Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Суд тизими. Суд таркиби. Судьяларни танлаш ва тайинлаш. Халқ маслаҳатчилари /

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 2006 йил 17 мартдаги ПФ-3725-сон Фармонига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2006 йил 17 мартдаги

ПФ-3725-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш

бўйича олий малака комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) фаолиятини тартибга солади.


2. Комиссия суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш сиёсатини, суд кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйиш тамойилларини янада демократлаштиришни амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги доимий ишловчи орган ҳисобланади.


3. Комиссия зиммасига судлар фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари судьяларини танлаш ва лавозимларга тавсия этиш вазифалари юкланади.


4. Комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар сиёсатини рўёбга чиқаришга қаратилган фармон, қарор ва фармойишлари ҳамда мазкур Низом асосида судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши тамойилларига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширади.



II. КОМИССИЯНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: судьяларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг демократик асосларини такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

судья кадрларни танлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг тасдиғига тақдим этишда қонунийликни таъминлаш;

судьялар мустақиллиги ва уларнинг ижтимоий муҳофазасини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

судьялик лавозимларига кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш борасидаги ишларни яхшилаш ҳамда судья кадрларни тарбиялаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

судьяликка номзодларни танлаб олишнинг ҳуқуқий негизини такомиллаштириш, уларнинг касб маҳоратини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

судья кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича ишларнинг очиқ-ойдинлиги ва ошкоралигини, бу ишнинг вертикал бўйича ҳисобот берилишини таъминлаш, шунингдек бу соҳада хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш;

судьялар захирасини шакллантириш, уларни танлаш ва номзодларни лавозимларга тақдим этиш масалалари бўйича судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;

судлар фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш;

судьяларни танлаш ва тайинлаш борасида илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва Комиссиянинг иш амалиётига татбиқ этиш.



III. КОМИССИЯНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ


6. Қўйилган вазифаларни бажариш учун Комиссияга қуйидаги ваколатлар берилади:

тақдим этилган номзодларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ва Тошкент шахар хўжалик судлари судьяси лавозимларига муносиблигини аниқлайди ҳамда мазкур масала бўйича хулосалар беради;

фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари, ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари судьялари лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади;

фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари, ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари судьялари ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси судлари, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди судьяларининг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги тақдимномаларни (материалларни) кўриб чиқади ва улар юзасидан хулосалар беради;

судья кадрларнинг захирасини шакллантириш ва ундан самарали фойдаланиш борасидаги ишларнинг ташкил этилишини таъминлайди;

номзодларни ўрганишнинг турли усулларидан фойдаланади (суҳбатлашиш, мустақил экспертлар томонидан синаб кўриш, топширилган муаммо бўйича мавзуга оид рефератлар тайёрлаш, тезкор савол-жавоблар ўтказиш ва ҳоказолар);

судья кадрлар билан ишлашдаги камчиликлар хусусида тақдимномалар, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;

судьялар малака ҳайъатларининг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар беради;

Комиссия зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Судьялар уюшмаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, бошқа муассасалар ва ташкилотлар, жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик қилади.


7. Комиссия ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш чоғида судьяларнинг малака ҳайъатлари билан ҳамкорлик қилади:

судьяларнинг малака ҳайъатлари томонидан тақдим этилган номзодлар захирасини шакллантириш, уларни танлаб олиш ва номзодларни судьялик лавозимларига тавсия этиш масаласини ҳал қилиш учун зарур бўлган материалларни (аризалар, билдирилган фикрлар, хулосалар, маълумотномалар ва бошқа ҳужжатларни) кўриб чиқади;

судьялар захирасини шакллантириш, танлаб олиш ва лавозимларга тавсия этиш масалалари бўйича судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолиятини вақти-вақти билан ўрганади.

судья кадрлар билан ишлаш тўғрисида судьялар малака ҳайъатлари раисларининг ҳисоботини мунтазам равишда тинглаб боради ва судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар беради;

судьяларнинг малака ҳайъатларидан судьялик лавозимларига бўш ўринлар мавжудлиги ҳакидаги, судья кадрларнинг захираси қандай шакллантирилаётгани тўғрисидаги ахборотни, Комиссия олдида турган вазифаларни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа ахборотни талаб қилиб олади;

судьяларнинг малака ҳайъатларига судья кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ушбу соҳада халқаро тажрибани ўрганиш ва ундан фойдаланиш борасидаги ишларни ташкил қилиш билан боғлиқ бошқа топшириқларни беради.



IV. СУДЬЯЛАР ЗАХИРАСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА СУДЬЯЛИК ЛАВОЗИМИГА НОМЗОДЛАРНИ

ТАНЛАШ ТАРТИБИ


8. Захирани шакллантириш ва судьялик лавозимларига тақдим этиш учун номзодларни танлаш бўйича ишлар судьяларнинг малака ҳайъатлари томонидан амалга оширилади.

мазкур банднинг учинчи хатбошида кўрсатилган лавозимлардан ташқари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, ҳарбий судлар судьялигига номзодларнинг захирасини шакллантириш судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялигига, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси олий судларининг, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси ва раис ўринбосарлари лавозимига номзодлар захирасини шакллантириш Олий малака ҳайъати томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судларининг судьялигига номзодлар захирасини шакллантириш Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати томонидан амалга оширилади.


9. Умумий юрисдикция судларининг малака ҳайъатларига тегишлича фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раислари раҳбарлик қиладилар.

Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати раиси Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари судьялари орасидан сайланади.

Умумий юрисдикция судларининг олий малака ҳайъати раиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари орасидан сайланади.


10. Фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, округ ва ҳудудий ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судларининг судьялигига (хўжалик судлари раислари ва раис ўринбосарлари бундан мустасно) номзодларнинг захирасини шакллантириш учун судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари ўзларини захирага киритиш ёки судьяларнинг аниқ бўш лавозимларини эгаллаш истагини билдирган шахслардан аризаларни қабул қиладилар. Аризага кадрларни ҳисобга олиш шахсий варағи, таржимаи ҳол, олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом нусхаси, меҳнат дафтарчасидан кўчирма, охирги иш жойидан тавсифнома илова қилинади. Ўзбекистон Республикасининг йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотли, мутахассислиги бўйича иш стажи камида уч йил бўлган фуқаролари судьяликка номзодлар захирасига киритилишлари мумкин. Судланган шахслар судьяликка номзодлар захирасига қабул қилинишлари мумкин эмас.

Бошқа судьялик лавозимларига захирани шакллантириш белгиланган тартибда тегишли малака ҳайъатлари томонидан амалга оширилади.


11. Ушбу Низомнинг 10-банди талабларига риоя этилган тақдирда, аризалар қабул қилинишини рад этишга йўл қўйилмайди.

Аризани қабул қилишни рад этиш хусусида Комиссияга шикоят қилиниши мумкин.


12. Аризаларни қабул қилиш ва рўйхатга олиш, ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини текшириш ишларини судьялар малака ҳайъатининг масъул котиби амалга оширади.


13. Судьяларнинг малака ҳайъатлари номзодларнинг касбий, ахлоқий ва ишчанлик фазилатларини ўрганиб чиқишни ташкил этадилар ҳамда ҳужжатлар келиб тушган пайтдан бошлаб кечи билан икки ой муддатда малака имтиҳонларини ўтказадилар, шу имтиҳонларнинг натижалари бўйича уларни судьяликка номзодлар захирасига киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисида қарор чиқарадилар.

Судьяларнинг малака ҳайъатлари энг яхши тайёргарлик кўрган, юқори малакали юристлар - судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, муассасалар ва ташкилотларнинг ходимларини номзодлар захирасига киритадилар.

Малака ҳайъатларининг мажлисларида тегишлича фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси олий судларининг, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг, ҳарбий судларнинг, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судларининг судьялари иштирок этишлари мумкин, улар судьялик лавозимига ҳар бир номзод бўйича ўз фикрини билдиришга, малака ҳайъатининг қарорига қўшилмаган тақдирда эса ўз фикрини ёзма равишда Комиссияга юборишга ҳақлидирлар.

Захирага киритилган шахслар хусусидаги маълумотлар судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан Комиссияга йўлланади.


14. Судьяларнинг малака ҳайъатлари захирада бўлган ва илк бор фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, округ ва ҳудудий ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судларининг судьяси лавозимларига тақдим этилаётган шахсларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида махсус курсларда ўқитишни ташкил этади. Мазкур махсус курсларни тамомлаганлиги тўғрисидаги сертификат, у берилган кундан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади.


15. Судьялик лавозими бўшаб қолган тақдирда судьяларнинг тегишли малака ҳайъати судьялик лавозимига захирада турган шахсларни хабардор қилади. Шу билан бирга 14-бандда назарда тутилган судьялик лавозимига илк бор тақдим этилаётган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази махсус курсларини тугатганлиги тўғрисидаги сертификатга эга бўлган тақдирдагина хабардор қилинади.

Бўшаб қолган судьялик лавозимини эгаллаш учун танлаб олишда иштирок этиш истагини билдирган шахслар малака имтиҳонини топширадилар, ана шу имтиҳон натижалари бўйича судьяларнинг малака ҳайъати уларнинг судьялик лавозимига муносиб ёки муносиб эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади.


16. Судьяларнинг малака ҳайъати бўш судьялик лавозимига тавсия этилган камида икки номзодга доир ҳужжатларни Комиссияга йўллайди.


17. Ваколат муддатлари тугаётган судьяларни янги муддатга тақдим этиш тўғрисидаги масала судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан кўриб чиқилади. Судьялар малака ҳайъатининг мазкур шахслар лавозимга муносиблиги ёки муносиб эмаслиги тўғрисидаги ҳамда уларни янги муддатга тайинлаш мумкинлиги ҳақидаги қарори ваколат муддати тугашига камида уч ой қолганда Комиссияга юборилади.

Комиссия судьяларнинг ваколат муддати тугашидан камида бир ой олдин уларни янги муддатга тақдим этиш тўғрисидаги ҳужжатлар кўриб чиқилишини таъминлайди.


18. Судьялар малака ҳайъатларининг раислари Комиссияга тақдим этиладиган судья кадрларга оид ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва сифати учун шахсан жавобгар бўладилар.

Комиссия мунтазам равишда судьялар малака ҳайъатлари раисларининг судья кадрлар билан ишлаш аҳволи тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб боради. Судья кадрлари заҳирасини шакллантириш ва танлаш чоғида малака ҳайъатларининг фаолиятида таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш каби ҳамда бошқа қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган тақдирда Комиссия тегишли малака ҳайъатининг раисини эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган даражада интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимнома киритишга ҳақли.



V. КОМИССИЯ ИШИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


19. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Олий суди, Олий хўжалик суди, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар, шунингдек жамоатчилик вакилларидан шакллантирилади.


20. Комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан ўн етти кишидан иборат таркибда тузилади ҳамда Комиссия раиси, раис ўринбосари ва аъзолардан ташкил топади.

Комиссия раиси ва унинг ўн бир нафар аъзоси беш йил муддатга тасдиқланади ва ўз фаолиятларини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.

Комиссия раисининг ўринбосари ва тўрт нафар аъзоси ўз фаолиятларини доимий асосда амалга оширадилар.


21. Комиссия раиси Комиссиянинг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади ва Комиссия зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавобгардир.

Комиссия раиси:

Комиссия фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;

Комиссия мажлисларини чақиради ва унга раислик қилади;

Комиссия ваколатига тегишли бўлган масалаларни кўриб чиқиш учун киритади;

Комиссиянинг ижроия аппарати ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Комиссия раиси бўлмаган пайтларда унинг вазифасини ўринбосари амалга оширади.


22. Комиссия раисининг ўринбосари:

Комиссиянинг ижроия аппарати фаолиятида, шунингдек унинг молиявий-хўжалик фаолиятида ташкилий раҳбарликни амалга оширади;

Комиссия раиси бўлмаганда Комиссия мажлисларига раислик қилади;

Комиссия қарорлари бажарилишини назорат қилиш ишларини ташкил этади;

доимий асосда фаолият юритувчи Комиссия аъзоларидан ташқари, Комиссия ижроия аппарати ходимларини Комиссия қарорига асосан лавозимларга тайинлайди ва озод этади;

Комиссия штатлар жадвалини тасдиқлайди;

буйруқ ва фармойишлар чиқаради;

фуқароларни қабул қилади ҳамда шикоят ва аризаларни кўриб чиқиш ишларини ташкил этади;

қонун ҳужжатлари ва Комиссия қарорларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


23. Комиссия фаолияти Комиссия аъзоларининг коллегиаллиги ва тенг ҳуқуқлилиги, Комиссия ваколатига кирувчи масалаларнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ҳал этилишини таъминлаш тамойилларига асосланади.


24. Комиссия қонунга асосан кадрларни судьялик лавозимларига тайинлашга тавсиянома тайёрловчи охирги босқич ҳисобланади.


25. Комиссия судья кадрлар захирасини шакллантириш ва ундан самарали фойдаланиш борасида судьялар малака ҳайъатларининг фаолияти назорат қилиниши ва мувофиқлаштирилишини таъминлайди.

Комиссия вақти-вақти билан жойларга чиқиб судьялар малака ҳайъатлари томонидан кадрлар захирасини шакллантириш ва танлаш бўйича ишларнинг аҳволини текшириб туради.


26. Комиссия мажлислари унинг ваколатига кирувчи масалаларнинг тайёрланишига қараб, одатда бир ойда камида икки марта ўтказилади.

Комиссия аъзоларининг кўпчилиги иштирок этган тақдирда комиссиянинг мажлиси ваколатли, деб ҳисобланади.

Судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тавсия этиш масалалари Комиссия мажлисларида кўриб чиқилаётганда номзодни тақдим этаётган тегишли судьялар малака ҳайъатининг раиси маслаҳат овози билан қатнашиши мажбурийдир.

Комиссия мажлисининг баённомаси Комиссия котибияти ходими томонидан юритилади ва Комиссия раиси томонидан имзоланади.


27. Судьялик лавозимларига кадрлар бўйича таклифлар Комиссия томонидан кўриб чиқиш учун бўш судьялик лавозимига камида икки номзоддан иборат ҳолда муқобиллик асосида киритилади.

Комиссия мажлисида муҳокама этилаётган номзоднинг шахсий ва касбий сифатлари тўғрисида доимий асосда фаолият юритувчи Комиссия аъзосининг ахбороти тингланади.

Комиссия судья кадрлар бўйича тақдим этилган материалларни ўрганиш ва суҳбатлашиш йўли билан судьяликка номзодларни танлаб олади, уларнинг касб маҳорати даражасини, маънавий фазилатларини (ҳалоллиги ва виждонини сотмаслигини), қобилиятини, шунингдек ҳуқуқ соҳасидаги тегишли тайёргарлиги ва малакасини аниқлайди.

Судья кадрларни танлаш ва тавсия этиш бўйича Комиссия фаолиятини ташкил қилиш регламент билан белгиланади.


28. Қарор мажлисда иштирок этаётган Комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Номзодга овоз бериш чоғида Комиссия аъзоларидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди.

Комиссия мажлисида қуйидаги қарорлар қабул қилиниши мумкин:

номзоднинг тақдим этилган судьялик лавозимига муносиблиги тўғрисида;

номзоднинг тақдим этилган судьялик лавозимига номуносиблиги тўғрисида;

номзоднинг кейинчалик бўш лавозимга тақдим этиш ҳуқуқи билан судьялик лавозими захирасида қолдирилиши тўғрисида;

судьялик лавозимига тақдим этилган номзоднинг ҳужжатларини профессионал, ахлоқий ва шахсий фазилатларини қўшимча ўрганиш учун қайтариб юбориш тўғрисида.

Комиссиянинг қарори хулоса тарзида расмийлаштирилади ва мажлисда қатнашган Комиссия аъзолари томонидан имзоланади. Овоз бериш вақтида озчиликни ташкил қилган Комиссия аъзолари хулосани имзолайдилар, уларнинг алоҳида фикри мажлис баённомасига киритилади.


29. Номзодларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари лавозимларига муносиблиги тўғрисида Комиссиянинг хулосаси Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун киритилади.

Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьяларини сайлаш ёки тайинлаш учун Комиссия хулосасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига тақдимнома киритади.

Фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари, ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судларининг судьялари лавозимига номзодлар хусусида Комиссия ўз хулосасига асосланиб, уларни тайинлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимнома киритади.


30. Агар Комиссия номзодни судьялик лавозимига номуносиб ёки унинг ҳужжатларини қўшимча ўрганиш учун қайтариб юбориш лозим деган хулосага келган ҳолларда бир йил муддат ўтгандан кейин ушбу масаланинг такроран кўриб чиқилишига йўл қўйилади. Бу ҳақда хулосага тегишли ёзув киритилади.


31. Комиссиянинг хулосасида Комиссиянинг номи, таркиби ва мажлиснинг вақти, масаласи кўриб чиқилаётган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда уни таърифловчи бошқа маълумотлар, тақдимномани (материалларни) киритган органнинг номи, шунингдек Комиссия томонидан қабул қилинган қарор кўрсатилади.


32. Материаллар тўлиқ бўлмаган ҳолларда, масалани холисона ечиш мақсадида Комиссия уни кўриб чиқишни кейинга қолдириш ҳуқуқига эгадир.



VI. КОМИССИЯНИНГ ИЖРОИЯ АППАРАТИ


А. КОМИССИЯ КОТИБИЯТИ


33. Комиссия Котибияти Комиссия фаолиятини ташкилий ва моддий-техникавий жиҳатдан таъминлаш мақсадида тузилади ҳамда ўз фаолиятида Комиссияга ҳисобот беради.


34. Комиссия Котибияти:

судьяларнинг малака ҳайъатлари томонидан келиб тушадиган таклифларни ҳамда судья кадрлар захирасига киритилган, шунингдек аниқ лавозимга тавсия этилган ҳар бир номзодга оид ҳужжатларни йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш ишларини амалга оширади;

судья кадрлар бўйича статистик, шахсий ҳисобни ва архив ишини юритади;

келиб тушган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини текширади ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Комиссияга топширади;

Комиссияни зарур ахборот-таҳлилий ҳужжатлар билан таъминлайди;

Комиссия топшириғига асосан, судьялар захирасини шакллантириш, уларни танлаш ва лавозимларига тавсия этиш масалалари бўйича судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолиятини ўрганади;

Комиссиянинг бошқа топшириқларини бажаради.


35. Комиссия Котибияти ўз фаолиятини Комиссия томонидан тасдиқланадиган низом асосида олиб боради.


36. Комиссия Котибияти Комиссияга аъзо бўлган раҳбар ва раҳбар ўринбосари, шунингдек тўрт нафар етакчи инспектордан иборатдир.

Комиссия Котибияти раҳбари ва раҳбар ўринбосари ўз лавозимларига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ва озод этилади.

Комиссия Котибияти олий юридик маълумоти бўлган ва қоида тариқасида судларда иш стажи уч йилдан кам бўлмаган ходимлардан шакллантирилади.



Б. СУД ИНСПЕКЦИЯСИ


37. Судларни ҳалол ва малакали кадрлар билан таъминлаш, судьяларни касб бурчи ва хизмат одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилишларини таъминлаш мақсадида Комиссия ҳузурида суд инспекцияси тузилади.

Суд инспекцияси ўз фаолиятида Комиссияга ҳисобот беради.


38. Суд инспекциясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

судьяларнинг қасамёдга риоя этиш ҳолатини таҳлил қилиш;

судьялик одоб-ахлоқи бузилишининг олдини олиш;

судьяларнинг ноқонуний ҳаракати устидан шикоятларни ўрганиш;

судьяларни уларнинг мақоми, шаъни ва қадр-қимматига тажовузлардан ҳимоя қилиш;

судьялик лавозимига илк бор кўрсатилаётган номзодларга тааллуқли материалларни тегишли органлар билан биргаликда ўрганиш;

янги ваколат муддатига тақдим этилаётган судьялар номзоди бўйича хулосалар бериш;

судьялар корпуси барқарорлигини таъминлашга, судьяларни лавозимга сайлаш, тайинлаш ва озод этиш бўйича қонунда белгиланган тартибни амалга оширишга кўмаклашиш;

қонун бузилишига йўл қўйган судьяларга нисбатан тегишли чораларни қўллаш тўғрисида Комиссияга таклифлар киритиш.


39. Суд инспекцияси ўз фаолиятини Комиссия томонидан тасдиқланадиган низом асосида олиб боради.


40. Суд инспекцияси Комиссияга аъзо бўлган раҳбар ва раҳбар ўринбосари, шунингдек тўрт нафар етакчи инспектордан иборатдир.

Суд инспекцияси раҳбари ва раҳбар ўринбосари ўз лавозимларига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ва озод этилади.

Суд инспекцияси олий юридик маълумоти бўлган ва қоида тариқасида судларда иш стажи беш йилдан кам бўлмаган ходимлардан шакллантирилади.


41. Суд инспекцияси ходимлари ўз вазифаларини бажаришда судьяларнинг шаънини ва кадр-қимматини ҳурмат қилишлари, касбга оид сирни сақлашлари шарт.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 12-13-сон, 101-модда.


































Время: 0.1837
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск