Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Уй-жой қонунчилиги /

Ўзбекистон Республикасининг 12.04.2006 й. ЎРҚ-32-сон "Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 22.02.2006 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 24.02.2006 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

12.04.2006 й.

N ЎРҚ-32



ХУСУСИЙ УЙ-ЖОЙ МУЛКДОРЛАРИНИНГ

ШИРКАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2006 йил 22 февралда қабул қилинган

Сенат томонидан 2006 йил 24 февралда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади кўп квартирали уйларда уй-жой фондини биргаликда бошқариш ҳамда уни сақлаш, асраш ва таъмирлашни таъминлаш учун ихтиёрий бирлашма сифатида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Хусусий уй-жой мулкдорларининг

ширкатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.


3-модда. Хусусий уй-жой

мулкдорларининг ширкати

Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкати (бундан буён матнда ширкат деб юритилади) кўп квартирали битта ёки яқин, зич жойлашган, ободонлаштириш элементлари бўлган умумий ер участкаси билан қамраб олинган бир нечта уйдаги хусусий турар жойлар мулкдорларининг бирлашмасидир.

Ширкат хусусий турар жойлар мулкдорларининг ташаббуси билан ташкил этилади, у нотижорат ташкилоти бўлиб, ўз уставига мувофиқ ўзини ўзи бошқариш асосида фаолият кўрсатади.

Ширкат ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли барча мол-мулк билан жавоб беради ва ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

Ширкат аъзоси ширкатнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.



4-модда. Ширкат фаолиятининг

асосий вазифалари ва принциплари

Ширкат уй-жой фондини биргаликда бошқариш ва уни сақлаш, асраш ва таъмирлашни, кўп квартирали уйдаги турар жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулкидан (бундан буён матнда умумий мол-мулк деб юритилади) фойдаланишни таъминлаш учун ташкил этилади.

Ширкатнинг фаолияти қуйидаги принципларга асосланади:

ихтиёрийлик;

ташкилий ва молиявий жиҳатдан мустақиллик;

ўзини ўзи бошқариш;

очиқлик ва ошкоралик;

ўз ишини бозор механизмларига мувофиқ шартнома асосида ташкил этиш;

коммунал хизматлар ва таъмирлаш хизматлари бозоридаги рақобат;

уй-жой мулкдорлари олдида мунтазам ҳисобот бериш.



5-модда. Кўп квартирали

уйдаги турар жой мулкдори

Кўп квартирали уйдаги турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс кўп квартирали уйдаги турар жой мулкдоридир (бундан буён матнда жой мулкдори деб юритилади).

Жой мулкдори умумий мол-мулкка нисбатан улушли мулк иштирокчисидир.


6-модда. Кўп квартирали уйдаги яшаш

учун мўлжалланмаган жой мулкдори

Кўп квартирали уйдаги яшаш учун мўлжалланмаган жойга нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс кўп квартирали уйдаги яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдоридир.

Яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдори умумий мол-мулкка нисбатан улушли мулк иштирокчисидир.

Кўп квартирали уйдаги яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдори умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда зиммасига олиши шарт.

Яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдорининг умумий харажатлардаги иштироки улуши уйнинг умумий майдонидаги мулкдорга қарашли яшаш учун мўлжалланмаган жой майдонига мутаносиб равишда белгиланади.

Ширкатнинг кўп квартирали уйдаги яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдори билан муносабатлари улар ўртасида мажбурий тартибда тузиладиган шартнома билан тартибга солинади.

Кўп квартирали уйдаги яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдори шартнома тузишдан бўйин товлаган тақдирда, ширкат шартнома тузишга мажбурлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этишга ҳақли.



7-модда. Ширкатларни давлат

томонидан қўллаб-қувватлаш

Давлат ширкатларнинг ва ширкат аъзоларининг ҳуқуқлари таъминланиши ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди, ширкатларнинг ривожланиши ва мустаҳкамланишига кўмаклашади.

Ширкатлар фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

уй-жой соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан стандартлар қабул қилиш;

коммунал хизматларга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш;

уй-жой-коммунал соҳасида хизматлар кўрсатишда рақобатни ривожлантириш учун шароитлар яратиш;

имтиёзлар ва кредитлар бериш;

таъмирлаш-тиклаш ишлари учун бюджет ссудалари бериш;

кўп квартирали уйларни сақлаш ва коммунал хизматларга ҳақ тўлашда кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш;

доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкалари бериш;

алоҳида дастурлар қабул қилиш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирлар кўриш.



8-модда. Ширкатларнинг маҳаллий давлат

ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини

ўзи бошқариш органлари билан ўзаро муносабатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ширкатлар билан ўзаро муносабатлари ширкатнинг ўз фаолиятини мустақил амалга оширувчи, уй-жой мулкдорлари ўзини ўзи бошқаришининг ҳақиқий институти сифатидаги мақомидан келиб чиқиб, ортиқча йўл-йўриқлар кўрсатмаган ҳолда ташкил этилади.

Ширкатлар ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг ташкил этилиши, кўп квартирали уйларда яшовчиларнинг уй-жой фондида яшаш қоидаларига риоя этиши масалалари ҳамда биргаликда ҳал этишни талаб қиладиган бошқа масалаларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилади.



9-модда. Ширкатлар бирлашмалари

Ширкатлар ўз фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, тажриба алмашиш, умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш, ширкатларнинг давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда фаолиятининг бошқа умумий масалаларини ҳал этиш мақсадида уюшмаларга (иттифоқларга) бирлашишга ҳақлидир.

Кўп квартирали уйларни бошқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳам ширкатларнинг уюшмаларига (иттифоқларига) кириши мумкин.


2-БОБ. ШИРКАТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ.

ШИРКАТНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

10-модда. Ширкатни ташкил этиш тартиби

Ширкатни ташкил этиш тўғрисидаги қарор кўп квартирали битта ёки яқин, зич жойлашган бир нечта уйдаги жойлар мулкдорларининг кўп квартирали ҳар бир уйдаги барча жой мулкдорларининг ёки улар вакилларининг эллик фоизидан кўпи ҳозир бўлган умумий йиғилишида қабул қилинади.

Жой мулкдорларининг умумий йиғилиши исталган жой мулкдорининг ташаббуси билан чақирилади.

Ширкатни ташкил этиш тўғрисидаги қарор, агар барча жой мулкдорларининг эллик фоизидан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Кўп квартирали яқин, зич жойлашган бир нечта уйдаги жой мулкдорларини бирлаштирадиган ширкат ташкил этилаётганда ана шу уйларнинг ҳар биридаги жой мулкдорларининг эллик фоизидан кўпининг розилиги олинган бўлиши керак. Жой мулкдорларининг умумий йиғилишга ёзма шаклда берилган овозлари, агар унда ширкатни ташкил этиш масаласи бўйича мулкдорнинг қарори ва унга қарашли жой манзили кўрсатилган бўлса, ҳисобга олинишига йўл қўйилади.

Жой мулкдорларининг ташкилий умумий йиғилиши, қоида тариқасида, қуйидаги кун тартиби билан ўтказилади:

ширкатни ташкил этиш тўғрисида;

ширкатнинг уставини тасдиқлаш тўғрисида;

ширкат бошқаруви раиси ва аъзоларини сайлаш тўғрисида;

ширкатнинг тафтиш комиссиясини сайлаш тўғрисида.

Жой мулкдорларининг ташкилий умумий йиғилишида ширкатни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

Жой мулкдорлари ташкилий умумий йиғилишининг овоз бериш натижалари ҳамда ёзма шаклда берилган овозлар сони кўрсатилган баённомасини йиғилиш раиси ва котиби имзолайди.



11-модда. Ширкат устави

Ширкатнинг уставида қуйидагилар бўлиши керак:

ширкатнинг тўлиқ номи, фаолиятининг соҳаси ва мақсади, жойлашган ери (почта манзили);

жой мулкдорлари ширкатга бирлашган кўп квартирали уйнинг (уйларнинг) манзили;

ширкатнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

ширкат аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

мажбурий бадалларнинг миқдорларини белгилаш ва ширкат аъзолари томонидан уларни тўлаш тартиби;

умумий мол-мулкни, ширкатнинг ер участкасини ва мол-мулкини ҳамда бошқа фаолиятини бошқариш тартиби;

ширкатнинг бошқариш органлари ва тафтиш комиссиясининг миқдор таркиби ҳамда сайланиш муддати тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг ваколатлари, қарорлар қабул қилиш тартиби.

Ширкат уставида ширкат фаолияти билан боғлиқ бўлган, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.

Ширкатнинг намунавий устави Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


12-модда. Ширкатни давлат

рўйхатидан ўтказиш

Ширкат давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс мақомига эга бўлади.

Ширкатни давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида амалга оширилади.


13-модда. Ширкатга аъзолик

Жой мулкдорлари - юридик ва жисмоний шахслар ширкат аъзолари бўлади.

Жой бошқа шахсга берилган тақдирда, унинг мулкдори - ширкат аъзоси янги мулкдорни ўзининг ширкат аъзоси эканлиги ҳамда ширкат уставида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгалиги, бу ҳуқуқ ва мажбуриятлар янги мулкдорга ўтиши ҳақида хабардор қилиб қўйиши шарт.

Ширкат ташкил этилган уйдан жой олган шахслар ўзларида шу жойга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келган пайтдан эътиборан ширкат аъзоси бўлади.



14-модда. Ширкатга аъзоликнинг тугатилиши

Ширкатга аъзолик қуйидаги ҳолларда тугатилади:

жойга бўлган мулк ҳуқуқи бекор қилинганда;

айрим кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг кўпчилиги томонидан ширкатдан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинганда;

ширкат тугатилганда.


15-модда. Ширкатнинг ҳуқуқлари

Ширкат қуйидаги ҳуқуқларга эга:

умумий мол-мулкни, ширкатнинг ер участкасини ва мол-мулкини сақлаш усулини белгилаш;

ширкатнинг йиллик даромадлар ва харажатлар сметасини белгилаш;

ширкат аъзоларининг мажбурий бадаллари миқдорларини белгилаш;

умумий мол-мулкни ва ширкатнинг мол-мулкини бошқариш, уларга хизмат кўрсатиш ҳамда уларни таъмирлаш, шунингдек коммунал ва бошқа хизматлар кўрсатиш учун юридик ҳамда жисмоний шахслар билан танлов асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ шартномалар тузиш;

умумий мол-мулкдан, ширкатнинг ер участкасидан ва мол-мулкидан фойдаланиш қоидаларини уставда назарда тутилган тартибда белгилаш;

банкларнинг кредитларидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва шартларда фойдаланиш;

ўз мол-мулкини, шу жумладан, айланма маблағларини қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил тасарруф этиш;

ер участкаларини доимий фойдаланиш учун белгиланган тартибда олиш;

ер участкасида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ хўжалик бинолари ва бошқа иморатлар қуриш;

мулкдорнинг жойи ичидаги умумий мол-мулкнинг ҳолатини назорат қилиш, унга хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш мақсадида мулкдорни олдиндан хабардор қилгач, мулкдорнинг жойига унинг борлигида кириш ёки авария юз берган тақдирда белгиланган тартибда дарҳол кириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мол-мулк олиш, ширкатнинг мол-мулкини сотиш, топшириш, айирбошлаш, ижарага бериш, балансдан чегириб ташлаш;

ширкат аъзоларига ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз устав мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;

маблағлари ширкат уставида назарда тутилган мақсадларга сарфланадиган махсус фондларни ташкил этиш.

Ширкат умумий мол-мулкни асрашни таъминлаш мақсадида мулкдорларнинг жойларини белгиланган тартибда қайта қуриш, ўзгартириш, қайта жиҳозлашни келишиб олишни амалга оширади.

Ширкат қонун ҳужжатларига ва ширкатнинг уставига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



16-модда. Ширкатнинг мажбуриятлари

Ширкат:

умумий мол-мулк, ширкатнинг ер участкаси ва мол-мулки белгиланган қоидалар, нормалар ҳамда стандартларга мувофиқ асралиши ва сақланишини таъминлаши;

тегишли ҳудудда жисмоний ва юридик шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойлардан фойдаланилиши, шу жумладан, паспорт режимига риоя этилиши, яшаётган шахсларнинг ҳисобга олиниши ва тегишли шартномаларнинг мавжудлиги юзасидан назоратни амалга оширишда ички ишлар органларига ёрдам кўрсатиши;

ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ва жой мулкдорлари йиғилишларининг қарорлари бажарилишини таъминлаши;

мажбурий бадаллар ва тўловлар ўз вақтида келиб тушишини таъминлаши;

ҳар йили умумий мол-мулкни сақлаш ишлари режасини, шу жумладан, кўп квартирали ҳар бир уй учун шундай режани белгилаши ва унинг ижросига доир ҳисобот тузиши;

ҳар йили ширкатнинг даромадлар ва харажатлар сметаси ҳамда унинг ижросига доир ҳисобот тузиши, шу жумладан, кўп квартирали ҳар бир уй бўйича шундай смета ва ҳисобот тузиши;

умумий мол-мулкдан фойдаланиш шартлари ва тартиби белгиланаётганда барча ширкат аъзоларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаши;

қонун ҳужжатларида ва ширкат уставида назарда тутилган ҳолларда, учинчи шахслар билан умумий мол-мулкни сақлаш, унга эгалик қилиш ҳамда ундан фойдаланиш, коммунал хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ муносабатларда ширкат аъзоларининг манфаатларини ифодалаши шарт.

Ширкатнинг зиммасида қонун ҳужжатларига ва ширкат уставига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



17-модда. Ширкатни қайта

ташкил этиш ва тугатиш

Ширкатни қайта ташкил этиш қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш ва ажратиб чиқариш шаклида амалга оширилиши мумкин.

Ширкатни қайта ташкил этиш ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ширкат аъзоларининг эллик фоизидан кўп овози билан қабул қилган қарорига биноан амалга оширилади.

Қайта ташкил этилаётган ширкатнинг мол-мулкини ажратиб ёки бўлиб бериш ширкат аъзоларининг ширкат мол-мулкини шакллантиришдаги иштирокига мутаносиб тарзда амалга оширилади.

Ширкат қайта ташкил этилаётганда умумий мол-мулкка тааллуқли техник ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиб олиш-топшириш амалга оширилади.

Ширкатни тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

Ширкат тугатилаётганда ширкатнинг кредиторлар талаблари қаноатлантирилганидан кейин қолган мол-мулки ширкат аъзолари ўртасида ширкат аъзоларининг ширкат мол-мулкини шакллантиришдаги иштирокига мутаносиб тарзда тақсимланади.


3-БОБ. ШИРКАТНИ БОШҚАРИШ

18-модда. Ширкатнинг бошқариш органлари

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ва ширкат бошқаруви ширкатнинг бошқариш органларидир.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ширкатнинг олий органидир.

Бошқарув ширкатнинг ижро этувчи органи бўлиб, ширкат аъзоларининг умумий йиғилишига ҳисобдордир.


19-модда. Ширкат аъзолари умумий

йиғилишининг ваколатлари

Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатларига қуйидагилар киради:

ширкат уставини тасдиқлаш ҳамда унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

ширкатнинг бошқарувини, бошқарув раисини ва тафтиш комиссиясини сайлаш ҳамда уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

умумий мол-мулкни ва ширкат мол-мулкини бошқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш усулини танлаш;

умумий мол-мулкни, ширкатнинг ер участкасини ва мол-мулкини сақлаш ишларининг йиллик режасини ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш;

ширкатнинг йиллик даромадлар ва харажатлар сметасини ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш;

ширкат аъзолари мажбурий бадалларининг миқдорини тасдиқлаш;

бошқарувчиликка (ижрочи директорликка) номзодни ёки бошқарувчи ташкилотни тасдиқлаш;

ширкат бошқаруви раисига, аъзоларига ва тафтиш комиссияси аъзоларига тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаш;

ширкат ходимларининг, шу жумладан, бошқарувчининг (ижрочи директорнинг) иш ҳақи миқдорини ва уларни тақдирлаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;

ширкатнинг махсус фондларини тузиш ва улардан маблағлар сарфлаш тартибини белгилаш;

умумий мол-мулкдан, ширкатнинг ер участкасидан ва мол-мулкидан фойдаланиш қоидаларини белгилаш;

ширкат аъзоларининг ширкат бошқаруви раиси, аъзолари ҳамда тафтиш комиссияси фаолиятига тааллуқли ариза ва шикоятларини кўриб чиқиш;

кўп квартирали уйдаги жойларни қайта қуриш, ўзгартириш ва қайта жиҳозлашни келишиб олиш тартибини белгилаш;

умумий мол-мулкни ижарага бериш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

хўжалик бинолари ва бошқа биноларни қуриш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

қарз маблағлари олиш, шу жумладан, банк кредитлари олиш, шунингдек битта уйдаги жой мулкдорларининг маблағларини ширкатдаги бошқа уйнинг эҳтиёжлари учун олиб туриш (қайта тақсимлаш) тўғрисида қарор қабул қилиш;

ширкатнинг тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромаддан (фойдадан) фойдаланиш йўналишларини белгилаш;

ширкатларнинг уюшмаларига (иттифоқларига) ва бошқа бирлашмаларга кириш ҳамда улардан чиқиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

ширкатни қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

бошқарув раиси ва бошқарувчи (ижрочи директор) ширкат аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этмаган тақдирда, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг бошқарув раисини чақириб олиш ҳамда бошқарувчини (ижрочи директори) лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги таклифларини, шунингдек ана шу лавозимларга номзодлар бўйича тавсияларини кўриб чиқиш.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ваколатига қонун ҳужжатларига ва ширкат уставига мувофиқ бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.


20-модда. Ширкат аъзоларининг умумий

йиғилишини чақириш ва олиб бориш тартиби

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши йилига камида бир марта ширкат уставида белгиланган тартибда чақирилади.

Ширкат аъзоларининг ҳар йилги умумий йиғилиши молия йили тугаганидан кейин олтмиш кундан кечиктирмай чақирилади.

Ширкат аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бошқарувнинг, ширкатда камида ўн фоиз овозга эга бўлган ширкат аъзоларининг ташаббусига, шунингдек тафтиш комиссиясининг талабига биноан чақирилиши мумкин.

Ширкат қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйган тақдирда ширкат аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан чақирилиши мумкин.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ўтказиладиган жой, сана, вақт, йиғилиш кун тартиби ҳақида ширкат аъзоларини хабардор қилиш ширкат уставида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Агар ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши кун тартибига умумий мол-мулкни сақлаш ишларининг режаларини, даромадлар ва харажатлар сметаларини, уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни, мажбурий бадаллар миқдорларини кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш киритилган бўлса, ширкат бошқаруви умумий йиғилиш ўтказилгунига қадар ширкат аъзоларига мазкур ҳужжатларнинг лойиҳалари билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши шарт. Бундай танишиш тартиби ширкатнинг уставида белгиланади.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши, агар йиғилишда ширкат аъзоларининг ёки улар вакилларининг эллик фоизидан кўпроғи ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади. Биттадан ортиқ уйдаги жой мулкдорларини бирлаштирган ширкатлардаги йиғилишда кўп квартирали ҳар бир уйдаги жой мулкдорларининг ёки улар вакилларининг камида эллик фоизи ҳозир бўлиши керак.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишини оддий кўпчилик овоз билан сайланадиган йиғилиш раиси олиб боради.

Ширкатнинг ҳар бир аъзоси умумий йиғилишда бир овозга эга бўлади.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши баённома билан расмийлаштирилади. Баённома йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланади.



21-модда. Ширкат аъзосининг ширкат

аъзолари умумий йиғилишидаги вакили

Жой мулкдорининг оддий ёзма шаклдаги ишончномасига эга бўлган шахс ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида ширкат аъзосининг вакили бўлиши мумкин.

Ширкат аъзосининг - жисмоний шахснинг ишончномасида унинг паспортидаги маълумотлар кўрсатилади ва шахсий имзоси билан тасдиқланади. Ширкат аъзосининг - юридик шахснинг ишончномаси раҳбарнинг имзоси ва муҳр билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади.

Ишончнома ширкат аъзосининг вакилига ширкат аъзоларининг битта умумий йиғилишида ёки ишончномада кўрсатилган вақт давомида барча йиғилишларида ширкат аъзосининг номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб сўзга чиқиш ҳамда битта йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан ёхуд барча ҳолларда овоз бериш ваколатини бериши мумкин.

Агар бир шахс жой мулкдорларидан бир нечтасининг вакили бўлса, у ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида манфаатларини ифодалаётган ҳар бир ширкат аъзосининг номидан алоҳида-алоҳида овоз беради.


22-модда. Ширкат аъзоларининг умумий

йиғилиши томонидан қарорлар қабул қилиш

Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатига киритилган масалалар бўйича қарор, агар ширкат аъзоларининг эллик фоизидан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади.

Қарор қабул қилинаётганда йиғилиш кун тартибидаги масалалар бўйича ширкат аъзосининг қарори кўрсатилган ва имзоси қўйилган ҳолда йиғилишга ёзма шаклда берилган ширкат аъзоларининг овозлари ҳисобга олиниши ширкат уставида белгилаб қўйилиши мумкин.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида қабул қилинган қарор ширкатнинг барча аъзолари учун мажбурийдир.


23-модда. Ширкатдаги ҳар бир

уйнинг жой мулкдорлари йиғилиши

Ширкат аъзоларининг ҳар йилги умумий йиғилиши ўтказилгунига қадар ширкатдаги ҳар бир уйнинг жой мулкдорлари йиғилишлари ўтказилиши шарт.

Ширкатдаги ҳар бир уйнинг жой мулкдорлари йиғилиши қуйидагиларни тасдиқлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади:

умумий мол-мулкни, ширкатнинг ер участкасини ва мол-мулкини сақлаш ишлари режасининг бир қисми сифатида ҳар бир уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш ишлари режасини;

ширкатнинг даромадлар ва харажатлар сметасининг бир қисми сифатида ҳар бир уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш билан боғлиқ даромадлар ва харажатлар сметасини;

умумий мол-мулкни сақлаш ишлари режаларининг ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг ижросига доир ҳисоботни.

Жой мулкдорларининг йиғилиши қабул қилган қарор мазкур уйдаги барча жой мулкдорлари учун мажбурийдир.



24-модда. Ширкат бошқаруви

Ширкат бошқаруви ширкатнинг жорий фаолиятига раҳбарликни амалга оширади.

Ширкат бошқаруви ширкат аъзолари орасидан ширкат уставида белгиланган таркибда ва муддатга умумий йиғилиш томонидан сайланади.

Ширкат бошқаруви ширкат бошқаруви раиси томонидан ширкат уставида белгиланган муддатларда, лекин ойига камида бир марта чақирилади.

Ширкат бошқарувининг мажлиси унда бошқарув аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли деб топилади.

Ширкат бошқарувининг аъзоси бошқарув мажлисида бир овозга эга бўлади.

Ширкат бошқарувининг қарорлари бошқарув аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Ширкат бошқарувининг мажлиси баённома билан расмийлаштирилади.

Ширкат аъзолари ширкат бошқарувининг мажлисларида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этишлари мумкин.



25-модда. Ширкат бошқарувининг ваколатлари

Ширкат бошқаруви ширкат фаолиятининг барча масалалари юзасидан қарорлар қабул қилишга ҳақли, ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ваколатига киритилган масалалар бундан мустасно.

Ширкат бошқарувининг ваколатларига қуйидагилар киради:

ширкат аъзоларининг умумий йиғилишини ҳамда жой мулкдорлари йиғилишини чақириш ва уларнинг ўтказилишини ташкил этиш;

умумий мол-мулкни, ширкатнинг ер участкасини ва мол-мулкини сақлаш ишлари режасининг лойиҳасини ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тузиш;

ширкатнинг йиллик даромадлар ва харажатлар сметаси лойиҳасини ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тузиш;

ширкат устави талабларининг ва ширкат аъзолари умумий йиғилиши қарорларининг бажарилишини таъминлаш;

бошқарувчиликка (ижрочи директорликка) номзодларнинг ёки бошқарувчи ташкилотнинг танлов асосида танлаб олинишини ташкил этиш;

пудратчиларни танлов асосида танлаган ҳолда умумий мол-мулкка, ширкатнинг мол-мулкига хизмат кўрсатиш ҳамда уларни таъмирлаш учун буюртмачи вазифаларини бажариш;

танлов ғолиби билан умумий мол-мулкни ва ширкат мол-мулкини бошқариш, уларга хизмат кўрсатиш ҳамда уларни таъмирлаш учун шартномалар тузиш;

умумий мол-мулк, ширкатнинг ер участкаси ва мол-мулки асралиши ва сақланиши устидан назорат қилиш;

ускуналар, асбоб-анжомлар ва бошқа моддий бойликларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиш, уларни сотиш, топшириш, айирбошлаш, ижарага бериш, шунингдек уларни ширкатнинг балансидан чегириб ташлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

ички меҳнат тартиби қоидаларини тасдиқлаш;

ширкат аъзоларининг ариза ва шикоятларини кўриб чиқиш;

иш юритиш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини, маблағлар тушуми ҳамда уларни сарфлаш ҳисобини ширкатдаги кўп квартирали ҳар бир уй бўйича алоҳида-алоҳида юритиш;

ширкат аъзолари белгиланган мажбурий бадаллар ва тўловларни ўз вақтида тўлашлари устидан назорат қилиш ҳамда қарздорликни тугатиш чораларини кўриш;

ширкатнинг маблағларини ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши тасдиқлаган ширкат даромадлари ва харажатлари сметасига мувофиқ тасарруф этиш.

Ширкат бошқаруви қонун ҳужжатларига ва ширкат уставига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарорига кўра ширкат бошқарувининг айрим ваколатлари шартномага биноан бошқарувчига (ижрочи директорга) ёки бошқарувчи ташкилотга ўтказилиши мумкин. Ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи, олтинчи, саккизинчи, тўққизинчи, ўнинчи ва ўн бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ваколатлар бошқа шахсга ўтказилиши мумкин эмас.

Ширкат бошқаруви:

уй-жой фондига хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш ишлари танлов асосида тузилган шартномаларга мувофиқ ташкил этилиши;

муҳандислик тармоқлари ва бошқа умумий мол-мулкка талаб даражасида хизмат кўрсатилиши таъминланиши;

таъмирлаш ишларининг белгиланган нормалар ва талабларга мувофиқ сифатли бўлиши ҳамда ўз вақтида бажарилиши;

ширкатнинг маблағларидан уй-жой фондини сақлаш ва таъмирлаш учун мақсадли фойдаланилиши;

ер участкасининг санитария ҳолати талаб даражасида бўлиши, ободонлаштирилиши ва суғориш тармоғининг сақланиши учун ширкат аъзолари олдида жавобгардир.

Ширкат бошқаруви умумий мол-мулкни сақлаш ишлари режаларининг бажарилиши, амалга оширилган ҳамда режалаштирилаётган харажатлар, мажбурий бадаллар ва тўловларнинг йиғими, тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар (фойда) ҳақида ширкат аъзолари олдида мунтазам равишда, уч ойда камида бир марта ҳисобот беради. Ҳисобот тақдим этиш шакли ширкатнинг барча аъзолари учун ҳисоботдан фойдаланиш эркинлигини таъминлаши керак ва у ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши қарори билан белгиланади.


26-модда. Ширкат бошқаруви раиси

Ширкат бошқаруви раиси умумий йиғилиш томонидан ширкат аъзолари орасидан ширкат уставида белгиланган муддатга сайланади.

Ширкат бошқаруви раиси:

ширкат бошқаруви фаолиятига раҳбарлик қилади;

ширкатнинг манфаатларини ифодалайди;

ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ва ширкат бошқарувининг қарорлари бажарилишини таъминлайди;

ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ёки ширкат бошқарувининг қарорларига мувофиқ молиявий ҳужжатларни, шартномаларни имзолайди;

умумий мол-мулкни ва ширкатнинг мол-мулкини бошқариш, уларга хизмат кўрсатиш ҳамда уларни таъмирлаш усуллари бўйича, бошқарувчиликка (ижрочи директорликка) номзод ёки бошқарувчи ташкилот бўйича бошқарув томонидан тайёрланган таклифларни ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши муҳокамасига киритади;

ширкат ходимларининг иш ҳақи миқдори ва уларни тақдирлаш тўғрисидаги низом, ширкатнинг бошқа низомлари ва қоидалари юзасидан таклифларни ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши муҳокамасига киритади;

қонун ҳужжатларига ва ички меҳнат тартиби қоидаларига мувофиқ ширкат ҳодимлари билан меҳнат шартномалари тузади ҳамда уларни бекор қилади.

Ширкат бошқаруви раисининг ушбу модда иккинчи қисмининг тўртинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошиларида назарда тутилган ваколатлари бошқарувчига (ижрочи директорга) ёки бошқарувчи ташкилотга ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши қарорига биноан шартнома бўйича ўтказилиши мумкин.



27-модда. Ширкат тафтиш комиссияси

Ширкат тафтиш комиссияси ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан ширкат аъзолари орасидан камида уч кишидан иборат таркибда кўпи билан икки йил муддатга сайланади.

Ширкат тафтиш комиссияси аъзолари бир вақтнинг ўзида ширкат бошқарувининг аъзолари бўлиши мумкин эмас.

Ширкат тафтиш комиссияси ширкат аъзоларининг умумий йиғилишига ҳисобдордир.

Ширкат тафтиш комиссияси ширкатнинг молия-хўжалик фаолиятини текширади.

Ширкат тафтиш комиссияси ширкат аъзоларининг умумий йиғилишига ширкатнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари тўғрисида ҳар йили ҳисобот тақдим этиши шарт.

Ширкат тафтиш комиссиясининг ширкатнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари тўғрисидаги ҳисоботи ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида кўриб чиқилгунига қадар учинчи шахсларга берилиши мумкин эмас.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ширкатнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун белгиланган тартибда аудиторлик ташкилотини жалб этишга ҳақлидир.


4-БОБ. ШИРКАТДА МУЛК

ҲУҚУҚИ ВА МОЛ-МУЛК

28-модда. Умумий мол-мулк

Кўп квартирали уйнинг умумий жойлари, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўралма) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ва бошқа шахталар, дахлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойлар ташқарисида ёки ичида жойлашган ва биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар ва қурилмалар умумий мол-мулк ҳисобланади.


29-модда. Умумий мол-мулкка

бўлган мулк ҳуқуқи

Умумий мол-мулк жой мулкдорларига умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.

Умумий мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи жой мулкдорининг умумий мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқидаги улушига боғлиқ эмас.

Умумий мол-мулкнинг айрим қисмлари ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши белгилаган тартибда ширкат аъзоларига ёки бошқа шахсларга фойдаланишга берилиши мумкин.

Умумий мол-мулкнинг айрим қисмларидан фақат ўз манфаатлари учун фойдаланувчи ширкат аъзоси ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши белгилаган миқдорда ширкатга ҳақ тўлаши шарт.

Жой мулкдорининг умумий мол-мулкдаги улуши асл ҳолида ажратиб берилиши мумкин эмас.


30-модда. Ширкат аъзоларининг умумий

харажатлари ва мажбурий бадаллари

Жой мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда зиммаларига олишлари шарт.

Умумий харажатлар ширкат аъзоларининг умумий мол-мулкни, ширкатнинг ер участкасини ва мол-мулкини сақлаш билан боғлиқ харажатларидир.

Жой мулкдорининг умумий харажатлардаги иштироки улуши уйнинг умумий майдонидаги мулкдорга қарашли жой майдонига мутаносиб равишда белгиланади.

Ширкат аъзолари умумий харажатларни қоплаш учун ҳар ойда, қоида тариқасида, пул шаклида мажбурий бадаллар тўлайдилар.

Ширкат аъзоларининг мажбурий бадаллари миқдори ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши қарори билан белгиланади.

Айрим ҳолларда ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши жой мулкдори томонидан мажбурий бадалларнинг бир қисмини тўлашнинг пул шаклини унинг умумий харажатлардаги иштирокининг бошқа турларига алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Мулкдорнинг ўзига қарашли жойдан фойдаланмаслиги ёхуд умумий мол-мулкдан фойдаланишдан воз кечиши уни умумий харажатларда тўлиқ ёки қисман иштирок этишдан озод қилмайди.

Жой мулкдори ўзининг умумий харажатлардаги иштироки бўйича мажбуриятини ижара (аренда) шартномаси асосида жойни ижарага (арендага) олувчига ўтказиши мумкин. Жой мулкдори мажбурий бадаллар ва тўловларни тўлаш бўйича мажбуриятлар ижарага (арендага) олувчига ўтказилганлиги тўғрисида ширкатни хабардор қилиши шарт.

Ширкат ва унинг аъзолари ўртасидаги умумий мол-мулкни сақлаш билан боғлиқ ўзаро муносабатлар ушбу Қонун ҳамда ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарорлари билан тартибга солинади.


31-модда. Ширкат аъзоларининг

мажбурий тўловлари

Ширкат аъзолари ўзларига кўрсатилаётган коммунал хизматлар учун тўлайдиган ҳар ойлик тўловлар мажбурий тўловлар ҳисобланади.

Мажбурий тўловларни тўлаш муддати ва уларнинг миқдори қонун ҳужжатларида ҳамда коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналар (ижрочилар) билан тузилган шартномалар асосида белгиланади.



32-модда. Умумий мол-мулкни сақлаш

Умумий мол-мулкни сақлаш умумий мол-мулкнинг лозим даражадаги техник ва санитария ҳолатини таъминлашга қаратилгандир.

Умумий мол-мулкни сақлаш уни бошқаришни, техник ва санитария ҳолатини сақлаб туришни (хизмат кўрсатишни), таъмирлашни ҳамда бу мол-мулкни асрашга ва ундан фойдаланиш бўйича зарур шароитлар яратишга қаратилган бошқа фаолиятни қамраб олади.



33-модда. Умумий мол-мулкни бошқариш

Умумий мол-мулкни бошқариш:

ширкатнинг бошқариш органлари;

бошқарувчи (ижрочи директор) - жисмоний шахс, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркор;

бошқарувчи ташкилот - ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги юридик шахс томонидан амалга оширилиши мумкин.

Бошқарувчи (ижрочи директор) ёки бошқарувчи ташкилот умумий мол-мулкни ширкат билан тузилган шартнома асосида берилган ваколатлар доирасида бошқаради.



34-модда. Умумий мол-мулкка

хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш

Умумий мол-мулкка хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш бўйича фаолият:

ширкат;

жой мулкдорлари;

пудратчилар (юридик ёки жисмоний шахслар) томонидан амалга оширилиши мумкин.

Пудратчилар умумий мол-мулкка хизмат кўрсатишни ва уни таъмирлашни ширкат, бошқарувчи (ижрочи директор) ёки бошқарувчи ташкилот билан тузилган шартномалар асосида амалга оширади.


35-модда. Ширкатнинг ер участкалари

Ер участкалари ширкатга белгиланган тартибда доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.

Ширкатлар қайта ташкил этилганда, шунингдек жой мулкдорлари ширкат аъзолигидан чиққанда (ширкатга аъзо бўлиб кирганда), ширкатларнинг ер участкалари чегаралари (ўлчамлари) белгиланган тартибда ўзгаради.

Ширкат таркибидан унинг аъзолари - жой мулкдорларининг бир қисми чиқиши билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ер участкасининг бир қисми олиб қўйилиши ширкатга етказилган зарарнинг ўрни тегишли равишда қопланган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ширкатнинг розилиги билан амалга оширилади.

Ширкатга тааллуқли бўлмаган объектларни ширкатнинг ер участкасида жойлаштириш ширкат аъзолари умумий йиғилишининг розилиги билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.

Ширкатнинг янги қуриладиган объектлари учун ажратиладиган ер участкаларининг ўлчамлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқ белгиланади.



36-модда. Ширкатнинг ширкат ер участкаларида

жойлашган объектлар мулкдорлари

билан муносабатлари

Ширкатнинг ширкат ер участкаларида жойлашган, алоҳида турган объектлар мулкдорлари билан муносабатлари қонун ҳужжатлари асосида ва мазкур мулкдорлар ўртасидаги келишув билан тартибга солинади.



37-модда. Ширкатнинг мол-мулки

Ширкатнинг мол-мулки пул маблағлари, бинолар, иншоотлар, ускуналар, асбоб-анжомлар, транспорт воситалари ҳамда ширкат маблағлари ҳисобига ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа усулларда олинган ўзга мол-мулкдан, шунингдек ширкатнинг ер участкасидаги кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш элементларидан иборат бўлади.

Ширкатнинг пул маблағлари қуйидагилардан таркиб топади:

ширкат аъзоларининг мажбурий бадаллари;

ширкат аъзоларининг ихтиёрий бадаллари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий ҳайриялари;

тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар (фойда);

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар ва тушумлар. Алоҳида кўп квартирали уйдаги жой мулкдорлари ширкат аъзолигидан чиққан тақдирда, бу кўп квартирали уйни капитал таъмирлаш учун жой мулкдорлари томонидан маблағларни мақсадли жамғариш ҳисобига тўпланган ширкат пул маблағларининг бир қисми янги тузилаётган ширкатга белгиланган тартибда ўтказилиши керак.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

38-модда. Низоларни ҳал этиш

Ширкатларнинг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


39-модда. Ширкатлар тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Ширкатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



40-модда. Айрим қонунларни

ўз кучини йўқотган деб топиш

Қуйидаги қонунлар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган "Уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида"ги 761-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 5, 113-модда);

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган "Уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 762-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 5, 114-модда).



41-модда. Қонун ҳужжатларини

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин, давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



42-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                                   И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 й., 15-сон, 122-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2006 й., 4-сон, 158-модда










































Время: 0.1594
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск