ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Кредитлаш / Микрокредитлаш. Фермер хўжаликлари ва кичик корхоналарга кредит бериш /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.09.2001 й. 367-сон "Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан микрокредит бериш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
10.09.2001 й.
N 367
ЕВРОПА ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ
БАНКИ БИЛАН МИКРОКРЕДИТ БЕРИШ
ДАСТУРИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА
ДОИР ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Кичик ва ўрта бизнесни, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун халқаро молиявий институтлар ва ташкилотларнинг кредит ресурсларини кенг жалб этиш, кредит беришнинг янги шакллари ва усулларини жорий этиш, тадбиркорлик тузилмаларининг молиявий маблағлар олишини кенгайтириш ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида микрокредит бериш дастурини амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг техник кўмагида "Ипак йўли" акциядорлик-инвестиция-тижорат банки ва "Ҳамкорбанк" акциядорлик-тижорат банки орқали Кичик тадбиркорлик субъектларига микрокредит бериш бошланғич дастури амалга оширилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг микрокредит бериш дастури доирасини кенгайтириш ва кичик тадбиркорлик субъектларини маблағ билан таъминлашга 20 млн. АҚШ доллари миқдорида (биринчи транш) кредит линиясини очиш тўғрисидаги таклифи;
маҳаллий хом ашё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, хизматлар кўрсатиш соҳасида кичик ишлаб чиқаришларни ривожлантиришни, қўшимча иш ўринлари ташкил этишни, меҳнатга яроқли аҳоли кўп бўлган минтақаларда кичик бизнесни ривожлантиришни, шунингдек республика хотин-қизларининг иш билан банд бўлмаган қисми ўртасида касаначиликни қўллаб-қувватлашни ўз ичига олувчи микрокредит бериш дастурининг асосий йўналишлари маъқуллансин.
3. Белгилансинки:
кичик тадбиркорлик субъектларига Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кредит линияси маблағлари ҳисобига микрокредит бериш Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан танлаб олинган тижорат банклари орқали миллий валютада амалга оширилади;
эркин алмаштириладиган валютадаги кўрсатиб ўтилган кредит линияси маблағларини миллий валютага конвертация қилиш тижорат банклари томонидан уларни биржадан ташқари валюта бозорида сотиш йўли билан амалга оширилади;
микрокредитлар бир қарз олувчига 5000 АҚШ долларига тенг миққдордан ортиқ бўлмаган миқдорда берилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг микрокредит бериш дастурида қатнашаётган тижорат банкларига кичик тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларни тўлдириш учун нақдинасиз шаклда, шунингдек фақат нақд шаклда қайтариш шарти билан нақд маблағларда микрокредитлар бериш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий алоқалар иа хорижий инвестициялар департаменти Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Ўзбекистон Банклар уюшмаси билан биргаликда кичик, хусусий тадбиркорлик субъектларига микрокредит беришнинг кенг кўламли дастурини амалга оширишга тижорат банкларини қўшимча жалб этиш тўғрисидаги масалани Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ишлаб чиқсин.
6. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ўз норматив ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштириш;
микрокредит бериш дастурида қатнашувчи тижорат банкларига кредитларни, айниқса нақд шаклда берилган кредитларни қайтариш устидан қатъий назорат ўрнатиш тавсия этилсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. Каримов
"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2001 й., N 9, 53-модда.