ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Март, 2024 й. / Нотижорат ташкилотлар (жамоат бирлашмалари) /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.03.2024 й. 152-сон "Ижтимоий шериклик механизмларининг янада такомиллаштирилиши муносабати билан Социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан давлат ижтимоий буюртмаси бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.03.2024 й.

N 152




ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК МЕХАНИЗМЛАРИНИНГ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ МУНОСАБАТИ

БИЛАН СОЦИАЛ ВА ИЖТИМОИЙ АҲАМИЯТГА МОЛИК

ЛОЙИҲАЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН ДАВЛАТ

БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН ДАВЛАТ

ИЖТИМОИЙ БУЮРТМАСИ БЕРИШ ТАРТИБИ

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШ ВА

ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат органлари билан ижтимоий шериклик муносабатларини ривожлантириш, ижтимоий соҳада уларнинг салоҳиятидан унумли ва самарали фойдаланиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат органлари томонидан давлат ижтимоий буюртмасини ажратиш тизимига янги замонавий технологияларни жорий қилиш, давлат ижтимоий буюртмасини ажратиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш зарурати мавжуд.

Вазирлар Маҳкамасининг "Ижтимоий шериклик ҳамда жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 22 апрелдаги 208-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат органлари томонидан давлат ижтимоий буюртмасини ажратиш механизмини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 февралдаги 135-сон қарори билан тасдиқланган Социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан давлат ижтимоий буюртмаси бериш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

давлат ижтимоий буюртмаси учун танловларни эълон қилиш ва уларда иштирок этиш учун аризаларни махсус ахборот портали орқали тақдим этиш;

давлат ижтимоий буюртмасини бажариш учун ажратиладиган маблағларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;

ижтимоий лойиҳаларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилинган қарор устидан шикоят қилиш тартиби;

давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга ажратиладиган маблағларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан маъмурий харажатлар ва иш ҳақига ишлатиладиган қисмини аниқ белгилаш;

давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини мониторинг қилишнинг аниқ механизми;

давлат ижтимоий буюртмасини бажариш натижаларининг самарадорлигини баҳолаш индикаторларини белгилаш;

давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга ажратиладиган маблағлар сарфланиши юзасидан жамоатчиликни доимий равишда хабардор қилиб бориш тартиби.


2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Б. Махкамова зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 25 мартдаги

152-сон қарорига

ИЛОВА



Социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни

амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари

томонидан давлат ижтимоий буюртмаси бериш

тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 3-банд қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"давлат ижтимоий буюртмаларини бериш бўйича танлов (кейинги ўринларда танлов) - социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун талабгор сифатида иштирок этаётган бир нечта нодавлат нотижорат ташкилотларидан олинган таклифларни таққослаш асосида давлат ижтимоий буюртмасини беришнинг рақобатли усули;

махсус ахборот портали - ваколатли орган томонидан юритиладиган, давлат харидлари амалга оширилиши тўғрисидаги эълонлар, давлат харидларининг якунлари, иштирокчиларнинг таклифлари ҳақидаги ахборотни ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ахборотни электрон шаклда кўздан кечиришни, шунингдек, амалга оширилган электрон давлат харидлари тўғрисида давлат харидлари электрон тизимларининг операторлари томонидан киритиладиган (юбориладиган) ахборотни тўплашни таъминловчи веб-сайт";

тўртинчи хатбоши олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин;


2. 4-1-бандда:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"4-1. Давлат бошқаруви органларига нодавлат нотижорат ташкилотларидан келиб тушган лойиҳаларни кўриб чиқиш, умумлаштириш, баҳолаш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат ижтимоий буюртмасини бажариш натижаларининг самарадорлигини аниқлаш давлат бошқаруви органлари ҳузуридаги жамоатчилик назорати ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш бўйича жамоатчилик кенгашлари (кейинги ўринларда - жамоатчилик кенгаши) томонидан амалга оширилади";

қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"Давлат бошқаруви органлари томонидан ҳар йили ўзининг бюджетдан ташқари маблағлари харажатлари сметасида бевосита давлат ижтимоий буюртмасини бериш учун ажратиладиган маблағлар миқдори назарда тутилади. Давлат бошқаруви органи томонидан битта давлат ижтимоий буюртмасини бажариш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг олти минг бараваригача бўлган миқдорда маблағлар ажратилиши мумкин.

Давлат ижтимоий буюртмасини бажариш доирасида лойиҳа ижрочиларининг меҳнатига тўланадиган ҳақ, моддий-техник базани мустаҳкамлашга йўналтирилган маблағ ва бошқа маъмурий харажатларнинг миқдори ажратилган маблағларнинг 20 фоизидан ошмаслиги лозим".


3. 20 ва 21-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"20. Давлат бошқаруви органлари томонидан давлат ижтимоий буюртмаларини бериш учун танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон танлов бўйича ҳужжатлар лойиҳаларни қабул қилиш муддати тугайдиган санадан камида ўн икки иш куни ва кўпи билан ўттиз иш кунидан олдин мажбурий равишда махсус ахборот портали орқали давлат харидларининг электрон тизимига, шунингдек, давлат бошқаруви органларининг хоҳишига кўра - ўзининг расмий веб-сайтига, оммавий ахборот воситаларига жойлаштирилади.

21. Танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон қуйидаги ахборотларни ўз ичига олиши керак:

танлов ташкилотчисининг номи ва манзили;

давлат ижтимоий буюртмасининг тавсифи;

давлат ижтимоий буюртмасини маблағ билан таъминлаш манбалари ва миқдори;

давлат ижтимоий буюртмасини бажариш муддати;

иштирокчиларга қўйиладиган талаблар (шартнома тузиш ҳуқуқига эгалик, солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича муддати ўтган қарздорликнинг, ўзига нисбатан жорий этилган банкротлик тартиб-таомилларининг мавжуд эмаслиги, инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаганлиги);

давлат бошқаруви органларининг иштирокчилар билан боғланиш учун боғловчи шахслар сифатида белгиланган бир ёки бир нечта мансабдор шахсларининг ёки бошқа ходимларининг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими ва манзили;

танлов иштирокчилари томонидан лойиҳаларни бериш муддати тугайдиган сана ва вақт;

лойиҳаларни расмийлаштиришга доир талаблар;

танлов ғолиби билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби ҳақидаги ахборот;

танловда иштирок этиш учун лойиҳаларни давлат тилида ва заруратга қараб, бошқа тилларда тайёрлаш мажбурийлиги тўғрисидаги талаб;

лойиҳаларни баҳолаш мезонлари ва кўриб чиқиш тартиби;

танлов иштирокчилари томонидан коррупция кўринишларига йўл қўймаслик бўйича ариза тақдим этиш мажбурийлиги ҳақидаги талаблар.

Танлов ўтказиш тўғрисидаги эълон қонунчиликка зид бўлмаган бошқа ахборотларни ҳам ўз ичига олиши мумкин".


4. 25-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"25. Танловда иштирок этиш учун нодавлат нотижорат ташкилотлари қуйидаги ҳужжатларни электрон шаклда махсус ахборот портали орқали тегишли давлат бошқаруви органига тақдим этади".


5. 26-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"26. Танлов ғолиби нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан танловга тақдим этилган лойиҳаларни ўн иш куни ичида кўриб чиқиш, умумлаштириш ва уларни баҳолаш натижаларига кўра аниқланади".


6. 30-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"30. Танлов натижалари танлов ғолиби аниқланган кундан сўнг бир иш куни ичида Жамоатчилик кенгаши қарори билан тасдиқланади. Жамоатчилик кенгаши қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилади. Жамоатчилик кенгашининг йиғилиши баённомаси Жамоатчилик кенгаши котиби томонидан юритилади ва Жамоатчилик кенгаши раиси, котиби ва иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланади".


7. 31-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"31. Давлат ижтимоий буюртмасини берувчи давлат бошқаруви органи ва танловда ғолиб деб топилган нодавлат нотижорат ташкилоти ўртасида Жамоатчилик кенгашининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан ўн иш куни ичида давлат ижтимоий буюртмасини бажариш шартномаси тузилади.

Шартнома давлат ижтимоий буюртмасини берувчи давлат бошқаруви органи ва танловда ғолиб деб топилган нодавлат нотижорат ташкилотининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда жавобгарлигини белгилаб беради.

Танлов натижаларига кўра тузилган шартнома тўғрисидаги ахборот давлат ижтимоий буюртмасини берувчи давлат бошқаруви органи томонидан махсус ахборот порталига шартнома тузилган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмай жойлаштирилади".


8. Қуйидаги мазмундаги 6-1-боб билан тўлдирилсин:


"6-1-боб. Давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга

ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини

мониторинг қилиш тартиби


33-1. Давлат ижтимоий буюртмасини ажратган давлат бошқаруви органи давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини шартномада кўрсатилган муддатларда мониторинг қилади.

Давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш устидан қонунчиликда белгиланган тартибда давлат молиявий назорати амалга оширилади.

Давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини мониторинг қилишга аудиторлик ташкилоти жалб қилиниши мумкин.

33-2. Давлат ижтимоий буюртмасини олган нодавлат нотижорат ташкилоти давлат ижтимоий буюртмаси бажарилиши якунланган кундан бошлаб беш иш куни ичида давлат ижтимоий буюртмасини бажариш билан боғлиқ барча ҳужжатларни давлат ижтимоий буюртмасини ажратган давлат бошқаруви органига тақдим қилиши шарт.

33-3. Давлат ижтимоий буюртмасини ажратган давлат бошқаруви органи ва давлат ижтимоий буюртмасини олган нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ушбу ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб бир ой ичида ўрганади.

Ўрганиш давомида давлат ижтимоий буюртмасини бажариш натижаларининг самарадорлиги, яъни давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ҳамда маблағларни ажратишдан кўзланган мақсадларга эришилганлиги аниқланади.

Ўрганиш натижаси юзасидан далолатнома тузилиб, давлат ижтимоий буюртмасини ажратган давлат бошқаруви органи ва давлат ижтимоий буюртмасини олган нодавлат нотижорат ташкилот(лар)и раҳбар(лар)и томонидан имзоланади.

33-4. Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат ижтимоий буюртмасини бажариш натижаларининг самарадорлиги давлат ижтимоий буюртмасини ажратган давлат бошқаруви органининг жамоатчилик кенгаши томонидан ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ аниқланади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат ижтимоий буюртмасини бажариш натижаларининг самарадорлигини аниқлашдан мақсад давлат ижтимоий буюртмасини бажариш учун ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ҳамда берилган ижтимоий буюртмадан кўзланган ижтимоий мақсадларга эришилишини таҳлил қилишдан иборат.

33-5. Давлат ижтимоий буюртмаси самарадорлигининг максимал кўрсаткичи 30 баллни ташкил этади.

Давлат ижтимоий буюртмасини бажариш натижаларининг самарадорлиги тўплаган балларга қараб аниқланади:

юқори самарадорлик - 25 ва ундан юқори балл;

ўртача самарадорлик - 15 баллдан 24 баллгача;

самарасиз - 1 баллдан 14 баллгача.

Давлат ижтимоий буюртмасини бажариш натижаларига кўра юқори самарадорликка эришган нодавлат нотижорат ташкилоти давлат ижтимоий буюртмасини берган давлат бошқаруви органи томонидан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан кейинги йилларда ўтказиладиган давлат ижтимоий буюртмаси танловларида иштирок этишда тақдим қилган ижтимоий лойиҳаси бўйича тўпланган умумий баллга ушбу баллнинг 10 фоизи бир марталик имтиёз сифатида қўшиб берилади.

Давлат ижтимоий буюртмасини бажариш натижалари самарасиз бўлган тақдирда, нодавлат нотижорат ташкилоти давлат ижтимоий буюртмасини бажариш учун ажратилган маблағларнинг 50 фоизини тегишли давлат бошқаруви органи ҳисобварақларига қайтаради.

33-6. Давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга ажратилган маблағлардан мақсадсиз фойдаланилганда, ушбу маблағлар тегишли давлат бошқаруви органи ҳисобварақларига тўлиқ қайтарилиши лозим".


9. 7-боб қуйидаги мазмундаги 35-1-банд билан тўлдирилсин:

"35-1. Нодавлат нотижорат ташкилоти давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга ажратилган маблағлардан фойдаланиш юзасидан батафсил маълумотларни ҳар чоракда ўзининг расмий веб-сайтида ёки оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб боради".


10. 36 ва 37-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"36. Давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга ажратилган маблағлардан тўғри ва мақсадли фойдаланиш, шунингдек, шартномада кўрсатилган социал ва ижтимоий аҳамиятга молик ишларни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун давлат ижтимоий буюртмасини берувчи давлат бошқаруви органи ва нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбари жавобгар бўлади.

37. Нодавлат нотижорат ташкилоти ушбу Низом талаблари бажарилишига масъул давлат бошқаруви органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан бўйсуниш тартибида юқори турувчи органга ёхуд бевосита судга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.

Давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартиб-тамойиллари билан боғлиқ қоидаларнинг бузилиши бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларининг шикоятлари "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилади".


11. Қуйидаги мазмундаги 38-банд билан тўлдирилсин:

"38. Давлат бошқаруви органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бевосита давлат ижтимоий буюртмасини бериш соҳасидаги ушбу Низом билан тартибга солинмаган муносабатларга давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик нормалари қўлланилади".


12. 1-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"Социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни

амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари

томонидан давлат ижтимоий буюртмасини бериш

СХЕМАСИ

 

Босқич


Субъектлар


Механизм


Муддатлар











1-босқич


Давлат бошқаруви органи


Давлат ижтимоий буюртмаларини бериш учун танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон ва танлов бўйича ҳужжатларни махсус ахборот портали орқали давлат харидларининг электрон тизимига, шунингдек, давлат бошқаруви органларининг хоҳишига кўра ўзининг расмий веб-сайтига, шунингдек, оммавий ахборот воситаларига жойлаштиради.


Лойиҳаларни қабул қилиш муддати тугайдиган санадан камида 12 иш куни ва кўпи билан 30 иш кунидан олдин











2-босқич


Нодавлат нотижорат ташкилоти


Танловда иштирок этиш учун тегишли ҳужжатларни электрон шаклда махсус ахборот портали орқали тегишли давлат бошқаруви органига тақдим этади.


Лойиҳаларни қабул қилиш муддати тугайдиган санагача











3-босқич


Жамоатчилик кенгаши


1. Танлов ғолибини нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан танловга тақдим этилган лойиҳаларни кўриб чиқиш ва баҳолаш натижаларига кўра аниқлайди.



10 иш куни ичида



2. Жамоатчилик кенгаши қарорини баённома билан расмийлаштиради.


1 иш куни ичида








4-босқич


Давлат бошқаруви органи



Давлат ижтимоий буюртмасини берувчи давлат бошқаруви органи ва танловда ғолиб деб топилган нодавлат нотижорат ташкилоти ўртасида давлат ижтимоий буюртмасини бажариш шартномаси тузилади.


10 иш куни ичида


Нодавлат нотижорат ташкилоти









".

13. Қуйидаги мазмундаги 3-илова билан тўлдирилсин:


"Социал ва ижтимоий аҳамиятга молик

лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат

бошқаруви органлари томонидан давлат

ижтимоий буюртмасини бериш тартиби

тўғрисидаги низомга

3-ИЛОВА



Нодавлат нотижорат ташкилотларига

давлат ижтимоий буюртмасини бажариш

натижаларининг самарадорлигини аниқлаш

МЕТОДИКАСИ

Т/р

Индикатор


Мезонлар


Кўрсаткичлар


1.

Давлат ижтимоий буюртмаси маблағлари доирасида лойиҳада белгиланган мақсад ва вазифаларнинг бажарилганлиги.


Давлат ижтимоий буюртмаси маблағлари доирасида лойиҳада белгиланган мақсад ва вазифаларнинг бажарилганлик даражаси баҳоланади.

Балл мақсад ва вазифаларнинг неча фоизга бажарилганлигига қараб берилади.

Масалан: 1000 нафар эҳтиёжманд шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш белгиланган бўлиб, улардан 300 нафари ўқитилган бўлса, шунда мақсад ва вазифаларнинг 30 фоизи бажарилган ҳисобланиб, 3 балл берилади.


- 81 фоиздан 100 фоизгача - 6 балл;

- 61 фоиздан 80 фоизгача - 5 балл;

- 41 фоиздан 60 фоизгача - 4 балл;

- 21 фоиздан 40 фоизгача - 3 балл;

- 20 фоиз ва ундан кам - 0 балл.


2.

Давлат ижтимоий буюртмаси шаклида ажратилган маблағларнинг тўғри ишлатилганлиги.


Давлат ижтимоий буюртмаси шаклида ажратилган маблағларнинг тўғри ишлатилганлик даражаси лойиҳанинг бюджетида белгиланган тақсимотдан жами суммага нисбатан неча фоизга четга чиққанлигига қараб баҳоланади.

Масалан, жами 20 млн сўм ажратилган бўлиб, ушбу маблағнинг 1 млн сўм қисми ижтимоий лойиҳанинг бюджетида кўрсатилмаган мақсад учун ишлатилган бўлса, 1 млн.нинг 20 млн.га нисбатан фоизи (5%) маблағларининг нотўғри ишлатилганлиги даражасини кўрсатади.


- 0 фоиз - 6 балл.

- 1 фоиздан 10 фоизгача - 5 балл;

- 10 фоиздан 30 фоизгача - 3 балл;

- 30 фоиздан ортиқ - 0 балл.

3.

Давлат ижтимоий буюртмаси маблағлари доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ОАВларда батафсил ахборот эълон қилиб борилганлиги.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат ижтимоий буюртмаси маблағлари доирасида амалга оширилган ишлар (тадбирлар сони, иштирок этган мақсадли аудитория, эришилган натижалар, ишлатилган маблағлар ва бошқалар) ҳақида ҳар чоракда ўзининг расмий веб-сайтида ёки оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилганлиги ўрганилади.

Бунда фуқаролик жамияти институти томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ўзининг расмий веб-сайти, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги эълонлар ҳисобга олинади.


- 20 тадан ортиқ - 6 балл;

- 15 - 19 та - 5 балл;

- 10 - 14 та - 4 балл;

- 6 - 9 та - 3 балл;

- 1 - 5 та - 2 балл.

4.

Давлат ижтимоий буюртмаси белгиланган муддатда амалга оширилганлиги.


Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ижтимоий лойиҳада назарда тутилган тадбирлар давлат ижтимоий буюртмасини бажариш шартномасида белгиланган муддатларда амалга оширилганлиги ҳолати баҳоланади.

Балл миқдори муддатдан қанчалик кечиктирилганлиги билан боғлиқ бўлади.

Бунда давлат ижтимоий буюртмасини бажариш шартномасида муддати узайтирилган бўлса, узайтирилган муддат ҳам кечиктирилган муддатга қўшиб ҳисобланади.


- муддатида амалга оширилса - 6 балл;

- 1 ойгача кечиктирилса - 4 балл;

- 1 ойдан 2 ойгача кечиктирилса - 2 балл;

- 2 ойдан 3 ойгача кечиктирилса - 1 балл;

- 3 ойдан ортиқ муддатга кечиктирилса - 0 балл.


5.

Ижтимоий лойиҳанинг давом эттирилаётганлиги.


Давлат ижтимоий буюртмаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилган ижтимоий лойиҳа давом эттирилаётганлиги аниқланади.


Ижтимоий лойиҳа давом эттирилаётган бўлса - 6 балл;

Ижтимоий лойиҳа давом эттирилмаётган бўлса - 0 балл.





".

      

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 27 март


















































Время: 0.2013
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск