Юрист Предприятия

Корхона юристи / Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикаси кодекслари / Фуқаролик кодекси /

Фуқаролик кодекси. (20-22 боблар. 234-312 моддалар)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИ



20-22-Боблар



III БЎЛИМ. МАЖБУРИЯТ ҲУҚУҚИ


1-КИЧИК БЎЛИМ. МАЖБУРИЯТЛАР ТЎҒРИСИДА

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

20-БОБ. МАЖБУРИЯТ ТУШУНЧАСИ ВА ТАРАФЛАРИ


234-модда. Мажбурият тушунчаси

ва унинг вужудга келиш асослари

Мажбурият - фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса - қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.


235-модда. Мажбуриятнинг тарафлари

Мажбуриятнинг тарафлари - кредитор ёки қарздор сифатида бир ёки бир пайтнинг ўзида бир неча шахс иштирок этиши мумкин.

Мажбуриятда қарздор томонида иштирок этган шахслардан бирига кредитор билдирган талабларнинг ҳақиқий эмаслиги, шунингдек бундай шахсга талаб қўйишга доир даъво муддати ўтиб кетганлиги кредиторнинг қолган шахсларга бўлган талабларига ўзича дахл этмайди.

Агар тарафлар шартномага биноан бир-бирларига нисбатан мажбуриятли бўлса, тарафлардан ҳар бири бошқа тараф олдида унинг фойдасига нима қилиши шарт эканлиги жиҳатидан унинг қарздори ва айни бир пайтнинг ўзида ундан нима талаб қилишга ҳуқуқли эканлиги жиҳатидан унинг кредитори ҳисобланади.

Мажбурият унда тарафлар сифатида қатнашмаган шахслар (учинчи шахслар) учун бурчлар ҳосил қилмайди.

Қонунчиликда ёки тарафларнинг келишувида назарда тутилган ҳолларда мажбурият учинчи шахслар учун мажбуриятнинг бир тарафи ёки ҳар иккала тарафига нисбатан ҳуқуқ вужудга келтириши мумкин.


21-БОБ. МАЖБУРИЯТЛАРНИ БАЖАРИШ


236-модда. Умумий қоидалар

Мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.


237-модда. Мажбуриятни бажаришдан бир

томонлама бош тортишга йўл қўйилмаслиги

Мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди, қонунчиликда ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


238-модда. Мажбуриятнинг келишилган

ва мақбул усулда бажарилиши

Мажбурият келишилган ва тарафлар учун мақбул усулда бажарилиши шарт.

Мажбуриятни бажариш усули, агар бу усул мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса ва қонунчилик билан белгилаб қўйилган бўлмаса, шартномада кўрсатилган бўлиши керак.


239-модда. Мажбуриятнинг қисмларга бўлиб бажарилиши

Башарти бошқача тартиб қонунчиликда, шартномада назарда тутилган бўлмаса ёки иш муомаласи одатларидан ёхуд мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, кредитор мажбуриятнинг қисмларга бўлиб бажарилишини қабул қилмасликка ҳақли.


240-модда. Мажбуриятнинг тегишли шахс учун бажарилиши

Агар бошқача тартиб тарафларнинг келишувида назарда тутилган бўлмаса ва иш муомаласи одатларидан ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, қарздор мажбуриятни бажариш чоғида ижрони кредиторнинг ўзи ёки бу иш учун у ваколат берган шахс қабул қилаётганлигини исботлашни талаб қилишга ҳақли бўлади ва бундай талабни қўймаганлик оқибатлари хавфи унинг зиммасида бўлади.


241-модда. Мажбуриятни бажаришни

учинчи шахс зиммасига юклаш

Шартномадан келиб чиққан мажбуриятни тўла ҳажмда ёки унинг бир қисмини бажариш, агар қонунчилик ёки шартномада назарда тутилган бўлса, шунингдек агар учинчи шахс тарафлардан бири билан тегишли шартнома орқали боғлиқ бўлса, учинчи шахс зиммасига юклатилиши мумкин.

Агар мажбуриятни қарздорнинг шахсан ўзи ижро этишга мажбурлиги қонунчилик, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, кредитор қарздор учун учинчи шахс томонидан таклиф қилинган ижрони қабул қилиши шарт.

Мажбурият бажарилмаганлиги учун, башарти қонунчилик ёки шартномада учинчи шахснинг жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса, шартномадаги тараф жавобгар бўлади.


242-модда. Мажбуриятни бажариш муддати

Агар мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгилаб қўйилган бўлса, кредитор ҳар қачон ижрони талаб қилишга, қарздор эса - ижрони ҳар қачон амалга оширишга ҳақли бўлади. Мажбуриятни дарҳол бажариш вазифаси қонун, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, қарздор бундай мажбуриятни кредитор талаб қилган кундан бошлаб етти кунлик муддат ичида бажариши шарт.


243-модда. Мажбуриятни муддатидан илгари бажариш

Агар қонунчилик ёки шартномада назарда тутилган бўлса ёхуд мажбуриятнинг моҳиятидан ёинки иш муомаласи одатларидан ёки одатда қўйиладиган бошқа талаблардан англашилса, қарздор мажбуриятни муддатидан илгари бажаришга ҳақли, кредитор эса - ижрони муддатидан илгари қабул қилиши шарт.


244-модда. Мажбуриятни бажаришни кечиктириш

ёки уни бўлиб-бўлиб бажариш

Агар қонунчилик ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбуриятни бажаришни кечиктиришга ёки уни бўлиб-бўлиб бажаришга йўл қўйилмайди.

Етарли асослар мавжуд бўлганида суд қарздорга мажбуриятни бажаришни кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб бажариш имконини беришга ҳақли.


245-модда. Пул мажбуриятларининг валютаси

Пул мажбуриятида у сўмлар билан чет эл валютасидаги муайян суммага эквивалент бўлган суммада ёки шартли пул бирликлари билан (экю, "махсус қарз олиш ҳуқуқлари" ва бошқалар) тўланиши лозимлиги назарда тутилиши мумкин. Бундай ҳолларда сўмлар билан тўланиши лозим бўлган сумма тегишли валютанинг ёки шартли пул бирликларининг тўлов кунидаги расмий курси бўйича белгиланади, башарти уни белгилашнинг бошқача курси ёки бошқа санаси қонунчиликда ёки тарафларнинг келишувида белгилаб қўйилган бўлмаса.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбуриятлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш чоғида чет эл валютасидан, шунингдек чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатларидан фойдаланишга қонунчиликда белгиланган ҳоллар, тартиб ва шартлар асосида йўл қўйилади.


246-модда. Мажбуриятни бажариш жойи

Агар мажбуриятни бажариш жойи қонунчилик ёки шартнома билан белгилаб қўйилган бўлмаса ва мажбуриятнинг моҳиятидан ёхуд иш муомаласи одатларидан ёинки одатда қўйиладиган бошқа талаблардан англашилмаса, ижро қуйидаги жойларда амалга оширилиши керак:

1) кўчмас мол-мулкни топшириш мажбуриятлари бўйича - мол-мулк турган жойда;

2) ташишни назарда тутадиган товар ёки бошқа мол-мулкни топшириш мажбуриятлари бўйича - товарни кредиторга етказиб бериш учун уни биринчи ташувчига топшириш жойида;

3) қарздорнинг товарни ёки бошқа мол-мулкни топшириш юзасидан ўзга мажбуриятлари бўйича - мол-мулкни тайёрлаш ва сақлаш жойида, башарти мажбуриятнинг келиб чиқиши пайтида бу жой кредиторга маълум бўлган бўлса;

4) пул мажбурияти бўйича - мажбурият вужудга келган пайтда кредитор яшаган жойда, агар кредитор юридик шахс бўлса - унинг мажбурият вужудга келган пайтда жойлашган ерида, агар кредитор мажбуриятни бажариш вақтигача ўз яшаш жойини ёки жойлашган ерини ўзгартирган бўлса ва бу ҳақда қарздорни хабардор қилган бўлса - ижро этиш жойи ўзгартирилиши билан боғлиқ ҳамма харажатларни кредитор ҳисобидан қилган ҳолда, унинг янги яшаш жойида ёки жойлашган ерида;

5) бошқа барча мажбуриятлар бўйича - қарздорнинг яшаш жойида, агар қарздор юридик шахс бўлса, унинг жойлашган ерида.



247-модда. Фуқаронинг таъминоти учун

тўланадиган суммани кўпайтириш

Пул мажбурияти бўйича бевосита фуқаронинг таъминоти учун тўланадиган сумма (ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни тўлаш, умрбод таъминлаш шартномаси бўйича ва бошқа ҳолларда) меҳнатга тўланадиган ҳақнинг қонун томонидан белгилаб қўйилган энг кам миқдори оширилишига мутаносиб равишда кўпайтириб борилади.


248-модда. Пул мажбурияти бўйича

талабларни қондириш навбати

Амалга оширилган тўлов суммаси пул мажбуриятини батамом бажариш учун етарли бўлмаганда, бошқа келишув бўлмаса, у энг аввало, кредиторнинг ижрони олишга қаратилган чиқимларини, сўнгра фоизларни, унинг қолган қисми эса - қарзнинг асосий суммасини узади, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Агар амалга оширилган тўлов суммаси қарз олувчи жисмоний шахсга ёки қарз олувчи тадбиркорлик субъектига ажратилган микроқарз ёки кредит бўйича мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлмаса, қарз олувчининг қарзи қуйидаги навбатда қопланади:

1) асосий қарз бўйича муддати ўтган қарздорлик ва муддати ўтган фоиз тўловлари мутаносиб равишда;

2) жорий давр учун ҳисобланган фоизлар ва жорий давр учун асосий қарз бўйича қарздорлик;

3) неустойка (жарима, пеня);

4) кредиторнинг қарздорликни узиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлари.     



249-модда. Қарзни депозитга қўйиш йўли

билан мажбуриятни бажариш

Қарздор ўзи тўлаши лозим бўлган пул ёки қимматли қоғозларни нотариуснинг депозитига, қонунда белгиланган ҳолларда эса - суднинг депозитига қўйишга ҳақли, башарти мажбурият қарздор томонидан қуйидагилар туфайли бажарилиши мумкин бўлмаса:

1) мажбурият бажарилиши лозим бўлган жойда кредитор ёки ижрони қабул қилиб олиш учун у вакил қилган шахс бўлмаса;

2) кредитор муомалага лаёқатсиз бўлса ва унинг вакили бўлмаса ёки вакил рози бўлмаса;

3) мажбурият бўйича ким кредитор эканлиги хусусида аниқлик йўқлиги кўриниб турган бўлса, хусусан бу ҳақда кредитор билан бошқа шахслар ўртасида низо чиққанлиги муносабати билан;

4) кредиторнинг ижрони қабул қилишдан бўйин товлаши ёки унинг томонидан бошқача йўл билан кечиктирилиши муносабати билан.

Пул суммасини ёки қимматли қоғозларни нотариус ёхуд суднинг депозитига қўйиш мажбуриятни бажариш ҳисобланади.

Депозитига пул ёки қимматли қоғозлар қўйилган нотариус ёхуд суд кредиторни бундан хабардор қилади.



250-модда. Муқобил мажбуриятни бажариш

Агар қарздор икки ёки бир неча ҳаракатлардан бирини қилиши ёхуд кредиторга бир ёки бошқа мол-мулкни топшириши лозим бўлса, башарти қонунчилик, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, танлаш ҳуқуқи қарздор ихтиёрида бўлади.



251-модда. Бир неча кредитор ёки бир неча қарздор

иштирок этадиган мажбуриятни бажариш

Агар улушли мажбуриятда бир неча кредитор ёки бир неча қарздор иштирок этса, башарти қонундан ёки шартномадан бошқача тартиб англашилмаса, у ҳолда ҳар бир кредитор мажбуриятни бошқалар билан тенг улушларда бажаришни талаб қилишга ҳақли, ҳар бир қарздор эса бу талабни бажариши шарт.



252-модда. Солидар қарздорлар мажбурияти

бўйича кредиторнинг ҳуқуқлари

Қарздорлар шерик бўлиб мажбурият олганида кредитор ҳамма қарздорлардан мажбуриятни солидар бажаришни ҳам, уларнинг ҳар биридан алоҳида-алоҳида бажаришни ҳам, шу билан бирга қарзни тўла ёки унинг бир қисмини бажаришни ҳам талаб қилишга ҳақли.

Солидар қарздорларнинг биридан тўлиқ қаноатланмаган кредитор ололмаган нарсасини бошқа солидар қарздорлардан талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Солидар қарздорлар мажбурият тўла бажарилгунича бурчли бўлиб қолаверадилар.



253-модда. Солидар қарздорларнинг

кредитор талабларига қарши эътирозлари

Қарздор солидар бўлиб мажбурият олган тақдирда бошқа қарздорларнинг кредитор билан мазкур қарздор қатнашмайдиган муносабатларига асосланган эътирозларни кредиторнинг талабларига қарши қўйишга ҳақли эмас.



254-модда. Солидар мажбуриятнинг қарздорлардан

бири томонидан бажарилиши

...
Время: 0.0082
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск