ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Конституциялар ва кодекслар / Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси /

Фуқаролик кодекси. (45-49 боблар. 790-861 моддалар)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИ



45-49-Боблар


45-БОБ. ҲИСОБ-КИТОБЛАР


1-§. ҲИСОБ-КИТОБЛАР ТЎҒРИСИДА

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


790-модда. Нақд пуллар билан ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар

Фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ бўлмаган ҳолда улар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва фуқаролар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пуллар билан ёки нақд пулсиз суммаси чекланмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Юридик шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ ҳолда улар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пулсиз тартибда амалга оширилади. Кўрсатиб ўтилган шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, агар қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, нақд пулда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Агар қонундан бошқача тартиб келиб чиқмаса ва бундай тартибни фойдаланилаётган ҳисоб-китоблар шакли тақозо этмаса, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар уларда қатнашаётган шахсларнинг ҳисобварақлари очилган банклар, бошқа кредит ташкилотлари (бундан буён - банклар) орқали амалга оширилади.



791-модда. Нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг шакллари

Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар амалга оширилганда тўлов топшириқномалари, аккредитивлар, чеклар билан ҳисоб-китоб қилишга, инкассо бўйича ҳисоб-китоб қилишга, шунингдек қонунда, қонунга мувофиқ чиқариладиган банк қоидаларида ҳамда банк амалиётида қўлланилаётган иш муомаласи одатларида назарда тутилган бошқа шаклларда ҳисоб-китоб қилишга ҳам йўл қўйилади.

Шартномадаги тарафлар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳисоб-китоб қилиш шаклларининг исталганини танлаб олишга ва шартномада назарда тутишга ҳақли.



2-§. ТЎЛОВ ТОПШИРИҚНОМАЛАРИ

БИЛАН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ


792-модда. Тўлов топшириқномалари билан қилинадиган

ҳисоб-китоблар тўғрисида умумий қоидалар

Тўлов топшириқномаси билан ҳисоб-китоб қилинганида банк мижознинг топшириғига мувофиқ унинг ҳисобварағидаги маблағлар ҳисобидан маълум миқдор пул суммасини мижоз кўрсатган шахснинг шу ёки бошқа банкдаги ҳисобварағига қонунчиликда назарда тутилган муддатларда, агар банк ҳисобварағи шартномасида қисқароқ муддат назарда тутилган бўлмаса ёки у банк амалиётида қўлланиладиган иш муомаласи одатларида белгиланган бўлмаса, ўтказиш мажбуриятини олади.

Тўлов топшириқномасида маблағларни олувчи сифатида кўрсатилган шахс банкдан тўловни амалга оширишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди, бундай ҳуқуқ қонунда ёки мижознинг банк билан тузган шартномасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



793-модда. Тўлов топшириқномасини

банкнинг қабул қилиш шартлари

Тўлов топшириқномасининг ҳамда у билан бирга тақдим этиладиган ҳисоб-китоб ҳужжатларининг мазмуни ва шакли банк қоидаларида белгилаб қўйилган талабларга мос келиши керак.

Мижознинг топшириғи унинг ҳисобварағида маблағлар бўлган тақдирдагина, агар мижоз билан банк ўртасидаги шартномада бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, банк томонидан ижрога қабул қилинади.


794-модда. Топшириқни ижро этиш

Мижознинг тўлов топшириқномасини қабул қилган банк тегишли пул суммасини топшириқномада кўрсатилган шахснинг ҳисобварағига ўтказиш учун уни маблағ олувчининг банкига ушбу Кодекснинг 792-моддаси биринчи қисмида белгилаб қўйилган муддатларда ўтказиши шарт.

Банк мижознинг топшириқномасида кўрсатилган ҳисобвараққа пул маблағларини ўтказиш операцияларини бажариш учун бошқа банкларни жалб қилишга ҳақли.

Банк мижознинг талабига кўра, агар қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, топшириқнинг бажарилганлиги ҳақида унга дарҳол хабар бериши шарт.



795-модда. Топшириқни бажармаганлик ёки тегишли

даражада бажармаганлик учун жавобгарлик

Мижознинг топшириғи бажарилмаган ёки тегишли даражада бажарилмаган тақдирда, банк бунинг учун ушбу Кодекснинг 327-моддасига мувофиқ жавобгар бўлади.

Тўлов топшириқномаси бўйича ҳисоб-китоб операцияларини амалга оширишда иштирок этадиган банклар ушбу топшириқни берган шахс олдида солидар жавобгар бўладилар.


3-§. АККРЕДИТИВ БЎЙИЧА ҲИСОБ-КИТОБЛАР


796-модда. Аккредитив бўйича ҳисоб-китоблар

ҳақида умумий қоидалар

Аккредитив бўйича ҳисоб-китоб қилинганида мижознинг (тўловчининг) топшириғи билан ва унинг кўрсатмаларига мувофиқ аккредитив очган банк (банк-эмитент) маблағларни олувчи ёки у кўрсатган шахс (бундан кейинги матнда - маблағларни олувчи) ҳужжатларни тақдим этган ва аккредитивда назарда тутилган бошқа шартларни бажарган тақдирда тўловни амалга ошириш мажбуриятини олади.

Қопланган (депонентланган) аккредитив очилган тақдирда банк-эмитент уни очиш вақтида мижознинг ўз маблағларини ёки унга берилган кредитни банк эмитентнинг мажбуриятлари амал қилиб турадиган бутун муддатга ижрочи банк ихтиёрига ўтказиши шарт.

Қопланмаган аккредитив очилган тақдирда банк-эмитент ижрочи банкка аккредитивнинг бутун суммасини банк-эмитентнинг ижрочи банкда юритилаётган ҳисобварағидан ўчириш ҳуқуқини беради.



797-модда. Аккредитивнинг амал қилиш муддати

ва у бўйича ҳисоб-китоб қилиш тартиби

Аккредитивнинг амал қилиш муддати ва у бўйича ҳисоб-китоб қилиш тартиби пул маблағларини тўловчи билан олувчи ўртасидаги шартномада белгилаб қўйилади.

Шартномада яна қуйидагилар бўлиши керак:

банк-эмитентнинг номи;

аккредитивнинг тури ва уни бажариш усули;

маблағларни олувчини аккредитив очилганлиги ҳақида хабардор қилиш усули;

аккредитив бўйича маблағлар олиш учун олувчи томонидан тақдим этиладиган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати ва аниқ тавсифи;

товарлар жўнатилганидан (хизматлар кўрсатилган, ишлар бажарилганидан) кейин ҳужжатларни тақдим этиш муддатлари, уларни расмийлаштиришга қўйиладиган талаблар.


798-модда. Чақириб олинадиган аккредитив

Банк-эмитент томонидан маблағ олувчини олдиндан хабардор қилмаган ҳолда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин бўлган аккредитив чақириб олинадиган аккредитив дейилади. Аккредитивни чақириб олиш банк-эмитент зиммасига маблағларни олувчи олдида бирон-бир мажбурият юкламайди.

Агар ижро этувчи банк операцияларни бажариш пайтигача аккредитивнинг шартлари ўзгартирилганлиги ёки у бекор қилинганлиги ҳақида билдириш олмаган бўлса, у чақириб олинадиган аккредитив бўйича тўловни ёки бошқа операцияларни амалга ошириши шарт.

Агар аккредитивнинг матнида бошқа нарса назарда тутилган бўлмаса, у чақириб олинадиган аккредитив бўлади.


799-модда. Чақириб олинмайдиган аккредитив

Маблағ олувчининг розилигисиз бекор қилиниши мумкин бўлмаган аккредитив чақириб олинмайдиган аккредитив дейилади.

Банк-эмитентнинг илтимосига биноан аккредитив бўйича операцияни ўтказишда иштирок этаётган ижрочи банк чақириб олинмайдиган аккредитивни тасдиқлаши мумкин (тасдиқланган аккредитив). Бундай тасдиқлаш ижрочи банк банк-эмитентнинг мажбуриятига қўшимча суратда аккредитив шартларига мувофиқ тўловни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олганлигини билдиради.

Ижрочи банк томонидан тасдиқланган чақириб олинмайдиган аккредитив ижрочи банкнинг розилигисиз ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин эмас.


800-модда. Аккредитивни ижро этиш

Аккредитивни ижро этиш учун маблағ олувчи ижрочи банкка аккредитивнинг ҳамма шартлари бажарилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этади. Ушбу шартлардан бирортаси бузилган тақдирда аккредитив ҳисобидан пул тўланмайди.

Агар ижрочи банк аккредитив шартларига мувофиқ тўловни амалга оширган ёки бошқа операцияни бажарган бўлса, банк-эмитент унга қилинган харажатларни тўлаши шарт. Банк-эмитентнинг ушбу харажатлари, шунингдек аккредитивни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳамма харажатлари мижоз томонидан қопланади.


801-модда. Ҳужжатларни қабул қилишдан бош тортиш

Агар ижрочи банк ташқи аломатлари бўйича аккредитив шартларига мувофиқ келмайдиган ҳужжатларни қабул қилишдан бош тортса, у бу ҳақда дарҳол маблағ олувчига ва банк-эмитентга сабабларни кўрсатган ҳолда маълум қилиши керак.

Агар банк-эмитент ижрочи банк томонидан қабул қилинган ҳужжатларни олгач, улар ташқи аломатларига кўра аккредитив шартларига мос келмайди деб ҳисобласа, уларни қабул қилишдан бош тортишга ҳамда ижрочи банкдан маблағ олувчига аккредитив шартларини бузган ҳолда тўланган суммани талаб қилишга, қопланмаган аккредитив бўйича эса тўланган суммани қоплашдан бош тортишга ҳақли бўлади.



802-модда. Аккредитив шартлари бузилганлиги

учун банкнинг жавобгарлиги

Аккредитив шартлари бузилганлиги учун мижоз олдида банк-эмитент, банк-эмитент олдида эса ижрочи банк жавобгар бўлади, ушбу моддада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ижрочи банк қопланган ёки тасдиқланган аккредитив бўйича пул маблағларини тўлашдан асоссиз бош тортган тақдирда маблағларни олувчи олдидаги жавобгарлик ижрочи банк зиммасига юклатилиши мумкин.

Ижрочи банк аккредитив шартларини бузиш оқибатида қопланган ёки тасдиқланган аккредитив бўйича пул маблағларини нотўғри берган тақдирда, мижоз олдидаги жавобгарлик ижрочи банк зиммасига юклатилиши мумкин.


803-модда. Аккредитивни ёпиш

Аккредитив ижрочи банкда:

аккредитив муддати тамом бўлгач;

маблағ олувчининг аккредитивнинг амал қилиш муддати тамом бўлгунича ундан фойдаланишдан воз кечиши ҳақидаги аризасига кўра, агар бундай воз кечиш мумкинлиги аккредитив шартларида назарда тутилган бўлса;

пул тўловчининг аккредитивни бутунлай ёки қисман чақириб олиш ҳақидаги талабига мувофиқ, агар бундай чақириб олишга аккредитив шартлари бўйича йўл қўйилса, ёпилади.

Аккредитив ёпилганлиги ҳақида ижрочи банк банк-эмитентни хабардор қилиши керак.

Депонентланган аккредитивнинг фойдаланилмаган суммаси аккредитив ёпилиши билан бир вақтда банк-эмитентга қайтариб берилиши керак. Банк-эмитент қайтариб берилган суммаларни тўловчининг маблағлар депонентланган ҳисобварағига киритиб қўйиши шарт.


4-§. ИНКАССО БЎЙИЧА ҲИСОБ-КИТОБЛАР


804-модда. Инкассо бўйича ҳисоб-китоблар

ҳақида умумий қоидалар

Инкассо бўйича ҳисоб-китоб қилинганида мижоз ўз банкига (банк-эмитентга) пул тўловчидан тўловни ва (ёки) тўлов акцептини мижоз ҳисобидан қабул қилиш ҳақида топшириқнома юборади.

Инкассо топшириғини олган банк-эмитент уни бажариш учун бошқа банкни (ижрочи банкни) жалб қилишга ҳақли.

Инкассо бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби қонунчилик билан ва банк амалиётида қўлланиладиган иш муомаласи одатлари билан бошқарилади.

Мижознинг топшириғи бажарилмаган ёки тегишли суратда бажарилмаган тақдирда, банк-эмитент унинг олдида ушбу Кодекснинг 24-бобида назарда тутилган асосларга кўра ва миқдорда жавобгар бўлади.

Агар ижрочи банк томонидан ҳисоб-китоб операцияларини амалга ошириш қоидалари бузилганлиги муносабати билан мижознинг топшириғи бажарилмаган ёки тегишли суратда бажарилмаган бўлса, мижоз олдидаги жавобгарлик ушбу банк зиммасига юклатилиши мумкин.



805-модда. Инкассо топшириғини бажариш

Бирон-бир ҳужжат бўлмаган ёки ҳужжатлар ташқи аломатларига кўра инкассо топшириқномасига мос бўлмаган тақдирда ижро этувчи банк бу ҳақда дарҳол инкассо топшириқномасини берган шахсга хабар қилиши шарт. Мазкур камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, банк топшириқларни бажармасдан ҳужжатларни қайтариб юборишга ҳақли.

Ҳужжатлар қандай шаклда олинган бўлса, ўша шаклда тўловчига тақдим этилади, инкассо операциясини расмийлаштириш учун зарур бўлган банк белгилари ва ёзувлари бундан мустасно.

Агар ҳужжатлар олиниши биланоқ улар бўйича пул тўланиши шарт бўлса, ижрочи банк инкассо топшириқномасини олган заҳоти тўловга тақдим этиши шарт.

Агар ҳужжатлар бўйича пул бошқа муддатда тўланиши керак бўлса, ижрочи банк тўловчининг акцептини олиш учун ҳужжатларни инкассо топшириқномаси олиниши биланоқ, дарҳол акцептга тақдим этиши керак, тўлов талаби эса ҳужжатда кўрсатилган тўлов муддати бошланадиган кундан кечиктирмасдан қўйилиши керак.

Қисман бажариладиган тўловлар банк қоидаларида белгилаб қўйилган ҳолларда ёки инкассо топшириқномасида махсус рухсат бўлса қабул қилиниши мумкин.

Олинган (инкассоланган) суммалар ижрочи банк томонидан дарҳол банк-эмитент тасарруфига топширилиши, у эса бу суммаларни мижознинг ҳисобварағига киритиб қўйиши шарт. Ижрочи банк инкассо қилинган суммадан ўзига тегишли ҳақни ва харажатларни қоплашга кетадиган пулни ушлаб қолишга ҳақли.



806-модда. Тўловдан бош тортишни хабар қилиш

Агар тўлов ва (ёки) акцепт олинган бўлмаса, ижрочи банк пул тўланмаганлигининг ёки акцептдан бош тортилганлигининг сабаблари тўғрисида банк-эмитентни дарҳол хабардор қилиши шарт. Банк-эмитент бу ҳақда дарҳол мижозга хабар бериши, ундан навбатдаги ҳаракатлар хусусида кўрсатмалар сўраши шарт.

Бундан кейинги ҳаракатлар тўғрисида банк қоидаларида белгиланган муддатда кўрсатмалар олинмаса, ижрочи банк ҳужжатларни инкассо топшириқномаси юборган банкка қайтаришга ҳақли.



5-§. ЧЕКЛАР БИЛАН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ


807-модда. Чеклар билан ҳисоб-китоб

қилишнинг умумий қоидалари

Чек берувчининг чекда кўрсатилган суммани чек сақловчига тўлаш ҳақида банкка ҳеч қандай шарт қўйилмаган топшириғи мавжуд бўлган қимматли қоғоз чек дейилади.

Чек билан ҳисоб-китоб қилинганида фақат чек берувчининг чек бериш йўли билан тасарруф этишга ҳақли бўлган маблағлари сақланаётган банкгина чек бўйича пул тўловчи қилиб кўрсатилиши мумкин.

Чекни тақдим этиш муддати ўтмагунича уни чақириб олишга йўл қўйилмайди.

Чекнинг берилиши - бажариш учун чек берилган пул мажбуриятини бекор қилмайди.

Тўлов муомаласида чеклардан фойдаланиш тартиби ва шартлари ушбу Кодекс ва бошқа қонунчилик билан тартибга солинади.


808-модда. Чекнинг реквизитлари

Чекда қуйидагилар бўлиши шарт:

ҳужжат матнига киритилган "чек" деган ном;

муайян пул суммасини тўлаш ҳақида тўловчига топшириқ;

тўловчининг номи ва тўлов қайси ҳисобварақдан амалга оширилиши кераклиги;

тўлов валютаси;

чек тузилган сана ва жой;

чекни ёзиб берган шахснинг - чек берувчининг имзоси.

Ҳужжатда мазкур реквизитлардан биронтасининг бўлмаслиги чекни кучдан маҳрум қилади.

Тузилган жойи кўрсатилмаган чек чек берувчи турган жойда имзоланган деб ҳисобланади.

Чекнинг шакли ва уни тўлдириш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


809-модда. Чек бўйича пул тўлаш

Чек бўйича пул чек берувчининг маблағлари ҳисобидан тўланади.

Чек қонунчиликда белгилаб қўйилган муддатда тўловга тақдим этилган тақдирдагина у бўйича пул тўланади.

Чек бўйича пул тўлаган шахс чекнинг тўлов олинганлиги ҳақидаги тилхат билан бирга ўзига берилишини талаб қилишга ҳақли.



810-модда. Чек бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсга бериш

Чек бўйича ҳуқуқлар ушбу моддада назарда тутилган қоидаларга риоя қилган ҳолда бошқа шахсга берилади.

Эгасининг номи ёзилган чек бошқа шахсга берилиши мумкин эмас.

Ўтказма чекда пул тўловчига қилинган индоссамент тўловни олганлик учун тилхат кучига эга бўлади.

Тўловчи томонидан қилинган индоссамент ҳақиқий эмас.

Агар индоссамент бўйича олинган ўтказма чекка эга бўлган шахс ўзининг ҳуқуқини узлуксиз (бир-бирини тақозо этувчи) индоссаментлар қатори билан асослаб берса, у ўтказма чекнинг қонуний эгаси деб ҳисобланади.



811-модда. Тўлов кафолати (аваль)

Чек бўйича тўлов кафолат (аваль) воситасида тўла ёки қисман кафолатланиши мумкин.

Авални тўловчидан бошқа ҳар қандай шахс бериши мумкин.

Аваль чекнинг олд томонига ёки қўшимча вараққа "аваль деб ҳисоблансин" деган ёзув билан ва у ким томонидан ҳамда ким учун берилганини кўрсатган ҳолда қўйилади. Агар аваль ким учун берилганлиги кўрсатилмаган бўлса, аваль чек берувчи учун берилган ҳисобланади.

Аваль авалчи томонидан имзоланиб, унинг яшаш жойи (турган ери) ва устхат ёзилган сана кўрсатилади.

Авалчи у авални ким учун берган бўлса, ўша шахс сингари жавобгар бўлади.

Агар авалчи кафолатлаган мажбурият шаклга амал қилмасликдан бошқа ҳар қандай асосларга кўра ҳақиқий бўлмаган тақдирда ҳам, авалчининг мажбурияти ҳақиқий бўлаверади.

Чек бўйича пул тўлаган авалчи у кафолат берган шахсга нисбатан ҳам, бу шахс олдида мажбурияти бўлган шахсларга нисбатан ҳам чекдан келиб чиқадиган ҳуқуқларни қўлга киритади.



812-модда. Чекни инкассо қилиш

Чек сақловчига хизмат қиладиган банкка тўловни олиш учун чекни инкассога тақдим этиш тўловга тақдим этиш деб ҳисобланади.

Чек бўйича ушбу Кодекснинг 805-моддасида белгилаб қўйилган тартибда пул тўланади.

Инкассоланган чек бўйича маблағларни чек сақловчининг ҳисобварағига киритиш, агар чек сақловчи билан банк ўртасидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тўловчидан тўлов олинганидан кейин амалга оширилади.



813-модда. Тўловчининг мажбуриятлари

Чек бўйича тўловчи чекнинг ҳақиқийлигига, шу жумладан тақдим этувчи чек бўйича вакил қилинган шахс эканлигига ҳам имкониятидаги ҳамма усуллар билан ишонч ҳосил қилиши керак.

Инкассоланган чек бўйича пул тўланганида тўловчи индоссантларнинг имзосини эмас, балки индоссаментлар тўғрилигини текшириши шарт.

Сохта, ўғирланган ёки йўқотиб қўйилган чек бўйича тўловчи пул тўлаши оқибатида кўрилган зарар кимнинг айби билан етказилганлигига қараб, тўловчининг ёки чек берувчининг зиммасига юклатилади.



814-модда. Чек бўйича пул тўлашдан

бош тортганликни тасдиқлаш

Чек бўйича пул тўлашдан бош тортганлик қуйидаги усуллардан бири билан тасдиқланиши керак:

нотариус томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда норозилик билдириш;

пул тўловчи чекка у бўйича пул тўлашдан бош тортганлиги ҳақида белги қўйилиб, чек ҳақ тўлаш учун тақдим этилган санани кўрсатиш;

инкассо қилувчи банкнинг чек ўз вақтида тақдим этилганлиги ва у бўйича пул тўланмаганлиги ҳақида, санасини кўрсатган ҳолда белги қўйиши.

Норозилик ёки шу каби ҳаракат чекни ҳақ тўлаш учун тақдим этиш муддати тугагунча амалга оширилиши керак.

Агар чек муддатнинг охирги кунида тақдим этилган бўлса, норозилик ёки шу каби ҳаракат кейинги иш кунида амалга оширилиши мумкин.



815-модда. Чек бўйича пул тўланмаганлигини хабар қилиш

Чек сақловчи пул тўланмаганлиги ҳақида норозилик билдирилган ёки шу каби ҳаракат амалга оширилган кундан кейинги икки иш куни мобайнида ўз индоссантига ва чек берувчига хабар қилиши шарт.

Ҳар бир индоссант билдириш олган кундан кейинги икки иш куни ичида ўзи олган билдириш ҳақида ўзининг (олдинги) индоссантига хабар бериши шарт. Ўша шахс учун аваль берган шахсга ҳам шу муддатда хабар юборилади. Кўрсатилган муддат давомида хабар юбормаган шахс чек бўйича ўз ҳуқуқларидан маҳрум бўлмайди. У чек бўйича пул тўланмаганлигини хабар қилмагани туфайли келтирилган зарарнинг ўрнини чек суммаси доирасида қоплаши шарт.



816-модда. Чек бўйича пул тўламаслик оқибатлари

Тўловчи чек бўйича пул тўлашдан бош тортган ва бу ҳол ушбу Кодекснинг 814-моддасига мувофиқ тасдиқланганида чек сақловчи ўз хоҳишига кўра чек бўйича мажбуриятли бўлган битта, бир неча ёки барча шахсларга (чек берувчи, авалчилар, индоссантларга) нисбатан даъво қўзғатишга ҳақли бўлиб, улар чек сақловчи олдида солидар жавобгар бўладилар.

Чек сақловчи мазкур шахслардан чек суммасини, чек бўйича пул олишга қилган ўз чиқимларини, шунингдек фоизларни ушбу Кодекс 327-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган миқдорда ва тартибда тўлашни талаб қилишга ҳақли. Худди шундай ҳуқуққа чек бўйича пул тўлаши шарт бўлган шахс ҳам чек бўйича пул тўлаганидан кейин эга бўлади.

Чек сақловчининг ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларга нисбатан даъвоси чекни ҳақ тўлашга тақдим этиш муддати тамом бўлган кундан эътиборан олти ой мобайнида қўзғатилиши мумкин. Мажбуриятли шахсларнинг бир-бирларига нисбатан даъволари бўйича регресс талаблари тегишли мажбуриятли шахс талабни қондирган кундан ёки унга даъво қўзғатилган кундан бошлаб олти ой ўтгач қопланади.



46-БОБ. ТОПШИРИҚ


817-модда. Топшириқ шартномаси

Топшириқ шартномаси бўйича бир тараф (вакил) иккинчи тараф (топшириқ берувчи)нинг номидан ва унинг ҳисобидан муайян юридик ҳаракатларни содир этиш мажбуриятини олади. Вакил тузган битим бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар бевосита топшириқ берувчида вужудга келади.

Топшириқ вакил томонидан бир ёки бир неча муайян юридик ҳаракатларни содир этиш ҳақида ёки топшириқ берувчининг ишларини унинг кўрсатмаларига мувофиқ юритиш ҳақида берилиши мумкин.

Вакил алоҳида ҳуқуқларга эга бўладиган топшириқ шартномаси бўйича бир тараф (топшириқ берувчи) иккинчи тарафга (алоҳида ҳуқуқларга эга бўлган вакилга) топшириқ берувчи номидан ва унинг ҳисобидан маълум соҳада ёки (ва) маълум ҳудудда топшириқ берувчи учун юридик аҳамиятга эга бўлган ҳамма ҳаракатларни содир этишни топширади.

Топшириқ шартномаси ёзма шаклда тузилади.

Топшириқ шартномаси вакил топшириқ берувчининг номидан иш олиб боришга ҳақли бўладиган муддатни кўрсатган ёки бундай муддатни кўрсатмаган ҳолда тузилиши мумкин.


818-модда. Топшириқ шартномаси бўйича ҳақ тўлаш

Агар қонунчиликда ёки топшириқ шартномасида назарда тутилган бўлса, топшириқ берувчи ишончли вакилга ҳақ тўлаши шарт.

Агар топшириқ шартномаси иккала тараф ёки улардан бирининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ бўлса, топшириқ берувчи, агар шартномада бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, ишончли вакилга ҳақ тўлаши шарт.

Ҳақ тўлаш назарда тутилган топшириқ шартномасида тўланадиган ҳақнинг миқдори ва уни тўлаш ҳақидаги шартлар бўлмаса, ҳақ ушбу Кодекс 356-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ шунга ўхшаш хизматлар учун одатда қабул қилинган нархлар бўйича белгиланади ва топшириқ бажарилганидан кейин тўланади.

Вакил талаб қилинган ҳамма ҳаракатларни тегишли даражада амалга оширган, бироқ топшириқ у айбдор бўлмаган ҳолда бажарилмай қолган тақдирда ҳам ҳақ тўланиши керак.

Тижорат вакили сифатида иш олиб борувчи ишончли вакил ушбу Кодекснинг 290-моддасига мувофиқ, топшириқ берувчига топширилиши керак бўлган ўз қўлидаги ашёларни топшириқ шартномаси бўйича ўз талабларини таъминлаш учун ушлаб туришга ҳақли.


819-модда. Топшириқни топшириқ берувчининг

кўрсатмаларига мувофиқ бажариш

Вакил ўзига берилган топшириқни топшириқ берувчининг кўрсатмаларига мувофиқ бажариши шарт. Топшириқ берувчининг кўрсатмалари аниқ, йўл қўйиладиган ва бажариладиган бўлмоғи керак.

Агар ишнинг ҳолатларига кўра топшириқ берувчининг манфаатлари учун унинг кўрсатмаларидан четга чиқиш зарур бўлса ҳамда вакил топшириқ берувчидан бу ҳақда олдиндан сўрай олмаган ёхуд ўз сўровига оқилона муддатда жавоб олмаган бўлса, у топшириқ берувчининг кўрсатмаларидан четга чиқишга ҳақли. Бундай ҳолларда вакил хабар бериш имкони туғилиши биланоқ йўл қўйилган четга чиқишлар ҳақида топшириқ берувчига хабар бериши шарт.

Топшириқ берувчи тижорат вакили сифатида иш олиб борадиган вакилга топшириқ берувчининг манфаатларини кўзлаб олдиндан сўров юбормаган ҳолда топшириқ берувчининг кўрсатмаларидан четга чиқиш ҳуқуқини бериши мумкин. Бундай ҳолларда тижорат вакили, агар топшириқ шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, йўл қўйилган четга чиқишлар ҳақида топшириқ берувчига оқилона муддатда хабар бериши шарт.


820-модда. Вакилнинг мажбуриятлари

Вакил қуйидагиларни бажариши:

ўзига берилган топшириқни ушбу Кодекснинг 822-моддасида кўрсатилган ҳоллардан ташқари, шахсан ўзи бажариши;

топшириқ берувчининг талабига мувофиқ унга топшириқ қандай бажарилаётганлиги ҳақида маълумот бериб туриши;

топшириқни бажариш учун тузилган битимлар бўйича олинган ҳамма нарсани кечиктирмасдан топшириқ берувчига топшириши;

топшириқ бажариб бўлинганидан кейин амал қилиш муддати тамом бўлмаган ишончномани кечиктирмасдан топшириқ берувчига қайтариб бериши ва, агар шартнома шартларига ёки топшириқнинг хусусиятига кўра зарур бўлса, ҳисобот тақдим этиб, унга исботловчи ҳужжатларни илова қилиши шарт.



821-модда. Топшириқ берувчининг мажбуриятлари

Агар топшириқ шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, топшириқ берувчи қуйидагиларни бажариши:

вакилни топшириқни бажариш учун зарур маблағлар билан таъминлаши;

вакил шартномага мувофиқ бажарган ишни кечиктирмасдан қабул қилиб олиши;

вакил топшириқни бажариш учун қилган зарур харажатларни тўлаши;

топшириқ бажарилганидан кейин, агар қонунчиликда ёки шартномада назарда тутилган бўлса, вакилга ҳақ тўлаши шарт.


822-модда. Топшириқни бажаришни

бошқа шахсга ишониб топшириш

Агар топшириқ шартномасида назарда тутилган бўлса ёки вакил топшириқ берувчининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вазият тақозоси билан мажбур бўлса, вакил топшириқнинг бажарилишини бошқа шахсга (ўринбосарга) топширишга ҳақли.

Топшириқни бажаришни бошқа шахсга ишониб топширган вакил бу ҳақда дарҳол топшириқ берувчини хабардор қилиши шарт.

Топшириқ берувчи вакил танлаган ўринбосарни рад этишга ҳақли, ўринбосарнинг номи топшириқ шартномасида келтирилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар вакил ўринбосарининг номи шартномада кўрсатилган бўлса, вакил ишларнинг ўринбосар томонидан олиб борилиши учун жавобгар бўлмайди.

Агар ишларнинг ўринбосар томонидан олиб борилиши топшириқ шартномасида назарда тутилган бўлса-ю, лекин ўринбосарнинг номи унда кўрсатилган бўлмаса, вакил ўринбосарнинг айбли ҳаракатлари учун жавобгар бўлмайди.

Агар вакилнинг ўринбосари томонидан иш юритилиши топшириқ шартномасида назарда тутилмаган бўлса, вакил ўз ўринбосарининг ҳар қандай ҳаракатлари учун жавобгар бўлади.


823-модда. Топшириқ шартномасининг бекор бўлиши

Топшириқ шартномаси:

топшириқ берувчи топшириқни бекор қилиши;

вакил топшириқдан бош тортиши;

топшириқ берувчининг ёки вакилнинг вафот этиши, улардан бирининг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб топилиши натижасида тўхтатилади.

Топшириқ берувчи истаган вақтда топшириқни бекор қилишга, вакил эса топшириқдан бош тортишга ҳақли. Бу ҳуқуқдан воз кечиш ҳақидаги келишув ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Агар вакил топшириқ шартномасининг бекор қилингани ҳақида билмаган ва билиши лозим бўлмаган бўлса, унинг топшириқ берувчининг кўрсатмасига мувофиқ қонуний равишда қилган ҳаракатлари топшириқ берувчи (унинг қонуний вориси) зиммасига учинчи шахслар ва вакилга нисбатан мажбурият юклайди.

Тадбиркор сифатида иш олиб бораётган вакил билан топшириқ шартномасидан бош тортаётган тараф шартномани бекор қилиш тўғрисида иккинчи тарафни, агар шартномада узоқроқ муддат назарда тутилган бўлмаса, камида ўттиз кун олдин хабардор қилиши шарт. Тижорат вакили бўлган юридик шахс қайта ташкил этилганида топшириқ берувчи ўз топшириғини ана шундай олдиндан хабар бермай туриб бекор қилишга ҳақли.



824-модда. Топшириқ шартномасини

бекор қилиш оқибатлари

Агар топшириқ шартномаси топшириқ вакил томонидан тўлиқ бажарилишидан олдин бекор қилинган бўлса, топшириқ берувчи вакилга топшириқни бажариш вақтида қилинган чиқимларни тўлаши, вакилга ҳақ берилиши керак бўлганида эса, унга бажарилган ишга мувофиқ ҳақ тўлаши ҳам шарт. Бу қоида вакил топшириқнинг бекор қилинганини билган ёки билиши лозим бўлганидан кейин бажарган топшириққа татбиқ этилмайди.


825-модда. Топшириқ шартномасида ҳуқуқий ворислик

Вакил вафот этган тақдирда, унинг меросхўрлари ёки мерос мулкнинг сақланишини таъминлаш мажбурияти юклатилган бошқа шахслар топшириқ шартномаси бекор қилиниши ҳақида топшириқ берувчига кечиктирмай хабар беришлари ҳамда топшириқ берувчининг мол-мулкини муҳофаза қилиш учун зарур чораларни кўришлари, хусусан, топшириқ берувчининг ашёларини, шунингдек ҳужжатларини сақлаб қўйишлари, сўнгра эса унга топширишлари шарт. Вакил (ишончли вакил) бўлган юридик шахсни тугатаётган шахснинг зиммасида ҳам шундай мажбурият бўлади.

Вакил (ишончли вакил) сифатида иш олиб бораётган юридик шахс қайта ташкил этилганида топшириқ берувчи бу ҳақда дарҳол хабардор қилиниши керак. Мазкур ҳолатда бундай юридик шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, агар топшириқ берувчи ўттиз кунлик муддатда топшириқ шартномасидан бош тортишини маълум қилмаса, унинг қонуний ворисига ўтади.


47-БОБ. БЕГОНА ШАХСНИНГ МАНФААТИНИ

КЎЗЛАБ ТОПШИРИҚСИЗ ҲАРАКАТ ҚИЛИШ


826-модда. Бегона шахснинг манфаатини

кўзлаб ҳаракат қилиш шартлари

Манфаатдор шахсга ёки унинг мол-мулкига зарар етказилишининг олдини олиш, унинг мажбуриятларини бажариш ёки унинг қонунга зид бўлмаган бошқа манфаатларини кўзлаб, унинг топшириғисиз, бошқа кўрсатмасисиз ёки олдиндан ваъда берилган розилигисиз қилинган ҳаракатлар (бегона шахснинг манфаатини кўзлаб қилинган ҳаракатлар) очиқ кўриниб турган манфаат ёки фойдадан ҳамда манфаатдор шахснинг ҳақиқий ёки эҳтимол тутилган ниятларидан келиб чиқиб ҳамда ишнинг ҳолатларига кўра зарур ғамхўрлик ва эҳтиёткорлик билан қилинмоғи керак.

Ушбу бобда назарда тутилган қоидалар бундай ҳаракатлар фаолиятининг мақсадларидан бири бўлган давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бошқа шахслар манфаатлари йўлида амалга оширадиган ҳаракатларга нисбатан қўлланмайди.



827-модда. Бошқа шахснинг манфаатини кўзлаб топшириқсиз

ҳаракат қилувчи шахснинг мажбуриятлари

Бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб, унинг топшириғисиз ҳаракат қилувчи шахс биринчи имконият туғилиши биланоқ, бу ҳақда манфаатдор шахсга хабар бериши шарт. Агар манфаатдор шахс бу ҳаракатларни маъқулласа, шундан кейин топшириқ шартномаси тўғрисидаги қоидалар тарафларнинг муносабатларига нисбатан қўлланади. Мазкур ҳаракатлар маъқулланмаган тақдирда улар бўйича жавобгарлик топшириқсиз ҳаракат қилган шахс зиммасига юклатилади.

Манфаатдор шахсни хабардор қилиш мумкин бўлмаса, ҳаракатларни топшириқсиз бошлаган шахс уларни охирига етказиши, манфаатдор шахс учун салбий мулкий оқибатларнинг олдини олиш бўйича ўзига боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўриши шарт. Бунда топшириқсиз ҳаракат қилган шахс ишни юритиш билан боғлиқ бўлган ҳамма нарсани, шу жумладан тузилган битимлар бўйича мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олиши шарт.

Агар бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб унинг топшириғисиз ҳаракат қилаётган шахс биринчи имконият туғилиши биланоқ бу ҳақда манфаатдор шахсни хабардор қилмаса, у қилинган харажатларни қоплашни талаб қилишга ҳақли эмас.

Бошқа шахснинг манфаатини кўзлаб топшириқсиз ҳаракат қилаётган шахс тегишли фаолиятнинг амалга оширилишидан манфаатдор бўлган фуқаро вафот этган ёки юридик шахснинг фаолияти тўхтатилган тақдирда ҳам манфаатдор шахснинг меросхўрлари (қонуний ворислари) унинг ўрнини олгунларича бошланган фаолиятни давом эттириши шарт.



828-модда. Бошқа шахснинг манфаатини кўзлаб битим тузиш

Бошқа шахснинг манфаатини кўзлаб тузилган битим бўйича мажбуриятлар битим тузилишидан манфаатдор бўлган шахс мазкур битимни маъқуллаган пайтдан бошлаб унга ўтади, башарти бошқа тараф мажбуриятларнинг бундай ўтишига эътироз билдирмаса ёки битимни тузиш пайтида битим бошқа шахснинг манфаатини кўзлаб тузилганлигини билган ёхуд билиши лозим бўлган бўлса. Бундай битим бўйича мажбуриятлар битим тузилишидан манфаатдор бўлган шахсга ўтганида, ушбу битим бўйича ҳуқуқлар ҳам шу шахсга берилиши зарур.

Битим тузган шахс бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб амалга оширилган фаолият туфайли қилган харажатлари қоплангунча ҳуқуқларни топширишни кечиктириб туриши мумкин.



829-модда. Топшириқсиз қилинган ҳаракатлардан

манфаатдор шахснинг мажбуриятлари

Топшириқсиз қилинган ҳаракатлардан манфаатдор бўлган шахс унинг манфаатларини кўзлаб иш олиб борган шахсга зарур харажатларни ва бошқа ҳақиқий зарарни қоплаши шарт. Мазкур мажбурият бошқа шахснинг манфаатлари йўлидаги ҳаракатлар оқилона бўлиб, бироқ кўзланган натижага эришилмаган ҳолларда ҳам сақланиб қолади. Лекин бошқа шахснинг мол-мулкига зарар етказишнинг олди олинган ҳолларда ўрнини қоплаш ҳақининг миқдори мол-мулкнинг қийматидан ошиб кетмаслиги керак.

Агар шахснинг ҳаракатлари бевосита бошқа шахснинг манфаатларини таъминлашга қаратилган бўлмаса, шу жумладан уларни амалга оширган шахс ўз манфаатларимни кўзлаб ҳаракат қиляпман деб хато ўйлаган ва унинг ҳаракатлари бошқа шахснинг асоссиз бойиб кетишига олиб келган ҳолларда ҳам ушбу Кодекснинг 58-бобида назарда тутилган қоидалар қўлланади. Бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб қилинган ҳаракатлар унинг тадбиркорлик фаолияти доирасига кирган тақдирда, бу шахс ҳақиқий зарарнинг ўрнини қоплаш билан бир қаторда тегишли миқдорда ҳақ тўланишини ҳам талаб қилишга ҳақли.

Бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилган шахснинг манфаатдор шахс маъқуллаганидан кейинги ҳаракатлари муносабати билан қилган харажатлари ва кўрган бошқа зарарлари тегишли турдаги шартнома тўғрисидаги қоидаларга мувофиқ қопланади.



830-модда. Бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб қилинган

ҳаракатлар туфайли етказилган зарарни қоплаш

Бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб қилинган ҳаракатлар туфайли манфаатдор шахсга ёки учинчи шахсга етказилган зарарни қоплаш соҳасидаги муносабатлар ушбу Кодекс 57-бобининг қоидаларига мувофиқ тартибга солинади.



831-модда. Бошқа шахснинг манфаатини кўзлаб

ҳаракат қилган шахснинг ҳисоботи

Бошқа шахснинг манфаатини кўзлаб ҳаракат қилган шахс кимнинг манфаатини кўзлаб фаолият олиб борган бўлса, ўша шахсга олинган даромадлар, қилинган харажатлар ва кўрилган зарарни кўрсатган ҳолда ҳисобот тақдим этиши шарт.



48-БОБ. ВОСИТАЧИЛИК


832-модда. Воситачилик шартномаси

Воситачилик шартномаси бўйича бир тараф (воситачи) иккинчи тарафнинг (комитент) топшириғи бўйича ўз номидан, бироқ комитент ҳисобидан бир ёки бир неча битимни ҳақ эвазига тузиш мажбуриятини олади. Воситачилик шартномаси ёзма равишда тузилиши шарт.

Воситачи томонидан учинчи шахс билан тузилган битим бўйича, гарчи битимда комитентнинг номи тилга олинган ёки у битимни бажариш бўйича учинчи шахс билан бевосита муносабатларга киришган бўлса ҳам, воситачи ҳуқуқларга эга бўлади ва зиммасига мажбурият олади.

Воситачилик шартномаси муайян муддатга ёки амал қилиш муддати кўрсатилмаган ҳолда, қайси ҳудудда бажарилиши кўрсатилган ёки кўрсатилмаган ҳолда, комитент воситачига топширган комитентнинг манфаатларини кўзлаб ва унинг ҳисобидан битим тузиш ҳуқуқини учинчи шахсларга бермаслик ҳақида мажбурият олган ҳолда ёки бундай мажбуриятни олмаган ҳолда, воситачилик нарсаси бўлган товарларнинг ассортименти хусусида шартлар қўйилган ёки қўйилмаган ҳолда тузилиши мумкин.

Қонунчиликда айрим турдаги воситачилик шартномасининг хусусиятлари назарда тутилган бўлиши мумкин.


833-модда. Воситачилик ҳақи

Комитент воситачига ҳақ тўлаши, воситачи битимнинг учинчи шахс томонидан бажарилиши учун кафолатни ўз зиммасига олган (делькредере) ҳолларда эса шартномада белгиланган миқдорда қўшимча ҳақ ҳам тўлаши шарт. Агар шартномада бу миқдор назарда тутилган бўлмаса ва у шартноманинг шартларидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши мумкин бўлмаса, ҳақ миқдори ушбу Кодекс 356-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ белгиланади.

Агар воситачилик шартномаси комитентга боғлиқ сабаблар билан бажарилмаган бўлса, воситачи воситачилик ҳақига, шунингдек қилинган харажатларнинг қопланишига бўлган ҳуқуқини сақлаб қолади.



834-модда. Воситачилик топшириғини бажариш

Воситачи учинчи шахс билан ўзи тузган битимдан келиб чиқадиган ҳамма мажбуриятларни бажариши ва ҳамма ҳуқуқларни амалга ошириши шарт.

Воситачи ўз зиммасига олган топшириқни комитентнинг кўрсатмаларига мувофиқ, воситачилик шартномасида бундай кўрсатмалар бўлмаганда эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ комитент учун энг фойдали шартлар асосида бажариши лозим. Агар воситачи битимни комитент кўрсатганидан ҳам фойдалироқ шартлар асосида тузган бўлса, қўшимча фойда, башарти шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тарафлар ўртасида баравар тақсимланади.

Воситачи битимнинг ижроси учун комитентга кафолат берган (делькредере) ҳолларда у воситачилик шартномасида келишилган миқдорда қўшимча ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Комитент ҳисобидан учинчи шахс билан тузилган битим учинчи шахс томонидан бажарилмаганлиги учун воситачи комитент олдида жавобгар бўлмайди, воситачи ушбу шахсни танлашда зарур эҳтиёткорлик қилмаган ёки битимнинг бажарилишига кафолат берган (делькредере) ҳоллар бундан мустасно.

Воситачи учинчи шахс билан тузган битимни учинчи шахс бажармаган тақдирда, воситачи бу ҳақда дарҳол комитентга хабар бериши, зарур далил-исботларни тўплаши ва таъминлаши, шунингдек комитентнинг талабига кўра бундай битим юзасидан ҳуқуқларни талабларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги қоидаларга риоя қилган ҳолда (ушбу Кодекснинг 313-317, 319, 320-моддалари) унга топшириши шарт.

Ушбу модданинг бешинчи қисми асосида битим бўйича ҳуқуқларни комитентга топширишга, воситачининг учинчи шахс билан ҳуқуқларни бундай беришни тақиқлайдиган ёки чеклайдиган келишувидан қатъи назар, йўл қўйилади. Бу ҳол воситачи ҳуқуқни топширишни тақиқлаш ёки чеклаш ҳақидаги келишувни бузиб ҳуқуқни топширганлиги муносабати билан уни учинчи шахс олдидаги жавобгарликдан озод қилмайди.


835-модда. Қўшимча воситачилик

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, воситачи воситачилик шартномасини бажариш мақсадида бошқа шахс билан қўшимча воситачилик шартномаси тузишга ҳақли бўлиб, қўшимча воситачининг ҳаракатлари учун комитент олдида жавобгар бўлиб қолаверади.

Қўшимча воситачилик шартномаси бўйича воситачи қўшимча воситачига нисбатан комитент ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эга бўлади.

Қонун бирон-бир битимни фақат махсус вакил қилинган шахслар билан тузишга йўл қўядиган ҳолларда қўшимча воситачилик шартномаси фақат ана шундай шахс билангина тузилиши мумкин.

Агар воситачилик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, воситачилик шартномаси бекор қилингунга қадар комитент воситачининг розилигисиз қўшимча воситачи билан бевосита муносабатларга киришишга ҳақли эмас.



836-модда. Воситачи сотадиган мол-мулкнинг баҳоси

Воситачи сотадиган мол-мулкнинг баҳоси, агар қонунчиликда ёки воситачилик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, комитент билан келишган ҳолда белгиланади.



837-модда. Комитентнинг кўрсатмаларидан четга чиқиш

Воситачи комитентнинг кўрсатмаларидан ушбу Кодекснинг 819-моддасида назарда тутилган ҳолларда четга чиқишга ҳақли.

Мол-мулкни комитент билан келишилган нархдан арзон сотган воситачи мол-мулкни келишилган нархда сотиш имконига эга бўлмаганлигини ва арзон нархда сотиш натижасида яна ҳам кўпроқ зарарнинг олди олинганлигини исбот қилиб бермаса, орадаги фарқни комитентга тўлаши шарт. Воситачи комитентдан рухсат сўраши шарт бўлган ҳолларда у комитентнинг кўрсатмаларидан четга чиқишга комитентнинг розилигини олдиндан олиш имкониятига эга бўлмаганлигини ҳам исбот қилиши шарт.

Агар воситачи мол-мулкни комитент билан келишилгандан юқорироқ нархда сотиб олган бўлса, бундай харидни қабул қилишни истамаган комитент воситачидан учинчи шахс билан битим тузилганлиги ҳақида билдириш олганидан кейин оқилона муддатда бу ҳақда воситачига маълум қилиши шарт. Акс ҳолда харид комитент томонидан қабул қилинган деб ҳисобланади.

Агар воситачи нархдаги фарқни ўзи тўлашини маълум қилса, комитент ўзи учун тузилган битимдан бош тортишга ҳақли эмас.



838-модда. Воситачилик нарсаси ҳисобланган

ашёларга бўлган ҳуқуқ

Комитентдан воситачига ўтган ёки воситачи комитент ҳисобидан сотиб олган ашёлар комитентнинг мулки бўлади.

Воситачи ушбу Кодекснинг 290-моддасига мувофиқ ўз қўлида бўлган, комитентга ёки комитент кўрсатган шахсга топширилиши керак бўлган ашёларни воситачилик шартномаси бўйича ўз талабларини таъминлаш учун ушлаб туришга ҳақли.

Комитент тўловга қобилиятсиз деб эълон қилинган тақдирда воситачининг мазкур ҳуқуқи бекор қилинади, унинг ўзи ушлаб турган ашёлар қиймати доирасида комитентга қўядиган талаблари ушбу Кодекснинг 291-моддасига мувофиқ гаров билан таъминланган талаблар қаторида қаноатлантирилади.


839-модда. Воситачининг талабларини комитентга

тегишли суммалардан ушлаб қолиш

Воситачи ушбу Кодекснинг 343-моддасига мувофиқ воситачилик шартномаси бўйича ўзига тегишли бўлган суммаларни комитент ҳисобидан ўзига тушган ҳамма суммалардан ушлаб қолишга ҳақли. Бироқ комитентнинг ўз талабларини қондириш навбати бўйича гаров сақловчилар олдида имтиёздан фойдаланадиган кредиторлари бу талабларни воситачи ушлаб қолган суммалардан қаноатлантириш ҳуқуқидан маҳрум этилмайдилар.



840-модда. Комитентнинг мол-мулки йўқолганлиги,

етишмаслиги ёки шикастланганлиги учун

воситачининг жавобгарлиги

Воситачи ўз ихтиёридаги комитент мол-мулкининг йўқолишига, етишмаслигига ёки шикастланишига олиб келган ҳар қандай камчилик учун комитент олдида жавобгар бўлади.

Агар воситачи комитент юборган ёки воситачига комитент учун келган мол-мулкни қабул қилиб олаётганида бу мол-мулкда ташқаридан кўздан кечирганда сезиб қолиниши мумкин бўлган шикастланиш ёки етишмовчилик мавжуд бўлса, шунингдек комитентнинг воситачи қўлида турган мол-мулкига бирон-бир шахс зарар келтирган тақдирда воситачи комитентнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўриши, зарур далил-исботларни тўплаши ва буларнинг барчаси ҳақида дарҳол комитентни хабардор қилиши шарт.

Ўз ихтиёридаги комитентнинг мол-мулкини суғурталамаган воситачи бунинг учун фақат комитент унга мол-мулкни комитент ҳисобидан суғурталашни буюрган ёки воситачининг бу мол-мулкни суғурталаши воситачилик шартномасида ёки иш муомаласи одатларида назарда тутилган ҳоллар жавобгар бўлади.



841-модда. Комитентнинг воситачилик шартномаси

бўйича ижрони қабул қилиши

Комитент:

воситачилик шартномаси бўйича ижро этилган ҳамма нарсани воситачидан қабул қилиши;

ўзи учун воситачи томонидан сотиб олинган мол-мулкни кўздан кечириши ва ушбу мол-мулкда аниқланган камчиликлар тўғрисида дарҳол воситачини хабардор қилиши;

воситачини воситачилик топшириғини бажариш юзасидан учинчи шахс олдида ўз зиммасига олган мажбуриятлардан озод қилиши шарт.



842-модда. Воситачилик топшириғини бажариш

учун қилинган харажатларни қоплаш

Комитент воситачилик ҳақини, тегишли ҳолларда эса делькредере учун қўшимча ҳақни ҳам тўлашдан ташқари, воситачилик топшириғини бажариш юзасидан воситачи сарфлаган суммаларни ҳам унга тўлаши шарт.

Агар қонунчиликда ёки воситачилик шартномасида бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, воситачи ўз ихтиёрида бўлган комитентнинг мол-мулкини сақлаш юзасидан қилган харажатлари қопланишига ҳақли эмас.


843-модда. Воситачилик топшириғининг

комитент томонидан бекор қилиниши

Комитент воситачига берган топшириғини истаган вақтида бекор қилиб, воситачилик шартномасини бажаришдан бош тортишга ҳақли. Бунда воситачининг топшириқ бекор қилиниши муносабати билан кўрган зарари умумий асосларда қопланади.

Воситачилик шартномаси амал қилиш муддати кўрсатилмаган ҳолда тузилган тақдирда комитент шартномани бекор қилиши ҳақида, агар шартномада хабар қилишнинг узоқроқ муддати назарда тутилган бўлмаса, камида ўттиз кун олдин воситачини хабардор қилиши шарт. Бундай ҳолда комитент воситачига у шартнома бекор қилингунча тузган битимлар учун ҳақ тўлаши, шунингдек воситачи шартнома бекор бўлгунича қилган харажатларни тўлаши шарт.

Топшириқ бекор қилинган тақдирда комитент воситачи ихтиёридаги ўз мол-мулкини воситачилик шартномасида белгиланган муддатда, борди-ю бундай муддат белгиланмаган бўлса, дарҳол тасарруф этиши шарт. Агар комитент бу мажбуриятни бажармаса, воситачи мол-мулкни комитент ҳисобидан сақлаб қўйишга топширишга ёки уни комитент учун иложи борича фойдали баҳода сотишга ҳақли.



844-модда. Воситачининг топшириқни

бажаришдан бош тортиши

Агар воситачилик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, воситачи шартномани бажаришдан бош тортишга ҳақли эмас, шартнома амал қилиш муддати кўрсатилмасдан тузилган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолда воситачи комитентга шартномани бекор қилиши ҳақида, агар хабар қилишнинг узоқроқ муддати шартномада назарда тутилган бўлмаса, камида ўттиз кун олдин хабар бериши шарт.

Воситачи комитентнинг мол-мулки сақланишини таъминлаш учун зарур чора-тадбирларни кўриши шарт.

Воситачи топшириқни бажаришдан бош тортаётганлиги ҳақида хабардор қилинган комитент воситачининг топшириқни бажаришдан бош тортаётганлиги ҳақида билдиришнома олган кундан эътиборан, агар шартномада бошқа муддат белгиланган бўлмаса, ўн беш кун ичида воситачи ихтиёридаги ўз мол-мулкини тасарруф этиши шарт. Агар комиссионер ушбу мажбуриятни бажармаса, воситачи ё мол-мулкни сақлаб қўйишга топширишга ёки уни комитент учун иложи борича фойдали баҳода сотишга ҳақли.

Агар воситачилик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, топшириқни бажаришдан бош тортган воситачи шартнома бекор қилингунча ўзи тузган битимлар учун воситачилик ҳақи олишга, шунингдек шу пайтга қадар қилган харажатларининг қопланишига бўлган ҳуқуқини сақлаб қолади.



845-модда. Воситачилик шартномасининг бекор қилиниши

Воситачилик шартномаси:

комитент шартномани бажаришдан бош тортганлиги;

воситачи шартномани бажаришдан бош тортганлиги;

воситачи вафот этганлиги, у муомалага лаёқатсиз, лаёқати чекланган, бедарак йўқолган ёки ночор деб топилганлиги оқибатида бекор қилинади.


846-модда. Комитентнинг муддати кўрсатилмай тузилган

воситачилик шартномасини бажаришдан бош тортиши

Комитент муддати кўрсатилмай тузилган воситачилик шартномасини бажаришдан истаган вақтда бош тортишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда воситачини, агар шартномада узоқроқ муддат назарда тутилган бўлмаса, камида ўттиз кун олдин хабардор қилади.

Бундай ҳолда комитент воситачилик шартномаси бекор қилинганга қадар тузган битимлари учун воситачига ҳақ тўлаши, шунингдек воситачи шартнома бекор бўлгунча қилган харажатларни унга тўлаши шарт.

Комитент воситачилик шартномасини бажаришдан бош тортган тақдирда ушбу Кодекс 844-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган мажбуриятларни бажариши шарт.



847-модда. Воситачининг воситачилик шартномасини

бажаришдан бош тортиши

Воситачи муддати кўрсатилмасдан тузилган воситачилик шартномасини бажаришдан истаган вақтда бош тортишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда комитентни, агар хабардор қилишнинг узоқроқ муддати шартномада кўзда тутилган бўлмаса, ўттиз кундан кечиктирмасдан хабардор қилади.

Бундай ҳолда воситачи ўз ихтиёридаги комитентнинг мол-мулки тўлиқ сақланиши учун чоралар кўриши шарт. Комитент воситачилик шартномаси бекор бўлгунича воситачининг ихтиёридаги мол-мулкни тасарруф қилиши шарт. Агар у мана шу мажбуриятни бажармаса, воситачи ё мол-мулкни комитент ҳисобидан сақлашга топширишга ёки уни комитент учун мумкин қадар фойдали баҳода сотишга ҳақли.

Воситачилик шартномасини бажаришдан бош тортган воситачи воситачилик ҳақини олиш ҳамда шартнома бекор бўлган пайтда ўзига тегишли бўладиган харажатларни ундириб олиш ҳуқуқига эга.



848-модда. Фуқаронинг вафот этиши ёки юридик

шахснинг тугатилиши оқибатлари

Фуқаро вафот этган ёки воситачи юридик шахс тугатилган тақдирда воситачилик шартномаси бекор қилинади.

Воситачи юридик шахс қайта ташкил этилганида унинг воситачи сифатидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, башарти қайта ташкил этиш юз берганлиги ҳақидаги маълумотни олган кундан бошлаб ўттиз кун ичида комитент шартномани бекор қилганлиги ҳақида хабар бермаса, қонуний ворисларга ўтади.

Комитент фуқаро вафот этган, у муомалага лаёқатсиз ёки лаёқати чекланган деб топилган тақдирда, шунингдек комитент юридик шахс тугатилган тақдирда воситачи ўзига берилган топшириқни комитентнинг меросхўрларидан ёки ҳуқуқий ворисларидан (вакилларидан) тегишли кўрсатмалар келгунча бажариб туриши шарт.



49-БОБ. МОЛ-МУЛКНИ ИШОНЧЛИ БОШҚАРИШ


849-модда. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси

Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси бўйича бир тараф (бошқарувнинг муассиси) иккинчи тарафга (ишончли бошқарувчига) мол-мулкини муайян муддатга ишончли бошқарувга топширади, иккинчи тараф эса ушбу мол-мулкни бошқарувнинг муассиси ёки у кўрсатган шахс (фойда олувчи) манфаатларини кўзлаб бошқариш мажбуриятини олади.

Мол-мулкни ишончли бошқаришга топшириш бу мол-мулкка мулк ҳуқуқининг ишончли бошқарувчига ўтишига олиб келмайди.

Ишончли бошқарувчи мол-мулкни ишончли бошқарар экан, ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ ушбу мол-мулкка нисбатан фойда олувчининг манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳар қандай юридик ва амалий ҳаракатларни қилишга ҳақли.

Қонунда ёки шартномада мол-мулкни ишончли бошқариш бўйича айрим ҳаракатларга нисбатан чекловлар назарда тутилиши мумкин.

Ишончли бошқаришга топширилган мол-мулк юзасидан битимларни ишончли бошқарувчи ўз номидан амалга оширади, бунда у ўзининг шундай бошқарувчи сифатида иш олиб бораётганини кўрсатади. Агар ёзма тарзда расмийлаштиришни талаб қилмайдиган ҳаракатлар амалга оширилаётганида иккинчи тараф ишончли бошқарувчи бу ҳаракатларни ана шундай бошқарувчи сифатида амалга ошираётганлигидан хабардор қилинган бўлса, ёзма ҳужжатларда эса ишончли бошқарувчининг исми ёки номидан кейин тегишли белги қўйилган бўлса, мазкур шартга риоя қилинган ҳисобланади.

Ишончли бошқарувчининг ана шундай бошқарувчи сифатида ҳаракат қилиши тўғрисида кўрсатма бўлмаса, у учинчи шахслар олдида шахсан мажбурият олади ва улар олдида фақат ўзига қарашли мол-мулк билан жавоб беради.



850-модда. Мол-мулкни ишончли бошқаришнинг

вужудга келиш (жорий бўлиш) асослари

Мол-мулкни ишончли бошқариш қуйидаги асосларда вужудга келади (жорий этилади):

муассис билан ишончли бошқарувчи ўртасида тузиладиган мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси;

васиятнинг ижрочиси (ишончли бошқарувчи) тайинланган васиятнома;

суд қарори;

васийлик ва ҳомийлик органининг васийликка олинган шахснинг мол-мулки устидан васийлик белгилаш тўғрисидаги қарори;

қонунда назарда тутилган ҳолларда бошқа юридик фактлар.



851-модда. Мол-мулкни ишончли бошқариш объекти

Ишончли бошқариш объектлари корхоналар ва бошқа мол-мулк комплекслари, кўчмас мулкка мансуб бўлган алоҳида объектлар, қимматли қоғозлар, алоҳида ҳуқуқлар ва бошқа мол-мулкдан иборат бўлиши мумкин.

Қонунда кўзда тутилган ҳолларни истисно этганда, пул ишончли бошқаришнинг мустақил объекти бўла олмайди.

Хўжалик юритувида ёки оператив бошқарувда бўлган мол-мулк ишончли бошқарувга топширилиши мумкин эмас. Хўжалик юритувида ёки оператив бошқарувда бўлган мол-мулк уни хўжалик юритувида ёки оператив бошқарувда сақлаб турган юридик шахс тугатилганидан ёки мол-мулкка хўжалик бошқаруви ёки оператив бошқарув ҳуқуқи бекор қилинганидан ҳамда у қонунда назарда тутилган бошқа асосларга кўра мулкдорнинг ихтиёрига ўтганидан кейингина ишончли бошқарувга топширилиши мумкин.


852-модда. Мол-мулкни ишончли бошқариш субъектлари

Қуйидагилар мол-мулкни ишончли бошқариш муассислари бўладилар:

мол-мулкнинг эгаси;

ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс;

ваколатли давлат органи давлат мулки бўлган мол-мулкка нисбатан;

мол-мулкка хўжалик юритуви ҳуқуқи асосида эгалик қиладиган корхона - мулкдорнинг рухсати билан;

қонунда назарда тутилган ҳолларда - нотариус, васийлик ва ҳомийлик органи, суд ёки бошқа ваколатли орган.

Қуйидагилар ишончли бошқарувчи бўлишлари мумкин:

фуқаро;

юридик шахс.

Мол-мулк давлат органига ишончли бошқарувга берилиши мумкин эмас.

Ишончли бошқарувчи фақат ўз розилиги билангина тайинланиши мумкин.

Ишончли бошқарувчидан ташқари ҳар қандай шахс фойда олувчи бўлиши мумкин.



853-модда. Мол-мулкни ишончли бошқариш

шартномасининг муҳим шартлари

Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасида қуйидагилар назарда тутилиши керак:

шартнома бўйича ишончли бошқаришга бериладиган мол-мулк рўйхати;

фойда олувчи тўғрисидаги кўрсатма;

ишончли бошқарувчининг ҳисоботлар тақдим этиш муддатлари;

ишончли бошқариш бекор қилинган тақдирда мол-мулкни оладиган шахс;

агар ҳақ тўлаш шартномада назарда тутилган бўлса, ишончли бошқарувчига тўланадиган ҳақнинг миқдори ва шакли.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шартлар бўлмаган тақдирда, шартнома тузилмаган ҳисобланади.

Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Шартноманинг амал қилиш муддати тамом бўлганида тарафлардан бирининг шартномани бекор қилиш тўғрисидаги аризаси бўлмаса, шартнома унда назарда тутилган муддатга ва шартлар асосида узайтирилган деб ҳисобланади.

Ишончли бошқаришга топшириладиган айрим турдаги мол-мулклар учун қонунда шартнома амал қилишининг бошқа энг кўп муддатлари белгилаб қўйилиши мумкин.


854-модда. Мол-мулкни ишончли бошқариш

шартномасининг шакли

Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси ёзма шаклда тузилади.

Кўчмас мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома учун назарда тутилган шаклда ва тартибда тузилади. Кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши қайси тартибда давлат рўйхатидан ўтказилса, бу мулкни ишончли бошқаришга топшириш ҳам шу тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси шаклига ёки кўчмас мулкни ишончли бошқаришга топширишни рўйхатга олиш талабига риоя қилмаслик, унинг ҳақиқий бўлмаслигини келтириб чиқаради.


855-модда. Ишончли бошқарувда бўлган

мол-мулкни ажратиб чиқариш

Ишончли бошқаришга топширилган мол-мулк бошқарув муассисининг бошқа мол-мулкидан, шунингдек ишончли бошқарувчининг мол-мулкидан ажратилади. Ушбу мол-мулк ишончли бошқарувчида алоҳида балансда акс эттирилади ва у бўйича мустақил ҳисоб юритилади. Ишончли бошқарув билан боғлиқ фаолият бўйича ҳисоб-китоб юритиш учун алоҳида банк ҳисобварағи очилади.

Бошқарув муассисининг қарзлари бўйича ундирувни у ишончли бошқарувга топширган мол-мулкка қаратишга йўл қўйилмайди, бундан ушбу шахс банкрот деб топилган ҳоллар мустасно. Бошқарув муассиси банкрот деб топилганда ушбу мол-мулкни ишончли бошқариш бекор қилинади ва у тугатиш массасига қўшиб юборилади.


856-модда. Учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари

бўлган мол-мулкни ишончли бошқариш

Ишончли бошқарувчи шартнома тузилгунга қадар ўзига бошқариш учун топширилаётган мол-мулкка учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари борлиги ҳақида хабардор қилиб қўйилиши керак. Ушбу шарт бузилган тақдирда ишончли бошқарувчи шартномани ҳақиқий эмас деб ҳисоблаб, реал зарарни қоплашни ва мутаносиб ҳақ тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Агар ишончли бошқаришга топширилган мол-мулкка шартнома тузилганидан кейин учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари пайдо бўлса, ишончли бошқарувчи эса бу ҳақда ўн кунлик муддатда хабардор қилинмаган бўлса, у мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини бекор қилиб, ўзига келтирилган ҳақиқий зарарнинг қопланишини ва мутаносиб ҳақ тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.


857-модда. Ишончли бошқарувчининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ишончли бошқарувчи қонунда ва мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасида назарда тутилган доирада ишончли бошқаришга топширилган мол-мулкка нисбатан мулкдор ҳуқуқларини амалга оширади.

Ишончли бошқарувчи мол-мулкни бошқариш соҳасидаги ҳаракатларни амалга ошириш натижасида қўлга киритган ҳуқуқлар ана шундай мол-мулк таркибига киритилади. Ишончли бошқарувчининг ана шундай ҳаракатларни амалга ошириши натижасида вужудга келган мажбуриятлар шу мол-мулк ҳисобидан бажарилади.

Ишончли бошқарувчи бошқарувга топширилган кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга беришни ва гаровга қўйишни фақат бу ҳол мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасида назарда тутилган ҳолларда амалга оширишга ҳақли.

Ишончли бошқарувда бўлган мол-мулкка ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун ишончли бошқарувчи ўзининг ҳуқуқлари ҳар қандай бузилишини бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга (ушбу Кодекснинг 228, 229, 231, 232-моддалари).

Ишончли бошқарувчи бошқарувнинг муассисига ва фойда олувчига мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси билан белгиланган муддатларда ва тартибда ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этиб туради.


858-модда. Мол-мулкни ишончли бошқаришни

бошқа шахсга бериш

Ишончли бошқарувчи мол-мулкни шахсан ўзи бошқаради, ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ишончли бошқарувчи бошқа шахсга ишончли бошқарувчи номидан мол-мулкни бошқариш учун зарур бўлган ҳаракатларни амалга оширишни топшириши мумкин, башарти унга мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасида ана шундай ваколат берилган бўлса ёки у бунга муассиснинг ёзма розилигини олган бўлса, ёхуд бошқарув муассисининг ёки фойда олувчининг манфаатларини таъминлаш учун вазият тақозоси билан бунга мажбур бўлса ва бунда бошқарув муассисининг кўрсатмаларини оқилона муддатда олиш имконига эга бўлмаса.

Ишончли бошқарувчи ўзи танлаган ишончли вакилнинг ҳаракатлари учун ўзининг ҳаракатлари каби жавобгар бўлади.



859-модда. Ишончли бошқарувчининг жавобгарлиги

Мол-мулкни ишончли бошқариш пайтида фойда олувчининг ёки бошқарув муассисининг манфаатлари тўғрисида етарли ғамхўрлик қилмаган ишончли бошқарувчи фойда олувчига мол-мулкни ишончли бошқариш вақтида бой берилган фойдани, бошқарув муассисига эса мол-мулкни йўқотиш ёки унга шикаст етказиш билан келтирилган зарарни, шунингдек бой берилган фойдани тўлайди.

Агар ишончли бошқарувчи ушбу зарарлар енгиб бўлмайдиган куч туфайли ёки фойда олувчининг ёхуд бошқарув муассисининг ҳаракатлари туфайли келиб чиққанлигини исбот қилиб бера олмаса, етказилган зарар учун жавобгар бўлади.

Ишончли бошқарувчи ўзига берилган ваколатлардан четга чиққан ёки ўзи учун белгилаб қўйилган чеклашларни бузган ҳолда тузган битим бўйича мажбуриятларни ишончли бошқарувчи шахсан ўзи бажаради. Агар битимда қатнашувчи учинчи шахслар ваколатлардан четга чиқилганлигини ёки белгилаб қўйилган чеклашларни билмаган бўлсалар ёки билишлари керак бўлмаган бўлса, вужудга келган мажбуриятлар ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгилаб қўйилган тартибда бажарилиши керак. Бу ҳолда бошқарув муассиси ишончли бошқарувчидан у келтирган зарарнинг ўрнини қоплашни талаб қилиши мумкин.

Мол-мулкни ишончли бошқариш муносабати билан вужудга келган мажбуриятлар бўйича қарзлар ушбу мол-мулк ҳисобидан тўланади. Ушбу мол-мулк етарли бўлмаган тақдирда ундирув ишончли бошқарувчининг мол-мулкига, унинг мол-мулки ҳам етарли бўлмаганида эса - бошқарув муассисининг ишончли бошқаришга топширилмаган мол-мулкига қаратилиши мумкин.

Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси уни тегишли суратда бажармаслик туфайли бошқарув муассисига ёки фойда олувчига етказилиши мумкин бўлган зарарнинг ўрнини қоплашни таъминлаш учун ишончли бошқарувчининг гаров беришини назарда тутиши мумкин.


860-модда. Ишончли бошқарувчига тўланадиган ҳақ

Ишончли бошқарувчи мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасида назарда тутилган ҳақни олиш, шунингдек у мол-мулкни ишончли бошқариш чоғида қилган зарур харажатларни бошқаришга топширилган мол-мулк ҳисобидан ёки ушбу мол-мулкдан фойдаланишдан келган даромадлар ҳисобидан қоплатиш ҳуқуқига эга.


861-модда. Мол-мулкни ишончли бошқариш

шартномасининг бекор бўлиши

Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:

тарафлардан бирининг шартнома муддати тугаши муносабати билан шартномани бекор қилиш тўғрисидаги аризасига мувофиқ;

агар шартномада бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, фойда олувчи фуқаронинг вафот этиши, фойда олувчи юридик шахснинг тугатилиши муносабати билан;

ишончли бошқарувчи фуқаро вафот этганида, у муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланганида, шунингдек якка тадбиркор тўловга қобилиятсиз деб топилганида;

ишончли бошқарувчи юридик шахс тугатилганида, у тўловга қобилиятсиз деб топилганида;

фойда олувчи, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома бўйича фойдани олишдан бош тортганида;

ишончли бошқарувчи ёки бошқарув муассиси ишончли бошқарувчи учун мол-мулкни ишончли бошқаришни шахсан амалга ошириши мумкин эмаслиги муносабати билан бошқарувни амалга оширишдан бош тортганида;

бошқарув муассиси ишончли бошқарувчига шартномада келишилган ҳақни тўлаган ҳолда ушбу модданинг тўртинчи бандида кўрсатилганидан бошқа сабабларга кўра шартномани бажаришдан бош тортганида;

ишончли бошқарувчи ўзининг мажбуриятларини тегишли даражада бажармаган тақдирда шартнома суднинг қарорига мувофиқ бекор қилинганида;

қонунда ёки шартномада назарда тутилган бошқа асосларга кўра.

Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси бекор қилинганида ишончли бошқаришда бўлган мол-мулк, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бошқарув муассисига топширилади.

Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси тарафлардан бирининг ташаббуси билан бекор қилинганида иккинчи тараф, агар шартномада бошқача муддат белгиланган бўлмаса, камида уч ой олдин бундан хабардор қилиб қўйилиши керак.
















































Время: 0.1324
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск