаллий ва хорижий трейдер ҳамда сорсинг компанияларга юбориладиган сўровлар асосида олинган нархлар;

мева-сабзавот маҳсулотларининг таннархи, ички бозордаги улгуржи ва чакана нархлар;

б) Савдо-саноат палатаси ҳар ҳафта мева-сабзавот маҳсулотларига "тавсия этилган" минимал экспорт нархлари Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилишини таъминлайди, Палатанинг ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида уларни эълон қилиб боради.

Бунда мева-сабзавот маҳсулотларига "тавсия этиладигаи" минимал экспорт нархлари Савдо-саноат палатасининг ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг расмий веб-сайтларида эълон қилинган кундан 2 иш куни ўтгач амалга киритилади;

в) мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт нархи пасайишининг тафовути "тавсия этиладиганидан" 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланади. Бунда:

мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт нархи "тавсия этиладиганидан" 20 фоиздан ортиқ пасайтирилганлиги аниқлаганда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси томонидан ушбу ҳолат бўйича йигирма тўрт соат ичида электрон ахборот алмашинуви тизими орқали Солиқ қўмитаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига хабар берилади;

Солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан аниқланган далиллар юзасидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўриб борилади.


4. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси (А.Мавлонов) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (И.Эргашев) билан биргаликда бир ой муддатда божхона хизмати органларининг тегишли ахборот тизимларини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг ахборот тизимлари билан ўзаро интеграция қилиш чораларини кўрсин.


5. Савдо-саноат палатаси (Д.Ваҳобов) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (И.Эргашев) ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

уч кун муддатда ушбу қарор билан жорий этилаётган янги тизимнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ёритиш бўйича тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари иштирокида брифинг ташкил этсин;

бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


6. Савдо-саноат палатаси раиси Д.Ваҳобов ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И.Эргашев ҳамда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Кудратов мазкур қарор билан жорий этилаётган янги тизимнинг самарали фаолияти учун масъул ва шахсан жавобгар этиб белгилансин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                         А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 4 март











































Время: 0.0795
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск