Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Прокуратура /

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 21.04.2006 й. ПҚ-331-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2006 йил 21 апрелдаги

ПҚ-331-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий

фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга

қарши курашиш департаменти тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти фаолиятининг ҳуқуқий асосларини, вазифалари ва функцияларини, тизими ва тузилмасини, ваколатлари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти (бундан кейинги матнда Департамент деб юритилади):

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мустақил ихтисослаштирилган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ҳисобланиб, солиқ, валютага оид жиноятлар ва ҳуқуқ бузилишлари ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, террористик фаолиятни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида тезкор-таҳлилий, қидирув ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш, шунингдек давлатга етказилган иқтисодий зарарни ундириб олиш унинг асосий мақсади ҳисобланади;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. Департаментнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ваколати доирасида қабул қилинган қарорлари вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарув, маҳаллий ҳокимият органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


3. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.

4. Солиқ ва валютага оид жиноятларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича жиноий иш қўзғашдан бошлаб уни судда кўриб чиқишгача бўлган процессуал ҳаракатларнинг узвийлиги ва изчиллиги Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг иқтисодиёт, солиқ ва валютага оид, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ҳамда терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноий ишларни кўриб чиқувчи, судда улар бўйича давлат айбномасини қувватловчи барча даражадаги прокуратура органлари билан ўзаро узвий ҳамкорлиги ва ҳаракатларининг мувофиқлаштирилиши натижасида таъминланади.


5. Департамент бўлинмалари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, бошқарув ва назорат органлари, молия ташкилотлари тизимида амалий иш тажрибасига эга бўлган, таҳлилий фикрлай оладиган ва ахборот-таҳлилий ишлар кўникмаларига, юксак маънавий иродага, молиявий разведка соҳасида ишлаш учун зарур бўлган бошқа касбий ва шахсий сифатларга эга бўлган мутахассислар (иқтисодчилар, юристлар, ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассислар) орасидан юқори малакали кадрлардан бутланади.


6. Департамент мустақил юридик шахс ҳисобланади, банк муассасаларида ҳисоб-китоб, жорий ва бошқа ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси герби тасвири туширилган ва Департаментнинг тўлиқ номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


7. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

солиқ, валютага оид жиноятлар ва ҳуқуқ бузилишларини ўз вақтида аниқлаш, уларнинг олдини олиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бажарилишини назорат қилиш;

давлат солиқ сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, солиққа тортиш базасини кенгайтириш, солиқ тўловчиларнинг қамраб олиниши ва ҳисобини тўлиқлигини таъминлаш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, қочиш мумкин бўлган каналлари ва механизмларини, "хуфёна" иқтисодиётнинг шаклланиши йўлларини, коррупция ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш;

валюта операциялари бўйича ҳисобга олиш ва ҳисоботларнинг тўлиқлиги ва объективлигини назорат қилиш; хорижий валюта маблағларининг қонунга хилоф равишда четга чиқиб кетиши, олиб кирилиши ва олиб чиқилиши, уларнинг ноқонуний муомалада бўлиши, валюта айирбошлаш операциялари билан боғлиқ бошқа қонун бузилишларининг олдини олиш ва бартараф этиш;

молиявий разведканинг замонавий тизимини яратиш; жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришнинг мумкин бўлган каналлари ва механизмларини аниқлашга йўналтирилган молиявий, мулкий операциялар мониторингини ташкил этиш ва олиб бориш; аниқланган ҳуқуқ бузилишлари тўғрисида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бўлинмаларига жиноий таъқибни ташкил этиш, маъмурий таъсир кўрсатиш чораларини кўриш учун ўз вақтида ахборот тақдим этиш;

ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари учун нарх-наволарни асоссиз ва сунъий оширишга қарши курашиш;

солиқ ва валюта-молия соҳасида аниқланган жиноятлар ва ҳуқуқ бузилишлари ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат қилинадиган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона компьютер базасини яратиш ва юритиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари ва шартномаларига мувофиқ валютани тартибга солиш соҳасида, шунингдек жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ҳамда бошқа халқаро ихтисослашган ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ахборотлар айирбошлаш;

солиқ сиёсати ва валюта муомаласини тартибга солиш, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олиш масалалари бўйича кенг тушунтириш, профилактика ишларини амалга ошириш.



III. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ

ВА ФАОЛИЯТ ЙЎНАЛИШЛАРИ


8. Департамент ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:


8.1. Солиқ соҳасидаги жиноятлар ва ҳуқуқ бузилишларига қарши курашиш соҳасида

ишлаб чиқариш, фойда (даромад) ҳажмларини яшириш, сотилган маҳсулот, товарлар (ишлар, хизматлар) ҳажмларини пасайтириш механизмларини ўрганиш ва аниқлаш, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҳисобга олинмаган (тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган) маҳсулотлар (товарлар) сотилиши, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат солиқ инспекцияларида ҳисобга туришдан бўйин товлаши механизмларини ўрганиш ва аниқлаш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бюджетга солиқлар ва тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини текшириш.


8.2. Валютага оид жиноятларга қарши курашиш соҳасида

хорижий валютада операцияларни амалга оширишда қонун бузилишларини аниқлаш, олдини олиш, бартараф этиш ва профилактик чора-тадбирларни кўриш;

хорижий валюта маблағларининг ноқонуний айланиши, яшириб қолиниши, четга чиқиб кетиш каналларини, ҳамда хорижий валютани сотиш бўйича мажбуриятлардан бўйин товлаш йўлларини ўрганиш ва аниқлаш;

республика ҳудудида резидентлар ва норезидентлар томонидан хорижий валютада иш ҳақи тўлаш ва ҳисоб-китоб қилиш ҳолларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш;

8.3. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва террористик фаолиятни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар (битимлар) устидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган назоратни амалга ошириш;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва террористик фаолиятни молиялаштиришга қарши курашишда қатнашувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

кредит ва бошқа молия ташкилотларидан юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулклари билан боғлиқ операциялар (битимлар) тўғрисида олинган ахборотларни уларнинг ноқонуний даромадларни легаллаштиришга ва терроризм (экстремизм)ни молиялаштиришга эҳтимолий дахлдорлигини аниқлаш мақсадида таҳлил қилиш ҳамда қайта ишлашни ташкил этиш ва амалга ошириш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришда, шунингдек террористик ташкилотларга молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатиш учун фойдаланиладиган шакл ва усулларни, ҳамда террористик фаолиятга дахлдорлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлган жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги ҳужжатларни таҳлил қилиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ахборотлар айирбошлаш;


8.3-1. Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари учун нарх-наволарни асоссиз ва сунъий оширишга қарши курашиш соҳасида

ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларига (юртимизда ишлаб чиқарилган ўсимлик ёғи ва ун, гўшт, шакар), шунингдек, шелуха ва шротга бўлган нарх-навони асоссиз ва сунъий оширишга, уларга бўлган танқислик ва ажиотаж талабнинг вужудга келишига йўналтирилган қонунга хилоф ҳаракатларни аниқлаш ва чек қўйиш;

марказлаштирилган ресурслар ҳисобидан озиқ-овқат товарлари, пахта шроти ва шелухасини харид қилиш, етказиб бериш ва сотишда суиистеъмол қилинишлар ва коррупцияга қарши курашиш;

ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларига, шунингдек, шелуха ва шротни сотишда нарх-навони шакллантиришнинг белгиланган механизмларига риоя этилишини тизимли ўрганиш, аниқланган қонунчилик бузилишлари бўйича материалларни қонун ҳужжатларига мувофиқ чора кўриш учун ваколатли органларга йўналтириши;

назорат қилувчи органлар ва бозорлар маъмурияти ходимлари томонидан йўл қўйилган коррупция, улар томонидан бозорлар фаолиятини ташкил этишнинг белгиланган тартиблари ва қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, шу жумладан, нархларни асоссиз ва сунъий кўтариш, уларнинг ҳудудларида ўз фаолиятини норасмий олиб бораётган шахсларга нисбатан чоралар кўрмаслик ҳолатларини аниқлаш.

8.4. Тезкор-қидирув фаолиятида

Департаментнинг тезкор-қидирув фаолиятини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш ва мувофиқлаштиришни ташкил этиш;

унинг ҳудудий бўлинмаларида тезкор-қидирув ишлари ташкил этилишини назорат қилиш;


8.5. Терговга қадар текширув ва суриштирув олиб бориш соҳасида

жиноий ишлар қўзғатиш, молия-иқтисодиёт, солиқ соҳасида жиноятлар ва ҳуқуқ бузилишларини содир этиш ҳоллари, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳолатлари бўйича терговга қадар текширув ва суриштирув ишларини ташкил қилиш ва олиб бориш;

Департаментнинг ҳудудий бўлинмаларида терговга қадар текширув ва суриштирув олиб борилиши устидан назоратни амалга ошириш.

8.6. Фаолиятни ташкилий-назорат жиҳатдан таъминлаш ва мувофиқлаштириш соҳасида

солиқ ва иқтисодиёт соҳасидаги, шу жумладан, хорижий валютадаги операцияларни амалга оширишдаги ҳуқуқ бузилишларининг, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳолатларини аниқлаш, олдини олиш ва пайини қирқишга йўналтирилган режали, режадан ташқари ва бошқа тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга доир ташкилий чора-тадбирларни бажариш;


Департамент ҳудудий бўлинмалари фаолиятини улар томонидан ўз функционал вазифаларининг бажарилиши ҳамда ижро ва хизмат интизомига риоя этилиши юзасидан мувофиқлаштириш ва назоратни амалга ошириш (шу жумладан, идоравий текширишлар ўтказиш);

Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича методик раҳбарлик қилиш, тегишли услубий йўриқномалар ва таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш бўйича қонун ҳужжатларининг қўлланиш амалиётини умумлаштириш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва Бош прокурорга киритиш;

Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятига оид статистика ҳисоби ва ҳисоботларни юритиш;

тезкор-хизмат фаолиятини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашни амалга ошириш;

солиқ, валюта қонун ҳужжатлари, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолларини тўплаш, ҳар томонлама таҳлил қилиш ва баҳолаш, молия-иқтисодиёт, солиқ соҳаларидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, иқтисодий, солиқ ва валютага оид жиноятларнинг содир этилишига имкон яратувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича тегишли органларга таклифлар киритиш;

прокуратура раҳбариятига иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш натижалари ва муаммолари ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича ахборот бериш.

8.7. Кадрлар билан таъминлаш ишларини ташкил этиш

кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, Департамент ва унинг жойлардаги бўлинмаларида кадрлар захирасини шакллантиришга доир тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш. Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг хизмат фаолиятини, уларнинг ўз функционал вазифаларини бажаришини, хизмат интизомига, амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этишини назорат қилиш;

Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари жамоасида соғлом маънавий-психологик муҳит яратишга доир ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш, ходимларнинг касбий тайёргарлиги, қайта тайёргарлиги ва ижтимоий муҳофазаси ташкил этилишини таъминлаш;

ходимларни ўқитишни, шу жумладан, иш жараёнида замонавий фан ютуқларидан ва янги технологиялардан фойдаланишни ташкил этиш ва амалга ошириш.

8.8. Ахборот-таҳлилий таъминлаш соҳасида

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш, солиқ ва валюта соҳасида қон ун бузилиши ҳоллари ва уларни содир этган шахслар бўйича ягона марказлаштирилган копьютер ҳисобини юритиш.

8.9. Ахборот-тарғибот ишлари

аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини мустаҳкамлаш, уларда молия-иқтисодий фаолият соҳасидаги конституциявий нормаларни ва амалдаги қонун ҳужжатларини бажаришнинг зарурлиги тушунчасини шакллантириш бўйича мунтазам профилактик ишларни амалга ошириш.



IV. ДЕПАРТАМЕНТ ВА УНИНГ ҲУДУДИЙ

БЎЛИНМАЛАРИ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


9. Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўзларига юкланган вазифалар ва бажарадиган функцияларига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий ҳокимият органларидан, мулкчилик шаклларидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан, мансабдор шахслар ва фуқаролардан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ташқи иқтисодий алоқалар иштирокчиларидан Департаментга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун зарур бўлган ахборот, маълумотлар, материаллар ва ҳужжатларни белгиланган тартибда сўраб олиш ва ҳақ тўламасдан олиш, бундай ахборот олишнинг қонун томонидан махсус тартиби белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Департамент томонидан олинган ахборотдан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилади ва у ошкора қилиниши мумкин эмас;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, хорижий фуқароларни ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Департамент бўлинмалари ваколатига кирувчи масалалар бўйича тушунтиришлар, маълумотномалар, маълумотлар олиш учун таклиф қилиш;

агар солиқ ва валюта соҳаларида, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноят содир этишда шубҳа қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлса, фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг зарур ҳужжатларини белгиланган тартибда текшириш;

солиқлар, йиғимлар ва бюджетга бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб ва ҳисоботларнинг бузилиши, ёхуд уларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштирилиш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятларга алоқадорлиги аниқланган ҳолларда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг телекоммуникация воситалари ва компьютер маълумотлар базалари, шунингдек солиқ тўловчиларнинг ҳужжатлари билан қонунда белгиланган тартибда танишиш;

Ўзбекистон Республикасининг жиноий фаолиятдан олинган даромадлар легаллаштирилишига ва терроризмнинг молиялаштирилишига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши масаласи бўйича текшириш тадбирларини амалга ошириш;

жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга алоқадор бўлиши мумкин бўлган тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ, қисқа муддатли текширувлар ўтказиш;

солиқ ва валюта соҳаларидаги жиноятлар тўғрисида ишончли маълумотлар бўлган тақдирда давлат солиқ хизмати органлари билан биргаликда Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши режасига киритилган хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишда қатнашиш;

хўжалик юритувчи субъектлар (солиқ тўловчилар)нинг даромад (фойда) олиш учун фойдаланиладиган ёхуд солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ ишлаб чиқариш, омбор, савдо биноларини ҳамда бошқа бино ва жойларини уларнинг жойлашган жойидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар текшириш, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларни назорат тартибида ўлчаш, товар-моддий бойликларни инвентаризациядан ўтказиш;

текшириш, тадқиқ этиш ва экспертиза ўтказиш учун товарлар, буюмлар, хом ашё, материаллар ва ярим тайёр маҳсулотлар намуналарини, шунингдек ҳужжатларни олиб қўйиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ валюта назорати органлари ва агентларига берилган функцияларни бажариш;

қонун ҳужжатларида белгиланган муддат ва тартибда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни тўхтатиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ҳужжатларни жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишда қатнашувчи тегишли органларга, шу жумладан, жиноий таъқиб қилиш, маъмурий таъсир кўрсатиш чоралари кўриш учун юбориш;

мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик шахслардан ва фуқаролардан ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари, шелуха ва шротга бўлган нархларнинг асоссиз ва сунъий оширилиши, нарх-навони манипуляция қилиш, танқислик ва уларга ажиотаж талабни сунъий вужудга келтириш, уларни харид қилиш, етказиб бериш ва сотишда суиистеъмол қилинишлар ва коррупцияга қарши курашиш ҳолатларини ўрганиш учун зарур бўлган маълумотлар ва тушунтиришларни талаб қилиб олиш;

ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари, пахта шроти ва шелухасига бўлган нархларни асоссиз ва сунъий ошириш, уларни харид қилиш, етказиб бериш ва сотишда суиистеъмол қилинишлар ва коррупция ҳолатларини аниқлаш бўйича тезкор-қидирув чора-тадбирларини олиб бориш, бу молия-хўжалик фаолиятни текшириш ҳисобланмайди ҳамда Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика кенгашининг махсус рухсати талаб этилмайди;

терговолди текширишларни амалга ошириш ва жиноий ишлар қўзғатиш;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш;

вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга аниқланган қонун бузилишлари бўйича уларни содир этишга имкон яратган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича тақдимнома киритиш;

валюта ва молиявий-иқтисодий соҳада ҳуқуқ бузилишига қарши курашиш масалалари бўйича, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича хорижий ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ахборот айирбошлаш;

зарурат бўлганда, жиноий йўллар билан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича ихтисослашган экспертлардан иборат доимий ёки вақтинчалик идоралараро гуруҳлар ташкил этиш тўғрисида Бош прокурорга таклифлар киритиш;

давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга риоя қилиш шарти билан тегишли экспертизалар ўтказиш, ўқитиш дастурлари, методик ҳужжатлар ишлаб чиқиш, дастурий ва ахборот таъминоти, молиявий мониторинг соҳасида ахборот тизимларини яратиш учун илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотларни, шу жумладан, шартнома асосида алоҳида мутахассисларни ишга жалб этиш;

Департамент ходимларига Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқлар ҳам берилади.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши ҳаракат қилиш соҳасида ахборот олиш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, текшириш ва сақлаш, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк муомаласини тўхтатиш тўғрисидаги тақдиномаларни йўллаш фақат Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши ҳаракат қилиш бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Департаментнинг ҳудудий бўлинмалари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш соҳасида пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк муомаласи опереациялари бўйича хабарлар олиш, талабномалар ва сўровномалар юбориш ҳуқуқига эга эмас.

Департамент томонидан олиб борилган тезкор-қидирув чора-тадбирлари натижалари, хусусан, таҳлилий материаллар, текширув харидлари ёки назорат харидлари натижалари бўйича олинган товар ёки касса чеклари, шунингдек, қонун бузилишини тасдиқловчи чекларни бермаслик ҳолатларини аниқлаш, кейинчалик қонунбузарликнинг кенг миқёсини, нархларни асоссиз ва сунъий ошириш усуллари ва механизмларини аниқлаш учун зарур ҳолларда Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика кенгашининг махсус рухсати талаб этилмаган ҳолда молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун асос ҳисобланади.

11. Департамент ходимлари давлат, хизмат, тижорат сирини, жисмоний шахсларнинг омонатлари тўғрисидаги маълумотлар сирини ва улар ўз хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олган бошқа ахборотни сир сақлашлари керак. Сир ошкор қилинган тақдирда ходим қонунда белгиланган тартибда жавоб беради.


12. Бош прокурор ва унга бўйсунувчи прокурорлар Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларига келиб тушган хабарлар ва аризаларни ҳисобга олиниши, рўйхатдан ўтказилиши, текширилиши ва кўриб чиқилишининг белгиланган тартибига риоя қилиниши, терговга қадар текширув, суриштирув олиб бориш ва улар билан боғлиқ процессуал ҳаракатларнинг амалга оширилиши, солиқ ҳақидаги қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан ўтказилган текширишлар ҳамда прокурорнинг ваколатига тегишли бўлган бошқа масалалар бўйича қабул қилинган қарорларнинг қонунийлиги устидан назорат амалга оширилишини таъминлайдилар.


V. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ТУЗИЛМАСИ ВА УНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Департаментга мақомига кўра Бош прокурор ўринбосарига тенглаштирилган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган Департамент бошлиғи раҳбарлик қилади.

Департамент бошлиғи уч нафар ўринбосарга, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарга эга. Биринчи ўринбосар айни вақтда Йиғма ахборот-таҳлил бошқармасининг бошлиғи ҳисобланади, унинг асосий функциялари қилиб Департамент фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича режалар ишлаб чиқиш; уларнинг ижроси устидан тезкор назоратни амалга ошириш; Департамент раҳбарларига ҳисобот бериш учун якуний ҳужжатларни умумлаштириш белгиланади.

Департамент бошлиғининг ўринбосарлари ўз лавозимларига Департамент бошлиғи тақдимномасига биноан ва Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда Бош прокурор томонидан тайинланади.

Департаментнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари тегишли лавозимларга Департамент бошлиғининг тақдимномасига биноан Бош прокурор томонидан тайинланади.


14. Бошлиқ бошчилигидаги Департамент ягона марказлаштирилган тизимни ташкил этади ҳамда қуйи органларнинг юқори турувчи органларга ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига тўлиқ бўйсуниши ва ҳисобот бериши асосида фаолият кўрсатади.

Департамент берилган ваколатларга мувофиқ ўз ҳудудий бўлинмаларининг барча турдаги фаолияти устидан тезкор назоратни амалга оширади.



VI. ПРОКУРАТУРА ОРГАНЛАРИ

БИЛАН ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ


15. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ва унинг жойлардаги органларига қуйидагилар юкланади:

иқтисодиёт, солиқ ва валютага оид жиноятлар, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларнинг легаллаштирилиши ва терроризмнинг молиялаштирилиши билан боғлиқ жиноят ишларини ўз вақтида текшириш, уларни қўзғатиш вақтидан бошлаб суд томонидан қарор қабул қилингунгача бўлган даврда жиноят ишини кўриб чиқиш муддатларини мумкин қадар қисқартиришни назарда тутган ҳолда уларни тезда судга юбориш;

иқтисодиёт, солиқ ва валютага оид жиноятларга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишда қонунийликка ҳамда Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик ва Фуқаролик-процессуал кодекслари нормаларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш.

16. Департамент Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори томонидан белгиланган муддатларда Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти тўғрисида, ҳамда солиқ ва валюта муомаласи соҳасида қонунийликнинг ҳолати ҳақида ҳисобот, ахборот ва ҳисоб-таҳлилий маълумотлар, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ҳужжатлар тақдим этилишини таъминлайди.

17. Валютани тартибга солиш, солиққа тортиш ва бюджетга тўловлар соҳасида қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ олинадиган маълумотлар асосида амалга ошириладиган Департамент тадбирларини жорий ва истиқболли режалаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори билан келишган ҳолда амалга оширилади.


18. Бош прокурорнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган буйруқлари ва кўрсатмалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси ҳайъатининг Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш масалалари бўйича қарорлари Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари барча ходимлари томонидан сўзсиз бажарилиши лозим.

19. Солиқ, бюджет ва валюта назорати соҳаларида қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ҳамда ушбу соҳаларда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар учун жазонинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаш бўйича қўшма тадбирлар амалга оширилишида Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг прокуратура органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан тасдиқланади.



VII. ДАВЛАТ СОЛИҚ ХИЗМАТИ ҲАМДА

ВАЛЮТАНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

ОРГАНЛАРИ ВА АГЕНТЛАРИ БИЛАН

ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ


20. Департамент давлат солиқ хизмати органлари, валютани назорат қилиш органлари ва агентлари билан қуйидаги йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилади:

солиқ ва валютага оид ҳуқуқ бузилишларини аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш, ойлик, чорак ва йиллик профилактика тадбирларига мувофиқ тегишли тафтишлар ўтказилишини ташкил этиш;

давлат солиқ инспекцияларига режа кўрсаткичларини бажаришда, солиқлар ва бюджетга бошқа мажбурий тўловлар бўйича ўз муддатида тўланмаган тўловларни ундиришда кўмаклашиш;

валютани назорат қилиш органлари ва агентлари томонидан валютага оид ҳуқуқ бузилишлари тўғрисида маълумотлар тақдим этиш;

солиқ ва валютага оид ҳуқуқ бузилишларини аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича қўшма рейдлар ўтказиш;

солиқ органлари томонидан Департамент бўлинмаларига аниқланаётган ҳуқуқбузарликлар ва бошқа тезкор-аҳамиятли маълумотлар тўғрисида ахборот тақдим этиш.


21. Департаментнинг вазифалари, функциялари ва мажбуриятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланган тартибда бошқа йўналишлар бўйича ҳам ўзаро ҳамкорлик амалга оширилади.


VIII. ЖИНОИЙ ФАОЛИЯТДАН ОЛИНГАН

ДАРОМАДЛАРНИ ЛЕГАЛЛАШТИРИШ ВА

ТЕРРОРИЗМНИ МОЛИЯЛАШТИРИШГА

ҚАРШИ КУРАШИШДА ИШТИРОК ЭТАЁТГАН

ОРГАНЛАР ВА ИДОРАЛАР БИЛАН

ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ

22. Департамент жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишда иштирок этаётган органлар ва идоралар билан қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорлик қилади:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ қонунбузарликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш, уларнинг профилактикаси бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш;

кредит ташкилотлари ва бошқа молия ташкилотларидан пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар (битимлар) тўғрисида уларнинг терроризмни (экстремизмни) молиялаштиришга алоқадорлиги эҳтимолини аниқлаш мақсадида қонунчиликда ўрнатилган тартибда ахборотларни олиш;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширадиган ташкилотлар ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашда қатнашадиган органларга жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш бўйича фаолиятда қатнашадиган ёки қатнашишда шубҳа қилинадиган юридик ёки жисмоний шахслар тўғрисида ўрнатилган тартибда ахборот тақдим этиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш ҳолатларини аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш борасида қўшма тадбирларни амалга ошириш;

тезкор-аҳамиятли ахборотни айирбошлаш.


23. Департаментнинг вазифалари, функциялари ва мажбуриятларидан келиб чиққан ҳолда бошқа йўналишлар бўйича ҳам белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик амалга оширилади.



IX. БОШҚА ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА

ҚИЛИШ ОРГАНЛАРИ БИЛАН

ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ


24. Департамент бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори билан келишган ҳолда, прокуратура томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қонунийликни мустаҳкамлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш доирасида:

бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тегишли хизматлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади, солиқ ва валютага оид жиноятларга, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашишнинг узоқ муддатли ва жорий дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

солиқ ва валютага оид жиноятлар бўйича қўзғатилган жиноий ишларни, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишда процессуал кўмаклашиш учун масалаларнинг бутун доираси юзасидан прокуратуранинг бошқа бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилинишини таъминлайди;

прокуратура органлари билан ўзаро ҳамкорликда Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан қўзғатилган жиноий ишлар бўйича улар қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ўтказилган вақтдан бошлаб ишлар кўриб чиқилиши ва суд инстанцияларида қарор қабул қилингунга қадар назоратни амалга оширади;

бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда тезкор ахборот алмашиш, солиқ тўлашдан бўйин товлаган ҳамда солиқ ва валюта, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятлар содир этган шахсларни қидириш ва ушлаш тадбирларини амалга оширади;

ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда ушбу соҳадаги ҳуқуқ бузилишлари ҳолатлари бўйича ўзаро ахборот айирбошлайди.



X. ДЕПАРТАМЕНТ

ХОДИМЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


25. Департамент ходимлари ўз функционал вазифаларини бажармаганликлари ёхуд зарур даражада бажармаганликлари учун Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавоб берадилар.


26. Ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласи Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.



XI. ДЕПАРТАМЕНТНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ


27. Департамент Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ташкил этилади ва тугатилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 18-сон, 147-модда.































Время: 0.1890
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск